Ўзбекистон халқ шоири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибийнинг бетакрор ғазаллари, шеърлари қўшиққа айланиб кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак. Лутфий, Навоий, Бобур, Огаҳий, Фурқат, Муқимий, Завқийлар анъанасини давом эттириб, ўзбек адабиётида мумтоз шаклларни янги мазмун билан бойитишда Ҳабибий ҳам ўз ижоди билан муносиб ҳисса қўшди. “Халқ дур терувчидир”, деганларидек, мавлоно Ҳабибий дурдона ғазаллари билан халқимиз қалбидан чуқур жой олди.
Озода, гўзал ўлкам, ҳурматли диёримсан, Кўп заҳмат ила топган бахтимсану боримсан. Жоним каби асрайман, номус ила оримсан, Кўнглим очилур боқсам, орому қароримсан, Ҳар ерда мададкорим, ҳар ишда мадоримсан.Ватан ҳақидаги бу мухаммас ҳаммамизнинг ёдимизга муҳрланган. Ҳабибий мумтоз адабиётимизнинг, арузнинг қонун-қоидаларини, сир-асрорини яхши билган, уларни ўз ижодида катта маҳорат билан қўллай олган ардоқли шоирларимиздан бири.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий 1890 йили Андижоннинг Қўқонқишлоғида ўртаҳол деҳқон оиласида таваллуд топди. У Ҳамза, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Мажидий, Муҳаммадшариф Сўфизода, Ғайратий, Айний, Сайфий каби забардаст адиблар билан деярли тенгдош эди. Дастлаб эски усул мактабида, сўнгра мадрасада таҳсил кўрди. Отаси Холмуҳаммад ака табъи назм киши, онаси эса маҳалла-кўйда “муаллим хола” номини олган маърифатли аёл бўлган. Улар ўғлининг илмли бўлиши учун шароит яратишга уринадилар ва Зокиржонни Андижон мадрасасига, сўнгра Қўқон мадрасасига жўнатдилар. Хусусан, бу ҳақда Ҳабибий ўз таржимаи ҳолида шундай ёзади: “Ёш ҳаваскор бўлганим учун дарсларим орасида Навоий, Фузулий, Фурқат, Муқимий ва бошқа устозларнинг шеърларини жуда севиб, равон ўқийдиган бўлдим… Бора-бора йигирма ёшларимда шеър ёзишга киришдим. Асарларда учрайдиган араб, форс сўзларини кучим етганча ўрганиб, аруз вазнининг турли баҳрларини билиш учун диққат билан кўп ўқидим, ёздим”.
Ҳабибийнинг шеъриятдаги биринчи муаллимлари мадрасадаги толиб дўстлари шоирлар Муҳаммадхон Маҳжурий ва Зокир қори (Зокирий)лар эди. Шунингдек, у андижонлик ҳамқалам дўстлари Сайфий, Улфат, Анисийларга ҳам дастлабки ғазалларини кўрсатади. “Буларнинг маслаҳатли ёрдамлари билан тетапоя бўлиб ёзиб юрдим”, деб эслаганди Ҳабибий ёшлик даврини.
Отасининг бевақт вафотидан сўнг рўзғорни тебратиш ёш Зокиржон зиммасида қолгач, у ота касби — деҳқончилик билан шуғуллана бошлайди. Бироқ шунда ҳам у шеър машқ қилишдан, мустақил ўқиб-ўрганишдан тўхтамади. Йигитлик қалбига шеър дарди учқун солган, тўйғулари уммондек жўшган Зокиржон Ҳабибий ўзи таваллуд топган Қўқонқишлоқда шоир Зокирий бошчилигидаги ёш шоирлар анжуманларида фаол иштирок этар, Маҳжурий, Муштоқ, Анисий, Сайфий каби ижодкор дўстлари қатори ўз даврининг ижтимоий ҳодисаларини англашга интилар, озодлик, тенглик ҳақидаги орзуларини ғазалларида акс эттиришга ҳаракат қилар эди.
Қўқонқишлоқдаги адабий давра ўтган асрнинг 20-йилларда ҳам мавжуд эди. Шоир Зокиржон Ҳабибий ўша муҳит доирасида шаклланди, тобланди. Унинг дастлабки ғазалларидаёқ оддий кишиларнинг ҳалол меҳнати, она-табиат, соф муҳаббат мавзулари устувор. Бироқ ўша йиллардаги эл-юрт бошига тушган оммавий бесаранжомликлар, мустабид тузумнинг халққа ўтказаётган зуғуми туфайли адабий йиғилиш тарқалиб кетди.
“Камбағалчилик, машаққатли кунлар бизнинг хонадонимизни тўзитиб юборди, — деб хотирлайди шоир Ҳабибий. — Дастлабки шеърий машқларим йўқолиб кетган”. Шоир тирикчилик ғамида Андижоннинг Бўтақора қишлоғига келиб қолади. Ўша пайтда бу ерда истиқомат қилаётган қўқонқишлоқлик шоир Сайфий дарҳол Ҳабибийни йўқлатади. Ҳабибий ўз аҳволини баён этиб, Сайфийга шеърий мактуб ёзиб юборади. Шеърий мактубда, жумладан, шундай мисралар бор:
Зоҳирда агарчи навжувонман, Ботинда вале қадди камонман… Қошингга боролмай энди, Сайфий, Узр этгани лолу безабонман. Сизларнинг паноҳингизга қочдим, Ўз юртига сиғмаган ёмонман… Бахтим қуши ҳам келар, Ҳабибий, Бу кунлар ўтар, бўлай омон ман.Сайфий шеърий мактубни ўқигач, Ҳабибийни кўргани боради. Шундан сўнг уларнинг биродарлиги Сайфийнинг вафотигача давом этади. Сайфийнинг ўғли Ирфон Отажон отаси вафотидан сўнг домла Ҳабибий билан дўстлик ришталарини давом эттирган.
1936 йили шоир Ғафур Ғулом ўртоғи Сайфийни кўриш учун Андижонга келади. Сайфий Ҳабибийни меҳмонга таништириш мақсадида уни дарҳол чақиртиради. Бу ҳақда Ҳабибий шундай ёзган: “Андижон шаҳридаги истироҳат боғида дўстим Сайфий билан биргаликда азамат шоиримиз Ғафур Ғулом билан биринчи бор танишиб, у кишини зиёрат қилдим, тонготар гурунглашдик”. Ўшанда Ғафур Ғулом Ҳабибий ғазалларини тинглагач: “Тошкентга бориб, матбуотларда қатнашиб турсангиз яхши бўларди”, деб маслаҳат беради.
1938 йили Алишер Навоийнинг 1941 йилда ўтказилиши мўлжалланган 500 йиллик юбилейи қўмитаси тузилиб, унга таниқли адабиётшунос олимлар билан бир қаторда мадраса таълимини олган, араб, форс тилларини яхши биладиган ижодкорлар — Андижондан Ҳабибий, Сайфий, Анисий, Улфат, Маҳжурий, Риштондан Боқийлар таклиф қилинадилар. Мазкур қўмитанинг иш жараёнлари бу ижодкорлар учун ўзига хос адабий мактаб бўлган. Улар улуғ шоир Алишер Навоий ижоди руҳига кириб бориб, беихтиёр ўзларининг маънавий, ижодий камолотида юксалиш сезганлар. Ҳабибий Навоий ва Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” достонларини синчковлик билан чоғиштириб ўрганади, “Хазойин ул-маоний” асарини эса арабча нусхасидан кирилл алифбосига ўгириб, нашрга тайёрлайди.
Ҳабибий шу йилларда Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Садриддин Айний, Воҳид Зоҳидов, Мақсуд Шайхзода, Олим Шарафиддинов, Ҳоди Зариф каби олим ва шоирлар билан танишади. Пойтахт ижодий муҳити унинг дунёқараши юксалишига, адабиёт, шеърият оламини янада теран англашига катта таъсир кўрсатади. Бу ҳақда Ҳабибий бир ғазалида шундай ёзади:
Бу кун қилдим ажойиб янги-янги ошино суҳбат, Нечук суҳбат, синиқ дилларга гўё мўмиё суҳбат… Расо таъбу, расо фаҳму, расо сўзли билимдонлар, Муносиб бир-бирига барчаси бўлди расо суҳбат… Муяссар бўлди ҳарна истагим, ҳеч қолмади армон, Кўнгил кўзгуси занглашган эди, берди жило суҳбат.Бу йилларда Ҳабибий ижодининг мавзулари анча кенгайди, шоир турли жанрларда қалам тебратди. 1939 йили шоир Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Унинг асарлари республикамизнинг нуфузли газета ва журналларида, адабий баёзларда чоп этилди.
1941 йили бошланган иккинчи жаҳон уруши туфайли Навоий қўмитасининг иши тўхтатилиб, аъзолар тарқатиб юборилгач, Ҳабибий Янгийўл шаҳрида ташкил этилган янги мусиқали драма ва комедия театрига адабий эмакдош вазифасига тавсия этилди ва 1946 йилгача шу вазифада ишлади. Бу санъат даргоҳида ишлаш жараёнида у Юнус Ражабий, Тўхтасин Жалилов, Комилжон Жабборов, Қори Ёқубов, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Ҳалима Носирова сингари атоқли санъаткорлар билан ижодий ҳамкорлик қилди.
1949 йили шоир ҳаётида қувончли воқеа юз берди: унинг “Меҳнат қўшиқлари” ва “Янги яллалар” номли китоблари нашр этилди, ғазаллари қўшиққа айланиб, шуҳрати нафақат мамлакатимизга, балки қўшни республикаларга ҳам ёйилди. Кейинроқ қатор-қатор шеърий тўпламлари, 1971 йилда “Девон”и босмадан чиқди.
Замонавий руҳни мумтоз адабиётимизнинг барҳаёт анъаналари билан боғлашда катта заҳмат билан ижод қилиб, ўзбек шеърияти ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор Зокиржон Ҳабибий 1974 йили “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлди. Икки асрнинг таҳликали ва мураккаб йилларида яшаб ижод қилган шоир 1980 йили 12 апрелда 90 ёшида Тошкентда вафот этди.
Ҳабибийнинг ўттиз минг мисрадан зиёд шеърлари ва достонлари авлодларга мерос бўлиб қолган. Бир юз йигирмадан зиёд ғазалига куй басталанган. Бугунги кунда бу қўшиқларни халқимиз севиб тингламоқда. Бундай бахт ҳамма шоирларга ҳам насиб этавермайди.
Ҳабибийнинг ғазаллари мазмундор, ўйноқи ва равон мусиқий ифодалардан, жарангдор қофиялардан таркиб топгани учун ҳам бастакорлар ва хонандаларнинг диққатини ҳамиша ўзига тортган.
Кимки, юксалмоқ тилар, аввалда бирлашмоқ керак, Етмагай мақсадга эл интилмаса то бирлашиб.Ҳабибий Ватан озодлиги, юрт ободлигини орзулаб, куйлаб ўтди. Унинг бетакрор шеърлари, ғазаллари ҳамон халқнинг дилида, тилида.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 3-сонидан олинди.