(Тоҳир Малик ижоди мисолида)
Тоҳир Малик (Аллоҳ раҳмат қилсин)замонавий ўзбек фантастикасини бошловчиларидан бири ва ёрқин из қолдирган адиб. Ижодни 60-йилларнинг иккинчи ярмида бошлаган. “Ҳикмат афандининг ўлими” қиссаси (1972 й.) билан Республикада танилган, “Қора фаришта” номли ҳикояси (1974 й.) билан Масковда ўтказилган ёзувчилар анжуманида эътироф этилган. Булардан кейин, 90-йилларнинг бошларигача кўплаб, бадиий ва ғоявий пишиқ фантастик асарлар ёзган.
Тоҳир Малик фантастика бобида менга устозлик қилган. Бу нимадан бошланганини айтиш учун ўзим ҳақимда қисқа маълумот беришимга тўғри келади.
1958–63 йилларда Политехника институти талабаси бўлганман. Энг севимли машғулотларимдан бири Масковда чоп этиладиган “Техника молодежи” журналини ўқиш эди. Муттасил ўқидим. Битта ҳарфини қолдирмай, 5 йил ўқидим. Бунинг сабаби — техника фанларини ўзлаштиришим ва журналнинг ҳар бир сонида босиладиган фантастик ҳикояларга ошуфталигим эди. Ўзим ҳам шунақа ҳикоялар ёзишни орзу қилардим. Ўқиган фанларимга тегишли қандайдир мавзуни ҳикояга айлантиришга ҳаракат қилиб, кундалик дафтаримга бир нималарни ёзиб юрардим. Лекин менда, ҳали, бадиий асар ёзиш тажрибаси умуман йўқ эди. Мавзуни бошлаб қўярдиму, давом эттиролмасдим. Шунда ҳам ниятимдан қайтмадим, бадиий адабиётга ихлосим ҳеч қачон сўнмади.
“Инженер-механик” деб ёзилган дипломни олгач, заводда ишладим. “Техника молодежи”ни ўқишдан тўхтамадим. Кейин аспирантура, диссертация, номзодлик илмий даража… Ниҳоят, илмий адабиётлар исканжасидан қутулиб, бадиий адабиётга, фантастикага шўнғидим. Барибир, ҳикоя ёзишга киришиб кетолмадим.
70-йилларнинг бошида Норберт Винернинг “Кибернетика”сини ўқий бошладим. Жуда оғир китоб. Ўқийвердим. Ва, бир масала – ёшлигимда мени ром этган “руҳ” масаласи кибернетика фани билан туташиб қолди. Ўшанда туни билан ухлолмадим. Бир ёқда руҳ ҳақидаги фаразлар, иккинчи ёқда – кибернетика фанининг ғоялари, учинчи томонда – фантастик ҳикоя ёзиш иштиёқи. Тонггача “Руҳ” деб аталган биринчи ҳикоямни ёздим. Соддагина бўлса ҳам, ҳикоя тугал чиқди. Ана энди, ўзимга бир устоз топишим кераклигини ич-ичимдан ҳис қилдим.
Бу вақтларда ўзбек адабиётининг фантастика жанрида ижод қиладиган адиблари — Ҳожиакбар Шайхов ва Тоҳир Малик эди. Тоҳир Маликнинг уйини топиб бордим…
Тоҳир мен билан мулоқотларда ҳеч қачон ўзини устоз сифатида тутмаган, аксинча, ёшимни ҳурмат қилиб, тенгқур дўст ёки ука бўлиб гаплашарди. Фантастика жанрида “ҳиргойи” (ўзимча машқ) қилиб юришимдан жуда мамнун бўлган эди. Ҳеч қачон насиҳат қилмаган, ўргатмоқчи бўлган гапларини муайян мисоллар билан англатган.
Ниҳоят, мен ҳам матбуотга берса бўладиган ҳикоялар ёза бошладим. Дастлаб радиода ўқилди, кейин, газета ва журналларда ҳам босилди… Биринчи китобим… иккинчи китобим. Ҳаммасида Тоҳирнинг ҳиссаси бор. Қараб туриб, ёзувчилар уюшмасига аъзо бўладиган даражага етиб қолибман. Бунинг учун уюшманинг икки аъзосидан тавсия олиш керак экан. Тоҳирга, ёзиб берасизми, десам, “Йўқ, — деди. – Ҳожиакбарга айтинг, ёзиб берсин. Мен, сизни уюшмага қабул қилинадиган мажлисда сўзга чиқиб, қувватлайман”, – деди. 1990 йилга келиб, шундай бўлди ҳам.
Тоҳир Малик мендан бошқа “ҳиргойичи”ларга ҳам устозлик қилган. Озод Мўмин (физик олим), Ҳасан ва Ҳусан Турсуновлар (врачлар), Бахтиёр Ҳошимхўжаев шулар жумласидан. Шогирдлар кўп, ҳаммасини билмайман.
1977 йили “Фан ва турмуш” журнали қошида фантастика кенгаши ташкил қилинди, Тоҳир Малик ташаббускорлардан бири бўлди. Кенгаш фаолияти туфайли журналда ўзбекистонлик ҳаваскор фантастларнинг ҳикоялари босиладиган бўлди. Фантастика жанрида ижод қиладиганлар кўпайди. Маҳкам Маҳмудов (филолог олим), Мурод Хидир (журналист), Абдуҳаким Фозилов (физик олим), Асқар Қосимов (ёзувчи), Соҳиба Абдуллаева (кибернетик олима), Муҳаббат Йўлдошева (журналист), Фазилат Ҳожиқулова, Обиджон Юсупов ва бошқалар…
Тоҳир Маликнинг асарларида фантастик чекинма билан реал воқеалар доимо ёнма-ён келади. Ўқиб туриб, гоҳо билмай қоласан, бу фантастиками ё реалистик асар? Дастлабки асарларида фантастика устун бўлса, кейинги асарларида реалистика тарози палласини босадиган бўлди. 90-йилларга келиб, “Шайтанат”ни ёзди ва фантастика иштирок этмай қўйди. Шу-шу, Тоҳир Маликнинг ижоди гуркираб кетди. Энг сермаҳсул ва энг машҳур ёзувчи Тоҳир Малик бўлиб қолди. Унинг ижодидаги бундай ўзгариш жамият ҳаётидаги катта ўзгаришлар билан боғлиқ эди…
80-йилларнинг ўрталарига келганда СССР деган катта империя ҳаётида катта хатолар борлиги маълум бўлиб қолди ва бу ҳақда очиқ айтиладиган бўлди. Горбачев вазиятни тузатмоқчи бўлди ва, табиийки, бу иш қўлидан келмасди, лекин “Ошкоралик ва демократия” деган шиорни ўртага ташлашининг ўзиёқ тарихий воқеа бўлди. 1991 йилга келиб, коммунистлар 1917 йилдаёқ орзу қилган ва интилган “Жаҳон инқилоби” рўй берди. Буни қарангки, жаҳон инқилоби коммунистлар ўйлагандек, дунёни босиб олиш эмас, балки Аллоҳ ирода қилганидек, СССР деган империянинг қулаши экан! Мана бу – ҳақиқий инқилоб бўлди! Шундан кейин жаҳон катта-катта сифат ўзгаришларига юз тутди. Бу ўзгаришлар бошланишида, ҳамма минтақаларда ҳам ижобий бўлавермади.
Ўзбекистондаги аҳволни кўз олдимизга келтириб кўрайлик: озиқ-овқат маҳсулотлари тақчил, дўконларда (Давлат дўконилари-да! Ўша вақтларда бошқача дўкон бўлишини тасаввур қилиб бўлмас эди) махсус патта билан сотилади, бозордан харид қилишга кўпчиликнинг қурби келмаган. Тиш пастаси топилмайди, лекин тиш чўткаси истаганча бор, совун йўқ, совун идишчалар тиқилиб кетган, шакар йўқ, шакар солинадиган пластмасса идишчалар кўзингизни ўйнатади. Гўшт, ун, дон маҳсулотлар дўконларга келса, ур-йиқит, тўполон, “зато” китоб дўконларида пазандалик ҳақида чиройли-чиройли китоблар тахланиб ётибди. Завод-фабрикалардаги дастгоҳлар, ускуналар қаёққадир ғойиб бўлди, бозор ёймаларига ҳам тўлиб кетди.
Ишсизлик авж ола бошлади, оддий одамлар кундалик тирикчиликка қийналиб қолди, ёш болалар мактабдан кўра бозорга кўпроқ ўралашадиган бўлди, ўқитувчилар ўқиш сифатини ўйламай, қўшимча иш излашга тушиб ёки тирикчиликнинг бошқа йўлларига ўтиб кетишди. Олий ўқув юртларида ўқиш-ўқитиш юзтубан кетди. Ҳамма ёқда коррупция авж олди. Умумий аҳвол ёмонлашди.
Мана, 2019 йилга келиб ҳам яхши эмас. Ёшларнинг орзу-ҳаваслари ўқиб, мутахассис бўлишдан кўра, бир иш ўрни топиш бўлиб қолди. Дўконларга ёлланишми, сомса-перашка, гамбургер, лаваш, қандайдир бало-баттар билан савдо қилишми, бозорда арава тортишми, чайқовчилик қилишми… бир жойга ўрнашиб олса, бас, ўзини бахтиёр ҳис қилади, бир умр шу иш билан шуғулланишга тайёр! Тирикчилик кўйида чет элларга чиқиб кетиш оммавий тус олди…
Шу аҳволда фантастика кимга керак?! Ўзимдан қиёс қилиб айтсам, фантастик асар ёзишнинг ўзи уят бўлиб қолди. Тоҳир Малик фантастикадан реалистик жанрга ўтиб кетишига, мамлакатимизда фантастика жанри тугашига сабаб мана, нималар экан?! Бундай асарга талаб қолмади! Бир вақтлар фантастикага гуриллаб кириб келган ижодкорларнинг ҳаммаси ўзини четга тортди. 1990- йилдан буён деярли ўттиз йил ўтибдики, юқорида тасвирланган аҳвол бадтар бўлиб бораяпти. Фақат битта ижобий ўзгариш: пул бўлса, ҳамма нарса топилади! Пўл кўп, одамларнинг қўлида қоп-қоп пул бор, лекин қадри йўқ…
Мамлакатда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонаман. Ҳақиқий демократия ғолиб бўлади, жамият тараққий этади, хаёт яхшиланади, оддий халқ мардикорчиликдан қутулади, ёшлар орзу-ҳавасли, юксакларни кўзлайдиган бўлишади, ана ўшанда фантастика уйқудан уйғонади. Бироқ, афсус, Тоҳир Малик энди, асар ёза олмайди, ўшанда, у ёзиб кетган фантастик асарлар яна ўқувчилар орасида қўлма-қўл бўлади, фантастика тўхтаган жойидан бошлаб яна гуркирайди, иншаоллоҳ!