Шерали Турдиев. Ҳаётбахш алоқалар (ўзбек ва турк адабий алоқаларининг ривожланиш тарихидан)

http://n.ziyouz.com/images/book.jpg1905 – 1925 йиллар

Ўзбек халқининг Шарқ халқлари, шу жумладан, турк халқи билан адабий алоқалари узоқ замонларга бориб тақалади. У ўз ривожи давомида турли тарихий давр шароитлари таъсирида турлича йўналиш ва хусусият касб этиб борган. Бу алоқалар, айниқса, 1905-1925 йилларда улар ҳаётида рўй берган муҳим ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар таъсирида янада ривожлана бошлаган.

Совет даври ўзбек адабиётшунослигида мазкур алоқалар ўзбек адабиётига турк адабиётининг таъсири коммунистик мафкура тазйиқи остида, пантуркизмнинг ёрқин кўриниши сифатида баҳоланиб келинди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин XX аср ўзбек адабиёти тарихини қайта ўрганиш асносида 1910-1920 йиллардаги янги ўзбек адабиёти ривожида замонавий илғор турк адабиёти ва матбуотининг ҳам муайян ижобий таъсири сезиларли бўлганлиги холис кўрсатила бошланди. Ўзбек матбуотида турк шоирларининг шеърларидан бир қанча янги таржималар эълон қилинди. Лекин шунга қарамасдан, мазкур даврдаги ўзбек-турк адабий алоқалари тарихи махсус ўрганилган эмас. Биз шуларни ҳисобга олиб, ушбу мавзуни янги архив манбалари асосида алоҳида ўрганишни лозим топдик. Чунки бугунги истиқлол кунларимизда халқимизнинг барча соҳаларда бўлгани каби адабиёт ва маданият жабҳасида ҳам бошқа халқлар билан бўлган ўзаро алоқалари тарихини ўрганиш муҳим ғоявий тарбиявий аҳамиятга эгадир. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов тўғри таъкидлаганларидек, “Тарихий хотирасиз келажак йўқ… Ўзликни англаш тарихдан бошланади. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади”.

* * *

Ўзбек халқи қадимдан Ўрта Осиё, Волга бўйи, Қрим ва Кавказ ортидаги қардош халқлар қатори хорижий шарқдаги туркий халқлар билан иқтисодий ва маданий алоқада бўлиб келдилар. Амир Темур ва ундан кейинги темурийлар даврида етишган Шоҳруҳ Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Алишер Навоий, Улуғбек, Бобур Мирзо, Али Қушчи каби туркистонлик буюк шоҳ, олим ва шоирлар таъсирлари Туркияда ҳам кучли бўлди. Ундан сўнгги асрларда ҳам бу алоқалар давом этди. XVII-XIX асрларда Бухоро, Хива, Қўқон хонликлари билан Туркия ўртасида ижтимоий-сиёсий ва маданий алоқалар айниқса кучайган эди. Бу даврда Умархон, Феруз, Огаҳий, Муқимий, Фурқат ва бошқаларнинг асарлари турли йўллар билан Туркияда кенг тарқала бошлайди. XIX аср охирларида Туркистоннинг илғор маърифатпарварларидан Исҳоқхон Ибрат, Зокиржон Фурқат ва бошқалар Туркияда ҳам бўладилар. Фурқат 1891 йилда Истанбулда бўлган вақтида янги турк адабиёти, маорифи ва матбуоти, ўқув ва ўқитув ишлари борасида улар эришган ютуқлар билан танишади. Туркистондаги ўз ватандошларига йўллаган бир мактубида Истанбулдаги юқори табақа вакиллари ва тижорат ишлари билан шуғулланувчи кишиларнинг замон тараққийсини ҳисобга олиб, ўз фарзандларини француз ва немис тилларни ўрганишга катта аҳамият бераётганликлари ва туркларнинг таълим соҳасидаги бу илғор тажрибаларидан юртдошларини ибрат олишга даъват этади.

Бу алоқалар, айниқса, 1905 йилги биринчи рус инқилоби ва 1908-1913 йиллардаги Туркия ва Эрон инқилобларидан сўнг кучая бошлади. Бу даврда Туркистон ва Бухорога ички Россия, Волга бўйи, Қрим, Кавказ орти халқлари билан бирга хорижий Шарқ халқларининг ҳам янги адабиёти ва матбуоти кенг кириб кела бошлади. Бу ерларга айниқса, Мисрдан “Ал-ҳилол”, “Чеҳранома”, Ҳиндистондан “Ҳабл ул-матин”, Туркиядан “Сарвати фунун”, “Маълумот”, Афғонистондан “Сирож ул-ахбор” (1911-1919) каби газета ва журналлар, араб ёзувчиси Жўржи Зайдоннинг турк ва озарбойжон тилидаги ўрта аср феодал урушлари ва ишқий-саргузашт можароларини тасвирловчи “17-рамазон”, “Армануса”, “Усмонли инқилоби” каби тарихий романлари, усмонли турк шоир ва адибларидан: Абдулҳақ Ҳомиднинг инсоний севги фожиасини тасвирловчи “Мақбар”, Тавфиқ Фикрат ва Муҳаммад Амин Юрдақулнинг ғарб мустамлакачилик ва босқинчилик сиёсатларига қарши исёнкорлик билан суғорилган асарлари (масалан, Номиқ Камолнинг “Ватан ёхуд селистра”, Абдулҳақ Ҳомиднинг “Ҳинд қизи” каби саҳна асарлари, Тавфиқ Фикратнинг “Рубоби шикаста”, Муҳаммад Амин Юрдақулнинг “Турк сози”, “Эй, турк, уйғон!” (1914), “Ўрдунинг достони” (1915) каби асарлари кенг тарқала бошлайди. Шу билан бирга 1905-1917 йиллар ичида янги ўзбек матбуоти “Ойина” журнали, “Садои Туркистон” ва “Садои Фарғона” каби газеталари ва баъзи бир адабий тўплам ва баёзлар (масалан, 1907 йилда Хивада нашр этилган “Баёзи мажмуаи ашъор”)да атоқли озарбойжон маърифатпарвар шоирларидан М.А.Собир, Муҳаммад Ҳоди, татар шоирларидан Абдулла Тўқай асарлари билан бирга янги турк шоирларининг оригинал ва таржима асарларидан намуналар, шунингдек, қўшни мамлакатлардаги ижтимоий ва маданий ҳаётга оид мақолалар эълон қилина бошланди. Жумладан, кекса адиб С.Айний ҳам кейинчалик бу даврни эслаб, шундай деб ёзган эди: “Рус-япон уруши бошланди. Бу уруш сабабли ора-сира келиб турган “Таржимон” газетаси Бухороға келиб тарқала бошлади. Ҳиндистондан “Ҳаблул-матин”, Мисрдан “Чеҳранома”, “Парвариш” деган форсий газеталари келиб, уруш хабарлари учун газета ўқимоқчи бўлган кимсаларга бошқа фикрларни ҳам берди. Лекин аҳвол бундай турмади. 1905 йилдан 1908 йилга довур шароит кўп бор ўзгарди. Ушбу икки йил муддатида турк, татар, Истанбул, Миср, Ҳиндистон матбуоти Бухорода яхшигина ривожланди. Хусусан, бу орада форс тилидаги “Саёҳатномаи Иброҳимбек” Бухороға тарқалди.

Бу китоб Эрон аҳволига доир ёзилган бўлса ҳам, танқид қилинган ерлари айнан Бухорода бор эди. Шунинг учун бу китобнинг мутолааси ҳам Бухорода баъзи фикрларнинг ўзгаришига сабаб бўлди.

Янги адабиётга энди ўрганган халқнинг адабий эҳтиёжини қондириш учун ёшлар “Маърифат” кутубхонасини ташкил қилдилар. Ушбу кутубхонада Истанбул ва Русияда нашр этилаётган вақтли газета ва журналлардан бошқа Истанбул, Боку ва Ички Россияда босилиб турган асарлар, газета ва журналлар топилар эди. Истанбулдаги Бухоро талабалари муҳим асарларни сира кечиктирмасдан ҳар турли воситалар билан Бухорога юбориб турар эдилар”.

Туркиядан кириб келган бу янги адабиёт ва матбуотни бу ердаги ёшлар қизиқиб ўқирдилар. Истанбул университети профессори, машҳур туркийшунос олим Аҳмет Зеки Валидий Тоған ўзининг “Бугунги турк эли (Туркистон) ва яқин тарихи” (Истанбул, I жилд, 1981 йил) китобида бу ҳақда эслаб, шундай деб ёзади: “1913 йилда, яъни Чўлпон ҳали 19 ёшлик вақтларида унинг уйига меҳмон бўлиб борганимизда, у турк тарихига доир асарларни ўқир эди, кейин “Турк юрти” каби туркча нашрларни кузатди. 1917-1918 йилларда сиёсий ишларга аралашиб, Оренбургда Бошқирдистон ҳукумати раисининг котиблиги вазифасида турди… Сўнгра адабиёт билан шуғулланиб, бирдан порлади. …Чўлпон ўзбек шеърларидаги аруз вазни ўрнига туркча ҳижо вазнини қўллаб, адабий тилни гўзаллаштирди”.

Бундан ташқари бу даврда татар, озарбойжон, “Сайёр” театр ва концерт труппалари ҳам маҳаллий ва хорижий драматургларнинг Туркия ва Эрон ҳаётига оид саҳна асарларини кўрсатиб, эски шоҳлик даври ва султонлар Туркиясидаги оғир ижтимоий аҳволни маҳаллий томошабинларга ҳам кўрсатиб бордилар. Жумладан, 1908 йилда Тошкентга келган С.Сакаев раҳбарлигидаги татар театр ҳаваскорлари татар драматурги Ғ.Камолнинг “Ўш хотин” асари билан бирга бокулик Сакинахонум Охундова таржима қилган турк драматурги Номиқ Камолнинг “Ишқ балоси” пьесасини маҳаллий татар ва ўзбек театр ҳаваскорлари орасида ҳам ўйнаб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.

Театршунос олим Мамажон Раҳмоновнинг ёзишига қараганда, Номиқ Камолнинг “Ишқ балоси” пьесаси 1904 йил 4 апрелда маҳаллий татар театр ҳаваскорлари томонидан Тошкентдаги подполковник С.Г.Еникеев уйида ўйналган, унда ўзбек театр ҳаваскорларидан Абдулла Авлоний ва бошқалар ҳам меҳмон сифатида иштирок этганлар.

Мазкур йилларда М.Шариф Сўфизода, М.Беҳбудий, Ҳамза, Фитрат каби бир қанча туркистонлик зиёлилар саёҳат ва ўқиш мақсадларида хорижий Шарқнинг Арабистон, Ҳиндистон, Афғонистон мамлакатлари каби Туркияда ҳам бўлиб, у ерлардаги янги адабиёт ва матбуот ижодкорлари билан танишадилар. Турли матбуот ва нашриётларда ўз асарларини бостирадилар. Масалан, биргина Фитратнинг ўзи бу даврларда Туркияда ўқиш билан бирга усмонли турк, форсий тилларида ҳам асарлар (“Мунозара”, “Сайёҳи ҳинди”, “Сайҳа” каби) ёзиб, уларни Истанбулда бостиради. Бундан ташқари у бу ерда янги турк матбуоти саҳифаларида ҳам ўз мақолалари билан қатнашиб туради. Жумладан, шулардан бири у ердаги туркча “Teurif Muslimin” журналининг 1910 йил 2-сонида “Бухороли Абдурауф” имзоси билан бостирган “Бухоро вазири Насруллобек парвоначи афанди ҳазратларига очиқ мактуб” мақоласидир. Бу асарлар асосан маърифатпарварлик характерида бўлиб, улар қадимий Бухоронинг ке-йинги асрларда тушиб қолган ижтимоий-иқтисодий қолоқлик ва жаҳолат ҳам хурофотдан қутқариш, бунинг учун бу ердаги эски мактаб ва мадрасаларни ислоҳ қилиш, янги мактаб ва маорифни йўлга қўйиш, замонавий ислоҳотлар ўтказиш учун қизғин кураш руҳи билан суғорилган эди. Шунинг учун уларни турли йўллар билан Бухорога юбориб туришади ва бу ердаги ёшларнинг дунёқарашига кучли таъсир кўрсата бошлайди.

Бу ҳолларнинг ҳаммаси ўз навбатида бу даврдаги ўзбек адабиётининг ғоявий-тематик йўналиши, ёзувчи ва шоирларининг ғоявий-сиёсий қарашларига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Натижада М.Беҳбудий, М.Сўфизода, Ҳамза, Фитрат, А.Авлоний, Тавалло, Чўлпон ва бошқаларнинг асарларида ўзларигача бўлган (XV-XIX асрлар) ижодкорларнинг асарларидаги адолатпарварлик, маърифатпарварлик тўғрисидаги фикрлари янги тарихий-маданий шароитдаги ўзгаришлар нуқтаи назаридан ривожлантирилди, улар ўлкадаги қолоқ ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, халқни жаҳолат ва хурофотдан қутқариш учун замонавий таълим ва тарбия билан боғлиқ масалаларни тарғиб ва ташвиқ қиладилар, бу борадаги қаршилик ва тўсиқларга қарши матбуот ва адабиётда фаол иш олиб бордилар.

Бу жиҳатдан, айниқса, Абдулла Авлонийнинг “Дунё фожиасиндан” шеъри билан озарбойжон шоири Муҳаммад Ҳодининг “Инсонларни тарих фожиалари ёхуд анвойи интибоҳ”, турк шоири Тавфиқ Фикратнинг “Тарихи қадим” шеърларини қиёслаш самарали бўлиб, уларнинг ҳаммасини ўринсиз қон тўкиш ва жабр-ситам, ҳақсизлик, зулмга қарши кескин норозилик ва нафрат, мазлумлар ҳолига беҳад ачиниш ва шафқат сингари муштарак инсонпарварлик ўзаро бирлаштириб туради. Масалан, Абдулла Авлонийнинг “Дунё фожиасиндан” (1911) шеърида ифодаланган афсус ва надомат оҳанглари шу давр ўзбек, озарбойжон, татар ва турк шоирлари учун муштаракдир:

Оламни ўраб олган ғавғоси надур, билмам,
Бу олам ўғилларин даъвоси надур, билмам,
Инсонлари бу кори бежоси надур, билмам,
Кўзлардин оқар қон ёш, билмам нечук оламдур.
Дунёни босиб селоб ҳар гўшада мотамдир.
Тўфонми, балодирму, ҳар қатраси бир ғамдур,
Бунлари яратмоқдан савдоси надур билмам.

Номиқ Камолнинг “Усмонлилармиз”, Муҳаммад Аминнинг “Янги турон”, “Эй, турк уйғон!” каби шеърларида туркий халқларнинг ўзига хос миллий хусусиятлари, уларнинг тили, тарихий урф-одатлари, ўзаро қон-қардошлик алоқалари, мустамлакачиларга қарши истиқлол учун кураши ифодалангани учун улар Туркистонда кенг тарқалиб, айниқса, маҳаллий шоирлар ижодида акс-садо топди.

Масалан, Номиқ Камолнинг “Усмонлилар” шеърига ўхшатма тарзида ёзилган С.Айнийнинг “Биз ким?” шеърига назар ташлайлик:

Темур эли, Чингиз эли, Турон элимиз биз,
Ҳибиз этмайлиз шонимизни, шон элийиз биз,
Форобий ва Синони туғиб кишваримиздан,
Туғдирдилар Анварни баҳр ва баримиздан.
 
Ғарб аҳли тахайюрда Улуғбекларимиздан
Шарқ аҳли эдар фахр бизим мафҳаримиздан,
Темур эли, Чингиз эли, Турон элийиз биз,
Ҳибиз этмайиз шонимизни, шон элийиз биз.

Ўша даврдаги айрим турк маршларининг Чўлпоннинг “Озод турк байрами” шеърига таъсири бўлганлиги ҳақида профессор Наим Каримов шундай деб ёзганди: “Мадҳия ўша даврларда Туркистон ёшлари ўртасида ҳам машҳур бўлган “Ашта ўрду гелиюр, ватанини суяюр” сатрлари билан бошланувчи “Ўрду марши” оҳангида ёзилган. Кези келганда шуни қайд этиш ўринлики, инқилобий ўзгариш йилларида ўзбек ёшлари ўртасида халқни сафарбарликка чорловчи жўшқин турк маршлари, айниқса, кенг тарқалган эди. Шу маънода Чўлпоннинг мухторият мадҳияси учун “Ўрду марши” оҳангларини асос қилиб олгани бежиз эмас.

Фитратнинг “Йиғла, ислом” (1919) мақоласида олға сурилган мустамлакачиларга нафрат пафоси кейинчалик унинг “Чин севиш” ва “Ҳинд ихтилочилари” (1920-1921) саҳна асарларида кенг ва батафсил тасвирланади.

Фитратнинг мазкур саҳна асарлари билан XIX асрда яшаб ижод этган машҳур турк шоири ва драматурги Абдулҳақ Ҳомиднинг Ҳиндистон мавзуига оид “Ҳинд қизи” (1875) асари ўртасида муайян ғоявий ҳамоҳанглик сезилади. Туркияда ўқиб (1909-1913), у ердаги янги адабиёт ва матбуот билан бевосита танишиб, таниқли турк шоир ва адиблари билан учрашган Фитрат Абдулҳақ Ҳомиднинг инглиз мустамлакачиларига қарши кучли нафрат билан суғорилган мазкур пьесасини ўқиган бўлиши мумкин. Фитратнинг синглиси шоира Маҳбуба Раҳим қизининг хотираларига қараганда, у Туркияда ўқиб юрган йиллари Абдулҳақ Ҳомид асарлари ва унинг “Ҳинд қизи” асарини ўқибгина қолмай, унда қаламга олинган ҳинд мамлакати ва халқининг урф-одатларини ҳам ўз кўзи билан кўришга жазм қилган ва Туркиядан Бухорога қайтишида Ҳиндистонда бўлиб, у ердаги ҳинд ихтилочиларининг инглиз мустамлакачилик сиёсатига қарши қўзғалишларини, уларнинг мустамлакачи золимларига бўлган кучли ғазаб ва нафратларини бевосита кузатган, улардан чуқур таъсирланиб, уларни Туркистон ҳаётига ҳам қиёслаган. Тахмин қилиш мумкинки, Абдулҳақ Ҳомиднинг ушбу пьесаси Фитратнинг “Ҳинд ихтилочилари” асарининг яратилишига муайян даражада таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Ҳар икки муаллиф ўзлари яшаган тарихий давр талабидан келиб чиққан ҳолда муайян ғоявий-бадиий мақсад асосида асар яратганлар. Шу нарса муҳимки, Абдулҳақ Ҳомид пьесаси XIX асрнинг учинчи чорагида Ҳиндистонда миллий истиқлол ҳаракати эндигина бошланган бир шароитда ёзилган бўлса, XX асрнинг бошларига келиб истиқлолчилик ҳаракати Ҳиндистонда бирмунча сусайган, аммо Туркистонда кучайган эди. Фитратнинг “Ҳинд ихтилочилари” ва “Чин севиш” саҳна асарлари эса XX асрнинг бошларида ёзилди. Бу даврда Фитратнинг ғоявий таъсирида бўлган Чўлпон ҳам хорижий Шарқ, хусусан Туркияда ғарб мамлакатларига қарши курашларни ифодаловчи бир қанча шеър ва публицистик мақолалар ёзди.

Бу даврда Туркистонда чиқа бошлаган бир қанча нашрларда рус, татар, озарбойжон шоир ва ёзувчиларининг асарлари билан бирга янги турк адабиётидан ҳам таржималар берила бошлади.

Тавфиқ Фикратнинг “Қитъа”, Абдулҳақ Ҳомиднинг “Тариқ”, “Ватан ёки Силистра”, “Ҳинд қизи” каби шеър ва саҳна асарлари ўзбек тилига таржима қилинди. Муҳаммад Амин Юрдақулнинг “Эй, турк, уйғон!”, Тавфиқ Фикратнинг “Миллат йўлидир, ҳақ йўлидир, дутдиғимиз йўл, Эй ҳақ, яша, эй севгили миллат, яша, вор ўл!” – сингари миллатпарварлик руҳидаги шеърлари Туркистон мухторияти қонга ботирилган бир даврда Фитрат, Чўлпон, Мағжон Жумабой каби ўзбек, қозоқ миллатпарвар шоирларининг шеърлари билан бирга қўшиқ қилиб айтилди.

Ўзбек матбуотида янги турк адабиёти ва театри асарлари ҳақида турли фикр ва мулоҳазалари босилди. Жумладан, шоир Чўлпон Тавфиқ Фикратнинг хотирасига бағишлаб ёзган “Марҳум Тавфиқ Фикрат” (1920) мақоласида янги турк шеъриятининг асосчиларидан бири Фикратни “усмонлиларнинг янги адабиётчиларининг пири ва устози”, деб унинг ижодида муҳим ўрин тутган “Рубоби шикаста”, “Тарихи қадим” сингари асарларига кенг тўхталди, улар жамият ҳаётидаги адолатсизлик, ёвузлик, босқинчилик каби ғайриинсоний хатти-ҳаракатларини аёвсиз фош этувчи бадиий асарлар сифатида юқори баҳоланди.

Танқидчи Вадуд Маҳмуд “Бу кунги шеърларимиз ва санъаткорларимиз” (1925) мақоласида ўзбек ва турк адабий алоқалари, уларнинг бир-бирларига ўзаро таъсирлари тарихи ва бу муносабатларнинг кейинги ривожи ҳақида тўхтаб шундай фикрлар баён қилади: “Бизда янги адабиёт Туркия адабиёти танқиди билан бошланғондир. Руҳда ва шаклда Туркистон, Қофқозё, Қрим доимо Туркияга эргашадир. Бу ҳам табиийдир. Чунки, аввалдан тил муштаракдир, сўнгра тарихий маданият муштаракдир ва оқибат Оврўпа маданиятига қарши букунги вазият муштаракдир. Навойи асрида чиғатой адабиёти (яъни ўзбек адабиёти – Ш.Т.) кучли бўлғонидан Туркия адабиёти бизнинг адабиётдан кучли мутаассир бўлғон эди. Бу кун эса ғарб Туркия адабиёти бизникидан кучли, маданий ва адабий ҳаётга молик бўлғондан бизникилар уларга эргашмакдадир”.

Вадуд Маҳмуднинг мазкур мақоласида ушбу даврдаги янги ўзбек адабиётига замонавий ғарбий турк адабиёти таъсир бўлаётганлиги тўғри қайд қилингани ҳолда уни ғарб адабиётига қарши фақат турк адабиёти таъсири билан боғлаб қўйилиши танқидчининг бу давр ўзбек адабиётига бошқа халқлар адабиётларининг кўрсатган таъсирларини камситишга олиб келганлиги кўринади.

Бу даврда турк адабиёти ва матбуоти билан бирга театр асарлари ҳам Туркистонга тарқала бошлаган эди. Жумладан, 20-йиллар бошларида Номиқ Камолнинг “Ватан ёхуд Силистра”, “Бахтсиз бола”, Абдулҳақ Ҳомиднинг “Тариқ”, “Ҳинд қизи”, Шамсиддин Самебекнинг “Кавойи оҳангар” сингари саҳна асарлари ўлкамиз театрларида саҳналаштирилиб, томошабинларга намойиш этила бошлади. Масалан, 1918 йилда Тошкентдаги ўқитувчилар тайёрлаш курси қошида ташкил этилган театр труппаси Озарбойжон ёзувчиси Жалил Муҳаммадқулизоданинг “Ўликлар” асари (Абдулла Авлоний таржимаси) билан бирга Абдул-ҳақ Ҳомиднинг “Тариқ” (Хуршид таржимаси) асарларини саҳналаштирди.

Мазкур пьеса Туркистон мухторияти зўрлик билан ағдарилгандан кейиноқ ўзбек тилига таржима этилиб, советлар Туркистони саҳналарида қўйилишининг ўзи катта ижтимоий аҳамиятга эга эди.

Мазкур даврда вақтли матбуотда турк театри ютуқларига ва уларнинг ўлка саҳналарида ўйналиши ҳақида ҳам баъзи бир фикр ва мулоҳазалар эълон қилина бошланди. Жумладан, Зариф Баширнинг “Ҳинд қизи” номли тақризида инглиз мустамлакачиларига қарши кураш мавзуига бағишланган пьесанинг Тошкент театрларида ўйналиши ҳақида фикр юритилади. Тақризда пьесанинг асосий қаҳрамонларидан бири – ҳинд қизи ролини ижро этган Фотимахоним Ильская, ҳинд чоли ролининг ижрочиси З.Юсуповларнинг актёрлик маҳоратлари, уларнинг томошабинлар олқишига сазовор ўйинлари, асарнинг мазмунини очишда унинг ижроси ва саҳна безакларининг аҳамияти, драманинг ғоявий йўналиши ва унинг муаллифи ҳақида самимий фикрлар билдирилади.

Бу алоқалар кейинчалик Совет ҳукуматининг Ўрта Осиёдаги ғоявий-сиё-сий манфаатлари билан тўқнаша бошлагач, улар илдизига болта ура бошладилар. Совет ҳукумати бу курашда маҳаллий зиёлилардан фойдаланмоқчи бўлди. Бу ҳол ВКП (б) МКининг 1925 йил августда адабиёт соҳасида қабул қилган қарори муносабати билан 1927 йил февралида Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон зиёлиларининг қурултойидан сўнг, айниқса, кучайди. Шу вақтгача ўзбек матбуоти ва адабиётида таржима қилиниб, тарғиб этиб келинган Номиқ Камол, Абдулҳақ Ҳомид, Тавфиқ Фикрат каби тараққийпарвар турк ижодкорларининг мустамлакачиликка қарши миллий истиқлол, эрк ва озодлик учун кураш руҳидаги асарлари тарғиботи сусайди. Ўз даврида турк романчилиги, драматургияси ва шеъриятида янги йўналишлар очган ва кейинчалик форсий ва туркий тилларга таржима бўлиб, янги озарбойжон, татар адабиётлари каби ўзбек адабиётида ҳам ватанпарварлик ва миллий истиқлолчилик ғояларининг кучайишига кучли таъсир этган мазкур турк шоир ва адибларининг асарлари асоссиз равишда ўзбек пролетар адабиётининг руҳига ёт, зарарли ғояларни тарғиб қилувчи асарлар сифатида кескин қоралана бошланди. Бу, айниқса, Зиё Саиднинг “Тақриздаги хатолар” (Миркарим Осимнинг “Ойбек ижоди хусусида”ги мақоласига қарши, 1925), Акмал Икромовнинг “Мафкура учун кураш ва бунда маданиятчиларнинг вазифалари” (1927), Ботунинг “Ўзбек адабиётининг октябрь инқилобидан сўнгги даврига бир қараш” (1928) сингари мақола ва нутқларида очиқ кўрина бошлади.

Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг шу йиллардаги биринчи котиби Акмал Икромовнинг 1927 йил октябрь ойида “Мафкура учун кураш ва бунда маданиятчиларнинг вазифалари” мавзусида қилган маърузасида партиявий-синфий позициядан келиб чиққан ҳолда Мунаввар қори каби жадидлар фаолиятини, Чўлпон асарларини ва унга ғоявий жиҳатдан яқин турган Номиқ Камол, Тавфиқ Фикрат асарларини қаттиқ танқид қилади. Уларнинг асарларини асосан ватанпарастлик, буржуазия идеологияси ёқлаб ёзилган ва Пушкин асарларининг ғоявий руҳидан тамомила фарқ қилувчи зарарли асарлар сифатида танқид қилади.

Шундай қилиб, Номиқ Камол, Абдулҳақ Ҳомид, Тавфиқ Фикрат сингари турк ёзувчи ва шоирларининг бу даврга келиб истиқлолчилик, умуминсоний ва ватанпарварлик руҳидаги асарлари айрим кимсалар томонидан ғоявий зарарли асарлар сифатида кўрсатила бошлади. Шундан кейин ўзбек адабиёти ва матбуотида пролетариат идеологиясига ёт бўлган хорижий миллатпарварлик руҳидаги адабиётлар таъсирига қарши курашнинг кучая бориши оқибатида умуман ўзбек ва турк ижодкорларининг бундан олдинги (1917-1924 йиллардаги ҳамкорликларига ҳам чек қўйила бошланди. Унинг ўрнига, аксинча, Туркиянинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий тузумидан норози бўлган ва шу туфайли СССРга сиёсий муҳожир сифатида келган Нозим Ҳикмат, Урхон Осиф каби коммунистик мафкура таъсиридаги турк инқилобий шоирлари ва адибларининг асарлари таржима ва тарғиб қилина бошлади. Бу шоир ва ёзувчиларнинг совет мафкурасига яқин бўлган инқилобий асарлари айрим ўзбек ёш шоирларининг эркин йўлда ёзган шеърларига таъсир этмай қолмади.

Турк инқилобий адабиётининг мазкур асарларини бу даврда асосан ўзбек адабиётига эндигина кириб кела бошлаган Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Йўқсил (Баҳром Иброҳимов), Тошпўлат Саъдий сингари совет ҳукумати тарбиясида бўлган ёш ўзбек адиб ва шоирлари таржима қила бошладилар. Улар Урхон Осиф, Нозим Ҳикмат асарларидаги инқилобий ғояларни тўла сақлашга ва ҳатто улардаги ижтимоий-сиёсий руҳ ва публицистик оҳангни янада кучайтириб беришга ҳаракат қилдилар.

Ўзбек-турк адабий алоқаларига советларнинг бундай ғоявий-сиёсий босимлари кейинчалик ҳам узоқ давр давом этди. У фақат Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан кейингина (1991 йилдан) қайтадан мустақил ривожлана бошлади. Ўзбек шоир ва адиблари энди дунёнинг бошқа мамлакатлари ижодкорлари каби хорижий қардош турк халқлари билан ҳам эмин-эркин адабий-маданий алоқага кириша бошладилар, ўзаро бир-бирларига борди-келди қилиб, бир-бирларининг асарларини ўз она тилларига таржима қилишиб, тарғиб қила бошладилар.

Шерали Турдиев, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 1-сон.