2000 йил 14 мартда “Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси” фахрий унвони таъсис этилди
Инсон ҳам дарахтга ўхшайди. Фақат унинг илдизи дарахт каби ер остига сингишиб кетмаган. Инсоннинг илдизи бутун борлиққа – ўн саккиз минг оламга кўз илғамас қувват ришталари билан уланиб кетган. Ришталар нафақат айни дам, балки ўтмиш аждодлар, келажак авлодларларга ҳам боғлана билади. Бу ўринда руҳнинг пок, имоннинг бут бўлиши бир бутинлик даражасини белгилайди.
Маънавий қадриятлар инсон руҳиятидаги ўқ илдиздир. Ўқ илдиз аждодлардан мерос бўлиб келаётган битмас-туганмас хазинадан баҳра олади. Ўқ илдиздан ажралган жон ҳаётдан узилади. Маънавий хазинанинг қайноқ кўзидан бебаҳра қолади. Замон тебранишларига дош бера олмай дарбадар санғийди. Дарахтдаги куртаклар барг ёзиб, гул очиб, мева тугиб ҳосил бериш имконидан мосуво қолади.
Қайси авлод — бўғин, бўғим… ўз меросини асраб, қадрлаб, уни бугуннинг бутунлигига ишлатиб, янгилай билса, ўзлигини намоён этса, бу заҳира қувват ишлайди, фаоллашади, бунёдкор кучга мадад бўлади. Ана шунда таназзуллар эшиги бекилиб, қувват юксалиш пиллапояларига уланади. Акс ҳолда мерос музейдаги кўргазма, архивдаги инвентарь ҳолида мудраб тураверади.
Мустақиллик бизнинг авлодга шундай имкониятлар эшикларини очдики, жамиятнинг ҳар бир аъзосидан фақат ҳаракат ва фаоллик талаб этилмоқда, холос.
Фолклор ўзбек халқининг маънавий меросида алоҳида ўрин тутади. Биз бу бойлигимизнинг хилма-хиллиги, сон ва сифати билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Эътиборли жиҳат фолклор бугунги кунда фақат мерос шаклида қолган эмас, аксинча, замон билан мос ижро жараёнида яшаб келмоқда. Хусусан, мавсумий маросимга тегишли Наврўзнинг умумхалқ байрами сифатида тантана қилинаётгани, Наврўз билан боғлиқ фолклор намуналарининг қайта жонланиб, куйланаётгани фикримизни тасдиқлайди.
Фолклорнинг алп жанри бўлмиш достонларга ва халқ эпосининг ижрочилари — бахши шоирларга бўлган эътибор ҳам алоҳида диққатга сазовор. Бу ўринда “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвонининг таъсис этилиб муносиб эгаларини топаётганлиги, ёш умидли бахшиларнинг “Ниҳол” мукофоти билан тақдирланиб келинаётганлиги ушбу санъатнинг янада ривож топишига қўл-қанот бўлмоқда.
Халқ: “Бахшилик эл — ботир”, деб айтган. Бу шунчаки келинган хулоса эмас. Қадим-қадимдан бахшининг жамиятда тутган ўрни, халқнинг маънавий, ижтимоий ҳаётидаги мавқеидан келиб чиқиб берилган баҳодир. Бахшилик санъатининг пайдо бўлишини халқ шоирлари:
Соз билан суҳбатни ёлғон деманглар, Одам Ато бино бўлгандан бордир. Ҳобил билан Қобил Момо қорнида, Улар ер юзига келгандан бордир —дея, одамзод ибтидоси билан боғлаб талқин этишади. Бу фикр қанчалик муболағали туюлмасин, бир ҳақиқатни қўнжида сақлаган. У ҳам бўлса бадиий сўз ва куйнинг одам насли ўзини англаган даврдан бери борлиги ва бахшилик санъати ҳам билвосита унга дахлдор эканлигидир.
Халқнинг тасаввурига кўра бахши ҳам танланган шахс саналади. Жуманбулбул, Пўлкан ва бошқа кўплаб бахши шоирлар тушида Хизрни кўриб бахши бўлганлари ҳақидаги нақлларнинг илдизи ана шу ишончларга бориб боғланади. Бахши халқ дилининг тили, у шунчаки қўшиқ, терма, достон куйламайди. Бахши одамларни эзгу амалларга чорлайди, яхшини ибрат қилиб ёвузлик лашкари сари курашга ундайди. Қийин шароитда эл кўнглига далда бўлади. Бефарқлик ботқоғига ботиб, чўккан руҳларни уйғотиб, халқни ҳақиқат ва орият манзилларига йўллайди. Чинакам бахши элнинг доно маслаҳатгўйи ҳисобланади. Афсонавий Қўрқит ота ана шундай бахши шоирларнинг тимсоли ҳисобланади. Қўрқит ота ҳақидаги афсоналарда у бахшилик сози — қўбизни ясаган киши, юртнинг оқил маслаҳатчиси, маросим тўйларининг йўриқчиси сифатида тасвирланган.
Ҳар бир касбнинг ибратли тимсоллари, пиру устозлари бор. Бахшилик санъати ҳам бундан мустасно эмас. Эргаш шоир ўз ижоди ҳақида куйлар экан:
Қариганда кўп достонни Мен юбордим элга ёйиб: Аввал “Холбека”ни айтдим, Менинг устозим кўр Ғойиб —деб Бобо Қамбар, Ошиқ Ойдин каби бахшилик тимсолига айланган Кўр Ғойибни тилга олган. Эл орасида Овул патта, Жийрон чечан каби афсонавий бахшилар Оллаберган Олчинбек мисоли тарихи достонга айланган шоирлар қанчадан-қанча. Эпик меросда “Ошиқ Ойдин”, “Кўр Ғойиб”, “Оллаберган Олчинбек” каби бахшилар ҳаётини куйлаган достонларда бахши-шоирнинг миссияси, эстетик принциплари, унинг шахс сифатидаги жамиятдаги ўрни, сўз ва сознинг қадр-қиммати бадиий шаклда ифода қилинган. Фолклоршунос Ш.Қаҳҳорова “Оллаберган Олчинбек” достонида бахшиликнинг ижодкор ва шахс сифатида амал қилиши лозим бўлган бурчларни устознинг шогирдига берган ўгитлари асосида қуйидаги шаклда яхлитлаштирган.
“I. Бахшининг шахс сифатидаги бурчлари, яъни ахлоқий принциплари: 1.Номарднинг хизматини қилма. 2.Аввал элингни рози қилиб, меҳнатингни миннат қилма. 3.Беморлар кўнглини овла. 4.Майга берилма. 5.Тўйга айтишса боргин. 6.Ваъдангдан қайтма. 7.Нафсингни тийиб, ёмонга қўшилма. 8. Кўп билан ўйнашма. 9.Ўғри ва ғарга ҳамроҳ бўлма. 10. Камтар бўл, ўзингни кўз-кўз қилма. 11.Улуғлар номини камситма. 12.Ўзингни бозорга солма, яъни манман бўлма. 13.Худони улуғ билиб, Қуръонни унутма. 14.Хизматингни қадрлашмаса, айтма, яъни иззатталаб бўлма. 15.Саломатлигингнинг қадрига ет. 16.Қиз-жувонга берилма, яъни маиший бузуқ бўлма.
II. Бахшининг ижодкор сифатидаги бурчлари, яъни бевосита сўз санъати ва ижрочиликка доир принциплар: 1. “Сўз билан одамлар қалбини жовла…”, яъни овла. 2. “Дўмбира, қўшиқни муқаддас бил”. 3. “Достон айтганингда чала ташлама, ҳар жойидан кемириб, чайнаб лошлама, Билмасанг, достонни бузиб бошлама…”. 4. “Шогирдинг ўзганда душманлик қилма…”, яъни ҳасадгўй бўлма. 5. “Касбдошларингни ҳеч жойда сотма”, яъни ёмонлама, касбингга хиёнат қилма. 6. “Яхши кунда сайрат чечан тилингни”. 7. “Созингни алмашиб, қаллоблик қилма”. 8. “Ҳар доим устозинг бошингга кўтар, Ҳеч қачон устозга ёмонлик қилма”.
Бу принцип ва бурчларни бошқа достончилик мактаблари вакиллари айтган терма, достонлар асосида янада тўлдириш мумкин. Асосийси шуки, айни ақида, қоидалар халқимизда бахшиликнинг мукаммал санъат сифатида тўлиқ камол топганлигини, ўз фалсафаси, адабий-эстетик қарашлари, олами мавжудлигини далиллаб бермоқда.
“Ёлғиз отнинг донғи чиқмас, донғи чиқса ҳам чанги чиқмас”. Қачонки анъаналар ирмоқларини ҳаракатга келтириб, уларнинг бошини қўшиб катта дарёга айлантирувчи мактаб бўлмаса, бир талант, ижодкорнинг ҳаракати улкан эпик мерос юкини кўтара олмайди. Фолклоршуносликда “достончилик мактаби” атамаси билан аталувчи ҳоадиса айнан ана шундай куч ҳисобланади. Биз билган “Қўрғон”, “Булунғур”, “Нарпай”, “Шеробод”, “Бойсун”, “Шаҳрисабз-Китоб”, “Хива” ва яна ўнлаб достончилик мактаблари, уларнинг минглаб вакиллари ижод қилиб ўтдиларки, ўзбекнинг эпик мероси маънавий хазинамизнинг дурдоналари бўлиб турибди.
“Ўнта бўлса ўрни, қирқта бўлса қилиғи бошқа”. Бахши анъаналар изидан боради. Лекин ҳар бир ижодкорнинг ўзига хос бетакрор ижро усули, баёни бор. Ижодкор, аввало, одам. Ҳаётда ҳар бир одамнинг тақдир йўли бетакрор. Бахши “эскилар изидан” борар экан, воқеликни ўз қалб дарёсидан оқизиб ўтади. Қўрғон достончилик мактабининг гўзал достони “Равшан”ни халқ “Жуманбулбулнинг уч ҳайдаган шудгори”, деб таърифлайди.
Отинг Хумор, ўзинг Хумор, Хуморсан, Чир атрофи учбурч исли туморсан, Ошиқларни кўзинг билан жўморсан, Ёр айланай қалпоқ тиккан қўлингдан.Жуманбулбулнинг Анорхол деган аёлга бўлган муҳаббати бу достонни ўзгача завқ-шавқ билан ишқ-муҳаббат иқлимида куйлашига сабаб бўлган. Эргаш шоирнинг аччиқ қисмати “бузуқ достон”(трагик) “Кунтуғмиш”нинг янада теран мазмунда куйланишига, янгиланишига замин яратди.
Мен сени шаҳзода дедим, мард дедим, Сен қандай сийнама қўйган дард эдинг, Чиқсин кўзинг, танимадинг болангни, Не тилингман буни дорга торт, дединг, Аввал охир мени мунча куйдирдинг, Ғам билан кўзимнинг ёшин қуйдирдинг. Чиқсин кўзинг, танимадинг болангни, Подшо бўлиб, ўз болангни сўйдирдинг. Армон билан билмаганим билдирдинг, Зор йиғлатиб, кўзим ёшга тўлдирдинг, Не тилингман буни дорга торт, дединг, Подшо бўлиб, ўз болангни ўлдирдинг. Юра билмай юрар йўлдан тойрилдим, Уча билмай қанотимдан қайрилдим, Чиқсин кўзинг, танимадинг болангни, Армон билан мен боламдан айрилдим. Мен сени шаҳзода дедим, мард дедим, Сен қандай сийнама қўйган дард эдинг.Достондан олинган ушбу парча ҳар қандай ўлчамдаги шеър талабларига жавоб бера олади. Шоир руҳининг илҳомий лаҳзадаги юксак парвозигина бу хил қуйма сатрларни ярата олади.
“Алпомиш”, “Гўрўғли” каби мумтоз достонларимиз бахши-шоир боболаримизнинг ана шундай илҳомий парвозларининг меваларидир.
Йилқичинда ўзи келган синлидир, Тўбишқон туёқли, марол беллидир, Аросат кунида ажаб ҳоллидир, Қиммат баҳо экан ўзбекнинг оти… …Бедов миниб, от абзални шайласанг, Пойга қилиб кўп шумликни ўйласанг, Пойганинг бошида тортиб бойласанг, Ўн беш кун илгари берман ҳайдасанг, Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти…Халқнинг руҳини, феълини бахши каби яқиндан билгувчи йўқ. Бахши борини рост сўзлайди. Ўзбекнинг оти ўзишини билди, айтди, шундай бўлди.
От достонларимизда улкан тимсол. Бахши шоирларимиз қолдирган улкан хазина ҳам илҳом тулпорининг ёлида кўпириб турибди. Биз бу мерос жиловини қўлга олсак, ҳақ йўлига солсак, ўзбекнинг маънавият тулпори маррага аввал етишига шак-шубҳа йўқ.
Шомирза Турдимов,
филология фанлари доктори
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 11-сонидан олинди.