1
Нафис адабиёт, буюк Чўлпон таъбири билан айтганда, “ҳисли кўнгил тарихи”дир. Бу таъбир биз туйқус ўйлагандан анча чуқурроқдир. Тарих фани ўтмишга оид факт ва ҳодисалар мажмуи, кечмиш воқеалар жамулжами экан, ҳисли кўнгил тарихи бундан-да поёнсиз ва тубсиздир. У инсон кўнглида пайдо бўлмиш ҳис-туйғуларнинг муайян вақт, масофа давомида кечиб, оқиб ўтиши ва бу оқимнинг ҳисли тарзда қайд этилишини англатади. Инсон, инсоният барҳаёт экан, бу оқим мангу. Оқим садолари бизга нотаниш бўлган оламларда қайсидир даражада, қай бир ҳолатда сезилади, “Қуръони карим”да айтилган Лавҳул-Маҳфуз – ўчмас лавҳда муҳрланади. Лекин одми онгимизда ёруғ оламдаги ҳисли кўнгилнинг қувонч ва изтироблари қалб тебранишлари бўлиб борлиққа (йўқликка) сингиб, изсиз йўқолиб кетадигандек туюлади. Ушбу изсиз йўқотишлик санъат томонидан маълум даражада инстисно этилади. Санъат, жумладан, сўз санъати, яъни адабиёт бани одам кўнглида кечадиган туйғулар, рўй берган воқеа-ҳодисалардан туғиладиган таассурот ва тасаввурларни концентрациялашган ҳолда сўзга, каломга муҳрлаб, ҳозир ва келажак авлодларга мерос қилиб қолдиришга жаҳддир. Асар яратиш ўзидан, ўзи мансуб бўлган, гувоҳ бўлган замондан из қолдиришдир.
Сўз санъати бўлмиш адабиёт, табиийки, бу жараёнда ўзининг асосий қуроли сўз билан иш кўради – ҳисли кўнгил тебранишларини сўзда муҳрлайди.
Сўз чинакам санъат асарида, яъни сўз санъати – том маънода адабиёт пайдо бўлганда сеҳр касб этади. Сўзнинг ўзи ва у орқали тикланган турли инсоний ҳолат-манзаралар, муносабатлар, сўзлашув-тўқнашувлар шундай хос маънолар келиб чиқишига имкон яратадики, бундай маънолар мажмуи, теранлиги ва юксаклиги адабиётшунослик учун торлик қилиб, янги бир тармоқ – адабиёт фалсафасига зарурат туғдиради гўё. Сўз сеҳри, сўз алкимёси унинг хос майдони бўлса, ажабмас.
2
Кўпчилик кўзни мукаммал аъзо, деб ишонади, кўз билан кўрганини бор ҳақиқат деб ўйлайди. Чиндан ҳам кўз мукаммал яратилган. Аммо у оламнинг бор сир-синоатини кўриш даражасида мукаммал эмас. Ҳодиса, жараёнлар борки, кўрилмайди, ҳис этилади. Кўрилмайди, лекин кўнгил англайди. Мавлоно Жалолиддин Румийнинг машҳур “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил” деган ҳикмати борлиққа, оламга ўзгача қараш, инсоннинг ўзини ва борлиқни янги кўз, кўнгил кўзи билан кашф этишига ҳам оташин даъват, ҳам илмий йўлланмадир.
Бадиий адабиётни том маънода англаш ва англатиш учун китобхон ва тадқиқотчи (тадқиқотчи ҳам китобхон, фақат у хос китобхон) “ҳисли кўнгил” соҳиби бўлиши лозим. Худди шу нарса бадиий адабиёт, умуман, санъатни мантиққа тамом бўйсунувчи бошқа соҳалардан ажратади. Адабиёт ҳисли кўнгил маҳсули ва фақат шундай кўнгил ёрдамидагина ўз қалбини тадқиқотчига очади. “Ўткан кунлар” романидаги “Наво куйи” бобида шундай тасвир ва тадқиқ бор: “Дуторнинг нозик торларидан, тилсимлик юракларидан чиқған “Наво” куйи ўз ноласига тушунгучи Отабекдек йигитларга жуда муҳтож эди. Ўз дардига тушунган бу йигитка борған сайин дардини очиб сўзлар, йиғлаб ва инграб сўзлар эди… Эшиткучи эса дунёсини унутиб йиғлар, кучини йиғиштириб йиғлар ва ҳасрату аламини кўз ёшиси билан тўкиб йиғлар эди…”
Бу оддий тасвир эмас. Бу санъат, мусиқа кучини кўрсатишда сўз ожиз қолган нуқтада яна сўз ва туйғу ёрдамида ҳолатнинг қайта тикланиши, яъни жуда ноёб тасвирдир. Буни ҳисли кўнгилнинг бадиий портрети дейиш мумкин.
3
Адабиёт фалсафаси биз биладиган табиат, жамият ва тафаккур тараққиёти, умумий қонуниятлари ҳақидаги фан, яъни фалсафа ёки унинг узвий бўлаги эмас. Ушбу қонун-қоидаларни адабий асарларга қўллаш, улар мазмунидан фалсафий категорияларни излаш ва топиш ҳам эмас. Айтиш жоизки, шундай йўл ҳам мавжуд бўлиб, у айтарли илмий ва амалий натижа бермайди. Чунки бундай мажбуран қўлланган фалсафий қоидалар бадиий асарга сингишмайди, унга заха етказади. Адабиёт, бадиий асар бунда қалбини очмайди, у четдан суқилган ғоя ва қоидани хуш кўрмайди. Ўзини ўзида кўришни истайди.
Мангу ҳаётнинг қат-қатида “ҳали онасидан туғилмаган ҳамма” қалби ва вужудида жобажо ва чексиз такрорланувчи оламий ҳиссиёт ҳамда шу ҳиссиёт соҳибларини жонли, худди ўзидай, тириклардан тирикроқ қилиб тасвирлашга, кўрсатишга фалсафанинг тиши ўтмайди, инсоф билан айтганда, бундай чўнг амал унинг зиммасида ҳам эмас.
Ўтаётган, кечаётган ҳар бир вақт зарраси ўз қиймати ва маъносига эга бўлган, ҳар бир тирик нафас оламча маъно-мазмун ташийдиган воқелик фақат санъатда – бадиий адабиётда тикланади. Донгдор шоиримиз ёзади:
Бир оннинг баҳосин ўлчамоқ учун
Олтиндан тарозу, олмосдан тош оз.
Нурлар қадами-ла чопган секунднинг
Барини тутолмас айҳаннос овоз.
(Ғафур Ғулом, “Вақт”)
Тирик нафас баҳосига санъат, бадиият ва интуиция, ғайри шуурий йўл билан етиш мумкин. Жаҳон адабиётининг шоҳ асарларида бот-бот қилинадиган таъналар фалсафанинг ушбу борадаги ожизлигига ишорадир. Шекспирнинг “Ромео ва Жульетта” трагедиясида роҳиб Лаврентий сургунга жўнаётган Ромеога “фалсафанинг ғоят ширин шарбатидан ич” дея ўгит берганида, у дейди:
Мен сургунга кетар бўлсам, фалсафанг бир пул!
Жульеттани фалсафами ярата олур?
(М.Шайхзода таржимаси)
Ушбу сўзлар русча таржимада янада кучлироқ жаранглайди: “Вся философия мира не стоит Джульетти” (Бутун дунё фалсафаси Жульеттанинг тирноғига арзимайди).
Лекин бадиий адабиёт Жульеттанинг мукаммал тимсолини ярата олади, ўлмас трагедия бунга мисол. Асарда ҳаёти дунёдан ўтгани билан Жульетта жисмоний ҳаётдан беҳад юксак маъво – мангулик бағрида. Унинг ва бошқа буюк тимсолларнинг мангу тириклик сирини очиш адабиёт фалсафаси зиммасида. Бу фалсафа Жульеттанинг тирноғига арзиши лозим. Улкан шоиримиз тили билан айтганда, даврнинг “бутун қўполлигини, бутун нозиклигини, бутун совуқлигини, бутун ҳароратини Сенинг ғунчадек нозик лабларингга жо қилмоқ истайман, севгилим…” (Абдулла Орипов). Бундай нафис назокат, инжа маҳобат фақат адабиётнинг, буюк шеъриятнинг қўлидан келади.
Яна Шекспирнинг “Ҳамлет” трагедиясида ўлган қирол арвоҳини кўриб ақли шошган ҳамроҳига қарата Ҳамлет дейди: “Ҳорацио, дунёда кўп нарсалар борки, Фалсафангиз тушига ҳам кирмаган ҳали” (Жамол Камол таржимаси).
Ромео қалбида ёнаётган севги оташи маъшуқанинг “ғунчадек нозик лабларига жо” бўлган, Ҳамлет айтмоқчи, фалсафанинг тушига ҳам кирмаган сир-асрорлар кашфи – адабиёт фалсафаси зиммасидаги улкан ва ёқимли вазифалардандир.
Бадиий адабиётнинг шоҳона намуналарига кўзга айланган Кўнгил билан боқиб ва шундай кўз билан таҳлил қилсак, қила олсак адабиёт фалсафасига ёвуқ борсак, ажабмас.
4
Адабиёт фалсафаси Сўз, унинг олд-орт ва қаъридаги кичик ҳам катта оламлар фалсафасидир.
Бадиий фалсафа кўзи билан қаралса, муайян асардаги оддий, туйқус кўзга ташланмайдиган жумла, қаҳрамонга берилган тавсиф катта маъно юки ташиб, худди сеҳргар таёқчасидек бадиий асарга янги қиёфа бахш этиши мумкин. Мумтоз романимиз “Қутлуғ қон”да Шокир отанинг “туморча шаклли кичкина ҳовлиси” ёки шу қаҳрамон тилидан роман бош қаҳрамони ҳақида “Дуруст, Йўлчибой эр ўғли – эр эди, у бошқа оламдан эди” деган гапи бутун асар ва етакчи қаҳрамон Йўлчи образига бошқача, ирфоний кўз билан қарашга ундайди, шунга йўл очади. Бу тавсиф замирида Йўлчи бу дунёнинг одами эмас, деган маъно бор, бироқ қизиғи шундаки, бу гап романнинг русча таржимасида мутлақо йўқ. Таржимон бу гапнинг залворини англаган ва “ҳушёрлик” қилган чоғи.
Чингиз Айтматовнинг машҳур “Жамила” қиссасидаги бош қаҳрамонлардан бири Дониёр ҳақида “Странный человек, не от мира сего” (ўзбекча таржимада кейинги гап акс этмаган) деган тавсиф унинг ҳам худди Йўлчи сингари илоҳиётга қоришиқ қиёфасини тиклайди.
Гап шундаки, икки адабий қаҳрамонга берилган бу таъриф асос-эътибори билан муқаддас китоб “Инжил”даги Исо пайғамбар сўзига бориб тақалади. Исо ўзи ва умматлари ҳақида дейди: “Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар” (Юҳанно, 17:16). Яна шу жойда у “Сен яҳудийларнинг Подшоҳимисан?” деб сўраган римлик ҳукмдор Понтий Пилатга: “Менинг шоҳлигим бу дунёдан эмас” (Юҳанно, 18:36) деб жавоб беради. Рус тилида бот-бот ишлатиладиган “не от мира сего” ибораси, аслида, “Инжил”даги Исо алайҳиссалом сўзидан олинган бўлиб, ғалати, эси паст, шунингдек, дарвешсифат, авлиёнамо одамларни тавсифлайди.
Икки адабий қаҳрамон – Йўлчи ва Дониёрга ислом динимизда ҳам эъзозланадиган Исо алайҳиссаломга хос тавсиф берилиши асло тасодиф эмас. Ва бундай боғланиш (буюк боғланиш!) ҳар икки қаҳрамонни янги, юксакроқ меҳварга олиб чиқади. “Жамила” қиссасини оламга машҳур қилган Луи Арагон томонидан “Жаҳонда энг гўзал севги қиссаси” дея баҳоланишига илк боис Дониёрнинг бу дунёдан эмаслиги, унинг юраги олис оламлар мавжи билан ҳамоҳанг тепишидан эмасмикан? Жамиладай асов ва мағрур аёлни ўзига ром қилган айни куч шу бўлса-чи?
Буюк романимиз “Қутлуғ қон”га келганда, асар етакчи қаҳрамонини Исо алайҳиссаломга элтиб боғловчи бу таъриф, назаримизда, улуғ адиб томонидан романга жойлаб қўйилган эзотерик код, шубҳасиз. У шунчалик моҳирлик билан Шокир ота сўзлари орасига жойлаштирилганки, бир қарашда мутлақо кўзга ташланмайди. Ўқувчилик йилларим асарни бир неча марта ўқиганман, лекин ушбу жумла фақат 90-йиллар бошидагина эътиборимга тушди, кўзимга кўринди. Ушбу эзотерик коднинг хизмат вазифаси, бадиий энергияси нимада? У, биринчидан, Йўлчи образига янги кўлам, ўзгача фасоҳат бахш этади. Йўлчи потенциал йирик шахс, у табиий ёмби ақл эгаси. Инсоний юксаклигини айтмаганда ҳам, у асарда тасвирланган барча бойлар ва ўқимишли жадид Абдушукурдан ҳам ақлан, ҳам маънавий жиҳатдан устун. Ўзини тутиши, маънавий тозалиги, ҳар қандай хавф-хатарга қарамай ҳақиқат, адолат тарафида туриши, у – ғайри оддий одамлигидан, бошқа оламдан келган, бошқа оламдан бўлган одам эканидан далолат бермайдими? Йўлчини Исо пайғамбар шуъласида тутиб, романни қайта ўқинг ва ҳар бир хатти-ҳаракати ҳақида қайта фикр юритинг – шунда Йўлчи, демакки роман ҳам беҳад юксалишига имон келтирасиз. Мен бунга аминман.
Иккинчидан, ушбу эзотерик код Йўлчини унинг маънавий отаси – асар муаллифи Ойбек билан боғлайди, боғлаганда ҳам мустаҳкам боғлайди.
1994 йилда йирик олим ва адиб Наим Каримов масъул муҳаррирлигида буюк ёзувчимиз рафиқаси Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” хотиралар китоби нашр этилди, 2005 йилда иккинчи нашри ҳам босилди. Бу, ҳеч шубҳасиз, улуғ адибимиз ҳақидаги ноёб китобдир. Унда шундай бир воқеа ҳикоя қилинади. Ойбек трамвайда ўтириб, аллақандай бир куйни хиргойи қилиб кетмоқда. Куй жуда вазмин бўлсаки, рўпарада ўтирган бир аёл жаҳл билан “Даже в трамвае нет покоя! Едешь под похороннем маршем!” дея юкларини кўтариб, трамвайнинг нариги бошига кетади. Энди китобдан аниқ кўчирма олайлик: “Мен ҳам Ойбекка бир оғиз сўз қотмадим. У ҳеч нарсани сезмади, эшитмади, қўшиғини айтиб ўтираверди. Кўзларидан англар эдимки, у узоқда, бошқа дунёда… Хулас, ТошМИга етдик. Трамвайнинг сўнгги бекати. Ҳамма қўзғалаяпти, аммо Ойбек ҳамон ўтирарди.
– Туринг энди, етдик, – дедим елкасига секин қўлимни қўйиб.
– А? Қачон чиқдинг? – сўради у таажжубланиб”.
Худди шу ерда муҳтарам опамиз Ойбекни Йўлчи орқали Исо алайҳиссалом билан боғловчи гапни ёзадилар: “У ана шундай бир жаҳонга арзийдиган ажабтовур табиатли, бошқа дунёдан келмиш киши эди”. (Таъкид бизники – С.М.)
Айтилган мазкур ҳолатлар адабиёт фалсафасида қиёс ва қиёсий таҳлил методининг мустасно ўрнини кўрсатади ҳамда бадиий асарда мавжуд яширин маъновий контактлар излаш, топиш ва уларни амалда қўллаш, яъни улар намоён этган янги маъноларни очиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкид этади. Маънолар туташган жойда пайдо бўладиган янги маънолар фасоҳати адабиёт фалсафасининг заруриятини урғулайди.
5
Эзотерикага оид мўътабар бир китобда ёзилади: “Биз ўзимиз ҳақимизда билганимиздан анча-мунча улканмиз. Буни шунчаки унутганмиз, холос” (Друнвало Мельхиседек. Древняя тайна Цветка Жизни. – М., София, 2012. –С.13). Гап бу ерда жами инсон, унинг битмас-туганмас ботиний имконияти ҳақида кетмоқда. Ушбу фикр тўлиғича бадиий адабиётга ҳам тегишли. Инсон қалби ва тафаккурининг хос маҳсули бўлмиш адабиёт ҳам биз билганимиздан анча-мунча улкан, унинг сир-асрори ҳам тасаввур қилганимиздан мўлроқдир. Ушбу ҳақиқатни англай ва тинглай олсак, яъни улканлигимизни эслай олсак, балки ҳозиргидан сирлироқ, улуғворроқ Адабиёт, унга оид янада теранроқ Илм ярата олармиз, балки.
Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достони 63-бобида Искандар билан устози Арасту ўртасида “Чун инсон дарки мақсуди аслий ҳақиқати идрокидин муарродур, нега сойир ҳайвонотдин мустаснодурур” (яъни модомики инсон фаҳми мақсуднинг асл ва тўлиқ ҳақиқатини идрок қилишдан ожиз экан, ўзга ҳайвонлардан не фарқи қолди) деган мазмунда суҳбат кечади. Саволга Арасту, яъни ҳазрат Навоий, шундай жавоб беради:
Вале мунча билмишки, билмайдурур,
Бу мақсуд даркини қилмайдурур.
Ўзи билмаси англағон сўзу дард,
Ани барча махлуқдин қилди фард.
Мумтоз матннинг, бизнингча, соддароқ баёни шундай: лекин инсон ўзига беркитилганини билмагани, ўз мақсад ва муддаоларини етарлича идрок этмагани ҳолда шунчалик кўп нарса биладики, ўзини-ўзи яхши тушунмаган ҳолда англаган сўзлари (таъкид бизники. – С.М.) – уни барча махлуқлардан ажратиб, улуғлаб туради.
Демак, буюк Навоий наздида инсон шунчалик мукаммал яратиқки, ундаги барча билим, сир-асрор унинг ўзида – вужуди ва қалбида. Достоннинг шу бобида яна инсон ҳақида “Ки Ҳақ сирри зотида пинҳон эрур” деган мисра ҳам бор. Яъни инсон шундай сирли ва мукаммал битикки, бу битикни инсоннинг ўзи ҳам осонликча ўқий олмайди. Инсон вужуди ва кўнглида коинотнинг сир-асрори, битмас-туганмас маънолар илоҳий қалам билан битиб қўйилганки, бани одамнинг буюк сиймолари яратган шоҳ асарларда ушбу илоҳий қалам муттасил нур таратиб туради.
Айни шу нуқтада адабиётга кўчамиз. Адабиёт инсонни ҳар хил кўринишда, турли алфозда тасвирлайди. Ҳар бир яратилган образга, манзара ёки ҳолатга муаллиф муносабати сезилади, бу муносабат уларнинг муайян талқини ҳам. Лекин инсоният яратган буюк бадиий обидаларда тасвир ва ифода этилган ҳолатлар, инсоний қиёфалар шунчалик кўз ҳамда ақл илғамас мавж ва тўлқинларга эгаки, уларни бирдан, узил-кесил тушуниш, талқин қилиш мутлақо имконсиз. Шундай бўлмаганда улар асрлар, минг йиллар давомида яшаб қолмаган бўларди, албатта.
Ушбу обидалар, улардаги ранг-баранг образларда Ҳазрат Навоий айтмиш “Ўзи билмаси англағон сўзу дард” нафис адабиётнинг сеҳрли кучи билан бир қадар англанади, бадиий сўзда тажассум топади, яъни ифода белгисига эга бўлади.
Даҳо шоиримиз “Хамса”нинг сўнгги достонида олға сурган бу буюк ҳақиқат ҳозирги замон физикаси ва эзотерикасида ўз илмий тасдиғини топмоқда. Япон олими ва шифокори Масаро Эмато ўзининг “Сувдаги махфий мактублар” китобида машҳур назариётчи физик Дэвид Том тадқиқотларига суяниб, шундай ёзади: “Ҳар бир одамда, ҳатто унинг ҳар бир ҳужайрасида коинот ҳақидаги ахборот сақланади” (Эмато М. Скрытые послания воды. Тайные коды криссталов льда. – М., София, 2008 –С.75).
Мана сизга Навоий бобомиз юқоридаги бобда топиб айтган “Ки, инсон эрур мудрики куллиёт” (Инсон ҳамма нарсани идрок этувчидир) ва “Ўзи билмаси англағон сўзу дард” (Ўзи билмагани ҳолда англаган сўз ва ишқ) нинг илмий тасдиғи. Инсон ўзида, ҳар бир ҳужайрасида жойланган билимни, ахборотни англайди, аниқроғи, муайян ҳол ҳолатларда илғайди. Бадиий адабиёт эса инсон ўз-ўзини ўқиш, ўзида, ҳужайраларида битилган битикларни қисман бўлса-да (чунки бу махфий ва мукаммал битиклар), маъносини чақиш, англаш воситасидир.
Буюк немис файласуфи Фридрих Шеллинг ўзининг асосий “Транцендентал идеализм системаси” асарида борлиқни англашда “санъат абадий ҳамда ҳақиқий қурол (органон) ва бир пайтнинг ўзида фалсафий ҳужжатдир”, деб ёзади ҳамда санъат асари ҳақида гапириб, “Асл санъаткор яратиқларига беихтиёр тубсиз теранлик бахш этар экан, ўз ниятини қаттиқ ўйлаб, пишитишига қарамай, бу теранликни унинг ўзи ҳам, бошқа биров ҳам тўлиғича англаб етолмайди” – дейди (Шеллинг Ф.В.Й. Соч. В 2-х т., Т.1. – М., Мысль, 1987 –С.484). Бунинг асл сабаби, бу ҳақда Шеллинг гапирмайди, ҳазрат Навоий айтган – инсон зотида “Ҳақ сирри” пинҳон этилган, яширилганидир. Ақл-идрокида эмас, зотида, жавҳарида. Бадиият даҳолари яратган асарларда пинҳон этилган сирлар тўлиқроқ намоён бўлади, холос.
Чинакам бадиий асарни идрок этиш ҳеч қачон нуқта қўйилмайдиган абадий жараён, яна Шеллинг таъбири билан айтганда, “Санъат асарининг асосий хусусияти – ғайришуурий чексизлик”дир, лекин ундаги чексизлик, тубсиз теранликни англаш ва қайд этишга уриниш ҳам худди шу каби чексиз жараёндир.
Демак, буюк адабиёт Парвардигор инсонга туҳфа этган сирли хилқат, ноёб яралмадир. Яралганга яратиш лаёқатини берган Тангри таолога ҳамду санолар бўлсин!
6
Демак, адабиёт фалсафаси ҳисли кўнгил кўзи билан кўрилган буюк бадиий кашфиётлар, улар ҳақидаги илм, янги даврдаги илми бадеъдир.
Адабиёт фалсафаси – бадиий образ фалсафасидир.
У бадиий асар қалбига кириш, ундаги фикр ва туйғуни муштарак кўриб, бадиий туйғу замирига шўнғишдир, яъни адабиёт фалсафаси – туйғу фалсафасидир.
Адабиёт фалсафаси сўз, бадиий сўз фалсафасидир. Зеро даҳо шоиримиз ёзганидек, “Бил: ҳам аввал сўзу ҳам охир сўз”.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 1-сон