Кўз ёшимда ювсам юртнинг шонини,
Тилим билан сўрсам оққан қонини…
Қонли кунлар тушди менинг бошимга.
Абдулҳамид Чўлпон.
Алишер Навоий вафотидан сўнг дунё 500 йилга қариди. Абдулҳамид Чўлпон юзга кирди. Дунё юз ёшга яшарди. Бутун Турк Дунёси ўзининг буюк шоирини шарафламоқда. Унинг сиймосида биз ”Ҳақ йўли, албатта бир ўтилгусини”, шоирга ўлим йўқ эканини, Шеърият Ҳуқуқи ғалабасининг гувоҳи бўлдик.
Сўзимиз кўча-кўйнинг мижғов лофларидан, хоним-ойимчаларнинг инжиқликларидан, идорабозларнинг машъум ўйинларидан, жоҳиллигидан, қўрқоқлигидан, жоҳил кимсаларнинг мудҳиш қилиқларидан, шубҳасиз устун турган Шеърият борасида, Шеърият Ҳуқуқи ва Абдулҳамид Чўлпоннинг оламшумул Улуғ Шоир экани хусусидадир.
Абдулҳамид Чўлпон шеърияти бутун ХХ аср қадриятларини ўзида мужассам қилди. Уни оламшумул мақомга олиб чиққан омил — шоирнинг чексиз эҳтиросли гуманизмидир. Бу дунёдаги Инсоннинг ҳасратлари, қувончлари Шоир ижодининг ўқ томирига айланди.
Турк Дунёсининг бирлиги, Улуғ Туркистон қайғуси, Инсонга муҳаббат, жавонмардлик, саховат Абдулҳамид Чўлпон шеъриятининг асос белгиларидир.
Бу фазилатларни ичкин илоҳий самимиятсиз ифода қилиб бўлмайди. Абдулҳамид Чўлпон самимияти — Дунё Инсонига бўлган меҳри, садоқатида ёрқин намоён бўлди.
Инсон ва Табиатнинг уйғунликдаги инъикоси Абдулҳамид Чўлпон ижодининг шуурли нуқталаридир. Шоир жуда узун шонли-саодатли, қонли-машаққатли йўлни босиб ўтди. Фақат ХХ аср одаминигина эмас, унинг ҳофизасидан, кўз ўнгидан минг йиллар важоҳати, талотумлари билан ҳайқириб кечдилар. Энди шоир бўлгуси замонларга қадам қўйди.
Шеърият Аллоҳ одамни ер учун яратгани каби қадимийдир. Ёруғ дунёга келган инсон бор экан, инсон бўлиб туғилган экан — Инсон ҳақлари, инсон ҳуқуқи бордир. Инсон Ҳуқуқи — Шеърият ҳуқуқи. Инсон ва Табиат уйғунлиги абадий, табиат тартиботи ўзгармас, аммо инсон табиати ўзгарувчандир. Мувозанат бузилган жойда жаҳолатнинг қора қуёши ёниб фикр оламини зулматга чулғайди, қонга булғайди. Муборак уйғунлик йўлида жафо чекканларнинг карвонбошилари шоирлардир, эҳтимол. Шеърият чексизликдир — аммо, шеъриятнинг осмонига боқиб чексизликнинг ҳам чеки бор, деб ўйлайсиз.
Шеърият инсоннинг илкин нафасидир, поёнсиз нафаснинг моддийликка айланишидир, балки.
Миср,Бобил, Хитой,Ҳиндистон, Рум, Эрон, Оврупо, Америка сингари Турон-Туркистон-Турк Дунёси жаҳон илму фани, маданияти, адабиёти ва санъати хазинасига ўзининг муносиб меросини берди ва беражакдир. Улуғ шоир Абдулҳамид Чўлпон ўзбек руҳини куйлади. Зеро Ўзбек Руҳи ўлмасдир. Ўзбек Руҳи абадийдир. Ўзбек Руҳи — бутун Турк Дунёсининг меросидир.
Ўзбек миллати бу олтин мероснинг эгаси, бу мерос бутун жаҳон учун, бутун инсоният учун Аллоҳ инояти ила гўзал армуғондир. Ўзбек миллати — жаҳон сивилизасиясини бир поғона баланд кўтарган буюк миллатдир. Ўзбек бўлиб туғилган, ўзбек деган номни муқаддас билиб тану руҳида асраган инсон нақадар бахтли инсондир.
Бу шарафли туйғулар Абдулҳамид Чўлпон ижодиётида порлоқ ифодасини топди.
Абдулҳамид Чўлпонни титратган, қақшатган зулм эди. Зулм — ўзбекнинг энг сара гулларини юлиб отди. Ҳамзани ўлдириб, бу ўлим баҳонасида, биринчи ўзбек совет шоирининг қотиллари деб минглаб бегуноҳ мусулмонларни қириб ташлади, бутун давлатчилик иқтидорларини ишлатиб қўлга киритган Туркистон автоном жумҳуриятини ер билан яксон қилди, бу янги ўзбек ҳукуматининг аъзоларини қиличдан ўтказди. Масалан, 1917 йилдан 1947 йилгача фақат Русиянинг ўзида сталинизм қурбонларининг сони 67 миллион 533 мингга етди. Зулм — шоир юрагида қандай кечагани ёлғиз Аллоҳга аён.
Зулм — башариятнинг муқаддас бешикларидан бўлмиш улуғ Туркистонга бостириб кирди. Милён-милён гуноҳсиз инсонларимизнинг пок қонларини тўкди, илоҳий масжидларимизга кўппакларини боғлади, мезаналарига қўнғироқлар осди, боғларимизга «итларга ва сартларга кириш манъ этилади», деб ёзиб қўйди, жаҳоннинг кўрки бўлган обидаларга бомба ёғдирди, бир кечада минглаб ўзбекларни, эру хотин, болаларни, ҳомиладор аёлларнинг қорнидаги гўдаккача жаҳолат пичоғи билан сўйди, неки ҳалол бўлса борини харом қилди, нажосатга тўлдирди.
Бу аҳлоқсиз, маданиятсиз оломон, шайтанат бандалари менинг улуғ халқимни — ўзбек туркларини ҳар хил лақаблар, тамғалар, ёрлиқлар ёпиштириб келди. Лекин ўзбек туркларининг илоҳий Руҳини, қутлуғ тилини суғуриб ололмади. Шоирнинг ичидан нелар кечди экан, у қаро кунлар.
Зулм — бир миллатни (бошқа) бир миллат билан хундор душман қилишга эришди. Зулм учун инсон-инсонга дўст-биродар эмас, ўч олишга доим шай турган жаллод бўлиши керак эди. Эришди. Шоир солномачи эмас, у юзлаб бадиий қиёфалар яратолди.
Она-сайёрамиз шеърият каби поёнсиз. Инсониятнинг дарду қувончи Абдулҳамид Чўлпоннинг дарду қувончи бўлди. Шоир ўз Ватанига фарзанди ўлароқ ўз халқининг инон-ишончи, шодлиги, уқубатларини ўзида, сўзида ифода қилди, дунёвий аламкашлик уни жаҳон фуқаросига айлантирди.
Ўзбек маънавият осмонида бир Чўлпон юлдузи порлади, тобора ўзига жалб этди ва унинг овози бутун бир халқнинг ҳайқирган овози эди.
Абдулҳамид Чўлпон зулмга қарши, сталинизмга қарши, манқуртликка қарши озодлик учун, Шеърият Ҳуқуқи учун курашаётганларнинг сардорларидан биридир. Халқ шундай шоирини кўп замонлардан буён кутган эди. У келди ва кураш майдонига чиқди. Ҳақ ва Ҳақиқат йўлида қурбон бўлди. Бу ёруғ дунёда у ёлғиз эмас эди, унинг тенгдошлари, маслакдошлари, ўликдошлари жуда кўп эди, бу эски шайтанатда. Улар — юзлаб шоирлар милён-милён халқларнинг фарёдига айланган зулмга қарши — Инсон Ҳақлари учун Шеърият Ҳуқуқи учун ўртага чиққан Муқаддас Шеърият лашкари эди.
Абдулҳамид Чўлпон ёлғиз эмас эди. У улуғ жаҳон шоирларининг меҳр қароғида эди.
Абдулҳамид Чўлпон ХХ аср жаҳон шеърияти саройига мана шундай кириб келди ва бу салтанатда муносиб ўрнига ноил бўлди.
Абдулҳамид Чўлпон – ўзбек фарзанди, Турк Дунёсининг сўнмас юлдузи, улуғ жаҳоншумул шоирдир.
18.07.2001.