“Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда вафот этадилар”. Бу ибора машҳур рус шоири Иван Бунин ҳақида айтилгандек гўё. Унинг болалиги ҳам Россиянинг Орлов губерниясидаги Бутирка қишлоғида кечди ва ҳаёти дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бири бўлмиш Парижда ниҳоясига етди.
Иван Алексеевич Бунин 1870 йилнинг 22 октябрида насл-насабли зодагон оиласида дунёга келди. Бунинлар шажарасидан Россияда таниқли бўлган кўплаб давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар етишиб чиққан бўлиб, шулардан бири Пушкиннинг дўсти – шоир В.А. Жуковский эди. Бунинлар оиласи ўз аждодлари билан фахрланишар, Пушкин ва Жуковский портретлари эса доимо уйнинг тўрида осиғлиқ турарди.
Бунин ижод оламига жуда эрта кириб келди, 20 ёшидаёқ илк китобини нашр қилдирди. Гарчи бу китоб Бунинга унчалик шуҳрат келтирмаган бўлса-да, унда бошқа ижодкорлардан яққол ажралиб турадиган бир хусусият кўзга ташланарди, бу – қадрдон юрт табиатига бўлган чексиз муҳаббат туйғуси бўлиб, шоир умрининг охиригача бу мавзуга садоқатини йўқотмади. Уни “Ёлғизлик куйчиси”, “Рус қишлоғи ва кузги сўлғинлик куйчиси” дея таърифлашарди. У ҳам худди Пушкин сингари кузни севарди. Бу фасл шоир шеърларида тиниқиб, сокингина оқаётган кузги ариқлардаги сувдек покиза, япроқларини бирма-бир бой бераётган дарахтзордек маъюс, дунёнинг аччиқ-чучугини кўп тотган мўйсафиднинг кўзларидек ўйчан, алла қўшиғидек маҳзун ва шунинг билан биргаликда умидбахш тарзда акс этарди. Унинг 1901 йилда нашр этилган “Хазонрезги” тўплами рус шеъриятидаги куз манзараларининг қомуси бўлди, дейиш мумкин. Бу тўплам рус адабиётида бутун бир шеърий даврга – рус шеъриятининг “кумуш” даврига мукаммал якун ясаган эди.
Шеър ёзиш билан бир вақтда Бунин насрда ҳам ижод қиларди. Умуман, у адабиётни назм ва насрга ажратишни хуш кўрмасди. Шунинг учун бўлса керак, ҳикояларида лиризм ниҳоятда бўртиб туради. Унинг 1900 йилда эълон қилинган “Антонов олмалари” асари адабий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Асарда қишлоқ ҳаётининг қашшоқлашуви, тобора файзини йўқотаётганлиги аламли изтироб билан тасвирланади.
Буниннинг Октябр тўнтаришигача бўлган даврдаги энг машҳур асари “Қишлоқ” қиссасидир. Асарда XX аср бошларидаги қишлоқ одамларининг оғир қисмати акс эттирилган. Ёзувчининг бошқа бирор асари “Қишлоқ” қиссаси каби кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган эмас. Ўша давр илғор адабий танқидчилиги асарда таназзулга юз тутаётган қишлоқ турмушининг ҳаққоний акс эттирилганлиги, унинг қоронғи манзаралари, иллатлари очиқ-ойдин ёритиб берилганлиги каби муҳим жиҳатларни тўғри англади ва ёзувчини қўллаб-қувватлади.
Бунин ўз она юртини, бепоён Россия ўлкасини жуда севар, шу билан биргаликда унинг қашшоқ, ғариб ва хароб мамлакатга айланиб бораётганидан куюнарди: “Русим менинг, минг йиллик фақиру ҳақирлигинг, нотавонлигингни, айт, қандай яхши кўрай мен? Лекин бу хоч, яғлоғи, мўминтой, азиз бичим… буларнинг ҳаммасидан қандай юз ўгирай мен!” деб ёзганди у бир шеърида.
Бунин Октябр тўнтаришини, янги тузум ғояларини қабул қилолмади ва умрининг охиригача бу тузумга душман бўлиб қолди. Шўролар тузумига қарши кайфият унинг 1918-1925 йилларда ёзилган кундалик тарзидаги “Бадбахт кунлар” асарида яққол акс этган.
Ватандан айро яшаш қанчалик оғир бўлмасин, у мусофирлик қисматини танлашга мажбур бўлди. Муҳожирликда ҳам ижодини давом эттирган Бунин, асосан, насрий асарлар ёзди. “Арсеньевнинг ҳаёти” романи унинг бу даврдаги энг яхши асарларидан бири ҳисобланади. Адиб ўзининг ижодкорлик, шоирлик хусусиятларини мазкур асар бош қаҳрамони Алексей Арсеньев образига сингдириб юборган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, асарда Буниннинг аввалги даврдаги бутун ижодининг асосий мавзулари, ўша даврдаги кайфияти умумлаштириб акс эттирилган.
Буниннинг муҳожирликдаги ижодида севги мавзуси катта ўрин эгаллайди. Ўзида 38 та ҳикояни жамлаган “Қоронғи хиёбонлар” китобининг аксар ҳикоялари шу мавзуда ёзилган. Бу ҳикоялар сюжети қизиқарлилиги билан Буниннинг бошқа асарларидан ажралиб туради. Адибнинг ўзи бу китобини кўпроқ ёқтирар, “Қоронғи хиёбонлар” – сиқиқлиги, жонлилиги ва бадиийлиги жиҳатидан менинг энг яхши китобим”, деб таъкидларди.
Бунин муҳожирликда бундан бошқа ҳам бир қатор асарлар ёзди, гоҳи шукуҳли, гоҳи қайғули кунларни бошидан кечирди; Нобель мукофотига сазовор бўлди (1933), аммо ҳаётининг сўнгги йилларигача ватанини соғиниб яшади.
Бунин ҳаётининг 33 йили мусофирчиликда кечди. Мана шу вақт мобайнида у доимо қалбан, руҳан Ватани томон талпинди, шўролар тузумининг таназзулга учрашига ишонди ва шуни кутиб яшади.
У 1953 йил 8 ноябрда Париж шаҳрида вафот этди.
Олим Усмонов
филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон