Элчин Ҳусейнбейли. Ўтиш даврининг товуғи (ҳикоя)

Мен ўтиш даврининг одамиман. Бу давр­нинг ҳамма қоидаларига амал этаман. Электр ҳақининг ҳам тўртдан бирини тўлайман, шунинг учдан бирини ҳисоблагичдан ўчириб ташлайман. Албатта, инсоф билан. Эшикка келган “электрчилар”нинг ҳам бола-чақаси бор. Давлатга қийин бўлмасин дейман. Тўғри, ўтиш даврига оид вазифаларим бу билан битмайди.
Ўтиш даврининг одами сифатида эшик қоққан одамнинг кимлигини билиш учун туйнукдан мў­ралайман. Чунки ўтиш даврининг одами уйига келган одамнинг кимлигини билиши керак. Сув, канализация, газ пулини йиғиб юрадиганларнинг ҳаммасини танийман. Ҳар гал битта баҳона билан уларни орқага қайтараман. “Уйнинг эгаси уйда йўқ”.
Эшик одамлар учун аксилробита, эҳтимолки, робита воситаси ҳамдир. Яхшиям эшик бор экан. Бўлмаса, лўлиларга ўхшаб пул йиғиб юр­ган одамлар кўз очиргани қўйишмасди. Улар эшик ортида туриб, ўтиш даврининг талабларига му­во­фиқ менга “ишонадилар”.
Яъни, ишонишга мажбурдирлар. Ўтиш даври­нинг боласига нима дея олардилар? Нима, бизам қонун-қоидани билмаймизми? Уларни ҳам ўзимиз тузганмиз-ку? Ўтиш даврининг конституциясига, депутатларига… ҳаммасига ўзимиз овоз берганмиз. Фуқароларнинг сўз ва мулк эркинлигини ўзимиз қўллаб-қувватлаганмиз.
Баъзида ўтиш даврининг тушларини кўраман. Тасодифан топиб олган бир дипломат долларни сарфлашга тушаман, падарлаънати шунақа тез тугаб қоладики… Одамнинг оч-яланғоч қариндош-уруғи, хеш-ақрабоси, таниш-билиши бўлганидан кейин шу-да? Кўрган тушларимни хотинимга умуман айтмайман. Бўлмаса, пулни беҳуда харж­лаганим учун кунимни кўрсатадики, бунақа тушни кўрганим учун минг пушаймон бўламан ва бундай туш кўрмасликка минбаъд қасам ичишим мум­кин.
Пул масаласи — оғир масала. Чунки бизнинг оилада алмисоқдан бери, тўғрироғи мен ақлимни таниганимдан буён пул таъминотини тўғри ту­шунмаганлар ва пулга худди эртакдек қарашган. Шунинг учун бўлса керак, мен тушимда топиб олган пулларимни ҳам тез сарфлаб юбораман, ҳаммаси эртакка айланади. Мен эса субҳдан шом­гача, шомдан яна субҳгача (агар уйда бўлсам) хотинимга келгусида бойиб кетишим, уни пулга кўмиб ташлашим ҳақида мароқли эртаклар айтиб бераман, ишонади бечора.
Гангстерлик амалиёти, олий мартабали одамлар билан учрашувлар, сулув қизлар қуршовидаги базму жамшидлар ҳам тез-тез тушимга кириб туради. Булар ҳаммаси бир оқшомлик роҳатим маҳсулидир.
Мен бунақа тушларни кўп кўраман. Кўрмасам ўзим ташкиллаштираман. Кўпинча кўрадиган тушларим аввалдан тузилган сценарий асосида бўлади. Гоҳи-гоҳида аҳмоқона ҳикоялар ёзиб тураман. Сиз эса уларни соддалик билан ўқиб чиқасиз. Сиёсатчиларнинг дазмолланган гапла­рини ўқигандан кўра, менинг ёзганларим қизи­қарлироқ эмасми?
Баъзида мухолифатнинг пикет, митингларида шунчаки ҳуштаквозлик учун чиқиб тураман. Шунчаки эрмак-да буям. Имтиҳонлардан ўтиш учун домлаларга пора ҳам узатиб тураман.
Ана энди мақсадга кўчдик. Биламан, сиз ақлли ўқувчи сифатида (менинг ўқувчиларимнинг ҳаммаси ақлли одамлар) боядан бери тишингизни-тишингизга босиб, гапнинг индаллосига ўтишимни кутяпсиз. Тўғри топдингиз, ҳикоям пора ҳақида. Хуллас, бир муддат нафас ростлаб, янги сатрга, асосий масалага ўтсак бўлар…
Бир куни эрталаб уйқудан турдим. Гапимни таҳрир қилишга уринманг. Ўзи камдан-кам ҳол­ларда эрталаб уйғонаман. Бўлмаса куннинг истал­ган пайтида кўз очишим мумкин. Бу дафъа эрта турдим. Аниқ эсимда, сут, қатиқ, қаймоқ сотадиган холаларимиз бутун “дўм”ларни бошларига кўта­риб бақириб-чақиришарди. Биз тарафда бу опа­ларимиз ҳар қандай хўроз ёки будильникнинг вазифасини аъло даражада бажаришади. Қўлим билан оғзимни бекитиб чуқур эснадим. Одатим шунақа. Касбий денгизи устидан кўтарилаётган ҳовурга боқдим. Шаҳар кўчаларида ўтлаб юрган мол-қўйларга қарадим. Рефлектик (шунақа сўз борми ўзи луғатда?) тарзда қишлоғимизни эсладим. Маза қилиб қичқиргим келди — овозим чиқмади. Қўлимни киссамга солдим. Уйимиз тагидан ўтиб кетаётган аравакашга қарадим. Уям бир вақтлар одам эди, энди аравакаш бўлди. Шу пайт унинг ҳар доим гапириб юрадиган ва мен кўрмаган кабобхонаси эсимга тушиб, оғзим сувланди.
Яна чалғиб кетдим. Ўтиш даври-да! Мақсадга ўтиш учун аллақаерларда ўтлаб кетишга тўғри келади. Ўша куни эрталаб мени телефонда сў­рашди… Йўқ, шу ерда янглишдим. Анчадан бери пули тўланмагани учун телифонни узиб қўйишган. Демак, қўнғироқ эшикники экан. Мен яна ода­тимга уйғун ўлароқ туйнукдан мўраладим. Бу одам янги эди.
Эшик очилиши билан қўлимга бир телеграмма ушлатди… Ҳа, телеграмма экани аниқ. Чунки мен им­зо чекиш учун анча вақт қалам ахтарганим эсимда. Костюмимнинг киссаларини ағдариб таш­ладим. Хотинимнинг сумкасини ҳам титкиладим. Нима қилай, унинг қош қалами билан қўл қўйишга маж­бур бўлдим.
Эрта уйланса шунақа бўлади. Хотиннинг бор­лиги ана шундай мушкул вазиятларда қўл ке­лади. Телеграммада икки оғиз гап бор эди: “Соат учда автобусни кут”. Имзонинг кераги ҳам йўқ. Телеграммани укам жўнатган. Моддий, хотиним айтмоқчи, гуманитар ёрдамни онам юборади. Бу галги ёрдам асосан куркадан иборат бўлиши ке­рак. Шунга келишганмиз.
Ол-а, курка деганим товуқ бўлиб чиқди. Тўрва­нинг ичида кафтдек бир қоғоз ҳам бор эди. Жия­нимнинг дафтаридан йиртиб олишган бўлса керак. “Айланай болам, курка тополмадим, кучим шунга етди… Менга қайтишда копток ола келинг”. Охирги гапни жияним ёзган. Ажи-бужи ёзувини танийман.
Товуқ ҳам товуқ экан-да! Патлари ҳурпайиб, ранги-қути учиб, тумшуғи худди йиғлашга мойил боланинг лаб-лунжидек бир ёнга осилиб турибди. Худди қизил қалам билан чизилган, ёмғирнинг тагида икки кун тургач, офтобда қуритилган су­ратга ўхшайди-ей!
Автобус билан уйга қайтаётганимда товуқ қўқ­қисдан тўрвадан учиб чиқди-да, ўзини гаплашиб кетаётган икки қизнинг оёқлари орасига урди. “Бу кимнинг хўрози?” дейишди… Йўқ, товуқ де­мадилар. Хўроз-да! Гарчи ноўрин бўлса-да, бу англашилмовчилик менга ёқиб тушди. Қаддимни ғоз тутиб, ғурур билан “меники”, деб қўйдим. Юзимдаги табассум уйга кетгунча сўнмади.
Товуқни кўриши билан хотинимнинг лаби чўч­чайди: “Бу қанақа товуқ ўзи? Пуф деса ўлади-ку, еб бўлармиди буни?!”
“Ишинг бўлмасин, – дедим, – ҳалиям сен егин деб олиб келганим йўқ. Ейдиган одамнинг ҳам шўри бор экан. Ўтиш даврининг товуғи шунақа бўлади, дедим энсам қотиб”.
Ҳаммаси ўша болаларни деб бўлди. Уларга мен пора беролмайман, деб айтдим-ку, бўлмаса? Ўзи бу курка… йўғ-э, товуқ тарих ўқитувчимизга аталган. Икки кун илгари ётоқхонага курсдошларимдан китоб сўраб туриш учун боргандим. “Китобнинг нима кераги бор? – деди курсдошларим, – уй қура­диган одам тарихни бошига урадими?” Бошқалари ҳам бу гапни қўллаб-қувватлашди. “Ундан кўра юзта-юзта қиламиз, юр. Зачўтканинг ичига бели синмаган ўнталик қистирсанг, масала ҳал”. Мен пора беролмайман, дедим. Унда совға олиб бор, дейишди. Улар курка олиб боришни маслаҳат беришди. Шайтон йўлдан уриб, уларнинг гапига кирдим.
…Товуқнинг оёғидан каравотга боғлаб қўйдим. Тагига битта газет ҳам тўшадим. Ҳар ҳолда, меҳ­мон, бизникига ҳар куни келиб турибдими? У менга, мен унга термилиб чарчамаймиз.
Бир-бирмизга ўхшаб кетамиз. Икковимизнинг ҳам ранги-рўйимиз сўлғин. Аёлларга маза. Ҳар қандай қурум босган юзни упа-элик билан эпақага келтиришади. Шўрлик эркаклар. Биз ҳам шунақа қилсак бўлади-ю, лекин дарров “анавинақа экан” деб шубҳаланиб қолишади. Аҳа, зўр фикр келди. Товуқниям яхшилаб пардоз қилсам-чи? Одам энг яхши қарорни ўз-ўзи билан гаплашган пайтда чи­қаради.
Товуқни қариндошларимиздан ҳам қизғанган ҳаммомга олиб кирдим. Манави хотиннинг шам­пуни. Бунақа нарсани товуқнинг авлоду аждоди кўрмаган. Лекин хотин кўриб қолса борми?
Ҳозир хотин дарсда. Бўлғуси дўхтир. Манави унинг лаб бўёғи. Тумшуқларини қизартирдим. Бу бошқа гап. Кейин товуқни иситкичнинг устига қўйдим. Бечора совуқдан дир-дир титрайди. Қишда совуқ урган-да бечорани. Анави хотиннинг фени. Оҳ, зўр бўлди-да! Товуқ эмас, нақ товуснинг ўзи бўлди. Ўзим ҳам у ер-бу еримни тўғрилаб, патлари оппоқ, момиқ, бабақи, юзлари қип-қизил товуқни қўлтиққа урдим-да, домланинг уйига югурдим. Одамлар унга қараб дедилар: “Кетворган товуқ экан-да ўзиям”.
“Ўйинчоқ бўлса керак-да”. “Йўғ-е, ана тирик-ку”. Қараб-қараб шундоқ сулув… товуққа ҳайфим кеп кетди, лекин на илож? Омонатга хиёнат қилиб бўлмайди. Товуқ — домланики.
Индамайгина борарди жонивор. “Ярим кило бўлса керак” ўйладим ўзимча. Жуда енгил-да! Ҳа энди, қишлоқнинг товуғи-да! Буёғи ошпазнинг маҳоратига боғлиқ.
Эрталаб ҳаммадан олдин аудиторияга кирдим. Улар менинг юзимда қониқиш аломатини кўриб, ишим жойида эканини тушундилар ва маъноли кўз қисдилар. Мен улардан рози эдим…
Маррага ҳам етиб келдик. Домла аудиторияга кирди. Одати шунақа ўлгурнинг. Имтиҳонни ҳам­манинг кўз олдида олади. Битта-битта чақириб сўраш йўқ.
Хонанинг у ёғидан бу ёғига томон юриб, ҳам­мани бир-бир назардан кечира бошлади. Битта оркестр кам. Юришлари шунақа шахдамки… Товуқ ёқибдими, дейман. Бардамлиги шундан. Пора одамни шунақа бардам, тетик қилиб қўяди.
Аудиториянинг ўртасида туриб, кўзойнаги тагидан юзимга синчков тикилди. Ўзимда йўқ хурсандман. “Албатта, мен олиб бордим, дом­лажон!” Ичимда айтдим буни. Уйидагиларга ҳеч нарса демаган бўлсам-да, ўзи ҳаммасини тушу­нибди. Менга анча тикилиб тургач, мамнун бош ирғаб қўйди.
Шу пайт кутилмаганда (ростдан ҳам ҳеч ким кутмовди, ҳамма ғалабани мен билан баҳам кў­ришга ҳозир турарди) домланинг юзи буришиб кетди:
– Кеча анави фоҳиша хотинга ўхшаган пасон товуқни уйимга ким олиб борувди, пичоққа етмай жон берди шўрлик…

Озарбойжон тилидан Рустам Жабборов таржимаси