Янги ҳисоб билан 1905 йилнинг 10 январида таваллуд топган Ойбек домла ҳақида сўз айтиш унинг ижодидан баҳраманд муҳиблари учун жуда ҳаяжонли, айни чоғда шарафли ва масъулиятлидир.
Адиб ҳақида хорижлик ва ўзбе-кистонлик дўстлари, олимлар, бошқа атоқли ижодкорлар ўз хотираларида бир фикрни бот-бот таъкидлайдилар: “Ойбек замонамизнинг, ХХ асрнинг Навоийсидур”.
Инсоний тийнатининг покизалигига, ижодий меросининг миқёси ва теранлигига кўра Ҳазрат Алишер Навоий ва Ойбек домланинг қай бир даражада қиёсланишига асос бор, албатта, ёки ками бу фикрга хайрихоҳ бўлишимиз аниқ.
Унинг исботи Юртбошимизнинг Ўзбекистон адибу шоирларига мурожаатларида ҳам ўз ифодасини топди. Мурожаатда “шоир деганда, Алишер Навоийдек беназир зотларни, ёзувчи деганда, Абдулла Қодирий ва Ойбек…ни тасаввур этамиз”, дея улар бир доирада тилга олиндилар. “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” номли ана шу мурожаат – рисоладаги яна бир фикр айнан Ойбек домлани назарда тутиб айтилгандек туюлади: “Мустабид тузум даврида виждон азобини ким кўпроқ тортган, деса, мен, доимо бу ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг қадр-қиммати, эл-юрт тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган одамлар ва уларнинг олдинги қаторида бўлган ижод аҳли, деб айтган бўлардим”.
Дарҳақиқат, тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг энг мураккаб, ноинсоний жамиятида яшаб, ижод этган талантли ўзбек шоиру адиблари қатори Ойбек ҳам ниҳоятда оғир ижтимоий муҳит исканжасида бўлди. Атрофида кечаётган адолатсизликларни кўриб виждонан қийналди, руҳан азоб чекди. Аммо маънан синмасликка, ҳақиқат яловини баланд тутишга ҳаракат қилди. Ноҳақликларга ўзига хос эътироз – ижодий исёнлари билан виждон поклигини сақлашга интилди.
Ўтган асрнинг 20-йиллари, Ойбек-лар авлоди айни ижодий шаклланиш палласида ёш шоир Мусо Ойбек мафкура тазйиқида қораланаётган Чўлпон шоирни ёқлаб мақолалар ёзди. “Чўлпон ўқилади, русларнинг Пушкини каби Чўлпон ҳам юксак бадиияти билан халққа керак”, деб айтади. Бу унинг ўзига ҳам ўзи белгилаган илк ҳукми, виждон тазйиқидаги илк исёни эди. Кейинроқ Чўлпон номини тилга олиш ҳам қатъий тақиқланганда, Ойбек буюк салафининг шеъриятига ўз шеърлари билан садоқат кўрсатиб, ўзбек адабиётида Чўлпон руҳини тирик сақлади. Рамзлар, ишоралар дунёсидаги инжа образлари, тасвири билан “соф” лириканинг гўзал намуналарини яратди, айни чоғда “ваҳший” қояларни ёриб чиқиб, “шамол беланчагида” “нафис чайқалаётган бир туп наъматак” мисолида исён, эрк, озодлик туйғуларини улуғлаб, устозининг анъаналарини безавол давом эттирди.
Шу кезлар яна Абдулла Қодирий ижодини олимлик рутбасида таҳлил этиб, неларнидир инкор этиб, баҳслашиб, неларнидир Қодириёна бетакрор истеъдод намунаси дея тасдиқ этиб, ўз миллатдошлари онгу тафаккурида Абдулла Қодирий номини барқарор қилишга саъй этди. Булар Ойбекнинг юрагидаги чандиқлар, жароҳатлар эди. Буюк салафлари маҳв этилиб, халқнинг қалби миллий чашмалардан бебаҳра қолаётганини теран ҳис этган адиб, энди ўзи бу ташналикни қатор халқона достонлар ва “Қутлуғ қон”, “Навоий” каби соф миллий романлар билан қондирмоққа қодир бўла олди.
“Қутлуғ қон”нинг катта миқёс-ларини қўя туриб, шундай кичик бир лавҳага эътибор қилсак-да, унинг миллий табиати намоён бўлаверади.
Петербургдан Тошкентга келган рус чор амалдори, шу ердаги бошқа бир чиновник миллатдоши билан ресторанда суҳбат қилар экан, суҳбатдошидан қуйидаги бир эътирофини яширолмайди: “Бу осиёликлар ваҳший бўлсалар ҳам, баъзи бир фазилатларга эга эканлар: мана бой “сарт” ўз хизматкори, балки қули билан бирга ичишади. Демократия! “Суҳбатдоши унга жавобан айтади: “Сарт”лар ирқ жиҳатидан, албатта паст… Лекин бунга қарамай, баъзи хусусиятларини кўрсатадиларки, … уларда бадиий сезги анча ўсган. Улар гулни севадилар. Кийимлари чиркин бўлса ҳам чаккасига гул қистириб юрадилар. …Бой бўлсин, камбағал бўлсин, барибир, “сарт”нинг уйида битта пиёласи бўлади. Иккита қилса, одат бузилади…”
Ана шу кичкина лавҳадаёқ Ойбек катта маҳорат кўрсатиб, маҳаллий халқнинг табиатида нафосат ҳисси, оқибат, бирдамлик, жамоавийлик туйғуси зўрлигини, маънавияти не қадар юксаклигини кўрсатяпти. Халқ ҳаётининг эпик манзараларидан-да ўтиб, жажжи лавҳа билан ҳам миллий туйғуларни ёлқинлантиряпти.
Кейинги босқичда адиб ўз нигоҳ-ларини олис мозийга қаратиб, миллатнинг беш юз йиллик тарихига ёрқин нур тарата олган улуғ бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий сиймосини халқ қалбида қайта тикламоқ иштиёқи билан яшади. Илмий тадқиқотлар, достон яратиб, “Асрларнинг титиб чокини, гоҳо ёрқин кўраман чолни” дея юрагимизга ниҳоятда яқин, самимий бир қиёфани тасаввурларимизга муҳрлади. Халқ унутилишга маҳкум миллий ғурурни илкис қайта туйди. Ўзини, ўз буюклигини танимоқ сари одимлади. Навоий тимсолида тилини, динини, ўз қадриятларини, инсоний шаъни-шукуҳини ва пок ақидаларини ҳар қандай вазиятда ҳам асрамоқ сабоқларини уқди. Бу-да, Ойбекнинг исёни, виждон олдидаги покиза амали эди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, бир гуруҳ санъат аҳли билан улкан жангоҳларни кезган адиб, шундан ҳам миллий ғурур, миллият деган ўша сўнмас туйғуларни яна оловлантириш эҳтиёжини туйди.
Халтасидаги бир парча қотган қора нонни блокнотга алмаштириб, уруш ҳақида, бу даҳшатли мухорабада ўзбекнинг эзгулик учун курашларга кирган асл ўғлонлари ҳақида “Қуёш қораймас” романининг илк саҳифаларини ёзишга киришди. Жангоҳларда ўз миллатдошларининг жасоратини кузатар экан, бу фазилатлар уларга кеча сингдирилган “ҳайбарака” сифатлар эмаслигини, матонатнинг илдизлари чуқурроқ эканини англашига туртки берди ва ижодий ниятни қалбида, виждонида чўкинди бўлиб турган ўша қувғин исён руҳи билан омухта этиш истагини уйғотди. Билҳақ, катта ният ва холис интилиш катта ечим, миқёсли қиёсу топилмаларга йўл очар экан. Ойбек уруш ҳақидаги романининг бош қаҳрамонига Бектемир деб исм беради. Халқи хотирасида соҳибқирон Темурбекнинг руҳини уйғотмоқни шу тариқа ҳал этмакчи бўлади. Бу ҳақиқат ҳам Озод домла айтмоқчи, Ойбекнинг том маънода “Миллатни уйғотган адиб” эканига яна бир шоҳидликдир.
Албатта бу исёнлар, гоҳ Йўлчи, гоҳ Навоий, гоҳ Бектемир ва гоҳо, ёввойи табиат мўъжизаси наъматак мисолидаги даъваткор руҳ қаттол замонанинг гумашталари нигоҳидан четда қолиши мумкин эмасди. Халқ меҳрини қозонган адибни жисмоний маҳв этишдан кўра мажруҳ этиш маъқул топилди. Ойбек ижодкор учун сўзлаш ва ёзишдек тансиқ неъматдан, тириклик тиргагидан маҳрум этилди. Уни замона қуш тилида сўзлашга маҳкум этди. Аммо буколмади, синдиролмади. У сўнгсиз саҳроларда юксак парвоздаги сор мисол сассиз, аммо ўткир нигоҳлари билан “Нур қидириб” кўҳна Осиё сарҳадларини кезинди, гоҳи узоқ мозийга, гоҳи “Болалик” беғуборликларига юкинди, “Улуғ йўл”ни излади. Бу йўл бошларида гоҳи соҳибқирон Темурбекни, султони ғозий Ҳусайн Бойқарони, Низомиддин Алишерни, озурда жон Заҳириддин Муҳаммад Бобурни кўрмоқчи бўлди. Гоҳи эса шаҳид оғалари маърифатпарвар Мунаввар қорини, Сидқий Хондайлиқию Тавалло, Абдулла Авлоний, Мирмухсин Шермуҳамедовларни топмоқчи бўлди.
Ҳазрат Навоий умр ниҳоясида “Лисон-ут тайр” атаб, “қуш тили”да ўлмас достон яратганидек, Ойбек ҳам ҳаётининг сўнгги ўн етти йили давоми илҳом ва тафаккур ёлқинларини қуш тилида шивирлаб, Зарифахоним дасхатлари билан яна қарийб ўн жилд асарлар ёзди. Бири-биридан тилсимли, маҳобатли романлар, қиссалар тугалланган ва якунлаб улгурилмаган достонлар, фалсафий шеърлар яратди. Булар ҳам аслида унинг миллат ғамидаги заҳматлари, халқ хотирасини сақлаш йўлидаги виждон эпкинлари эди.
Ойбек ҳазрат Навоий ёшига бориб замона “ўйин”ларидан толиқди, бироз тин олди. Олтмиш йиллик ҳаёт йўлларининг ёвузлигу эзгуликнинг, зулм ва адолатнинг, тубанлик ва юксакликнинг курашларида орттирган билим, тажрибаларининг, кўрган-кечирганларининг сарҳисобини қилди, барини улуғ донишмандликка етиб англади. Улар бари ўзи учун ён дафтар қатларига битиладиган тўрт қатор мисраларга жо бўлиши мумкинлигини ҳам сезди.
Ҳақиқат соқовдир заифдир инсон
Тошлар ҳам йиғлайди – сир тўла осмон
Ҳақиқий олам не? Жавоб йўқ ҳайҳот!
Файласуф тўқийди ҳисобсиз ёлғон.
Ойбек ана шу истиғфор палласида, пири комилининг ёшларидан икки-уч сана ўтиб бу дунёдан кўз юмди. Ўзидан қутлуғ ва мунаввар хотира қолдириб, миллатини уйғонмоққа, тенглар ичра тенг бўлиб, виждон ва ғурур билан яшамоққа даъват этиб, ибрат бўлиб абадиятга юз тутди. Миннатдор авлод эса буюк келажагини бунёд этиш йўлларида буюк аждодини сафларда билиб, Ойбекка муҳташам ҳайкал тиклади.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон