Ўтган аср 60-йилларининг охирлари, зилзиладан сўнг Талабалар шаҳарчаси биқинида университет домлалари учун қурилган бинодан оиламизга ажратилган хонага яқиндагина кўчиб борганмиз. Шу орада қадрдоним Маҳмуд Саъдий тўладан келган ўртабўй бир йигитни бошлаб келди. «Танисангиз керак, талабангиз Тоғаймурод Менгноров, журналистика факултетида ўқийди, ҳикоялар ёзади», дея таништирди ҳамроҳини. Дарҳол танидим, у ўқийдиган гуруҳга «Эстетика ва адабиётшунослик асослари»дан дарс берганман. Эсладим: бу йигит дарсларда доимо хаёл суриб, ниманидир пичирлагандай ўзи билан ўзи овора жимгина ўтирар, дарсда бирор марта ҳам савол берганини, баҳс-мунозараларга аралашганини билмайман. Ниҳоят, синов вақти келди, билетда қўйилган саволлар бўйича шунақа булбулигўё бўлиб гапира кетдики, лол бўлиб қолдим, ҳатто мен кўрмаган, тавсия этмаган асарларни ҳам ўқигани маълум бўлди. «Ука, шунча нарса билар экансиз, нега семинар дарсларида бирор калима ҳам сўз айтмадингиз?» десам, «Характерим шунақа» деб қўя қолганди.
Меҳмонларни ичкарига таклиф қилдим. Стол теварагида чойхўрлик, қизғин гурунг бошланди. Маҳмуджоннинг таклифи билан Тоғай Мурод «Заранг таёқ» деб аталган янги ҳикоясини ўқиди. Ҳикояда кексайиб қолган чўпон ва унинг ўғли ҳақида гап борар, ота қўлидаги заранг таёқни кимга топширишни билмай хуноб, замона ёшлари, жумладан, ўғли «подачи» бўлишдан ор қилади, бу ҳол қарияни изтиробга солади. Талаба ёшидаги ҳаваскор ёзувчидан бундай тайёр асар камдан-кам ҳолларда чиқади. Ҳикоядаги ўта ҳаётий, табиий, таъсирчан лавҳалар Маҳмуджонни ҳам, мени ҳам ўйлатиб қўйди, ҳар иккимиз ҳам у ҳақда илиқ гаплар айтдик. Тоғай Мурод эса мақтов сўзларимизга парво ҳам қилмай, шундай бўлишини билгандай индамай ўтирарди. Орадан кўп ўтмай ҳикоя қайсидир журналда чиқди. Асар матни кейинчалик ёзувчининг «Момо ер қўшиғи» қиссасига бироз ўзгартиришлар билан киритилди.
Одатдагидек, гурунг охирида дастурхонга ош тортилди. Девзира гуручдан манқалда тайёрланган қип-қизил фарғонача паловдан татиб кўргач, «Палов пиширишни асли фарғоналикларга чиқарган», деб қолди Тоғай Мурод. Мен ҳам ўз навбатида «Тандир кабобни эса сурхондарёликларга чиқарган», деб жавоб қилдим. Кулишдик. «Сурхондарёдан бўлсам ҳам чойхона паловни хуш кўраман, асли аждодларимиз фарғоналик-да», дея илова қилди у. Бу гап чинми ёки шунчаки кўнгил учун ҳазил тариқасида айтилдими — билолмай қолдим. Орадан чорак аср ўтиб ёзилган «Отамдан қолган далалар» романидаги энг нурли сиймо «Фарғоначи Жамолиддин»ни муаллиф дилига яқин олиб, чин самимий эҳтиром билан тасвир этади. Бу персонаж Тоғайнинг аждодларидан бўлса ажаб эмас.
Шу-шу, Тоғай Муроднинг матбуотда чиққан ҳар бир асарини кузатиб, ўқиб борадиган бўлдим. У адабиётга шошилмай секингина кириб келди, илк машқларидан то эл оғзига тушган «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси чиққунга қадар ўн йилча вақт ўтди. Ҳар гал унга дуч келганимда «Нега матбуотда кам кўринасиз?», деб сўрасам, ҳамиша «Ўқияпман, ўрганаяпман, дурустроқ нарса ёзишга тайёрланаяпман» деган жавобни олардим. Бундай жиддий тайёргарлик изсиз кетмади. Бирин-кетин «Юлдузлар мангу ёнади», «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» эълон қилинди, бу асарларнинг ҳар бири адабий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Ҳамкасб мунаққидлар қатори мен ҳам бу қиссалар ҳақида кўнглимдаги гапларни айтганман, ёзганман.
Тоғай босиқ, вазмин кўринса-да, таъби ўта нозик, куюнчак одам эди. Сал нарсага бирдан ловиллаб кетарди. Ёзувчилар уюшмасидаги мажлислардан бирида «Момо ер қўшиғи» хусусида илиқ гаплар билан бирга қисса бироз тарафкашлик билан ёзилгани, муаллиф ўзи суймаган қаҳрамонига жамики салбий иллатларни ёпиштираверганини айтувдим, залда ўтирган Тоғай шартта ўрнидан туриб бундай эътирозга қўшилмаслигини билдирди. Шундан кейин анчагача кўча-кўйда унга дуч келганимда ҳатто саломимга алик ҳам олмай юрди.
90-йилларнинг бошлари бўлса керак, янги битган ҳовлимизга кутилмаганда Тоғайнинг ўзи танҳо ҳолда кириб келди. Ўша кезлари шаҳарда тарқалган гриппдан азият чекиб эндигина ўзимга кела бошлаган, дилимга яқин суҳбатдошни қўмсаб ётган эдим. Боз устига, Тоғайнинг орадаги гинахонликни унутиб хонадонимизга кириб келиши кўнглимни тоғдай кўтариб юборди. Одатдагидек нон-чой, Тоғай хуш кўрадиган девзира гуручдан ўчоқда тайёрланган фарғонача палов… Энг муҳими, тун ярмигача давом этган ҳам мароқли, ҳам дарду ҳасратларга тўла ҳазин суҳбат. Тоғай мени ўзига яқин олиб дилидаги жамики дарду дунёсини тўкиб солди. Ўша куни мен Тоғайни янгидан кашф этгандек бўлдим. У ҳақдаги аввалги тасаввурларим гўё ост-уст бўлиб кетди. «Домла, Маъсумага уйланганимдан хабарингиз бор, — дея, энг азиз, нозик дил розини оча бошлади. — У аломат аёл, яхши ёзувчи. Дунёда онамдан кейин мени тушунадиган, қадримга етадиган зот шу! Турмушимиз жойида. Фақат биргина армонимиз — тирноққа зормиз. Шифокорларга қаратдик. Иккимиз ҳам соппа-соғ. Оллоҳнинг ўзи бермаса иложи йўқ экан…»
Дарҳол «Ойдинда юрган одамлар» хаёлимдан ўтди. Қоплон тимсолида Тоғай ўз дарду дунёсини тасвирлаган экан-да, деган ўйга бордим. Шу ҳақда сўз очган эдим, Тоғай «Э, домла, «Ойдинда юрган одамлар»ни тўйимиздан беш йил бурун ёзганман. Олдиндан қилинган башоратми, интуиция кароматими ёки пешонага битилганими, қаранг, ўзим яратган Қоплоннинг куни ўзимнинг бошимга тушиб ўтирибди…»
Тоғай қайта қуриш, ошкоралик даври алғов-далғовлари, маънавий ҳаётдаги эврилишлар, ижодкорлар давраларидаги беҳуда даҳанаки жанглар хусусидаги ҳасратларидан чанг чиқарди. Икки-уч ёзувчи-шоирдан бошқаси — барча-барчаси унга бегона, у менга гўё ғанимлар қуршовида қолгандек туюлди ўша топда. «Қайси даврага кирсам, ижод ўрнига ғийбат, мен бунақа давралардан ўзимни четга олиб юрадиган бўлиб қолдим», дея ҳасратларига якун ясагандек бўлди.
Бироз сукутдан кейин, яна қизишиб сўзида давом этди: «Ғанимларимнинг даъвосича, гўё мен этнограф, шунчаки бахши қаламкаш эмишман. «Деновдан нарига чиқолмайсан, нарёқда нималар бўлаётганини кўрмайсан, жаҳон адабиётидан бехабарсан, модернизм нима, абсурд, онг оқими нима — билмайсан, Нитше, Фрейд, Кафка, Жойс, Камюга тишинг ўтмайди», дея ташлансалар бўладими менга, бу «билағон» нодонлар. Ишонинг, Умарали ака, мен Нитшени, Фрейдни, Кафка, Жойс, Камюларни, модернизм адабиётини улардан кам эмас, ортиқроқ биламан. Нитше «Зардушт»ини, Кафка «Жараён»ини, Камю «Бегона»си билан «Вабо»сини бир эмас, бир неча бор ўқиб чиққанман, Жойснинг «Улисс»ини ҳам «Иностранная литература»да русча таржимаси чиқмасдан бурун қўлёзмасини топиб ўқиганман, ҳатто уни ўзбекчага таржима қилишни кўнглимга тугиб қўйганман. Бу олифталарнинг модернча машқлари тақлиддан нарига ўтмайди, ёзганлари таржимага ўхшайди. Мен уларга ҳақиқий «ўзбекона модерн», «ўзбекона абсурд», «ўзбекона онг оқими» қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман…»
Сиртдан ўта босиқ, табиатан сокин кўринган бу йигитнинг қалбида шунчалар дард, изтироблар борлигидан огоҳ бўлиб ҳайратда қолдим.
Замонавий жаҳон фалсафаси, адабиёти, уларнинг улкан намояндалари, мен эшитган, эшитмаган, ўқиган, ўқимаган асарлар ҳақида шу қадар тўлиб-тошиб гапирдики, кўплар назарида «этнограф, бахши қаламкаш» бўлиб кўринган бу ўғлонни теран фикрлайдиган замонавий етук бир файласуф, забардаст замонавий мутафаккир адиб қиёфасида кўриб ич-ичимдан қувондим. Бу беором қалб соҳиби, мутафаккир ижодкор яқин келажакда миллий адабиётимизда албатта бадиий кашфиётлар яратажагига ишонч ҳосил қилдим. Адибнинг галдаги «Отамдан қолган далалар», «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» асарлари мендаги мана шу ишончни тўла оқлади, деб дадил айта оламан.
Ҳар икки асарда ёзувчининг ўз асри, замонаси, замондошлари ҳақидаги ўй-мушоҳадалари, қалб изтироблари тўла-тўкис ифодасини топган. Тоғай Мурод танқидчиликда кўпроқ анъанавий бахшиёна йўналишдаги ёзувчи сифатида талқин қилинади. Бунинг учун муайян асос бор, албатта. Тил, ифода, оҳанг тарзи қадим достонларни ёдга солади. У фолклор тажрибаларига таянган ҳолда миллий насримизда янгича бетакрор услуб ихтиро этди. Бироқ унинг адабиётимиздаги энг катта бадиий кашфиёти, менингча, Шахс талқинидаги янгиликдадир. Бу борада ўзи севиб ўқиган, ўрганган Кафка, Жойс, Камю бисотларидан ўтган нималардир бор. Шахс табиати, бахти, бахтсизлиги, қисмати талқинида Тоғай ХХ аср жаҳон модерн адабиётининг энг муҳим хусусиятларига ҳамоҳанг йўллардан борди. Шахсни ижтимоий мавжудот сифатида англашдан бутунлай чекинмаган ҳолда, унинг қисматидаги сирли-сеҳрли, илоҳий, тушуниш, тушунтириш мушкул бўлган сир-синоатлар, туғма табиий омилларнинг ўрнини фавқулодда бир маҳорат билан очиб берди, инсон руҳиятининг ғаройиб нағмаларини, қон-қонига сингиб кетган ақидалар уни не-не кўйларга солишини, мана шундай одамларнинг фикрлаш йўсинидаги — тафаккур оқимидаги жараёнларни синчковлик билан кузатди ва бадиий теран таҳлил этди.
Мен ушбу хотираларни қоғозга туширишга ҳозирлик кўраётган кезларим жаҳон адабий ҳаётида ғаройиб бир воқеа содир бўлди. Биз шу пайтга қадар улкан ёзувчи-адибларнинг туғилган, буюк асарларининг дунёга келган саналарини юбилей сифатида нишонлашга одатланганмиз. Бу галгиси ўзгача бўлди: ирландияликлар 2004 йил 16 июн куни «Улисс» романида тасвир этилган воқеларнинг 100 йиллигини улкан байрам сифатида нишонладилар. Телевидениенинг Би-Би-Си канали айни романда акс эттирилганидек, ўша куни эрталаб соат 8дан тунги 3га қадар Дублин кўчаларидан, асар воқеалари юз берган манзиллардан, қаҳрамонлари юрган сўқмоқлардан репортажлар бериб борди. Бу ноёб асар, унинг муаллифи қисматига оид маълумотлар билан таништирилди. Роман ўз ватанида ҳам ўтган асрнинг 60-йилларига қадар қадрланмагани, таҳдиду таъқибларга дучор бўлгани, романни англаш ниҳоятда қийин кечгани ва, ниҳоят, янги замон оқиллари «Улисс» кейинги юзйилликда инглиз тилида яратилган энг яхши асар деган хулосага келганлиги таъкидланди. Жойснинг жаҳон адабиёти тарихидаги энг муҳим кашфиёти шундан иборатки, у «Улисс»га қадар мавжуд бўлган адабий қолипларни бузиб, инсоннинг асл фикрлаш тарзи суратини чизиб берди. Академик Дмитрий Лихачев сўзлари билан айтганда, «Улисс» даҳо инсоннинг фикрлаш тарзи, тафаккур мевасидир. Инсон заковатини ўрганиш сари қўйилган катта қадам, инсон ва ҳаётнинг янгича мадҳиясидир.
Мен телеэкран қаршисида шу репортаж, мароқли суҳбатларни томоша қилар эканман, 80-йиллар шароитида, «Улисс» романи ҳатто рус тилида чоп этилмаган кезлари — Тоғай Москвада таълим олиб юрган чоғлари бу асарни қўлёзма ҳолида топиб ўқиб-ўргангани, уни ўзининг она тилига таржима этишга аҳд қилгани, матбуотдаги бир интервюсида китобхонларга бу ҳақда ваъда берганини эсладим. Билмадим, Тоғай Муродга қадар яна қайси ўзбек зиёлиси, адиби «Улисс»ни ўқиган, астойдил ўрганган экан… Ўша куни Тоғай хонадонига — унинг вафодор турмуш ўртоғи Маъсума Аҳмедовага телефон қилиб «Улисс» таржимаси тақдирини суриштирдим. Маъсуманинг айтишича, Тоғай ҳақиқатан ҳам «Улисс» романидан каттагина қисмини — юз саҳифасини таржима қилган экан. Афсус, қўлёзманинг тақдири номаълум: ё таржима таржимонга ёқмай йўқ қилинган, ёки қаергадир ташлаб қўйилган.
Жойс, Кафка, Камю сингари ХХ асрнинг буюк сиймолари ижоди, шоҳ асарларига астойдил қизиқиш адибнинг ижодий тақдирида чуқур из қолдиргани аён. Қаранг, «Жараён», «Улисс» воқеалари тор бир макон — Прага, Дублин шаҳарлари ҳудудида юз бергани сингари, «Отамдан қолган далалар»да асосан бир жамоа хўжалиги, «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романида эса кичик бир шаҳарча доирасидаги ҳодисалар қаламга олинади. Кафка, Жойсдаги каби Тоғай Мурод романларида ҳам асосан бош қаҳрамоннинг руҳий саргузаштлари, қалб изтироблари таҳлили асарлар асосини ташкил этади. «Жараён»даги каби тоталитар режимнинг бегуноҳ одамларни жиноятчига чиқариш механизми зўр маҳорат билан акс эттирилади. Боз устига Тоғай ўз асарларида Камю тасвирлаган Сизифнинг тош думалатишдан иборат азобли, беҳуда-бесамар фаолиятини эслатадиган қаҳрамоннинг маънисиз ўтган ҳаёт йўлини теран таҳлил этиш йўлидан боради. «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи эса бошдан-оёқ Жойс тажрибасини эсга соладиган, персонажнинг ички монологи — асов тафаккур оқими ифодасига қурилган. Бироқ бирор ўринда ҳам на «Жараён»га, на «Улисс»га ошкора тақлид йўқ. Муаллифнинг ўз сўзлари билан айтганда, соф «ўзбекона модерн», «ўзбекона абсурд», «ўзбекона онг оқими»…
Қисқаси, Тоғай Муроднинг кейинги йирик асарларида ХХ аср жаҳон адабиётининг нодир намуналари билан шу хил муштарак жиҳатлар бисёр. Дадил айтиш мумкин: Тоғай Мурод шунчаки «маҳаллий» қаламкаш эмас, янги жаҳон адабиёти мезонлари билан ёндашганда ҳам баркамол романлар яратган етук замонавий санъаткордир.
Тоғай Мурод ўз шаънини, қадрини, даражасини билган, ҳар қандай камситишларга муросасиз, аммо мақтовларга асло учмайдиган ғурури баланд сўз санъаткори эди. Ҳеч қачон унинг ўзгалардан ўзи ҳақида мақтов, ширин сўз кутиб ялтоқланганини кўрган эмасман. Аксинча, мақтовлардан қочиб юрарди. «Отамдан қолган далалар» романининг Ёзувчилар уюшмасидаги муҳокамасига мақтов сўзлар айтилишини билиб атай келмаган эди. Роман ҳақида «Халқ сўзи»да мақолам чиққанда, менинг қаламимга мансуб унинг ижодий портретига оид мўъжазгина ишим «ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи» дарслигига киритилганида, ниҳоят, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»даги «Энг муҳим муаммо» сарлавҳали суҳбатимда «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи хусусида кўпчиликка маъқул тушган янгича кузатишларимни айтганимда — бирор марта ҳам, ўзга адиблар сингари менга телефон қоқиб миннатдорлик билдиргани йўқ. Сўнгги китоби «Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романини ҳам автографсиз жияни орқали бериб юборган эди. Менинг у ҳақда ёзганларим унга маълуммикан, маълум бўлса, маъқул тушганмикан деган ўйда юрардим. Тоғай вафотидан кейин Маъсумахон менинг ҳар бир чиқишимдан у хабардор эканини, «Умарали ака мени олий ўқув юрти дарслигига раво кўрибди», дея бениҳоя миннатдор бўлганини, ҳатто «Отамдан қолган далалар» ҳақидаги мақолам чиққан «Халқ сўзи»нинг бир дўкондаги ҳамма сонларини сотиб олиб авайлаб сақлагани ҳақида гапириб берди. Биламанки, кўнглидаги миннатдорлик туйғуларини менга ошкор этишга ғурури йўл бермаган.
Шу кунларгача Тоғай Мурод тўғрисида ёзган нарсаларим савия-даражаси ўзимга аён, улар ҳар жиҳатдан Тоғай Мурод бадиий кашфиётлари даражасида эмаслигини сезиб тураман. Лекин Тоғай Муроддек ғаройиб сиймо, ноёб истеъдод эгаси ёзганларимдан мамнун бўлгани, бу дунёдан менинг камтарона ишларим учун миннатдор ҳолда кетганлигидан кечикиброқ бўлса-да, хабардор бўлиш мен учун катта бахт!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 30-сонидан олинди.