Йўлнинг соғ жойи қолмаган, кета-кетгунча, ҳаммаси бир гўр – вайронаси чиқиб ётибди, паст-баланд, ўйдим-чуқур, юк ташувчи машинани бошқариб бораётган қиз ҳарчанд уринмасин, улов қирчанғи эшакдан баттар ирғишлашини бас қилмас, бунга сари, афтидан, қизнинг оғзи йўлдан баттар шалоқ – тинимсиз сўкинар, сўкиниш ҳам гапми, оғзидан боди кириб, шоди чиқар, энг юмшоқ-мулойим “лутф”и, “Ҳе, онангни!..”дан бошланиб, “Ҳу, ўша, онасини!..” билан тугарди. Ёнида эса вилоят прокуратурасининг махсус терговчиси ўтирибди, машина ҳар сафар ирғиб тушганида ҳайдовчи қиз билан терговчи йигит бир-бирларига елка-тўши аралаш туртиниб-суртиниб кетишар, йигит бирмунча ўзини босиб олган ёшда эканига, қолаверса, жиддий идора вакили ва ғоятда махфий топшириқ билан бораётган масъул шахс эканига қарамай, беихтиёр кўнгли суст кетиб, кўҳликкина қизнинг қадди-бастига, диркиллаб сапчиётган яримяланғоч кўкракларига суқланиб қарашдан ўзини тия олмас, шу ўй-шу хаёлда машина ниҳоят манзилга етиб келиб тўхтагач, қизга тап тортмай, сурбетларча, ке, лабингдан бир ўпай, деди. Шунда қиз нима жавоб қилди?
– Онангни… яхшиям, қорнимда болам йўқ! – деди йўлнинг носозлигидан йиғилган бутун заҳар-заққумини сочиб.
– Бола бўлгандаям аллақачон тушиб қоларди.
– Тушса тушиб ўлсин эди, – бепарво-беписанд оҳангда эътироз билдирди ҳайдовчи. – Бир ўлик болага икки минг юань беришади…
Йигит мусаллас идишини олиб, ундан пича тотинади, қиз эса уни боши узра кўтариб қулқуллатиб бир томчи қолмагунича сипқоради.
Орада муҳаббат пайдо бўлади.
Хайрлаша туриб, йигит қизга ташриф қоғозини тутқазади.
Роман сюжетининг асосий йўналишларидан бири ана шу тариқа бошланади. Бироқ бир зумга ошиқмаймиз-да, китобхон сифатида кўнглимиздан кечган айрим иштибоҳларга аниқлик киритиб олишга ҳаракат қиламиз: наҳотки, ўта қалтис топшириқ билан йўлга отланган прокуратура терговчиси учун кўмир ташийдиган юк машинадан бошқа улов топилмаса?.. Топилмаса топилмабди-да, эҳтимол, Жюгуо вилояти воқелиги учун бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқдир. У ҳолда ҳайдовчи қиз ким? Наҳотки, қиз ё аёл зоти шундай бўлса?! Ўзини тутиши, оғзининг шалоқлиги, бегона эркакка муносабати, машина ҳайдаб туриб мусалласни таг-тугигача сипқориши қайси ақлга сиғади? Ва ниҳоят, наҳотки, бир лаҳзалик тасодифий ва бемазадан-бемаза суҳбат асносида Динг Гоуэрдек жиддий эркак бутун вужуди билан бир шалтоқ қизга шу қадар осонгина боғланиб қолса?!
Бу каби саволларга жавоб топишни ортга сурамиз, чунки воқеаларнинг каттаси ҳали олдинда. Воқеаки, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган – сохта имзо билан келиб тушган шикоят хатида баён этилишича, Жюгуо вилоятидаги Лошан кўмир конида гўдакларнинг гўштини ейдиганлар бор экан!
Яна: “Яна шуни ҳам айтгандики, чала тушган чақалоқларни касалхона ходимлари олиб кетиб ейишар эмиш. Эшитишимча, бундай олти ёки етти ойлик ҳомилаларнинг озуқалик қиммати жуда юқори бўлармиш…”
Прокуратура бошлиғи бу ғайриинсоний ва ваҳший жиноят билан шуғулланишни айнан Динг Гоуэрга ишонади. Терговчи кон ҳудудига кираверишдаги дарвоза ёнига етиб келади, бироқ кун аллақачон ёйилиб кетганига қарамай, дарвоза ҳали очилмаган. Кўча тўла мошин, от-эшак арава, тоқати тоқ бўлган ҳайдовчилардан тортиб аравакашларгача мусалласхўрлик қилишяпти. Гўё бу ерда рулдаги одамнинг ичиши тақиқланмагандек.
Терговчи ҳарчанд дағдаға қилмасин, дарвоза оғаси пинагини бузмайди. Шунда Динг ҳе йўқ-бе йўқ биқинидан тўппонча чиқариб қарсиллатиб отади. Қоровул чалқанчасига ағдарилади. Талотўп қўпади.
Сюжетнинг бу йўналиши бошдан-оёқ детектив унсурлар асосига қурилган. Аммо-лекин кўнглимизда туғилган яна бир қатор “Наҳотки?..” лар пича мулоҳаза юритишга ундайди. Наҳотки, гўдак гўштини пишириб, одамхўрлик қиладиганлар қолган бўлса, ер юзида?! Наҳотки, шундай ваҳшиёналик юз бериб турган бир жойда қанчадан-қанча одамлар шаробхўрлик, кайф-сафодан бўшамаса?! Наҳотки… терговчи қоровулни отиб ташлади-ку, уни ўлдига чиқарган оломон орасидаги гап-сўзларга эътибор қаратайлик:
– Ўлдирдилар! Навбатчи Лао Люйни ўлдирдилар!
– Бу қари кўппак қилган ёмонликларнинг санаб саноғига етиб бўлмайди.
– Ошпазлик академиясига, махсус ошпазлик бўлимига сотиш керак!
– Уни пиширишнинг ўзи бўладими, қари кўппак-ку!
– Махсус ошхоналарга оппоққина, баррагина ўғил болаларни олишади, бу чандир кимга керак?!
– Ҳайвонот боғига бериш керак, бўриларга озуқа!
– Бунақа озуқа билан бўриларнинг кўнглини олиб бўлибсан.
– Унда махсус турдаги гиёҳлар учун тажриба ерлари бор-ку, қайта ишлаб, ўғит қилишсин!..
“Наҳотки” дея ёқа чангаллайди бизнинг китобхон. Ахир гап ҳе йўқ-бе йўқ бегона-нотаниш одам томонидан отиб ташланган инсон ҳақида бормоқда!..
Ҳаваскор ёзувчи йигит Ли Идоу билан таниқли адиб Мо Яннинг (асарда Мо Ян исмли адиб, кинодраматург образи бор. – Х.Д.) ёзишмалари роман сюжетининг навбатдаги ўзак томири-йўналишини ташкил этади. Гап бу ўринда Ли Идоунинг ҳикоялари ҳақида ҳам эмас, балки ўша ҳикояларда тасвирланган воқеалар, яратилган образлар моҳияти хусусидадир. Чунки ёш қаламкаш аслида Жюгуо Мусалласпазлик академиясида тадқиқотчи. Воқеалар аввалида одамхўр ваҳшийларни фош қилиш мақсадида йўлга отланган изқувар Динг Гоуэр ҳали ишга киришмай туриб мусалласхўрлик балосига гирифтор бўлса, мусалласпазлик санъатидан тадқиқот олиб борган Ли Идоу одамхўрлик ва очофатликнинг эстетик лаззатга айланиши жараёнларига аралашиб кетади. Шу тариқа Жюгуо диёри одамларидаги таомхўрлик билан шаробхўрликка муккадан кетиш, очиқроқ айтадиган бўлсак – инсон табиатидаги очофатлик, суллоҳлик майли асарнинг марказий ўзани-мавзусига айланади.
Тирик жон борки, овқатсиз, озуқасиз яшай олмайди. Жирканч қумурсқадан тортиб ҳайбатли йиртқичгача нафсини қондиришга мажбур. Табиий эҳтиёж бу. Бироқ ўша иркит қумурсқа ҳам, ўта кетган ваҳший ҳайвон ҳам танлаб ейди, емайдиган нарсага қайрилиб қарамайди. Жюгуо одамлари эса танлаш нима эканини билмайди – улар қўлига илинганини оғзига тиқади. Чунки улар – одам, онги-идроки бор махлуқ, бу махлуқ, бу жондор табиатда нима бўлса, ҳаммасини қойилмақом қилиб пишириш, жиз-биз қилиш ҳадисини олган, бинобарин улардан ҳеч нарса қочиб қутулолмайди. Тамшаниб, чапиллатиб, хўриллатиб, “оҳ-оҳ”лаб, “воҳ-воҳ”лаб, бармоқлари, кафти, билаги… лаб-лунжини ялаб-юлқаб ейди, ичади.
Меҳмоннавозликни айтмайсизми! Ҳа, суллоҳлик, очофатлик ғоятда гўзал ва бежирим сўз – меҳмондўстлик, пазандалик ниқоби остига яширинган.
Терговчини қарши олган кон директори билан партия котиби меҳмонга оғиз-бурнидан фаввора бўлиб отилиб чиққунига қадар мусаллас ичиришади. Бўкиб қолгунича ичади мусалласни Динг Гоуэр. У бу диёрга мусалласхўрлик ниятида эмас, мудҳиш жиноятни очиш мақсадида келганини айтади, мезбонларнинг назарида эса, “Мусаллас нўш этмоқ – Жюгуога қадам ранжида қилган ҳар қандай меҳмоннинг энг биринчи мажбурияти”. Шундай экан, етти-саккиз қадаҳ нима деган гап, бу ҳали шаробхўрлик бошланди дегани эмас, ҳали шаҳар партия етакчиси келади, ана ўшанда бошланади чинакам мусалласхўрлик! Мезбонларга иззат кўрсатиш ниятинг бўлса, ўттизталаб қатор сузилган қадаҳни олдинма-кетин кўтарасан, томчи қолдирмай сипқорасан. Ҳозирча камтарин дастурхонга марҳамат қилгайсиз, муҳтарам терговчи жаноблари!.. “Камтарин” дастурхон… “уч ҳадли баҳайбат думалоқ ресторан столи: биринчи ҳадда бақалоқ пиво стаканлари, мусаллас учун узун оёқли шиша қадаҳлар, оёқлари сал узунроқ спиртли ичимлик қадаҳлари, чой ичиладиган қопқоқли сопол пиёлалар, ғилофчалардаги фил суягидан ясалган овқат ейиш чўплари, турли катталикдаги ликобчалар, катта ва кичик косалар, зангламайдиган пичоқ ва санчқилар… сара сигаралар, рангдор гугуртлар… Иккинчи ҳадда саккизта таом муҳайё эди: тухумли ва “хайми” қопланган креветкали угра, аччиқ қалампирли мол гўшти бўлаклари, карри қайласи солинган гулкарам, бодринг парраклари, совитилган ўрдак панжалари, шакар сепилган нилуфар илдизлари, ошкўк илдизлари, обдон қовурилган чаёнлар”.
Буни қарангки, “Кўпни кўрган Динг Гоуэрнинг кўзига бу газакларда айтарли фавқулодда нарса ташланмади – барчаси таомилдагидек эди”.
Мезбону меҳмон гўё тубсиз қудуқни тўлдирмоққа шайланган каби тўққиз қадаҳни кетма-кет қурсоққа қуйиши – таомил, ўша ичилган қадаҳлар таъсирида капалакка айланган эс-ҳуш қанотларини ёзганича бош чаноғининг марказий нуқтасидан учиб чиқиб кетиши – таомил, дастурхонга гўзаллик мезонларига мутаносиб тарзда терилган таомларни паққос тушириш ҳам – таомил! Аслида эса, ҳозирча аллада азиз-тўрвада майиз бўлиб турган Динг Гоуэрдек арзанда меҳмоннинг охурдан бош кўтармай кавшанаётган ҳўкиздан ё тўнғиздан кўпда фарқи йўқ. “У нақ шапалоқдай келадиган крабни паққос туширганини, аччиқ қизил қайладаги йўғон креветкани татиб кўрганини, косаси яшилтоб, ниқобдаги янги русум танкага ўхшаб кетадиган ва ошкўкли яшил шўрвада сузиб турган катта тошбақанинг чангини чиқарганини, кўзлари юмуқ ва заррин пўстлоқли “тилларанг товуқ”ни бир ёқлик қилганини, ёғлари сўлқиллаган, ҳали ҳам оғзини каппа-каппа очиб турган карпни жиғилдонга урганини аранг эслади. Жуфт-жуфт қилиб пиширилган, эҳром шаклида тахлаб қўйилган моллюскалар, ҳозир томорқадан кавлаб келинган, чайнаганда қарс-қурс қиладиган қизил редискаларни танглайида айлантириб, ширин ва ёғлиқни, сирпанчиқ ва ёпишқоқни, нордон ва тахирни, аччиқни, чучукни, шўрни, чучмални туйди”.
Эътибор беряпсизми, бу ҳолатда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ, жуда оддий манзара, ажабланишга ўрин ҳам йўқ, чунки арзанда (айниқса, текширувчи мақомида келган) меҳмонни шундай иззатлаш – таомил. Таомилга айланган туйғуга қарши чиқишни, ўша таомилнинг туб моҳиятига шубҳали назар билан қарашни эса ҳеч бир банда хаёлига келтирмайди. Зеро, ҳаётнинг йўриғи шу, яъни ҳатто энг тубан хатти-ҳаракат, ҳар қандай разолат одат ва таомил мақомини олдими, бас, унга қарши курашиш, уни таомилликдан чиқариш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмайди.
Шу тариқа инсон зоти таомиллар оламида яшайди, умрнинг ҳар лаҳзаси сон-саноқсиз таомиллар билан “безатилган”, уларнинг саноғига етолмайсиз, гоҳо айрим таомиллар дастидан дод деб қочгани жой тополмайсиз, бироқ биридан қочиб иккинчисига, иккинчисидан қочиб эса – учинчиси… ўнинчисига тутилишингиз муқаррар. Кези келганда, улар нақадар донолик, закийлик маҳсули сифатида олқишланади, кўкларга кўтариб мақталади, борди-ю унга бўйсунмаслик, уни қабул қилмаслик кайфияти ниш урса борми, жамоа томонидан нақ фавқулодда ҳолат эълон қилинади, аксилтаомилчиликда айбланган банданинг, камида, косаси оқармайди.
Мо Ян – инсон зотининг энг ардоқли, энг боқий ва энг фахрли таомили замиридаги ноқисликка – нафс қуллиги майлига қарши чиқмоқда. Нафсга қуллик инсондек мукаррам зотни нақадар тубанлашувга, йиртқичлашув ва ҳатто нақадар ҳаромлашувга олиб бориши мумкинлигини тасвирлашга ҳаракат қилади. “Мусаллас мамлакати”, бу – аксилтаомилчи адибнинг нидоси, фарёди ва заҳар-заққум ҳақорати… башорати тимсоли сифатида майдонга келди. Мо Ян ачитиб ёзишга, масхара қилиб ёзишга, тортинмай айтиш мумкин, бадиий сўзнинг жамики имкониятларини сафарбар этиб бўлса-да, нафратларини бўямай-бежамай изҳор этиш йўлини танлади.
Бу фавқулодда феноменал воқеа эди. Нимаси фавқулодда, нимаси феноменал деган савол туғилади.
Тарихдан маълумки, хитой миллати беш минг йиллик узлуксиз тараққиёт йўлига эга. Бу даврда миллат ва халқнинг ниҳоятда ўзига хос менталитети шаклланган, метинга айланиб кетган. Кейинги ўттиз йиллик ижтимоий портлаш, юксалиш жараёнлари эса мамлакатни оқилона бошқарув тизимининг шарофати ўлароқ ана ўша азалий менталитет заминидан униб, ўсиб чиқди деб бемалол айтиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, хитойликлар маълуму машҳур Хитой деворлари оша дунёга юз тутди ва аллақачон глобаллашув жараёнининг олдинги сафларини эгаллаб улгурди. “Made in China” ёрлиғи етиб бормаган давлат, мамлакат қолмади ҳисоб. Глобаллашган Хитой эндиликда глобал дунёни жадаллик билан хитойлаштиришга киришиб кетди. Мо Ян ана шу тўлқинда пайдо бўлди, Хитой ва хитойликлар нафақат буюм, товар ишлаб чиқариш ва тарқатиш, балки бадиий асарини ҳам “Made in China” ёрлиғи билан бутун дунёга етказишга қодирлигини кўрсатиб қўйди.
Замонавий хитой файласуфларининг эътироф этишларича, хитой миллий характерининг бош хусусияти уларнинг совуқ ақл-идрок билан иш юритишларида кўринади, ҳар қандай даврда ҳам хитойлик учун “фойда”, “самара”дан кўра муҳимроқ сўз бўлмаган.
Таниқли хитой файласуфи Ли Цзэхоунинг ёзишича эса, “Хитойликлар дунёга, одамларга конкрет-аниқ, реал ёндашадилар. Улар худога, нариги дунёга ишонмайдилар. Улар ҳис-туйғуларини ақл-идрок билан бошқарадилар”.
Файласуф олимнинг мулоҳазаларини ҳурмат қилган ҳолда, бир ярим миллиарддан ошиб бораётган халқнинг эътиқоди устидан шу тариқа бир оғиз жумлада ҳукм-хулоса чиқариш нечоғли асосли эканини ўйлаб кўриш керак, албатта, бироқ келтирилган таъриф мусаллас салтанати бўлмиш Жюгуо одамларининг табиати, характери, дунёқараши ва …эътиқоддан йироқлигини тасаввур қилишда асқотади.
Парадокс – Мо Ян неча минг йиллик миллий таомил моҳиятидаги жами маънавий бойликларни қадрлаган ҳолда, ўзбекона таъбир ишлатилса, сопини ўзидан чиқарди, яъни муттасил емоқ ва муттасил ичмоққа, янаям даҳшатлиси – танламай ейиш-ичишга маҳкумлик таомили замиридаги разолатни, офатни бўрттириб намоён этишга қасд қилди. Романда киноя, пичинг гротеск даражасига кўтарилгани, реал ва нореал тавсирлар, ҳалолу ҳаром-хариш айқашиб-уйқашиб кетгани сабаби шунда. Гўнг қўшилган асал, пешоб аралаштирилган мусаллас, болалар гўштининг хушхўрлиги, тиллақўнғиз шўрва, тирик эшакни хомталаш қилиш, гўшти ва аъзоларидан тансиқ таомлар тайёрлаш, тирик чаён солинган мусаллас, маймун мусалласи, қалдирғоч уясидан тайёрланган шўрва… буларнинг бирортасига ҳеч бир ерда изоҳ бермайди муаллиф. Изоҳ беришни, хулоса чиқаришни, тимсоллар, рамзлар моҳиятидаги аччиқ ҳақиқатни (адиб концепциясидаги ҳақиқатни!) англаб етишни китобхон ихтиёрига қолдиради у. Фақат бир ўринда Мо Ян образи тилидан, “овқатга келганда, биз хитойликлар ўзимиздан ўзимиз ўтиб кетдик” дея романни талқин этишга уринувчи китобхонлар мушкулини осонлаштириш учун ўзига хос калит тақдим этади. Бир ўринда “жиддий меъёрлар даври” деган жумла келади, ваҳоланки, асар тасвирларида ҳеч қандай меъёрга риоя қилинмайди, балки адиб қуюшқондан чиқади, чиқибгина қолмай, қуюшқон қўрғони деворларини ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. Қуюшқондан бу тарзда чиқиш адабиётчилар тилида модернизм, постмодернизм, сюрреализм деб аталмоқда. Нобель мукофоти ҳайъати эса романни “Халқ эртаклари, тарих ва замонавийликни омухта этган реализм уйғунлашгани” учун нуфузли мукофотга лойиқ кўрди. Асардаги асосий персонажлардан бири Ли Идоу эса ҳикоясини “иблисча реализм” услубида ёзганини таъкидлайди. (Устоз Мо Ян қанчалар хайрихоҳлик кўрсатмасин, шогирди Ли Идоунинг бирорта асари “Фуқаро адабиёти” журналида босилмагани ўзига хос тимсол вазифасини ўтаган. Чунки сюрреализм адабиёти ҳам, галлюцинациялашган адабиёт ҳам ва “иблисча реализм” адабиёти ҳам фуқаро, яъни оломон адабиёти учун ёт, бегона!)
Бадиий адабиёт эстетик воқелик, у гўзаллик категориялари, унсурлари воситаси-ла сўзлайди. Мо Ян эса “Мусаллас салтанати”да хунуклик, манфурлик, разолат ва тубанлик муҳитини ўша муҳитнинг дағалдан-дағал тили билан тасвирлайди. Тортинмайди, хаспўшламайди, “таъбир жоиз бўлса” қабилидаги истиҳолага бормайди. Роман теварагида муросасиз мулоҳазалар қалашиб кетгани бежиз эмас. “Мусаллас салтанати”ни фавқулодда асар сифатида ўқиганлар бор, Нобель мукофотини тақдим қилувчи ҳайъат қаёққа қарамоқда, қайси мезонлар асосида шу асар бу қадар нуфузли мукофотга лойиқ кўрилди, деган мазмунда айюҳаннос кўтараётганлар ҳам йўқ эмас. Шу қабилда роман ёзиш ҳам мумкин экан-да, дея оғир ўйларга ботаётганлар ҳам учрамоқда.
Бадиий ижод оламида кўп синалган ҳолат – фавқулодда асарлар қуюшқондан чиққандагина – анъаналар, таомиллар, тамойиллар баҳридан ўтилгандагина яратилади. “Мусаллас мамлакати” ана шу ҳақиқатнинг жонли тимсоли сифатида эътибор топди, таҳсинларга сазовор бўлди.
“Мусаллас мамлакати” жаҳон адабиётининг сара намуналари таъсирида яратилганига шубҳа йўқ. Асар муаллифининг, кимда-ким Михаил Булгаков қаламига мансуб “Уста ва Маргарита” асарини маъқул кўриб ўқиган бўлса, менинг ушбу романимни ҳам маъқул кўради, деган мазмунда айтган гапи айрим китобхон ва мутахассисларни бир оз чалғитган кўринади, ваҳоланки, Мо Яннинг таъсирланиш доираси анчагина кенг. Франсуа Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл” романида Гаргантюага ҳомиладор Гармамелланинг суллоҳлиги, “Дон Кихот”даги сарҳадсиз юмор, Кафка асарларидан яхши таниш қаҳрамонларнинг боши берк лабиринтлардаги сарсонгарчиликлари, маркиз де Садга хос бўлган шаҳвоний рўйи-ростлик… мақоламиз аввалида тилга олинган ҳайдовчи аёл билан ишқий муносабатларнинг пировардида қотиллик билан барҳам топиши, ҳаваскор қаламкаш Ли Идоунинг ўз қайнонаси билан шакаргуфторликлари, таом пишириш ва мусаллас тайёрлаш жараёнидаги кўз кўриб-қулоқ эшитмаган тошбағирликлар, ва айниқса прокуратура терговчиси Динг Гоуэрнинг тунги одамхўрлик базми чоғида усти ёпилмаган катта ўрага – жамоат ҳожатхонасига тушиб, нажосатга ғарқ бўлиши, такрор таъкидлаш мумкин бўлса, ўз тили, ўз ҳукми ила ҳикоя қилинган, тасвирланган.
…Ниҳоят, устоз адиб Мо Ян Пекиндан Жюгуога келади. Уни бошловчи ёзувчи Ли Идоу пешвоз чиқиб кутиб олади. Ли Идоунинг таърифлашича, Жюгуо буюк ватан харитасидаги дур бўлса, Мусалласпазлик академияси – Жюгуонинг дури. Таомилга кўра, атоқли адибга алоҳида эъзоз ва эътибор кўрсатилади – унинг тонгдан шомгача, шомдан тонггача мусалласхўрлик қилмаганига қўйишмайди, уни мусаллас тўлдирилган ваннада чўмилтиришади, унга шаҳарни таништириш мақсадида… эшак кўчага саёҳат уюштирилади, кушхонада эшак сўйиш жараёнини ўз кўзи билан томоша қилишига имкон яратилади. Чунки олий мартабали меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиш таомили шундай бу диёрда. Ажабланиш туйғуси қолмаган, ҳайрат сўнган разолат салтанатида эса романда тасвирланган ва айримлари юқорида мисол тариқасида келтирилган манзаралар жуда-жуда оддий ҳолатлар ҳисобланади. Сабаби ҳам ғоятда оддий: “Ҳа-да, бунинг ажабланарли ери йўқ. Бу ерни Жюгуо – Мусаллас мамлакати деб қўйибдилар!..”
P.S. “Мусаллас мамлакати” енгил ўқилади, сюжетида айтарли мураккаблик, зиддиятлари ва тўқнашувларида калаванинг учи топилмайдиган даражадаги чигалликлар йўқ, лекин тимсоллар моҳиятидаги асл маънони илғаб, уқий олиш осон кечмайди, айниқса, реал ва нореал тасвир оқимларини, хуш-нохуш кечинмаларни, ривояту эртаклар, олис хитой халқи тарихига тааллуқли унсурларнинг аралашиб-чатишиб кетгани ўқувчини алоҳида диққат билан мутолаага ундайди. Бамисоли Жюгуо диёри дунё тимсолига айланади. Таъкидлаш жоизки, романни ўқиш жараёнида (ҳатто уни ўқиб битиргач ҳам) хулоса чиқаришга шошилмасликни тавсия қилган бўлур эдик, зеро, уни яна бир карра ўқиш янгидан-янги ва кутилмаган хулосалар чиқаришингизга ёрдам беради.
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 12-сон