Ҳар ким ҳам хотира ёзолмайди ёки ёзганда ҳам қизиқ, яъни эътиборга лойиқ ҳамда ҳаққоний чиқара олмайди. Хотира онг-шуурнинг жавҳари, инсон иштирокчи ва гувоҳ бўлган сон-саноқсиз воқеалардан ёдда муҳрланиб қоладиган нурли нуқталардир. Илмий тил билан айтганда, хотира – муайян мақсад ва ғоя асосида қайта ҳосил қилинган, қайта тикланган воқеликдир.
Буюк рус адиби А. И. Герцен ўзининг эсдаликларини “Кечмиш ва ўйлар” деб атаган эдики, бунда хотиранависликнинг азалий қонуниятларидан бири акс этади. Кечмишни эслаш, хотирлаш, тафаккур қилиш билан бирга кечади. Тафаккур қилмайдиган одам хотира ёзолмайди ёки у ёзган хотира қиймати арзимас бўлади. Бир ҳолда хотира муайян фикрни уйғотса, бошқа ўринда муайян фикр эснинг бир пучмоғида ҳаракатсиз ётган хотирани тиклаб, тирилтириб юборади. Хотирланаётган одамни худди кўргандек бўласиз. “Хотирами, энди бизга энг ширин дийдор?” (Б. Назаров, Сабргул).
Хотира одатда ёш улғайганда ёзилади. Ўтган умрни сарҳисоб қилиш, кўрган, мулоқотга киришган одамлар қиёфасини қайта тиклаш эҳтиёжи, давъати одатда нуроний одам кўнглида туғилади. Зеро узоқ яшаш, кўпни кўриш ҳам Яратганнинг неъматидир.
Академик Матёқуб Қўшжонов умрининг сўнгги йигирма йилида бутун бир хотиранома яратди. Булар – “Дагиш” ўзи туғилиб ўсган юрт одамлари, ўзи гувоҳ бўлган тарихий давр ҳақида, “Алам” Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, қонли ва шонли дамлари ҳақида, “Дийдор” пойтахтга келиб, ижтимоий ҳаётга шўнғиган пайтлари ўзи учрашган, суҳбатлашган, бирга ишлашган ва халқимиз ҳаётида муайян нурли из қолдирган устоз ва ҳамкасб, ҳамкор замондошлари ҳақида. Ушбу уч асарни ўзига хос мемуар-трилогия дейиш мумкинки, унда Олим ва Адибнинг болаликдан то нуроний кексаликгача бўлган бутун ҳаёти қамраб олинган. Буларнинг ёнида ўзи узоқ йиллар самарали раҳбарлик қилган Ўз ФА Тил ва адабиёт институти (ҳозир ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти)га бағишланган ва муаллиф вафотидан кейин нашр этилган “Армон” китоби ва ҳозир нашрга тайёрланаётган уруш эсдаликларини қўшсак, йирик адабиётшунос олим ёнига йирик хотиранавис адиб қўшилажагига гувоҳ бўламиз.
Мумтоз адабиётимизга оид луғатда хотира сўзининг ўзаги бўлмиш “хотир” сўзига шундай изоҳ берилади: “1. ўй, фикр, хаёл; эс. 2. кўнгил” (Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат. Т., 1953. 378-бет). Биз “хотира” сўзини эслаш, ёдга олиш каби маъноларда ишлатганимиз билан, унинг тагзамирида юқорида саналган маънолар ғайришуурий тарзда ишлаб турган бўлади. Хотира, хотирлаш – ўйлаш, фикрлаш, хаёл суриш демакдир, ўтган-кетганни эслаш демакдир. Буларнинг барчаси воқе бўладиган жой эса кўнгилдир. Мана бизга хотира замирини, қонуниятини очгувчи калит.
Хотира битаётган одам бировни эслаганда нимани эслайди-ю нимани қоғозга туширади – бу энди унинг кўнглида, қалбида жаъм бўлган илм ва муҳаббатга боғлиқ. Бу айрича муҳаббат, авлиё шоир бобомиз айтганидек, “Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо, Муҳаббатсиз кишидан қоч, Ҳувайдо”.
Ёзувда муҳрланган хотира хотиранавис қаршисида қўйилган кўзгу кабидир, у нимани эслайди-ю, қай тахлит қоғозга туширади – бари ушбу кўзгуда аён кўриниб туради.
Матёқуб Қўшжонов ўзининг “Дийдор: Улуғлар билан ўтган онларим…” китобига кирган Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев ҳақидаги “Асрларни пайваста қилган мусаввир” ёдномасини ёзар экан, ҳаётий ҳолатдан келиб чиқиб бир усул қўллайди. Асарда ёзилишича, рассом, олим ва жамоат арбоби бўлган М. Қўшжонов ўзининг портретини чизиш жараёнида бир неча кун қатнаб, мусаввир учун натурачи бўлиб турган. Одатда рассом қиёфа чизар экан, қаршисида турган одамни синчков кузатган ҳолда ишлайди, яъни кузатиш бир томонлама йўналишда – рассомдан натурачига, лекин бу ерда, яъни хотирада кузатиш йўналиши қўштомонлама – рассом натурачини, натурачи рассомни кузатади.
Хотиранавис рассомнинг чизиш пайтидаги ҳолатини тасвирлаш қийин, деса-да, шунга уринади:
“Қўлида мўйқалам, гоҳ олға босиб, гоҳ орқага тисарилиб, тўхтовсиз ишлаётган рассом бир зум ҳайкалдек қотиб қолди, портрет томон йўналган қўл мўйқалам ушлаганча муаллақ тўхтади. Шиддат билан гоҳ менга, гоҳ портретга тикиладиган ўткир кўзлари маъюсланиб, мужмал ҳолатда жонсизланиб қолгандай бўлди. У энди мен икки-уч ой давомида кузатган моҳир рассом эмас, касб-кори номаълум бир кимса қиёфасида эди” (“Дийдор: Улуғлар билан кечган онларим…”, Т.: Шарқ, 2004. 22-бет. Бундан кейинги ўринларда фақат китобнинг қисқа номи ва саҳифалари кўрсатилади).
Бу ҳам портрет, фақат мойбўёқ билан эмас, сўз билан чизилган портрет, холос.
Бу анчайин ноёб ҳолат – чунки ҳамма натурачилар ҳам ўзини чизган рассом ҳақида ёзавермайдилар – асар, яъни хотирага ўзгача руҳ бағишлаб, уни ўзига хос бадиий ҳодисага айлантиради. Айтмоқ жоизки, бизда ҳали хотирани бадиий асар сифатида (хотира асосида ёзилган бадиий асарлар, С. Айнийнинг “Эсдаликлар”, Ойбекнинг “Болалик” каби асарлари бундан мустасно, албатта) баҳолаш ҳозирча урф бўлган эмас. Лекин адабиётимизда яратилган талай хотиралар борки, улар бемалол бадиий асар сифатида баҳоланиши мумкин. Жумладан, Матёқуб Қўшжоновнинг бир қатор хотиралари ҳам.
Яна мусаввир ҳақидаги хотираларга қайтсак. Хотиранавис ўз жабҳаси шахсига назар ташлайди. Унинг ўзига хослиги ёдловчи қалбида завқ-шавқ уйғотади, зеро ғайриоддийлик, фавқулоддалик чинакам истеъдод белгиси эмасми? Бинобарин мусаввир гап-сўзи билан ўзини-ўзи тавсиф этади.
“– Мен ўзимга нисбатан бешафқат одамман, – дейди у доим.
Дарҳақиқат, у ўзида қанчалик фазилат кўрса, шунча камчилик ҳам кўради ва бу ҳақда ошкор айтишдан тортинмайди. Ҳатто шу хусусияти билан фахрланади” (“Дийдор…”, 15-бет).
Мустабид тузум давридаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидовга бағишланган “Сўнгги имзо” хотирасида эрк ҳақида, аниқроғи марказга қарам республиканинг олий раҳбари эрки ҳақида чуқур ва ғамли мулоҳазалар мавжуд, булар аниқ учрашувларда туғилганлиги, ишончлилиги боис айрича қийматга эга. Аввал ўзбек насрининг мумтоз намунаси Гулханий бобонинг “Зарбулмасал” асаридаги “Туя билан бўталоқ” масалидан тўрт мисра келтирилади:
Айди онаси боласига боқиб,
Кўзларининг ёшлари сувдек оқиб.
– Кўрки, бурундуқ кишининг қўлида,
Бу кишининг кўзлари ўз йўлида…
Бу гапнинг Шароф Рашидовга қандай алоқаси бор, дерсиз. Бўлганда қандоқ. Гап шундаки, М. Қўшжонов Тил ва адабиёт институтига директор бўлган кезларда илмий ташкилотни кетма-кет комиссиялар босиб, хотиржам ишлашга йўл қўйишмасди. Ҳозир ўйлайдиган бўлсак, ўша пайтлари Мустақилликдан ўн йилча илгари истиқлол адабий мафкураси учун кураш бошланган ва бу кураш марказида республика адабиётшунослигининг етакчи даргоҳи раҳбари Матёқуб Қўшжонов турган экан. Ўзимиздан чиққан мафкурачи олим ва олимчалар институт фаолиятига муттасил қаршилик кўрсатишар, тоталитаризмнинг синфийлик ва партиявийлик ақидаларини рўкач қилиб, диний-мистик дея қораланган авлиё боболаримиз, жадид адибларимизни, Чўлпон ва Фитрат ижодларини ўрганиш, тадқиқ этишни қоралаб илмий жамоа бошига айблов тошларини ёғдиришди. Бу тошлар эса биринчи навбатда раҳбар бошига ёғиларди. Масаланинг ечими охир-оқибат Марказком ихтиёрида, Шароф Рашидов қўлида бўларди.
Шу тариқа биз у кишини республика олий раҳбари қабулида кўрамиз.
“– Йўқ! – деди биринчи раҳбар қатъий оҳангда. – Ишлайсиз, ишни биласиз!
Унинг сўзлари қатъий эди. Уларда қарийб буйруқ маъноси мужассам этилганди… Олий раҳбар оҳангни бироз паст олиб:
– Эҳтиёт бўлиб ишланг! – деб қўшиб қўйди” (“Дийдор…”, 153-бет).
Айни шу ерда, балки хотиранинг кулминацион нуқтаси бўлган гап айтилади ва бу гап расмий идора муҳитига инсоний оҳанг, қандайдир мунг олиб киради:
“Шароф Рашидов бармоқлари билан столни секин бир неча бор чертиб туриб, ўткир назарини менга қадади-да:
– Бу ер дўзах, осон эмас бу ерда ўтириш, – деди.
Охирги сўзнинг оҳанги паст эди, қарийб эшитилар-эшитилмас қулоғимга чалинди. Тўғрисини айтсам, шу пайт олий раҳбарга раҳмим келди. Яна бурундуқ эсга тушди” (“Дийдор…”, 153-бет).
Оҳанги баланд бўлса, марказ ўрнатган овозёзғич ускуналар қайд этиб қўяр, бунинг учун ҳам ҳисоб бериш керак эди. Буни, табиийки, Шароф Рашидов яхши биларди.
Худди шунга ўхшаш гапни мен домлам, яъни М. Қўшжоновдан эшитган, уни “Домла” номли хотира-мақоламда келтирган эдим. Шароф Рашидов Тил ва адабиёт институтига ташриф буюрганда ходимлар маош оладиган касса туйнугига ўрнатилган темир панжарани кўриб… “Мен ҳам эътибор қилмаган эканман, – деди Домла, – Рашидов директор хонасидан чиқиб, коридор бўйлаб бир-икки қадам ташлар экан, секин менга ўгирилиб: “Матёқуб, шу панжарани олдириб ташланг” деди синиқ овозда. Домла бу ҳақда эслар экан, собиқ иттифоқ таркибидаги Ўзбекистон раҳбарининг айни синиқ овозидан таъсирлангани сезиларди” (Матёқуб Қўшжонов замондошлари хотирасида. Т., 2012. 182-бет).
Бурундуқ ва темир панжара. Булар ўша мустабид даврнинг симиотик рамзлари эмасми?
“Уйғоқ виждон” деб номланган хотира-мақола эллик ёшга етар-етмас жувонмарг этилган жаҳонга машҳур маъданшунос олим, ўша пайтда Ўзбекистон Фанлар академиясининг президенти Ҳабиб Абдуллаев ҳақида. Муаллиф шифохонада даволанаётган олимни Абдулла Қаҳҳор билан бирга бориб кўришганини хотирлаб, машҳур ёзувчининг “Бу кунлар ҳам ўтар, ҳеч бир империя етмиш йилдан ошмаган” гапини келтиради. Айтиш жоизки, бу гап 1961 йилда айтилмоқда ва у пайтда “империя” деб аталган Совет Иттифоқи оёғида мустаҳкам турган, жаҳоннинг икки супердавлатидан бири, мустабид мафкуранинг ҳам ҳали қиличи қинида эди. Емирилишини-ку қўя туринг, уни “империя” деб аташнинг ўзи ўта хавфли гап эди. Биз бу ерда Абдулла Қаҳҳор жасорати ва башоратига қойил қоламизми ёки биз ҳам, хотиранавис ҳам билмайдиган бошқа бир гап борми? Нима бўлганда ҳам, муаллиф ёзади:
“Абдулла ака империяни тарқаб кетиши ҳақидаги фикрни билдирганида Ҳабиб Абдуллаевнинг ҳолатини кузатдим. Назаримда, у бироз сергаклангандек бўлди… Мен учун ҳар бир жиҳати янгилик ва муҳим бўлган суҳбат қизигандан-қизиди. Гап айланиб, республикамиздаги аҳвол, унинг бойликларидан халқ тўла фойдаланмаётгани, зиёлилардаги эрксизлик масалаларига кўчди” (“Дийдор…”, 46-бет).
Бундай сиёсий жиҳатдан ўта қалтис гаплар икки йирик арбоб ва муаллиф иштирокидаги қизғин суҳбатда айтилар экан, бунда, вақт ва замон босими эътиборга олинмаётгандай, назар-писанд қилинмаётгандай туюлмоқда. Шу боис хотира сўнгидаги муаллиф “Бироқ собиқ Иттифоқ даврида уч-тўрт хонали оддийгина далаҳовли довруғи бутун дунёга ёйилган олимнинг умрига зомин бўлганини эслаб, эзиласан киши” (“Дийдор…”, 47-бет) деб ёзар экан, энди биз “оддийгина далаҳовли” шунчаки бир баҳона, асл сабаб эса улуғ олимнинг ватанпарварлик – миллатпарварлик фаолияти ва юқоридаги каби “махфий суҳбатлар”да (“Дийдор…”, 200-бет) иштирок этгани-ю, унда ўйлаб-ўйламай айтган ва эшитган гаплари бўлса ажаб эмас, деб ўйлаймиз.
Академик Матёқуб Қўшжоновнинг хотиранавислик ижодига тўхталар эканмиз, асосан, у кишининг “Дийдор…” китобига кирган айрим хотираларига тўхталдик. Маълумки, бу китобда муаллиф умр йўлида учраган, дийдорлашган, мулоқотга киришган машҳур сиймолар ҳақида хотира қаламини тебратган (китобнинг иккинчи сарлавҳаси бежиз “…Улуғлар билан ўтган онларим” эмас). Ҳар бир хотира марказида муайян бир сиймо туради, улар мисолида ўзбек давлатчилиги, илм-фан, санъат ва адабиётининг ўзига хос солномаси яратилади гўё.
Домланинг шогирди ва ҳамюрти профессор Каримбой Қуронбоев унинг хотира китоблари ҳақида шундай ёзади: “Китобларнинг ҳаммаси ҳам тажрибали бир адиб қаламидан чиққандек таассурот қолдиради… Бадиият қонуниятларини кашф этган назариётчи бир мунаққиднинг бадиий асарлар яратиш бобида ҳам кўпчиликнинг ҳурматини қозониши адабий жараёнда камдан-кам учрайдиган ҳодиса” (Матёқуб Қўшжонов замондошлари хотирасида, 255-бет).
“Дагиш” эсдалик китоби ҳақида махсус мақола ёзган профессор Баҳодир Саримсоқов асарга юқори баҳо берар экан, шу ерда мемуар адабиёти ҳақида самарали бир фикрни олға суради: “Нега мемуарларни, таниқли кишиларнинг ёзишмаларини ўқиш мароқли? Чунки мемуар орқали унинг ҳаёт йўли ўрганилади. Инсонни ўрганиш эса, ҳеч қачон зерикарли ва ортиқча машғулот бўлмайди. Турли-туман измларга эргашиб, зерикарли роман ва қиссалар ёзгандан кўра жозибали кичик эсдаликлар яратиш қизиқарли ва аҳамиятлидир” (Ўша китоб, 261–262-бетлар). Хулосада олим “Дагиш” китобини ўзбек мемуар адабиётининг ютуғи, деб баҳолайди.
Тўғри, академик Матёқуб Қўшжонов биринчи навбатда йирик назариётчи олим ва мунаққид. Шу билан бирга ул зот йирик хотиранавис адиб ҳам. Ишонамизки, аллома мерос қилиб қолдирган хотира китоблари мамлакатимиз ва маънавиятимиз ривожини ёритишда ноёб тарихий ҳужжат каби асқотади шу билан бирга ўқувчига ҳам бадиий-эстетик, ҳам ахборий завқ беради.
«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 7-сон