Глобаллашув нур тезлиги билан бораётган ҳозирги шароитда фақат миллий тилгина муайян этноснинг ўзлигини сақлаб қолиши мумкин бўлган қўрғон саналади. Чунки емак, киймак, турмуш кечирмак сингари жабҳалардаги ўзига хослик тобора йўқолиб, оммавий универсаллашув қарор топаётган шароитда муайян миллат руҳиятига хос қирралар фақат тилдагина сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам тилнинг тозалиги, бойлиги ва аниқлиги унинг яшовчанлигини таъминлайдиган воситагина бўлиб қолмай, миллатнинг ўзлигини кафолатлайдиган омил ҳам ҳисобланади. Ушбу ҳолат миллий тилнинг алифбоси мукаммал, грамматикаси пухта, ишлатишга қулай бўлишини тақозо этади.
Ўзбекнинг обрўли журнали “Тафаккур”да давлат тили тўғрисидаги қонуннинг бажарилишига доир муаммолар кўтарилгани жуда хайрли иш бўлди. Негаки, бугун ота тилимизнинг аҳволи ташвишланарли даражага тушиб қолган. Аммо кўнгилда умид сўнмайди. Давлат тилининг ҳолати тубдан яхшиланишига ишонамиз. Таҳририятнинг “…шояд ўзбек тили юксак қадр топса, мунтазам алифбомизга эга бўлсак, имлода ҳам якдилликка эришсак”, деган орзуси бизни қалам тутишга ундади. Лекин бизни безовта қилган масала баъзан журнал таҳририяти томонидан қўйилган саволлар доирасидан чиқиб кетиши мумкинки, бунинг учун ўқирманлардан кечирим сўраймиз.
Таҳририятнинг “Давлат тили ҳақида”ги қонун қандай бажариляпти?” деган саволига ижобий жавоб бериш мушкул. Бизнингча, қонуннинг яхши бажарилмаётганига бир қатор объектив ва субъектив сабаблар бор.
Биринчидан, давлат тили тўғрисидаги қонунимиз ўзи етарлича пухта ишланмаган бўлиб, унда тавсиявийлик устувор. Аксар моддалар тавсия характерида бўлиб, мажбурийлик кўзда тутилмаган. Қонун эса, биринчи навбатда, мажбурият юклаши керак.
Иккинчидан, мазкур қонунда ижро механизми кўзда тутилмаган. Зеро, у ўзбек тилининг иккинчи даражали бўлишига кўниккан муаллифлар томонидан тайёрланган ва уларнинг назарида, тилимизнинг давлат тили эканини юридик жиҳатдан қайд этишнинг ўзигина етарли бўлган.
Учинчидан, кейинги йилларда инглиз тилини ўрганишга эътибор кучайиб, кенг имкониятлар яратилди, давлат тили эса назардан четда қолди. Бу ҳол кўпчиликда яшаш учун ўзга тилни билиш муҳим деган фикр уйғотди.
Тўртинчидан, таассуфки, халқимизда ҳануз миллий ғурур етарлича шаклланмади. Миллатдошларимиз кўпчилиги ўзига, бинобарин, тилига ҳам иккинчи даражали деб қараш иллатидан қутула олгани йўқ. Ўтган йиллар орасида айримларда гастарбайтерлик кайфияти пайдо бўлди. Тирикчилик ўтказиш учун четга чиқиш, бунинг учун эса рус тилини билиш шарт деган тўхтам қарор топди. Шу боис ўрта мактабларда рус синфлари тобора кўпайиб бормоқда.
Бешинчидан, жамиятнинг бошқарув қатламида ва миллат ойдинлари орасида чет тилларга маҳлиёлик кузатилади. Мутахассисни ишга олиш, лавозимга тайинлашда чет тилини билиши асосий кўрсаткичга айланди. Ҳатто, она тили ва адабиётини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Ўзбек тили ва адабиёти университетига олимларни ишга олишда ҳам уларнинг қандай мутахассис экани эмас, балки бирон бир чет тилини билиши етакчи кўрсаткич саналди. Шунингдек, кўпгина шахслар давлат тилини билмагани ҳолда юқори лавозимларда ишламоқда.
Олтинчидан, иш одамларимиз бозор иқтисодиёти қоидаларини яхши билмагани учун рекламага оларманни чорлайдиган восита деб эмас, балки анчайин бир ялтироқ ва жимжимадор безак сифатида қараётир. Шу боис ўзбек ишбилармонлари рекламанинг мижозни чорлашга хизмат қилишига эмас, бошқаларникига ўхшамаган тарзда тушунарсиз ва оҳанжамалироқ бўлишига диққат қиладилар.
Бизнингча, давлат тили тўғрисидаги қонуннинг бажарилишига эришиш учун бу масала Олий Мажлис ялпи йиғинларининг кун тартибига қўйилиб, махсус расмий ҳужжат қабул қилиниши керак. Унда мазкур қонуннинг энг қуйидан то энг юқоригача бўлган барча идораларда сўзсиз бажарилиш механизми белгилаб қўйилиши зарур. Ушбу ҳужжатда қонунни бажармаган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан кўрилиши мумкин бўлган ҳуқуқий, маъмурий, иқтисодий жазо чоралари аниқ кўрсатилиши, бу ишга жавобгар шахслар сифатида туман, шаҳар ва вилоят миқёсидаги биринчи раҳбарлар белгиланиши лозим. Шунингдек, туманлар ва вилоятлар бўйича “Давлат тили ҳақида”ги қонун бажарилишини таъминлайдиган алоҳида ижтимоий-маъмурий тузилма шакллантирилиши зарур. Қонунни бажаришга оид ҳужжатда барча давлат ва хусусий ташкилотларда иш юритиш ўзбек тилида олиб борилиши мажбурийлиги белгилаб қўйилиши лозим. Давлат тили тўғрисидаги қонун ва унинг ижроси бўйича тайёрланган ҳужжатнинг бажарилиши парламент назоратига олиниши ва қилинаётган ишлар юзасидан матбуот орқали жамият аҳлига мунтазам ҳисобот бериб турилиши керак.
Ачинарлиси шундаки, давлат тили тўғрисидаги қонуннинг кўнгилдагидек бажарилмаётгани муаммоси устига кейинги вақтда алифбо масаласи ҳам қўшилди. Тилга доир бир қонуннинг бажарилмаётгани баъзиларда бошқасининг ҳам бажарилиши шарт эмасдир деганга ўхшаш кайфият уйғотди, чамаси. Шунга бўлса керак, янги алифбога ўтиш тўғрисидаги қонун қабул этилганидан салкам чорак аср ўтиб, айримлар ўзимиз ўрганиб қолган кирилл ёзувига қайтиб қўяқолсак бўлмайдими, деб очиқ гапира бошлади.
Лотин ёзувига асосланган алифбонинг ўзбек тилига мос келиш-келмаслиги борасида шуни айтиш мумкинки, очундаги бирорта ҳам ёзув бирон бир тилнинг табиатига тўлиқ мос келмайди. Негаки, тилчиларга ўхшаб чийратма қилиб айтсак, аудиал маҳсулни тўлиқ ҳолда визуал ифодалаб бўлмайди. Ўзбек тили учун махсус алифбо ихтиро қилинган тақдирда ҳам барча товуш товланишларини ҳарфлар орқали ифодалашнинг иложи йўқ.
Алифбо – осмондан туширилган илоҳий ҳодиса эмас, башар ақлининг маҳсули. Ҳар қандай ёзув – одам ўйлаб топган сунъий тизим. Бинобарин, ҳеч бир алифбо мукаммал бўлмайди. Чунки товушни барча нозикликлари билан ёзувда ифодалаш имконсиз юмуш. Гап – ёзувни муайян тил табиатига мумкин қадар мослаштира билишда. “Тафаккур”даги суҳбатда айрим ойдинларнинг лотин ёзуви ўзбек тили табиатига мувофиқ эмас, бундан кўра кирилл ёзуви тилимиз табиатига яқинроқ деган фикрларига қўшилиб бўлмайди. Агар янги имло тилимиз табиатига мос келмаётган бўлса – мослаштирайлик. Ахир, уни мос келмайдиган кепатада яратганлар ўзимизга ўхшаган одамлар-ку!
Лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш ҳақида гапирганда, биринчи навбатда, ёзувни ўзгартиришнинг асл сабаби нима эканига теранроқ қараш керак. Кириллдан лотинга ўтиш барча туркий халқларни бирлаштириш, уларни бир-бирини таржимонсиз ўқийдиган ва тушунадиган кучли этнос сифатида уюштириш ниятида қилинган эди. Бу ниятга етишмоқ учун ҳали узоқ йиллар керак шекилли. Негаки, янги ёзувни қабул қилиш бир мамлакатдаки шунча муаммо туғдирар экан, кўп сонли туркий халқлар ёзувини уйғунлаштириш учун яна кўп жон койитиш зарур бўлади. Шу сабаб лотин ёзувига таянилган янги алифбога кимгадир қулай-ноқулайлигига қараб эмас, балки у ўзининг бирлаштирувчиликдек миссиясини бажара оладиган йўсинда ўтилиши керак.
Ҳозирги ҳолида эса янги алифбо ўзбекларни бошқа туркий халқлардан узоқлаштиришгагина хизмат қилади. Чунки унда ўзбек тилининг табиати жилла ҳисобга олинмаган. Яна таъкидлагим келади, янги ўзбек ёзуви қандайдир техник қулайликларга интилиш туфайлигина эмас, турк дунёси бирлигига эришишдек орзу сабаб ҳам пайдо бўлди. Негаки, глобаллашув шароитида ўзлигимизни бир ёзув ва бир тилли туркий халқлар сифатидагина сақлаб қолишимиз мумкин. Акс ҳолда бора-бора буюк миллатлар томонидан “сўрилиб кетишимиз” ҳеч гап эмас.
Ниҳоят, биз шунга ҳам кўникишимиз керакки, бирон бир ноҳақ қараш биз ёқлаганимиз учунгина ҳақиқат бўлиб қолмайди. Шунга кўра, умуман, янги замондаги ўзбек алифболарини, хусусан, лотин ёзувига асосланган алифбони ишлаб чиқишда йўл қўйилган хатолар илдизига чуқурроқ назар ташлаш ва тегишли хулоса чиқариб олиш лозим. Негадир биз, ўзбеклар худди “Алпомиш” достонидаги Бойсари сингари ўз яқинларимиздан нарироқ туриш, ўзгачароқ кўринишни ёқтирамиз. Ҳеч қачон қонимиз қўшилмайдиган қавмлардан эса умумийликми, ўртоқликми топишга интиламиз. Шу одатимиз сабаб, гарчи барча туркий халқлар тилига сингармонизм хослигини кўра-била туриб, қарийб бир аср ўзбек тилида товуш уйғунлашуви ҳодисаси йўқ деб келдик. Деярли ҳамма қардошлар алифбосида тўққиз унли товуш бўлгани ҳолда, ёлғиз ўзбек алифбосида унлилар олтита экани кўрсатилди. Шу тариқа тилимиз гўё рус тилига яқин экани таъкидланди. Қолаверса, барча туркий халқларда “олма” сўзидаги биринчи товушнинг белгиси сифатида қабул қилинган “а” ҳарфига фақат бизгина “анор” сўзининг биринчи товуши тарзида қараймиз. Бу борада ҳам туркий халқлардан кўра русларга яқинлигимизни кўрсатмоқчи бўлганмиз.
Барча туркийлар “ўтин” сўзининг илк товуши сифатида қабул қилган “о” ҳарфини ёлғизгина биз, ўзбеклар “она” сўзидаги биринчи товушни ифодалашга хизмат қилдирганмиз. Агар бошқа туркий халқлар сингари бизда ҳам “о” ҳарфи “ў” товушини ифодалаганда эди, адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов айтган “электр токи”даги “ток” билан “ток занги”даги “ток” омоним бўлиб, ортиқча муаммо туғдирмасди. Шу қабилдаги “оригиналлигимиз” билан, ўз наздимизда, лотин ёзувини қабул қилган турк, озар ва туркман қардошларга ўхшамасликка интилдик. Оқибатда, лотин ёзувига ўтишдан асосий муддао бўлмиш умумтуркий яқинлашув мақсади назардан қочирилиб, кириллга қайтганимиз тузук дейдиган аҳволга келиб қолинди.
Аслида, лотин ёзувига асосланган алифбога ўтиш борасидаги қийинчиликларнинг аксари сунъий. Ҳолбуки, бу кечимни ҳеч бир оғриқсиз ўтказиш мумкин. Бунинг учун лотин ёзувига салкам бир аср аввал ўтган турк алифбосини асос қилиб олиб, унда бўлмаган тилолди, қисқа “ə”, портловчи “q” ҳамда доим “нг” қўшҳарфи билан ифодалангани учун алоҳида товуш сифатида тобора йўқолиб бораётган сонорни “ŋ” шаклида ёзишнинг ўзи етарли бўларди. Унга мустақил товуш бириктирилмагани учун юртдошларимиз орасида “ўн мин сўм олдим”, “кўчанинг ўн томонига ўт” йўсинида сўзлайдиган қатлам шаклланди. Ҳозирда уч товушли “тонг”, “бонг”, “донг”, “мунг”, “сўнг” каби сўзлар тўрт ҳарф билан, беш товушли “сингил”, “кўнгил” сўзлари олти ҳарф билан ёзилади. Айниқса, бу сўзларни бўғинга ажратиш ўқувчиларга бир дунё ташвиш туғдиради.
Ўйлайманки, замонавий ўзбек тилига айириш белгиси ва унинг лотинга асосланган ёзувдаги меросхўри – тутуқ мутлақо керак эмас. Ўзбек ҳеч қачон “масъул”, “аълочи” демайди, “масул”, “алочи” деб қўяқолади. Бу белги тилимизга арабчадан кириб келган сўзлардагина учрайди. Ўтган асрнинг 20-йилларида боболаримиз араб тили таъсирида бўлганларидан шу белгилар ўзбек ёзувига ҳам киритилган эди. Чунки ўша вақтлар бу саводлилик белгиси саналарди. У даврда омманинг ёппасига саводхон бўлиши кўзда тутилмаган, ёзув фақат хосларга тегишли яратиқ эди. Ҳамма саводхонликка интилаётган ҳозирги шароитда эса, қоидага кераксиз модда киритиб, халқнинг саводлилигини пасайтиришнинг кимга кераги бор?! Ахир, бу белги на турк, на қозоқ, на қирғиз ва на озар алифбосида бўлмаса-да, улар ҳеч қийналаётгани йўқ-ку! Шунингдек, лотин ёзувимизда “x” ва “h” ҳарфлари билан ифодаланган товушлар борасида ҳам турк қардошларимиз тутган йўлдан борсак тўғри бўлади. Модомики, бу товушларни фарқлашнинг илмий асослари йўқ экан, уларни турклар каби бир ҳарф билан бериб қўяқолиш керак.
Журналнинг “Жамиятимизда тил қашшоқлашиб ва дағаллашиб боряпти, шунингдек, саводхонлик пасайиб, имловий анархизм авж оляпти, деган даъволарга қандай қарайсиз? Бу борада хавотирга чиндан-да асос бўлса, сизнингча, мазкур вазиятдан чиқишнинг қандай чоралари бор?” тарзидаги саволи ҳам юракни ўртайди. Чиндан ҳам, ўзбек сўзлашув тили ғоят қашшоқлашиб, дағаллашиб бораётир. Бу ҳол бизнинг маданий миллат деган номимизга ҳеч ярашадими?! Миллат аҳли орасида сўзни танламай ишлатиш одати кенг ёйилди. Тилга эътиборсизлик ҳатто оддий ҳолга айланди, дейиш мумкин. Чунки жамиятда интеллектуал-эстетик савия пасайгани кузатилмоқда. Китобхонликка давлат миқёсида эътибор қаратилаётганига ҳам сабаб аслида шу! Миллатнинг каттадан кичиги қадар ўз асл сўзларимиз қолиб, ёт сўзларни пала-партиш қўллаш касалига йўлиққан. Негадир, “тушлик”, “бекат”, “чиқит”, “кўприк” сингари ўзбек сўзлари ўрнига “абед”, “астановка”, “мусор”, “мост” сўзларини ишлатиш ялпи тус олди. Ҳатто адабий асарларда ҳам “бутилка”, “топчан”, “водка” каби сўзлар бемалол қўлланаётир. Ёмони, бу кечим тўхтагани ҳам, пасайгани ҳам йўқ.
Имло қоидаларига амал қилишда ўзбошимчалик ҳукмронлиги ҳам ҳақиқат. Ва бунинг объектив сабаблари бор. Асли, имло қоидаларини тубдан ислоҳ қилиш ва уни имкон қадар сўзлашув тилига яқинлаштириш – муайян грамматик билимларни эгалламай туриб ҳам хатосиз ёзиш мумкин бўлган ҳолатга келтириш жоиз. Тилимизнинг имло қоидалари, ҳозирги ҳолида, бузмасликнинг иложи бўлмаган қонунлар кабидир. Чунки, улар ўзбек тилининг табиатига эмас, шу қоидаларни яратган олимларнинг истагига мослаштирилган.
Имло қоидалари ўзбек тилига эмас, ўзбек тили имло қоидаларига бўйсундирилаётгани миллий тил тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Одатда, тилнинг имло қоидаларини тайин этишда кўпроқ фонетик тамойилларга амал қилинади. Негаки, тил нутқда, сўзлашувда воқеликка айланиб, моддийлашади. Тилнинг стихияси нутқда намоён бўлади. Ҳазрат Навоий бекорга “Кўнгул ҳолати сўз дегач билгурур”, демаганлар. Агар сўзларнинг айтилиши билан ёзилишидаги айричалик энг оз даражага келтирилса, миллатнинг саводхонлиги тез юксалади.
Бизда меъёрий талаблар нутққа хос белгиларни эмас, қоида муаллифларининг истакларини акс эттиргани учун ўзбек тили табиатига ётдир. Шулардан бирига кўра, “қ”, “ғ” товуши билан тугайдиган сўзларга жўналиш келишиги қўшимчаси “-га” қўшилганда, сўзнинг ўзак ё негизида ҳам, қўшимчада ҳам товуш ўзгариши юз бермай – ўртоқга, ўроқга, боғга, тоғга, қулоқга, теракга, мантиқга ва ҳоказо тарзда айтилиши ва ёзилиши керак эмиш. Шу товушлар билан тугайдиган сўзларга “-и” эгалик қўшимчаси қўшилганда товуш ўзгариши юз бермаслигига доир қоида ҳам тилимиз табиатига мутлақо ётдир. Бунга кўра, эндиликда ўзбекчани бузиб гапирадиган чет элликлар каби “акамнинг тароқи”, “устанинг қайроқи”, “қоиданинг мантиқи” тарзида сўзлашиш қоидага айланади.
Янги имло қоидаларида нуқсонлар кўплиги ҳақида айтдик. Аммо қоидалардаги шу нуқсонлар камлик қилгандай, амалиётдаги “ноу-хау”лар аҳволни янада оғирлаштиряпти. Чунончи, асрлар давомида боболар қўллаб келган “Бешоғоч” сўзи кейинги вақтда – оғзаки сўзлашувда-ку майли, ҳатто матбуотда ҳам “Бешёғоч” тарзида “тўғри”лаб ёзилаётир. “Оғоч” форсча “дарахт” сўзининг ўзбекчаси экани, у қирқилгандан кейингина “ёғоч”га айланиши билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Минглаб йиллик маданиятга эга халқимиз бирор жойни қанчадир миқдордаги ёғоч билан мўлжал қилмайди. У жойни ёғочнинг номи билан аташи-ку асло мумкин эмас. Чунки бешта ёғоч ҳеч қачон кўчада турмайди. “Оғоч” эса бошқа гап. Гуркираб ўсаётган беш оғоч ўша жой учун аввал мўлжал бўлиши, кейин эса номга айланиши мумкин. “Сариоғоч”, “Қўшоғоч” топонимлари ҳам шундан далолат беради. Фитрат “Шарқ” шеърида “Оғочлари яшил кийимлар кийган / Терилишар топинғани Тангрига”, деб ёзади. Маълумки, “ёғоч” яшил кийим кия олмайди, буни у ҳали ёғоч бўлмай, “оғоч” эканида кияди.
Билгичлар тилда ассоциативлик хусусияти борлигини айтишади. Яъни сўз, гарчи лингвистик белги саналса-да, сунъий ҳосил қилинган белги бўлмай, унда алоқадорлик, давомийлик, ички боғлиқлик бўлади. Чунончи, “кўк” сўзи ассоциатив равишда кўпчиликда “кўклик”, “кўклам”, “кўкалам”, “кўкаламзор”, “кўкат”сўзларини ёдга солади. Ёки “е” сўзи айтилса, табиий равишда “ем”, “емак”, “емиш”, “емакжой”, “емтик” сўзлари эсга тушади. Бегона тилдан олинган сўз бундай имкониятга эга эмас. Чунончи, “кўклам” сўзига маънодош форсча “баҳор” тасаввурга шу ўзакдан келиб чиқадиган бошқа ҳеч бир сўзни келтирмайди. “Емак” сўзининг арабча муқобили “таом” сўзи ҳақида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин.
Нимагадир биз оддийгина нарса-ҳодисаларни ҳам бошқа тилларга мансуб сўзлар билан ифодалашга ўчмиз. Шунинг учундирки, туркий халқлар орасида фақат биз ўзбеклардагина томонлар “Шарқ”, “Ғарб”, “Шимол”, “Жануб” тарзида арабча қўлланади. Қардош туркийларнинг кўпчилигида булар “Чиқиш”, “Ботиш”, “Кунюриш”, “Терскай” тарзида ишлатилади ва улар тарафларни адаштириб ҳам қўйишмайди. Албатта, бу ҳол бир замонлар боболаримизнинг бошқа туркийларга қараганда илмий тил бўлмиш арабчага, сарой тили саналмиш форсчага яқинроқ бўлгани, халқнинг жўн, жайдари сўзлашув тилидан баландроқ турганини билдирган. Лекин ҳозирга келиб бу ҳол фазилатдан камчиликка айланди. Биз эса ҳамон ўша баланд ҳаво билан юрибмиз. Натижада, юзлаб ўз сўзларимиз ўрнига арабий, форсий сўзларни қўллаймиз. Масалан, “соҳиб”, “молик”, “кафт”, “лунж”, “даво”, “ҳамшира”, “таваллуд айёми”, “ташриф буюрди” ва ҳоказо. Ҳолбуки, уларнинг “эга”, “олақон”, “урт”, “эт”, “эм”, “эмбека”, “туғилган куни”, “келди” сингари соф туркона муқобиллари борки, уларни ҳам ишлатиб туришимиз лозим.
Бизда бегона тилдан кирган сўзки бор, тўғри-нотўғрилигига қарамай, қўллайверишга ружу қўйилган. Чунончи, болалар дам оладиган жой “оромгоҳ” дейилади. Ҳолбуки, форсча бу сўз фақат “гўристон” маъносида ишлатилади. “Услуб”, “услубчи” сўзларининг қўлланишида ҳам шу ҳолни кўриш мумкин. Маълумки, “услуб” сўзи бирор шахс тутумининг ўзига хослигини таъминловчи унсурлар жамини англатади. Бизнинг расмий ва илмий адабиётларимизда эса бу сўз “метод”, “усул” сўзларининг муқобили сифатида қўлланади ва шундан келиб чиқиб “методист” сўзи “услубчи” деб “ўзбекча”лаштирилади.
Янги имло қоидаларида четдан кирган “…олинма сўзлар қандай айтилишидан қатъи назар аслидагидай ёзилиши керак”лиги белгилаб қўйилган. Қизиғи шундаки, дунёда ўзимиздан бошқа бирор миллат вакили “Тошкент” ёки “Ўзбекистон” сўзларини биз каби айтмайди ва ёзмайди. Шундай бағримиздаги қорақалпоқлар ҳам уларни “Ташкент”, “Ўзбекстан”, баъзан ҳатто, “Вўзбекстан” тарзида айтади ва ёзади. Ҳар бир халқ сўзларни ўзига мослаб айтади ва… тўғри ҳам қилади. Биз-чи? Неча ўн йиллар давомида “Ашхабод”, “Олмаота” шаклида ёзилиб келган шаҳар номларини энди негадир “Ашгабад”, “Алмати” тарзида ёза бошладик. Чунки имло қоидаси шуни талаб қилади. Нима учун ўзлашма сўз аслидагидай ёзилиши керак? Аслидагидай ёзилса, унинг ўзлашганлиги қаерда қолди? Унча-мунча мутахассиснинг ҳам тиши ўтавермайдиган хитой, ҳинд, япон, корейс, арман графикасида битилган сўзларнинг аслида қандай ёзилганини қандай биламизу қандай ёзамиз?!
Шунингдек, айрим ойдинларнинг “ц” товушини қандай ифодалаш ҳақида қайғураётгани ҳам унча тушунарли эмас. Бизда ҳеч қачон бу товуш бўлмаган, бўлмайди ҳам. Нега жўнгина “с” деявериш ўрнига, тилимизни бураб, “ц”ни айтишнинг ташвишини қилишимиз керак? Нутқ органларимиз пайдо қилолмайдиган товушни ифодаловчи ҳарфдан воз кечиб қўяқолсак бўлмайдими? Имло қоидалари имкон қадар тил табиатига яқин ва одамлар камроқ хато қиладиган йўсинда бўлиши керак эмасми?!
Бизда қўшма сўзларни тўғри ёзиш учун нақд илмий даражага эга тилшунос бўлиш керак. Шундаям қайси бир имло қоидасига таяниш зарурлигини билса! Нега бундай? Нега “Янгийўл”, “Янгиер”, “Қорасув”, “Қорақамиш” сўзлари қўшиб ёзилгани ҳолда “Қизил Юлдуз”, “Оқ тоғ”, “Қора тоғ”, “Улуғ тоғ”, “Ўрта Чирчиқ”, “Қуйи Чирчиқ”, “оқ қанд”, “темир йўл”, “тош йўл” сўзлари алоҳида ёзилиши керак? Ҳар қандай қўшма сўз битта сўз ҳисобланиб, бир урғу билан айтилар экан, унинг қайси сўз туркумидан ясалганига қарамай, бир сўз сифатида, яъни қўшиб ёзилса, осмон узилиб ерга тушадими?! Нега энди одам ёзаётган ҳар бир сўзи қайси туркумга мансублиги хусусида бош қотириши керак? Ёки имло хатолар кам бўлиб қолишидан қўрқамизми? Нима учун имло қоидалари одамларга эмас, одамлар имло қоидаларига мослаштирилиши керак?
Имло қоидалари ва адабий тил меъёрларини бир қадар эркинлаштириш, миллий тилни қолипга солиш эмас, уни табиий ривожлантириш йўлини излаш керак. Шунда адабий тилимиз сунъийликдан қутулади ва сўзлашув тилига яқинлашади. Яна бир мулоҳаза. Адабий тил меъёрларини бир қадар либераллаштириб, сўз бирикмалари ва қўшма сўзларни оғзаки нутққа мувофиқ ёзишни қоидалаштириш тўғрироқмикан?
Тилимизда илмий атамалар етарлича ишланмаганига ўзбек тили эмас, ўзбек олимлари, улардаги журъатсизлик айбдор. Бизнинг тил борасидаги андишамиз қўрқоқлик даражасига етган. Турмушимизга кириб келган нарса-ҳодисаларни ўзимизча номлашга ботинмаймиз. Бу нарса-ҳодисаларни моҳиятдан келиб чиқиб, ўзбекча аташ ўрнига таржима қилишга уринамиз. Табиийки, бир тилдаги бирор тушунчани ўзга тилга айнан ўгириш кўп ҳолларда иложсиз. Демак, четдан келган нарса-ҳодисани ўзбекча номлаш мумкин ва керак. Таржима қилиш эмас, ўзбекча номлаш керак. Ахир, руслар “пахта”ни “хлопок”, “ғўза”ни “хлопчатник” тарзида номлаб олдилар-ку!
Бизда кўр-кўрона қилинган таржимага ҳам худди санамдек қараб, сиғинадиган амалдорлар кўп. Олий аттестация комиссияси бўлажак фан докторларидан диссертация ва авторефератларидаги муҳим бир бандни “Ҳимояга олиб чиқиладиган асосий ҳолатлар” тарзида ёзишни талаб қилади. ОАК ходимлари “ҳолатлар”ни ҳимояга олиб чиқиб бўлмаслиги, бу сўз шу ўринда русча “положение” сўзининг маъносини ифодалай олмаслигини, “ҳолатлар” ўрнига “ғоялар”, “тўхтамлар” ёки “қарашлар” дейиш мақсадга мувофиқ эканини ўйлаб кўргилари келмайди. “Ғоялар”, “тўхтамлар”, “қарашлар” тарзида ёзиб борилган ишлар устидан қалам тортилиб, “тўғриланади”. Ҳолбуки, русча сўзга ёпишиб олмай, унга сал ижодий ёндашилса, масалага ечим топилади. Ҳаётимизда ҳар куни пайдо бўлаётган янгиликларга ном беришда ҳам ён-атрофимиздаги қардошлар тажрибасини ўрганиш муҳим. Нима учундир лингвистикамизда ўзбек адабиётшунослиги, тилшунослиги, тиббиёти, математикаси, техникаси ва бошқа соҳалардаги бир хил нарса-ҳодисалар қандай аталиши қиёсий ўрганилмайди. Ҳолбуки, шуни ўрганиш ҳам нарса-ҳодисаларнинг тўғри номланишига, ҳам қардош халқларнинг яқинлашувига хизмат қилган бўлар эди. Бунинг ўрнига кўпчилик тилшуносларимиз “Гипотактик қурилмаларнинг когнитив-прагматик хусусиятлари” қабилидаги “оламшумул” изланишлар билан овора!
Атама ясашдаги ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик ҳам тилимиз бойиши йўлидаги тўсиқдир. Чунончи, руслар тахтани “доска” дейди. Ўқиш кечимида фойдаланиладиган ўқув қуролини ҳам шундай атайверади. Биз қурилишда ишлатиладиган ашёни “тахта” деганимиз ҳолда ўқув қуроли бўлмиш тахтани негадир русчалаб “доска” деймиз. Бизда минг йиллар олдиноқ ўқув қуроли ҳисобланмиш “тахта” ва “тахтахонлик” деб аталмиш ўқув босқичи бўлганини ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Бу ерда тилимизни камситишдан бўлак бирор мантиқ борми?!
Кейинги ярим асрда шиддат билан кечаётган глобаллашув сабаб жуғрофий чегаралар омонатлашиб, ахборот олиш умумий бўлгани сари башарият ҳам универсаллашиб, глобал дунё бир тилга интилиб бораётир. Ана шундай шароитда ўз қиёфасини сақлаб қолмоқчи бўлган этнос миллий тили тўғрисида жиддий қайғуриши керак. Ота тилимиз шу вақтгача бизнинг миллий қиёфамизни сақлаб келди. Энди уни замонлар синовидан эсон-омон олиб ўтиш бизнинг илмий, маданий ва инсоний савиямизга боғлиқ.
“Тафаккур” журнали, 2018 йил 1-сон