Саъдулла Сиёев. «Қаламдош»

http://n.ziyouz.com/images/mirtemir.jpgМиртемир — шеър заргари. У сўзнинг қимматини мисқоллаб ўлчар, ёзадиган жумласини етти эмас, етмиш марта ўйлаб, кейин битарди.

Оддий сўзларга ўзгача сеҳр, жозиба бағишлай оладиган номи юртга таниқли шоирнинг иш услуби, албатта, ҳамма ижодкорларни қизиқтирарди. Гоҳо шу ўйлар тинчлик бермасди. Мавриди келса, унинг шеър ёзишини, бирор асарга сайқал беришини зимдан кузатсам, деб орзу қилардим.

Ниҳоят, шундай кунлар насиб қилди. «Гулистон» журналида Миртемир акага бағишланган махсус саҳифа бериладиган бўлди. Ундан шеър «ундириш» менга топширилди. Хонамдан барвақтроқ чиқиб, Ишчилар шаҳарчасига йўл олдим.

Биз — ёшлар, ўз уйимиздай эмин-еркин кириб борадиган шинамгина файзли ҳовли. Баҳордан кузаккача бирин-сирин потраб очиладиган ифори гуллари ҳали уй­қуда. Ёзда оқ, қирмизи, пушти тусда кўз қамаштирувчи бу гуллар худди хонадон соҳибининг байтларига ўхшарди. Уларга тикилса, одамнинг ёшлиги, ёшликдаги тотли, ҳануз дилни жизиллатадиган ёниқ туйғулар эсига тушади, юрак ҳапқиради…

Ичкари кирдим. Миртемир ака кўринмайди. Газета-журнал варақлаб ўтиравердим. Анчадан кейин сокин қадамлар ташлаб кириб келди. Эгнида иссиқ жун кўйлак, кулранг берет.

— Э, мулло Саъдулло! — деди жилмайиб, сўнг одати бўйича қайта-қайта ҳол-аҳвол сўради. Хонадаги буюмларга бир-бир тегиниб чиқди: «Минск» русумли каттакон эски приёмнигини қўйди, уни ўчириб, «ВEФ» транзисторини буради, қозоқча контсерт берилаётган экан, бирпас қулоқ солиб турди-да, «Ширинларғўй» деди. Чеҳрасига табассум югурди.

Ниятимни айтдим.

— Тайёр шеър бўлса, олиб кетмоқчи эдим…

— Тайёр шеър… йўқ эди, — деди аста. Назаримда, жиндай хижолат чеккандай бўлди. Гўё анчадан бери янги нарса ёзолмай юрибди-ю, буни мен эслатиб қўйгандек эдим.

— Унда ёзиб берасиз.

Миртемир ака сал энгашди, ўнг кафтини қулоғига тутди. Илтимосимни қайтардим. У қаддини ростлади, бошини силкиб, «хўп» ишорасини билдирди.

— Кўп бўлди «Гулистон»да чиқмадим. Ёзиб бераман. Беш-олти кундан кейин бир қайриласан-да…

«Қайриладиган» куним келганда кутилмаган воқеа юз берди. Миртемир аканинг тоби қочиб, касалхонага тушиб қолди. Кўргани бордим. У хонада бир ўзи ётар, дераза ёнига қўйилган баланд каравотнинг бош томонида қалам, дафтар, журнал ва китоблар, катта-кичик шишаларда дори-дармонлар сафлаб қўйилган. Миртемир ака «болам»лаб, «бўтам»лаб меҳмон қила бошлади. Унинг вақти хуш эди, дам-бадам кириб турган ҳамширалару шифокорларни бирор қизиқ гап айтиб кулдирар, ўзи ҳам ҳузур қиларди. Шундай суюнч­ли дақиқаларга соя сол­гим келмади, «шеър дардида» турган бўлсам-да, тилимни тийдим. Миртемир аканинг ўзи гап очди:

— Мен журналларинг олдида уятлиман… Шу десанг, туппа-тузук юргандим, бирданига бундоқ бўлиб қолди… Ҳозир хийла яхшиман. Шеър­ни ёзиб бераман, қоралаб қўйганман. Тунда, соат ўн бирдан кейин дўхтирлар хона-хонасига кириб кетади. Шунда яширинча оз-оздан ишлаяпман. Бир куни дўхтирим кириб қолиб, роса уришди. «Ахир, мен бу ишдан роҳат қиламан, ишласам енгил тортаман», десам ҳам қўймайди… Худди атайлаб қилгандек, дўхтирлар навбатчилик қиладиган хонанинг рўпарасида ётган эканман. Алдаб бўлмаяпти. Уларнинг кўзидан узоқроқ хонага кўчмоқчи бўлиб турибман…

Уч-тўрт кун ўтиб, шифохонага яна келдим. Остона ҳатлаб, ҳол-аҳвол сўрамасимданоқ Миртемир ака ёзилажак шеърдан гапирди.

— Мана, уч вариантда ёзиб қўйдим, — деди қалин кўкиш дафтарни қўлига олиб. — Бир нусхасини яхшилаб ишлаб бераман. Ҳали жиндек хомроқ… Ол, бўтам, анави олмалардан арчиб, еб ўтир…

Ўша куни мен Миртемир аканинг бир ижодий сиридан воқиф бўлдим: у шеърларини аввал поетик сочма ҳолида қоралаб чиқар, сўзларнинг оҳори тўкилмаганларини қўллар, ёқмаса, алмаштирар экан. Сочмалар етук санъаткорнинг «чиғириғи»дан юз бор, минг бор ўтиб, асл шеър билан бўйлашадиган даражага етгач, шоир уларни қофия­га, вазнга солар, улар учун ҳозирлаб қўйилган либосга буркаб, оққа кўчирар эди. Сўнг яна меҳнат, яна сайқал бериш давом этарди: «бачки новдалар» қирқилади, ярим томчи ҳам «сув» қолдирилмайди, жаранг тордай чертиб кўрилади, сўзларнинг бўй-бас­ти чамаланади — ҳар қайсиси ўз ўрнидалиги текширилади, шираси синалади — тахир ёки чучмал эмасми?.. Ана шундан кейингина шоирнинг ўзи эркалаб, ҳазиллашиб айтадиган бу «шиғир» эл хизматига сафарбар этилади. Миртемир аканинг шеърларидан ажиб тароват уфуриб туришининг, нафосатининг сири шунда бўлса керак…

Хуллас, ваъда қилинган шеър унадиган бўлди. Миртемир ака шифохонадан чиққан эди.

— Эрталаб уйга кел, биргалашиб ёзамиз, — деди у бир куни.

«Биргалашиб ёзиш»ни эшитиб, рости, бироз чўчидим. «Ҳазил қиляпти, шекилли. Мен шоир бўлмасам… Шеърият бобидаги илмим ҳаминқадар. Буёғи қандоқ бўлди?»

Йигит иши — таваккал. Пешинда етиб бордим. Миртемир ака ташриф буюражак «қаламдоши»ни кутиб, безовталаниб турган экан. Каттакон столга юзма-юз ўтирдик. Шоир ранго-ранг қаламда, турли хил ручкада чизавериб, бўялиб кетган қоғозларни олдига ёйиб қўйди. Гажакдор араб алифбосидаги Ёзувларга боқиб этим увишди: шоир битта шеърга шунча ишлов берадими?!

Миртемир ака шеърининг хомлигидан яна шикоят қилди. «Агар қистамаганингда яна беш-олти кун устидан кўриш керак эди», деди. Сўнг диққатини жамлади-да, билинар-билинмас нохушлик билан деди:

— Қани, ёздик.

Шеъримиз соатнинг милидай ўта секинлик билан туғилаяпти. Миртемир ака хатимни лаҳза сайин таъқиб этади, нуқта, вергулларигача кузатади, унутиб қолдирсам, дар­ҳол эслатади, ўзи эса сатрларга оро беради.

Шу алфозда шеърнинг икки бандини ёзиб битирдик. Учинчи банд етилиб турган эканми, ҳартугул қуйилиб келди:

Қўшоғиздай талай
отдилар ёҳу,
Олис Шарқда
куйдим ўтхоналарда…
Ёвғон ошимга ҳам
қатдилар оғу,
Юз ўлдим Сурхонда,
Фарғоналарда.

— Сурхонда дейсизми ёки Хоразмда тузукмикан? — сўради Миртемир ака.

— Сурхон яхшироқ, шекилли, — дедим эҳтиёткорлик билан. — Ҳар ҳолда Фарғонага оҳангдош таъкид ҳам бор…

— Тўғри, — деди у, — мен ҳам шуни ўйлаган эдим.

Миртемир ака қўлёзмасига бироз тикилиб қолди. Ке­йин яна қироат билан ўқишда давом этди:

Бир дунё яратдик —
янги, бетимсол,
Менинг елкамдайди
не оғир тошлар.
Кун сайин армонлар
барҳақ, баркамол,
Йўлда қолиб кетди
не эзгу бошлар.

Шу ерда қизиқ бўлди. Мен шеърнинг ички ритмикасига, мусиқийлигига берилиб кетиб, «езгу бошлар»ни «азиз бошлар» деб ёзиб юборибман. Миртемир ака буни сезиб қолиб, эскартирди. Мен хатоимни тузата бошладим. Бироқ Миртемир ака нималарнидир пичирлаб турди-да, «Тўхта-чи, «азиз бошлар» ҳам ёмонга ўхшамайди», деди. Унинг илтимоси билан охирги сатрни қайта ўқидим.

— «Йўлда қолиб кетди» деймизми ёки «Йўлимизда қолди» яхшими? — у менга синчков тикилди.

— Менимча, «Йўлда қолиб кетди» маъқул…

— Бўлмаса, ўқувчига маъ­қули кетаверсин…

Шеърнинг сўнгги бандига ўтдик. Миртемир ака хомаки нусхаларни шилдиратиб, варақларни ағдариб, анча ўтирди. Сал овозини чиқариб, бир-икки сатр ўқиб кўрди.

— Бу ҳамма биладиган гаплар. Поетик ифода керак, — деди ранжиб.

Шеърнинг хулосасидан кўнгли тўлмаётгани шундоққина кўриниб турарди. У бир четида шапалоқдай жой қолган варақни олдига суриброқ қўйди-да, шитоб билан ёза кетди. Анча ўтирдим. Кейин худди маъшуқасига севги изҳор қилаётган йигит ҳолатини кузатаётгандай хижолат бўлдим. Аста туриб, ташқарига чиқиб кетдим.

Қайтиб кирганимда шоир ҳамон ёзарди. Бирпасдан кейин бошини кўтарди, енгил руҳ билан:

— Мана, энди эшит-чи, — деди-ю, ўқий бошлади.

— Яхши чиқибди, — дедим ёзишга ҳозирланиб.

— Маъқулми? Ундай бўлса, ёзамиз.

Миртемир ака ўқиди, мен оққа кўчириб чиқдим. Сўнг шеърни бошидан охиригача баландроқ овозда, Миртемир аканинг қироатига тақлид қилиб ўқий бошладим. У баркамол санъаткорга хос тийраклик, таъбир жоиз бўлса, ижодий рашк билан қулоқ солди шеърига.

Шеър битди, уни тўрт буклаб чўнтакка урдим. Таҳририятнинг топшириғини бажарганимдан шод эдим. Миртемир ака мени кузатиб кўчага чиқди. Қоронғи тушиб қолган. Осмонда қорамтир-бинафша ранг булутлар кезади. Сал­қинроқ шабада эсади. Миртемир ака кўкка тикилди.

— Баҳорий булутлар… Кўклам яқинлаб қолди.

Бекатда у яна шеърдан шикоят қилди:

— Қиёмига етмайроқ қолди. Асқадга айт, яхшилаб тузатсин, албатта, тузатсин…

Бу гап менга нашъа қилди. Каминангиз ҳам баъзан у-бу нарса машқ қилиб юрардим. Яширишнинг ҳожати йўқ, кўпинча қўлёзмаларимизнинг сиёҳи қуримасдан уни тезроқ чоп эттиришга, шов-шув кўтаришга уринардик. Балки бизда ҳам Миртемир акадаги бардош ва инсофнинг юздан бири, борингки, ўндан бири бўлган-да, эҳтимол, асарларимизнинг умри бойчечак умри янглиғ қисқа бўлмасмиди?..

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).