Ғулом Карим. Жеймс Жойс ўзбек тилида

Бирон-бир халқнинг муайян даврдаги маънавий даражаси шу халқнинг ўз миллий маданияти ва аждодлари мероси билангина ўлчанмасдан, унинг умумбашарий маънавий обидалардан қанчалик баҳраманд бўлаётганига ҳам боғлиқдир. Шу жиҳатдан “Жаҳон адабиёти” журналида (2007 йил март, апрел сонлари) буюк ирланд ёзувчиси Жеймс Жойснинг “Навқирон санъаткорнинг сийрати” романи нашр қилингани ўзбек китобхонлари учун яхши туҳфа бўлди.
Асар таржимони Аҳмад Отабой олдин ҳам Жойснинг бир неча ҳикоя ва бир қиссасини ўзбекчалаштириб, вақтли матбуотда эълон қилган.
“Навқирон санъаткорнинг сийрати” — Жойснинг тўнғич романи. У илк бор 1916 йили эълон этилган ва муайян маънода автобиографик асардир. Роман беш бобдан иборат. Ҳар бир бобда ниҳоятда ўткир, муросасиз, баъзан ечими топилмайдиган зиддиятлар қаламга олиниб, уларнинг аксари бош қаҳрамон — Дублин шаҳрида истиқомат қилаётган Стивен Дедалус исмли ўсмирнинг қалбида акс-садо беради.
Биринчи бобда мавлуд зиёфатида тинчгина бошланган суҳбат бирдан диннинг ва руҳонийларнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги кескин мунозарага айланиб, яқин қариндошлар бир-бирларига асло ён бермай, қизиқ устида аччиқ-тиззиқ гаплар айтишгача борадилар. Бола Стивен, суҳбатга аралашмаса-да, турфа фикрлар унинг онгига таъсир ўтказмай қолмайди. Боз устига, тортишаётганларнинг ҳар бири ўз ақидасини унинг миясига қуймоқчи бўлади.
Жойс романда ҳаёт, санъат, миллат, дин ва ҳоказолар ҳақида ўз ақли, кузатишларига таянибгина бир хулосага келишни истайдиган ўжар ўсмир характерининг шаклланишини нозик тасвирлаб кўрсатади. Зийрак, ҳассос ва нозиктабъ Стивен диний коллежнинг олд ўқувчиларидан бири. Отасининг: “Зинҳор ўртоқларинг устидан чақимчилик қилма” деган ўгити унга маъқул бўлгани учун оғишмай амал қилади.
Стивеннинг кўнглида ижодга, нафис адабиётга, ҳали унча англанмаган тарзда бўлса-да, муҳаббат уйғониши ортиқча тафсилотлардан ҳоли тарзда, маҳорат билан тасвирланади: “Иншо унинг учун ўқув ҳафтасининг энг муҳим машғулоти эди ва сешанба куни уйларидан мактабга келаётиб, у ўзидан олдинда бораётган бирон-бир одамни мўлжалга олар, шу одамдан маълум жойга етганда ўзиб кетишга ёки қадамларининг йўлакка ётқизилган ҳар бир плитага тўғри тушишига уринар ва шу тариқа ўзининг иншодан биринчи бўлиш-бўлмаслигини тусмолларди”.
Синфдошлари хивич билан савалаб талаб қилишганда ҳам Стивен “Байрон — буюк шоир” деган фикридан қайтмайди.
Роман қаҳрамони ҳаётидаги жуда муҳим воқеалардан бири Стивеннинг келажак ҳаёт йўли, яъни келгуси касб-корини танлаш эпизодидир. Албатта, ёшликда орзулар кўп бўлиши, табиий. Лекин улар ичида энг улуғи, яъни қалбнинг ҳаққоний даъвати қайси бири? Буни англаш ҳамиша ҳам осон кечавермайди. Стивеннинг пинҳоний орзуси руҳоний бўлиш эди. Тақдир унга кулиб боқиб, унинг яхши ўқиётганидан мамнун коллеж ректори диний унвонни таклиф этади. Аммо ҳал қилувчи дақиқаларда ўсмир юрагида ғалаён қўпади. Бир оғиз “Ҳа” деса ўзи орзу қилган юксак мақомга бемалол эришиши мумкин бўлган Стивен кутилмаганда рад жавобини беради. Муаллиф бу ғалати ҳолнинг сабабларига тўхталмайди. Китобхон, чор-ночор, Стивеннинг қалбида кечган инқилоб сабабини ўзи англаб етишга уринади ва беихтиёр ижод жараёнига тортилганини сезмай қолади. Ўсмир кўнглининг туб-тубида ардоқлаб келаётгани, ҳеч кимга эътироф этмаса-да, барча нарсадан юқори қўйгани санъат ва ижодга муҳаббати, шу йўлдан боришни энг ширин қисмат деб билгани учун ректор таклифини рад қилдимикан? Кейинги саҳифаларда бу саволга ижобий жавоб мавжуд. “Ҳа! Ҳа! Ҳа!”. Худди ўша буюк уста (Дедал — Ғ.К.) каби, исмини ўзи олиб юрган улуғ санъаткорга ўхшаб, у юрагининг озод туйғулари ва куч-қувватидан ғурур билан буткул янги дунё яратади — ҳали кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, жонли, гўзал, ҳайратланарли ва безавол ғаройиб дунё бино этади”.
Буюк санъаткор Жойс бевосита ижод жараёни, ижодкор борлиғини илҳом чулғаган ва ижодий “тўлғоқ” тутган сирли онларни қойилмақом тасвирлайди: “Илҳом лаҳзалари энди бир йўла ҳаммаёқдан — рўй берган ёки рўй бериши мумкин бўлган сон-саноқсиз хаёлий тасодифлардан кўриниш бераётгандай туюлади. Лаҳза худди ёғдудай ярқ этди ва, мана, тасодифий, ноаён шакл унинг нурли изини чулғаб олаётир. Ў, тасодифнинг бокира қучоғида Сўз етилаётир”.
“Сийрат” қаҳрамони Англияга қарам бўлган ирландларнинг миллий ҳаракатларида иштирок қилмайди. Дўсти Дейвин миллатпарварлик тадбирларида қатнашишга ундаганида, Стивен бир қадар такаббурлик билан рад этиб, шундай дейди: “Бу мамлакатда инсон руҳига туғилаётгандаёқ, парвоз қилмаслиги учун, тўр ташланади. Сен менга миллийлик, дин, тил ҳақида гапирасан. Мен бундай тўрлардан қочишга ҳаракат қиламан”.
Шунга қарамасдан, Жойс имкон қадар, деярли ҳар саҳифада йўлини топиб, таъбир жоиз бўлса, “қитмирлик билан“ Ирландиянинг миллий озодлиги учун курашчилар номларини эслатиб туради.
Шу тариқа, Жойс романи муайян бир даврга бағишланган бўлса-да, унда Ирландиянинг бутун тарихидаги энг йирик воқеалар ва ижтимоий муносабатлар мавриди билан тилга олинади. Булар, зоҳиран, йўл-йўлакай айтиб ўтилгандек кўринса-да, муаллифнинг уларни ўз асари мағзига сингдиришга нечоғли эътибор берганини сезиш қийин эмас. Шу билан бирга, Жойс субутсиз, олчоқ ва иккиюзлама сиёсий арбобларни, баъзан аҳолининг лоқайд гуруҳларини нафрат билан фош этади. Ҳикояларидан бирида у ўз миллатдошларини “мазлум, аммо миннатдор ирландлар”, дея тузлайди. Бир неча сўз воситасида бу қадар ўткир киноя қилишга Жойс каби забардаст ёзувчиларгина қодирдир.
Хуллас, Жойс асарларини мутолаа қилган китобхон Ирландия тарихидан ҳам бир қур сабоқ олади. Таъбир жоиз бўлса, унинг ижодида Ирландия адабий қаҳрамон сифатида гавдаланади. Ирландия фожиаси Жойснинг юрагидаги битмас жароҳат ва унинг изтиробларининг бош манбаи бўлган назаримизда. “Ирландия ўз болаларини ейдиган қари чўчқа”, дейди Стивен инсон учун Ватан ҳамма нарсадан юқори туришини таъкидлаётган дўсти Дейвинга жавобан. Бироқ асарнинг бундай ўринларини бирёқлама баҳолашга шошилмаслигимиз лозим. Аввало, гарчанд роман автобиографик характерга эга бўлса-да, адабий қаҳрамон сўзларининг барчасини ҳам тўғридан тўғри муаллифнинг ўзига мансуб дейиш тўғри эмас. Сониян, она Замин жафоларидан тўйиб, Миррих юлдузига ҳасрат қилган Фитрат, Туркистон ҳақида “Бузилган ўлкага” деб шеър ёзган Чўлпон ва ўз ватани Ирландиядан ёзғирган Жойс дарду аламларида қандайдир муштараклик бор. Стивен, дўстларини ҳайратда қолдириб, ўзини гўё Ирландия тақдирига қўл силтагандек тутса-да, аслида унинг ўз Ватани ҳақидаги қайғуси уни ватанпарварлик ҳиссидан маҳрумликда айблаган дўстлариникидан чуқурроқ. Фикру зикри лавозиму ер-мулкларни эгаллашда бўлган ирланд зодагонлари ҳақида қаҳрамон хаёлидан шундай аламли ўйлар кечади: “Уларни ғафлатдан уйғотишнинг иложи бормикан, қандай қилса уларнинг фарзандларидан ўзларига ўхшаган ожиз, нотавон бўлмаган авлод етишади”.
Ўз шахсияти ва инглиз-ирланд жамиятиаро зиддиятларни ҳал этиш йўлларини тополмаган Стивен ватанидан бош олиб кетишга қарор қилади. Аммо буни Ватан муаммоларидан тўла бош тортиш ва ёлғиз ўз тинчи ва ҳаловатини ўйлаш, деб бўлмайди. Чунки Стивен асло бундай одамлар сирасидан эмас. Балки, унинг улуғ мақсади бор ва бу кундаликда шундай дарж этилган: “Мен сафарга отланаётирман, ижод ҳақиқатини қайта-қайта англаб етмоқ ва қалбимнинг қўри билан халқимнинг тенгсиз, бетакрор ақлу иродасини намоён этмоққа жазм этиб йўлга чиқаётирман”. Бу сўзларни Жойснинг ўзига ҳам тааллуқли деб билсак, у ўз аҳду паймонини шараф билан адо этиб, ирланд миллий адабиётини жаҳон адабиётининг осмонўпар чўққиларидан бирига айлантирди. Шу нарса диққатга сазоворки, адибнинг 37 йиллик мусофирлик ҳаётида яратган асарларининг деярли барчаси Ирландия мавзуига бағишланган. Жойс битиклари Ирландия пойтахти Дублин шаҳрининг адабий қомуси сифатида эътироф этилган.
Жойс насри — интеллектуал наср. Шу сабабли мутолаа китобхоннинг тайёргарлик даражасига қараб, турлича кечмоғи табиий.
Жойс Шарқ мумтоз адабиётидан қанчалик хабардор бўлгани ҳақида бирон маълумотга эга эмасмиз. Бироқ унинг асарларида буюк Шарқ адиблари ижодий методлари ва санъаткорлик маҳоратларига ўхшаш жиҳатлар мавжуд.
“Сийрат”да боболаримиз асарларининг баъзи ўринларига деярли айнан ўхшаб кетадиган жиҳатлар ҳам борки, қуйида улардан фақат иккитасига тўхталиб ўтамиз.
Саъдийнинг “Гулистон” асаридаги ҳикоятлардан бирида золим ҳоким олимдан “Ибодатлардан қайси яхши?” деб сўраганида, олим: “Сен учун энг яхши ибодат — кундузги уйқу, чунки ухлаганингда халққа зулм қилмайсан”, дейди. “Сийрат”да мавлуд зиёфатидаги мунозарада Стивеннинг отаси мистер Дедалуснинг хоин архиепископ ҳақидаги: “У ухлаган пайтдагина безиён” деган сўзлари “Гулистон”даги ҳикоятга жуда ҳамоҳанг. Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳод исмидаги беш ҳарф “фироқ”, “рашк”, “ҳажр”, “оҳ” ва “дард”ни англатишини айтиб, унинг қисмати исмида тажассум топганига ишора этади. “Сийрат”да ҳам Стивен Дедалус қисмати исми (фамилияси)га жо бўлгани ҳақида ишоралар мавжуд. Стивен қадимги юнон афсонаси қаҳрамони, номи санъат ва жасорат тимсолига айланган Дедални ўзига устоз деб билади.
Бундай ўхшашликларга кўплаб мисоллар келтириш мумкинки, бу ҳол ҳайратомуздир.
Мулоҳазаларимиз охирида таржима савияси ҳақида фикр билдирмоқ жоиз. Романнинг русча нашрини камина ўқиган бўлсам-да, ўзбекча таржима мутолаасидан кўпроқ завқ олдим ва Жойс ижоди менга янада яқинроқ бўлиб қолди. А.Отабой олдин муаллифнинг кичикроқ асарларини ўзбекчалаштириб, роман таржимасига муайян тайёргарлик кўргани ва масъулият билан ёндашгани таҳсинга сазовор. Таржимон муаллиф услубининг ўзига хос жиҳатларини акс эттириш баробарида матн имкон қадар равон, тушунарли ва жозибали бўлишига интилган. Қиёслаш учун Стивеннинг денгиз соҳилида ўз “илҳом париси”ни учратгани ҳақидаги бир неча жумланинг русча аслияти ва ўзбекча таржимасини келтирамиз: “Образ ее навеки вошел в его душу, но ни одно слово не нарушало священной тишины восторга. Ее глаза позвали его, и сердце рванулось навстречу этому призыву. Жить, заблуждаться, падать, торжествовать, воссоздавать жизнь из жизни. Огненный ангел явился ему, ангел смертной красоты и юности, посланец царств пьянящей жизни, чтобы в единый миг восторга открыть перед ним врата всех путей заблуждения и славы. Вперед, все вперед, вперед, вперед”.
“Қизнинг сиймоси унинг қалбидан абадий жой олди, бироқ бу муқаддас сукутнинг сурурини бирор-бир сўз бузгани йўқ. Қизнинг нигоҳи уни чорлади ва юраги бу чорловга шитоб билан талпинди. Яшаш керак — адашиб, тушкунликка тушиб, зафар қозониб, ҳаётдан янги ҳаёт яратиб яшаш керак. Унга олов фариштаси, боқий гўзаллик ва навқиронлик малаги, сурурли ҳаёт салтанатининг элчиси намоён бўлди ва шавқли бир лаҳза ичида унинг қаршисида адашишлару афсус-надоматлар ва шон-шуҳратнинг барча йўлларини очиб қўйди. Олға, олға, фақат олға!”.
Аслият ва таржимани сўзма-сўз қиёслаганда, албатта, таҳрир талаб қиладиган айрим ўринлар учрайди. Таржимон асарнинг китоб нашрини тайёрлаш жараёнида таржимага сайқал бериб, уни янада такомиллаштиради, деб умид қиламиз.
Башариятнинг буюк адиби Жеймс Жойс асарлари қачон ва қай тилда нашр этилмасин, ҳамиша йирик ҳодиса бўлиб келмоқда. Умуман, ҳозирда Ер юзида Жойс таъсири бевосита ёки билвосита кириб бормаган бирон-бир миллий адабиёт бўлмаса керак. Ниҳоят, ўзбек китобхонлари адибнинг машҳур романларидан бирини ўз тилларида ўқишга мушарраф бўлмоқда. “Сийрат”нинг муваффаққиятли таржимаси ва ўзбек тилининг бой имкониятлари жаҳон адабиётидаги энг мураккаб шоҳ асар, деб тан олинган “Улисс” романи ҳам она тилимизга таржима қилинадиган кунлар яқин қолганига умид уйғотади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 45-сонидан олинди.