Римликларнинг ҳикматли сўзлари

Арасту – ҳамиша Арасту эмас (яъни, донишманд ҳам хато қилади).

Қашшоқлик ва қарилик – кулфатларнинг энг улуғи.

Бекорчилик – ҳамма қусурларнинг дояси.

Вақтнинг қадрига ет!

Тежамкорлик хасислик дегани эмас.

Индамас итдан, тинч оқар сувдан қўрқ.

Миннатдорлик туйғуси миннатдорликни туғдиради.

Дуогўйлар дуога лойиқ.

Азоб айбсизларни ҳам айблиман дейишга мажбурлайди.

Вақтида берган кўп беради.

Биттадан ортиқ ҳақиқат йўқ.

Ўз мартабангдан розилигинг – энг катта бойлигинг.

Ҳақиқатни – майдан, соғлиқни – сувдан қидир.

Тез берган икки ҳисса берган бўлади.

Ўзингни мағрур ва кўркам тут.

Ўз устингдан ҳукмронлигинг – энг олий ҳукмронлик.

Бахтсизлигингда эзгуликка умид боғла.

Ташқи қиёфа – алдамчи бўлади.

Ҳар кимнинг иззатини бил ва иззат қил.

Вақт ҳар қандай яранинг малҳамидир.

Вақт ғамни емиради.

Ҳамма кексаликни ҳавас қилади, кексайгач, ундан нолийди.

Гумон айбланувчига хизмат қилади.

Денгизни ичиб (қўлдан келмас ишни бажариб) бўлмайди.

Тозалик – соғлиқнинг гарови.

Кўз қориндан кўра очроқ.

Йиллар ҳамма нарсани, ҳатто хотирани ҳам олиб кетади.

Шаҳар асрлаб бунёд қилинади, лекин бир соатда вайрон бўлади.

Меҳмон – мезбоннинг эзгу аъмоли.

Майин илтимос тош юракни ҳам эритади.

Кўздан нари – дилдан нари.

Энг эзгу, энг катта совға – бу табассум билан берилган совғадир.

Иш муҳим, сўз эмас.

Эзгу шуҳрат бойликдан афзал.

Ҳиммат ҳимматни чақиради.

Ишонч ишончни туғдиради.

Ваъда ижроси билан чиройли.

Илмсиз ўтказилган вақт одамни тириклай гўрга тиқади.

Ўзгаларни бот-бот кечир, ўзингни эса – ҳеч қачон.

Дўст — туғишгандан афзал.

Дўстлик – яхшилар аҳд-паймони.

Римда яшасанг, римликдай яша.

Фароғат истасанг, тилингни жиловла.

Тахтинг мустаҳкам бўлса, дўстлар ёнингда,

лиқиллаб қолдими, уларни тополмайсан.

Хасислик – бағритошликнинг онаси.

Инсон ҳаёти– кураш демак.

Билим – куч.

Икки ёмонликдан кичкинасини танла.

Қумдан арқон эшма.

Баъзан сукут сақлай билмаганимиздан афсусланамиз.

Энг енгил ва энг баракали даромад тежамкорликдир.

Ваъдангга вафо қил!

Қиз онасига ўхшаган бўлади.

Ҳар бир инсон ўзини мақташларини истайди.

Понани пона билан чиқарадилар.

Ерни дадил чўқи, нимадир топасан.

Китоб – дўст, китоб – устоз.

Излаган топади.

Сукут сақлаган гуноҳ қилмайди (сукут – олтин).

Ким бўйсунмаса, бўйсундира олмайди.

Ёлғончи бўлсанг, сўзингни эсда тут.

Яхши ном — бойликдан аъло.

Муҳаббатнинг кўзи кўр.

Одам кўп, дўст кам.

Ўзгалар билан эмас, ўзинг билан кўп гаплаш.

Тиббиёт — фалсафанинг туғишгани.

Даврлар ўзгаради, шу аснода биз ҳам ўзгарамиз.

Кўплар кўпни билади, аммо ҳеч ким ҳамма нарсани билмайди.

Чорланганлар кўп, танланганлар кам.

Миш-миш ҳар доим ҳам ёлғон чиқмайди.

Дилинг тоатда, қўлинг меҳнатда бўлсин.

Фикр қила-қила донишманд бўлур.

Биз ейиш учун яшамаймиз, яшаш учун еймиз.

Биз карларга қўшиқ айтамиз.

Вайсақи олдида қулоғингни динг қил.

Мен сени ёмон кўрганимдан эмас, яхши кўрганимдан жазолайман.

Аёлнинг ҳақиқий зийнати ҳаёдир, либос эмас.

Илмнинг уфқи кенг, ҳаёт эса қисқа.

Ҳар ялтиллаган нарса олтин бўлавермайди.

Ишнинг кўзини билмаган гапни ҳам уддалай олмайди.

Эшитмай туриб ҳукм чиқарма.

Инсон зотига ҳеч ким фарзандчалик азиз эмас.

Бир ёмоннинг бир яхшиси бор.

Ёмон хотиндан ортиқ жазо йўқ.

Кенгашга таклифсиз борма.

Шоҳ – қонун эмас, қонун – шоҳ.

Ҳеч ким фикрига кўра жазо олмайди.

Дид ҳақида баҳслашмайдилар.

Ҳамма бир киши учун, бир киши ҳамма учун.

Ҳамма ким ҳақида яхши гапирса, у халқ севган инсондир.

Сени бир марта бўлса ҳам алдаган инсондан эҳтиёт бўл.

Сувдан ва оловдан маҳрум қилиш (бу жазо қадимги римликларда энг оғир жиноятлар учун қўлланган ва фуқаролик ҳуқуқидан маҳрум этилганликни билдириб, қувғин қилинган).

Такрор – билимнинг онаси.

Керак нарсани эмас, зарур нарсани харид қил.

Одобли инсон ҳамиша оддий бўлади.

Ота-онани ҳурмат қилиш – табиатнинг биринчи қонуни.

Шоирлик туғмадир.

Шоир бўлиб туғиладилар, нотиқ бўлиб шаклланадилар.

Ваъда беришдан олдин унинг устидан чиқишни ўйла.

Келди, кўрди, енгди (Юлий Цезарнинг жангдаги зафарига доир ибораси).

Дўст – ҳаётдаги энг яхши хазина.

Мақтовга лойиқ инсондан мақтов эшитиш ёқимлидир.

Ўзганинг ғамидан қувонма!

Қувонч кучга куч қўшади.

Ақлли билан сўзлашганда сўзни камроқ ишлат.

Далиллар кучи унинг саноғида эмас, салмоғида.

Қул қанча бўлса, душман шунча.

Шуҳрат – улкан рағбат.

Соғ танингга соғлом руҳ тилаб, ибодат қилсанг арзийди.

Сўзлар учиб кетади, ёзилганлари қолади.

Виждон – мингта гувоҳдан ортиқ.

Суқрот менга дўст, лекин ҳақиқат ундан аъло.

Шубҳа – ярим донишмандлик.

Секин шош, ҳамма ишингни шошмай бажар.

Қонун бешафқат, шунинг учун ҳам қонун.

Ҳамма нарсангдан айрилсанг ҳам, эзгу номингни сақлаб қол. Уни йўқотар бўлсанг, сен – ҳеч кимсан.

Шошма-шошарлик доим панд беради.

Кимки раҳмат айтишни билса, янада кўпроқ нарсага эга бўлади.

Уч нарсадан қочиш керак: қаҳрдан, ҳасаддан, нафратдан.

Дўстларга гинангни хилватда айт, кўпчилик олдида мақта.

Ақллига бир гап кифоя.

Зиқнада ҳамиша важ тайёр.

Душмандан ҳам ўрганиш мумкин.

Яхши одамлар фикри пулдан ҳам қимматли.

Яхши бошланиш – ишнинг ярми.

Яхши қўшни – катта омад.

Бошқалар хатосини кўриб кўзи пишган одам ишни пухта қилади.

Қонун тақиқ қилмаганни номус тақиқ қилади.

Мансабни инсон безайди, инсонни мансаб эмас.

Инсон ният қилади, ижобати қанчалигини Худонинг ўзи билади.

Инсонга адашмоқлик хос.

Юпитерга берилган изн буқага берилган эмас.

Бировга айтганинг – ҳаммага айтганинг.

Олма шохидан узоққа тушмайди.

Тил – инсоннинг душмани, жинлар ва аёлларнинг дўсти.

Мен ўзимга энг яқин инсонман.

Жамики инсоний хислатлар менга ҳам ёт эмас.

Рус тилидан Элёр таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2007 йил, 10-сон