Истеъдодли шоир Шавкат Раҳмон моҳир таржимон эди. Шоирнинг ўзи тартиб берган “Сайланма”сида (1997) “Испан шеъриятидан таржималар” деган махсус бўлим бор. Ундан Хуан Рамон Хименес, Рафаэл Алберти, Федерико Гарсиа Лорка каби испан шоирларининг шеърлари ўрин олган. Тўғриси, испан шеърияти, айниқса, Лорка ижоди ва унинг бадиий дунёси Шавкат Раҳмонгача ўзбек китобхони учун сирли, номаълумлигича қолиб келди. Ўзбек ўқувчиси Лоркани Шавкат Раҳмон қалами ёрдамида таниди. Шунинг учун таржимонлар, таржимонлик, таржима санъати, айниқса, аслиятдан таржима хусусида гап очилганда, Шавкат Раҳмон ва Лорка номларини асло четлаб ўтиб бўлмайди.
Ш.Раҳмон айнан Лорка ижодини аслиятдан ўгириш истагида испан тили билан махсус шуғулланади, испаншунос олимлар билан ҳамсафар бўлиб Лорканинг юртига боради; лоркашунослар билан маслаҳатлашади; шу билан бирга ўша миллат шеъриятига хос поэтик образ ва шаклларни, ўша халқнинг миллий урф-одатларини синчиклаб ўрганади.
Лорканинг “Энг қайғули шодлик” (1989) китобига кирган шеърлар таржимоннинг юксак поэтик маҳоратидан дарак беради. Таассуфки, биз испан тили ва адабиёти бўйича мутахассис эмасмиз. Лорканинг ўзбек тилида жаранглаб турган шеърларини аслият билан қиёслашга имконимиз йўқ. Бироқ “Энг қайғули шодлик”ни ўқиш жараёнида Шавкат Раҳмоннинг нақадар машаққатли бир юмушни қойилмақом адо этганини тасаввур қилиш қийин эмас. Нима демоқчимиз? Фикримизча, Лорка шеърларини таржима қилиш учун испан тилини билиш ва шоир бўлишнинг ўзигина етарли эмасга ўхшаб кўринади. Менинг тасаввуримда испан шоирларининг Гётеси сифатида намоён бўлган Лорка шеърларини таржима қилаётган инсон айни дамда Испания тарихи ва географиясини, тарихий шахслари ва халқ оғзаки ижодини, испан шеъриятига хос индивидуал назарияларни, миллий жанрларни, энг муҳими, миллат руҳини билиши лозим. Бундай фикрга келишимга сабаб, “Энг қайғули шодлик” шеърлар китобига ёзилган изоҳлар, тушунтиришлардир. Ўша сочилган изоҳларнинг ўзи муайян бир тизим асосида жамланса, Шавкат Раҳмоннинг лоркашунос сифатидаги махсус тадқиқоти пайдо бўлади. Дарвоқе, Лорка шеърларида кўп бора такрор келадиган “норанж” (апельсин), “трунж” (лимон) каби мева номининг испан шеъриятига хос махсус рамз, сўз-образлар экани, яъни улардан биринчиси “саодатли севги”ни, кейингиси “саодатсиз, алданган севги”ни англатиши изоҳлар ёрдамида аёнлашади.
Лорка шеърларида образлар, туйғулар, дарду аламлар жуда миллий, жонли ва тиғиз ифодаси билан ажралиб туради:
“Сузар қайиқ-фикрлар
Қорайган қорачуғинг
Қора босган сувида
Чайқалади чорасиз” – чўнг маъноли, аммо кам сўзли ифодадан ҳайрон бўлиб, шеърни қайта ўқийсиз. Шоир қўллаган образлар қаринасидан тасаввур ёришади.
“Тоғ пойида ўлтирар
шамол хўрлиги келиб…”
Бу қисқа метафорада тоғ ва шамол “одам”лашади. Лорка шеъриятидаги бундай “эъжоз мақоми”, шоирона фасоҳат, қисқа бадиий ифода, сўзлар тежами Шавкат Раҳмоннинг эстетик дидига, шоирона таъбига маъқул келгани аниқ.
Лорка шеърлари таржимаси жараёнида Шавкат Раҳмон адабий нутқни янги сўзлар билан бойитади (мишиқи, тупка, пўла, тиртиқ, долон, камолгул, буқавоз), баъзи ўринларда оғзаки нутққа хос унсурлар билан мисраларни жонлантиради (“сочвораман” – сочиб юбораман, “куйлаворгин” – куйлаб юборгин, “чайвол” – чайиб ол, “кийволган” – кийиб олган ва ҳ.к.), гоҳо зарурат юзасидан “кўр бақа”га “мундақа”ни қофия қилади.
Маълумотларга кўра, ўз вақтида Лорка араб шеърияти билан ҳам ошно тутинган. Шу боис бир шеърий китобини “Тамарит девони” деб номлайди. Бироқ бу Шарқ мумтоз шеъриятига хос девон эмас. Гарчанд унда “қасида” ва “ғазал”лар номи бўлса ҳам, улар жанр эътибори билан Шарқ мумтоз шеърияти мезонларига мос келмайди. Лорка бундай тажрибаларга, ўз халқининг поэтик тафаккурини янгилашга жуда қизиққан бир ижодкор эди. Бу ҳол “Энг қайғули шодлик”дан ўрин олган бошқа шеърларнинг шаклий жиҳатларида ҳам кўринади. Матнни “пиллапоялар”га бўлиш, бош ҳарфлар ёки тиниш белгиларини қўлламаслик, шунингдек, шеър матнида баъзан қавс ичида ҳам мисралар бериш ҳоллари кузатилади. Ш.Раҳмон улардан бирига аҳамият бериб: “Лорка шеърларида қавснинг аҳамияти жуда катта. Кўпинча шоир қавс ёрдамида биринчи сатрга тамомила қарама-қарши сатрни айириб кўрсатади”, деб тушунтиради:
“Ҳадсиз
кечаларнинг
тошли макони
сокин макони.
(Зайтунзорда шамол,
дала-даштда шамол)”.
Ростданам бунда “шамол”нинг “сокин макон”га зид турганини англаш қийин эмас.
Лорка шеърларини Шавкат Раҳмон таржимасида ўқир экансиз, испан юртининг мозаикаси – Ғарнота, Қуртоба, Андалус каби тарихий шаҳарлари, турли қадимий қишлоқлари, ғаройиб ўсимликларига, тошқин дарё ва сойлари, ўзига хос маъно ташийдиган осмон, юлдуз ва ойларига мафтун бўласиз; лўли, мавр, сувори, жандармларга дуч келасиз. Унинг шеърларида анкабут тўр тўқийди, сойлар шовуллаб шеър ўқийди, шом маҳали “муаззин қурбақа” пайдо бўлади, ўлим элчилари тимсоли саналган дабдабали суворилар отига қамчи уради; чигирткаларнинг тинимсиз чириллашлари қулоққа чалинади; бир қарасангиз, “боғ шомида олти лўлиқиз” ўйин тушади. “Дафн маросими”да “сариқ минорада қўнғироқ даранги” эшитилади. Тонг ёришаётган паллани тасаввур қилинг, бунда саҳар “норанжзор оралаб келади”. Айни дамда “зайтунзордан саҳарлаб зайтун терар хушрўй қиз”. Гоҳида “калтакесак инграйди, заифаси йиғлайди”. Изоҳларда: “Лорка ижодида ой ўлимнинг ўзи ёки ўлим яқинлашганидан дарак берадиган бир аломатдир”, деб таъкидланади. “Ой ўликдир, ўлик, аммо унга ҳаёт берар баҳор”. Баҳорий кайфият, ёшлик, шоирнинг орзуларга тўла “шойи юраги”, “баҳорий ёмғир”, “баҳорий қўллар” ўлимни енгади… Табиийки, Лорка шеърлари измида бундай шоирона ва равон фикрлашнинг бош сабабчиси Шавкат Раҳмоннинг таржимонлик маҳоратидир.
Тўғриси, Шавкат Раҳмон деганда одамнинг юрагида покиза, тоза туйғулар жўш уради, кўзи олдида чин шоир ва виждонли шахснинг сиймоси гавдаланади. Шавкат Раҳмон ижоди, айниқса, унинг таржимонлик фаолияти хусусида шунчаки, йўл-йўлакай ёзиш қийин. Шавкат Раҳмон қалбидаги завқни англаш учун, энг камида шоирнинг испан тили ва адабиётига бўлган меҳр-муҳаббатини, холис ниятини юрак-юракдан ҳис қилмоқ лозим.
Мен бир адабиёт муаллими сифатида ўзбек тилига дунё шеъриятидан таржималар тарихида Шавкат Раҳмон билан ёнма-ён Федерико Гарсиа Лорка ҳам бамисоли бирга туғишган оға-инидек жуда узоқ умр кўради, деб ўйлайман.
Баҳодир Нурмуҳаммад
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 10-сон