Дилбар Қамбарова. Ўрта Осиё А.С.Пушкин наздида

http://n.ziyouz.com/images/pushkin1.jpg

XIX аср рус адабиётининг буюк шоири Пушкин шарқшуносликка, шарқ адабиётига оид асарларни ўқиб ўргангани, улардан таъсирланиб асарлар ёзгани бизга маълум. Бу асарлар шоир турли илмий ва адабий манбалар орқали Ўрта Осиё ҳақида маълум бир тасаввурга эга бўлган деган хулосага олиб келади. Ўрта Осиё халқлари ҳақидаги маълумотлар шоир ижодининг дастлабки даврларидаёқ учрайди.

Мана шоирнинг 1819 йил июль ойида ёзилган “Орловга” шеъри (у биринчи марта “Северная звезда” альманахида 1829 йилда эълон қилинган).

Пушкин бу шеърда:

“В бухарской шапке и в халате
Я буду петь моих богов”

деб ёзади. Демак, шоирга 20 ёшидаёқ Бухоро, бухороликлар, уларнинг ки-йиниш тарзи маълум бўлган ва у ўзини бухороликлар либосида тасаввур қила олган. Пушкин бу даврда бухороликлар деганда Ўрта осиёлик савдогарларни тушунган, улар олиб келган савдо моллари орқали уларнинг кийиниш тарзини тасаввур қилган деб тахмин қилиш мумкин. Пушкиннинг бухороликлар ҳақидаги тасаввури тобора мукаммаллашиб борган. Шоир “Евгений Онегин” (асар устида 1823-1830 йилларда иш олиб борган) да ҳам бухороликларни эслатиб ўтади. Пушкин достонда Петербург манзарасини чизар экан “Бухороликларнинг кўк полизлари” деган иборани ишлатади. “Орловга” шеърида бухороликлар савдогар сифатида кўринган бўлса, “Евгений Онегин”да бободеҳқон қиёфасида намоён бўладилар.

Пушкин бухороликлар ҳақида тасаввургагина эга бўлиб қолмай, уларни ўз кўзи билан кўрган. Қайсидир бахтиёр бухоролик – тужжор ватандошимиз буюк шоир билан юзма-юз гаплашгани сезилиб турибди.

Пушкиннинг 1830 йил 12-13 майларига мансуб ўз ҳаётига боғлиқ қораламаларида мана шу бухоролик савдогар тилга олинади. Маълумки, шоир 1830 йил 6 майда Наталья Николаевна Гончарова билан унаштирилади.

“Тақдирим ҳал бўлди, уйланаяпман” деб бошланадиган юқоридаги қораламада: “Барча менинг бахтимдан мамнун, барча мени муборакбод қилмоқда, барча менга меҳр билан қарайди. Ҳамма менга ўз хизмати билан илтифот кўрсатиш истагида: биров уйини таклиф қилмоқда, биров қарз бериб турмоқчи, биров шоҳи рўмоллар, биров бухоролик танишини олиб келган”, – деб ёзади. Петербургдай марказда кимнидир бошқани эмас, айнан бухоролик савдогарни олиб келиб, Пушкинга илтифот кўрсатмоқчи бўлишган экан, бу ҳол бухороликларнинг мавқеи қанчалик юқори бўлганини кўрсатади, албатта. Бухороликлар фақат Петербургда эмас, Россиянинг бошқа шаҳарларида ҳам шундай обрўга эга эдилар.

Россия билан Ўрта Осиё ўртасидаги алоқаларнинг асосий маркази бўлган Тобольск, Оренбургда ҳам бухороликлар ниҳоятда фаол бўлишган.

Абдулғози Боҳодирхоннинг “Шажараи турк” асарини немис тилига таржима қилган Ф.И.Страленберг ҳам бу асарни Тобольскда Бухоро савдогарларидан сотиб олган.

А.С.Пушкин асарлари саҳифаларида Бухоро савдогарлари қайта-қайта учраб туради. “Пугачёв тарихи” асарида Оренбург йўлларида биз яна бухороликлар билан дуч келамиз. Мазкур асарнинг учинчи бобида Пушкин Пугачёвнинг бошқирд оқсоқолларига бухороликлардан тортиб олинган туялар ва савдо молларини тақдим қилганлиги ҳақида хабар беради.

А.С.Пушкиннинг бу маълумоти асосида реал тарихий факт ётади. Чунончи, 1773 йили Оренбург Пугачёв томонидан қамал қилинганда талон-тарож бўлган Бухоро савдо карвони бухоролик элчи орқали граф Н.П.Панинга шикоят қилган. Пушкин Пугачёв томонидан таланган бухоролик савдогарлар ҳақида анча батафсил маълумотга эга бўлган кўринади. У ўзининг “Капитан қизи” қиссасида Пугачёвнинг “Олтин саройи”ни таърифлайди. Бу сарой аслида казак Константин Ситниковнинг уйи бўлган. Пушкин 1833 йил “Пугачёв тарихи”га материаллар тўплаш мақсадида Оренбургда бўлган вақтида унинг ўғли Карп Ситников билан учрашиб, Пугачёв ҳақида маълумотлар олган. Карп Ситников Пушкинга Пугачёвнинг олтин деворли қароргоҳи ҳақида сўзлаб берган. Пушкин “мана шу маълумотлардан “Капитан қизи” қиссасида самарали фойдаланади.”

Пушкиншунос Р.В.Овчинников юқоридаги қароргоҳни пугачевчилар саройи деб аташган, дейди. Аслида бутун анжомлари ниҳоятда оддий бўлган бу уйнинг деворлари зарҳал қоғоз билан қопланган, холос. Пугачёв қароргоҳи юпқа зарҳал қоғоз билан қоплангани ва халқ орасида “олтин сарой” номи билан шуҳрат қозонганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, Р.В.Овчинников зарҳал қоғозлар қаердан пайдо бўлганлигини ҳам аниқлашга муваффақ бўлган. Олимнинг архив материаллари асосида баён қилишича, 1778 йил октябрининг охирларида Орск қалъаси ёнида пугачевчилар бухоролик савдо карвонини тўсиб уни Бердагача ҳайдаб боришган. Босиб олинган моллар ичида 20 қути Бухоронинг зарҳал қоғозлари бўлган. Шундан уч қутисини Пугачёв ўз қароргоҳини безаш учун ишлатган ва қолганини 2300 сўмга Муса Улеев деган татар савдогарига сотган.

Демак, А.С.Пушкин “Капитан қизи”да Пугачёвнинг зарҳал қоғоз ёпиштирилган қароргоҳи ҳақида фикр юритар экан, Бухоро савдо карвони билан боғлиқ реал тарихий фактга асосланган.

Пушкинга Оренбургда фақат бухороликлар эмас, умуман Ўрта Осиё халқлари жуда катта савдо ишларини олиб боришлари ҳам маълум бўлган. У “Пугачёв тарихи”га шарҳлар ёзар экан, Оренбургдаги савдо саройига П.И.Ричковнинг “Оренбург топографияси” асаридан келтирилган парчалар орқали изоҳ беради. Бу парча П.И.Ричков савдо саройини ҳар томонлама таърифлаб берган эди. Ричковнинг ёзишича, бу савдо саройида махсус ажратилган доимий жойга эга бўлиб, 98 та дўкон ва 8 та омборни эгаллаган осиёликлар эрта баҳордан то кеч кузгача савдо ишлари билан машғул бўлганлар.

А.С.Пушкиннинг Бухоро ва бухороликлар ҳақидаги фикрлари унинг “Пётр тарихи” асарида ҳам ўз ифодасини топган.

Биз А.С.Пушкин ижодини, айниқса, тарихий асарларини кузатсак, у Ўрта Осиё тарихи ҳақида ёзилган асарлар ҳамда баъзи тарихий шахслар ҳаёти билан таниш бўлган, деган хулосага келамиз.

Пушкин Амир Темурнинг ғолибона жанглари ва Россияга юриши ҳақида маълумот беради. Шоир жаҳонгирнинг ҳаёти ва ҳарбий юришлари тарихини шунчалик чуқур ўрганганки, “Пугачёв тарихи”да Амир Темурнинг Россияга юриши ҳақидаги афсоналари хронологик чалкашликларга эга эканлигини кўрсатиб ўтади. Пушкин ижодини синчиклаб кузатиб, у ўз даврида Амир Темур ҳақида Европа Россияда маълум бўлган манбаларнинг барчасидан хабардор бўлган деган хулосага келамиз. Энг аввало, Пушкин Амир Темур ҳақидаги халқ афсоналари билан таниш бўлган. У афсоналардаги баъзи жиддий хатоларни тўғрилаб, “Пугачёв тарихи” асарида фойдаланган. Пушкин Амир Темур ҳақидаги маълумотларни аниқлаштириш учун халқ афсоналарини Н.М.Карамзиннинг “Россия давлати тарихи” асари билан қиёслайди ва унинг Амир Темур Россияга 1395 йилда юриш бошлаганлиги ҳақидаги маълумотларига асосланади. Шунингдек, Пушкин Урал казакларининг Дон казакларидан келиб чиққанлиги ҳақидаги афсона (бу афсонани Пушкин Уральск ва Гурьевда ўзи эшитган эди – Д.К.) нотўғрилиги ҳақида фикр юритар экан: “Темурланг даврида Дон казаклари ҳали мавжуд бўлмаган ва тарихда биз улар ҳақидаги маълумотларни XVI асргача учратмаймиз. Улар Азов казаклари билан битта халқ бўлган деган фикрга қўшилган тақдирда ҳам, жаноб Карамзиннинг ёзишича, улар ҳақидаги биринчи маълумот солномаларда дастлаб 1489 йил, яъни Темурланг юришидан юз йил кейин эслатиб ўтилади”, – деб ёзади.

Амир Темур, умуман, ўзбек хал-қи тарихига оид маълумотлар Н.М.Карамзиннинг “Россия давлати тарихи” асарида жуда батафсил берилган.А.С. Пушкиннинг Ўрта Осиё ҳақида билим олиши учун асосий манбалардан бири бўлган бу асар фактик материалларга бойлиги, тарихий аниқлиги ва илмий теранлиги билан ажралиб туради. Бу хусусиятлар унинг Амир Темур тарихини баён этувчи билимларига ҳам хосдир. Амир Темур ҳақида фикр юритар экан: “Чиғатой” мўғуллари империясидаги ночоргина бекнинг ўғли бўлатуриб, 35 ёшида Чиғатой давлатининг якка ҳукмдори ва соҳибқирон ёки жаҳонгир бўлиб шуҳрат қозонди… дунёнинг учдан бир қисмидаги 26 давлатнинг ҳукмдорига айланди”, – деб ёзади Н.М.Карамзин.

Н.М.Карамзин Амир Темурнинг Россияга юриши ҳақида ҳикоя қилар экан, тўсатдан орқага қайтиб кетганлиги ҳақида шундай фикр юритади: “Темурланг ўз юришини кузнинг ёғингарчилик кунларида давом эттиришни истамади. Шунингдек, Россия Миср ва Сурия сингари ҳашаматли бўлиб кўринмади”. Жаҳонгир ўз режасини нима сабабдан ўзгартирганлигини изоҳловчи бу фикр мантиқий асосга эга. Н.М.Карамзин Амир Темурни “соҳиб карам”, “жаҳонгир”деб атайди. “Соҳиб карам” сўзи айнан ишлатилган ва Амир Темур ҳақидаги маълумотлар Шарқ тарихчилари асарларидан олинганини аниқ кўрсатиб ўтади. Ёзувчи ўз асарига ёзган шарҳларида бу манбани ҳам кўрсатиб ўтган. Н.М.Карамзиннинг Амир Темур ҳақидаги ҳикоялари Эрбелотнинг Шарқий кутубхонасидаги: “Темур тарихи” бўлиб, бу асар Пети Дела Круа томонидан француз тилига таржима қилинган Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си эди.

Н.М.Карамзин асари орқали А.С. Пушкин фақатгина Амир Темур эмас, темурийлар сулоласи ва унинг йирик намояндаларидан бири бўлган Бобур тақдири ҳақидаги маълумотлар билан ҳам танишган дейиш мумкин. Чунки Пушкин Н.М.Карамзиннинг мазкур асарини жуда диққат билан ўрганган. Карамзин ҳақидаги хотираларида Пушкин “Рус тарихининг дастлабки саккиз томи пайдо бўлди, мен уларни чаққонлик ва диққат билан тўшакдаёқ (чунки Пушкин бу пайтда бетоб эди – Д.К.) ўқиб чиқдим”, – деб ёзади.

Н.М.Карамзин асарида Ўрта Осиё халқлари тарихига оид маълумотлар ниҳоятда кўп, улар аниқ ва батафсил шарҳланган. А.С.Пушкин эса буларнинг барчасини чуқур ўрганиб чиққан эди. Ҳамма тарихчилар ҳам Пушкиннинг бунчалик ишончига сазовор бўлишмаган. Масалан, Пушкин Абдулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари шарҳловчиси илгари сурган Урал казаклари қадимий қипчоқ уруғларидан келиб чиққан деган маълумотларни шубҳа остига олади. Н.М.Карамзин асарига эса эътиқод билан қарайди ва ўз фикрларини асослаш учун “Россия давлати тарихи”га қайта-қайта марожаат қилади.

Шунингдек, Пушкин одессалик олим, адабиётчи, давлат арбоби А.И.Левшиннинг асарларини ҳам диққат билан ўрганган. А.И.Левшин асарлари эса Ўрта Осиё халқларининг тарихи, географияси, этнографияси ва маданиятига оид, маъдумотлар қомуси ҳисобланарди.

А.С.Пушкиннинг шахсий кутубхонасида А.И.Левшин ёзган “Қирғиз-қозоқ ёки қирғиз-қайсак ўрда ва чўлларининг тавсифи” номли уч жилддан иборат салмоқли асар сақланади. Мазкур асар 1832 йилда нашр этилган. Пушкин бу асарни диққат билан ўрганган. У “Пугачёв тарихи”да жуда кўп марталаб Левшин асарига мурожаат қилади, тарихий фактларни изоҳлашда унга асосланади.

Қозоқ халқи тарихи, географияси ва этнографиясини ёритишга бағишланган мазкур асарда, ўзбек халқининг тарихи, келиб чиқиши, ўзбек хонлари ҳукмронлик қилган вилоятлар ҳақида ҳам маълумотлар берилади. “Жўжи ва Чиғатой ҳукмронлигининг заифланиши ва емирилиши натижасида Чингизхон ўғилларига ва авлодларига мансуб қабилалар ўртасида ўзаро урушлар авж олди. Хоразм ва Мовароуннаҳрни эгаллаган ўзбеклар ҳукмронлиги ҳаммадан кўра мустаҳкамроқ бўлиб олди”.

Шунингдек, А.И.Левшин Бобурнинг қозоқ хонларидан Арслон билан қариндош эканлиги, унинг ниҳоятда қудратли ҳукмдор бўлганлигидан шахсан хабардорлиги ва бу ҳақда ўз асарида ёзганлиги ҳақида ҳикоя қилади.

Агар Пушкин Левшиннинг мазкур асарини диққат билан ўрганганлигини, “Пугачёв тарихи”да асосий манба сифатида фойдаланганини эътиборга олсак, улуғ шоир Бобурни Буюк империя асосчиси сифатидагина эмас, “Бобурнома” муаллифи – забардаст ёзувчи сифатида ҳам билганлиги маълум бўлади.

А.С.Пушкиннинг Ўрта Осиё, ўзбек халқи тарихи, Амир Темур, Бобур сингари тарихий шахслар ҳақидаги билимларни “Пётр тарихи” асари устида ишлаётган пайтда янада кенгайган.

Пушкин Пётр даврини ёритувчи архив материаллари, солномалар, тарихий асарларни ўрганар экан, Ўрта Осиё, хусусан, ўзбек халқи тарихига, Ўрта Осиёнинг Россия билан алоқаларига оид фактларга дуч келади. Чунки бу даврда Россиянинг Ўрта Осиё билан муносабатларини ривожлантириш Пётрнинг халқаро сиёсатдаги асосий мақсадларидан бири бўлган. Пётр Ўрта Осиёга катта қизиқиш билан қараган. Уни Бухорода, Амударё қирғоқларида олтин қум борлиги тўғрисидаги тахминлар, айниқса, қизиқтирган. Шунинг учун у бизнинг юртимизни ўрганишга интилган, турли экспедициялар уюштирган.

Пушкин “Пётр тарихи”да бу факт-ни қайд этиб ўтади. “Сибирь губернатори князь Гагарин кичик Бухариядаги қалмиқ вилоятига қарашли Эркети шаҳри яқинида олтин қум борлиги ҳақида хабар қилди. Пётр бу ҳақда шу пайтда Петербургда бўлган Хива элчисидан сўради. У мазкур маълумотни тасдиқлади ва Катта Бухарияда Амударё қирғоқларида ҳам худди шундай олтин қум борлигини айтди.

Бу ўша ўлкаларни ўрганишга баҳона бўлди, кейинчалик эса Ҳиндистон билан савдо алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги фикрни туғдирди”.

Шундан сўнг Пётр Хивага экспедиция юборган. Унинг бу экспедициясидан мақсади бир томондан олтин қум топиш бўлса, иккинчи томондан Ўрта Осиё орқали Ҳиндистонга сув йўли очиш эди. Пушкин бу воқеаларнинг барчасини йилма-йил баён қилади. У 1716 йил воқеаларини ҳикоя қилар экан, “Либавага Петр ёнига черкас князи Бекович келди. У 1714 йил Астрахань ва Каспий денгизига Амударё қирғоқларидаги олтин қумни аниқлаш учун юборилган эди. Петр гвардия капитани Бековични Хивага йўллади ва унинг ёнига поручик Кожинни қўшди”, – деб ёзади.

Биз Пушкиннинг тарихий асарларини кузатар эканмиз, унинг сиёсий ва тарихий воқеаларни, Пётр фаолиятини етук тарихчи сифатида баён этганлигини кўрамиз. Пушкин Пётрнинг фаолияти тарихини ўрганар экан, ўз асарида Пётрнинг ҳаёти ва фаолиятига оид барча ҳодисаларни эмас, унинг сиёсий қарашларини, иқтисодий ва маданий қизиқишларини ўзида ифода этувчи энг муҳим фактларни баён этишга ҳаракат қилади. Пётрнинг Ўрта Осиёга қизиқишлари, бу ўлкани ўрганиш тараддудида бўлганлигини ифода этувчи фактлар Пушкиннинг диққат-эътиборида бўлган. Ўрта Осиёга қизиқиш ва уни ўрганишга бўлган тараддуд Пётр фаолиятида муҳим ўрин тутади деб ҳисоблагани учун ҳам Пушкин уларнинг бирортасини эътибордан четда қолдирмасликка интилган.

Пушкин Пётр ҳаётидаги 1716 йилга доир воқеаларни ҳикоя қила туриб, унинг Петербургда бўлган Бухоро элчисини то ўзи етиб келмагунча ушлаб туриш ҳақидаги буйруғини алоҳида таъкидлайди.

Шунингдек, Пушкин Бековичнинг Хива экспедициясини бутун тафсилотлари билан баён қилади. Бековичнинг қайси йўл билан Хивага етиб борганлиги, экспедиция таркиби, Бекович томонидан Хива хонига элчилар юборилганлиги, уларнинг бедарак йўқолиши Пушкин томонидан батафсил тасвирланган. Бекович экспедициянинг йўл саргузаштлари тасвиридан сўнг Пушкин унинг Хивага кириб борганлиги ва ундан кейинги воқеалар ҳақида батафсил ҳикоя қилади.

Бу ҳикоялар Пушкиннинг ўзбек халқи тарихига оид фактлардан қанчалик хабардор эканлигини кўрсатади: шунинг учун биз бу ҳикояни батафсил келтиришни лозим топдик. “Бекович Хивага етиб борди. Уни Хива хони Шерғози бошчилигида 24.000 аскардан иборат қўшин қуршаб олди. Уларнинг муваффақиятсиз ҳужумлари уч кун давом этди. Бекович илгарилаб бораверди. Хива аҳолиси шаҳарни ташлаб кета бошлади. Шу пайтда Бековичга хотини (Борис Алексеевичнинг қизи княжна Голицина) икки фарзанди билан Волгада чўкиб кетганлиги ҳақида хабар етиб келди. У умидсизликка тушиб, эс-ҳушини йўқотиб қўйди. Шерғози эса ҳийла ишлата бошлади. У Бековични музокара учун ўз олдига чақириб олишга муваффақ бўлди.

Асир тушган Бековичнинг фармонларига Франкенберг ҳам алданиб қолди. Россияликларнинг барчаси тутиб қатл қилинди. Бекович ва Франкенберг ҳам ҳалок бўлдилар. Хива хони эса ўзимни ҳам, сизларни ҳам шундай хавфли душмандан халос қилдим деган мақтанчоқлик билан бечора Бековичнинг калласини Бухоро хонига юборди. Бухоро хони эса Пётрга хушомад қилиб, Шерғозини қаҳр-ғазаб билан “одамхўр” деб атади. Пётр Бухоро хони орқали ўз ишларини давом эттиришни ўйлаб, унинг ҳузурига чет элликлар коллегиясининг секретари Флорио Беневинни юборди”.

Пушкин асаридан келтирилган бу парчалар Хива тарихининг айрим саҳифаларини ёритади. Лекин Пушкин Хива тўғрисида ўз асарида келтирган фактлардан кўра кўпроқ маълумотларни билган.

Чунки Пушкинга П.Ричковнинг “Оренбург топографияси” асари яхши маълум эди. Пушкин бу асардан “Пугачёв тарихи”ни ёзаётган пайтда фойдаланган ва биргаликда нашр эттирган “Оренбург топографияси”да “Хива хиваликлар ҳақида” деган махсус боб бор. Бу бобда П.Ричков Хиванинг географик, этнографик ва тарихий тасвирини беради. Мазкур асарнинг Пушкин шахсий кутубхонасида сақланаётган нусхасидаги 73-78-саҳифалар шоир томонидан белгилаб қўйилганлигини кўрамиз. Бу саҳифаларда эса Нечай ва Шамайнинг Хива юришлари ҳикоя қилинади. Пушкин бу ҳикояни “Пугачёв тарихи” учун ёзган шарҳларида тўлиқ келтиради.

Хива тарихидан ташқари Пушкин Бухоро ва Самарқанд ҳақида ҳам бир қанча маълумотларга эга бўлган. У Пётр 1723 йилда бажарган ишлар тўғрисида фикр юритганда унинг Ўрта Осиё, жумладан, Бухоро ва Самарқанд билан савдо алоқаларини ривожлантириш тўғрисидаги режаларини қайд қилади. Пётр Бухоро, Самарқанд, Ҳиндистон билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун Астрободда пристан қуришни ўйлаган. Пушкин Пётрнинг мана шу тадбирларини алоҳида таъкидлаб ўтади.

Пётр даврида Бухоро ва Самарқанд Россияда маълум ва машҳур бўлган. Бу шаҳарлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатилган, савдо алоқалари ривожланган. XIX асрга келиб Бухоро ва Самарқанд Россиядаги шуҳрати яна ҳам ошган. Пушкиннинг замондоши Н.М.Карамзин ўз асарида бу шаҳарларни тараққий қилган, маданият ўчоғи сифатида таърифлайди.

Юқоридаги фикрлар асосида биз Пушкиннинг Ўрта Осиёга қизиқиши, уни таниши ва ўрганиши эволюциясини кузатишимиз мумкин.

А.С.Пушкин Ўрта Осиё тарихи ҳақида Ўрта Осиёга мансуб тарихий шахслар ва ёзувчилар (Амир Темур, Бобур, Шарафиддин Али Яздий, Абулғози Баҳодирхон) ҳақида маълумот берувчи Н.М.Карамзиннинг “Россия давлати тарихи” асарини 1818 йил февралида ўқиган. Демак, Пушкин 19 ёшидаёқ Ўрта Осиё тўғрисида маълум тасаввурга эга бўлган, бу диёрга қизиқиш билан қараган. Унинг шарқ мавзусидаги достонлари бу қизиқишни аниқ кўрсатади. У 1820-1821 йиллар мобайнида ёзган “Кавказ асири” достони:

Хаёл дўсти – муза тинмайин
Осиёга отарди қулоч,
Кавказнинг ёввойи чечагин
Узар эди этгали гултож, –

деб ёзади.

1824 йилда Пушкин А.И.Левшин билан яқин муносабатда бўлади. Бу даврда Левшин Ўрта Осиё халқлари ҳаётига оид материаллар устида ишлаётган эди. Шоир ва олим ўртасидаги суҳбатларда ижодий режалар муҳокама қилиниши табиий. Левшин билан суҳбатлар ва унинг “Қирғиз-қайсак ўрда ва чўллари тавсифи” асари билан танишув Пушкиннинг Ўрта Осиё ҳақидаги билимларини яна ҳам кенгайтирди. У Фирдавсий, Улуғбек, Бобур ва унинг буюк империяга асос солганлиги, “Бобурнома” мемуар асари муаллифи эканлиги ҳамда бобурийлар сулоласининг тарихий тақдири тўғрисидаги маълумотларга эга бўлди.

Шоир 30-йилларнинг бошида “Пугачёв тарихи” асарини яратиш муносабати билан П.Ричковнинг Ўрта Осиё ҳақида мукаммал маълумот берувчи “Оренбург топографияси” асарини ўрганди. Бу асар Ўрта Осиё халқларининг тарихи, географияси, этнографиясига оид қимматли маълумотларга бой эди. Пушкин бу маълумотларни чуқур илмий ўзлаштирганлиги тарихий асарларида ўз ифодасини топди.

Дилбар Қамбарова,

филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 6-сон.