Бадиий таржима бугунги куннинг долзарб масаласига айланиб боряпти, десак муболаға бўлмас. Чунки таржима – мулоқотнинг энг таъсирчан ва узоқ яшовчан шаклларидан бири, у нафақат бир инсоннинг ўзга бир инсон билан, балки бутун бошли бир миллатнинг бошқа бир миллат билан маънавий мулоқотидир. Бугунги ахборот асрида, ҳар томонлама интеграциялашув тиғизлашган, тезлашган замонда маданиятлараро мулоқотсиз олдинга хотиржам бир одим ҳам қўйиб бўлмаслигини тобора чуқурроқ тушуниб бораётганимиз – ҳақиқат. Фақат бу ўринда биз назарда тутаётган таржима ҳар қандай таржима эмас, балки миллат кўнглининг, миллат ботиний қиёфасининг таржимасидир!
Хўш, аввало, нима дегани ўзи миллатнинг ботиний қиёфаси?
“Ҳар бир одамнинг юрагида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди”, деган экан А. Фрейтаг. Миллат гули ҳисобланмиш ижодкор зиёлилар фаолиятида эса (яъни ижодларида) бу қиёфа ўзининг бутун қирралари билан, айниқса, тўлиқроқ намоён бўлади. Бу қиёфа, авваламбор, миллатнинг ўзгармас, барқарор табиатини, ҳар бир халқнинг ўзигагина хос ўзак хусусиятларини ўзида мужассам этади. Шу ўринда яна бир савол туғилади. Хўш, нима учун керак ўзи бу қиёфани ўзгаларга танитиш?
“Шундай ҳикоя айтиб беришганди: Бир одам “Мен фалончини яхши биламан, унинг бутун сифатларини сизга айтиб бераман”, – деди. Унга “Эшитайлик-чи!” дедилар. Шунда ул киши: “У менинг чўпоним эди, иккита қора ҳўкизи ҳам бўларди” – деб жавоб берди. Худди шундай, халқ ҳам “Фалон дўстни кўрдик, уни таниймиз” – дейди. Дарҳақиқат, уларнинг одамлар тўғрисида берган таърифлари ҳалиги зотнинг биров ҳақида: “Уни танийман, икки қора ҳўкизи бор” – дейишига ўхшайди. Ҳолбуки, бу тавсиф кишининг аломати бўлолмайди ва бу аломат ҳеч бир ишга ярамайди. Одамнинг яхши ва ёмонлигини бир четга қўйиб, унинг шахсиятининг аслига эътибор бермоқ керакки, кўрамиз ул зотнинг қандай ўзлиги ва жавҳари бордир. Кўрмоқ ва билмоқ мана шунақа бўлади”[1], деб айтади Румий ҳазратлари. Худди шундай, миллатнинг ўзгармас асос-жавҳари ҳам унинг кўнглида, кўнглидаги бебаҳо бойлиги – ўзлигидадир. Оламга ана шу ўзгармас моҳият билан, ўзимизгагина хос бўлган жавҳар билан пешвоз чиқмоғимиз лозимки, “бу ким?” деганда ҳамма бир овоздан “Ўзбек, ўзбекистонлик!” десин. Бундай танишув эса ўзга тилларга таржимасиз, хорижий тилларни мукаммал билишсиз мумкин эмас. Зеро, “Тил робитаи воситаи оламиёндир” (Аваз Ўтар). Мана, нима учун таржима бугунги кунимизнинг долзарб масаласига айланиб боряпти экан. Акси тақдирда, ўз жавҳаридан, турланмайдиган асос-моҳиятидан маҳрум бўлган миллат қиёфасиз бир ҳолга тушиб, глобализмнинг аёвсиз гирдобига тортилади ва ўз илдизидан, бора-бора эса ўзлигидан ҳам айрилиб ўзи бор-у, номи ва шони йўқ одамлар тўдасига айланади. Биз эса бундай қисматни асло ва асло ўзимизга муносиб ҳам, раво ҳам кўролмаймиз! Бас, жаҳонга ўз сўзимиз билан ўзлигимизни намоён қилишнинг бирдан-бир йўли – бадиий баркамол, аслиятга муқобил бадиий таржима йўлидир!
Бироқ таржимада ҳам таржима бор. Таржима бор – аслиятнинг “панжасига панжа уради”, таржима бор – боридан йўғи яхши! Дунёда ҳар бир катта ижодкорнинг ўз таржимони бўлади. Ана ўша таржимон ҳаёт йўлида пайдо бўлмагунча у ўзга миллат учун номаълумлигича қолаверади. Ҳатто унинг юзлаб таржимонлари бўлиб, ҳар йили биттадан китоби ўнлаб тилларга таржима қилинса ҳам, бари бекор ва беҳуда деяверинг. Аксинча, номарғуб таржима ижодкор ҳақидаги тасаввурни бузиб, ўқувчининг назаридан туширади. Ана ўша ягона, ўзигагина муносиб таржимон пайдо бўлмагунча у – “Ҳеч ким!”. Унинг фақат номигина давралардаю китоблардаги саноқларда айланиши мумкин. Лекин ҳеч қачон таржима қилинган миллат вакилларининг юракларига кириб, онгларида эъзоз топмайди. Шу маънода мен рассом ёки бастакорга ҳавас қиламан. Чунки уларнинг бири ранг, бошқаси эса оҳанг тилида ижод қилишади. Ранг ва оҳанг тили эса универсал тиллар ҳисобланиб, ҳамма даврларда ва барча эллар учун тушунарли бўлиб қолаверади. Яъни бу тиллар таржимага эҳтиёж сезмайди. Бу тиллар таржима ҳодисасидан устун ҳодисалардир. (Ҳаракат санъати – айрим драматик асарлар ҳам шундай. Яъни, масалан, сўзсиз, мимика асосига қурилган спектаклларни олинг). Сўз санъати эса айни шу ерда юқоридаги санъатлар билан беллаша олмай қолади. Айни шу ерда адабиётнинг ҳудудига чегара қурилади. У таржима бўлгандан сўнггина “божхона”дан чет мамлакат ҳудудига ўтиши мумкин. Бироқ у яна бир, энди каттароқ довонга дуч келадики, унинг исми ўзга тилли, бошқа тафаккурли ўқувчидир! Сўз санъати намунаси муваффақият билан таржима этилган бўлсагина ўзга мамлакат ватандошининг юракларига кириши мумкин, йўқса, йўқ! Шу маънода, аслиятда ҳатто ҳар томонлама дурдона ҳисобланган асар ҳам таржимадаги ўз муваффақиятини юзлаб йиллар кутиши мумкин. Унгача эса у “ёпиқлиқ қозон”дек сирини ичида яшириб тураверади.
Биз, ўзбеклар, Навоийнинг бадиий даҳоси билан ҳақли равишда ғурур туямиз. Аммо уни ўзимиздан ўзга миллатларнинг (турк, озарбайжон каби саноқли қардош миллатларни ва Навоийнинг “Фоний” тахаллуси билан ёзилган ғазалларини ўз она тилида ўқишга муяссар бўлган форсигўйларни истисно қилганда) яхши билмасликлари, ҳатто уни форс мумтоз адабиёти йирик намояндаларининг туркий таржимони сифатида таърифу тавсиф қилишларига дуч келганимизда оғринамиз. Лекин бунинг асл сабаби – таржима, бўлгандаям Навоий даҳосига яқин ҳам келолмайдиган таржима эканлиги устида эса жиддий бош қотирмаймиз. Қотирганимизда эди, ҳеч қурса, Навоий шоҳ асарларини дунёнинг лоақал инглиз, хитой, рус, араб ва испан каби йирик тилларига қойилмақом тарзда ўгириб қўйган бўлардик. Натижада Навоий даҳоси билан бирга дунёнинг илғор миллатлари қалбига ўзбек миллатининг доимий кучли қиёфаси кириб борган бўларди. Миллатни таниш ва билиш йўли унинг адабиёту санъат даҳолари, дарғалари қалбидан ўтишига асло шубҳа йўқ.
Маълумки, “Звезда Востока” журнали теграсида ҳар доим муайян бир таржимонлар гуруҳи шаклланиб келган. Таҳририятдаги фаолият давомида рус таржимонларидан Навоий асарларининг рус тилига қилинган таржималари ва шу таржималар асосида Навоий шеърлари ҳақида сўраб юраман. Лекин тўғрисўз кишиларнинг айрим жавоблари юрагимга ханжардек киради, десам, мен бор-йўғи кўнглимдаги оғриқларга ишора қилган бўламан, холос. Чунки уларнинг қисқача мазмуни қуйидагича бўлади-да: “Навоийга бўлган катта меҳру муҳаббатимиз борлигини таъкидлаган ҳолда, унинг русчага қилинган таржима асарлари борасида илиқ гап айтолмаймиз…”
Азиз миллатдошим, бу аччиқ гапларга сиз нима дейсиз? Ахир, кечагина биз Навоий асарларининг асосий қисми рус тилига ўгирилган, дея мамнуният ила кўксимизга уриб юрган халқ эдик-ку! Бутун бошли миллатнинг бадиият бобидаги энг катта даҳоси Навоий эса-ю, унинг шу миллат ўз она тилидан кейин энг кўп биладиган, қарийб бир ярим асрдан бери гаплашиб келадиган иккинчи тил – рус тилига қилинган таржималарининг савияси ҳамин қадар бўлса, дардимизни кимга айтамиз?! Шундай кейин ҳам Навоийни “таржимон” дея дунёга эълон қилган, қилаётган ўзга миллатлар олимларига эътироз билдиришга маънавий ҳаққимиз борми? Ахир, ушбу ҳолида Навоий (яъни шоҳ асарларининг муқобил таржималарисиз) ташқаридан чиндан ҳам таржимонга ўхшаб қолмаяптими?! Ичкаридан эса тенги нафақат туркий адабиётда, балки жаҳон адабиётида кам топиладиган бадиият даҳоси! Бироқ қани ўша ичкарига кирадиган, ўзгаларнинг ҳам киришига имкон ярата биладиган азаматлар, таржимонлар қани?!..
Ўйлашимча, Навоий асарларини шунчаки, сўзма сўз (таглама) таржима қилишга уриниш ҳеч қандай фойдали натижага олиб бормайди. Унинг, масалан, битта ғазали таржимасини, керак бўлса, 2-3 бетли эмас, камида 15-20 бетли шарҳу изоҳлар билан амалга ошириш зарур. Навоий даҳоси билан яратилган асар таржимада ҳам ўз тароватини йўқотмасин! Ўйлаб кўринг, Навоийнинг маънавий издошлари бўлмиш сизу биз бугунга келиб бетакрор санъаткор асарларини изоҳлар билан ўқиб-уқишга чоғланиб юрибмиз-у, ўзга миллат ўқувчисидан нетиб мўъжиза кутайлик! Хусусан, проф. Н. Комиловнинг яқиндагина нашрдан чиққан “Маънолар оламига сафар” тадқиқотини олинг. Худди шундай, хорижий тилга амалга оширилган таржималар билан бирга, Шарқ мумтоз адабиётининг фалсафий-диний сарчашмаларидан тортиб, бу адабиётга хос бўлган образлар тизимию бадиий санъатлари хусусида ҳам батафсил маълумотлар бериб борилиши жоиз.
Бир вақтларда ҳукмрон мафкурага хизмат қилган ижодкорларнинг асарлари кўпроқ таржима қилинган бўлса, ҳозирда кимнинг бу ишга имкони бўлса, шу ижодкор асарлари тез-тез ўгирилаётир. Ҳатто ўзимизда ҳеч ким уни наинки юксак санъаткорлар, балки оддий ижодкорлар саноғига ҳам қўшмайдиган қаламкашлар ўзларини Америка ё Шарқ мамлакатларининг бирида ўзбек ёзувчиси ёки шоири номи остида танитишга уринишяпти. Аянчли манзарани ёрқинроқ тасаввур қилишингиз учун қуйидагича бир рўйхатни ҳавола этсам. Эътибор беринг, рўйхат – тўқима, лекин худди шу схема тариқасида дунё бўйлаб ўнлаб рўйхатлар тузилаётгани – ҳақиқат. “Қўлингиздаги ушбу тўпламдан узоқ Ўзбекистоннинг Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Ҳалима Аҳмедова, Абдували Қутбиддин ва Кимсанбой Кимсанов каби забардаст шоирлари ижодидан намуналар ўқийсиз” деган ёзувни ўқиб қолсангиз, ҳушёр тортасизми? Агар сиз ўзбек шеъриятидан бохабар киши бўлсангиз, бегона номни дарҳол кўрасиз ва айни дамда худди шундай тезлик билан ажабланасиз: ким бўлди экан бу Кимсанбой Кимсанов дегани? Нега у ХХ аср ўзбек шеърияти дарғалари қаторида турибди?!.. Ҳамма гап шундаки, унинг қўли “узун”, гўёки дунёнинг тўртта томонига етади…
Яна бошқа бир ҳолат: ёш таржимон нимадир таржима қилиш учун адабий нашрларга эътибор берса, албаттаки, унинг назари дастлаб таниқлироқ ижодкорнинг асарларига тушади. Лекин машҳурлик ва таниқлилик баҳолашнинг бирдан- бир, устига устак, юқори мезони эмас. Машҳурлик ва ададнинг ҳар доим ҳам юқори савияга алоқаси бўлмаслигини теран англамоғимиз керак, ниҳоят. “Қандай даврада, кимлар учун машҳур?” деган саволнинг жавобиёқ аслида кўпгина аччиқ ҳақиқатларни ошкор қилади-ю, аммо жўяли савол берувчининг ўзи тобора анқонинг уруғига айланиб бораётганлиги ҳам бор гап-да. Айни дамда шоир ё ёзувчи деганда халқнинг муайян қисми юқоридаги назмбоз ва насрбозларни тасаввур қилиши, уларни эл ижодкори сифатида таниши, ўрнак олиши жудаям оғриқли ҳол…
Яна бутунлай бошқа бир жиҳат ҳам борки, унда ёзувчи ё шоир чиндан-да зўр, миллат адабиётига қўшган ҳиссаси ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ бўлади. Номи ҳам, шони ҳам таржимонда (худди миллатнинг ҳар бир уйғоқ виждонли вакилида бўлгани каби) ҳурмат уйғотади. Фақат уларнинг ҳам битта “айбғина”лари бор – 50 ё 100 йил олдин яшаб ўтишган. Асарлари ҳам ўша вақтдаги ёки ундан ҳам олдинроқдаги воқелик билан боғлиқ. Масалан, Қодирийнинг “Меҳробдан чаён”и, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”и. Шундай асарларни таржима қилиш керакми? Бу саволга кўпчилик зиёлилар бирданига “керак, ҳа, керак!” дейишади. Чунки менинг ҳам виждоним: “Магар Қодирийу Чўлпонни таржима қилмасак, кимни ўгирамиз ўзи?!” – дея сасланмоқда. Бироқ мени таржиманинг яна бошқа бир томони ўйлатади: ўқувчи масаласи, унинг ўзгариб, турланиб кетган кайфияти. Биз учун азиз бўлган юқоридаги романларда акс этган воқелик қандай эдию, бугунги замондош инсон нафас олаётган ҳавонинг “таркиби” қандай? Албатта, орада таққослаб бўлмайдиган даражада катта фарқ бор. Кўпинча таржима қилинган асарлар тақдирини (яъни ўқилиш ё ўқилмаслигини) ана шу фарқ ҳал қилиб юбораяпти. Ушбу масалага диққат билан эътибор беришингизни сўрайман. Мисол учун Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романининг Туркия туркчасига қилинган таржимаси қисматига бир қур нигоҳ ташласак, юқоридаги фикр аҳамиятини теранроқ тушунамиз. Бу ҳақда мен илк бор Шарқшунослик институтида ишлайдиган ўқитувчилар оғзидан эшитдим ва масала моҳияти билан қизиқиб кўрдим. Аён бўлган ҳол қуйидагича: айрим олимлар “Кўҳна дунё” романининг Туркияда яхши кутиб олинмаганини таржима нуқсонлари билан тушунтиришади. Бу – ўринли, албатта. Хусусан, ўзбекчадаги “тўн” сўзи туркчага чопон маъносидаги сўзга эмас, “don”, яъни калта иштон маъносида қўпол маънода таржима қилинган “Одатдаги кимхоб тўн ўрнига одмигина қора чакмон кийиб…” (“Кўҳна дунё”, 7-бет) деган гап бўлагининг туркчадаги таржимаси қуйидагича: “Her zaman giydigi cuha don yerine adi bir siyah cakman giymis…” (“Kohne dunya”. Istanbul. 1993. 13-14 sayfalar. Tercuman: Ahsen Batur.) Яъни “Одатдаги кимхоб калта иштон ўрнига одмигина қора чакмон кийиб…” деган маъно чиқади бу ердан. Ҳам кулгили, ҳам ачинарли ўгирма. Аммо бу ўринда гап фақат таржимадаги ана шундай жузъий нуқсонларда эмас. Таржима савияси билан бир қаторда турадиган бошқа гап шундан иборатки, “Кўҳна дунё” романида акс этган воқелик билан бугунги, замонавий Туркия воқелиги ўртасидаги еру осмонча тафовут бор. Гапни ҳар қанча тортқилаб кўрмайлик, ўқувчи ҳамма даврларда ҳам асосан ўзига қайси бир жиҳати билан яқин кайфият, ўз дардига ҳамоҳанг дард, ўз муаммоларига эш муаммо акс этган асарларни ўқиган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Тўғри, ҳамма замонларда ҳам ҳар қандай асарнинг озми-кўпми ўз ўқувчиси топилади. Лекин биз “Кўҳна дунё”дек жиддий романлар ҳақида сўз юритяпмиз. Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и таржимаси ҳам кутилган натижани бермаганини Туркиядаги акс садолардан яхши биламиз. Ахир, “Ўткан кунлар” бутун ўзбек халқи берилиб, бош кўтармай, қайта-қайта ўқиган, айримлар ҳатто бошдан-охир шеър янглиғ ёд олган, ўғил-қизларига қаҳрамонлари исмини қўйган шоҳ асарлардан-ку! Бас, шундай экан, хўш, нега унинг яна бир тил – русчага қилинган таржимасию бу асарнинг рус ва рус тилли ўқувчиларга таъсири ҳақида ҳам деярли лом-мим дейилмаяпти?.. Назаримда, муайян миллатнинг бундай залворли романлари таржимасига қўл урилар экан, етти ўлчаб сўнг кесмоқ жоиз. Аввало, таржима олий мақом даражасида амалга оширилмоғи шарт. Қолаверса, роман билан бирга, катта кириш мақоласи ҳам тақдим этилмоғи лозим. Яъни мақола ўзга миллат ўқувчисини роман воқелигига тайёрлаши зарур. Йўқса, кутилган натижа чекилган заҳмат муқобилида бўлмайди.
Бу ўринда нафақат ўзбек тилидан чет тилларга амалга оширилган таржималарни қайтадан жиддий кўриб чиқмоқ керак, айни дамда, бошқа тиллардан ўзбек тилига қилинган чевирмаларнинг сифати ҳақида ҳам қайғурмоғимиз керак. Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол кейинги қатор ўн йилликлар мобайнида жуда катта таржима ишларига қўл урди. Унинг бу йўлда чеккан заҳматларини ҳис қилиш, забардаст таржимон меҳнатларини қадрига етиш бизнинг вазифамиз. Ж. Камол қилган таржималарнинг айримлари қуйма мисралар каби хотира ва қалбларимиздан жой олган. Чунончи,
Аё, сиз, жон чекиб ҳар лаҳза изларсиз илоҳийни,
Ани излашга ҳожат йўқ, илоҳий – сиз, илоҳий – сиз,
Ёки
Учмоққа қанот йўқ, вале учгаймен,
каби муваффақиятли чиққан таржималар нафақат моҳир таржимоннинг, балки, умуман, ўзбек таржимачилигининг улкан ютуғидир. Лекин минг афсуски, ҳатто шундай катта таржимоннинг қаламидан чиққан ҳамма ўгирмаларни ҳам бекаму кўст дея олмаймиз. Айниқса, Румий Ҳазратларининг “Маснавийи маънавий”си таржимасини ўқиганимда, мен, рости, кўп ҳолларда луғатга эҳтиёж сездим. Тан олиш жоиз, таржиманинг силлиқ ўқиладиган ўринлари талай, аммо бирдан шундай форсча ва арабча сўзлар, сўз бирикмаларию тасаввуфий истилоҳларга дуч келасизки, маъно калаваси учини йўқотасиз – китоб титасиз, сўзлик варақлайсиз ва ҳоказо. Тил ва адабиёт мутахассиси, филология фанлари номзодики шундай аҳволга тушдими, аҳолининг қолган қатламининг ҳоли ҳақида гапирмаса-да бўлади. “Бу асар – хослар учун” дея виқор билан эътироз билдириш мумкиндир, балки. Гап шундаки, бу борада мен бадиий тафаккур бобида бугуннинг энг илғор, энг билимдон олимларию ижодкорлари билан кўп бор фикрлашдим. Демак, маълум маънода ана ўша хос ўқувчиларнинг муносабати ҳақида гапираётган эканмиз. Лекин тан олиш керак, ҳамма хос ўқувчи ҳам мен томонда эмас. Профессор Д. Қуронов “Маснавий таржимасидаги форсчаю арабча сўзлар Навоий асарларидагидан кўпми?” деб қолди. Мен “йўқ” деб жавоб бердим. “Демак, нормал таржима” деди у. Мен олимнинг бу фикрига қўшилмадим. “Таржима дейилдими, демак, у таржима бўлмоғи шарт, таржимадан кейин яна луғат титиб ўтирсанг, унинг нимаси таржима? Бундай таржимани яна таржима қилмоқ керак. Навоий асарлари тили – бутунлай бошқа мавзу. Бу ерда улуғ шоир яшаган давр кайфиятини ҳамда шоир ўз олдига қўйган азим мақсад-муддаони ҳисобга олмоқ зарур…” дедим. Кейин асар руҳи ҳақида гаплашдик. Усмон Носирнинг Лермонтовдан қилган таржимаси хусусида тўхталиб, асар таржимасида ўзини анча эркин тутганига қарамай, достонда акс этган руҳни асосан тўғри илғай олгани, таржимон руҳи билан шоир руҳи уйғун тушгани хусусида бир фикрда эканмиз. Демак, таржимада гап нафақат чет сўзларнинг кўплигида, балки таржима руҳида ҳам бўлиб чиқяпти.
Таржима тарихига назар ташласак, асосан, икки хили кўзга яққол ташланиб туради. Бири – тагламали (подстрочный) таржима, иккинчиси – мазмун таржимаси. Назаримда бадиий таржиманинг неча хили бўлишига қарамай, энг муҳими, асар руҳи тўғри таржима этилмоғи шарт! Шу руҳ берилдими, қолгани катта-кичик таҳрирлар билан тузатилиши мумкин. Руҳ берилмаса, барчаси бекор: чиройли сўзлар, силлиқ гап конструкциялари, ҳикматли сўзларнинг ўринли эквивалентлари, қўйингки, бутун “тоат-ибодат” сувга оқади-кетади.
Таржима ҳақида сўз борганда, “хўш, қандай асарларни танлаб олиш керак?” деган савол туғилади. Ва ўзингча жавоб излай бошлайсан: “Дунёнинг барча ирқ, миллат ва дин вакиллари учун умумийлик касб этувчи, айни дамда, миллат ботиний қиёфаси, характери, ўзига хосликлари бўртиб турган, универсал рамзлар ёрдамида катта ва муштарак ҳақиқатларга ишора қилувчи, образли қилиб айтганда, асар қаҳрамонларининг танаси балчиққа ботиб қолган бўлса-да, нигоҳлари юксакликларга қадалган, миллатлар тарихи ёрқин қаҳрамонлар қисмати мисолида, энг муҳими, умуминсоний ва умумзамоний муаммолар жўрлигида ҳамда буларнинг ҳаммаси юксак санъат билан акс эттирилган бадиий асарларни биринчи навбатда таржима қилиш керак”. Бироқ, айни замонда, кўнглингнинг қайси бир бурчида юқоридаги тавсия ва мезонларнинг биронтасига ҳам мувофиқ тушмайдиган, тамомила ўзга руҳдаги асарлар борлигинию уларни ҳам зудлик билан чевириш зарурлигини фаҳмлаб турасан. Демак, бир қарасанг, қандай асарни таржима қилиш кераклигини биласан, бир қарасанг эса, кутилмаган “таклифлар”лар пайдо бўлиб, билганларингни чиппакка чиқаради.
“Хўш, муносиб асар топилди ҳам дейлик, кимлар уни таржима қилишга ҳақлироқ?” деган яна бошқа бир савол туғилади.
Бирон йирик асар таржимасига қўл урилар экан, бир томондан, асар ёзилган, иккинчи томондан, асар таржима этилаётган тилни бутун бадиий товланишлари билан мукаммал биладиган таржимонлар гуруҳи бўлиши мақсадга мувофиқдир (Шеърлар, кичик асарларни якка таржимон ҳам уддалаши мумкин). Яъни мутаржимдан бирининг она тили асар ёзилган тил бўлиши, бошқасининг тили эса таржима этилаётган тил бўлиши ҳамда ҳамкорлар шу тилда гаплашадиган эл ичида ҳар куни ўз тилларида гаплашишлари жудаям муҳим. Чунки шундай таржимонларгина тилнинг “юрак ритми”ни доимо ўз томирларида нозик ҳис қилиб турадилар. Айни дамда, улар бадиий адабиётнинг хос кишилари бўлиши, яъни адабиёт билан танглайлари кўтарилган бўлиши шарт. Демак, бир томондан, тил, иккинчи ёқдан эса, адабиёт кесишган, уларнинг кучлари бир ерда тўпланган чорраҳаларда (бу фанда лингвопоэтика дейилади) амалга оширилган таржималаргина худди оригинал тилда яратилган бадиий пухта асарлар каби жуда узоқ умр кўради. Қолаверса, асар руҳи ҳар икки таржимон руҳиятига яқин, керак бўлса, уйқаш бўлиши кўп фойда беради. Яъни таржимон дунёқараш бобида, қисмат бобида ўзига яқин муаллиф асарларини ўгиришга бел боғламоғи керакки, “ўртада бегона қолмасин”. Албатта, ҳамма шартлар бажо келтирилган тақдирда ҳам таржимонларнинг имконларидан ташқарида қолиб кетадиган бошқа бир нарса борким, исми омаддир. “Омад деган нарса дунёда бор гап” дейди шоир (А. Орипов). Шу маънода Умар Хайём, Данте, Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Экзюпьери каби шоиру ёзувчиларнинг омадлари бор. Чунки улар Чўлпон, Усмон Носир, Шоислом Шомуҳамедов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Хайриддин Султонов каби таржимонларга рўбарў келишган. Албатта, таржима савияси ҳақида гапирганда олимнинг ҳар икки тилни яхши билиши мақсадга мувофиқдир. Масалан, мен форс тилини билмаганим учун Умар Хайёмдан амалга оширилган ўгирмалар хусусида батафсил илмий фикр айтолмайман. Шунга қарамай, бу нарса менинг Хайём ўзбекча рубоийларини ёд олиб ва айтиб завқланишимга халақит қилмайди. Бинобарин, ички бир савқитабиийга кўра таржимон шоир рубоиёти руҳиятига туша олганини ҳис қилиб юраман. Аммо Чўлпоннинг Пушкиндан қилган қуйидаги эркин таржимаси хусусида бемалол фикр айтишим мумкин ва керак:
Баҳор чоғида холи боғда бир зулматли тун эрди,
Ғариб булбул фиғон айлаб, “Гулим, раҳм айлагил”, дерди.
Бироқ ул гул қулоқ солмас эди фарёду афғона,
Фақат ором оларди ноладин тўлғона-тўлғона.
Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам,
Ёнарсан, ўртанарсан, дод этарсан тинмайин бир дам.
Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди,
Қарайсан, яшнаган бир гул, фақат додингга етмайди.
Ушбу шеър майдонида Пушкин ва Чўлпон каби икки улуғ шоир учрашган, Чўлпон Пушкиннинг шоирлик “панжасига панжа ура” олган, натижада уларнинг даҳолари бирлашган кўйи ана шундай юксак шеър ва таржима намунаси дунёга келгандир. Шеър – эркин таржима қилинган. Шунчалар эркинки, шеърнинг маъноси ёдлаб олингану қобиғи “унутилган”. Яъни Чўлпон Пушкин шеърининг руҳини аруз вазнига солиб таржима қилган. Шунинг учун ҳам тилдаги бир-икки “нуқсон”лар “кўзга ботмайди”. Чунончи, “Сени ҳеч севмаган бир гул учун, эй шоирим, сен ҳам” мисрасида “сен”, “Қўй энди, беҳуда дод этма, оҳинг унга етмайди, Қарайсан, яшнаган бир гул, фақат додингга етмайди” байтида “дод” сўзи икки карра қайтарилган. Яна “оҳинг унга етмайди” рукни учун танланган “фақат додингга етмайди” рукнидаги қофия тўлиқ эмас. Лекин шеър руҳи оригиналдагига мос, жуда баланд пафосда таржима қилингани учун юқоридагилар камчилик бўлиб кўринмайди, махсус текширмасангиз, билинмайди ҳам. Қолаверса, шеър арузга солингани учун сўз такрори, яъни такрир ва мутлақ қофия нуқсон саналмайди ҳам. Улар мумтоз шеър санъатлари доирасида тушунилади. Натижада икки буюк шоир тандемида ўзбек ўқувчиси учун ҳам улуғ бир шеър дунёга келган.
Э. Воҳидов, А. Орипов, Х. Султонов каби таржимонлар “Фауст”, “Илоҳий комедия”, “Кичкина Шаҳзода” сингари асарларни аслиятдан эмас, балки иккинчи – воситачи тил бўлмиш русчадан амалга оширганлар. Шунга қарамасдан, улар ўз ўқувчисини топган, топмоқда. Хўш, нега? Чунки бу ерда ҳам таржимонлар асар руҳига кира олишган ва уни юксак санъат билан, айни дамда, ўзбекона тушунчаю ифода билан ўгиришга мушарраф бўлишган.
Ой ўртанар, кўзларида ёш,
Кўкси доғу юраги қийма.
Эй фалак, мен эдим-ку қуёш,
Нега мени қилдинг таржима?
деб ёзади шоир Эркин Воҳидов. Дарҳақиқат, таржима қилинган асарлар моҳиятини жуда теран бир тарзда очиб берадиган тўртлик. Чунки ой бир пайтлар қуёш эди, таржима қилингандан сўнг ой даражасига тушиб қолди, яъни кичрайиб, нури озайди. Демак, юқоридаги тўрт қатор шеърда ҳар қандай асар таржимадан сўнг бир даража қуйига қараб кетади, деган хулоса яширинган. Чиндан ҳам шундаймикан? Албатта, йўқ, дегимиз келади. Чунки ҳар қандай вазиятда ҳам асарнинг “камбағаллашиб” қолишини истамаймиз. Айниқса, у дурдона асар бўлса! Истамаймиз, аммо тўртликни ёзган шоир шунчаки, “навбатчи” қаламкашлардан бири эмаслигини, у мазкур тўртликни осмондан олиб ёзмаганини, ўзининг салмоқли таржима тажрибаларидан келиб чиқиб аччиқ ҳақиқатни битганини ёдга оламизу тилни тишлаймиз. Тилни тишлаймиз, аммо кўз ўнгимизда юз бераётган таржимага алоқадор турфа хил воқеалар шоир-мутаржим билан ҳар доим ҳам бир сафда туришимизга имкон бермайди. Чунки юқоридаги мисоллар бежиз келтирилмади. Эркин Воҳидовнинг ўзи ҳам, масалан, Есениннинг “руҳига кира олган” шоир-таржимондир. Энди бу гапга қулоқ тутинг сиз: бир неча йил бурун шоир Турсун Алининг қатор шеърларини рус шоири ва адабиётшуноси Николай Ильин таржима қилиб, “Звезда Востока” журнали таҳририятига олиб келди. Мен диққат билан ўқиб чиқдим ва русчага таржима этилган шеърлар ниҳоятда пухта-пишиқ эканлиги эътиборимни тортди. Кейин оригинал вариантини сўраб олдим-да, қиёслаб, икки ҳисса қунт билан ўқидим. Биласизми, мен ҳайратда эдим. Чунки таржима шеърлар оригинал вариантдан бир мунча устун жарангларди. Албатта, рус тили менинг она тилим эмас. Шу боис Николай Ильиннинг ўзи билан Турсун Али шеърлари борасида гаплашсам, “Ҳа, – деди у, – рус ўқувчиси учун Турсун Алининг шеърлари айни муддао. Бошқалар хафа бўлмасин-у, Турсун Али рус ўқувчилари учун биринчи рақамли ўзбек шоиридир!” деб қолса бўладими!.. Менинг ҳайратимга ҳайрат қўшилган эди. Чунки Т.Али шеърларининг таржимаси билан боғлиқ бу ҳол умуман таржима тўғрисидаги шакллланган қарашларимни чил-парчин қилиб юборган эди! Ахир, мен Эркин Воҳидовнинг таржима борасидаги тўртлигида акс этган мазмунни йигирма йиллар мобайнида мутлақ ҳақиқат дея бағримда авайлаб кўтариб юрган эдим-да!.. Таржима, нари борса, Чўлпону Усмон Носир, Эркин Воҳидову Абдулла Ориповлар амалга оширган чевирмалар даражасида, яъни асл матнга яқинлашадиган даражада бўлади, деб билар, шу билимимга суяниб яшар эдим. Энди, мана, кўрмайсизми, Турсун Али деган бир шоир пайдо бўлиб, неча ўн йиллар мобайнида қўлга киритган билим – хазинамни ўзининг тўртта уч қаторлик шеъри билан йўққа чиқариб ўтирибди.
Проф. Д. Қуронов “таржима қилинган асарнинг таржима эканлиги билиниб туриши керак” дейди. Жуда оригинал бир кузатиш. Яъни бир асар ўзбекчадан инглизчага ўгирилган бўлса, таржимадан кейин шу асарни инглиз адиби эмас, балки ўзбек ёзувчиси ёзганлиги билиниб турмоғи лозим экан. Чунки муайян миллатга мансуб ёзувчи қиёфасининг сақланиб қолмоғини исташ туйғуси бор бу ерда. Бу эса мушоҳада қилиб кўришга чорлайдиган фикрдир.
Ўзбек адабиёти ҳар томонлама бой, сермазмун, сершакл адабиётдир. Навоий, Бобур ва Машраб каби даҳо санъаткорларимизни дунёнинг кўпчилик гаплашадиган барча тилларига юқори сифатда таржима қилиб, хорижликларнинг мутолаа қилишларини таъминлай олсак, шунинг ўзида юртимиз, халқимиз ва кўнглимиз тўғрисида энг катта бадиий информацияни дунёга етгазган бўлардик. Бу ёқда эса замонавий ўзбек адабиётининг сара намуналари навбат кутиб турибди. Демак, таржима билан боғлиқ асосий ишлар ҳали олдинда. Бу соҳада катта-кичик тажрибалар қилиб улгурган жамики таржимонларимизнинг хизматлари эса ана шу азим фаолиятга пойдевор бўлади, деб ишонамиз. Тўғри-да, юртимиз спортчилари билаклари кучини оламга намойиш этиб, Ўзбекистон байроғини дунё бўйлаб ҳилпиратиб юришибди, омадларини берсин! Энди навбат ақл ва юракларга етди! Энди юртимиз вакиллари бадиий тафаккур ва ҳис маҳсули бўлмиш адабиёту санъат намуналарини жаҳонга намойиш этишади ва сира шубҳам йўқки, бу йўлда ҳам оламшумул натижалар қўлга киритилади! Ва, биз, ўзбеклар, юртимиз байроғини бадиий салоҳиятимизнинг рамзи сифатида курраи заминнинг ҳамма мамлакатлари пештоқига тикмоғимиз керак бўлади! Бунинг учун эса биз ўзбек адабиётини энг баланд савияда таржима, таржима ва яна таржима қилмоғимиз шарт!
Улуғбек Ҳамдам, филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон
_____________________
[1] Ж.Румий. Ичиндаги ичиндадур. Тошкент. Янги аср авлоди. 2003.42-б.