Шеркон Қодирий. “Обид Кетмон”га қайтиб…

Адабиёт тарихидан маълумки, Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён”ни тамомлагач, “Амир Умархоннинг канизи” номли тарихий роман ёзмоқчи бўлган. Аммо 1932 йили 23 апрелда ВКП (б) Марказий Қўмитаси “Адабий-бадиий ташкилотларни қайта тузиш ҳақида” қарор қабул қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совети раиси Файзулла Хўжаев (1896–1938 йиллар) адибни ҳузурига чорлаб, қишлоқ ҳаёти ҳақида бирор асар ёзишни таклиф этади. Бобомиз қишлоқ ҳаётини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳри яқинидаги Кўктерак қишлоғига йўл олади… Гоҳ отда, гоҳда пиёда юриб, далаларни кезади, пахта чопиқларида қатнашиб, бободеҳқонлар билан суҳбатлашади. Шу тариқа “Амир Умархоннинг канизи” романи ортга сурилиб, “Обид кетмон” қиссаси ёзилади ва асар 1935 йилнинг бошларида нашрдан чиқади.

Қисса дунё юзини кўргач, қаттиқ танқид­га учради. ”Қизил Ўзбекистон“ газетасининг 1937 йил 3 июнь сонида Ж.Шарифий ва О.Шарафиддиновнинг “Обид кетмон ҳақида” мақоласи чоп этилади. Бу ҳақда отамиз шундай хотирлаганди: “Дадам қўлларидан тарихий романлар ўқишга ўрганган халқ “Обид кетмон”ни ўқиб, турлича талқин қила бош­лади. Дадамнинг ўзларига бир нима дея олмаса ҳам баъзилар менга: “Отангизнинг бу китоблари анавилардек эмас”, деб эътироз билдира бошлади. Бу эътирозларга мен баъзан қўшилар, баъзан аччиғланардим”.

Бу атрофлича фикр-мулоҳазалар, албатта. Қолаверса, бу мамлакатнинг биринчи беш (1928 – 1933) йилликдаги қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига бағишланган асар. Ўша вақтлар Совет ҳукумати олдида босмачилик (аслида миллий озодлик – Ш.Қ.) ҳаракатини тугатиш, қишлоқларда якка деҳқон хўжаликларини бирлаштириб, колхозлар тузиш вазифаси турарди. Бунинг учун биринчи навбатда қулоқларни синф сифатида тугатишга қарор қилинади. Адиб ўз асарида шунга ишора қилиб, колхоз идорасининг жойлашган ўрнини “Бултурги йил қулоққа чиқарилиб, Украинага жўнатилган Абдужалил тегирмончининг кичкина меҳмонхонаси“ дейди. “Қулоққа чиқарилиб” таърифидаги “қулоқ” сўзи русча “кулак“ сўзининг бузилган шаклидир. “Қулоқ”, яъни “Муштумзўр” – катта ер эгаси, бошқалар кучидан фойдаланган қишлоқ бойи, демакдир. Бундай бойлар ўз ишбилармонлиги ва уддабуронлиги билан мол-мулкини кўпайтирган. Аксариятининг мол-мулки аслида ота-бобосидан мерос бўлса-да, қонун чиққач, ўз ерларини ихтиёрий равишда ҳукуматга топширган. Шунга қарамай, Сталин сиёсатига биноан “Киши кучидан фойдаланиш – жиноят” ҳисобланиб, уларнинг ер-суви ва мол-мулки тортиб олинди. Ўзлари хотин, бола-чақаси билан совуқ ўлкаларга бадарға қилинди. Ўша йиллари қирғинга учраганлар сони 37-йилдагига қараганда анча юқори бўлган.

“Обид кетмон”дан ўқиймиз: “–Бизнинг ғўза ”Пахтачи”(колхоз номи – Ш.Қ.)нинг ерга қанот ёзиб туллаш учун бағрини иссиқ кесакка бериб ётган мусичага ўхшаш умирвоқи ғўзасидан эмаски, теримчилар Мирзанинг чўлида юргандек ғўзани ораласалар, – дейди Мулла Обид”. Бизнингча, бу ўриндаги “умирвоқи” сўзи билан адиб ўша пайтдаги деҳқончилик ишлари ҳукумат томонидан тўғри йўлга қўйилмаганини урғулайди. Шўро ҳукуматининг ”Табиатни бўйсундирамиз!” деган нотўғри фалсафаси натижасида чўллар табиат қонуниятларига зид равишда ўзлаштирилиб, тўқайлар йўқ қилингани, тузатиб бўлмас экологик фожиалар юзага келгани эса сир эмас. Пахта деб қанчадан-қанча одамлар азоб чекмади, дейсиз. Бу ҳақда отамиз шундай ҳикоя қилганди: “Дадам “Ўткан кунлар” романига материал тўплаш учун Фарғонага борганларида, Марғилондан саккиз тепкилик қора хонатлас келтирган эдилар. Икки кийимлигидан ойим билан Жосият бибим кўйлак тикиб кийишган, қолганини эса беш-олтита катта-катта кўрпа қилишган эди. Шу кўрпалардан иккитасини сўкиб, пахтасини дадам ўз қўллари билан маҳаллақўмга чиқариб топширдилар. (Кейинчалик бу кўрпаларнинг аврасидан Ойкумуш ва Назифа опамга куйлак тикиб беришди. Ўша кўрпалардан бирини ҳозиргача сақлаб келамиз). Шунда ойим бир нарса демасалар ҳам, Жосият бибим эътироз билдирдилар:

– Нима бало, ҳукумат шу кўрпаларнинг пахтасига зор бўлиб қолиптими, Абдулла?

– Зор бўлганми-йўқми, бу сиёсатчилик ойи. Бунга қарши: ”Йўқ, бермайман“, деб бўлмайди. Зарур бўлганки, солиқ солганлар.

– Жуда бўлмаса, сендан олмасалар бўларди.

– Бўлмайди, ойи. Энди бой ашрафлардан солиқ олинмайдиган ё камайтириб олинадиган замонлар ўтиб кетган“.

Яна қиссадан ўқиймиз: “Тиктепа қиш­лоғининг гузарида Мулла Обиднинг қўлидаги фавқулодда кетмонни кўрган ҳар ким кулади:

– Афросиёбдан қолган десак, янги…”

Мазкур жумладаги “Афросиёб” сўзи Самарқанддаги тарихий ёдгорликка очиқдан-очиқ ишорадир. Маълумки, тарихий манбаларда асли исми Алп Эр Тўнга бўлган Афросиёбни шарқ оламининг, хусусан, Эрон ва Туроннинг деярли ҳамма алломалари бирдек “Туроннинг улуғ таянчи, дунёнинг машҳур ҳукмдорларидан бири” сифатида тасвирлайди. Миллат тарихи, туркий халқларнинг буюк шахслари билан фахрланиш ҳисси эса ўша вақтларда кимларгадир ёқмаслиги табиий эди.

Ёзувчи Мулла Обиднинг эрта баҳордан то кеч кузгача тиним билмай қилган меҳнати мевасини шундай қайд этади: “Бир таноб ердан олтмиш пуд пахта, ярим танобдан икки юз пуд картошка, йигирма пуд жўхори, ўн беш пуд мош, олти юз боғ беда, тўрт юз пуд шолғом ва туруп, икки юзта адоғи ўттуз-қириқ, ҳатто элли қадоқли қовоқ, икки юзта тарвуз, аллақанча пиёз, лавлаги, савзи ва кўп нарсаларга эга бўлди”. Бизнингча, бу парча орқали ўша вақтда юртимизда етиштирилган деҳқончилик маҳсулотлари ҳақида реал маълумот берилмоқда.

Энди қисса бош қаҳрамони исмига тақалган “Мулла” сўзига тўхталсак. Ўзбек тили луғатида “мулла” сўзи ўқимишли, Аллоҳдан қўрқувчи, тақводор одам дейилган. Асардаги Мулла Обид ҳам ”Эски адабиётни яхши ўқуйди, айниқса “Шоҳнома”, Аҳмадзамчи, Абомуслим достонларини, Жамшид афсона ва асотир(ривоят)ларини ўқиғанда жуда ҳам жонли чиқаради”, деб таърифланади.

Китобдан Мулла Обиднинг қулоғи оғирлигига оид қуйидаги маълумотни ўқиймиз: ”Бу нуқсон унга минг тўққуз ўн олтинчи йилда Германия фронтида илашади… Ўзининг сўзига қараганда… ўша йилда… бир бойга ёлланиб, фронтга кетади…”. Хўш, Германия фронтида нималар бўлган? Мулла Обиднинг Германия фронтига қандай боғлиқлиги бор? Тарихдан аёнки, 1914–18 йиллари Германия, Австрия, Венгрия ва Россия, Анг­лия давлатлари ўртасида Биринчи жаҳон уруши бўлиб ўтган. Бу тарихда “Антанта давлатлари уруши” деб ҳам номланади. Маълумки, ўша даврда Николай II фронт ортидаги ишларни бажариш учун мустамлака ўлкалардан 19 дан 49 ёшгача бўлган, жами 250 минг йигитни мажбурий равишда мардикорликка олишга буйруқ беради. Бунга қарши жойлар(Жиззах, Андижон)да халқ қўзғолонлари бўлади. Кўп­лаб қурбонлар берилади. Охир-оқибат Оқ пошшо ҳукумати ғолиб келиб, маҳаллий халқ вакиллари урушга сафарбар этилади. Фронтга кетганларнинг қанчаси нобуд бўлган, қанчаси ногирон бўлиб қайтган. Миллатимиз бошидан кечирган бу кўргуликлар “Қарғалар учса қарайлик”, “Золим Николайнинг замбараги” каби халқ қўшиқларида ҳам яққол кўринади.

Обид кетмон қисмати орқали адиб биринчилардан бўлиб китобхонни ўша даврдаги тарихий мусибат билан бир қадар таништиришга ҳаракат қилди. Айтишларича, бобомизнинг ўзлари ҳам мазкур урушдан насибадор бўлишига бир баҳя қолган. Отамизнинг хотирлашича, “Қудратилла (Абдула Қодирийнинг учинчи ўғли, 1897 -1956 йиллар. – Ш.Қ.) амаким ҳикоя қилардилар: 1916 йили Николай подшодан рабочи олиш тўғрисида буйруқ келди. Ҳар икки хонадондан бир одам берилиши, бера олмайдиганлар борадиганига маълум миқдорда пул тўлаши, яъни одам ёллаши керак эди. Мен ҳали бўйдоқ, бирор ишнинг бошини тутмаганман. Абдулла акам янги уйланган. Раҳимберди акам икки-уч болали, ўзидан ортмас, рўзғор иши асосан Абдулла акам зиммасида, одам ёллашга қурбимиз етмас эди. Дадам билан ойим маслаҳатлашиб, ёшим бир-икки йил етмаса ҳам бизнинг уйдан Абдулла акамнинг ўринига мен мардикорга кетадиган бўлдим”.

Энди асардан ўқиймиз: “Ер ислоҳоти вақтида Мулла Обидга… Жалил тегирмончининг еридан беш танобини айириб бермакчи бўладилар. Бироқ Мулла Обид… ерни рад қилади…”. Мулла Обиддаги бундай тақводорлик хислати китобда яна учрайди. Яъни Обид кетмон Абдужалил бойнинг тегирмонига қопидаги буғдойини ун қилдириш учун боради. Бойнинг ити Мулла Обиднинг қўлини тишлаб олади. Абдужалил бой айбона (жарима) сифатида ортиқча ун бермоқчи бўлади. Лекин Мулла Обид унни олишдан бош тортади. Демак, у ўзганинг ҳақидан ҳазар қиладиган, тақводор одам.

“Обид кетмон”да Тиктепа қишлоғида жойлашган икки масжиднинг имомлари ҳақида ҳам маълумот берилади. Катта масжиднинг имоми Мулло Исо махдум – хатиб (нотиқ, воиз) домла. Кичик масжиднинг имоми Мулла Муҳсин домлалардир. Хатиб домланинг: “Шўро ҳукумати ҳам беш-олти кунлик қордек гап, теваракдаги қиронлар саккиз томондан тикилганлар, фақат вақти-соати етмай туради-да… ­фикримча, бу кўкламдан ўтмас!”, деган калвакона даъватларидан адибнинг шўролар ҳукумати келажаги ҳақидаги фикрларини англаш қийин эмас. Афсуски, Хатиб домланинг башорати бир эмас, нақ етмиш уч кўкламдан кейин амалга ошди. Хатиб домла яна бир ўринда: ”Дажжоли алайҳилаъна (большевиклар демоқчи – Ш.Қ.) француз ва итальянлар, немис ва англичанлар, амриқо ва испаниёнлар, олмония ва палаклар бу бадбахтни ҳалок қилсалар керак” дейдики, адибнинг бундай гапларни қўрқмасдан бадиий асарга киритишини, билмадим, қандай баҳолаш мумкин?

Мулла Обиднинг қўрғонидаги зиёфатда Хатиб домла ушр закоти (деҳқон ҳосилидан оладиган даромадининг ўндан бир қисми – Ш.Қ) ҳақида узундан узоқ маъруза қилиб: “Уни толиби илмларга бериш керак”, дейди. Шунда Мулла Обид: “Ҳозирги вақтда кўп диний мадрасалар ёпилган, толиби илмлар йўқ”, дейди. Асар воқеалари давомида Берди татар ҳам Катта масжидни ёпиб, колхоз клубига айлантириш таклифини беради. Аммо Мулла Обид бунга йўл бермайди. Ҳа, шўро ҳукумати чиндан ҳам диний илм масканларини йўқ қилди. Қанчадан-қанча мадрасалару масжидлар бузиб ташланди. Адиб ўттизинчи йиллар адабиётига мана шундай сиёсий “қалтис” масалаларни олиб кирди.

Ёзувчи “Обид кетон”да яна бир қаҳрамон – Берди татар ҳақида кенг маълумот беради. У ёшлигидан қишлоқдаги Шодмон­бойнинг қўлида ўн беш йил оғир меҳнат қилади. Охирида бой унга номардлик қилади. Шундайки, Шодмонбой: “Қизи Хайрини Бердивойга бераман”, деб алдаб бош­қага узатиб юборади. Алданган Бердибой шаҳарга кетишга мажбур бўлади. Адибнинг таъбирича: “Қишлоқ чаёнининг заҳри уни шаҳарга келтириб ташлади. Аммо шаҳарнинг усти силлиқ илонлари ҳам ундан ўз насибаларини чиқара бошлайдилар. Бердибой шаҳарда ўн-ўн тўрт йиллаб қолади… ҳар бир қадамда бир алданади, турмуши ҳийла ва тазвир (ёлғон) асосига қурилган жамиятнинг тузоғидан-тузоғига ўтиб илинади, ботқоғидан-ботқоғига ўтиб йиқилади. Қўлига пул бериб қовоқхона ва фоҳишахоналар воситасида тортиб оладилар, очиқтириб бир бурда нон бадалига ойлаб, йиллаб ишлатадилар, яланғочлаб номуси бадалига кийинтирадилар”.

Шу ўринда яна бир гап: бобомиз оқланганидан кейин қисса қайта нашр этилади. Аммо ундан Бердибой ҳаётига тааллуқли шаҳар муҳитида юз берган ва миллатимизнинг фожиаси ҳисобланган бир муҳим чизги тушириб қолдирилган. Қайсики, Бердибой шаҳарда, Японияга урушга кетган бир рус зобитнинг икки болали хотинининг уйида мардикорлик қилиб юриб… сўзак(юқумли таносил касаллиги)ни юқтиради. Асарнинг 1956 йилдан кейинги нашрида нега бундай хатоликка йўл қў­йилди? Эҳтимол, истилочиларнинг бундай мероси иллатларини атайин яширишга уринишгандир? Янги нашрда бу чизгилар қайта тикланди.

Асарда Обид кетмонга қуйидагича таъриф берилади: ”Обид кетмон маҳдуд табиатли, фақат ишлаб ейишни ёки туфлаб тугушни яхши кўрган қорин бандаларидан эмас. Хусусий эҳтиёжлари ўталиб турғанда ортиқча кучини номдорликка бериб, халқ ўртасида от чиқаришни зимдан севади”. Жумладаги “маҳдуд” сўзи “чегара” маъносини беради. Мулла Обиднинг нафси муайян мезонга эга. Тўғри, унда ҳам барча инсонлар каби бақо ғаризаси мавжуд. Кўпчилик сингари яхши еб, яхши яшашни хоҳлайди. Бошқалар каби ҳаётда яхши ном қолдиришни истайди. Лекин ундаги ният, яъни “номдор бўлиш ҳисси, камбағаллар, очлар ва яланғочларнинг саодати йўлида қаҳрамонлик”дир. Ахир, “Амаллар ниятларга боғлиқ бўлади”, дейишади-ку. Демак, Обид кетмоннинг нияти бошқаларникидек эмас. Унда тақво устун.

Отамизнинг хотирлашича, маҳалламиздан: “Жулқунбой бойиб кетди, уни ҳам қулоқ қилиш керак”, дегувчилар чиқиб, юқори ташкилотларга чиқишган экан. Улар “Жулқунбойни қулоқ қилиб бўлмайди”, деб бош чайқаб, кулишган экан.

Тиктепа қишлоғида колхоз қандай ташкил топгани асарда бундай тасвирланади. Обид кетмон дейди: “Мен ҳозирдан бош­лаб колхозга кираман! Олти таноб ер, бир от, бир ҳукуз, бир арава, от асбоблари билан, икки тишли бир сўқа (ер ҳайдаш учун ишлатиладиган чўян тишли оддий асбоб, омоч), бир мола (ҳайдалган ерни кесакларини майдалаб текислашда ишлатиладиган ёғочдан ясалган асбоб), учта кетмон, иккита ўроқ, яна бир сариқ швед сигир бузоғи билан, тўртта соғлиқ қўй, ўттуз пуд уруғлиқ буғдой, беш пуд мош”. Демак, колхозлар халқнинг хусусий мулки ва ашёлари эвазига ташкил этилган. Сибирга сургун этилганларнинг мол-мулклари тортиб олинганини ҳам унутмаслик керак, албатта.

Китобда ўқиймиз: “Эртаси эрта биланоқ идорага элли чоғлиқ деҳқонлар йиғилиб қоладилар… Ҳозир тузатишдан чиққан тўққуз сўқа билан йигирма тўртта омоч ер ҳайдашга юборилади. Буларнинг устидан қараб юриш учун Обид кетмон, Усмон полвон, Карим ота ва Берди татарлар назоратга белгиланмакчи бўлсалар ҳам, бунга айниқса Обид кетмон кўнмайди:

– Подачи кўпайса, мол ҳаром ўлади деганлар, – дейди, – назорат учун фақат Карим отанинг ўзи кифоя, бир отга минсин-да, қўшлар устида айланиб юрсин. Мен, Усмон полвон, Берди татар ҳам омоч олайлик, тезда ерларнинг юзини тирнашга ҳаракат қилайлик.

Айниқса, бу фикр кўпчилик томондан олқишланиб қарши олинди. Чунки катталарнинг ҳам ўз ёнларида, паст ишда кўриш тараддудида турган деҳқонларға далда бўлиб тушди”.

Мулла Обидни раисликка сайлаш масаласида колхоз аъзоси Аҳмад тоға сўз сўрайди: “Колхозга раис бўладиган киши номозхон бўлса ҳам майлими, бунга ҳукуматларимиз нима дер эканлар?”. Аҳмад тоға томонидан бундай савол берилиши бежиз эмас. Ўша вақтда раҳбарликка қўйиладиган шахслар, албатта, партия аъзоси бўлиши шарт эди. Партия раҳбарининг номозхон бўлиши эса катта айб саналарди. Адиб бу масалада Рафиқов тилидан: ”Номоз ўқуш, ўртоқлар, кишининг хусусий иши, биров кўпчиликнинг ишига ва ҳукуматнинг сиёсатига зарба бериш учун номоз ўқур экан, албатта, ҳукумат бунга йўл қўёлмайди. Аммо ҳар икки томонга зарарсиз равишда биров номоз ўқир экан, бунга ҳукумат ҳеч нарса демайди” деб, ўзининг оқил фикрини билдириб ўтади.

Яна китобдан ўқиймиз: “Мана шу фойдали мусобақани давом эттиришни тилаган ўртоқ ўрнидан туриб келсин-да, менинг қўлимдағи кўк чойни олсин, бугун эмас, эртага “каллакдор рўйнатан” (Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонидаги ўқ ва зарбалар ўтмайдиган Исфандиёрнинг лақаби) билан қўл олишсин! (Даврага Носирбой чиқади).

– Мен! Номим Насир сайёри Самарқандий (“Абу Муслим” достонидаги халқ қаҳрамонларидан бирининг номи)”.

Ўқувчида: “Адиб нега тарихий қаҳрамонлар номини тилга оляпти?”, деган савол туғилиши мумкин. Муаллиф шу йўл билан балки бизни яна бир бор ўтмиш адабиётлари билан ошнолаштиришга ҳаракат қилгандир? Балки ўз қаҳрамонларини ўтмиш баҳодирларига тенглаб, уларнинг қад­рини оширмоқчидир?

Асарда мактаб болаларининг ҳам пахта теримига жалб қилиниши ҳақида шундай дейилади: “Еттинчи кун шаҳардаги Луначарский номидаги ўрта мактаб ўқувчилари ёрдамга чиқдилар”. Демак, шўролар ҳукуматининг биринчи беш йиллик давридан бошлаб, аввал мактаб ўқувчилари, кейин олий ўқув юрти талабалари пахта теримга жалб этилган. Улар бир неча ойлаб, ёзда колхоз моллари салқинлайдиган жой(барак)ларда, ўғил ва қиз аралашига жойлаштирилган. Далаларда пахта қолмаган бўлса ҳам то қор ёққунча мажбурий ушлаб турилган. Бундай бедодликка 2016 йилга келибгина барҳам берилди.

Шу ўринда айрим мулоҳазаларни таъкидлагимиз келади: “Ўткан кунлар”да ҳам, “Обид кетмон”да ҳам Зайнаб (Мулла Обиднинг қизи) образига дуч келамиз. Нега? Таҳлил асносида яна бир савол туғилади: Обид кетмон Абдулла Қодирийнинг ўзи эмасмикан? Бундай дейишимизга сабаб, адиб “Обид кетмон”ни ёзаётган пайтида 48 ёшда бўлган, Обид кетмоннинг ёши 45да. Абдулла Қодирий 1926 йилдан бошлаб, боғининг ёнидаги уч танобдан мўлроқ бўлган, асли Мирлар маҳалласига тегишли вақф ерни олти юз сўмга сотиб олиб, жар-журғаларни кўмиб, текислаб, боғ-роғ барпо этади. Боғ ўртасига шаҳарнинг зўр усталарини чорлаб, машҳур шийпонини қурдиради. Ушбу жараённи отамиз шундай хотирлаганди: “Дадам бу ишларнинг барчасида ўзи бош-қош бўлди; у қоп-қорайиб кетган, бошида оқ қалпоқ, устида оқ камзул, маҳсичан кетмонни ургани-урган, тепа бузиб замбилғалтакда тупроқ ташигани-ташиган эди”. Обид кетмон ҳам қайинотаси берган тепани машҳур катта кетмони билан бузиб, махсус ясатилган катта аравасида турпоқ ташиб, чўнқирларини тўлдириб, текислаб, ерининг ўртасига шийпон бунёд этади. Абдулла Қодирий Оқ пошшо даврида мардикорликка олиниши керак эди. Аммо укаси Қудратилла унинг жонига оро кириб, ушбу балодан қутулиб қолади. Мулла Обид эса мардикорликка олинади. Ёзувчини ҳам, Мулла Обидни ҳам сал бўлмаса қулоққа чиқаришади. Абдулла Қодирий араб имлосини лотинга алмаштирилишига қарши бўлган. Саводсизлик авж олади, деб ҳисоблаган. “Обид кетмон”да эса бу ҳақда Ҳасан Раҳмат шундай дейди: “Раисингиз лотинчага ҳам қарши, уч йилдан буён лотинча саводини чиқаролмайди”. Адиб ҳам, бош қаҳрамон ҳам фирқага аъзо бўлмаган. Адиб “мен мунда айбликман, чунки маним таъбиатимда фард(ёлғиз)ликка яқин бир хусусият бор эди“ деса, Мулла Обид “Фирқага кириш… менга тўғри келмас… Мен… Худога ишонаман”, дейди.

Хуллас, бундай ўхшашликлар кўп. Масалага ойдинлик киритиш соҳа мутахассисларига ҳавола.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 14-сон