Йигирманчи асрда улуғ адибларимиз билан бир қатори фан оламида ҳам миллат ифтихорига айланган сиймолар етишиб чиқди: Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Обид Содиқов, Мирзаали Маҳаммаджонов, Малик Набиев, Муҳаммаджон Ўразбоев, Саъди Сирожиддинов каби халқимизнинг буюк фарзандлари билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди. уларнинг меросини, маърифатини кенг тарғиб қилсак, келажак авлод олдида маънавий бурчимизни адо этган бўламиз.
Маънавий оламдаги ёрқин юлдузлар ҳаётини ёритишдек ўта мураккаб, масъулиятли вазифани ўз умри мазмунига айлантирган Озод Шарафиддиновнинг «Ижодни англаш бахти» китоби узоқ йиллик кузатишлар, тадқиқотлар, мушоҳадалар жамланган ёрқин истеъдод намунасидир.
Озод Шарафиддинов қаламига мансуб тадқиқот ва тақризлар, адабиётимиз ва маданиятимизнинг тараққиётига оид асарлар нафақат соҳа мутахассислари, балки биз каби зиёлилар учун ҳам бебаҳо хазина!
Озод Шарафиддинов билан 40 йил давомида мулоқотда бўлиш насиб этганидан, суҳбатларимиз мавзуи фақат тиббиёт соҳаси эмас, балки фан, маданият, жамият жараёнлари ҳақида бўлганлигидан мамнунман.
ХХ асрнинг 20-30-йилларида ижод қилган улуғ адиб Чўлпоннинг асарларини Озод Шарафиддинов чуқур таҳлил қилиб, давр изтиробларини, шоирга бўлган адолатсиз ҳужумларни очиқ-ошкора кўрсата билганлигини чинакам олимга хос жасорат намунаси деб тан олиш зарур.
Озод Шарафиддинов ёзадилар: «… ўзини халқдан айри ҳолда, замондошларининг ҳаёти, маънавий дунёсидан ташқаридаман деб тасаввур ҳам қилолмайдиган Чўлпон деярли 70 йил давомида қоралаб келинди. Бу давр мобайнида шоир шаънига айтилмаган бўҳтон қолмади, юзлаб мақолаларда, китобларда, маърузаларда унга «буржуа шоири», «жадид», «мафкураси бузуқ», «босмачилар куйчиси», «миллатчи», «аксилинқилобчи», «Октябр инқилобини тушунмаган овсар», «ёшлар онгини заҳарловчи ёт унсур», «халқ душмани» деган тавқилаънат ёпиштирилди. Бир йил эмас, ўн йил эмас, салкам 70 йил давомида-я!»
Шуларни ёзар экан, олим ҳақли бир саволни ўртага ташлайди: «Наҳотки, шунча йил мобайнида ўзбеклар орасидан, кўп сонли халқ ичидан Чўлпонни англай оладиган, унинг чинакам улуғ шоир эканини идрок этган ва бу ҳақиқатни айтишдан чўчимайдиган биронта ҳам ориф одам топилмади?.. Наҳотки, бизнинг одамларимиз гўзаллик қаршисида шунчалар сўқир ва кар?… Уларнинг ҳаёти, фожиаси халқнинг кўз олдида кечди-ку! Бироқ халқ оғзига толқон солиб олгандек чурқ этмай, сукут сақларди, оддий томошабин бўлиб турарди, турардигина эмас, кези келганда масаланинг моҳиятига етмай, билиб-билмай чапаклар чалиб: — «Миллатчиларга ўлим!» — дея бўғила-бўғила хайқириб қўярди!» — деб куюниб фикр юритади.
Озод Шарафиддинов истеъдодини, келажакда катта ижодкор олим бўлишини Абдулла Қаҳҳордек улуғ, халқимиз севган адибимиз кўра билган ва меҳр қўйиб, бағрига олган эди. Абдулла Қаҳҳор суҳбатларининг бирида Озод Шарафиддиновни тилга олиб: — «Шундай ёзмоқ керакки, носфуруш сенинг китобинг саҳифасига нос ўраб сотган бўлса, уйида уни очиб, матнига кўзи тушган одам – «Ие, бу Озоднинг гаплари-ку», — дея саҳифани эҳтиёт қилиб, олиб қўйсин».
Бу ҳақ гапни тан олган ва қадрлай билган Озод Шарафиддинов «…бундек мукаммал ёзмоқ учун, бу даражада баркамол санъат намунасини яратмоқ учун ижодкор Абдулла Қаҳҳордек меҳнаткаш бўлмоғи лозим. Бу эса ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Фақат ўз Ватанини жон-дилидан яхши кўрган, ўз халқини ҳар томонлама баркамол кўришни истаган, кўксида истиқлол ёлқини барқ уриб турган санъаткоргина бу бахтга мушарраф бўлади», — деб қайд этган эди. Устозни бундай улуғлаш ва уларга таъзим қила билишлик учун Озод Шарафиддиновдек адабиётшунос бўлиб етилмоқ керак.
Қадимдан маълумки, истеъдодли кишиларга хос фазилатлардан бири — ўта камтаринликдир. Фаннинг ҳар соҳасида бўлганидек, адабиётшунослик фанининг алломаларидан бири Озод Шарафиддиновнинг қобилияти, ижоди қайси даврларда намоён бўла бошлаган? — деб Абдулла Қаҳҳордан бир суҳбат давомида сўраганимда, у киши — «Адабиётшунос олимлар ичида ёш бўлишига қарамай, жиддий фикр юрита оладиган, мустақил фикр ва жасоратга эга Озоддан адабиёт умид қилса бўлади, ноёб талантли олим», — деганлари ҳали-ҳали ёдимда. Улуғ адибнинг узоқни кўра олишлари Озод Шарафиддинов учун юксак умидворлик ва катта хайрихоҳлик мадад бўлганлигига, йиллар ўтиб, улуғ адибимизнинг орзулари рўёбга чиққанига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Озод Шарафиддиновнинг ёзган асарлари, адиблар тўғрисидаги хотиралари эндиликда халқ мулкига айланди.
Бу одамга хос фазилатлардан яна бири шуки, кундалик ижодий ишлари билан баробар келажакда ёзиладиган асарлар билан хаёли ҳамиша банд бўлиб келган.
2002 йил эди. Кунларнинг бирида Озод Шарафиддинов менга телефон қилиб: «Маслаҳатли гаплар бор эди», — деб ўз ҳузурларига таклиф қилдилар. Шифокор бўлганлигим учун, ҳойнаҳой, суҳбат Озод аканинг саломатлигига дахлдор бўлса керак деган хаёлга бордим.
Яхши кайфият билан кутиб олган Озод Шарафиддинов меҳмонхонага таклиф қилдилар ва билдимки, муддао янги бир асар ёзиш устида экан.
Суҳбатимиз аввалида мунаққид ХХ аср бошларида ташкил топган жадидлар оқими ва жадидлар илгари сурган ғоялар Туркистонда олиб борилган чор сиёсатидан жиддий фарқ қилувчи янги йўналишда бўлганини таъкидладилар. у ҳам бўлса жадидлар тараққийпарвар одамларни ўз атрофига тўплаш, халқнинг маънавий ўсишини таъминлаш, адабиёт ва санъат соҳасидаги янгиликларни тарғиб қилиш, янги мактаблар очиш, бўлажак авлод тафаккурини ўзгартириш каби катта амалий ишлардан иборат бўлганлигини айтдилар. жадидлар мафкурасини яратганлардан бири — Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев — янги ёзмоқчи бўлган асарининг бош қаҳрамони эканлиги ҳақида фикр юритдилар. Мен Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевнинг жиянларидан бири ва у зот билан мулоқотда бўлганлигим учун Озод Шарафиддинов хонадонига таклиф қилинганлигимни сезиб, бироз ғурурландим ҳам.
Суҳбатимиз давомида Озод Шарафиддинов Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев тўғрисидаги маълумотлар деярли тўлиқ эмаслигини айтиб, Мустақилликка эришиш йўлида жонини фидо этган бундай улуғ шахслар ҳаётини тиклаш зарур эканлигини қайта-қайта такрорлаб ўтдилар.
Озод Шарафиддинов фалсафий фикр юритиши билан кўпчилик адабиётшунос олимлар ичида ажралиб турардилар. шунинг учун бу табаррук инсонни адабиётшунос олимлар сардори деб атагим келади.
Озод Шарафиддинов нафақат ўз ҳамкасблари, шогирдлари тақдирига, балки барча зиёлиларнинг ҳаёти, яхши-ёмон кунлари, шодлик ва қайғуларига ҳамма вақт ҳамдард бўлиб келган.
Айниқса, фуқароларнинг ҳаёт тарзи, саломатлигига бўлган муносабатлари мен шифокорга йўллаган сатрларида ўз аксини топган:
— «Биз – ўзбеклар ҳамма нарсани қадрлаймиз, аммо ўз соғлигимизни қадрламаймиз. Ўз организмимизга ваҳшиёна муносабатда бўламиз, йиқилиб, тўшакка ётиб қолмагунча шифокорга мурожаат қилмаймиз. Ҳолбуки, арзимаган лоқайдлик билан бошга тушиши мумкин бўлган кўп касалликларнинг олдини олишга эринамиз. Соғлиққа бўлган эътибор биздан ҳеч қанақа чиқимни талаб қилмайди. Одам ўзини болаликдан мунтазам чиниқтириб бориши, нафсини тийиб, расамади билан овқатланиши, жисмоний иш билан шуғулланиши, кўпроқ пиёда юриши, меҳнатни маромида қилиб, дам олишни ҳам ўрнига қўя олиши керак. Шу ишларни қилсангиз, мен аминманки, 80 ёшда ҳам аталадай ёйилиб кетмай, ўқланган милтиқдай ҳар ишга шай турасиз. Лекин, минг афсуски, биз шахсий гигиена бобида ўз соғлигимизга инсоний муносабатда бўлмай келамиз».
Олим ўта нозик ва таъсирчан табиатли шахс сифатида, атрофдаги жараёнларга ҳеч қачон бефарқ бўлмаган, аксинча, Абдулла Қодирийдек, Чўлпондек, Фитратдек, Абдулла Қаҳҳордек улуғ адиблар кечирган изтироблар олимнинг қалбини, руҳиятини азобга солиб келган.
Бундай руҳий изтироблар ҳақиқатпарвар Озод Шарафиддиновдай ўта зиёли олимни бефарқ қолдирмаганлиги, шу туфайли руҳий изтиробларга солгани, қалбда туғилган исён у кишини қандли диабет касаллигига дучор этган сабаблардан бири бўлган деб биламан.
Азал-азалдан шарқ одамларига, айниқса, зиёлиларига хос фазилатлардан бири – шогирднинг устозга бўлган ихлоси ва ҳурматини жойига қўя билишидир. Халқ иборасига кўра : «Устоз отанг каби улуғ». Бундай ҳикматли иборалар ўз-ўзидан юзага келмаган, албатта.
Шогирднинг устозга ихлоси-ю меҳр-оқибати, устозга садоқати ҳамма даврларда ҳам ибратга сазовор қадрият ҳисобланган. Бу улуғ фазилат намунасини Озод Шарафиддиновнинг Абдулла Қаҳҳорга бўлган садоқатида ёрқин кўрамиз. Унинг ёзишича:
«Абдулла Қаҳҳор жуда истеъдодли, донишманд ва ақлли одам эди. У ўз даврининг моҳиятини ҳам, адабиётнинг санъат сифатидаги табиатини ҳам анча-мунча чуқурроқ тушунган. Шуни ҳисобга олиб, унинг шахсига баҳо берадиган бўлсак, уни ўша кезлардаёқ истиқлол йўлида фаол курашган ўтюраклардан бири, деб айтиш керак бўлади.
У авжи турғунлик йилларида, ҳали ҳам оммавий қатағонлар бирозгина тусини ўзгартириб, аслида моҳиятини сақлаб турган бир шароитда, ҳақиқатни эркин айтишга, мустақил фикрлашга ҳар хил темир қозиқлардан нарига кетишга чорлашдан қўрқмаган эди.»
Абдулла Қаҳҳорга, айниқса, 60-йилларда, таъна тошлари отилган вақтда Озод Шарафиддинов ҳамма вақт унинг ёнида ҳамдард, ҳамфикр бўлиб тургани, фарзандларидан ортиқ меҳр-оқибат кўрсатганлиги кўпчилик зиёлиларга маълум.
Озод Шарафиддиновнинг адабиётшунослик соҳасида ўзига хос довюраклик, жасорат билан адабиётга беғараз қилган хизматлари кўп қирралари билан Абдулла Қаҳҳорнинг фидойилигига ўхшаб ҳам кетади.
Озод Шарафиддинов ёзганидек: «Кези келганда бир нарсани айтиб ўтай, одамлар мени Абдулла Қаҳҳорнинг шогирди дейишади. Очиғини айтганда, мен бу унвондан ҳамиша фахрланиб келганман. Лекин шу билан бирга, ҳозирга қадар ўзимни Абдулла Қаҳҳорнинг шогирдиман дейишга истиҳола қиламан. Тилим бормайди. Биз ҳар қанча у одамга яқин бўлмайлик, лекин Абдулла Қаҳҳор истеъдоди жиҳатидан ҳам, ақл-заковати бобида ҳам, одамгарчилик масаласида ҳам биздан бир неча баробар юқори турар эди. Ҳар қанча яқин бўлмайлик, орамизда ҳамиша кўринмас бир масофа сақланиб қолардики, уни босиб ўтишга ҳаддимиз сиғмас эди. Шунинг учун ҳатто ҳозир ҳам мен ўзимни баралла у кишининг шогирдиман деб айтсам, орамиздаги ўша масофа қисқариб қоладигандай, мен у кишини буюкликларига шерик бўлаётгандай бўлаверади. Назаримда: «Абдулла Қаҳҳор шогирди» деган мақом шу қадар юксакки, бунга сазовор бўлмоқ учун менга ўхшаган одамлар умр давомида ҳаракат қилишлари керак бўлади».
Аслида, «зиёли» деган мўътабар тушунчани ҳар бир киши ўзича талқин қилиши мумкин. Бировлар олийгоҳни тамомлаб, диплом эгаси ёки фан доктори бўлса, минбарлардан туриб: — «Биз зиёлилар…», — деб қайта-қайта такрорлайдилар-у, айни вақтда фақат ўз мутахассислиги доирасида фикр ва мулоҳаза баён этадилар. Ваҳоланки, «зиёли» деган тушунча кўп қиррали мазмунга эга. «зиёли»ман деб фикр қилган одам, «зиёли» сўзининг ўн қиррасидан бир қиррасини ҳам тўла эгалламаган бўлиши мумкин.
Мен бир неча ўн йиллар давомида мулоқотда бўлган олимлар ичида катта кашфиётлар яратган, бир неча ўнлаб шогирдлар тайёрлаб, илмий мактаб яратган алломаларни – «зиёли шахслар» — деб атагим келади. Уларнинг айримларини мақола аввалида тилга олиб ўтдим.
Улар бу улуғ эътирофга арзигулик шахслардир. Бинобарин, юқорида айтиб ўтилган алломалар ўз соҳасининг буюк олимлари бўлиши билан бирга ҳамиша халқ дарди билан яшаб, юртнинг ривожи, фаровонлиги, тараққиёти учун муҳим ҳисса қўшганлар.
Ўзбек миллатининг ғурурига айланган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзодаларни улуғ адиб бўлишлари билан бирга буюк халқпарвар, «зиёли» мартабасига эга бўлган сиймолар дегим келади. Ана шу зотлар қатори Озод Шарафиддинов ҳам «зиёли олим»га хос барча олижаноб фазилатларни ўз сиймосида мужассам эта олган дадил тафаккур эгаси эди.
Бу фидойи зот етук адабиётшунос шогирдлар тайёрлашда ҳам жонбозлик кўрсатди.
Устоз йўлидан келаётган шогирдлар қаторида фан арбоби, профессор Умарали Норматов, профессорлар Абдуғафур Расулов, Санжар Содиқ, фан номзодлари Қодиржон Пирматов, Ортиқбой Абдуллаев, Қосимжон Усмонов, Бойбута Дўстқораев, Тўлқин Йўлдошев, Раҳмон Қўчқор, Жума Чиғатой, Бобур Алимов, Рустам Шариповлар бор. Улар Республиканинг деярли ҳамма вилоятларидан Озод Шарафиддиновга ихлос қўйиб келган шогирдлардир. Эндиликда улар ҳам ўта мураккаб адабиётшунослик фанини ривожлантириб, устоз ғояларини давом эттириб, устозга бўлган садоқатларини намойиш қилиб келмоқдалар.
Озод Шарафиддиновнинг инсоний фазилатлари ҳақида гап кетар экан, яна бир хотирани тилга олиб ўтаман. 2003 йил 7 август куни — йирик файласуф олим Эркин Юсупов оламдан ўтди. Марҳумни охирги йўлга кузатиш олдидан бир қатор олимлар Эркин Юсупов хотирасига бағишлаб видо сўзларини айтишди. олимнинг инсоний фазилатлари, фан ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида самимий фикрлар билдирилди. Дафн маросимида Озод Шарафиддинов ҳам сўзлаб, Эркин Юсупов ўз ҳаётини миллатнинг равнақи учун бағишлаганини, бу фидойи олимнинг вафоти ўзбек фани учун жуда катта йўқотиш бўлганини алоҳида таъкидлади.
Озод Шарафиддинов ўз сўзларида ўта эътиборга сазовор бу умр йўли силлиқ кечмагани, айниқса, 1980 йилда уни “миллатчи”ликда айблаб, бошига туҳмат, маломат тошлари ёғдирилгани оқибатида оғир кунларга дучор бўлганини ҳаётий мисоллар билан айтиб берганида, йиғилганлар кучли изтироб билан тинглагани сира эсимдан чиқмайди.
Мухтасар қилиб айтганда, Озод Шарафиддинов улуғ аллома, ўзбек миллатининг ғурурига айланган умри боқий инсон, том маънодаги зиёли сифатида замондошлар қалбида мангу яшайди. У кишининг фан, адабиёт олдидаги хизматлари, ўлмас жасорати келажак авлодларга ўрнак ва андоза бўлиб қолаверади.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 10-сон