Метафора мураккаб, аниқроғи, қисқарган ўхшатишдир. Унда икки нарса-ҳодисанинг қиёси янада интенсивроқ, янада қизиқарлироқдир. Метафора ўхшашлик асосида юзага келган эса-да, айрим жиҳатлари билан ўхшатишдан фарқ қилади. Хусусан, “ўхшатишда ҳамма вақт икки ёки уч компонент иштирок этиб, у хоҳлаганча кенгайиши мумкин бўлса, метафорада кўчма маъно ташувчи бир компонентгина иштирок этади”. (Ҳотамом Н., Саримсоқов Б. Адабиётшунослик терминларининг русча-ўзбекча изоҳли луғати. 308-бет).
Қизиғи шундаки, метафорада нарса ёки унинг маънолари нафақат ўхшашлик, балки зидлик асосида ҳам муқоясага киришади. Зидлик ўхшашлик билан бир қаторда метафорани юзага келтирувчи омиллардан бири ҳисобланади. Ушбу жиҳати билан ҳам метафора қиёсий адабиётшунослик принципларига яқин келади.
Биз қуйида атоқли шоира Зулфия шеъриятининг образлар системасига бир қур назар ташлаймиз. Бунда адабиётшуносликда деярли ўрганилмаган “Қўшиқ” шеърига эътибор қаратамиз.
“Мен… ҳар бир шеър учун, агар таъбир жоиз бўлса, ўзига яраша истиоралар микроиқлимини яратиб, уни мавзунинг шу шеърдаги йўналиши, шу шеърдаги ҳиссий кайфият билан боғлашга интилган эдим”. Бу Зулфиянинг шоир ва таржимон Александр Наумов билан қилган суҳбатида айтган фикрлари.
Ушбу иқтибосдаги таянч тушунчалар: “истиоралар микроиқлими” ва “шеърдаги ҳиссий кайфият” нуқтаи назаридан “Қўшиқ” шеърига назар ташласак. Шеър халқимизнинг қилқалам рассоми Чингиз Аҳмаровга бағишланган бўлиб, ушбу зот ижоди тимсолида буюк ва суюк мусаввирнинг қуйма поэтик образи яратилган.
Шеър поэтик ритм жиҳатидан бир-биридан фарқланувчи икки қисмдан иборат. Дастлабки уч банд “Гўзаллик ҳақида шеър ёзиш мушкул” деб бошланиб, бунда соҳир бўёқлар қаршисида ҳайратда қолган шоира ўз ожизлигини ошкора тан олади: “Қўймади ёзмоққа журъат қилгали, Сиздаги маҳорат, ёниқ мўйқалам!..”. Лекин бу ижодий курашга чоғланган куч ожизлигидир.
Бу қисм шеърга кириш, яъни поэтик ахборот. Унинг вазифаси тайин: у шеърхонни кўтарилажак шеърий юксакликка тайёрлайди. Шеърнинг асл вужуди тўртинчи банддан бошланади. Шеърнинг ритми ҳам тамом ўзгаради:
Бугун ҳам қўшиққа сололмай ҳалакман,
Афтидан жодули Сиз қайда, мен қайда.
Заковат сеҳридан бир масту аластман,
Туйғусиз тош дил ҳам кайф топар бу майдан.
Кетди… Бу ёғи суюк мусаввир чизган суратларнинг сўздаги суратлари чизила боради. Шу ердаги “Сиз қайда. Мен қайда” шеърнинг лейтмотиви бўлиб, у сал ўзгарган шаклда уч бор қайталанади ва шеърнинг алоҳида иқлими, микроиқлимини яратади.
“Сиз қайда, мен (биз) қайда” асар лейтмотиви сифатида ва ундаги қиёс принципи “Қўшиқ” шеърининг структур ва семантик қиёфасини белгилайди, ҳатто бошқаради. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, шеър ялпи қиёс асосида бунёд этилган.
Энди шеърдаги айрим мисра ва бандларни, рангтасвир суратга боққандек, кузатамиз:
Шафтоли ёноқда қотган ёш дўлини,
Қайноқ бир сукутда меҳрли киприк-ла тарайман.
Муаззам шеър, қўшиқ шундай якунланади:
Тасанно, маҳлиё, ташаккур сўзларин ёзишга нур билан
О, суюк мусаввир –
Биздайин камина мухлисда куч қайда,
Сиз қайда!?
Шеърдаги субъект (шоира) ва объект (суратлар ва мусаввир) орасидаги кўзқараш муносабатига разм солсак, бу пастдан тепага — Сиз қайда, мен ёки биз қайда — йўналганини кўрамиз. Бунинг устига, сурат баландда, томошабин пастда бўлади, одатда. Бу йўналиш шеър охиригача шундай қолгандек туюлади. Аммо бу ёлғон тасаввур. Муаллифнинг бадиий нияти шундай поэтик ёлғонга асосланган. Лекин шеър тугаб, бироз тин олингач поэтик эврилиш, метаморфоза содир бўлади ва энди Сиз ва мен (биз) тенглашади; ҳар иккаласи юксак маснадга, суюк мусаввир маснадига кўтарилишади. Мардона камтарлик билан поэтик виқор бирлашиб, асарда олиймақом салобат, байрамона кайфиятни устувор қилади.
Аксар шоирлар шеър орқали фикр юритишга интилишади. Зулфия фикр юритмайди, унинг шеъриятида донишмандона фикрлар деярли йўқ. Шоира фикрга бефарқдек, уни четлаб ўтаётгандек туюлади. У ҳиссий манзаралар чизади, тизади, уларга ўз ички, интим муносабатини билдиради.
Зулфия шеърияти поэтикасини ўрганиш қийинлиги балки шундандир.
Юқорида тилга олганимиз суҳбатда шоира дейди: “Аммо, иккинчи томондан, шеърият шунчаки сўзлардан тузиладиган тўрт амал, арифметика эмаслигини, шеърий алжабр — образлилик (таъкид бизники — С.М.) унинг негизини ташкил этишини йиллар ўтган сайин тобора чуқурроқ англаб бораверасан…”.
Алжабр, алгебранинг арифметикадан қандай фарқи, қандай туб афзаллиги бор? Арифметикада барча сонлар аниқ, 2 х 2 = 4 вассалом. Ал-жабрда сонлар ўрнига ҳарфий белгилар: а, в, х, у дегандай. Бунда арифметик аниқлик йўқ. Бунда ноаниқлик қаърида аниқлик, аниқлик қаърида ноаниқлик мавжуд. Поэтик ташбеҳ, образлиликнинг ҳам асосий белгиси моҳиятан аниқ ноаниқлик ёки ноаниқ аниқлик эмасми?
Ноаниқ аниқлик поэтик образ ва умуман образлиликнинг моҳиятидаги белги, хосса дейиш мумкин. Ҳикматлар, афоризмларга хос ва ярашиқли аниқлик поэтик образнинг сеҳр-синоатига соя ташлаб, ялонғочлик ҳосил қилиши мумкин. Поэтик образда маконлар, майдонлар ўзгариб, бетўхтов ўрин алмашиб туради. Ўрин алмашинув бир зумда, оний лаҳзада содир бўлади. Лекин Онг (яъни ўқувчи, шеърхон) ўша тутқич бермас лаҳзани тутмоғи, яъни поэтик маънонинг моҳиятига етиб, ундан завқ туйиши зарур. Акс ҳолда чироқ ёнмайди, яъни поэтик контакт, туташув ишламаган бўлиб чиқади. Шу пайтгача, яъни поэтик контактгача ноаниқлик ҳукм сурган бўлса, энди аниқлик ишга тушади.
Шу ўринда яна бир бор бадиий адабиётда, хусусан, бадиий асар сезимида аниқлик ва ноаниқлик нисбати борасида фикр юритиш лозимга ўхшайди. Бадиий сўз — сеҳрга бурканган сўз. Унинг бутун нозиклигини, назокатини бирдан англаш қийин, ҳатто охиригача англаш мумкин ҳам эмас. Бинобарин, 2 х 2 = 4 қабилидаги аниқлик чин бадиий сўзга хос эмас. Бадиийлик аниқ-ноаниқ ҳис-туйғу ва жозиб фикрлар мажмуидан тузиладиган сеҳрли қувват, энергиядир. Айнан аниқлик чироқнинг ёнишига, яъни поэтик образнинг онгда қайта тикланиши (нега қайта, чунки у аввал ижодкор шуурида тикланган эди) боис бўлади. Лекин бу ҳам арифметик аниқлик эмас, сирли шуълага бурканган ноаниқликка эш аниқликдир.
Шу ўринда юқорида келтирганимиз икки мисрага синчиклаб боқиб, унга жо бўлган бадиият, поэтик алжабрни бевосита кузатсак:
Шафтоли ёноқда қотган ёш дўлини,
Қайноқ бир сукутда меҳрли киприк-ла тарайман.
Бундан олдинги мисра “Беш аср йўл ўтган жинсимга қарайман” бўлиб, шоира, лирик қаҳрамон ўз кўзқараши, поэтик илғамини образлар силсиласида ифодалайди. Офтобда пишиб етилган шафтоли рангтасвирдаги гўзалнинг ёноғига қиёсланади, йўқ-йўқ, қиёсланмайди, балки қуёш нури билан ранг талашган шафтоли ва гўзалнинг ёноғи ёнма-ён қўйилганда икки нарсадан ягона қиёфа яралади: шафтоли яноқ. Лекин бу гўзал қиёфа бахтиёр эмас, у кўз ёш тўкмоқда. Дард шу қадар чўнгки, унинг моддий изҳори кўз ёш шиддат билан ерга энадиган дўл каби. Яна хато қилдик, дул каби эмас, айнан кўз ёш-дўлдир, яъни бунда кўз ёш ва дўл айни бир нарсадир. Бунинг устига бу кўз ёш — дўл шафтоли ёноқда қотган. Бу сўзнинг таъсир ва тасвир доирасини кузатайлик. Биз тасвирини кузатаётганимиз суратдаги гўзал қиёфаси эканини яна бир бор эслаймиз. Зеро, рангтасвир кўз ёш — дўлни ҳаракатсиз, статик тарзда чизиб, унга ички ҳаракат, жон бағишлайди. Кўз ёш ҳам, дўл ҳам одатда пастга энади. Бу эниш бизнинг онг-шууримиздаги қатъий тушунча. Тасвирда эса у ҳаракатсиз, қотган кабидир.
Иккинчи мисра олдинги мисрадаги тасвирга ҳиссий муносабатдир. Бу муносабат ҳам икки қисмдан иборат: 1) “қайноқ бир сукут…” — бу кузатувчининг статик, турғун ҳолати, лекин у ҳам унчалик турғун эмас, сукут ўз-ўзича турғун, лекин сукут қайноқ. Демак, ҳаракатда. 2) “… меҳрли киприк-ла тарайман”. Бу энди ўзи якунланаётган икки мисра, поэтик контекстнинг апофеози, тантанавор хотимаси, шоирона зарбдир. Киприк тароқ эмас, у тарамайди. Лекин меҳрнинг кучи ила у гўзалнинг кўзёш — дўлига шу қадар меҳрвар тиқиладики, бу нигоҳ тароқнинг моддий тараш қувватидан қолишмайди. Энди юқорида айтганимиз киприк тароқ эмас, деган фикрни рад этиб, бундай жозиб ҳолатда, меҳр жазбасида киприк–тароқ ғамгусор қиёфани, “шафтоли ёноқда қотган ёш дўлини” нақд тарайди. Бошқа ҳолатда, яъни у гўзал ерда, ёнида бўлса эди, уни силарди, ўпарди, тавоб қиларди…
Андуҳга қоришган гўзаллик — икки карра гўзалликдир, деб бежиз айтмайди улуғлар.
Мана сизга шоира ўз суҳбатида кўзда тутган, шеъриятда ажиб моҳирлик билан жорий этган поэтик алжабр, унинг хусусий, хос намунаси.
Яна шеърга қайтсак. Ундаги лейтмотив “Сиз қайда, биз қайда” формуласида сиртдан “Сиз” қанчалик юксакка кўтарилиб, “биз” шунга муқобил тарзда пасайтирилса, поэтик ва лисоний парадоксни қарангки, “Биз” ҳам “Сиз” кўтарилган маснадга кўтарилиб бораверади. Тўғри-да, Сизнинг, асл санъатнинг буюклигини қалбан англаган, ўз ҳайратини ажиб сўзларда баён этган “Биз” (Мен) ҳам буюкдир, албатта.
“Қўшиқ” шеъри айнан гўзалликни англаш ҳақида. Бу англаш эса ялпи қиёс воситасида амалга ошади. Гўзаллик қаъридаги самовий қувват эса шеърнинг умрбоқийлигини, шоҳона салобатини таъмин этади.
Юқорида икки мисранинг бадиий таҳлили шуни кўрсатадики, ўхшатиш, айниқса, метафора ушбу шеър ва умуман Зулфия шеъриятининг етакчи тамойилларидан биридир. Шоира образлиликка поэтик алжабр дея таъриф берар экан, бу таъриф замирида образлиликнинг қон томиридан ўрин олган ялпи қиёс принципига ҳам билвосита ишора бор. Ҳеч бир поэтик образ, тимсол қиёссиз туғилмайди. Шундай экан образ ботинидаги қиёснинг ранго-ранг товланишларини, нозикликларини илғаш ва мантиқ тилида баён қилиш, шубҳасиз, ҳар қандай бадиий асарнинг маъно — эстетик кўламини кенгайтиради.
Сувон Мели, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 30-сон