Мавлоно Яъқуб Чархий ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг илғор муридларидан ва Хожа Аҳрор Валийнинг устози бўлган ҳамда бир муддат Бухорода, Чағониёнда яшаб илм ва амал билан шуғуллаган. Унинг ҳаёти ва илмий асарлари ҳақида кейинги йилларда айрим тадқиқот ва мақолалар босилди.
Жумладан М.Раззоқованинг монографиясида (Мавлоно Яъқуб Чархий. Масъул муҳаррир М.Ҳасаний. “Муҳаррир”, 2013), Қ.Жумаев, И.Усмонов ва бошқаларнинг мақолаларида Чархий ҳаёти ва ирфоний дунёқарашининг қирралари ёритилган. Аммо ҳалигача унинг асарлари мукаммал тарзда тадқиқ этилмаган.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг илмий-тасаввуфий қарашларидан етарлича хабардор бўлган Яъқуб Чархий ҳар бир асарида зарур ўринларда алломанинг байтларидан фойдаланиб, улар воситасида ўз фикрларини тасдиқлайди. Дарҳақиқат, Чархий Румий ҳазратларининг шеъриятига алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлганини унинг ҳар бир асаридан пайқаш мумкин. Масалан, «Най рисоласи»дан ташқари «Тафсири Чархий» ва «Рисолаи абдолия»да ҳам ўз фикрларини оят, ҳадис қаторида «Маснавий»нинг шоҳбайтлари орқали тасдиқлайди.
Чархийнинг “Най рисоласи” маснавийшуносликда жуда катта аҳамиятга эга, барча маснавийшунос олимлар ҳозиргача бу асарга мурожаат этиб келмоқда. Зеро, «Най рисоласи» Шайх Ҳасан Хоразмийнинг «Жавоҳир ул-асрор» асаридан кейин «Маснавий»нинг иккинчи шарҳи ҳисобланади. Рисолада «Маснавий» дебочаси, «Подшоҳ ва жория» достони (биринчи дафтар), «Дақуқий қиссаси» (учинчи дафтар) ва «Шайх Муҳаммад Сарразий» (бешинчи дафтар) ҳикояти шарҳлаб берилган. Рисола 70 бетдан иборат бўлиб, муаллиф қачон уни таълиф қилгани ҳақида маълумот йўқ.
Шарҳловчи асарида керакли ўринларда Ҳаким Саноий ва Румийнинг бошқа шеърлари билан ҳам ўз фикрларини тасдиқлайди. Айрим тадқиқотчилар рисола ичидаги “То дар талаби жавҳари кони, кони” мисраси билан бошлаган рубоийни Яъқуб Чархий ҳазратлариники, деб таъкидлашган. Дарҳақиқат, Чархийда шоирлик истеъдоди бўлган, аммо кузатишларимизга кўра айрим олимлар Чархийнинг рисолаларидаги муаллифи зикр қилинмаган шеър ва байтларни унинг ўзига тегишли деб билишадики, биз бу фикрга қўшололмаймиз. Чунки рисолада келтирилган айрим байтлар муаллиф қаламига мансуб бўлиши мумкин, аммо унинг шеърий девони қўлимизда бўлмагани ҳамда қадимги манбаларда шоҳбайтлар муаллифи номини зикр қилмай келтириш ҳам расм бўлиб қолгани боис айнан фалон байтлар Чархийники деб ҳукм чиқариш қийин масала.
Қолаверса, муаллифи зикр қилинмаган шеър ва байтлар рисолада талайгина. Масалан, “Дар ишқи ту ман бори маломат бикашам” (Сенинг ишқингда мен маломат юкини тортаман) сатри билан бошлаган рубоийни рисола муаллифи ўз тафсирида Саъид Кобулий номли шоирга нисбат берган.
Ўша даврдаги анъанага кўра, рисолада Қуръон оятлари, ҳадис ва машойихларнинг айрим ҳикматли сўзлари араб тилида келтирилган.
Чархийнинг “Маснавий” муқаддимасига ёзган шарҳларининг ҳажми 29 бетдан иборат бўлиб, ҳар бир байт тафсирида ҳикоят, оят, ҳадис ва шеърларни келтирганки, бу Румий байтларининг тушунилишини осонлаштиради. Одатда, рисола муаллифи бир неча сўз билан байт ичидаги асосий мазмунни ифодалайди, яъни фикрларини қисқа ва лўнда баён этади ҳамда байт мазмунидан нимаики олган бўлса, ўшани қоғозга туширади. Рисола тариқат соликлари тафаккур даражаси ва дунёқарашини назарда тутиб ёзилган. Зеро, асарда айрим тасаввуфий атамалар борки, уларнинг моҳиятини фақат тариқат назариясидан тўла хабардорларгина тушунади.
Назаримизда, Чархий “Маснавий” шарҳига бежиз қўл урмаган. Айнан “Найнома”нинг шарҳланиши энг долзарб масала эди, чунки ўша замонларда Румийнинг “Маснавийи маънавий” асари янгилиги билан китобхонларнинг уни тушуниб олишида қийинчилик туғдирарди. Иккинчидан, Румий асарни ёзиб тугатганидан кейин орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Шайх Камолиддин Ҳасан Хорзамийдан бошқа ҳали ҳеч ким бу асар моҳияти, мазмун-мундарижаси, муаллиф назарда тутган муддаоларни ёзма равишда шарҳлаб бермаган эди. Бу борада Яъқуб Чархий биринчиларидан бўлиб бу ишга киришгани тарихий ҳодисадир. Ундан сўнг Абдураҳмон Жомий, Шоҳ Доий Шерозий, Ҳусайн Воиз Кошифий бир даврда “Маснавий” байтларини шарҳлашга бел боғлашган. Айниқса, бу борада Жомийнинг “Найнома” рисоласи илмийлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Энг муҳими, Яъқуб Чархий ва Абдураҳмон Жомий “най” тушунчасини нақшбандия тариқатининг талаблари асосида талқин ва таҳлил қилишган.
Рисола қачон ва қаерда ёзилгани маълум эмас. Чархийдек тасаввуфнинг назария ва амалларидан етарлича хабардор бўлган киши “Маснавий”нинг бошқа достонларини ҳам шарҳлашга иқтидори етарди. Аммо ўша пайтда “Маснавий”ни тўла ёки қисман шарҳлашга эҳтиёж сезилмагани, қолаверса, муридларга таълим бериш, шариат ва тариқат масалаларига боғлиқ ишлар ҳамда бошқа рисолаларнинг таълифи билан банд бўлиши ҳам бунга монелик қилган, деб ўйлаймиз.
Жаҳон миқёсида Чархий ҳаёти ва асарларининг ўрганилиши ҳали-ҳамон давом этиб келмоқда. Бир қатор Шарқ мамлакатларида унинг асарлари турли йилларда таржима ва нашр қилинган. Жумладан, “Най рисоласи” Афғонистонда Халилуллоҳ Халилий муқаддимаси билан икки марта чоп қилинган. Покистонда эса, олим ва таржимон Муҳаммадназир Ронжҳо уни урду тилига ўгириб 2004 йили Лоҳурда нашрдан чиқарган.
Мавлоно Яъқуб Чархий “Маснавий” муқаддимасидаги ҳар бир байтни чуқур таҳлил қилиб, байт ичидаги мазмунларни ёритиб берган.
Рисола муаллифи ўз ном-насабини асар бошида келтиришидан маълум бўладики, ўша даврда асарни битгандан кейин эмас, балки муаллиф асарининг муқаддимасидаёқ ўз номини келтириши расм бўлган. Бу ҳолатни “Тафсири Чархий” асарида ҳам кузатдик.
“Най рисоласи”да келтирилган ҳар бир байт ёки ҳикоят мазмунини Чархий ҳазратлари кўпроқ Хожа Баҳоуддин Нақшбанд айтган сўзлари ва бошидан кечган ҳолатлар билан тасдиқлайди. Ирфоний назариялар эса амалиётда содир бўлган воқеалар билан собит қилинади. Шунинг учун, бу асар маснавийшунослик йўналишида катта аҳамиятга эга.
Хусрав Ҳамидов, Шарқшунослик институти тадқиқотчиси
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 17-сон