Валиуллоҳ Ковусий. Санъат ва маданият ҳомийси

Алишер Навоий

Темурийлар даврида адабиёт ва санъат гуллаб-яшнади. Санъат ҳомийларидан бири мутафаккир шоир Амир Алишер Навоийдир. У барча соҳалардаги санъаткорлар билан бевосита алоқада ва уларни ўз ҳимоясига олган бўлиб, истеъдод учқунларини юзага чиқарарди. Унинг ҳимояси остида жуда кўплаб санъаткорлар – адиблару меъморлар, мусиқачилардан тортиб рассомлар ва хаттотларгача камол топди. Шоирнинг ўзи ҳам форс ва туркий тилларда кўплаб китоблар ёздилар. Ўша замонда Навоий ҳомийлигида жуда кўп бинолар қурилди. Қулмуҳаммад Удий, Беҳзод ва Султонали Машҳадий каби санъаткорлар ҳам Алишер Навоийнинг қўл остида тарбия топиб униб-ўсганлардан ва унинг яқинларидан эдилар.

Темурийлар даврида санъатнинг гуллаб-яшнаши, шубҳасиз, санъатпарвар шаҳзодалар ва сарой амалдорлари билан боғлиқ. Бу борада Амир Темурнинг ўзи темурийлар учун буюк ибрат эди. У Самарқандни обод этиш учун кўп саъй кўрсатган, хусусан, тасарруфига олган манзиллардан меъморлар, ҳунармандлар, санъаткорлар, косиблар ва олимларни юбориб, пойтахтини кўркам қилиш учун уларнинг тажрибасидан фойдаланган эди[1]. Ундан кейинги тахт ворислари ҳам мана шу йўлдан боришди. Гарчи темурий шаҳзодалар ўртасида турли сиёсий низолар юз бериб турган бўлса-да, маданият ва санъатга ҳомийлик ишлари ҳеч қачон сусаймаган.

Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам  худди шундай санъатпарвар ҳукмдор бўлиб, айни чоғда унинг ёнида дўсти ва ҳамдами, маърифатпарвар вазири Мир Алишер Навоий бор эди. Ўша даврдаги санъат тарихида унинг ўрни ва аҳамияти шу даражада беқиёски, агар бутун темурийлар даврида ундан бошқа ҳеч ким санъатга аҳамият бермаган тақдирда ҳам унинг бир ўзининг борлиги ўша даврнинг санъати тарихидаги энг ёрқин саҳифаси деб билишимиз учун етарли бўларди.

Амир Алишер Навоий номи билан шуҳрат қозонган Низомиддин Алишер Навоий Чиғатоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг ўн еттинчи куни, Шоҳрух Мирзо ҳукмронлигининг охирги йилларида Ҳиротда туғилди. Отасининг номи Кичкина Баҳодир бўлиб, аждодлари Мирзо Умаршайх бин Темур хизматида бўлишган.

Темурийлар даврининг буюк тарихчиси Хондамир Амир Алишернинг ҳаёти ҳақида ёзган “Макорим ул-ахлоқ” асарида унинг таҳсил олиши ҳақида қуйидагича баён этади:

“Ҳидоятқарин Амир ёш болалик йиллари бошидан то умрларининг охиригача баракотли вақтларининг кўп қисмини илм олиш ва камолотга етишиш учун сарфладилар ва турли илмларни ўрганиш ҳамда фанларни ўзлаштиришда бир лаҳза ҳам тиним билмадилар. Ҳаётнинг энг яхши даврлари бўлган ўспиринлик ва ёшлик чоғларида машҳур уламолар ва буюк ҳурматга сазовор фозиллар йиғилган ажойиб Ҳирот шаҳрида ниҳоятда жиддийлик ва таърифга сиғмас тиришқоқлик билан машҳур китобларни мутолаа қилиш билан машғул бўлардилар”[2].

Алишер Султон Абусайид Мирзо ҳукмронлиги даврида Самарқандга борди ва иккинчи Абу Али ибн Сино номини олган Хожа Фазлуллоҳ Абуллайснинг шогирдлари ва муридларига қўшилди. Кўп ўтмасдан Хожанинг энг яхши шогирдларидан бирига айланди ва устознинг алоҳида муҳаббатига сазовор бўлди.

Амир Алишер Султон Ҳусайн Бойқаро подшоҳлик тахтига ўтирганидан бир неча ҳафта кейин Ҳиротга келди. Уни “Катта муҳрни муҳофаза қилувчи” этиб тайинлашди. У тез орада шундай нуфуз ва қудратга етишдики, ҳокимиятда Султондан кейинги иккинчи шахсга айланди. У бундай мавқени подшоҳ хонадони билан оилавий яқинлиги туфайли ва яна саройдаги хизматлари сабабли қўлга киритди. Ҳиндистон подшоҳи Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” китобида Амир Алишерни шундай тасвирлайди:

“Алишербекнинг табиати ўз назокати билан машҳур. Одамлар унинг назокатини давлати ғуруридан деб билардилар. Аммо бундай эмасди; бу унинг туғма сифати эди. Самарқандда бўлган даврида ҳам мана шундай табиатан назокатли эди. Алишербек беназир киши эди”[3].

Алишер Навоий юксак маърифатпарвар шахс эди. У илм ва санъат  аҳлини ҳимоя қилар, олижаноблик билан уларнинг истеъдодини юзага чиқариш ва келажаги учун курашарди. Ўша даврда Алишер Навоийнинг ҳимоясида бўлган уламолар унга атаб жуда кўп китоблар ёздилар.

 

Санъаткорлар ҳимоясида

Амир Алишер Ҳиротнинг адабий ва бадиий мактабини юксак чўққиларга кўтариб, бу шаҳарни шеър ва адабиёт, мусиқа ва рассомлик, хаттотлик ва нақшинкорлик марказига айлантирди. Фахрий Ҳиравий “Мажолис ун-нафоис” асарининг тўққизинчи боби биринчи бўлимида Амир Алишер ҳаёти ҳақида шундай ёзади:

“Ҳар куни етмиш беш минг динор Мир ғазнасига келиб тушарди; ўн беш минг динор ташқи харажатлар учун кетарди. Ҳар йили минг сидра бошдан-оёқ кийим камбағалларга улашишни буюрарди ва уч юз етмиш хайрия масканлари қурдирган эди.

 Ошно ва бегона ҳамнафаслигидан

 Оқибати хайрдек яхшиликдан бошқа нарса зоҳир бўлмади.

Унинг тарбияси ва ҳимояси остида етишиб чиқиб машҳур бўлган бунчалик кўп бемисл ва нодир хаттотлар, хонандалару созандалар, наққош ва безакчилар, мусаввир ва муҳаррирлар, адиб ва шоирлар яна қайси замонда мавжуд бўлгани номаълум. Унинг ўзи ҳам бу жамоанинг илмларидан тўла баҳраманд эди, айниқса, шоирликда”.

 

Адабиёт

Ўзи шоир ва нозиктаъб шеършунос бўлган Амир Алишер аҳли адаб ва шоирларга ҳомийлик қилишни барча ишлардан юқори қўярди. У зуллисонайн шоир эди: ҳам форсча ва ҳам туркий тилда ижод қиларди. Форсча шеърларини “Фоний” ва туркий тилдаги шеърларини “Навоий” тахаллуси билан ёзарди. У “Муҳокамат ул-луғатайн” китобида форс ва турк тилларини солиштириб, туркий тилнинг форс тилидан устунлигини илмий асослаб берган.

Амир Алишер кенг тафаккурли шоир ва сўз устаси бўлишдан ташқари замонаси шоирларининг ҳомийси  эди. Қаерда бирор истеъдод соҳиби бўлган ижодкорни кўрса ёки яхши бир шеърни эшитиб қолса, унга таҳсинлар айтар ва уни қўллаб-қувватларди. Ўша даврнинг машҳур шоирларидан бири, Мавлоно Ҳилолий Чиғатоийнинг Амир Алишер билан учрашуви ва унинг лутфу ҳимояси ҳақидаги ҳикоя “Тазкира-йэ туҳфа-йэ соми”да келтирилган.

 

Мусиқа

Султон Ҳусайн ва шаҳзодаларнинг мусиқага қизиқиши ва Алишернинг созандаларга кўрсатган ҳомийлиги туфайли сарой санъаткорларнинг интиладиган  марказига айланди. Тарихчилар ўша даврдаги  Султон Ҳусайн ва вазирининг фармони билан уюштирилган беназир мусиқий мажлислар ҳақида  кўп бора ёзишган.

Амир Алишернинг ўзи ҳам мусиқа чалишни биларди. Заҳириддин Бобур Амир Алишернинг мусиқадонлиги ва мусиқасеварлиги ҳақида шундай ёзади:

“Мусиқада яхши нарсалар басталаган, яхши нақшлар ва яхши даромадлар. Фазл ва санъат аҳлига Алишербекчалик мураббийлик қилган ва уларни қувватлаган бирор киши бўлгани маълум эмас. Соз чалишда буюк арбоб бўлган устоз Қулмуҳаммад, Шийхам Ноий ва Ҳусайн Удийлар Алишербекнинг тарбияси ва қувватлаши билан шунчалик тараққий этиб ўсишган”.

Хондамир қонун чалишда тенгсиз созанда деб таърифлаган Ҳофиз Қозоқ ёшлигидан Амир Алишер хизматида бўлган мусиқачилардан эди[4]. Паҳлавон Муҳаммад Абусайид  ҳам унинг иноятига сазовор бўлган бошқа бир хонанда ва мусиқачидир. Шоир ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида ўзининг бу санъаткор билан алоқалари ҳақида қизиқ бир ҳикояни келтирган.

Бу даврнинг энг машҳур мусиқачиларидан бири устоз Қулмуҳаммаддир. Бу санъаткор болалигидан Амир Алишер ҳимояси остида таълим олиб, унинг хос эҳтироми ва эътирофига сазовор бўлган. Амир Алишер мусиқашунос олимлардан Қулмуҳаммад учун мусиқадан рисола ёзиб беришларини сўрайди. Бунинг шарҳи унинг ўзининг тилидан шундай баён этилган:

“Устоз Қулмуҳаммад болалигидан мусиқа ўрганарди. Яхши асарларни тез ўрганишда шуҳрат қозонгани учун фақир унинг бу фанни ҳам ўрганишини истадим. Замонасининг бу фандаги тенгсиз устози бўлган Мавлоно Шоҳали Буққага буюрдим. Ўша пайтда бу фанда “Асл ул-восил”ни ёзди. Кейин Мир Муртоз ва Хожа Шаҳобиддин Абдуллоҳ ва Мавлоно Биноий бу фанда рисолалар ёзишди, аммо шу даражада юқори истеъдод кўрсатдиларки, янги ўрганаётган одам учун улардан фойдаланиш ниҳоятда мушкул иш эди”[5].

Амир Алишер бу янги ёзилган рисолалардан қаноатланмади ва Мавлоно Абдураҳмон Жомийдан мусиқа ҳақида бирор асар битиб беришни сўради ва Жомий унинг илтимосини бажо келтирди.

Амир Алишернинг ҳиммати билан ташкил этиладиган жуда кўп мусиқа мажлисларида созандалар ва хонандалардан ташқари донишманд ва тарихчи Хондамир каби замонасининг кўплаб фузало ва донишмандлари ҳам иштирок этишарди[6].

 

Меъморчилик

Ҳазрат  Алишер Навоий қурилиш  ва мамлакатни обод қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Айрим тарихчилар Навоий ҳомийлиги ва бевосита раҳбарлиги остида яратилган бинолар 370 тани ташкил қилади, дея маълумот берадилар. Жумладан: 14 та кўприк, 7 та ҳаммом, 52 та карвонсарой, 19 та сув омбори, битта дорулҳуффоз (қорихона), битта касалхона, 5 та бино (супрахона бўлса керак), 7 та хонақоҳ, 3 та камбағаллар учун касалхона, 4 та мактаб, 20 та масжид ва бошқа меъморий обидалар.

Алишер Навоийнинг ҳомийлигида Хуросонда қурилган бинолардан фақат қуйидаги еттитаси ҳақида маълумот қолган: Машҳаддаги Ҳазрати Ризо (а.с.) мақбарасининг эски саҳнидаги жанубий айвон, Нишопурдаги Шайх Фаридиддин Аттор мозори, Машҳаддаги кўча ариғи, тош терилган работ, Дизобод работи, Туруқ қишлоғидаги ғишт тўғон, Харгардхавофдаги Лангар қишлоғидаги Амир Қосимул-Анвор мақбараси.

Эрон миллий кутубхонасида туркий тилида таҳририй настаълиқ хатида ёзилган, жадваллар ва тилла суви билан безатилган 25 катта саҳифали “Дибочэ-йэ мавқуфот-э Мир Алишир” номли рисола бор. Унда Мир Алишер қурдирган Ихлосия мактабининг вақфлари шарҳи ва бошқа қимматли маълумотлар келтирилган. Амир бу вақфноманинг бир бўлимида шундай ёзади:

“Маошим даласи бир йўла қуриб қолмасин деб султонлик амри билан баъзи зироат ишлари билан ҳам шуғулланардим ва бу ишимда шариат ва инсофга тўла риоя қилганим ва худованди каримнинг инояти билан кўп фойда кўрардим ҳамда бу неъматнинг фойдасидан ўзимга бироз емак-ичмак ва кийим-кечакка ишлатардим, қолган қисмини эса хайрия ишлари ва боқийлик биноси учун сарфлардим ва улардан ҳосил бўладиган барча савобларни у Ҳазратнинг рўзғорига бағишлардим”[7].

Бу вақфноманинг баъзи бўлимларида Мир Алишернинг фармони билан Ҳирот шаҳри атрофида барпо этилган жуда кўп боғлар ҳақидамаълумот берилган: Улар қуйидагилар:

  1. Фаррошон мавзесидаги Булукун-Нажжонда 28 гектар майдондаги боғ ва унинг ёнидаги 23 гектар ер.
  2. 18 гектар майдондаги боғ, шундан 2,5 гектари узумзор.
  3. Булуки Анжилда 4 гектар ер.
  4. Боди Мурғонда 4 гектар ер.
  5. Хожа Шаҳоб маҳалласида боғлар, 2 гектар ер, 2 та ёнма-ён узумзор, ҳаммаси бўлиб 33 гектар.

Аммо Амир Алишернинг энг муҳим ва энг асосий ободонлаштириш ишларидан бири турли жангу жадаллар натижасида вайронага айлана бошлаган Ҳирот жомеъ масжидини таъмирлашдир. Хондамир бу масжиднинг қурилиши ва таъмирланишини шундай шарҳлайди:

“Шундан сўнг ҳозиқ меъморлар ва пухта муҳандисларнинг тасдиқи билан у бинони тўғри қуриш, энг мустаҳкам бино бўладиган усулда қуришга кўрсатма бердилар…. ва бу хайрия ишлари асосчиси қайта-қайта ҳиммат кўрсатиб бу бинони тугатишда ҳар куни ўзларининг олий ва шарофатли мақомлари нафосати билан ташриф буюрар ва кўпинча этакларини белларига қистириб, бошқа мардикорлар каби ишлар эдилар. Вақти-вақти билан меъморлар ва усталарнигина эмас, балки барча ҳунармандларни ҳам қимматбаҳо тўнлар билан сийлар ва чексиз меҳрибонликлар ва ҳадсиз инъомлар билан уларни хушнуд ва бахтиёр этардилар”[8].

Машҳур тарихчи Мирхонднинг   қайд қилишича, ҳижрий қамарий 906 йилда масжиднинг қурилиши тугалланган.  Шу муносабат билан шоир саройнинг юқори мартабали аъёнларига зиёфат беради ва масжидни   қурган меъморлар ва усталар ҳамда  ҳатто ишчилар ва мардикорларни тақдирлаб, уларга сарполар улашган .

Ихлосия, Низомия ва Хусравия мадрасалари, Ихлосия хонақоси, Шифоия каби машҳур обидалар  Навоий фармони билан қурилган бинолар сирасига киради.

 

Ҳунармандчилик

Ҳунармандчилик санъати борасида гап кетганда, Амир Алишернинг фармони билан Ҳирот жомеъ масжидига ўрнатилган қимматбаҳо чиройли тош минбар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим.  Гарчи бу минбардан ҳеч қандай из қолмаган бўлса-да, у ҳақда Хондамир ёзиб қолдирган шарҳдан бинонинг қай даражада нафис ва маҳобатли бўлгани ҳақида  тасаввур қилиш мумкин:

“Ёнғоқ ёғочидан ишланган қадимги минбар синиб кетганлиги учун олийҳиммат ва пок ниятли Амирнинг ҳимматлари минбарнинг мармар тошдан ясалишини тақозо этди ва юқори мансабли мулозимлар саъй-ҳаракат кўрсатиб Хавоф вилоятида керакли мармар тошларини топдилар ва уларни эгаларидан сотиб олиб, қисқа вақт ичида ўша муборак ерга олиб келдилар ва сангтарош уста Шамсиддин минбарни ясаш билан машғул бўлди ва олийнасаб Амирнинг ҳимматлари туфайли шундай бир минбар бунёдга келдики, оламга нур таратувчи офтоб имом хатибдек кўк осмоннинг тўққиз поғонали минбарига кўтарилганида унга ўхшашини кўрмаган ва рисолат Ҳазрати (с.а.в.)нинг суннати саниялари бўлмиш жума ва жамоат намози жорий бўлганидан бери ҳеч бир ўткинчининг қулоғига унинг ўхшаши борлиги чалинмаган”.

 

Наққошлик ва рассомлик

Амир Алишер наққошлик санъатининг ҳам энг катта ҳомийларидан эди ва унинг эътибори сабаб бу санъат тури энг юқори чўққиларга чиқди.

Сайид Руҳулло Мирак Амир Алишернинг эътибори ва меҳридан  баҳраманд бўлган энг биринчи наққошлардан эди. Султон Ҳусайннинг сарой устахонаси ва кутубхонасининг бошқарувчиси бўлган бу наққош беназир наққошлик ва китоб безаш маҳоратидан ташқари тошга ўйиб ёзишга ҳам уста эдики, шу даврда қурилган Ҳирот иморатларининг кўпчилиги учун шундай ёзувлар ёзиб берганди.

Миракнинг тошга ўйиб ёзиш санъати ва бу соҳадаги Амир Алишер билан алоқаси ҳақида “Макорим ул-ахлоқ”да ёзилишича, ҳижрий-қамарий 904 йилда Амир Алишер Ҳирот жомеъ масжидини қайтадан безашга фармон берганида масжид тошларига битиклар ёзишни Миракка топширади. Аммо Мирак наққош бепарволик қилиб, бу ишларни пайсалга солар ва кошинчиларни куттириб қўярди. Унинг сусткашлиги ҳаддидан ошиб кетиб, на насиҳат ва на дўқ-пўписа кор қилмади. Шунда Алишер Навоий  бир чора ўйлаб топди ва ниҳоятда назокат билан ишни ўз вақтида ўн беш кунда тугатишга уни мажбур қилди. Бундай ривоятлар, шубҳасиз, Амир Алишер санъатга оид ишларнинг ўз вақтида ва тўғри бажарилишига катта аҳамият берганлигини кўрсатиб турибдики, ҳатто Миракдек буюк ва таниқли санъаткорни ҳам мана шундай ишлашга мажбур қила олган.

Қобилияти Амир Алишер ҳомийлигида гуллаб-яшнаган наққош ва рассомлардан яна бири Камолиддин Беҳзоддир. Болалигидан етим бўлиб, Мирак Руҳуллонинг қарамоғида таҳсил олаётган Беҳзод ёшлик чоғидаёқ Амир Алишернинг даргоҳига қадам қўйди. Амир Алишер Беҳзодга нисбатан алоҳида қизиқиш ва муҳаббат билан муносабатда бўларди. Маҳмуд Восифийнинг ривояти ушбу фикрларни янада  тасдиқлайди.:

“Устоз Беҳзод расм чизилган бир саҳифа қоғозни Амир Алишер мажлисига олиб келди. Унда турли-туман дарахтлар ва уларнинг шохларида чиройли қушлар, ҳар тарафда сув оқиб турган ариқлар, зангори гуллар очилиб турган гулбоғлар ва ҳассага таяниб турган ва олдига тилла тангалар тўла лаганлар қўйиб олган Мир Алишернинг ёқимли сурати тасвирланган эди. Мир Алишер бу тасвирни кўриб фавқулодда ажабланди ва иштирокчилардан бу тасвир ҳақида ўз фикрларини билдиришларини сўради. Улардан бири деди: “Қўлимни чўзиб бир гулни узиб олмоқчи ва салламга қистириб қўймоқчи бўлдим, аммо дарахтлардаги қушлар учиб кетмасин деб андиша қилдим”. Уларнинг ҳар бири бирор нарса деди ва Амир Алишер шундай деди: “Мен эса лагандаги олтинларни мажлис иштирокчиларига ҳадя қилишимга оз қолди”. Мир Алишер тасвирнинг латофати ва чиройлилигидан шундай таъсирлаиб кетдики, устоз Беҳзодга бир отни эгар-жабдуғи билан берди ва муносиб сарпо билан сийлади”[9].

Шоҳ Музаффар, Қосимали Чеҳрагушо, Ҳожи Муҳаммад наққош, Мулла Ёрий музаҳҳаб (китоб безовчи) ва Мулло Дарвиш Муҳаммад ҳам Алишер Навоий ҳомийлигида тарбия топган наққошлар ҳисобланади.

 

Хаттотлик

Султон Ҳусайн Бойқаро ва Амир Алишер беқиёс ва бежирим китоб­ларни ёздириб безаттиришга алоҳида эътибор кўрсатишган. Машҳур хаттот Султон Али Машҳадий ёшлигида Султон Абусайид Мирзо таклифига биноан Ҳиротга борган истеъдодли хаттотлардан эди. У кейинчалик Султон Ҳусайн Бойқаро ва Амир Алишернинг эътиборига сазовор бўлди.

Қози Аҳмаднинг ёзишича, бу санъаткор Амир Алишернинг “Мажолис ун-нафоис” китобини Амир саройи ҳовузининг мармар тошларига жуда чиройли хат билан ёзиб чиққан. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз эсдаликларида ёзадики, Мавлоно Султон Али Машҳадий “Ҳар куни Мирзо (Султон Ҳусайн) учун ўттиз байт ва Алишербек учун йигирма байт ёзарди”.

Амир Алишер даргоҳидаги бошқа хаттотлардан Султон Али Қойиний, Хожа Муҳаммад Ҳофиз, Мавлоно Зайниддин Маҳмуд, Мавлоно Султон Али Сабз Машҳадий, Мавлоно Султон Муҳаммад Хандон, Мавлоно Абдулжамил, Мавлоно Буҳроний, Мавлоно Адимийларни аташ мумкин.

 

Хотима

Амир Алишернинг шахсий аҳволи ҳақида айтишларича, у диндор ва шариат одобларига риоя қилишни лозим деб билувчи эди. Бутун умри давомида уйланмади. Дўстларига мулойим ва мурувват билан муомала қиларди. Шатранж ўйинида жуда моҳир эдики, айни бир пайтда икки киши билан ўйнарди[10].

Амир ҳижрий 906 йилнинг ўн иккинчи жумод ус-сони пайшанба куни Ҳиротда вафот этди. Унинг ҳимояси остида бўлган жуда кўп шоирлар унга атаб марсиялар ёзишди. Улар орасида Мавлоно Соҳиб 45 байтдан иборат марсия ёздики, ҳар бир байтнинг бир мисраси абжад ҳисобида Амирнинг туғилган санаси ва иккинчи мисраси вафоти санасини ифода этарди. Ушбу икки байт ўша қасидадан олинган:

 Эй бедод ва бераҳм фалак шундай иш қилдингки,
 Ва эй ажал, жаҳон мулкини қаттиқ вайрон қилдинг.

 Жаҳон аҳлига нима дейсан, менда ҳасад йўқ эди,
 Ҳасаддан бир йўла жаҳонни аҳли жаҳонсиз қилдинг.

Ҳирот ийдгоҳида ул зоти фойизи баракот учун намоз ўқилди, сўнгра ўзларининг жомеъ масжидлари ёнидаги ул хайрли ишлар пешвосининг ўзлари қурдирган гумбаз остига олиб бориб дафн қилиндилар[11].

Форс тилидан Миродил Обидов таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 2-сон

_________________________________

[1] Кўпроқ маълумот олиш учун қаранг: Валиуллоҳ Ковусий. Темурнинг санъат ва санъаткорлар билан алоқалари. // “Гулэстон-э ҳунар”, 1385. 3-сон

[2] Хондамир. Макорим ул-ахлоқ (Амир Алишер Навоийнинг шарҳи аҳволи ва ҳаёти). Муқаддима, таҳрир ва тадқиқ: Муҳаммад Акбар Ашиқ. – Теҳрон, Ёзма мерослар ойнаси, 1378. 51-бет.

[3] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. Тош босма нусхаси. Теҳрон университети марказий кутубхонаси, Теҳрон, инв. №: 107724. 108-бет.

[4] Хондамир, Ғиёсиддин бин Ҳимомиддин Ал-Ҳусайний. Моасарул-мулук. “Хулосатул-Ахбор” хотимаси ва “Қонун-э Ҳумоюний” иловаси билан. Мирҳошим Муҳаддис таҳрири остида. –Теҳрон: “Расо” маданий хизматлар муассасаси, 1372. 243-бет.

[5] Жомий, Нуриддин бин Абдураҳмон бин Аҳмад. Муқаддима ва таҳрир: Аълохон Афсаҳзод ва бошқалар. –Теҳрон: Ёзма меросларни нашр этиш маркази, 1379. 174-бет.

[6] Зайниддин Маҳмуд Восифий. Бадойэъ ул-вақойэъ. 1-жилд. 24-бет.

[7] Ушбу Вақфноманинг бир бўлими таржимаси ҳақида маълумот олиш учун қаранг: ўша асар, ک – که бетлар (20–25-бетлар).

[8] Хондамир. Макорим ул-ахлоқ (Амир Алишер Навоийнинг шарҳи аҳволи ва ҳаёти). Муқаддима, таҳрир ва тадқиқ: Муҳаммад Акбар Ашиқ. – Теҳрон, Ёзма мерослар ойнаси, 1378. 98–99-бетлар.

[9] Восифий. Бадойэъ ул-вақойэъ. 2-жилд. 150-бет. Ҳусайн Миржаъфарийнинг “Торих-э Тимурхон ва торкаманон” асарида нақл қилинган. 121–122-бетлар.

[10] Ўша асар. 669-бет.

[11] Хондамир. Макорим ул-ахлоқ. 150-бет.