Муҳаммад Сиддиқ Залилий XVIII аср уйғур адабиётининг энг йирик намояндаси ва кўп асрлик туркий шеърият анъаналарини муносиб давом эттирган оташнафас шоирдир. Залилий адабий меросини чуқур ўрганиш Машраб (1640-1711), Ҳувайдо (1704-1780) ҳаёти ва ижодига доир баъзи муаммоларни аниқлашда ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки бу уч шоир яшаган ижтимоий-сиёсий муҳит макон ва замон нуқтаи назаридан ўзаро яқиндир.
I
Шоирнинг асл исми Муҳаммад Сиддиқ бўлиб, «хорликнинг энг тубан даражаси» маъносидаги арабча «Залил» сўзини ўзига адабий тахаллуси қилиб танлаган. Залилийдан бой адабий мерос қолган. 196 ғазал, 18 мухаммас, 27 рубоий, 6 мустаҳзод, 2 қасида, 2 соқийнома, «Сафарнома» достони, «Тазкирайи Чилтон» ва «Тазкирайи Хўжа Муҳаммад Шариф Бузругвор» номли назмий тазкираларни ўз ичига олган тўлиқ девонининг борлиги ҳам бунинг далилидир. Шоирнинг шеърлар девони 1985 йили Пекиндаги «Миллатлар нашриёти”да чоп этилган (мақолада келтирилган шеърлар мазкур нашрдан олинди). Залилийнинг туғилган вақти ҳақида унинг ўз асарларида қисман ишоралар бор. Масалан, шоирнинг ҳижрий 1157 – (милодий 1744) йили ёзган “Тазкираи Хўжа Муҳаммад Шариф Бузруквор” достонидаги:
Хаста Залилийдир чу ўлмади ҳануз,
Бўлмади қирқ ёшида мусулмон ҳануз,–
деган байт мазмунига кўра Муҳаммад Сиддиқ Залилийни тахминан ҳижрий 1087-1091 йиллар (милодий 1676-1680 йиллар) оралиғида туғилган деб ҳисоблаш мумкин. Залилийнинг қаерда туғилганини ҳам шеърлари асосида аниқласа бўлади:
Кетти Залилий телба имомон тавофиға,
Ёрканд ичида найласун обу замини йўқ.
(Телба Залилий икки имомни, яъни Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнни тавоф қилгани кетди. Ёркентда тегишли ер-суви бўлмаса, бошқа нима ҳам қилсин?)
Билоди Ёрканддин юз туман минг орзу айлаб,
Ажамнинг Маккасин ҳаж қилай деб бегумон келдим.
(Жуда катта орзулар билан Ёркентдан Ажамнинг Маккаси деб аталган Хўтанга тавоб қилиш ниятида келганим бегумон).
Бу мисралар Залилийнинг Ёркентда туғилганлигини ҳамда бу шаҳарда 30 йилдан зиёд турганлигини кўрсатади. Шу боис ҳам шоир «Сафарнома»да Ёркентни «чаман» (гулшан)га, Ақсу — Кўчарнинг ёқутига муқояса қилиб мадҳ этади.
Залилий Ёркентдаги хонлик мадрасасида таҳсил олган. «Сафарнома»даги мана бу мисралар шундан далолат беради:
Чашмаи чироғи ҳама мамлакат,
Равнақи боғи чамани маърифат…
Бир тарафи мадрасаи хонидур
Илм била фазл гулистонидур…
Шоир бу байтларда ўзи билим олган хонлик мадраса (мадрасаи хон)ни илму фазилат гулистони, маърифат нури билан жаҳонни ёритувчи олимлар тўпланган жой, кўнгилли мутолаа бўлиб турадиган, ҳикмат бобида Афлотунга дарс берувчи олим — уламолар йиғилган маскан дея таърифлайди. Ўқувчи кўз ўнгида ўқув юртининг жонли лавҳасини яратади. Бу ҳол Ёркент хонлиги замонида тараққий этган фан ва маданият Залилий 40 ёшдан ошган даврларда ҳам ўша даражада бўлганини тасдиқлайди.
Шоир навқирон ёшида тўсатдан сафар қилмоқ орзусига тушади. Сафарнинг боиси турлича талқин қилинган бўлса-да, у йўлга чиқиш муддаосини қуйидагича баён этади:
Яхшироқ улдурки, сафар айлайин,
Доғ чекиб ёр жафосини дейин…
Телба Залилий сайр этар кўнглида матлуби сафар,
Юрса жаҳонда дарбадар манзилидир Хўтан ҳануз…
У сафарда кўп риёзат тортади. Борган ерларида «Ошиқ қаландар» сифатида мозорларни тавоф этади. Бир ерда икки йил, яна бирида уч йил туради. Залилий бутун сафар жараёнида укаси Далилий, дўсти Мулла Ёазал билан бирга бўлади. Шоир тахминан 50 ёшларида Хўтанга борган ва онасини олиб келиб, у ерда муқим яшаган. Хўтаннинг Луп, Қорақош, Керия, Чира деган ерларигача зиёрат этади. Қуйидаги байт мазмунига кўра Ёркент шаҳрида шоирнинг кўнгил қушини овлаган бир маҳбубаси булганини ёхуд туғилган юртини соғиниб бу оташ мисрани ёзганини фараз қилиш мумкин:
Мени овора қилган Ёрканд шаҳрида моҳимдир,
Қоронғу айлаган оламни гўё дуди оҳимдир.
Шоирнинг қачон ва қаерда вафот этгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Ҳижрий 1155 — (милодий 1744) йили ёзган «Тазкираи Хўжа Муҳаммад Шариф Бузруквор» номли асаридаги «Умри етмишга етиб мард ўлмади» деган мисра билан 11-рубоийсидаги:
Етмишга етибдурман, оғзимда тишим йўқ,
Ҳафтад ду миллат элига энди ишим йўқ,
каби байтларининг мазмуни асосида шоир 70 ёшдан ошиб узоқ умр кўрган деб айта оламиз. Баъзи маълумотлар шоирнинг Хўтанда вафот этганини кўрсатади. Хўтаннинг «Олтинлиқум» маҳалласидаги «Олтун мозор»да «Муҳаммад Сиддиқ Ёркандий қабри» номли бир улкан мақбара бўлиб, яқин кунларгача кишилар уни Муҳаммад Сиддиқ Залилийнинг қабри деб тавоф қилишган. Яна Муҳаммад Сиддиқ икки ўғли ва онаси билан муайян даврда яшаган «Олтинлиқум» маҳалла аҳли шоирни Хизр сифатли одам каби кўриб, ўз фарзандларига «Муҳаммад Сиддиқ» деб исм қўйганлар.
Ҳозирда Хўтан ва Ёркентда Залилийнинг бир неча авлодлари яшаб келмоқда.
II
Шарқ адабиётида девон тузиш шоир салоҳиятини белгилайдиган асосий мезон бўлиб келган. Салмоқли лирик мероси ва «Сафарнома», «Тазкираи Чилтон», «Тазкираи Хўжа Муҳаммад Шариф Бузруквор» каби достонларини қамраб олган 663 саҳифали девон Залилийнинг уйғур адабиётида тутган ўрни беқиёс эканини кўрсатади.
Залилий шеърларида ижтимоий-сиёсий, ошиқона-орифона, тасаввуфий-фалсафий талқинларни ўз даврининг илғор эстетик ғоялари муштараклигида жўшқин туркона услубда тараннум қилди. Ватанпарварлик, халқпарварлик, вафодорлик ва маърифий баркамоллик сингари бадиий адабиётнинг барҳаёт мавзуларини ахлоқий-дидактик моҳият ва тасаввуфий рамзлар уйғунлигида назмга солди. Бошқа мумтоз адабиёт вакиллари каби турли жанрларда муваффақиятли қалам тебратган Залилий лириканинг юқори чўққиси бўлган ғазалнависликда алоҳида маҳорат кўрсатди.
Лирикада намоён бўладиган эстетик идеал ташқи таъсирга ички руҳий муносабат маҳсули бўлиб, амалиётда бу эмоционал-ҳиссий фикрлаш самараси — «қалб диалектикаси», «руҳият ойнаси» бўлган ғазалнинг ўз-ўзидан ихчамлашишини талаб қилади. Залилий девонидаги 70 та 5 байтли, 65 та 7 байтли ғазал теран мазмуни, бетакрор бадиияти билан алоҳида ажралиб туради.
Залилий лирикада жаҳонгашта сўфий ва файласуф сифатида инсон маънавиятини юксак мезонлар асосида баҳолади. Унинг шеърларида ҳақиқат ханжари мажоз ғилофи билан зийнатланди. Шунинг учун шоир лирикасининг ҳар сатр — бандидаги фикр шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат, ваҳдоният, тажалли, комил инсон, пири муғон, ошиқ-маъшуқ, ломакон, мосуво, хирқа — харобот, ориф – муршид, ҳудҳуд — симурғ, қаландар — девона, нусха, силсила, май — қадаҳ, қош — кокил, шам ва парвона сингари тасаввуфий шеъриятга хос тимсоллар воситасида ифодаланган. Буни шоирнинг ўзи қуйидагича изоҳлайди:
Эй Залилий, бу нечук сўз дебон айб этмагил,
Жилва бермайди ҳақиқатнинг мажози бўлмаса.
Бу байт моҳиятан «мажоз — ҳақиқатнинг кўпригидир» ҳадисига мувофиқ келади.
Шоир лирикасида энг кўп ва муваффақиятли қўлланган бадиий санъат — талмеҳдир. Унинг шеър — ғазалларида «Таврот», «Инжил», «Забур» ва «Қуръон»да номи зикр этилган Пайғамбарлар; Суқрот, Афлотун ва Искандар Зулқарнайн каби юнон донишмандлари; Рай— Кай, Баҳром, Хусрав, Рустам сингари тарихий сиймолар, Увайс Қараний, Боязид Бистомий, Ибн Сино, шайх Санъон, Аҳмад Яссавий, Шамсиддин Табризий, Фаридиддин Аттор, Қосим Анвар, Хожа Убайдулла Аҳрор каби тасаввуф муршидлари ва Шарқ мугафаккирлари қайта-қайта тилга олинган. Талмеҳ санъати воситасида мазмуннинг теран, бадииятнинг гўзал бўлишига эришилган.
Залилийнинг 20 га яқин ғазал ва мухаммасларида Ҳалложга мурожаат қилинади. Румий, Жомий, Навоий ва Машрабларга ташбеҳ — ишора ва татаббуълар тез-тез учрайди. Шоир лирикаси таҳлили – унинг ўз замонасида ҳар томонлама етук олим ва кўп қиррали сўз санъаткори бўлгани ҳақидаги хулосага олиб келади.
Залилий ижодининг асосий қисми унинг лирик ғазалларидан ташкил топган, шунга кўра унинг лирик «мен»и шоирнинг ўзидир.
Маълумки, лирика – ҳиссиёт ва тафаккур маҳсули. Унинг ички руҳий жавҳари бўлган индивидуал кечинма лирик таъриф ва бадиий умумлаштириш орқали лирик образга айланади. Лирика — Олам ва Одам муносабатларидаги зиддиятларни, инсоннинг маънавий қиёфаси, ҳиссиёти, ўй-фикри дунёқарашининг мифологик, романтик ва реалистик талқинларини кўрсата оладиган ойна. Залилийнинг
“Сен ўзунгга томошо қил, ҳар ажойиб борки одамда”
мисраси лириканинг айни хусусияти ҳақидаги фикрни тасдиқлайди.
Шоир ғазаллари ва «Сафарнома» достони мазмунича, Тангрининг оламни бунёд қилишдаги мақсади — Инсон. Оллоҳ қуёш бўлса, Одам ундан таралган нур — зиё, фақат Инсонгина Тангри гўзаллигининг тажаллиси ва мужассами, руҳий-жисмоний баркамоллик тимсоли, коинот сирларининг шоҳиди ва барча махлуқот гултожи. Инсон Олам уйғунлигининг кўзгуси, барча сир – ҳикматларни яширин сақловчи «жавоҳир». Бу каби талқинлар Муҳаммад Сиддиқ Залилийнинг тасаввуф фалсафасидаги «Ваҳдат ул-вужуд» таълимоти таъсирига берилган адиб эканини кўрсатади.
Шоирнинг башарият улуғлаган гуманистик тушунчалари такомиллашиб, унинг нақшбандийликка хос дунёқарашида умумлашган. Залилий ғазалларида «аносир», «иқлими аносир» иборалари кўп қўлланган. «Сафарнома» достонида:
Кирмас эди чор aнocирғa руҳ,
Тутмас эди дунёни тўфони Нуҳ, –
дея тўрт унсур — тупроқ, сув, ҳаво ва оловга ишора қилади. Залилий талқинича, коинотдаги барча мавжудот Яратганнинг зикри билан банд. Унинг яккаю ягона эканига шаҳодат келтиради:
Бу коинот ичра зарра-зарра мавжудот,
Дедилар: «Ашҳаду ан ло илоҳа иллаллоҳ».
Маълумки, Шарқ мумтоз шеъриятининг асосий ва етакчи мавзуи — Ишқ: – Шу боис, Навоий «Маҳбуб ул-қулуб»да замон тушунчаси бўйича ишқни мажозий (инсоний) ва ҳақиқий (илоҳий) дея таснифлайди ҳамда бу икки хусусият барча мумтоз ижодкорлар асарларига чуқур сингиб кетган.
Шоирнинг ҳақиқий ишқ борасидаги ғоявий-эстетик талқинларини, унинг тасаввуфдаги тажалли фалсафасига оид қарашининг табиий такомили, деб тушуниш мумкин.
Залилий лирикасида ҳам бошқа мумтоз шоирларда бўлгани каби «ишқ» ва «ёр» (маъшуқ) эгизак тушунчалардир. Тор маънода «ёр» — «мен»нинг севгиси бўлса, кенг маънода «мен»нинг дўсти, биродари ва ҳамроҳидир.
Маълумки, тасаввуфда инсонни севиш – Оллоҳни севишнинг муҳим шарти, дея қаралган. Бу жиҳатдан Залилий ҳам ҳақиқий, ҳам мажозий ишқни тараннум этувчи шоирлар сирасига мансуб. Шоирнинг таъриф, тавсиф, мадад ва шарҳи ҳол мавзуидаги ғазалларида айни талқин етакчилик қилади. Залилий тасаввуфдаги Нақшбандия тариқатининг содиқ муриди бўлган.
Кўрки, Бухорода шоҳи Нақшбанд,
Маоний сипеҳрида моҳи Нақшбанд…
Тариқи Нақшбанди англадим зебо равишликдур,
Кўнгул масти илоҳий ул кўзида порсо бўлмоқ…
Шоир лирикасида Шарқнинг буюк мутасаввуфларини кўп бор тараннум этган, уларнинг назмларига тахмис боғлаган, назиралар битган. Қосим Анвар ва Навоий каби салафларга татаббу қилинган мана бу мисралар ҳам фикримизни тасдиқлайди:
Кўҳна лангаре олам, карвон эрур одам,
Дам олиб ўтар бир дам сан бу дам ғанимат тут…
Холиқо, бу умр ғаниматдурур,
Ҳар нафаси дурри бо қимматдурур.
Аёнки, мазкур иқтибосда шоир Нақшбандиянинг машҳур «хуш дам» қоидасига ишора қилган. Яъни, тасаввуфнинг ҳаётда ҳар дамни қадрлаб, Тангри ато этган ҳаёт ғанимат эканини, уни ғафлатда ўтказиш инсон учун номуносиблигини таъкидлаган. Муҳаммад Сиддиқ тахминан 40 ёшларда маърифий баркамоллик, идеал покланиш ва орифлик мақомига эришиш мақсадида Нақшбанднинг «сафар дар ватан» ақидасини раҳнамо қилиб Шарқий Туркистон буйлаб 10 йил сафар қилган. Тасаввуфдаги Оллоҳга етишиш — Ташри сирларини билиш учун зоҳирий ва ботиний сафардан иборат ҳар икки жиҳат Залилий ҳаёти ва ижодида ўз тажассумини топган. Шоир бу ҳақда шундай ёзади:
Сайри жаҳон қилмоғим — тарки жаҳондур ғараз,
Айлагани имтиҳон яхши ёмондур ғapaз…
Муҳаммад Сиддиқ шариат арконларини ҳам, ислом маърифати моҳиятини ҳам теран англаган олим ва шоир эди. Шу маънода, унинг ота хоки пойини Макка тавофидан ҳам баланд қўйиши шариат талабларига асло зид эмас:
Ҳожилар тавфи ҳаром айлама, ранж тортадур,
Макка тавфидан отанг хоки пойи ўзгача.
Шоир бир ғазалида «Чун Ватанни аслийга доим қараб, учмоқ учун ҳар дам этар изтироб» деб ёзганидай, Тангритоғ атрофида руҳий ҳаловат қидириб сафар қилар экан, ҳаётни ўрганади. Халқ турмушини кузатар экан, кечинмаларини қуйидагича ифодалайди:
Халқни кўрдумки, ажаб дилрабо,
Ё раб, улар кўрмасун ҳаргиз бало.
Таъкидлаш керакки, иттифоқсизлик, ўзаро адовату нифоқ Залилий яшаган даврда Қашқарни «оқтоғлик» ва «қоратоғлик»дан иборат икки душман бўлукка айирди. Бунинг устига, Жўнгор қалмоқларини бошлаб келиб, тарихда икки юз йилга яқин салтанат юргизган Саидия уйғур хонлигини таназзулга учратди. Урушлар билан диний риёкорлик инқирознинг бош сабабларидан эди. Фикримизча, адабиёт тарихида Навоийдан сўнг шайх — зоҳидлар худбинлигини, улар аъмолидаги сохтакорлик ва риёни Залилийчалик фош этган бошқа шоирни топиш маҳол.
Мағрури намоз ўлмағил, эй зоҳиди худбин,
Деҳқон самандар қошида тўдаю хасдур…
Залилий хонақоҳи кўнглунг ичра арбаъин ўлтур,
Мажозий шайхларнинг суҳбати ужбу риё охир…
Залилий маснавий, рубоий ва мусамматларида ижтимоий масалалар, ҳаёт ҳодисаларига муносабатини фалсафий мушоҳадалар воситасида акс эттиради. Шоир ростгўйлик, вафодорликни оила, муҳаббат ва инсониятга алоқадор ахлоқий мезонлар сифатида гўзал ташбеҳлар билан тараннум қилади, анъанавий мавзулардан дидактик ҳаётий хулосалар ясайди:
Эгриликдин чаман ичра тикан,
Хор турур гарчи гул узра Ватан…
Ёр эмас дардманд бўлған чоғда санга ёр ўлмаса
Ким, йиқилганда тутуб илкинг мададкор ўлмаса.
Шарқ адабиётида Форобий ва Юсуф Хос Ҳожиб бошлаб берган «одил подшоҳ» ғоясини Навоий маромига еказган. Бу ғояни ўзига хос равишда давом эттирган Залилий бундай ёзади:
Шоҳ раиятга ситам қилмағай,
Бир нафас адлни кам қилмағай –
Бинобарин, Залилий лирикасининг умрбоқийлиги ва чуқур фалсафийлигини таъминлаган омиллардан бири ҳам адолат эди.
III
«Ўн икки мақом» — халқ мусиқий тафаккури ҳосиласи. Юзага келиш тарихи, мазмуни, шакли ва тузилиши билан ўзбек ва уйғур мақомлари ҳар жиҳатдан уйғун. «Ўзбек халқ мусиқаси»нинг[1] IV жилдида айрим мақомларининг қашқарча варианти берилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Уйғур мақомларинииг мумтоз қатори рок, чобият, мушовироқ чоргоҳ, панжгоҳ, ўзҳал, ажам, ушшоқ баёт, наво, сегоҳ ва ироқдан иборат бўлиб, жами 320 мусиқий оҳанг, 3127 мисра шеърдан тузилгандир. Уни бир кеча-кундуз давомида ижро этиш мумкин. Машраб бир шеърида мақом номларини зикр этиб қуйидагича ёзган:
Сеторим ториға жон риштасидин тор эшиб чолсам,
Анингки ноласидин бенавонинг кўнглини олсам.
«Баёт»и, дилбаримни ёдида чолсам паё-пайким,
Ки кўнглум бенаво бўлғонидин айлаб «Наво» чолсам.
Мақомларнинг атосини «Ҳусайний»у «Ажам» дерлар[2],
Булардин ҳам юқори пардайида «Панжгоҳ» чолсам.
Аролаб чолсам «Ушшоқ» у мақомни «Рок»ка еткузсам,
Ки ул шому саҳарларда «Мушовирок»ни ман чолсам,
Машраб бу ғазали орқали ўз даврида кенг тарқалган ўзбек ва уйғур мақомлари ҳақида маълумот берган.
Уйғур мумтоз мусиқасидаги «Ўн икки мақом» Ёркент хонлиги (1514—1680) даврида сараланган ва яхлит ҳолга келтирилган. Туркий адабиётнинг сара намуналари, айниқса, Навоийнинг 100 тача ғазали бу мақомларга солиб куйланган. «Ўн икки мақом»га ғазаллари киритилган шоирлар орасида Залилий алоҳида ўрин тутади. Шоир шеърларида най, уд, арғанун, қонун, чанг, рубоб ва ҳоказоларни тилга олган. Айниқса, арғанун ҳақида анча кўп тўхталган. Жумладан:
Чу қонуни муҳаббат устихоним пурсадо бўлди,
Раги аъзоларимдан apғанунғa тор бўлгайму?
Ёки яна бир ғазалида шоир бундай ёзади:
Мен навою, нолаи найдан ҳузури топмадим,
Арғануни мажлиси ушшоқ хуш оҳангдур.
Шоирнинг шеърлари билан яқиндан танишиш унинг мусиқага алоҳида муҳаббатидан, бу илмни теран билганидан далолат беради. Қуйидаги мисралар ҳам буни тасдиқлайди:
Haғмa билан тозадур жонлар,
Haғмa билан шод паришонлар,
Haғмa билан шаҳри жунун бўлди пур,
Узди миҳорини жунундан шуур,
Нағма билан руҳ гирифтори тан,
Haғмa билан қилди фаромуш ватан.
Қуйидаги мисралар ҳам Залилийнинг анъанавий уйғур мумтоз мақомларига муҳаббатидан далолат беради:
Мажлис ичига ўт солур пардаи “Ироқ”,
Машқ жунундин айлагач савти тараннуми “Ажам”,
Ажойиб мажлиси гарм ўлди бу дашти биёбонким,
Навою нолаи Мажнун билан оҳу кабоб эрди.
Уйғур мақомларига солиб қўшиқ қилинган лирик ғазаллар чуқур реализм руҳи билан суғорилган. Мақомларда кенг маънодаги яхшилик, гўзаллик, ватанпарварлик, адолат, ҳаётсеварлик, муҳаббат, севги алангасида ёнган инсон, унинг орзу-армонлари, курашлари, кечинмалари, вафо-садоқати сингари фалсафий-дидактик мазмунлар сеҳрли мусиқий кайфият билан ифодаланган. Бундан ташқари, бевафолик, нодонлик, зўравонлик, риёкорлик, ижтимоий ва шахс эркининг поймол қилинишига қарши норозилик каби туйғулар ҳам халқ мақомларининг мавзу ҳамда ғоявий мундарижасида ифодаланган. Бу маънода, мақомлардаги Залилий шеърлари Навоий, Машраб, Ҳувайдо ва Фузулий ғазалларига ҳамоҳангдир.
Залилий «Ироқ» мақоми мусиқаси билан айтилган ғазалида ишқни — маҳбубани қуйидагича улуғлаган:
Кирмагайман жаннат ул—маъвоға дилбар бўлмаса,
Эгни бирлан тушмагай дарёга гавҳар бўлмаса.
Таъкидлаш лозимки, Залилийнинг мақомларга солиб куйланган шеърларида ватан муҳаббати алоҳида ўрин тутади.
«Ўн икки маком»га солиб куйланган шеърларидан ҳам маълумки, шоир Муҳаммад Сиддиқ Залилий «Рўйи замин сайқали» деб аталган Самарқанд билан ислом қудратининг рамзи ҳисобланган Бухорога қанчалик ҳурмат бажо келтирса, ўзи яшаётган азиз маскан — Хўтанни шунчалик эъзозлаган.
Умуман, Шарқ мумтоз шеъриятининг бошқа вакиллари мероси қатори Муҳаммад Сиддиқ Залилий ижодининг машҳур «Ўн икки мақом» билан боғлиқ жиҳатларини янада теран тадқиқ этиш муҳим илмий хулосаларга олиб келади.
IV
Тарихдан маълумки, ўзбек — уйғур халқи қардош, қариндош ва тақдирдошдир. Водий билан қашқар орасидаги жуғрофий қўшничилик, икки миллат адабиётининг муштарак анъаналари ҳам бунинг далилидир. Машраб билан Залилий ижодидаги ҳамоҳанглик шундай хулоса чиқаришга асос беради.
Биз ўзбек-уйғур мумтоз адабиёти матнларини қиёслаб ўрганиш орқали буюк ўзбек шоири Бобораҳим Машраб девонидаги[3] айрим ғазаллар билан «Залилий девони»даги ғазалларда ўхшашлик, баъзан эса айнан уйғунлик мавжудлигини аниқладик. Бу асосан Залилийнинг Машрабга мухлис бўлгани, улуғ салафи ижодини ибрат билиб, маъно-мазмун ва вазн жиҳатдан ҳамоҳанг шеърлар ёзгани билан изоҳланади. Масалан, Муҳаммад Сиддиқ Залилий лирика ва достонларида тазмин санъатидан фойдаланиб, Машраб шеъриятига хос бўлган «Аршнинг кунгураси» иборасини тез-тез қўллаган.
Девондаги 40-ғазалида:
Чаманнинг гулларин, булбул, кўрубон чекмагил ҳасрат,
Қаландар машрабона риндининг тарзи кулоҳидур.
деб ёзган бўлса, 125-ғазалида:
Машраби оли умамнинг шеъри шаккарборидин,
Дона-дона ангубимни не жудо келтурмишам,—
байти орқали Залилий Машрабни пир-устоз тутганини таъкидлайди.
Машраб ва Залилий девонларидаги ғазал ва мухаммасларнинг қиёсий таҳлили уларда, айрим тафовутларни эътиборга олмаганда, бир-бирига айнан ўхшаш бир қанча шеърлар мавжудлигини кўрсатади. Қуйида айрим мисолларни келтириб ўтамиз (ўхшаш ва такрорланган ўринлар ажратиб кўрсатилди).
«Машраб девони«, 207-ғазал:
«Сани Лайлийи раънодек ажойиб дилрабо дерлар,
Мани Мажнуни шайдодек куйингда бир гадо дерлар.
Кеча-кундуз эшигингда фиғону нолалар қилсам,
Ки ҳарчанди наво қилсам, ҳанузам бенаво дерлар.
Бориб сўрдум табиблардин: «Бу дардимға даво борму?»
Алар айтурки: «Эй нодон, бу дардни бедаво дерлар!»
Боқибон ул пари кўз учидин юз ноз қилиб ўтти,
Руҳи чун ул маҳи тобонни анворул худо дерлар.
Тафарруж айлабон ногаҳ назар қилса гўристонға,
Қўпуб гўрдин ҳама одам, ҳама: «Во ҳасрато!» дерлар.
Қани Лайли, қани Мажнун, қани Ширин билан Фарҳод,
Алар ўтти бу оламдин, бу олам бевафо дерлар.
Итини хоки пойиники Машраб кўзига суртти,
Нидо келдики оламдин бу кўзга тўтиё дерлар.»
«Залилий девони»даги 52-ғазал Машраб ғазалига кўп жиҳатдан уйғун экани аён бўлади:
«Сени Лайлию раънодек ажойиб дилрабо дерлар,
Мани Мажнуни ҳайрондек кўйингда бир гадо дерлар.
Ажабдур эй шоҳи хубон кеча-кундуз эшигингда,
Ҳамиша ман наво қилсам дағи сан бенаво дерлар.
Боқибон эл сари, жоно, юзингдин бир ниқоб олсанг,
Руҳингки чун моҳи анвор тажаллийи Худо дерлар.
Табассум айлабон токи назар қилсанг гўристонға,
Қўпуб гўрдин бори мурда ҳама во ҳасрато, дерлар.
Машраб девонидаги 97-ғазал ва Залилий девонидаги 128-ғазал ҳақида ҳам худди шу фикрларни айтиш мумкин.
Залилий девонидаги
Қаландарман, жаҳонни тарк этиб қилдим сафар танҳо,
Чу семурғки парвоз айлагай беболу пар танҳо.
матлали 5-ғазалга шоирнинг ўзи мухаммас боғлаган[4]. «Машраб девони»нинг 491-саҳифасидаги мухаммас Залилий ғазалига ёзилган тахмис бўлиб чиққани ажабланарли ҳолдир. Бир вазнда, бир-бирига монанд қофияда, бир хил радиф ва мавзудаги муштарак мухаммаснинг дастлабки банди қуйидагича:
Зиҳи расволиғим оламга солди шўру шар танҳо,
Бўлибтур Нуҳ фулки ғавғоси зарра, алҳазар танҳо,
Нигорим бирла ман бир пираҳанда, халқ дер танҳо,
Қаландарман жаҳонни сайр этиб қилдим сафар танҳо,
Чу семурғки парвоз айлагай беболу пар танҳо.
Залилий мухаммаси 9 банддан таркиб топган бўлса, Машраб мухаммаси 8 банддан иборат.
Тахмис боғланган ғазалнинг сўнгти байтидаги озгина фарқни ҳисобга олмаганда, мухаммаслар таркибидаги ғазал байтларининг сўз ва мазмуни асосан ўхшаш. Ҳар икки мухаммас матни деярли бир-бирини такрорлайди.
Бундан ташқари, Машраб девонидаги 197-ғазал билан шоир тахмис боғлаган «Залилий девони»даги ғазал ҳам матн нуқтаи назаридан бир-бирига мутаносиб.
Демак, Залилий Машраб шеъриятининг ҳақиқий шайдоси ва мухлиси бўлган. У Машраб ижодидан таъсирланиб, ҳар жиҳатдан унинг ғазалларига ҳамоҳанг шеърлар ёзган. Бунинг биринчи сабаби маломатийларнинг зоҳидлик мактабларидан бўлган тасаввуфнинг қаландарлик фалсафасидаги маслакдошлиги бўлса, иккинчи сабаби, ҳар икки шоирнинг Қашқар муҳитида яшагани бўлса ажаб эмас. Бошқа тахминларга кўра, Машраб Қашқарда бўлган 1665 йиллари Залилий ҳали дунёга келмаган эди. Машраб қатл этилган. 1711 йили эса Залилий 35 ёшларда бўлиб, эҳтимол анча кекса ёшида шоҳ Машраб ёш шоир Залилий ғазалига мухаммас боғлагандир. Бу ҳол котибларнинг хатоси билдан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин…
Залилий ижоди борасида шуни ҳам айтиш мумкинки, шоир
замонасида шарқ мумтоз шеъриятининг улкан вакиллари қаторида танилган. «Тазкираи Қайюмий»да Пўлатхон домланинг ёзишича, Залилий девони ўша кезлари Фарғона шоирлари орасида севиб ўқилган ва Умархон саройигача етиб келган. Амир Умархон шоирнинг «Тайёр» радифли ғазалига (мазкур ғазал шоирнинг Пекинда нашр этилган девонига киритилмаган) тахмис боғлаган. Шоир жуда кучли ва хушоҳанг туркий шеърлар ёзган. Маҳмуд қори ва бошқа шоирлар ҳам Залилий ғазалига тахмис боғлаган, назира ва татаббу қилганлар. Пўлатхон домла яна қўлёзма баёзларда Залилийнинг кўплаб шеърлари учраши, қўлида шоирнинг ашъорларидан бир нечтаси борлиги ҳақида маълумот берган. Янада қимматли жиҳати, «Тазкираи Қайюмий» орқали шоирнинг девонига киритилмаган шеърлари билан ҳам танишиш мумкин. Адабиёт мухлислари эътиборига мазкур тазкира асосида Амирийнинг Залилий ғазалига боғлаган қуйидаги мухаммаси матнини келтиришни зарур деб билдик:
Ғамингдин эй пари рухсорки, жони нотавоним бор,
Қилурға ранги ҳижронинг қиличин қатра қоним бор,
Фироқинг боғида булбул каби минг достоним бор,
Юзунгни кўрмагач, эй гул узорим юз фиғоним бор,
Жаҳон боғида истарман сени, то танда жоним бор.
Туташти ишқ ўти кўнглим аро тадбир этолмайман,
Гули рухсори серобинг анга тасвир этолмайман,
Муҳаббат шарҳини жон ўртанур тақрир этолмайман,
Жунун мактубини мазмунини таҳрир этолмайман,
Эшитган халқ йиғлар шуълаи оҳи фиғоним бор.
Қадам қўйғон муҳаббат кўйига афсона бўлмасму?
Парилар бирла суҳбат айлаган девона бўлмасму?
Ёамин ёр истаган ағёрдин бегона бўлмасму?
Жунун шаҳри саросар оқибат вайрона бўлмасму?
Кўзин ёши чу дарё ҳар тараф оби равоним бор.
Амиро, манга ўхшаб ғамда муътод ўлмағил ҳаргиз,
Асири жилваи ул сарви озод ўлмағил ҳаргиз,
Мени маҳзун топиб, эй ишқ, жаллод ўлмағил ҳаргиз,
Йиқилди деб Залилийнинг адув шод ўлмағил ҳаргиз,
Мададкорим мени султон Сатуқи Буғрохоним бор.
Яна Амир Умархоннинг (1787—1822) суюкли хотини Моҳларойим Нодира (1792—1842) «Ўзбек халқ мусиқаси»нинг VII томига (91-бет) киритилган «Кет» радифли мухаммасининг мақтаъсида:
Кўп чўзма Залилий сўзларингни,
Ағёр билур ромузларингни,
Сурткил эшигига юзларингни,
Кел ишқ йўлида кўзларингни,
Эй Нодира, дур фишон этиб кет.
дея Залилий ғазалларини ўқиганига ишора қилади.
Хуллас, Пўлатхон домла Қайюмий таъбири билан айтганда, «жуда кучли хушоҳанг туркий шеърлар сўзламиш қашқарли шоир» Муҳаммад Сиддиқ Залилий лирик шеърлари билан XVIII аср уйғур шеъриятида анъанавий романтизм ва символизмдан фарқли ўлароқ реалистик моҳиятни гўзал бадиий шаклда ифодалади. Шеъриятга халқона ўйноқи оҳангларни олиб кирди. «Залилий лирикасини ўқир эканмиз, унинг ҳар бир шоир ҳаётида содир бўлган воқеаларнинг акс-садоси, муаллифнинг оғиp ички кечинмалари, бахтсиз севгиси ва рўёбга чиқмаган орзуларининг ифодаси сифатида ҳис қилинади» дея ёзади «Уйғур адабиёти классиклари» китоби муаллифи Усмон Маматохунов. Шоир бундай қайғули кайфиятини ўқувчига тўлиқ чизиб бериш учун бадиийликка хос шеърий санъатлардан «туркийзабон»лик билан эстетик таъсирчанликка мутаносиб гипербола ва литота, ташбеҳ, истиора, ҳарфий образ, шеърий таърих, сифатлаш, ружуъ ва мажоз сингари юқори даражали услубий воситалардан фойдаланди.
Шоир асарлари ўз даврида ва вафотидан кейин жуда кенг тарқалган эди. XIX асрда Тошкентда чоп этилган «Туҳфат ул- обидин», «Баёзи Муқимий», «Девони Маҳмуд қори», «Тазкирайи Қайюмий» каби баёз ва тазкираларга шоир асарлари ва у ҳақдаги талқинлар киритилган. Шарқ мумтоз шеъриятининг улкан вакилларидан бўлмиш Залилий ижодий меросини кенг тадқиқ этиш мутахассисларнинг галдаги вазифаларидандир.
Турсун Қурбон Туркаш, уйғур адабиётшуноси.
ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети тадқиқотчиси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2007 йил, 9-сон
——————-
[1] Ўзбек халқ мусиқаси, IV том. Тошкент. 1958, 260-бет.
[2] Абдушукур Муҳаммадамин. Уйғур классик мусиқаси. Ўн икки мақом. 1997. Урумчи. 367-бет.
[3] Жамолиддин Юсупов нашрга тайёрлаган ва 2006 йили Тошкентда чоп этилган нусхаси назарда тутилади.
[4] “Залилий девони”. 11-бет, мухаммас 387-бет.