Маҳмуд Сатторов. Улкан адиб, моҳир таржимон (Миркарим Осим)

Атоқли тарихнавис адиб, моҳир таржимон Миркарим Осимни халқимизнинг бир неча авлоди яхши танийди. Унинг асарларидан энг яхшилари ўрта мактаб дарсликларидан ўрин олиб, янги-янги авлодлар билан она тарихимиз, бой ўтмиш маданиятимиз, нурга, зиёга интилган ватанпарвар аждодларимиз ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб, тарих билан ҳозирги кунларимизни боғлаб турибди.

Ёшларимизда Ватанга муҳаббат, илм-фан, маданият тарихига ҳурмат, адолатсизлик, босқинчилик, шовинистик қарашларга нафрат, дунёда мустаҳкам тинчлик учун кураш, гуманизм ҳиссини тарбиялаб, камол топтиришга хизмат қилмоқда.

XX аср ўзбек адабиётининг тўнғич авлодига мансуб Миркарим Осим 1907 йили Тошкент шаҳрида зиёли оиласида дунёга келган. У ўз тенгдошлари Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор сингари эски мактаб таълимини олган, араб, форс, туркий тилларни мукаммал билган, олий ўқув юртларида таҳсил кўрган ижодкорлардан бири.

Бўлажак адиб 1918 йилдан бошлаб Тошкентнинг Лангар маҳалласидаги “Шамсул-урфон” бошланғич мактабида ўқиди. Уни 1921 йили тугатиб, Алишер Навоий номидаги республика педагогика билим юртига ўқишга кирди. Бу билим юрти ўз пайтида энг илғор илм ўчоқларидан ҳисобланарди. Кейинчалик Ҳамид Сулаймон, Теша Зоҳидов, Ғулом Каримов, Субутой Долимов сингари республикамизда ном қозонган таниқли олимлар шу билим юртида таълим олганлар.

Миркарим Осим ушбу ўқув юртида дўстлари – ҳамсабоқлари Ойбек, Ҳомил Ёқубов билан биргаликда адабиёт-санъат сирларини ўрганди. У техникумни тугатгач, 1926 йили Москва давлат педагогика институтининг тарих-иқтисод факультетида ўқиб, уни 1930 йили муваффақият билан тугаллади.

Москвада беш йил таълим олиб қайтган ёш мутахассис Самарқанд шаҳридаги Ўқитувчилар тайёрлов курсида дарс бера бошлади. 1932 йилдан Ўзбекистон Маориф Халқ Комиссарлигида, сўнг Педагогика илмий-тадқиқот институтида ишлади.

Кўпгина ёш ижодкорлар сингари Миркарим Осим ҳам адабий фаолиятини шеър ёзишдан бошлади. Бўлажак адиб аввал тарих фанидан методик қўлланмалар, сўнг тарихий-биографик очерклар ёзиб, қаламини чархлади. 1940 йилдан адибнинг тарихий ҳикоя ва қиссалари бирин-кетин дунё юзини кўра бошлади. Аксарияти улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган “Астробод”, “Алишер Навоий ва Дарвешали”, “Бадарға”, “Навоийнинг хислатлари”, “Шоирнинг ёшлиги”, “Улуғбек ва Навоий” сингари ҳикоялар ва кичик қиссалардир.

Адибнинг бу асарларида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бадиий образи ўзбек адабиётида биринчи марта эпик миқёсда акс эттирилган эди.

Миркарим Осим шу тариқа адабиётда ўзининг қатъий ижодий йўлини топиб олди. Адиб ўз илмий-бадиий истеъдодини, йиллар оша орттириб борган бой тажрибасини она тарихимизни бадиий қайта жонлантиришга бағишлади. Бу йўлда унинг дўсти, устоз Ойбек адибга мададкор бўлди. Тарихий мавзунинг замонавий талқини Миркарим Осимнинг бир умрлик ҳамроҳи, ҳаётининг мазмунига айланди.

Барча асарлари орасида адибнинг “Ўтрор” қиссаси алоҳида ўрин тутади. Немис-фашист босқинчилари билан ҳаёт-мамот жанги бораётган II жаҳон уруши йилларида яратилган ушбу асар газетада пешма-пеш босилиб борган эди.

Ёзувчининг аксарият тарихий қиссалари илмий ва адабиий жиҳатдан нисбатан кам тадқиқ қилинган даврлар – XVII, XVIII, XIX асрларга, ўша давр халқларимиз ҳаётининг тарихий тараққиётига бағишланган.

Миркарим Осим ижодида тарихий-биографик мавзу катта оқимни ташкил этади. Унинг “Зулмат ичра нур”, “Жайҳун устида булутлар”, “Ибн Сино қиссаси”, “Алжабрнинг туғилиши”, “Синган сетор” қиссалари шу оқимнинг сара асарлари тоифасига киради. 1973 йилда улуғ олим Абу Райҳон Берунийнинг 1000 йиллик юбилейи нишонланди. Миркарим Осим улуғ алломага бағишлаб “Жайҳун устида булутлар” қиссасини яратди. Адиб аввал Абу Али ибн Сино ҳақида алоҳида-алоҳида ҳикоялар ёзган эди. Сўнг буюк олим ва табибнинг 1000 йиллиги (1980) кунларида Миркарим Осимнинг уч-тўрт мустақил биографик ҳикоялардан ташкил топган “Ибн Сино қиссаси” асари чоп этилди.

Ёзувчиларимиздан ҳеч ким тарихий материални Миркарим Осимчалик синчковлик билан ўрганиб, “ўзиники қилиб олиб” ишлатмаган десак муболаға бўлмас. Адиб ўтмиш ҳаётни ғалвирда қум элаб, олтин йиққан заргардек қалб қудуғида қайта ишларди. Шунинг учун ҳам арабий, форсий ёзувларга тобора “тиши ўтмай” қолаётган янги авлод ижодкорлари учун Миркарим Осим бадиий асарларининг ўзи мўътабар, ишончли тарихий манба ролини ўташи шубҳасиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ташаббуси билан 1977 йили Миркарим Осимнинг 70 ёшлиги нишонланди. Унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони берилди.

Адиб адабий асарни пухта ва нозик таҳрир қилувчи, уни “сайратиб” юборувчи муҳаррирлар тоифасидан эди. Домла том маънодаги моҳир таржимон, яъни асарни чуқур ҳис қилиб, қайта ёзиб таржима қиладиган ижодкорлардан эди. Миркарим Осим Ф.Достоевский, М.Шолохов, А.Толстой, С.Бородин, Генрих Манн асарларини ўзбек тилида жаранглатган адиб. Ҳозирги кунда ўзбек адиб ва таржимонларининг кўпчилиги Миркарим Осимни ўзларининг устози деб биладилар.

М.Осим она тилимизни “етмиш икки томиригача” яхши биладиган катта тил мутахассиси эди. У қўллаган ибора, матал ё мақоллар хоҳ оригинал, хоҳ таржима асари бўлсин, матн маъносини тугал очиб беришга “сидқидилдан” хизмат қилади, таржималарининг ўзбек тилида яратилгандек қабул қилинишига ёрдам беради. Сўзимиз тасдиғи учун таржимон М.Осимнинг Генрих Манн қаламига мансуб “Содиқ фуқаро” романининг дастлабки саҳифаларида учратганимиз ўзбекча иборалардан айримларини санаб кўрсатиш мумкин: нашъаси паст, тили тутилди, қуралай кўзлари ғилтиллади, ҳарс-ҳарс қилиб, иссиқ нафас чиқарди, кўнгил қўйганимга, бунга ёлғон гапириш ҳам чўт эмас, кўнгил ёриб роз айтмоқ, одамзод жиловини бу қадар бериб қўймаслиги керак, ҳусни таважжуҳ билдириш, маҳоват (лоф уриш), димоғидан эшак қурти ёғиларди, адашиб-улоқиб юрсанг, шоми ғарибонлар… ва ҳ.к.

Бундай ҳикматнамо, коса тагида нимкоса иборалар таржима асарни ўзбек китобхонига янада яқинлаштиради, қолаверса, ижодкорнинг лаёқати мезони бўлиб ҳам хизмат қилади. Зеро, ўз она тилининг хазинасидан қанча кўп баҳраманд бўлса, ундай ижодкор яратган асар ҳам шунчалик теран қийматга эга бўлади.

Таржимон маҳоратининг қирраларидан бири – бу аслият (муаллиф) матнидаги маънони умумлаштириш. Аслият матнидаги маъно умумлаштирилмаса, унинг ўзбек тилидаги эквивалентини топиш қийин бўлади ёки умуман таржима яхши чиқмайди. Бундан ташқари, умумлаштириш жараёнида таржимоннинг билими ва тили (“почерки”) даражаси яққол намоён бўлади. Аксинча, аслият матнига ёпишиб олиш таржима жараёнини қийинлаштириши баробарида унинг сифатига жиддий таъсир кўрсатади. Асли ёзувчи бўлган Миркарим Осим буни жуда яхши тушунар ва таржимачилик фаолиятида айнан шу нарсаларга катта эътибор қаратар эди. Қуйидаги парча таржимоннинг матн маъноси, яна ҳам тўғрироғи – мантиғини ўз она тилида акс эттириш истеъдоди нақадар баландлигидан нишона.

Аслиятда: “Дидерих, лихорадочно, размашисто жестикулируя, чего с ним обычно не бывало, освобождался от всего, что его душило. Наш несравненный молодой кайзер, совершенно один среди беснующихся мятежников! Они разнесли какое-то кафе, он, Дидерих, сам был там! На Унтер-ден-Линден он вступил в кровавый бой за своего кайзера. Из пушек бы по ним палить!”

Таржимада: “Дидерих ўзини бўғиб турган нарсадан қутулмоқчи бўлиб, иситмалаган кишидек қўлларини пахса қилиб гапира кетди. Илгари унинг бунақа қилиғи йўқ эди. Оламда тенги йўқ кайзеримиз қутураётган фитначилар орасида бир ўзи юрибди! Улар аллақандай бир қаҳвахонани остин-устин қилиб юборишди, Дидерих ҳам ўша ерда эди! Унтер-ден-Линденда ўз кайзери учун қонли жанг қилди. Уларни тўпга тутиш керак эди!”

Агар ушбу парчани яна ҳам майда бўлакларга “парчалаб” қараб чиқадиган бўлсак, таржимоннинг маҳоратига яна бир карра қойил қолмай илож йўқ. Русчада “лихорадочно, размашисто жестикулирия” сўзларини “қўлларини пахса қилиб” деб жуда топиб айтган. Бунда гапираётган одамнинг ташқи қиёфаси билан бирга унинг ички аҳволи, руҳияси ҳам кўз ўнгимизда бўртиб кўринади. “Чего с ним обычноне бывало” эса узун жумладан узиб олиниб, алоҳида: “Илгари унинг бунақа қилиғи йўқ эди” тарзида тўғри таржима қилинган. Акс ҳолда русчага эргашиб, жумла ғализлашган, мантиққа зарар етган бўлар эди. Мадомики, ана шундай “ёзилмаган қонун”ларга риоя қилинмас экан, М.Осимнинг ўзи таъкидлаганидек, “таржима равон ўқилмайди” ҳам.

Миркарим Осимнинг ёшлигида эскича мадраса кўрган толиб бўлганидан бохабармиз. Умуман, ўша даврдаги ижодкорларнинг кўпчилиги (Ойбек, Миртемир, А.Қаҳҳор ва ҳ.к.) мумтоз тил ва адабиёт дарёларидан сув ичиб униб-ўсганлар ва она (ўзбек) тилининг сир-асрорларидан тўла воқиф бўлганлар. Шу нарса уларнинг ижоди тўлақонли ва сермазмун бўлишига ёрдам берган. Жаҳон адабиётининг дурдоналарини ўзбек тилида сайратиб таржима қилган таржимонларнинг аввало машаққатли меҳнатлари, қолаверса, шу меҳнатининг самаралари тенгсизлиги сири ҳам шунда.

Шу ўринда ижодкор таржимаи ҳолига доир бир ҳодисани ҳам қайд этмоқ жоиз. Миркарим Осим ҳам айни ижоди гуллаб-яшнаган пайтда қатағон қурбони бўлди. Ўн йилдан ортиқ Сибир ўрмонларида ёғоч кесди. Мақоламизда мутаржимнинг буюк ёзувчилар ижодидан қилган айрим таржималари тилга олинган. Бинобарин, бундай маҳоратга эга бўлиш учун ижодкор жуда кўп китобларни таржима қилиши талаб этиларди. М.Осим ҳам уч-тўрт ёзувчи асари билан чегараланиб қолмагани шубҳасиз. Демак, Чўлпон каби М.Осимнинг таржималари ҳам “нафс қурбонлари” қурбонига айланмаганмикан, деган иштибоҳ туғилади беихтиёр. Бизгача етиб келган таржималарнинг ўзи ҳам Миркарим Осимдек етук таржимон маҳоратига баҳо бериш ва қадрлашимиз учун етиб-ортади, албатта.

Маҳмуд Сатторов, филология фанлари номзоди

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 2-сон