Аксарият ижод аҳлида адабиётга, ижодга ҳавас китобга, китобхонликка ҳавасдан бошланади. Каминада ҳам шундай бўлган. Қишлоғимизда мўъжазгина кутубхона бўларди. У ерга илк бор катта ёшли болаларга эргашиб, уларга ҳавас қилиб борганман. Кутубхоначи Донохон аянинг яхши бир одати бор эди. Ёш китобхонлар олган китобини ўқиган ёки ўқимаганини сўраб-суриштирарди. Машҳур болалар ёзувчиси Аркадий Гайдарнинг бир китобини ўқиганим ёдимда. Ўша китобнинг илк жумласи ҳалиям эсимда қолган: “Қишда одам жуда зерикади”…
Мактаб кутубхонасидаги пичоққа илинадиган ёки мактабдошларимнинг қўлида кўриб қолган ҳамма китобларни ўқиб чиққанман. Танлаб, саралаб ўқиш малакаси ҳали шаклланмаганди. Янглишмасам, бешинчи ёки олтинчи синфларда ўқиётганимда Войничнинг “Сўна” романи қўлимга тушиб қолди. Бир-икки саҳифа ўқиб, зерикиб кетдим ва ўқигим келмай ташлаб қўйдим. Кейинчалик билсам, бу асар ўшанда ёшимга мос эмас экан. Юқори синфга ўтганимда шу романни қайта қўлга олдим. Китобни бош кўтармай, ҳаяжон ва ҳайрат билан ўқиб чиқдим. Сўнанинг отилиши воқеаси ва севгилиси Жеммага ёзган сўнгги мактубини ўқиётиб юм-юм йиғладим. Китобдан биринчи бор шу қадар таъсирланишим эди. Биринчи бор адабиёт деб аталмиш мўъжизанинг сеҳру жодуси билан юзма-юз бўлишим эди. Кейинчалик Ойбекнинг машҳур “Қутлуғ қон” романи ҳам онгу шууримни шундай алғов-далғов қилиб юборди. Адабиётга астойдил ихлос қўйишим балки ўшандан бошлангандир. Ўз вақтида ўқилган керакли китоблар одамнинг тақдирини, ҳаёт йўлини белгилаши мумкин экан.
Яхши китоблар билан бир қаторда қанчадан-қанча кераксиз, саёз китобларни ҳам вақт сарфлаб ўқиб чиққанимни алам билан эслайман. “Яширин обком ҳаракатда” деган ёстиқдек бир китобни (уруш йилларидаги партизанлик ҳаракати ҳақида) уч ойлик таътил даврида эринмай ўқиб чиққанман. Бунинг ўрнига халқ достонларини ўқисанг бўлмайдими, дейдиган одам бўлмаган-да!
Кейинги вақтларда китобхонлик, мутолаа маданиятининг пасайиб кетаётгани ҳақида кўп гапирилмоқда. Бундай ташвишда жон бор, албатта. Мен ҳам бу ҳақда кўп ўйлайман. Қуш уясида кўрганини қилади. Ота-она аввало ўзи китобхон бўлиши керак деймиз. Аммо ўзи китобхон бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам китобга қизиқмаётганини тушунолмайман. Ёшларни қўя турайлик, кузатишимча, баъзан ўзимиз ҳам китобни камроқ ўқиётганга ўхшаймиз. Жаҳонга машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовдан мухбир “Сиз кўп ёзасизми?” деб сўраганда, адиб “Йўқ, мен кўп ўқийман” деб жавоб берган экан. Шўролар даврида халқаро Нобел мукофотига сазовор бўлиб, ана ўша “шаккоклиги” учун тазйиқларга учраган машҳур шоир Борис Пастернакнинг “Буюк китобхонлар пайдо бўлгандагина буюк адабиёт пайдо бўлади” деган ибратли гапи бежиз айтилмаган.
“Китоб ўқимайдиган ҳамкасбларни танқид қиляпсиз, хўш, ўзингиз уларнинг китобларини ўқиб борасизми?” деган табиий савол туғилади. Илгари ёзувчиман деган одам адабиётдан орқада қолмаслик учун чоп этилаётган ҳамма яхши-ёмон асарларни ўқиб бориши керак, деган фикрда эдим ва бу ақидамга узоқ йиллар амал қилганман. Аммо кейинчалик англаб етдимки, бунинг иложи йўқ ва бундай қоиданинг кераги ҳам йўқ экан. Менимча, устоз Абдулла Қаҳҳорнинг “Китоб шавқ билан ўқилиши керак” деган талаби ҳеч қачон эскирмайди. Ахир ҳар қандай асар аввало ўқиш учун ёзилади-да! Масалага шу нуқтаи назардан қарасак, ҳозирги даврда модерн адабиёти намунаси сифатида чоп этилаётган аксарият асарларни оддий китобхон ўқимайди, ўқий олмайди, ўзини мажбурлаб ўқиса ҳам тушунмайди. Тушунарли бўлмаган асар эса ўзига тортмайди.
Хуллас, адабиётда янгича услуб, янгича тасвирий воситалар зарурлигини мутлақо инкор қилмаган ҳолда, модерн масаласида анча консервативман. Кимдир мени қолоқликда айблаши мумкин, ўз фикримни айтяпман, холос. Назаримда, насримиздаги анъанавий тасвир услубининг имкониятлари чексиз, у ҳеч қачон йўқолмайди. Ушбу услубда умрбоқий, шоҳ асарлар яратилган ва шубҳасиз, яна яратилади. Шу ўринда Лев Толстойнинг “Содда ва равон ёза билмоқлик чинакам истеъдоддир” деган ўгити ёдга тушади. Эндиликда балки кимларгадир содда ёзиш жўнликдай туюлар. Аммо модерн дегани истеъдодсизликни, тайинли ғоявий ниятнинг йўқлигини хаспўшлайдиган бир ниқоб бўлмаслиги керак!
Китоб дўконларига кирсангиз, чиройли, қалин, ялтироқ муқовадаги китобларга кўзингиз тушади. Адабиётдан анча-мунча хабардор китобхон ҳам бу китобларнинг муаллифлари номини биринчи марта кўриб турган бўлади.
Бозор иқтисодиёти дегани пул бўлса чангалда шўрва дегани эмас! Агар шундай бўлса, шаҳар бедарвоза бўлиб қолади. Эндиликда ёмон, савиясиз китобларнинг йўлига ғов қўйишдан ташқари, уларнинг зарари ҳақида ҳам баралла гапириш фурсати келди. Шу ўринда жиддий адабиётга эътибор янада кучайтирилиши керак. (Ёзувчи асарини ўз маблағи ҳисобига чоп эттирса, китобини ўзи тарғиб қилиб, сотиш масаласи билан ҳам ўзи шуғулланса, қачон хотиржам ижод қилади?..) Адабиёт барча санъатлар ичида энг муҳим, энг мураккаб, энг керакли санъат. Муқаддас китобда зикр этилганидек, “Аввал сўз бўлган”. Ҳозирча жиддий адабиёт сариқ матбуот ва сариқ адабиётнинг соясида қолаётгандек туюлмоқда. Яхши асар билан ёмон асар аралаш-қуралаш бўлиб кетгандай… Асосий вазифаси ҳақиқий истеъдодларни кашф этиш, яхши асарларни тарғиб қилиш бўлган танқидчилик жуда ҳам сусайган, унинг бор-йўқлиги деярли билинмайди. Бу соҳада араванинг юкини ҳалиям эски авлод вакиллари баҳоли қудрат тортиб келмоқда. Умуман, адабиётда авлодлар алмашинуви жуда мураккаб, оғриқли бир тарзда кечмоқда…
* * *
Университетда астойдил, аъло баҳоларга ўқидим. Бизга адабиётдан сабоқ берган домлалар – Ғулом Каримов, Озод Шарафиддинов, Норбой Худойберганов (Аллоҳ уларни ўз раҳматига олган бўлсин) ва Умарали Норматовларнинг номларини зўр ҳурмат-эҳтиром билан эслайман. Уларнинг беминнат сабоқлари, ўгитлари ҳаёт йўлимда кўп ва хўп асқотди. Курсимиздан яхши, таниқли ижодкорлар етишиб чиқди. Афсуски, Асқар Қосимов билан Амирқул Пўлкановнинг умри қисқа бўлди. Таниқли адиб Қамчибек Кенжанинг номи китобхонларга яхши таниш.
Олтин давр – талабалик йилларини эсларканман, кўз олдимда юракни орзиқтирувчи, ажиб манзаралар намоён бўлади. Биз адабиётнинг, адабий муҳитнинг жўшқин, қизғин бир палласига гувоҳ бўлган авлодмиз. Ўша бетакрор даврларни кўп эслайман, кўп қўмсайман. Ажабо, ўша кезлар ёш ижодкор бир-иккитагина шеъри ёки биргина ҳикояси билан тилга тушиб, танилиши мумкин эди. Учқун Назаров “Одамлар” деган ҳикояси, Шукур Холмирзаев “Тўлқинлар”, Ўткир Ҳошимов “Чўл ҳавоси” қиссалари билан танилиб, Абдулла Қаҳҳордек тирик классикнинг назарига тушган эдилар. Ёзувчилар уюшмасида бўладиган наср, поэзия, драматургиянинг йиллик муҳокамалари бир неча кунлар давом этар, ўша кунлари дарслардан озод қилинган биз талабалар муҳокамаларда бўлган қизғин баҳс-мунозаралардан кўп сабоқ олардик. Бундай адабий муҳит ҳар қандай ижодкор учун катта мактаб эди.
“Бир ёзувчининг адабиёт даргоҳига кириб, ундан ўз ўрнини топиши учун минг бир шарту шароитнинг тажассуми керак, – деб ёзади устоз Эркин Воҳидов. – Ўша минг бирнинг бири – адабий муҳит ва бу муҳитдаги одамларнинг хайрихоҳлигидир”. (“Шарқ юлдузи”, 1987, 9-сон, 165-бет)
Биз илк машқларимизни ҳаммага кўрсатавермас, негадир бундан тортинар эдик. Таҳририятларнинг остонасига қадам қўйишга эса журъат қайда, бу даргоҳда ишлайдиганлар ниҳоятда мартабаси улуғ, катта одамлардек туюларди. Биз ҳатто шундай жойда таниши бўлган курсдошларимизга ҳавас қилардик.
Ҳаёт йўлимда яхши, саховатли одамларга йўлиққанимни шукроналик билан эслайман. “Гулистон” журнали янгитдан ташкил этилган йиллар эди. Ҳамқишлоғим, таниқли журналист ва ёзувчи Рустам Раҳмон ўша журналда саркотиб (шундай аталарди) эди. (Раҳматли “Темур тузуклари”нинг таржимасини Алихонтўра Соғуний оғзидан ёзиб олиб, журналда чоп эттирган, шўро мафкурачиларининг тазйиқи билан бу хайрли иш ниҳоясига етмай қолган эди). Адабий муҳитнинг сеҳру жозибаси таъсиридами ёки кўнгилдаги эзгу истаклар туфайлими, ўқишни битиргач, пойтахтда ишлаб қолмоқчи бўлдим. Маслаҳат сўраб Рустам аканинг олдига бордим. У киши республика радиосининг “Ёшлик” таҳририятидаги шогирдига (ўзи ўша таҳририятни ташкил этганди) мени ишга олиш ҳақида илтимос қилиб телефон қилди. Хуллас, “Ёшлик”да беш-олти йил ишлаш насиб этди. У ерда Жонрид Абдуллахонов, Максим Каримов, Тўлаган Тўхтаев каби ижодкорлар билан елкадош бўлиб хизмат қилдим. Республиканинг ҳамма вилоятларини кезиб чиқдим. Жонрид ака бир қанча романлар муаллифи бўлган таниқли ёзувчи эди. У кишидан кўп нарса ўргандим. Одатда, радиода матнга, таҳрир маданиятига эътибор газета ёки журнал таҳририятларидагидай эмас. Жонрид ака тайёрлаган эшиттиришларимни қандай таҳрир қилганини синчиклаб кўриб чиқардим. Шу одатим менга кўп фойда берганини сезганман.
Бу даргоҳда яна бир камчилигимдан қутулганман. Табиатимдаги ўта тортинчоқлик, уятчанлик ҳатто касаллик даражасига бориб етганди. Талабалигимда билганларимни аудиторияга юзланиб гапиришдан ийманар, бу феълимдан кўп азоб чекар эдим. Радиода ишлаб, турли одамлар билан мулоқотда бўлиб, улардан интервью олиш асносида шу нуқсонимдан аста-секин халос бўлдим. Илк ҳикояларим, очеркларим гарчи радиода эълон қилинган бўлса-да, улар “ҳавога учиб кетгани” учун жиддий ижод деб ҳисобламайман.
“Ёш гвардия” нашриётида “Гулдаста” деган тўплам тайёрланаётган эмиш, унда ёшларнинг шеър, ҳикоялари босилармиш деган гапни эшитиб, иккита ҳикоямни топширдим. Тўплам чоп этилганда биттасини сотиб олиб, мундоқ варақлаб кўрсам, иккала ҳикоям ҳам босилиб чиқибди. Қувончимнинг чеки йўқ, бир неча кунгача ўзимга келолмай ҳовлиқиб юрдим. Ижод қувончи нима эканини биринчи бор ўшанда илғадим, шекилли…
Таниқли мунаққид Иброҳим Ғафуров “Гулдаста”га ёзган тақризида менинг ўша ҳикояларимни ижобий баҳолаб, “Шодмонбек муҳаббат нафасини бера олади” деб ёзибди. Ўзимга ишонч уйғонгандек бўлди, “Демак, ёзаверсам бўлар экан” деб ўйладим.
Қадрдон дўстим Қамчибек Кенжа “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси)да ишларди. Ижодий машқларимизни ўқишиб, ўзаро муҳокама қилиб турардик. Бир куни Қамчибек “Япроқдаги нур” деган, севги ҳақидаги лирик ҳикоямнинг қўлёзмасини ўқиб, олиб кетди ва бир неча ойдан сўнг ўзи ишлаётган газетада чоп эттирди.
Айрим ижодкорлар илк муваффақиятлардан руҳланиб, янада ғайрат билан отни қамчилайдилар. Менда эса бунинг акси бўлди. Узоқ вақтгача ёзмай кетдим. Ўша кезлар туриш-турмушимда ҳаловат йўқ, уйсизликдан қийналиб, ижарахоналарда сарсон бўлиб юрардим. Лекин булар ёзмаслигимга баҳона бўлолмаслигини англардим. Рус ва жаҳон адабиётини янада чуқур ўрганмай, ўзлаштирмай туриб ёзмаслигим керак, деган тушунча миямга ўрнашиб қолувди. Бошим билан қайта мутолаага шўнғиб кетдим. Гоҳо ёзгим келса ҳам ёзмай юравердим. Мурод Муҳаммад Дўст (университетда ўқишни ташлаган, ҳали Москвага кетмаган эди) билан ўша кезлар жуда яқин эдик, деярли ҳар куни кўришардик. У бир куни ҳайрон бўлиб гапириб қолди: ”Нега ўзингизни чеклайсиз? Чекламанг, ёзгингиз келса ёзаверинг!” Бир куни Иброҳим Ғафуров ҳам учрашиб қолганимизда иддао билан шундай дегани ёдимда: “Нега бир-иккита ҳикоядан кейин жимиб кетдингиз? Аллоҳ айрим одамларга истеъдод бериш билан бир қаторда шу истеъдодга яраша ялқовлик ҳам бераркан…”
Кўп йиллар илм билан шуғуллансаммикин ёки ижод қилсаммикин дея иккиланиб юрдим. Назаримда, бу ишнинг бири иккинчисига халақит берадигандек, шу боис улардан биттасини танлашим лозимдек туюларди. Дўстим Қамчибек ҳар гал кўришганимизда ижодга даъват этар, бадиий ижод қўлидан келмайдиганлар кейинчалик ўзини илмга уриб кетади дер эди. Кейинчалик англаб етдимки, аслида илм билан ижод ўртасига хитой девори қўйиш шарт эмас экан. Кўпгина адиблар бадиий ижод билан бир қаторда илм, адабий танқид билан ҳам жиддий шуғулланишган экан. Тайёр диссертациядан воз кечганимдан кейин ҳам баҳоли қудрат илмий, танқидий (кўпроқ эссе жанрида) мавзуда қалам тебратиб турдим. Кўпроқ ўзим билган, ижоди кўнглимга яқин бўлган адиблар – Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуров, Йўлдош Солижонов, Шукур Холмирзаев, Рауф Парфи, Тоҳир Малик, Рустам Раҳмон, Мирпўлат Мирзо, Қамчибек Кенжа, Ҳабиб Темиров, Носир Муҳаммад, Ашурали Жўраевлар ижоди ҳақида ёздим. Ушбу битиклар асосида «Адабиёт қисматдир» деган китоб чоп эттирдим.
Ёзувчи асарининг қиёмига етиб, мукаммаллашувида малакали, тажрибали муҳаррирларнинг хизмати ҳам катта деб ўйлайман. Газета, журнал ва нашриёт таҳририятларида савияси, саводи, таҳрир маданияти талабга жавоб берадиган муҳаррирларнинг тобора камайиб кетаётгани туфайли нашрларнинг ғиж-ғиж хатоликлар билан чоп этилаётгани мени кўп ўйлантиради. Ҳамма нарсани охир-оқибат кадрлар ҳал қилади деган қоида – назария ҳеч қачон эскирмас экан. Таниқли ёзувчи Эркин Аъзам (уни тил ва услуби энг мукаммал ёзувчи деб ҳисоблайман) бир вақтлар “Ёшлик” журналининг наср бўлимини бошқарганда иккита ҳикоямни маъқуллаб, чоп этганди. Муаллиф билан муҳаррир мулоқотининг олий намунасини ана ўшанда кўрганман.
* * *
Илгари ёзувчиларнинг Дўрмондаги ижод уйи жуда гавжум бўларди. Ёзувчилар ижоддан бўшаган вақтларда, ошхонада тамадди қилишаётганда ёки ташқарида айланиб юришганда ўзаро бир-бирларига ҳазил-мутойибалар қилишар, қизиқ-қизиқ ҳангомалардан айтишиб, завқланишар эди. Ўзим бевосита гувоҳ бўлган ана ўша ажойиб, бетакрор гурунглар кейинчалик қайта-қайта нашр этилган ва анча-мунча тилга тушган “Дўрмон ҳангомалари” деган китобимнинг ёзилишига туртки бўлди.
“Дўрмон ҳангомалари”ни ёзишдан мақсад – йўқ жойдан кулгу қидириш, айрим ижодкорларни улуғлаш, мақташ ёки қаҳ-қаҳ уриб кулдириш эмас, балки турфа кулгулардан китобхонни баҳоли қудрат баҳраманд қилиш, унинг руҳини поклаш ва шу кулгу воситасида номлари тилга олинган ижодкорларнинг жонли сиймосини китобхон кўнглига яқин қилишдир.
Айрим ҳангомаларнинг “сири” – маъноси ўтмиш ёки ҳозирги даврдаги адабий муҳит билан яхши таниш бўлганларгагина аён бўлади. Шу боис, бундай ҳангомаларни адабий-маданий меросимиздан яхшироқ хабардор бўлган китобхонлар теранроқ англайдилар. Ҳангомаларда номлари тилга олинган адибларни мен ниҳоятда ҳурмат қиламан, уларга ихлосим баланд. Азбаройи суйганимдан, ҳаддим сиққанидан улар ҳақидаги ҳангомаларни қаламга олганман. Бу беғараз ҳазил-мутойибалардан кулгисевар халқимиз ҳам баҳраманд бўлишини, мухлисларнинг ўзлари суйган ижодкорлар ҳақидаги тасаввури янада бойишини истайман. Айни чоғда бу ҳангомалар адабиётимизнинг, маданий-маънавий ҳаётимизнинг ҳазил-мутойибаларга йўғрилган бир тарихидир.
Дарҳақиқат, ушбу китоб муттасил ёзилиб, тўлдириб борилмоқда. Ҳозир китобнинг тўлдирилган, бешинчи нашрини тайёрлаб қўйдим. “Дўрмон ҳангомалари”га қаҳрамон бўлишни истаётган адиблар сони эса тобора кўпайиб бормоқда. Улар менга ҳазил ила: “Майли, ёзаверинг, мабодо ўз асарларимиз билан тарихда қолмасак, лоақал сизнинг ҳангомаларингиз орқали номимиз қолар”, дейишади. Қайдам, “камтарлик” билан айтганда, балки бу гапларда жон бордир. Ахир Бернард Шоу, Марк Твен, Михаил Светлов, ўзимизнинг Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Адҳам Ҳамдам, Азиз Абдураззоқ, Рауф Парфи, Тоҳир Малик, Мирпўлат Мирзо ҳақидаги ҳангома – ҳазилларни мухлислар ўша адибларнинг асарларидан кам севишмайди-ку!
Кулгу, ҳазил катта куч. Ҳеч нарса одамларни бир-бирига самимий, беозор кулгудек яқинлаштиролмайди. Охунжон қизиқ лутф этганидек, ҳаммом одамнинг танасини тозаласа, кулгу руҳини поклайди.
Кейинги йилларда фақат ҳангома ёзиш билан чекланиб қолаётганим йўқ. Бир қанча жиддий ҳикояларим газета ва журналларда чоп этилди. Биринчи марта энг қийин жанр ҳисобланмиш драматургияга (Белинский таърифи) қўл уриб, “Сен учун яшайман” деган пьиеса ёздим. “Шарқ юлдузи”нинг 2013 йил, 2-3 сонларида босилди. Айрим театрларда саҳналаштирилди. Бошқа жанрлардаги ижодим ҳангомалар соясида қолаётгандек туюлгани менга бироз алам қилади.” Барака топгурлар, мен бошқа нарсалар ҳам ёзиб тураман” десам, айрим қаламкаш дўстларим “Ўзингиз ҳам худди қаҳрамонларингиз каби ҳангомалар орқали тарихда қоласиз” дея ҳазиллашишади. Қайдам, балки бу гапларда ҳам жон бордир… (Адабиётда номинг мутлақо ўчиб кетгандан кўра, лоақал биргина асаринг ВАҚТ ва КИТОБХОН синовидан ўтиб, яшаб қолса ҳам катта гап деб ўйлайман).
Бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп дегандек, бунда “Ҳар ким айтур неки бор имконида”… Кўнгилда ҳали орзулар, режалар кўп. Аллоҳ омонатини қистамаса, уларни қоғозга тушириш ниятим бор…
Дўппини олиб, мундоқ ўйлаб кўрсам, жуда кўп қимматли вақтим зое кетган экан. Бу йўқотишлар менга катта армон бўлиб қолди.
Инсон бошига тушиши мумкин бўлган энг оғир йўқотиш – вақтни бой бериш эканини жуда кеч англаб етганим алам қилади.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 11-сон