У кишим галстук тақиб, костюм-шимда юрмайди, лекин домлаларга хос катта кўзойнакни бурнига қўндириб, замбилдай зил портфелни кўтариб, ўнг томонга хиёл эгилиб юради. Кўйлагининг олд чўнтагида тароқчаси бўлади. Суҳбатдоши билан гаплаша-гаплаша, аҳён-аҳёнда ўша тароқча билан сочини бир томонга силлиқ тараб қўяди. Яқинларини кўнгилга тегмайдиган-у, лекин юки жуда оғир лақаблар билан чақиради. Бу чорловдан сергак тортасан, ўзингни тузатишга киришасан. Ўшандай “унвон” олганлардан бири мен – Мулла Севара. Ҳар гал хонасидан ё бир саволга жавоб тополмай, “Шоирмисан?” ва ё ёнидаги суҳбатдошига: “Бу кишим – устоз, биз – шогирд” қабилидаги даккию писандаларни эшитиб, қизариб-бўзариб, мулзам бўлиб чиқаман. Аммо бу сафар…
Вақт пешиндан оққанда, домланинг иш вақти – соат уч-тўртларга қараб “Маърифат” газетаси таҳририятига бордим. Эшикни тақиллатиб киришим билан қуюқ сўрашиб, ғаладонларини титкилай кетди. Одатдаги “тешикқулоқ”ликка ул-бул бўлса керак-да, деб тахмин қилиб ўтирибман. Титкилай-титкилай, қаппайган бир папкани олди. Устига “Севара” деб ёзилган. Талабалигимдан бери чиқарилмаган, “чиқариб бўлмайдиган” материалларим йиғилган жилд. Ичидан бир варақни танлади-ю, болаларча соддалик билан, худди ҳайитлик бераётгандек суюниб менга тутқазди. “Қара, эсингдами?”. Саккиз йил аввал, биринчи курс пайтимда сараланган гуруҳга ўтиш учун ёзилган иншо. Нима экан, дебман. “Домла, нега сақлаб юрибсиз? Бу ахир тутантириққаям ярамайди-ку!”. “Олиб кетасанми?” – қандайдир илинж билан сўради домла. “Нима қиламан буни? Керак эмас!” дедим беҳафсалалик билан. “Сенга керак бўлмаса, менга керак! Бер бу ёққа!” – домланинг жаҳли чиққанини кеч тушундим. Ёшига ярашмайдиган чаққонлик билан варақни папкага солиб, яна қайта ғаладонига ташлаб қўйди-да, жаҳлини сездирмасликка уриниб: “Хўш, нимага келдинг?” деди. “Домланинг хаёли ўзида эмас, шекилли?” деган фикр лоп этиб миямдан ўтди-ю, “Ўзингиз чақирдингиз-ку! Жоан Дидионнинг эссеси бўйича”, дея минғирлаган бўлдим. “Ма, ўқи!” деб столи устидаги эссени қўлимга тутқазди. “Севаражон, қимматли вақтингни бекорга совурибсан” деган ёзувга кўзим тушди. Туйқус аламим келди. “Майли, бўлмаса бўлмапти-да. Мен кетдим, домла”, деб, устознинг сўзиниям эшитмай чиқиб кетдим.
Барча сезимлар кўнгилдан чиқадику-я, энг оғири – оғриқ бўлса керак. Вужудинг селдай оқади, дунёи дун ўша оғриққа сиғмай тошаётгандек туюлаверади. Дарди дунёнг қоронғи тортиб, тонгни қайта кўрмайдигандек бўлаверасан. Ахир, бу оғриқ фақат ўзингда эмас, бошқа инсонда ҳам кечаётганини сезиб турасан-да. Мен бугун домланинг кўнглига ўша оғриқни солиб қўйдим. Неча йилдан бери асраб-авайлаб келаётгани шу бир парча қоғозни ғижимлаб улоқтиргандай меҳри ва севинчини кўз ўнгида оёғим билан тепкилаб ташладим. Йўл-йўлакай хотиралар лип-лип ўтаверди.
2008 йил. Баҳор. Дарсга борсам, икки-уч курсдошим бирин-кетин: “Сизни Маҳмуд Саъдий қидираяпти, бориб учрар экансиз”, дейишди. Биринчи марта эшитаётганим бу одамнинг ким эканини тушуниб-тушунмай: “Қаёққа бораман?” деб сўрадим ҳайрон бўлиб. “Маърифат” газетасига боринг. Ўша ерда ишлайдилар. Бўлим муҳаррири”. У бинони топиб боргунимча ҳам бир-иккита юқори курс талабаларининг: “Сиз Севара Алижоновамисиз? Домла сизни мақтадилар”; “Қайси домла мақтайди?”; “Маҳмуд Саъдий”, деган сўзларидан ҳайратим яна ошиб, ийманибгина нотаниш эшикни тақиллатдим. Ичкаридаги оқ аралаш сочи бир томонга силлиқ таралган, елкаси хиёл эгик, олтмиш ёшлар атрофидаги киши бугунгидек табассум билан “Севарамисан?” деди…
“…Келганингда қуруқ келмай, у-бу нарса ёзиб кел”. Мана, неча йилдирки, кетар олди шу гапни эшитаман. Бир куни: “Эҳ, домла, домла, шу-унча ёздим, барибир чиқармайсиз-ку”, дея ўпка-гина қилган бўлдим. “Нима ёзсанг, ёз. Чиқса-чиқмаса, ёз! Кейин чиқмаяпти, деб араз-гина қилма. Ана, 80-йиллари биттаси “Шажараи турк” ҳақида мақола берганди. Кўчирмалари хато бўлгани учун босилмай ётди. Ўн беш йилча вақт ўтиб китоб чиқди. Иқтибосларини текшириб, кейин эълон қилдим. Сенга ҳали унча бўлмади, шекилли?!” – домла қитмирлигини бошлайди… Кимнинг қачон, нима ҳақда ёзганидан ўша пайтда нима деганигача эсида туради бу кишимнинг. Маҳмуд Саъдий деганлари шунақа одам.
…кўп ўқийди. Ўқимагани йўқ ҳисоби. Лекин йилда ё бир, ё икки қоғоз қоралайди, холос. Мен домланинг бу ишини кўп ўқишнинг касрига йўярдим. Бундай одамнинг ўзига, сўзига талаби ниҳоят даражада баланд бўлса керак, деб билардим. Лекин ҳе-еч шу саволни беришга жазм этолмасдим. Нимагадир домлани аягим келарди. Кўпйиллик ярасини тирнаб қўймайин, деб қўрқардим. Аммо не бўлди-ю, ҳар турли давраларда Маҳмуд Саъдийдан сўз очилди дегунча, калтагида обдан саваланган, ҳақ сўзининг аччиқ таъмини ҳануз туйиб юрганлардан: “Бир истеъдодни топиб олиб, ундан “даҳо” ясашга уринади”;“Қўлидан қанча-қанча китоб ўтди-ю, ўзи бир китоб ёзмади. Маҳмуд Саъдийдан нима қолади?..” қабилидаги кинояларни эшитавериб, фиғоним чиқди. Қани энди, иложи бўлса, ўшаларнинг ёқасидан тутиб: “Ҳамма сен каби ўзини ўйлайверса, сен каби “китобча”сини чиқараверса, нима бўлади? Айбингни яширгувчи, “китобча”нгни одамбашара қилиб китоб ҳолига келтирувчи “мардикор”лар ҳам керак-да!” деб юзига айтиб-айтиб олсанг! Зарур ўринларда айтилгани айтилди ҳам, эшитгани эшитди ҳам. Ноҳақликлардан зада бўлиб, бир куни охири сўрадим: “Домла, ёзишингизга нима халал беради? Ёзсангиз, анча-мунча “ёзувчи”лардан яхши ёзасиз-ку! Нега ёзмайсиз?”. “Бир умр бурч ёқамдан тутди. Аввалига синглим бир ярим яшар, мен тўрт ёшлигимда онадан етим қолдик. 8 ёшга ўтганимда отамдан айрилдик. Акалик бурчи сабаб офицерлик мактабига ўқишга кирмай Самарқанддан қишлоққа қайтиб кетдим. Ўшанда кўнглимга қарши бормаганимда, ҳозир олдингда ҳарбий Маҳмуд Саъдинов ўтирган бўларди. Сўнг оталик, гражданлик бурчи…”. “Ахир, буларнинг ижодга нима дахли бор?”. “Бор! Мен ҳаётим мазмунини таҳрир санъатидан топдим. “Гулистон” журналида ишлаб юрган кезларида ҳам, ҳозир ҳам мен учун ном чиқариш эмас, ижтимоий ҳаётда воқеа бўладиган мақола-материал чиқариш муҳим эди. Бундай мақолалар эълон қилиш учун муаллиф албатта ўзим бўлишим шарт эмас-ку, тўғрими? Одам баъзан ёзмай, фикри – тафаккури, ижтимоий фаолияти ҳалол, холис меҳнати билан ҳам адабиётга хизмат қилиши мумкин. Қилган ишларимдан ҳеч афсусланмайман. Ким нима деса десин, мен ўз вазифамни, муҳаррирлик ишини чин кўнгилдан бажардим. Муҳаррирликнинг ўзи бир умрга етгулик касб”.
Ёшлигидан Макаренкони қўлдан қўймай ўқиган Домланинг қулоғига илк устозининг сўзлари қўрғошиндай қуйилиб қолган эканми, дейман: “Бурч – одамларга яхшилик соғиниш. Олдин уларнинг яхши томонларини кўр, нуқсонлари секин чиқиб келаверади”. Сўзи кескир бўлса ҳам, ҳеч бу кишининг бировга ёмонлик тилаганини эслолмадим.
…талабаликнинг учинчи курсида домла “Таҳрир санъати” фанидан дарсга кира бошлади. Бу кишимга битта тингловчи ҳам кифоя эди. Шу сабабми, аудиториянинг “дипломсевар” қисми уйқусираб ўтирарди. Домла таҳрир санъатидан гапира-гапира, мутолаа санъати, ҳаёт санъати каби бошқа санъатларга ўтиб кетарди-да. Маҳмуд Саъдий аудиторияда бошқа одам, таҳририятда буткул бошқа одамга айланарди. Домланинг кўп шогирдлари айнан таҳририятда савод чиқарган. Уни ҳамон йўқлагувчилар кўп. Бу инсонни учратиб, Ватанга, оилага, устозга садоқат тушунчалари билан бирга, шогирдга садоқат туйғусини ҳам англадим. Домла шогирдларига жуда садоқатли. Аммо, афсуски, кўплари мендайин бу садоқатнинг қадрига етавермайди… Домланинг шу қадар фидойилиги, жонкуярлигидан баъзан жаҳлим ҳам чиқиб кетади. “Домла, сизга нима зарил? Ўзизни ҳам ўйласангиз-чи!” деганимга бепарво: “Ҳей, майли”, деб қўл силтаб қўяди. “Бу одам бошқача яшолмайди!” деб хаёлимдан ўтказаман қараб туриб.
…бу кишимга Яратган дидни баландроқ қилиб берган. Шу сабабми, унча-мунча мақталган асарлар ҳам ёқавермайди, унча-мунча одам ҳам… “Домла, сизга ўзи инсон зоти ёқадими?” дейман, ҳали уни ўпоқ, ҳали буни сўпоқ дейишларидан хуноб бўлиб. “Ёқади, ёқади, одам бўлса ёқади-да! Мана, Мақсуд Шайхзода, Асқад Мухтор, Матёқуб Қўшжонов…” деб санай кетади. Охирида саволимдан оғринибми, ийманибми, “Уларнинг адабиётни танлаганларининг ўзи – адабиётга хизмат. Шуниси учун ҳам ҳурмат қилсанг, арзийди”, дея қўшиб қўяди. Домланинг ҳар кимни ҳам тан олавермаслигидан ҳайрон бўламан-да, сабабини мутолаадан кейи-ин тушуниб етаман. Кўпинча домланинг ҳақ эканига, холис эканига амин бўламан.
… Маҳмуд Саъдий таржимасидаги Жан Коктонинг “Инсон овози” монодрамасини эслайман. Аслида, ўша ёлғизлик исканжасида яшаётган қаҳрамон, қайсидир жиҳатлари билан Маҳмуд Саъдийга ўхшаб кетади. У бежиз бу асарни танламади таржима учун. Унда ўзиниям кўрди, унда ўзини топди, унда яшади…
…бир умр рост гапириб келади. Ёлғонни тан олмади, ёлғон гапиролмади. Қорани оқ деёлмади. Шунинг учун машаққатли кунлари ҳам кўп бўлди. Ҳаммаси тилидан, феълидан. Аммо адабиётни деб экскаваторини ташлаб келган бу кишимнинг виждони олдида ҳамиша юзи ёруғ бўлди.
…“Сен менга ўхшама! Менга ўхшаб ўз ишингни орқага ташлама!” Бу тилакнинг ортида оғриқ, изтироб ва умид қоришиб кетган. У бир ота каби шогирдларининг орзуларига қанот бағишлайдиган, ўз хатоларининг уларда такрорланмаслигини истайдиган, ёш кўнгилларни ҳар хил кўргуликлардан асрашга уринадиган УСТОЗ!..
Эслаяпман-у, кўзимдан тирқираб ёш чиқиб кетаяпти. Яхшилик жазосиз қолмайди, деб гоҳ пичинг қиласиз. Мана, домлажон, менга қилган яхшиликларингизнинг жазосини тортаверинг. Сиз истаган “даҳо” бўлолмадим, ишончингизни оқлолмадим, умидингизни яна неча шогирдларингиз қатори сўндирдим-қўйдим.
Домла ўша кунги сўзларимдан яхшигина ранжиган экан. Анчагача қўнғироқ қилмади, йўқламади. Бошқа шогирдлари “Домла сизни сўрадилар”, деб айтиб туришди. Мен ўзимни кечиролмай юрган бир паллада, Маҳмуд Саъдийдек инсон ёш бир қизнинг тақдири, қалами борасида тинимсиз бохабар бўлиб туриши баттар виждон азобига солмайдими!
Домла, меҳрингиз, жонкуярлигингиз ва ростгўйлигингиз қаршисида таъзимдаман! Сиздан китоб қолмаса, мактаб қолади!
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 7-сон