Озарбойжон аскарининг жасади ватанига қачон қайтарилади?

Европа Кенгаши Бош котиби Турбьёрн Ягланднинг Арманистон билан тўқнашувда ҳалок бўлган Озарбойжон ҳарбий хизматчиси жасадини ватанига қайтариш лозимлиги ҳақида фикрини танқид қилиш инсонийликка тўғри келмайди. Бу ҳақда Озарбойжон Миллий Мажлиси депутати Равшан Ризаев Trend агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, 2016 йил 29 декабрь куни Арманистон Қуролли кучлари разведка гуруҳи Арманистон-Озарбойжон давлат чегарасини бузиб, навбатдаги диверсияни амалга оширган. Душман ҳужумини қайтариш чоғи Озарбойжон Қуролли кучлари ҳарбий хизматчиси Гурбанов Чингиз Салмон ўғли ҳалок бўлган. Шу муносабат билан Европа Кенгаши Бош котиби Турбьёрн Ягланд Арманистон томонини ҳарбий хизматчи жасадини ватанига қайтаришга даъват этган эди.

Арманистон парламентининг Европага интеграция бўйича комиссияси раиси Наира Зограбян эса Европа Кенгаши Бош котиби нуқтаи назарини танқидий баҳолаган.

Ўз навбатида, Озарбойжон парламенти депутати Равшан Ризаев арманистонлик ҳамкасбининг фикрлари одамийликка тўғри келмаслигини таъкидлаган.

“Халқаро ҳуқуқ тамойилларига қарши чиқаётган Арманистон вакили Европа Кенгаши Бош котиби талаблари ва умуман, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва конвенцияларга мувофиқ фикр билдириши амримаҳол, албатта. Улар ҳамиша шундай нуқтаи назарни ёқлайди. Европа Кенгаши парламент ассамблеясидаги Арманистон делегациясининг фаолияти босқинчилик сиёсатининг давоми саналади. Улар ўз босқинчилик сиёсатини, жумладан, Озарбойжон халқига қарши кўп маротаба содир этилган Хўжали геноциди ва бошқа қон тўкишларни хаспўшлаш учун халқаро ҳамжамиятни чалғитишга уринмоқда”, – деган Озарбойжон Миллий Мажлиси депутати Равшан Ризаев.

Қайд этилишича, Европа Кенгаши парламент ассамблеясининг Тоғли Қорабоғ зиддияти бўйича қўмитаси ҳам расмий Ереван туфайли ишламаётир.

Таъкидлаш жоизки, Озарбойжон томони ўзаро зиддиятда ҳалок бўлган ҳарбий Чингиз Гурбанов жасадини ватанига қайтариш борасида Халқаро Қизил хоч қўмитаси ҳамда ЕХҲТ Минск гуруҳига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аммо ҳозирча бу борадаги уринишлар самара бермаётир.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) 1989-1993 йилларда Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

Собир Салим