Тўхтасин Жалолов ХХ асрда яшаган, даврининг фожиаларини бир умр руҳида ташиган адиб эди. У умид билан қалам тутганди, бироқ замон унинг ёшлигини Сталиннинг Узоқ Шарқдаги қатағон зиндонларида чиритди, йигит юрагига қаттол давроннинг хўрлик ва ҳақоратлари оғусини тўлдирди… аммо қаламини синдиролмади.
Зотан, Тўхтасин Жалолов 1909 йилда Марғилоннинг Қоратепасида – босқинчиларга қарши ўчли исёнлари билан тарихий шон қозонган Фарғона водийсида туғилиб, юртдошларидек саботли ва матонатли бўлиб тарбия топган эди. У илк сабоқни мактабдор отаси мулла Жалолдан олган, Яссавий ва Ҳофиз девонларини ўқиб, адабиётга ҳавасманд бўлиб улғайган. Оиладаги етишмовчилик боис уни онасининг юрти Шаҳрихонга, бобосининг уйига олиб кетишади ва болалик йиллари шу ерда кечади. Беш йил эски мактабда ўқийди. 1925 йилда Фарғонадаги педкурсни битириб, беш йил Шаҳрихон туманида ўқитувчилик қилади. 1930–1933 йилларда Самарқанддаги педакадемияда таҳсил олади. 1936 йилда Маориф комиссарлиги томонидан Тошкентга чақирилади, маориф соҳасида ишлайди, кечки институтни ҳам битиради ва олий таълим ўқув юртларида дарс беради. Навоий юбилейига тайёргарлик ишларига ва сўнгра “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасига таклиф этилади, 1938 йилдан 1941 йил 5 июлгача шу ерда хизмат қилади…
Адибнинг 1941–1955 йиллар орасидаги турмуши тўғрисида на ўзи, на бошқалар мустақиллик давригача ҳеч нарса демаган. Сабабини энди айтиш мумкин, албатта.
Мен 1979 йилда, адиб етмиш ёшга тўлганида, Ўзбекистон радиоси адабий-драматик эшиттиришлар таҳририятнинг муҳаррири сифатида адиб билан бир неча бор суҳбатлашиб, унга бағишланган эшиттириш тайёрлаган эдим. Ўша йилларда қатағон қилинган шахслар ҳақида матбуотда “тортиниброқ” фикр юритиларди, чунки “Сибирда ўрмон кесган” ижодкор хусусида ёзиларкан, истаб-истамай унинг умридаги муҳим даврлар, бошидан кечирган можаролари борасида нималардир дейиш лозим бўларди ва ана шу “нималардир” баъзиларга ёқмасди. Дорилфунундаги устозларим “журналист ҳаёт ҳақиқатини акс эттириши керак” дея уқтиришгани учун мен ҳам шунга амал қилишга, кимлардир хуш кўрмаса-да, ҳақсиз сургун азобини тортган юртдошларим тўғрисида ёзишга тиришардим. Тўхтасин Жалолов етмишга киргани муносабати билан эшиттириш тайёрлаш жараёнида адиб билан Эски Жўва бозори юқорисидаги маҳалланинг тор кўчасида жойлашган йиқилай деб турган уйида, сўнгра кўчиб ўтгани – бозор пастидаги, шаҳар ҳокимияти берган тўққиз қаватли бинодаги янги хонадонида ҳам бир неча бор учрашиб, суҳбатлашиб, овозини ёзиб олдим. Суҳбат Ўзбекистон радиосида берилди, тингловчилардан бир неча нафари, хусусан, Тўхтасин Жалолов билан нашриётларда бирга ишлаган, унинг фожиали ҳаётидан хабардор касбдошлари, таниқли таржимон-муҳаррирлар бизга телефон қилиб, эшиттиришдан мамнун бўлганликларини билдириб, раҳмат айтишди. Афсуски, матбуотда уларнинг қамалгани ва бу мавзуга оид фактларни ёритиш кескин тақиқланганди. Шахснинг қамоқдаги жаҳаннамий йиллари – гўё у бу даврни яшамагандай – таржимаи ҳолида акс этмасди, уни истибдоднинг кўринмас қора қўли ўчириб ташлаганди. Шу боис Тўхтасин Жалолов ҳақидаги барча ёзувларда, ҳатто унинг ўзи ёзган “Ҳаётим йилномаси”да ҳам 1940–1955 йиллар орасидаги ўн беш йиллик замон бўш қолдирилган.
Адиб сургундан қайтгач, 1955–1972 йилларда жуда сермаҳсул ижод қилди. “Ўзбек шоиралари” (1959), “Хамса” талқинлари” (1960),”Паҳлавон Маҳмуд” (1961), “Олтин қафас” (1962), “Бону” (1963), “Яшасин табассум” (1966) каби китоблари нашр бўлди. Бу асарлар унинг илмий ва адабий салоҳиятини кўрсатгани каби, шу йилларда босилган ўнларча таржима китоби (уларнинг еттитаси роман) Тўхтасин Жалоловнинг зукко ва моҳир мутаржим эканини намойиш этди. Унинг таржималари орасида Рабиндранат Тагорнинг 28 асари – 23 та ҳикояси, икки шеъри, “Ҳалокат”, “Кўзга тушган чўп”, “Бибҳа соҳили”, “Донишманд рожа” романлари, Сотим Улуғзоданинг “Ёшлигимиз тонги”, “Восеъ” каби икки романи, “Гавҳари шамчироқ” комедияси, Садриддин Айний “Эсдаликлар”и (3-қисми), Вера Смирнова-Ракитинанинг “Абу Али ибн Сино қиссаси” романи, “Тўтинома”, Паҳлавон Маҳмуд ва Лоҳутий рубоийларининг таржималари алоҳида ўрин тутади.
Булардан ташқари, 1961 йилда нафақага чиққунига қадар унинг олтмишдан ортиқ илмий мақоласи босилди; ўттиздан зиёд китобга муҳаррирлик қилди; Хоразмий, Навоий, Фузулий достонлари унинг сўзбошиси билан нашр этилди.
Қаранг, биргина қалам эгаси 1941–1955 йиллар орасида ўн беш йил сургунда юриб, ноҳақ азобланди, эркидан ва ижодидан маҳрум этилди ва қамоқдан қайтиб, юртида яшаган кейинги ўн беш йил ичида ўзбек адабиётини бойитган, халқимиз маънавиятининг юксалишига ҳисса қўшган шунча илмий, адабий ишларни амалга оширибди.
Домла узун, тик бўйли, хипча, қорача юзли, тиниқ қора кўзларининг боқишидан, товушидан меҳрибонлиги ва донишмандлиги сезилиб турадиган инсон эди. Бугунги ўқувчига унинг кимлигини янада ёрқинроқ тасаввур қилиш учун 1979 йилда Ўзбекистон радиосида эшиттирилган “Адиб ижодхонасида” суҳбатимиз ёрдам беради деб ўйлайман. Ундан айрим парчалар:
“Ўзбек китобхонлари Тўхтасин Жалоловни адиб ва адабиётшунос олим, ўтмиш ғубори остида қолиб кетган ўттиздан ортиқ ўзбек шоираларининг кашфиётчиси, моҳир таржимон ва ношир сифатида яхши танийдилар. Мен Тўхтасин Жалолов хонадонида бўлиб, домланинг ҳаёти ва ижодига оид жуда кўп манба билан танишдим. Агар мендан, бу одам ким, деб сўралса, домла ўзбек адабиётининг толмас фидойиси, профессор Фитрат ва Олим Шарафиддиновларнинг содиқ шогирди, ўзбек шоираларининг энг биринчи, энг катта, энг билимдон мухлиси ва тадқиқотчиси, камтарин адиб, моҳир таржимон, собит фикрли инсондир, деб жавоб берардим.
“Ўзбек адабиётининг фидойиси” деган иборани унинг қаламига мансуб биргина китобнинг ўзи исботлаши мумкин. Мана, “Ўзбек адабиёти тарихи хрестоматияси” деган бу мажмуа 1941 йилда муҳтарам Ойбек домла ва Порсо Шамсиевлар таҳририда ва муҳаррирлигида нашр этилган. Бир неча ўн йил давомида олий ўқув юртларида адабиёт дарслиги сифатида хизмат қилган бу китобга Тўхтасин Жалоловнинг Ўрхун ёзувларидан тортиб то Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқарогача бўлган шоирлар хусусидаги тадқиқотлари жамланган. Аввал ўзбек адабиёти тарихига оид фақат профессор Фитратнинг “Ўзбек адабиёти намуналари” деган асари бўлиб, унда асарлардан парчалар ва шоирларнинг шеърларидан намуналаргина бўлган, холос. Бу китобдаги тадқиқотлар эса, бизни VIII асрдан XV асргача кечган давр орасида яшаган ижодкорларнинг адабий мероси ва ҳаёти билан таништиради.
Кейинроқ бу китобнинг иккинчи жилдини – ўзбек адабиёти тарихининг XVI – XX асрлардаги даврини акс эттирувчи қисмини адабиётшунос Олим Шарафиддинов ёзди. Ҳар иккала асар халқимизга ўз маданияти ва адабиётини ўрганишда жуда катта хизмат қилди.
Домланинг кутубхонасида унинг қаламига мансуб қирқдан ортиқ китоб билан танишиб чиқарканман, ҳақиқатан ҳам, бу кишининг ижодини тўртта катта устун кўтариб туришига амин бўлдим. Биринчиси “Хамса” талқинлари”дир.
(Муаллифнинг айтишича, бу рисола 1938 йилда ёзилган, 1938–1941 йилларда “Гулистон”, “Ёш куч” журналларида босилган. Олим асар муқаддимасидаги уч жумла билан Алишер Навоийнинг жаҳон адабиётида тутган ўрнини таъкидлай олган: “Улуғ ёзувчиларнинг ижодиёти учун характерли бўлган бир-икки муҳим асари бўладиким, шу асарни чуқур таҳлил этиш билан ёзувчи ижодининг бутун моҳиятини баён қилиш мумкин. Масалан, Гомернинг “Илиада”си, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”си, Дантенинг “Илоҳий комедия”си, Шекспирнинг “Гамлет”и, Гётенинг “Фауст”и, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романи шу хилдаги асарлардан саналади. Улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодининг асосий моҳиятини баён қилувчи энг муҳим асарларидан деб унинг “Хамса”сини кўрсатиш мумкин”. (Т. Жалолов. Нафосат оламида. – Т., 1974 й., 3-б.). Муаллифнинг бу юксак тадқиқотида бугунда ҳам асқотадиган ўринлар кўп, шулардан иккитасини таъкидлаш билан чекланмоқчимиз. Ўтган асрда жаҳон шеърияти ва ундан русчага, ўзбекчага таржима этилган асарлар таъсирида, хусусан, кейинги ўттиз-қирқ йил ичида бизда ҳам қофиясиз шеърлар пайдо бўлди. Аслида-ку, шеърнинг бош хусусиятларидан бири оҳанг ва уни қофиясиз яратиш мумкин эмас. Тўхтасин Жалолов ҳам бу асарида “қофия бўлмас экан, тўлақонли поэзия ҳам бўлмайди. “Хамса”ни ташкил этган 50 мингдан ортиқ мисрани қофиянинг заррин либоси билан безаш енгил иш эмас. Бироқ Алишер Навоий бу мушкул ишни зўр маҳорат билан бажарган” (ўша китоб, 92-б.) дейди ва фикрининг исботи учун қатор мисоллар келтиради. Бу – биринчи; иккинчиси бу: муаллиф “Садди Искандарий”ни таҳлил этаркан, “Навоийнинг Искандари Александр Македонскийнинг тарихий портрети эмас”лигини ўқувчига тушунтиришда Аристотелнинг тарихчи “бўлиб ўтган нарсаларни”, ёзувчи эса “бўлиши мумкин бўлган нарсаларни” ёзишига оид жуда қадимги ва нодир назарий фикрини келтиради. Айтмоқчимизки, ўз ишининг устаси, арбоби бўлган бундайин ижодкорларнинг асарларида барча даврларда хизмат қиладиган ибратли фазилатлар кўпдир. Шунинг учун ҳам бу асарни устоз Мақсуд Шайхзода “жонли ва курашчан услуби, даъволарининг кескинлиги ва қўйилган тезисларнинг изчиллиги билан китобхонлар оммасининг диққатини жалб этади” дея юксак баҳолаган. Бу фикрлар суҳбатга кейин, ушбу мақолани ёзиш жараёнида қўшилди – Т. Қ.).
Тўхтасин Жалолов ижодининг иккинчи устуни “Ўзбек шоиралари” китобидир. Учинчиси – Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари таржимаси ва унинг ҳаётига, асарларига оид тадқиқотлар. Тўртинчиси – Рабиндранат Тагор асарларининг таржималаридир. Домладан машҳур “Ўзбек шоиралари” китобининг қандай ёзилгани ҳақида сўраганимизда, шундай жавоб берган эди:
– Ўзбек шоиралари ижоди ҳақида илмий тадқиқот олиб бориш зарурати ва шу хусусда бирор нарса ёзиш ғояси дастлаб марҳума адибамиз Ойдин опада пайдо бўлиб, бу орзуни рўёбга чиқаришни у киши биздан илтимос қилган эдилар. 1939 йил охирида Ойдин опа бизга мурожаат этиб: “Сиз ўзбек адабиёти тарихи билан яхши танишсиз. Навоий ва бошқа классиклар ижоди устида анчагина ишлар қилдингиз, бир ғайрат кўрсатиб, ўтмишдаги шоиралар ҳақида бир китоб ёзинг. Агар сиз шу муҳим ишни бошласангиз, мен китобингизни журналда пешма-пеш босиб боришга ваъда бераман”, дедилар. Биз бу таклифга рози бўлиб, кўпдан буён меҳримиз тушиб юрган Зебинисобегим ҳақида мақола ёзиб бердик. Бу орада уруш бошланиб, бошқа муҳим сабаблар рўй бергани учун шоиралар ижоди устидаги ишимиз чала қолган эди. (Жўнгина қилиб “бошқа муҳим сабаблар рўй бергани учун” деб қўя қолган-а бечора адиб ўн беш йилга ноҳақдан, туҳмат билан қамалган даври тўғрисида; на нолиш, на лаънатлаш бор, гўё ўн беш йилни яшамагандай. Қаттол бир жимлик!.. Бу суҳбат чоғида йигирма олти ёшли бир журналист эдим, ўзи ҳеч нарса демагани учун, “қамалганман” сўзини тилга ҳам олмагани боис олимнинг фожиасини деярли ҳис этмаганимни бугун англаяпман, ўша қаттол жимлик фарёдини руҳимда туймоқдаман – Т.Қ.). Орадан кўп вақт ўтиб, 1956 йилда яна шу масала қўзғалди. Бу муҳим масалани филология фанлари доктори Иззат Султонов ўртага қўйиб, чала қолган ишимизни битиришга даъват қилди. Биз яна тарих ва тазкираларни қидира бошладик. Бу изланишларнинг маҳсули ўлароқ шу рисола майдонга келди.
Адиб хаёлга толди. Сўнгра асарнинг кейинги тақдирини ҳам сўзлаб берди. “Ўзбек шоиралари” китоби битгач, қўлёзмани Ойбек домла ўқиб чиққан ва муаллифга қимматли мулоҳазаларини билдирган. Китобнинг айрим ўринлари Ойбекнинг маслаҳатларига асосан тўлдирилган. Шундан кейин Ойбек домла катта марҳамат кўрсатиб, нашриётга олиб келиб, босишга тавсия қилганлар, унга сўзбоши ёзиб берганлар. 1958 йилнинг 17 ноябрида битилган ана шу сўзбошида тадқиқотчининг ишини юксак баҳолаб, “Тўхтасин Жалолов… ўзбек шоиралари тўғрисида ғоят муҳим асар ёзди. Бу ҳуқуқсиз, чексиз жафо кўрган мазлума шоираларнинг асарлари уларнинг бахтсиз тақдирлари бўронида йўқ бўлиб, унутилиб кетган. Тўхтасин Жалолов тарих варақларини ахтара-ахтара ўзбек шоиралари ҳақида қимматли талай маълумотлар тўплади. Ўзининг катта, синчикли текширишлари натижасида ўттизга яқин ўзбек шоирасини топди. Бу ғоят ажойиб воқеадир”.
Ҳақиқатан ҳам, 1917 йилгача яшаган 32 та ўзбек шоираси асарларини топиш, тўплаш, улар тўғрисида бадиий эсселар ёзиш ва китоб ҳолида нашр эттириш – хайрли ва улуғ иш. Тўхтасин домла бу ишни давом эттириб, йигирманчи йиллардан кейинги ўзбек шоираларининг 45 таси ҳақидаги “Қизлар қасидаси” китобини нашр қилдирди. Бу тадқиқотлар қандай олиб борилганини тасаввур этиш ниятида, олимдан “Ўзбек шоиралари”га кирган Самарбону ҳақида сўзлаб беришини сўраганимизда, шундай жавоб қайтарганди:
– Ўтган замон ёзувчиларининг асарлари, у вақтда газета-журнал бўлмагани учун, бир нусхада қолиб кетган. Асарни ўзи кўрган, яқин бир дўсти ёки биродари ё опаси ё синглиси кўрган, холос. Ҳеч кимнинг назари тушмаган. Китоб ҳолида нашр этилмаган. Мана шу нуқтаи назардан менинг Самарбону ижодий меросини топиш соҳасидаги қидиришларим бу машаққатнинг нечоғлик эканини очиқ-ойдин кўрсатиб туради. Самарбонуни мен 58-йилдан қидира бошладим. Бир неча мартаба Андижонга бордим. Бир неча бор Ўшга бордим. Аравонга бордим. Лекин ҳеч жойдан ўша китобни топмадим. Дарагини эшитдим. Бири фалончида деса, иккинчиси пистончида дейди. Бири бу районда деса, иккинчиси фалон районда дейди. Мен ноумид бўлмасдан, ҳамма районга, ҳамма қишлоққа бориб, айтилган адреслар бўйича Бону авлодларидан шундай китобни сақлаши мумкин бўлган ҳамма хонадонларга кириб чиқдим. Лекин ҳеч нарса тополмадим. Шу қидиришларимни “Ўзбек шоиралари”нинг биринчи нашрида, 1959 йили ҳикоя қилиб чиқардим. Китоб чиққандан кейин қариндошлари, бу одам яхши ният билан қидириб юрган экан-ку, бечора кўп овора бўпти-ку, деб ўзлари инсофга келиб, менга хат ёзиб юборишди, ўша китоб бизда бор, келинг, деб. Биринчи борганимда уйларига эшикдан киритмаган одамлар бу гал оёғимга пойандоз солишиб, ўзлари чақириб, бошдан-оёқ сарпо қилиб кийдиришиб, сиз шундай савоб иш қилиб юрган экансиз-ку, биз билмаган эканмиз; мана ўша китоб, деб, менинг қўлимга ўша китобни топширишди. Ҳаммаси бўлиб битта Бону ҳақидаги изланишларим саккиз йилга чўзилди…
Ҳа, 1959 йилда нашр этилган “Ўзбек шоиралари” китоби олим номини халққа яна-да танитди.
Шунингдек, Тўхтасин Жалолов ижодининг катта бир нуқтаси тадқиқотчи томонидан Паҳлавон Маҳмуднинг шоир сифатида кашф этилиши бўлди. Домла 1959 йилда Хивага боради. Бир тасодиф туфайли, тўғрироғи, ўзининг ўта синчковлиги боис Паҳлавон Маҳмуд шахсига қизиқиб қолади, унинг қўлёзмаларини қўлга киритади, тадқиқотлар олиб боради. Шоирнинг асарларини форсийдан туркийга ағдариб, ҳаёти ва ижоди хусусидаги тадқиқоти билан 46 рубоийсини нашр эттиради. 1974 йилда шоирнинг 56 рубоийси билан асар қайта босилади. 1975 йилда эса, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти “Паҳлавон Маҳмуд рубоийлари” махсус нашрини ўзбек ва рус тилларида чиқаради ва бу нашр китобат санъатининг юксак намунаси сифатида кўргазмада фахрли ўрин олади. Бу нашрлар Тўхтасин Жалоловнинг шеър илмидан хабардор, шоиртабиат таржимон эканлигини англатиши билан ажралиб туради.
Тўхтасин Жалоловнинг адабий-илмий фаолиятини, таржимонлик маҳоратини кўплаб атоқли замондошлари лойиғича қадрлашган. Масалан, Миртемир “Мен Тўхтасин Жалоловни яхши, инсофли, билгич таржимон сифатида ҳурмат қиламан. У таржимага олган ҳар бир асарга савод билан, мароқ билан, масъулият билан ёндошади, таржиманинг ҳақиқий ижодий меҳнат эканини чуқур тушунади”, деган эди.
Тўхтасин Жалолов ҳақида айтилган бундайин яхши сўзлар, биз ўша радиосуҳбатда фойдалана олмаган бўлсак-да, анчагина эканини таъкидлашимиз лозим. Шу ўриндан улардан баъзиларини эслаш ўринлидир.
“Ўзбек шоиралари” бир умрга арзигулик асар. Тарихда қолиш учун роман ёзиш шарт эмас экан, энди Тўхтасин Жалоловни адабиёт тарихидан ўчириб бўлмайди”. (Абдулла Қаҳҳор)
“Зулфия ҳақидаги мақола зўр илҳом билан ёзилган. Бу нарса Белинский ва Добролюбовни эслатади”. (Азизхон Қаюмов)
“Тўхтасин Жалолов ўзбек адабииётининг археологидир”. (Амин Турдиев)
“Муҳтарам Тўхтасин оға! Мен сизнинг тилингизга, услубингизга маҳлиёман. Бизнинг назаримизда бегонароқ туйилган сўзлар сизнинг жумлаларингизда ўз бўлиб кетади; арабча ва форсча сўзлар сизда ўзбек либоси кийиб, ўзбекча рақсга тушади”. (Саодат Шамсиева, китобхон)
Тўхтасин Жалолов чор ҳукумати томонидан Туркистоннинг мустамлака этилиши ва Қўқон хонлигидаги ёғийга қарши курашу исёнлар, Қурбонжон додхоҳ мавзусида “Олой маликаси” номли тарихий роман бошлаган эди. Вақтли матбуотда асардан парчалар ҳам босилганди. Шу ва шунга ўхшаш айрим ниятлари амалга ошмай қолди: адиб 1984 йилда Тошкентда вафот этди. Баъзи адабий ва илмий асарлари битмай қолган бўлса ҳам, бизнингча, бу матонатли инсон ўз умрини халқимизга ва ватанимизга сидқидилдан хизмат қилиб, шараф билан тугатди. Юқорида айтилганидай, унинг номини “адабиёт тарихидан ўчириб бўлмайди”, унинг савобли ижоди кўнгилларда мангу яшайверади.
Тоҳир Қаҳҳор
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон