Адабиётшунослик илмида Раҳимбобо Машрабнинг туғилган йили масаласида маълум тўхтамга келинган эди. Шоирнинг таваллуди 1640 йил, деб белгиланиб, шу асосда шоирнинг 350 йиллиги ўтган асрнинг 90-йиллари нишонланганди. Бироқ кейинги йиллар бу масалага яна қайтилиб, шоирнинг туғилган йили санаси турлича (1653, 1657 йиллар) кўрсатилаётир. Жумладан, Машраб шеърларининг толмас тадқиқотчиси Жалолиддин Юсупов 2006 йил нашрга тайёрлаган Машраб «Девони»га кирган “Уни девонаи Машраб дерлар” мақоласида ёзади: “Малеҳо Самарқандий “Музаккир ул-асҳоб” номли тазкирасида Раҳимбобо Машраб билан Самарқандда икки дафъа учрашганлигини, биринчи марта шоирни ўспиринлик, яъни соқол-мўйлаби энди чиқа бошлаганида ва иккинчиси Самарқандга қаландар либосида, сочу соқоли барқ уриб ўсган бир даврда кириб келганини сўзлайдилар. Унинг “моро” радифли форсийда ёзилган шеъри намуна қилиб келтирилади. “Музаккир ул-асҳоб”нинг 1688 – 1692 йиллар орасида ёзилганлигини назарда тутсак, Малеҳонинг Машраб билан илк учрашувлари 1672 йилда, иккинчи топқир учрашувлари эса 1690 йилда содир бўлган. Яна бир далил шуки, Исҳоқ Боғистоний ўзининг “Тазкираи қаландарон” асарида “Ҳазрати Шоҳ Машраб мавтлари айёминда умрларидин 58 сана кечуб эрди”, дейдилар. Филология фанлари номзоди Муҳсин Зокиров далил келтирган ушбу тазкирани кўрган эмасман. Ғолибо бу фикр тўғри кўринади… Бундан чиқадики, шоҳ Машрабнинг ҳаёт йўллари шундай: 1653 — 1711” (Машраб, “Девон”, Нашрга тайёрловчи: Жалолиддин Юсуфий. “Янги аср авлоди”. Т. , 2006 йил).
1990 йили «Шарқ юлдузи» журналида М. Зокиров нашрга тайёрлаган «Тазкираи қаландарон» номли асар қисқартирилган ҳолда нашр этилди. Асар тазкира деб номланса ҳам, лекин тузилиши жиҳатидан тазкирачилик андозаларига жавоб бермайди. Асар содда тилда (қайта таҳрир қилингандек) ёзилган. Унинг ўн бир боби Машрабнинг ҳаёти ва ижодига бағишлангани ҳақида гапирилади-ю, лекин жамоатчиликка фақат беш лавҳаси ҳавола қилинади, қолган қисмлари нега эълон қилинмагани ҳақида бирор сабаб билдирилмайди. Шунингдек, ношир қўлёзма эгаси Одилхон Зобир ўғли кўлёзмани сотмагани, уни ўз ҳузурида кўриб чиқишга рухсат берганини айтади, лекин М. Зокиров асарни ё кўчириб, ё фотонусхасини олган-олмагани ҳақида ҳам аниқ фикр билдирмайди. Бу хил ноаниқликлар эса турли тадқиқодчилар томонидан ҳақли равишда эътирозларга сабаб бўлди.
Мавжудлиги номаълум бўлган “Тазкираи қаландарон” асаридаги маълумотлар (хусусан, шоир туғилган йили масаласида ҳам) тўғри бўлса, нима учундир Муҳсин Зокиров ўзининг “кашфиёти”га ўзи ишонмай, Машраб таваллуди санасини бир неча марта, бир-бирига зид тарзда келтиради. Жумладан, у 1966 йил эълон қилган «Машраб» адабий-танқидий очеркида «Шу тариқа шоирни 1657-58 йилларда туғилган деб аниқ айтиш мумкин», дейди. Бироқ бу маълумот тўрт саҳифа ўтгач, қуйидагича ўзгаради: «У (Машраб — Э.М.) тахминан 24-25 ёшларида, яъни 1670-1671 йилларда Кашғарга боради», деб ўзининг маълумотига қарши чиқади. Чунки оддий арифметика бўйича (1670-24=1646) бу сана 1646 йилга тўғри келади. М. Зокировнинг 1990 йили эълон қилинган «Мен ҳам инсон наслидан» мақоласида, бу сана яна бир карра ўзгаради, унда «Машраб шаҳид бўлганда 70 ёшлардан ошган эди. Хулоса, 1640-41 йиллар унинг таваллуд йилига тўғри келади», деган учинчи хил, аммо ҳаққоний санани келтиради. М. Зокировнинг ўзи ишонмаган “Тазкираи қаландарон” асарига ва ундаги маълумотга Ж.Юсупов ҳам асосланишга ботинолмай, ўринли равишда “ушбу тазкирани кўрган эмасман”, деб бу маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа қилади. Дарҳақиқат, шубҳали, бор-йўқлиги номаълум асардаги маълумотга асосланиш тўғри эмас.
Ж. Юсупов асосланаётган Малеҳо Самарқандийнинг “Музаккир ул-асҳоб” тазкирасида келтирилганидек, Раҳимбобо Самарқандга икки марта келган, биринчи марта келганида Машрабнинг соқол-мўйлаби энди сабза ураётган бўлган. Ж. Юсуповнинг келтиришича, Машраб билан Малеҳо шу вақтда, яъни тадқиқотчи белгилаган 1672 йили учрашган экан. Энди А. Фитратнинг мазкур маълумотига аҳамият беринг: “Малеҳо ўзининг асл тазкирасини ҳижрий 1101 (мил. 1689)-нчи йилда битирган. Асл тазкирада Машраб ҳақида ҳеч нарса ёзмайдилар. Икки йил сўнгра, 1103/1691да, тазкирага бир илова ёзғон, тазкира биткандан кейин кўришканларидан шул иловада маълумот берадир”. (Фитрат А.Машраб //Илмий фикр. 1930. №1 Қайта нашри://Ёш ленинчи. 1991,29 июн). Англашиладики, Малеҳо 1689 йилгача Машраб ҳақида ҳеч қандай хабар бермаган! Машраб ҳақидаги маълумот кейинчалик пайдо бўлгандан сўнг, у илова тарзида 1691 йилда тазкирага киритилмоқда. Фитрат Машрабнинг навбатдаги марта Самарқандга келиш санасини белгилашда ҳам эҳтиёт бўлади: “Малеҳонинг ривоятига кўра, Машраб Наманганга 7 – 8 йил турғондан кейин (баъд аз соҳиби маҳосин шудан) Самарқандга келғон. Онда бир муддат қолғон. Сўнгра Наманганга қайтиб, ондин Қашқар, Бадахшон, Балх шаҳарларига борғон ва шу сафардан унга “пишиқликлар” ҳосил бўлғон, яъни шеър ва тасаввуф кишиси бўлиб, қаландар қиёфасида яна Самарқандга қайтғон. Малеҳо бу Самарқандга қайтишнинг қайси йилда эканини очиқ кўрсатмайдир. Шундай бўлса ҳам, баъзи 1689–91-лар орасида бўлғонин гумон қилиш мумкин”.
Энди, табиийки, савол туғилади: қайси манбага асосланиб домла Ж. Юсупов “Малеҳонинг Машраб билан илк учрашувлари 1672 йилда … содир бўлган”, деган маълумотни келтирмоқдалар? Ҳеч бир асоссиз келтирилаётган шу биргина санага ишониб Машрабнинг туғилган йили санасини 1640 йилдан 1653 йилга ўзгартиришдан қандай мақсад кўзланмоқда? Афсуски, бу бизга қоронғи. Академик В. Абдуллаев, Н. Ликошин, А. Абдуғафуров, И. Абдуллаев, Ш. Зуннунлар Машраб 1640 йилда туғилган, деган фикрни илгари суради. Зайнал Ризаев Муҳсин Зокиров каби бу йилларни аниқлашда бир неча хил санани кўрсатади. З. Ризаев 1963 йил эълон қилган «Машраб ҳақида янги маълумотлар» мақоласида шоир яшаган давр 1670 — 1711 йиллар деб, 1966 йил нашр этган «О Машрабе и его последователях» (Машраб ва унинг издошлари) мақоласида бу санани 1636 — 1664 йиллар, деб ўзгартиради. Тадқиқотчининг сўнгги маълумоти бўйича Машраб 28 йил умр кўрган бўлиб чиқади. Хўш, бу маълумотларнинг қайси бирига ишониш мумкин? Бизнингча, шоир таваллудининг 1640 йил, деб белгилангани ҳар жиҳатдан тўғри ва асосли. Фикримизни қуйидагилар билан изоҳлаймиз:
1.Таъкидлаганимиздек, ўтмишда яратилган адабий тазкираларда Раҳимбобо Машраб туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин «Мажмуаи Фаҳмий» китобида унинг қатл этилган йили ҳижрий 1123 (мелодий 1711), деб кўрсатилган (Валихўжаев Б., Воҳидов Р. Муҳаққики бузурги ду адабиёт. — Душанбе: Ирфон, 1978, 21-бет).
Машраб Бозор Охунд вафотига бағишлаб «Булбул бирафт аз боғи илм» мисраси билан таърих ёзган. Бу таърих абжад ҳисобида қуйидагича бўлади:
бе алиф ғайн айн лом мим = боғи илм
2 + 1 + 1000 + 70 +30 +40 = 1143
«Булбул»(64)нинг илм боғини тарк этгани сабабли 1143 дан 64 ни айирамиз ва Бозор Охунд вафот этган санага эга бўламиз: 1079 ҳижр. = 1668 милод. Демак, Зайнал Ризаев кўрсатган сана илмий асосга эга эмас. Чунки Зайнал Ризаевнинг сўнгги маълумотича Машраб 1664 йил вафот этган бўлса, у 1668 йил устози вафотига бағишлаб таърих ёзолмайди.
Келтирганимиздек, Ж. Юсупов Машрабнинг туғилган йилини 1653 йил, деб белгилаяпти. Машраб юқоридаги таърихни ёзганида, Ж. Юсуповнинг ҳисоби бўйича, 15 ёшли ўспирин бўлиб чиқаяпти. Бу ёшда Раҳимбобонинг форс тилида, яна абжад ҳисоб-китоблари асосида таърих ёзишига ишониш қийин. Яна бир қизиқ ҳол. Тадқиқотчи: “Шариат аҳкомларини мукаммал эгаллаган Раҳимбобо энди пирлари мулло Бозор Охунддан тариқат йўлларини ўрганишга киришадилар. Ўзларида зоҳир бўла бошлаган кашф-каромат ҳолларини шеърга солиб баён эта бошлайдилар. 1668 йил илм истаб Самарқандга келадилар. Замонасининг етук олимлари даргоҳида хизматда бўладилар. Ўша йил охирларида пирлари Бозор Охунд вафот этадилар», деган маълумотни келтиради. Бу маълумот тадқиқотчининг Машраб туғилган санасини 1653 йил деб белгилагач, 1668 йилда Бозор Охунд вафоти йилига қадар ёш Раҳимбобони етук шоир даражасига етказишга уриниш қилаётгандек тасаввур уйғотади. Агар Фитратнинг “Манқабага кўра Машраб Наманганда туғилғон. Оиласи жуда қашшоқ бўлғон, онаси ип йигириб сотиб оила овқатини топар экан, ота-онаси уни 15 яшарлигида Охунд мулла Бозор исмли бир шайхнинг тарбиясига берадирлар» ёки “Малеҳонинг кўрсатишига кўра, Машрабнинг ёшлиқта Андижондан Наманганга ўқиш учун келгани, афсонадаги «15 яшарлиғида мулла Бозор Охунд тарбиясига киргани» билан таъкид этиладир», деган жумлалари асосида мулоҳаза юритсак, янада ғалати манзарага гувоҳ бўламиз. Чунки Машраб 1653 йилда туғилган бўлса, у 15 ёшида Бозор Охунд вафот этган йили (1668) унинг даргоҳига илм олгани борган бўлади. Бу эса Машрабнинг Бозор Охунд даргоҳида А. Фитрат келтирган 7 – 8 йиллик таълим олган даврини амалда йўққа чиқаради.
2.Машрабнинг Сўфи Оллоёр билан учрашганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Сўфи Оллоёр тахминан 1620 (1616, 1622 йилларда туғилган деган тахмин ҳам бор) йилда туғилган. Икки шоир ўртасида 34 ёш фарқ бўлиши уларнинг қадрдон суҳбатдош бўлганини амалда инкор этади.
3. Қиссада Машрабнинг Абулғозий Баҳодирхон билан учрашуви ҳақида ривоят бор. Абулғозий 1664 йилда 61 ёшда вафот этган. Агар ҳақиқатдан ҳам Машраб Абулғози билан ҳатто унинг вафот йили учрашган бўлса, 1653 йил санаси бўйича Машраб эндигина ўн ёшдан ўтган бўлиб чиқади. Бунга кўра, шоир таваллудининг келтирилаётган санаси (1653) тамомила ўз моҳиятини йўқотади.
4.Машрабнинг «Адашган қари қулман, навҳа бўлди кориму борим. Сақол оқарди, тиш тушди, совуқ бўлганда бозорим» мисраларидаги шоир қиёфаси тасвири нисбатан анча кекса ёшга ишора қилмоқда. Ва яна бир далил сифатида шоирнинг машҳур байтини келтириб ўтамиз:
Ёши етмиш бирга етган бандаи радди фалак,
Мору каждумлар билан тўлган дилига райбу шак.
(Шарқшунослик институти хазинаси, қўлёзма №172, варақ-171а.)
Нима сабабдан Машрабнинг бу мисраларига, домла Ж. Юсупов келтирганларидек “тахмин” деб қарашимиз керак? Академик Воҳид Абдуллаев, атоқли машрабшунос Абдурашид Абдуғафуров бу байтга, домла келтиргандек, “ёпишиб олиб” тахмин қилишган эканлар-да? Нима бўлганда ҳам Машрабнинг шундай шеърлари мавжуд-ку! Агар буни инкор қиладиган бирор асосли далил бўлса, уни ҳам келтириш керак эди.
5. Ж. Юсуповнинг келтиришича, “1672 йили (Машрабнинг – Э.М.) Қашқар сафари бошланади. Замонасининг энг йирик авлиёларидан бири, Офоқ (диннинг уфқи, осмони), деб донг таратган йирик тариқат олими Ҳидоятуллоҳ Офоқ хўжага мурид тушадилар”. 19 яшар Раҳимбобонинг шунчалик қисқа вақт ичида «авлиёи замон» Офоқ хўжага мурид бўларлик даражага эришиши, албатта, яхши, бироқ биз буни қанчалик хоҳламайлик Машрабнинг 1672 йили, яъни 19 ёшида Офоқ хўжага мурид тушишининг сира иложи йўқ эди! Офоқ хўжани Қашқарга истаб борган киши, биринчидан, уни у ердан тополмас эди, иккинчидан, пирни истагани учун ҳаётини хавф остига қуйиши мумкин эди. Чунки Ёркент хони Исмоилхон 1671 йил Ҳидоятуллоҳ хўжа ибн Муҳаммад(Офоқ хўжа)ни ҳокимият учун кураш бошлагандан сўнг мамлакат ҳудудидан чиқариб юборган эди. Ҳидоятуллоҳ хўжа Тибетга Далай Лама V нинг ҳузурига бориб, бир муддат туради, унинг фатвоси билан Или (Ғулжа)га боради ва Жунғория тайжиси (шаҳзодаси) Ғалдон Бошоқту ёрдамида Ёркент хонлиги тахтини эгаллаш учун курашга киришиб кетади… Бироқ бу бошқа мавзу. Аслида Машрабнинг Қашқар сафари қуйидагича босқичлардан бошланган дейилса дуруст бўлар эди:
1640 йил — Наманган шаҳрида таваллуд топган.
1647 йил — бошланғич таълимни олган.
1655 йил — 15 ёшида Бозор Охунддан сабоқ олишни бошлаган.
1662 йил — 22 ёшида Наманганда таҳсилни якунлаган.
1662 йил — 22 ёшида Самарқандга биринчи марта келган.
1663 йил — 23 ёшида Қашғар сафарига отланган.
1668 йил — Бозор Охунд вафот этган.
Агар Машраб 1663—1670 йиллар давомида Офоқ хўжа даргоҳида бўлганлигини ва у ерни тарк қилгач, 1671 йилда Жунғория хонлигига қараган Илига бориб Хун тайжи(мўғулча шаҳзода — М.Э.)нинг қизи Офоқ (асли Абақ – орлот қабиласи орасида бека маъносини англатган — М.Э.) билан муносабатга кириши даврини эътиборга олсак, айнан шу вақтларда Офоқ хўжа ҳам Қашқардан чиқиб кетган ва ажаб эмаски, у ҳам бу даврда Тибетдан Илига келган бўлган.
Ҳурматли Жалолиддин Юсупов домланинг Машраб шеърларининг нашри учун қилган меҳнатлари, чеккан заҳматлари мислсиз улуғ иш бўлдики, у кишининг бу соҳадаги мақоми билан айни вақтда ҳеч ким тенглашолмаса керак. Бироқ илмий янгиликни келтириш асосли далил-исботни талаб этадики, улар бизнинг истак ва хоҳишларимизга бўй бермайди. Ҳар хил фаразлардан кўра шоирнинг ўзи келтирган маълумотларига ва тарихий фактларга асосланиб фикр юритсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Бироқ асосли бир маълумот бўлмай, тахминларга ўралашиб қолаверсак, бу хил мунозаранинг якунланиши амримаҳол. Раҳимбобо Машраб туғилган санасига (1640) оид бошқача фикрда бўлган ҳурматли тадқиқотчиларимиз бундан-да аниқроқ ва асослироқ бир далилни келтирсалар ва бу масалани узил-кесил ҳал қилолсалар эди, биз фақат хушнуд бўлар эдик. Агар далил бўлмаса, яхшиси бу масала устидаги баҳсга якун ясаш ва шоирнинг туғилган йилини асосли тарзда 1640 йил, деб белгилаш илмий нуқтаи назардан тўғри бўлади. Айни пайтда уни ўзгартиришга ҳеч қандай асос йўқ.
Эркин Мусурмонов,
СамДУ ўзбек адабиёти тарихи кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 3-сонидан олинди.