«Бунчалар ширинсан, ҳаёт!»
Ўлмас Умарбековнинг асарларини ўқий туриб шундай деб ҳайқиргинг келади.
«Бунчалар бешафқатсан, ҳаёт!»
Ўлмас Умарбековнинг қалбида туғилиб, қоғозга кўчган асарларни ўқиб бўлгач, беихтиёр шундай деб юборгинг келади.
«Бунчалар маккорсан, ҳаёт!»
Ўлмас Умарбековнинг ҳаёт сўқмоқларида адашган қаҳрамонлари билан танишгач, «макр ва муҳаббатнинг илдизлари қайда экан?» деб ўйлай бошлайсан.
Ёзувчининг эллик йил муқаддам ёзган илк ҳикоясидан бошлаб то сўнгги сатрларигача – ҳамма-ҳаммасини оддий асар эмас, балки авлодларга васиятнома сифатида қабул қилмоқ дуруст. Ёзувчи ҳаёт ҳақидаги мулоҳазаларини ўнлаб қаҳрамонларининг тақдирини баён қилиш баҳонасида ўқувчи диққатига ҳавола этган.
Ўлмас Умарбеков қаламига мансуб асарларнинг қаҳрамонлари – турли феъл-атворга, турли тақдирга эга турли даврларнинг кишилари. Лекин адибнинг қалби уларни бир нурли нуқтада бирлаштириб туради. Бу қаҳрамонлар – эзгулик изловчилар, эзгулик истовчилар, соғинувчилар, зулм ёки бешафқатлик қаршисида бўйин эгмовчилар – буларнинг барча-барчаси ёзувчи юрагида туғилгандир. Ёзувчининг бу қаҳрамонлари худди ўзига ўхшайди, дейилса муболаға бўлмас. Ўлмас Умарбеков ҳамма қатори ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиган, хиёнатни, шафқатсизликни, мунофиқликни ҳам кўрган. Аммо бу каби иллатлар қаршисида ожиз қолмаган, яхшиликка ишонган, ҳақиқатга суянган эди. Эзгуликка, озод ҳаётга фақат тўғрилик йўли билан бормоқлик мумкин – Ўлмас Умарбековнинг барча асарларига ана шундай шиор муносиб.
Гулзорда ҳар бир гулнинг иси ўзгача бўлгани каби, адабиёт оламидаги ҳар бир адибнинг фақат ўзига хос овози мавжуддир. Тепасига адибнинг номлари ёзиб қўйилмаса ҳам бу ҳикояни ёки романни айнан Ўлмас Умарбеков ёзганлигини зукко китобхон дарров билади. Ўлмас ака ижодининг бошқалардан фарқлантириб турадиган жиҳати – самимийликда кўринади.
Ўлмас ака ҳаётда самимий бўлганлар, атрофдагиларга ишонганлар, одамларни тоифаларга, навларга ажратмаганлар. У кишининг энг севган сўзлари – «АЗИЗИМ» эди. Ўлмас ака ёқтирмаган, ғашларини келтирувчи одамга ҳам «азизим» деб мурожаат қилардилар. Бу хислатни асарларидаги қаҳрамонларига муносабатда ҳам кўрамиз. Ёзувчи ўзлари севган қаҳрамонларга ҳам, асардаги сериллат одамларга ҳам «азизим» деяётгандай туюлади. Ёзувчи ёмон одамга лаънат ёғдирмайди, нафратини баён қилавермайди, балки ёмонликнинг охир-оқибатини кўрсатиб қўя қолади. Ёзувчининг бундай асарларини ўқиган одам ҳаётдан безмайди, балки яхшиликка умид қилиб яшамоқ лозим экан, деган ҳақиқатни англаб етади.
Адабиётда турли йўналишлар мавжуд. Баъзилар бадиий асар ҳаётнинг бешафқатлигини қуюқ бўёқларда тасвир этмоғи керак, токи ўқувчи ўзини бу кўргуликларга тайёрласин, нохушликларга дуч келганда довдираб қолмасин, дейишади ва шу йўсинда ёзишади. Оқибатда ҳаётга муҳаббат ўрнига нафрат уйғотиб қўйишади. Шу ўринда адабиёт ўзининг асосий вазифасидан чекинади.
Яна бир йўналиш тарафдорлари «адабиётда энг муҳими – жиддий гап айтиш, долзарб муаммони кун тартибига қўйиш» деган талаб билан яшади. Оқибатда адабий асар қаҳрамонларининг оёқлари ердан узилди.
Яна бир тоифа ҳаётни танқид қилишга кўпроқ эътибор бериш тарафдори бўлди, оқибатда насрда ҳам, назмда ҳам асабий, бақироқ асарлар вужудга келди.
Бошқа бир тоифа эса рамзийлик билан мав-ҳумликни фарқламай, аралаштириб юборди. Асарларига одамлар тушунишмаса, «бу ерда ақлли гап бор, келажак авлод англайди», деб изоҳ беришди.
Бу йўналишларни рад этмай ёки пастга урмай, уларни изланишлар самараси деб баҳолаш мумкин. Ҳозирги авлодга, бизнингча, содда, равон ёзилган асарлар ёқади. Ўлмас Умарбеков асарларининг соддалиги, равонлиги жиддий масалаларни четлаб ўтиш ёки рад этиш эвазига эмас. Маълум ҳодисаларга нисбатан танқид йўқ, деб ҳам бўлмайди. Бу ерда гап баён этиш услубининг самимийлигида. «Ёр ёнганда», «Менинг ўғил бола жияним», «Ойнинг олтин ўроғи»ни эсласак, фикримиз ўз далилини топган бўлар.
«Фотима ва Зуҳра» романи ёзилганида Ўлмас ака оғир хаста эдилар. Шунга қарамай, қўлёзмани «Шарқ юлдузи» журнали таҳририятига ўзлари олиб келдилар. Нашрга тайёрладик. Дастлабки қисми эълон қилингач, журнални кўтариб, шифохонага бордим. Ўлмас ака гапиролмай қолгандилар. Аммо хасталик азобини, тушкунлик учқунини сира-сира сездирмасдилар. Лабларининг қимирлашидан «азизим» демоқчи эканликларини англаш мумкин эди. Асар билан табриклаганимдан сўнг дафтарчаларига бир нима ёзиб, узатдилар: «Раҳмат, энди асарни ҳимоя қиласизларми?» «Бу асар ҳимояга муҳтож эмас», дедим. Ёзув дафтари ёрдамида анча гаплашдик. Ёзмоқчи бўлган асарларидан ҳам сўз очдилар.
Ўлим ҳар куни, ҳар соат эшик қоқиб турган дамда ҳам ёзувчи ҳаётга муҳаббат ва ишонч билан яшарди. Бу каби саботли ва иродали одамлар ҳақида ёзилган асарларни жаҳон адабиётида кам учратамиз. Балки қачондир Ўлмас Умарбековнинг ҳаёти ҳам бирон асарга асос бўлар…
Мен Ўлмас аканинг «асарни ҳимоя қиласизларми?» деган ташвишларини кўп ўйлайман. Ўлмас аканинг дўстга ҳам, душманга ҳам самимий муносабатда бўлишлари замирида қалб оғриқлари мавжуд эканини энди-энди тушуниб етгандай бўламан. Ўлмас ака ҳаммага бирдай ишонар эдилар. Бу – юқори мақомдаги фазилат. Аммо айни чоқда шахснинг озми-кўпми фожиаси ҳам эди. Албатта, одамларга ишониб яшаган яхши, бироқ бу ишончни суиистеъмол қиладиганлар мавжуд экан, эҳтиёткорликни унутмаслик керак. Ўлмас акада шу эҳтиёткорлик йўқ эди. Бундан эзилган бўлишлари шубҳасиз, лекин буни бошқаларга сездирмаганлар.
Етмишинчи йиллар бошларида Ўлмас ака Ўзбекистон радиосида адабий-драматик эшиттиришлар таҳририятига бошлиқ эдилар. Бир куни қувониб келдилар: янги асарга сўнгги нуқта қўйибдилар. Эшитганлар табриклашди. Бир неча соатдан сўнг эса бу асар изсиз йўқолди. Кимдир хоналарига кириб, Ўлмас аканинг порт фелларини кўтариб чиқиб кетибди. Тасаввур қилинг-а: бир неча йиллик меҳнат йўқ бўлди. Атрофдагилар ташвишлана бошлашганда ҳам Ўлмас аканинг кўзларидаги мулойимлик ўзгармади. Воқеанинг катта шов-шувга айланишига йўл қўймадилар. «Фалончи олгандир» деган гумонларни ҳам рад этдилар. Бунинг ўрнига яна неча тунларни бедор ўтказиб, асарни қайтадан ёздилар.
Шуларни ўйлайман-у, «Қиёмат қарз»ни, «Шошма, қуёш»ни ёки «Фотима ва Зуҳра»ни биров эмас, балки айнан покиза, мард одамгина ёзиши мумкин эди, деган хулосага келаман.
Ёзувчи Ўлмас Умарбеков билан биринчи учрашувим кўп қатори, эълон қилинган асарлари орқали ғойибона тарзда бўлган эди. Таъкидлаш жоизки, Ўлмас ака дастлабки ҳикояларини эллигинчи йилларнинг бошларида ёзган эдилар. «Зиддиятсизлик назарияси» ҳали амалда бўлган пайтда адабиётга дастлабки қадамларини қўйган ёш ёзувчи бу назарияни қабул қилмади. Ўша даврда ёки ундан сал илгарироқ адабиётга кириб келган бир қатор ёзувчилар орасида бу назариядан узилиб чиқиб кета олмаганлар ҳам бўлди. Ўлмас ака бу назариянинг касаллигини ўзларига юқтирмаганликларининг боиси: у киши анъанавийликдан, яъни кўп киши босиб ўтган йўлдан юришни ёқтирмай, ўзларининг сўқмоқларини очишга ҳаракат қилар эдилар. Ўша «Ширинсой оқшомлари» дейсизми ёки «Бобоёнғоқ»ми, «Ҳаёт қўшиғи»ми… барчасида услубий янгиликка интилиш мавжуд эди.
Олтмиш тўққизинчи йилнинг куз ойларида радиода ишлаш ҳаваси билан Ўлмас акага учрашдим. Матбуотда уч-тўрт йил ишлаганим, беш-ўн ҳикоя эълон қилганим билан Ўлмас ака олдида мен ҳеч ким эмасдим. Келажакда қўлимдан бирон иш келиш-келмаслиги ҳам аниқ эмасди. Шунга қарамай, Ўлмас ака худди ўз тенгқурлари билан гаплашгандай суҳбатлашдилар. Гаплашганда ҳам бозордаги нарх-наволар эмас, адабиёт муаммолари бўйича фикр юритдилар. Адабиётга, хусусан, айрим асарларга бўлган муносабатим билан қизиқдилар. Саволлар мени синаш мақсадида берилмаган эди. Гап мароми худди икки ижодкор дўстнинг суҳбати каби эди. Бундан мен бироз хижолат ҳам бўлардим. Ўлмас ака хижолатлигимни сезиб, янада соддароқ тарзда гаплашмоққа уринардилар. Бир маҳал кутилмаганда:
–Ҳозирги замон романи қандай бўлиши керак ? – деб сўраб қолдилар. Ҳозир, ёшим эллик бешга етиб, ҳали ҳам роман ёзмаганлигим инобатга олинса, у дамда мазкур саволга тайинли жавоб бермоғимнинг нақадар мушкул бўлганини тасаввур этмоқ мумкин. Ўшанда Ўлмас аканинг ўзлари мени бу қийин аҳволдан қутқариб, янгича романга муносабатларини билдирдилар:
–Ҳозир ёстиқдай-ёстиқдай «семиз» китоблар ёзиш вақти эмас, бунақа китобларни ўқишга ҳозиргиларнинг тоқати етишмайди. Энди китобхонга ихчам, мағзи тўқ романлар керак. Тез ўқишсин, аммо кўпгина маъно дурларини теришсин…
Ўлмас аканинг ўшанда «Одам бўлиш қийин» деб номланган биринчи романларини ёзаётганларини кейинроқ билдим. Суҳбатдан бир неча ой ўтгач, ҳарбий хизматга чақирилдим. Хизматимнинг адоғига яқин дўстим Абдужалил Зокировдан бир китоб олдим. Қарасам, Ўлмас аканинг янги ки- тоблари. Ўзлари айтгандай, ихчам, ўзлари айтгандай, бош кўтармасдан бир зарбда ўқиб чиқиладиган асар, мағзи тўқ асар. Аскар йигитлар китобни қўлма-қўл ўқишди. Асар қаҳрамонларининг тақдири уларни бефарқ қолдирмади. Айниқса, Гулчеҳранинг тақдири севги ёшидаги аскар йигитларнинг дилини поралаб юборган эди.
Ўшанда Ўлмас ака роман ёзишлари билан икки томонлама синовга дуч келган эдилар: биринчиси – ўттиз беш ёшга кирган адиб ўша давр қаричи билан ўлчанганида «ёш ёзувчи» ҳисобланарди. «Ёш ёзувчи»нинг эса роман ёзиши кўпчиликка ғалати туюларди. У дамда ёш ёзувчиларнинг «романчилик довонини» ошиб ўтмоқлари осон эмасди. Чунки роман ёзган адиб энди етук ижодкорлар сафига ўтарди. Иккинчиси – «ёш ёзувчи» ёзган романнинг ҳажми кичик. Бошқаларники каби «семиз» эмас. Бошқалар каби синалган йўлдан юрмаган.
Романдаги баён услубининг равонлиги, қаҳрамонлар руҳиятининг атрофлича таҳлил этилганлиги, ҳаёт фалсафасининг теран акс эттирилиши ҳар икки синовдан муваффақиятли ўтишни таъминлаган.
Ўлмас ака фақат ижодда эмас, хизматда ҳам ранг-барангликка интилар эдилар. Радиода то ҳозиргача давом этиб келаётган «Табассум», «Дугоналар», «Гулшан» каби радиожурналларнинг пайдо бўлишида у кишининг ҳам хизматлари бор. Ўлмас ака радиода ишлаганларида таҳририят адабиёт дарсхонасига ўхшаб кетарди. Ёзувчилар, актёрлар кўп келишарди, ишлари битгач, дарров изларига қайтмай, таҳририят хонасида гурунг қилишарди. Бирон эшиттириш тайёрлаш лозим бўлганида у киши бошлиқ сифатида бирор ходимни ҳузурларига чақиртириб «фалон ишни қилинг», деб буюрмасдилар. Балки ўзлари муҳаррирлар ҳузурига чиқиб, гурунглашиб ўтириб «Шундай эшиттириш қилсак, қандай бўларкан?» деб вазифа юкланаётган одамга қараб қўярдилар. Буйруқ таклиф тарзида берилибгина қолмай, маслаҳат, йўл-йўриқ ҳам кўрсатиларди.
«Ўзбекфилм»ни бошқарган пайтларида ўзбек киносига миллий руҳ беришга анча уриндилар. Ёзувчиларни ўзбек тилида сценарий ёзишга жалб этиш мақсадида махсус «сценарий студияси» ташкил этдилар. Ёзувчиларга маош ҳам тайин этдилар. Аммо ёзувчилар бу рағбатга бефарқ қараганлари сабабли студия деярли ижобий самара, ижодий мева бермади. Ўзбек киноси билан хориж киноси усталарининг биргаликдаги ҳамкорлигида ҳам Ўлмас аканинг ҳиссалари бор. Ҳиндистон киночилари билан биргаликда ишланган «Алибобо ва қирқ қароқчи», Югославия киночилари билан ҳамкорлик шулар жумласига киради. Ёзувчилар уюшмасида ишлаганларида ҳам устоз ёзувчиларнинг маҳорат мактабларини очишга уриндилар.
Дунёда тасодифлар кўп бўлади. Шулардан бири – Ўлмас ака 1934 йилда, улуғ шоир, аллома, сиёсий арбоб, дипломат, ўзбек театрининг асосчиси Абдулла Авлоний вафот этган йили туғилганлар. Миробод маҳалласида Абдулла Авлоний асос солган мактабда ўқиганлар. Худди устоз каби ўзбек драматургиясига хизмат қилдилар.
Ўлмас аканинг болаликлари оғир уруш йилларига, ноҳақлик авжга чиққан замонларга тўғри келган. Бир бурда нонга муҳтожлик, айрилиқлар, мотамлар… буларнинг барчасини кўрди.
Дунёни чархпалак дейдилар. Чиндан ҳам кўп воқеалар орадан йиллар ўтиб янги шаклда, кўринишда такрорланади. Сталин даври ваҳшати саксонинчи йилларда Ўзбекистонда қайта тирилди. Ўрмонга ўт кетгандай бўлиб, ҳўлу қуруқ баравар ёнди, гуноҳкору бегуноҳларни баравар қамадилар. Бу аянчли тадбирга ёзувчилардан биринчи бўлиб Ўлмас Умарбеков муносабат билдирдилар. Билдирганда ҳам замонни холис тарзда таҳлил қилдилар.
Ўлмас Умарбековнинг ҳикояларида ўз фарзандига меҳри баланд оналарни тез-тез учратамиз. Бироқ уларни бир-бирларига ўхшатиш мумкин эмас. Уларнинг ҳар бирлари фарзандларини ўзларича қадрлайдилар…
Ўлмас аканинг барча асарларида кексаларнинг ички дунёси алоҳида маҳорат билан акс эттирилган. Кексалар – дунёни ташлаб кетишга тайёрланаётган одамлар – авлодларига нималарни қолдиришяпти? Уларнинг қандай армонлари бор, умидлари қандай? Ғуломқодир ота («Бобоёнғоқ») қишлоқнинг янгиланишига қарши эмас, аммо ўтмишдан ёдгорлик дарахтни кўзи қиймайди. Бобоёнғоқ – ўтмиш қадриятлари тимсоли. Уни кесиш ўзига хос фожиа. Ғуломқодир ота билан набира – ўтмиш ва эртанинг боғлиқлигини акс эттирувчи бир тимсол. Сулаймон отанинг тақдирига бефарқ қарамайдиган биродарлари Холпаранг билан Ҳакимбек оталар («Марусия холанинг милтиғи»), уруш йиллари танкнинг кескин бурилиши натижасида уйининг бир чети шикастланган аёлни қидириб борган Низомиддин ака («Сўнгги сафар»), урушга кетган Ҳайдаралининг қўйларини боқиб, кўпайтириб, энди ўз эгасига топшириш илинжида яшаётган Сулаймон ота («Қиёмат қарз») —булар бетакрор одамлардир! Бу соддалик, бу тўғрилик ҳамма халқларда ҳам айнан шундаймасдир. Шунинг учун ҳам ўзга адабиётларда бундай образларни кам учратамиз.
Ўлмас аканинг ижодларига хос яна бир нарса – номус, ҳаё, иффат масалалари турли образлар ёрдамида турлича ечилади. Гулчеҳра («Одам бўлиш қийин»), профессор Сабоҳат Қодирова (“Ота ва ўғил”), Ўғилой («Менинг Ўғил бола жияним»)нинг тақдирларида номус борасида озгина ўхшашлик бордай. Уларга нисбатан ота-оналарининг муносабатлари ҳам турлича. Санобарни ота-онаси, қариндошлари сира-сира кечиришмайди. Ҳолбуки, унинг номуси ўзининг хоҳиши билан топталмаган эди. Ўғилойни эса ота-оналари кечиришади. Ҳатто унинг эрини қидириб, Покистонга бориши учун отаси машинасини сотиб, пулини беради.
Бу каби асарларни бирлаштирувчи яна бир ғоя – ота-она дуосини олмаслик барибир яхшилик билан тугамайди, деган ҳақиқатдир.
Ўлмас аканинг сўнгги ҳикоялари – ёзувчининг васиятлари ҳам ўқувчини покликка, тўғри яшамоқликка ундайди. Нопоклик оқибатидан огоҳлантиради. Ўлмас ака сўнгги нафасларида ҳам қаламга хиёнат қилмадилар. Юраклари тўхтагунга қадар ҳам одамларга яхшиликни истадилар. Сўнгги нафасгача одамларни севиб яшадилар. Шу жиҳатдан қараганда, Ўлмас ака ўзларини ўқитган, тарбия қилган, тўйдирган Она-Ватан, Она халқ олдидаги бурчларини садоқат билан адо этдилар. Ёзган асарларидан келиб чиқиб айтсак, қиёмат қарзларини тўлаб кетдилар.
Инсон покиза меҳнати билан улуғ, инсон покиза номи билан мангу яшайди. Булоқ суви ерга синггани билан йўқ бўлиб кетмайди. У дарахт шохларида тотли мева бўлиб пишади, кўкатлар орасида гул бўлиб очилади… Зеро, умрбоқий асарлар муаллифининг умри ҳам боқийдир.
Ўлмас ака олтмиш ёшга тўлган кунлари у кишига бир тасбеҳ совға қилдим-да, Маккаи мукаррамадан олиб келинганини айтдим. Ўшанда Ўлмас аканинг кўзлари шодликдан худди ёш бола каби чақнаб кетди. Тасбеҳни ўпдилар – худди Каъбада ҳажарул-асвадни – жаннатнинг қора тошини ўпган каби… Тасбеҳни димоқларига тутдилар– худди жаннат ҳавосидан тўйиб нафас олган каби…
Ўлмас аканинг меҳнатларини қадрлаш, покиза умр кечирган у зотни дуо қилиб ўтмоқ – бизга энди қиёмат қарз.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 6-сонидан олинди.