XIX аср – Ғарб адабиётида ўзига хос бурилиш ясалган давр ҳисобланади. Айниқса, Буюк Британия, Франция, Германия каби давлатларда атоқли шоир-ёзувчилар ижод қилишган. Шундай адиблардан бири асли миллати ирланд бўлган Оскар Уайльддир.
1854 йилнинг 16 октябрь куни Оскар Уайлд Дублинда сэр Уильям Уайльд ва Жейн Франчески Уайльдлар оиласида дунёга келади. Жейн Уайлд “Сперанза” (итальянча “умид”) тахаллуси билан шеърлар ёзарди. Уильям Уайльд офтальмолог (қулоқ ва кўз жарроҳи) бўлиб, Ирландия аҳолисини рўйхатга олиш бўйича махсус вакилнинг ёрдамчиси ва шифокор-маслаҳатчи сифатидаги хизматлари учун рицарлик унвонига сазовор бўлади. Шунингдек, у ирланд археологияси ва халқ оғзаки ижоди бўйича китоблар ҳам ёзади.
Оскар 10 ёшигача уйида таълим олади; француз мураббиясидан француз тилини, немис тарбиячисидан немисчани ўрганади. Кейинроқ Эннискиллен шаҳридаги Портор қироллик мактабида таҳсил олади.
У вундеркинд эмасди, лекин унинг энг ёрқин истеъдоди жуда тез мутолаа қилишида эди. Қироллик мактабини олтин медаль билан тамомлаган Оскар Дублин Тринити коллежида ўқиш учун мактаб стипендиясига эга бўлади. Тринити коллежида (1871-1874 йиллар) Уайлд тарих ва маданиятни чуқур ўрганади, қадимий тилларни билишга интилади. Қолаверса, у ерда эстетика бўйича профессор Ж.П.Махаффи курсини тинглайди. Кейинчалик унинг эстетик диди, асарларидаги нозиклик ва гўзаллик намуналари мана шу маърузалар таъсирида камол топади.
1874 йилда Оскар Магдалинадаги Оксфорд коллежида ўқиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу коллежда у инглиз тили бўйича билимини мустаҳкамлайди: “Менинг ирландча талаффузим Оксфордда йўқ бўлиб кетди”, дейди бўлажак адиб ўшанда. Оксфорддаги таҳсили давомида у элга танила бошлайди, санъат фалсафасини ўрганади. Шунингдек, ўзи ёқтирган Италия ва Греция давлатларига ҳам бориб келади. Оксфордда у яна “Равенна” достони учун Ньюдигейт мукофотини ҳам олади. Ушбу пулли мукофот XVIII асрда яшаган сэр Рожер Ньюдигейтнинг Оксфорд коллежи талабалари учун мўлжалланган йиллик достонлар танлови эди.
Коллежни битиргач, Оскар Уайлд Лондонга кўчиб келади. Пойтахт марказидан бир уйни ижарага олади. У ерда Сперанза тахаллуси билан машҳур бўлишга улгурган Жейн Франческа Уайльд хоним (яъни онаси) билан тасодифан қўшни чиқиб қолади. Ўзининг ажойиб истеъдоди ва ақли билан Оскар Лондонга тез мослашиб кетади… Унинг ўткир зеҳни, билими ҳамда ноёб ижоди барчанинг кўнглидан жой олади. Ҳаттоки айрим салонларда унинг исмини тилга олиб иш юритиш ҳам одатга айланади. “Бугун ақли расо ирландиялик салонимизга ташриф буюради, сиз ҳам қолиб кетманг” дея одамларни жалб қила бошлашади салон ходимлари. Айниқса, унинг либослари кўпчиликнинг эътиборини тортарди. Мода оламида у ўзига хос кийиниш услубини яратганди. Лондонда Уайльдни барча танирди. Унинг ташрифини ҳамиша интизор бўлиб кутишарди. Шу билан бир қаторда уни танқид қилувчилар ҳам йўқ эмасди. Ҳар қадамда Уайльдга турли ниш отишни режалаштиришар, у эса бунга мутлақо беэътибор бўлиб фақат ва фақат ижодга шўнғирди.
1881 йили унинг илк шеърий тўплами – “Шеърлар” номи остида босилиб чиқади. Бу китобни чоп этиш ҳам осон кечмайди. Дастлаб унинг шеърларида импрессионизм аломатларини “сезишади”, сўнгра тасвир ва ҳайрат уйғунлигини “кашф этишади”.
Оскар Уайльд ўзининг машҳур иборалари ва иқтибослари билан жуда тез танилган. У қаерга борса, қай ерда бўлса ҳам, вазиятга, ҳолатга, одамлар томонидан берилган саволларга ўзига хос тарзда жавоб қайтарарди. 1882 йилнинг бошида у океан ошиб, Нью-Йорк шаҳрига етиб келади. Кемадан тушгач, биринчи навбатда мухбирларга йўлиқади ва ўз услубида саёҳатига қисқача изоҳ беради: “Жаноблар, уммон мени ўзига мафтун қилди, лекин у мен ўйлаганчалик улуғвор эмас экан”. Шундан сўнг божхоначиларга рўпара келган ёзувчи ўзи билан нима олиб келгани ҳақидаги саволга шундай жавоб қилади: “Менинг ноёб истеъдодимдан бошқа ҳеч нимам йўқ”.
Уайльд “сеҳрли диёр”да талабаларга маърузалар ўқирди. Унинг маърузаларини тинглаш учун талабалар дарёдек оқиб келарди. Бир куни у “Инглиз санъатининг уйғониш даври” номли маърузасида: “Биз бор вақтимизни ҳаётдан маъно қидиришга сарфлаймиз. Билсангиз, мана шу маъно – Санъатда!”, деган ибораси учун чексиз олқишларга кўмилади. Шундан сўнг адибнинг шуҳрати ортиб бораверади. Уайльдча қараш, кийиниш, гапириш, овқатланиш бошланади. Чикагога борганида ундан Сан-Франциско шаҳри ҳақида сўрашади. У эса шундай жавоб беради: “Бу айни санъатсиз Италия экан”. Американи тарк этгач, Уайлд шундай ёзади: “Мен Америкада маданийлашиб бўлдим, энди фақат самолар қолди”.
Лондонга келгач, Оскар ўзини жуда яхши ҳис қилади, илҳом парилари уни Париж сари чорлайди, ижодининг энг гуллаган даврлари бошланади. Парижда у замонасининг дунё тан олган адиблари билан танишади (Пол Верлен, Эмил Золя, Виктор Гюго, Стефан Малларме, Анатол Франс ва бошқалар). Бир олам таассуротлар билан Ватанига қайтгач, Констанс Ллойдни учратади. 29 ёшида унга уйланиб, 2 ўғилли бўлади (Сирил ва Вивиан). Ўғиллари учун эртакларни ўзи ёзган. Кейинчалик бу эртаклар иккита сайланма ҳолида чоп этилади – “Бахтли шаҳзода ва бошқа эртаклар” (1888 йил) ва “Анорли уй” (1891 йил).
Уайльд ижодининг энг гуллаган даври 1887-1895 йилларга тўғри келади. Бу қисқа даврда ёзувчи қуйидаги асарларни битади: “Лорд Артур Севил жинояти” эртаклар тўплами (1887), шунингдек, 1887 йили “Кентервил шарпалари”, “Топишмоқсиз Сфинкс”, “Натурачи миллионер”, “Юлдуз болакай”, “Балиқчи ва унинг қалби”, “Жаноб У.Х. портрети” номли эртаклари, “Ёлғон инқирози” (1889), “Рассом каби танқидчи” (1890) сингари бир қатор таҳлилий, танқидий, эстетик мақолалар. 1890 йилда эса ижодининг чўққиси “Дориан Грей портрети” романи ёзилади.
1892 йилдан Уайлднинг янги қирраси кашф этилади, яъни унинг комедик асарлари дунёга келади. Драматург сифатида у “Уиндермир хонимнинг елпиғичи” (1892), “Лоқайд аёл” (1892), “Рисоладаги эр” (1895), “Жиддий бўлиш қанчалар муҳим?” (1895) комедияларини ёзиб битиради. Бу комедиялардаги персонажларнинг характерлари, унда ишлатилган иборалар, парадокслар саҳнани янада жонлантиради. Матбуот эса Уайльдни “ўз даврининг энг машҳур драматурги” сифатида таърифлайди. Айниқса, ундаги ўткир ақл, ўзига хослик, комедиядаги таъсирли ва элга овоза иборалар томошабинни курсига михлаб қўярди.
1891 йили Оскар Уайльд бир вақтлар Англияда саҳналаштириш ман этилган француз тилидаги “Саломея” драмасини ҳам эълон қилади.
Шеърлар, эртаклар, романлардаги барча персонажлар асосан моддият ва ҳиссиёт ҳақида сўзлайди. Унинг асарларининг асосий қаҳрамонлари табиат ёки инсон эмас, балки интерьер, натюрморт: буюмлар, анжомлар, қимматбаҳо тошлар, матолар ва яна шунга ўхшаш нарсалар. Айнан шу услуб Оскар Уайльд ижодига хос хислат эканини таъкидлаш керак. Шунингдек, унинг насрий асарларида шарқона қарашлар ва эртакларга мойиллик сезилади. Унинг аксар эртаклари муҳаббат, меҳр, оқибат, олийжаноблик фазилатлари билан якунланади.
Худди ижодида бўлганидек, Оскар Уайльднинг ҳаёти ҳам зиддиятларга тўла. У ҳатто қамоқхонада ҳам ётиб чиқади. Альфред Дуглас билан бўлган келишмовчиликлар туфайли уни озодликдан маҳрум этишади. Атрофида гирдикапалак бўлган дўстлари ундан юз ўгиради. Панжара ортида у дунёдаги энг қадрли инсони – онаси вафот этганини билади. Рафиқаси кўчиб кетгани ва фамилиясини ўзгартирганидан ҳам хабар топади.
Икки йиллик (1895-1897) қамоқдан сўнг Уайльд Францияга келиб, исмини Себастян Мелмот деб ўзгартиради. Оскар Уайльд 1898 йили “Рединг қамоқхонасида ёзилган баллада” достонини битиради ва остига “С.3.3.” деб тахаллус қўяди. У бу тахаллусни қамоқхонадаги рақамидан олган – С блоки, 3-қават, 3-камера. “Баллада” қимматбаҳо япон қоғозида 800 нусхада чоп этилади. Шунингдек, у қамоқхона шароитини яхшилаш ҳақида ҳам мақолалар ёзади. 1898 йили Англия парламентининг қуйи палатаси Уайльд ёзганларидан фойдаланиб, “Қамоқхона акти”га ўзгартиришлар киритади.
Ўлимидан олдин у ўзи ҳақида шундай дейди: “Мен ўн тўққизинчи юз йилликни босиб ўтолмайман. Лекин инглиз халқи менинг узоқ йиллик хизматларимни бир куни улуғлаб чиқади”. Оскар Уайльд 1900 йил 30 ноябрь куни Францияда қулоқ инфекцияси орқали ҳосил бўлган кучли менингитдан вафот этади. Уайлдни Париждаги Баньо қабристонига дафн этадилар.
2007 йили “Би-би-си” телекомпанияси ўтказган сўровлар натижасига кўра, Буюк Британиянинг энг ақлли кишиси деб Оскар Уайльд тан олинган. У бу борада Уильям Шекспир ва Уинстон Черчилни ортда қолдирган.
Бобур Наби тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон