Замондошларининг гувоҳлик беришича, Виссарион Белинский ниҳоятда саркаш, ўз қарашларини ниҳоятда қатъият билан ҳимоя қиладиган, бўйсунмас инсон бўлиб, оддий сўзлашувда бироз тутилиб, қийналиб гапирар экан. Аммо бирор жиддий адабий-эстетик ҳодиса хусусида сўз кетса кўзлари ёниб, эҳтирос билан сира тутилмасдан соатлаб маъруза қилиши мумкин экан. Бу шундан далолатки, у ўзини ҳаёти мазмунига айланган адабиёт ва санъат дунёсида мутлоқ ҳур ва озод ҳис этган…
Виссарион Григорьевич Белинский умумжаҳон бадиий-эстетик тафаккури тараққиётида ҳеч муболағасиз ўзига хос ўрин тутадиган мутафаккирдир. Гарчи уни шўро даври қизил мафкура андозаларига солиб, революцион демократ сифатида тақдим этиб келган бўлса-да, тарих Белинскийни оташин мунаққид, мутафаккир сифатида баҳолаш ҳақиқатини айтади. Балки шу боисдир, бундан икки йил муқаддам, яъни 2011 йилнинг июнь ойида бутун Россия ва дунё ижтимоий-адабий жамоатчилиги Виссарион Белинскийнинг 200 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлади.
У 1811 йили ҳарбий флот врачи бўлиб ишлаган Григорий Белинский хонадонида таваллуд топди. Отаси хизматдан истеъфога чиққач, оиласини Пенза губерниясига кўчириб келади. Виссарионнинг ёшлиги ва дастлабки ўқиш йиллари ана шу губернияда кечади. 1829 – 1832 йиллари у Москва университетида ўқийди. Бироқ дорилфунунни якунламасдан “соғлиғининг ёмонлиги ва лаёқатининг чекланганлиги” сабабли ўқишдан ҳайдалади. Аслида эса Белинский Москва цензура қўмитасига ўзининг 1830 йилда ёзган “Дмитрий Калинин” номли романтик драмасини тақдим этганидан кейин шундай аҳвол юз берган эди. Қўмита Москва университетининг ректори бошчилигидаги профессорлардан таркиб топган бўлиб, крепостной зиёлининг аччиқ қисматидан ҳикоя қилувчи асар уларга мутлақо маъқул бўлмаган ва унинг муаллифи ўз талабалари бўлганлиги учун ҳеч иккиланиб ўтирмай, уни талабалик сафидан чиқариб юборган эдилар. Шундан сўнг Белинский ўша даврда чиқиб турган “Телескоп” номли журнал таҳририяти билан ҳамкорлик қила бошлайди. Мазкур журналда 1834 йили унинг “Адабий ўйлар” номли биринчи танқидий мақоласи чоп этилади. Ана шу дастлабки мақоладаёқ бўлғуси танқидчининг энг муҳим фазилатлари: таҳлилга тортилаётган асарларга нисбатан талабчанлик, концептуаллик, ҳар томонлама асосланган дадил фикр айтиш хусусияти кўрина бошлаган эди. Белинский учун ҳар қандай асарнинг қадр-қиммати аввало, унинг халқчиллиги билан белгиланар эди. Бу айнан оддий халқ ҳаётини тасвирлашни эмас, балки “халқ ғояси”ни ифодалашни тақозо этарди. “Халқ ғояси” эса бу нимани ва қандай тасвирлашдан қатъи назар биринчи навбатда оддий халқ манфаатини назарда тутиш ва унинг келажаги, озодлиги, фаровонлиги учун куюниш маслакларига қаратилган эди.
Белинскийнинг дастлабки даврдаги танқидий методи романтик, маълум маънода, идеалистик метод эди. Масалан, у ўз даври рус шеъриятининг атоқли намояндалари Жуковский, Батюшков ижодини таҳлил қилар экан, бу шоирларга муносабат билдириш билан бир қаторда уларни улуғ Пушкин шеъриятидаги илк романтик босқични тайёрлаган шоир салафлари сифатида баҳолайди.
1835 йили Белинскийнинг “Рус қиссалари ва Гоголнинг повестлари ҳақида” (“Арабески”, “Миргород”) номли катта мақоласи эълон қилинади. Бу мунаққид ижодидаги янги босқич эди. Агар аввалги босқичда халқчиллик ғояси илгари сурилган бўлса, кейингисида фикр ҳаётий ҳаққонийлик ғоясига қаратилади. У энди “тасвир ҳаққоний бўлса, демак халқчилдир” деган қатъий қарашдан келиб чиқади. Шуларга биноан Белинский адабиётни икки турга бўлади. Хаёлий поэзия, яъни ҳаётни ўз хаёлий идеалларидан келиб чиқиб акс эттириш, ва иккинчиси, ҳаққоний поэзия, яъни ҳаётни барча мураккаблиги ва моҳияти билан борича акс эттириш. Айнан мана шу ўринда Белинский романтик метод билан реалистик методнинг энг асосий фарқини белгилаб беради.
Белинский ўз замонасида гарчи ўнлаб ва балки юзлаб ижодкорлар қалам тебратаётган бўлса-да, уларнинг орасида даврнинг энг муҳим хусусиятларини ўзида мужассам этиб, уни юксак бадиият билан тасвирлай билган алоҳида асарлар ва адибларга эътиборини қаратади. Шу маънода Белинский учун XIX асрнинг 20-йилларида Пушкин, 30-йилларида Гоголь шундай ҳодиса бўлиб туюлади ва таҳлил қилинади. 40-йилларнинг бошларида у Лермонтовни, 40-йилларнинг ўрталарида эса яна Пушкин ижодини ана шундай том маънодаги ибрат намунаси сифатида талқин қилади. Ҳаётининг сўнгги йилларида у яна Гоголь ижодига қайтади. Янги рус адабиёти реалистик йўналишда ривожланаётганлигини, бинобарин, Гоголь барча замондошларидан кўра ҳаётни ҳаққоний, теран ва бадиий мукаммал тарзда тасвир эта олганини исботлашга уринади. Белинский учун бадииятнинг тўртта асосий белгиси бор эди. Биринчиси – соддалик; иккинчиси – ҳаётнинг мутлақ ҳаққонияти; учинчиси –халқчиллик; тўртинчиси – ўзига хослик (оригиналлик). Мунаққид фикрича, ана шу фазилатларнинг барчаси бошқалардан кўра кўпроқ Гоголь ижодида мужассам бўлган эди. Айни чоғда у Гоголга хос бўлган яна шундай бир хусусиятни қайд этган эди: “Чуқур қайғу ва ачиниш руҳи билан суғорилган комик жонлилик”.
Ўз вақтида Белинский ёрқин эҳтиросли танқидчи ўлароқ Пушкиннинг, Гоголнинг ва замонасининг бошқа атоқли зотлари назарига тушган эди. Пушкин унинг дастлабки мақолаларини ўқиб эътироф этган ва ҳатто мунаққидни ўзининг “Современник” (“Замондош”) журналига таклиф этмоқчи ҳам бўлган экан. 1838 – 39 йилларда Белинский “Московский наблюдатель” (“Москва кузатувчиси”) журналида ҳамкорлик қилади. 1839 йилнинг кузида у Петербургга кўчиб келиб, “Отечественные записки”, (“Ватан битиклари”) журналининг танқид бўлимини бошқара бошлайди. Шу ерда унинг “Бородино санаси” (1839), “Менцель Гёте танқидчиси” (1840), “Грибоедовнинг ақллилик балоси” (1840) мақолалари эълон қилинади. М.Ю.Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” романи ҳамда “Шеърлар тўплами” чоп этилгач, мунаққид иккита мақола – тақриз эълон қилиб, ёш Лермонтов ижодини теран ва миқёсли таҳлил этади. У Лермонтовга баҳо берар экан, шоирни рус жамиятининг ёрқин ижтимоий-тарихий саҳифалари бадиий ифодасини топган янги шеърият ижодкори сифатида улуғлайди. Уни Пушкиндан кейинги улкан бадиий-эстетик ҳодиса сифатида таърифлайди. Белинский 1841 йилда “Рус адабиёти 1840 йилда” номли мақоласини чоп этади. Ва шундан бошлаб ҳар йили йиллик адабий-танқидий обзор мақолалар бериш анъанасини яратади. Мунаққиднинг энг катта тадқиқоти бу Пушкин ижодига бағишланган “Александр Пушкин асарлари” (1843– 1846) номли 11 мақоладан иборат туркум бўлиб, унда рус адабиётининг Ломоносовдан бошлаб, то Пушкингача бўлган бутун тараққиёт жараёнлари таҳлил этилиб, сўнгра Александр Сергеевич Пушкин ижодининг энг буюк намуналари, айниқса, “Евгений Онегин” шеърий романи батафсил таҳлилга тортилади.
Шўро даври Белинскийни эстет мунаққиддан кўра кўпроқ фақат ижтимоий ғоявийликни бош мақсад қилган ғоябозга айлантириб қўйган эди. Ваҳоланки, у Пушкин ижодини баҳолаб якуний хулоса чиқарар экан, шундай фикрни илгари суради: “Нафосат ва инсонийлик туйғусини ривожлантириш орқали инсонни инсон сифатида шарафлаш Пушкин шеъриятининг алоҳида ўзига хос хусусиятлари ҳисобланади”.
Белинский “Отечественные записки” журналидан бўшагач, 1847 йилдан бошлаб “Современник” журналининг раҳбарларидан бирига айланади. Шу ерда у юқорида эслатилган адабий обзорларини, жумладан, “1847 йилги рус адабиётига назар” номли икки катта мақоласини эълон қилади. Ана шу мақолалари мисолида мунаққид ўзи эҳтирос билан ёқлаган реалистик ва тарихий методнинг юксак намуналарини яратади.
В.Г.Белинский 1848 йили 37 ёшида сил касалидан вафот этади. У ҳеч муболағасиз ўз даврида ҳам, ундан кейин ҳам адабий-эстетик тафаккур ривожидаги энг эътиборли сиймолардан бири бўлиб қолди.
Ирода Ваҳобова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон