Кейинги йилларда, умуман, ўзбек миллий тафаккури, хусусан, адабиёт ҳамда санъатида кўп тўхталинаётган, қатор баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган постмодернизм ҳодисаси ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бир таркиб ва бир босқичли ҳодиса бўлмай, тараққиётнинг анчагина мураккаб ва ўзига хос босқичларидан ўтган илмий, ижтимоий, фалсафий ва эстетик йўналишдир. Тегишли илмий манбаларни ўрганиш кўрсатадики, “постмодернизм” атамаси илк бор Биринчи жаҳон уруши бораётган 1917 йилда Р.Ранвицнинг “Европа маданияти таназзули” китобида фалсафа ва санъатда модернизмдан кейин юзага келган янгиликларни, яъни “янги”дан кейинги янгиликларни англатувчи атама тарзида ишлатилган. 1934 йилда адабиётшунос Ф.де Ониснинг “Испан ва Лотин Америкаси поэзияси антологияси” асарида бу истилоҳ модернизмга зид бўлган тушунча тарзида қўлланди. Машҳур жамиятшунос олим А. Тойнби ўзининг 1947 йилда битилган “Тарихни ўрганиш” китобида постмодернизмга культурологик ва ижтимоий маъно ҳам юклаб, уни маданият ва санъат ҳодисаларини изоҳлаш борасида Кунботишнинг якка ҳукмронлиги тугагани, оламдаги ўзгача тафаккур тарзи ҳам муайян салмоқ касб эта бошлаганини англатадиган тушунча сифатида ишлатди. ХХ асрнинг 70-йилларида америкалик теолог X. Кокс Лотин Америкасида дин муаммоларига бағишланган илмий ишларида “постмодерн теология” атамасини қўллаб, унга диний маъно ҳам юклади. “Постмодернизм” атамаси Ч.Женкснинг “Постмодерн меъморчилик тили” китобидан кейин жуда кенг ёйилди. Муаллиф асарида анчадан буён турли маъноларда қўлланиб келинаётган бу атамага тамомила ўзгача мазмун юклайди. У постмодернизм меъморчилик тарихида янги давр бошланганидан далолат эканини, эндиликда архитектура соҳасида олдинги усуллардан фойдаланиш, ўрни келса, аввалгилардан нусха кўчириш, илгаридан мавжуд биноларга жузъий ўзгаришлар билан янгича қиёфа бериш ҳам ижодкорлик тарзида қабул этилаверишини қайд этади. Муаллиф бундай ёндашув нафақат меъморчилик, балки замонавий санъатнинг бошқа турларига ҳам хос эканини таъкидлайди. Шу тариқа, ўтган асрнинг 70-йилларидан эътиборан “постмодернизм” атамаси меъморчилик, санъат ва адабиётдаги янги тамойилларни англатиш учун қўлланиладиган бўлди. Лиотарнинг “Постмодерн ҳолат: билим ҳақида маъруза” китоби босилиб чиққан 1979 йилдан бу атама фалсафий маънода ҳам ишлатила бошланди.
Бадиий ҳодиса сифатида АҚШда олдин меъморчилик, ҳайкалтарошлик, тасвирий санъат сингари визуал санъат турлари ҳамда амалиёт билан санъат қоришиб кетган дизайн, видеоклип каби санъат турларида бўй кўрсатган постмодернизм тез орада адабиёт, мусиқа ва фалсафага ҳам ўтиб, қитъалараро кўламдаги глобал эстетик ҳодисага айланди. Постмодернизм очун миқёсида қадриятлар тизими тубдан ўзгаргани, жаҳон кўламида модернизмда бўлган европацентрик қарашлар ўрнига глобал полицентрик ёндашув майдонга чиққани, дунё мавжудлигининг постмустамлакачилик ва постимпериализм босқичи бошлангани, инсоният олдида илк бор ўз-ўзини тўлиқ қириб битириш имконияти пайдо бўлганини англатувчи тушунча ўлароқ қарор топди[1]. Бошқача айтганда, инсоният юзма-юз турган фожиаларни бутун кўлами билан чуқур англаган ва деярли “қиёмат арафасида яшаётган” ижодкорларнинг бу фожиалар ҳамда уларнинг яратувчиларига муносабатини, кўнглидаги чексиз ҳадик-хавотирли кечинмаларини тўла ва хоҳлагандай ифодалаш йўсинлари жамини англатувчи фалсафий-эстетик йўналишдир. Постмодернизм бугунги ижодкор дарди ва изтиробларининг кўнгил, тафаккур, қоғоз, бино, кино ва саҳнада глобаллашган цивилизацияга уйғун ҳолдаги ифодасидир.
Барча йўналишларда ҳам постмодернизм алоҳида бир инсон ва унинг ҳуқуқларини давлат ҳамда миллат манфаатларидан юқори қўяди, фан, техника, саноат ва демократияга интилишни устувор билади. У пайдо бўлганидан буён инсоният катта қисмининг нафақат бадиий-эстетик, балки ахлоқига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Агар авваллари одамдаги тиришқоқлик, интизом, жиддийлик, аниқлик, ишчанлик сингари инсон ҳаётини таъминлаш, эҳтиёжини қондириш ва ижтимоий мавқеини кўтаришда қўл келадиган сифатлар улуғланган бўлса, эндиликда ундаги тасаввур кучи, ижодкорлик, ҳиссиётчанлик, мослашувчанлик каби хислатлар маъқул кўрилмоқда. Яъниким, санъат, адабиёт мавжуд воқеликка қарши исён қилароқ унга таъсир ўтказмоқда.
Постмодерн санъат ўзидан олдинги бошқа йўналишлардан бадиий яратиқдан кўра унинг яратилиш кечимига; муаллифга қараганда ўқирманлар оммасига; вербал (оғзаки)ликка нисбатан визуалликка кўпроқ эътибор қаратиши билан ажралиб туради. Постмодерн санъат асарлари дунёнинг бетартиб (хаос)лиги, бошбошдоқлиги, ўткинчи ва англамсизлигидан иборат постмодерн манзарасини бериш учун кўпроқ тасаввур, туш, онгсизлик сингари ҳолатларни ўз тасвир объекти ва воситасига айлантиради.
Постмодернизм бир вақтнинг ўзида ҳам модернизмнинг мантиқий давоми, ҳам унинг тугатувчиси бўлган амбивалент (икки вазифали) ҳодисадир. Агар модернизм учун мавжуд эстетик қолипларга бўйсунмаслик, санъаткорнинг ўз-ўзини ифодалаш эрки ва ижодий бетакрорлик идеал саналган бўлса, постмодернизм дунёни эгаллаб олган техник аурада тартиб ва бетакрорлик йўқлигидан келиб чиқиб, индивидуал ижодий эркинлик ўрнига ўзгаларнинг бадиий яратиқларини жузъий ўзгартишлар, ўйин ва эстетик найранг воситасида бадиий ўзлаштиришни муҳим ҳисоблайди. Постмодернизмда санъат билан борлиқ, шунингдек, санъатнинг ички турлари ўртасидаги одатий фарқлар ювилиб, чегарасизлик ва қоришиқлик универсал тус олади. Унда эстетик интерпретация бадиий инновацияни сиқиб чиқариб, ўтмишда машҳур бўлган асарларга тақлид, уларни муайян ўзгаришлар билан янгича тақдим ва талқин этиш кучаяди. Модерн санъатдаги адоқсиз исён ўрнини постмодерн мослашувчанлик ва келишувчанлик – конформизм эгаллайди. Агар модернизмда бевосита ҳаётнинг ўзига таяниб, мавжуд адабий анъаналар инкор қилинган бўлса, постмодернизмда ҳаётнинг ўзи бўлакларга ажратилиб қайта қурилиши, яъни деконструкция қилиниши керак бўлган матн, белги ва кўчирмалар йиғиндиси тарзида қабул қилинади.
Постмодерн эстетикада юксак санъат билан оммавий маданият ўртасидаги муносабатга ҳам тамомила ўзгача ёндашилади. Чинакам юксак санъатнинг аҳамияти ва қиммати тан олингани ҳолда унинг оммавий маданиятлиги муҳимроқ саналади. Тўғри, постмодернизмда ҳам оммавий маданиятнинг кўпинча юксак бадиият талабларига жавоб беролмайдиган, жўн ва жозибасиз ҳодиса экани кўзда тутилади. Аммо у қамров ва кўламни бадиий теранлик ва бетакрорликдан муҳим ҳисоблайди. Шу ўринда ўзбек илми ва мафкурасида жуда кенг ёйилган оммавий маданият ҳодисасига кимлардир томонидан бизнинг маънавиятимизга зарба бериш учун атай яратилган ва зўрлаб тиқиштирилаётган ҳодиса тарзидаги қарашга бироз аниқлик киритиш лозим кўринади. Оммавий маданиятни инсон маънавиятини бузиш учун атай ўйлаб топилган ҳодиса тарзида талқин қилиш ҳақиқатга мувофиқ эмас. Маданиятга доир ҳодисаларга алоҳида истеъдодли кишилар томонидан яратиладиган фавқулодда камёб нарса эмас, балки ёппасига ишлаб чиқариш, сотиш, сотиб олиш ва истеъмол қилиш мумкин бўладиган оддий товар тарзида қарашни ёйиш орқали уни оммага яқинлаштириш нияти оммавий маданият тушунчаси моҳиятини ташкил қилади. Постмодерн эстетика маданиятга омма ва ҳамманинг дахлдор бўлишини истайди. Бу истак маданият ва санъатни қадрсизлантириш эмас, балки уни оммага яқинлаштиришни кўзда тутади.
Кишида беихтиёр совет мафкураси ҳам адабиёт ва санъатнинг оммавий бўлишига катта эътибор қаратарди, бу жиҳатдан у постмодернизмга менгзар экан-да, деганга ўхшаш фикр пайдо бўлади. Бу ўринда шуни айтиш керакки, шўроча ёндашувдан фарқли ўлароқ, постмодернизм оммани маданиятнинг истеъмолчисигина эмас, балки унинг яратувчиси, ижодкори мақомида ҳам кўришни хоҳлайди. Бундай ёндашувга кўра маданиятнинг оммавийлашгани янглиғ омманинг ҳам маданийлашиб, яратувчи мақомига эришуви кўзда тутилади.
Айтиш керакки, постмодерн қарашда алоҳида мақомга эга бўлган инсоннинг ахлоқдан ташқаридалиги, ҳар қандай истакни жиловламаслик, бир жинсдагилар орасидаги никоҳ, яланғоч эротизм сингари миллий маънавий қадриятларимизга тамомила зид бўлган тутумлар ҳам азбаройи бизнинг ахлоқимизга зарба бериб, маънавиятимизни оёқости қилиш учун эмас, балки айрим одамларга қулай, уларнинг истагу хоҳишларига мувофиқ бўлгани сабаб қўллаб-қувватланаётганини ҳисобга олиш тўғри бўлади. Буни кўзда тутиш ахлоқсизликни ахлоқ даражасига кўтарадиган оммавий маданиятни мутлақо зарарсиз ҳисобламаса-да, унинг кимнидир йўлдан оздириш учун махсус ўйлаб топилган ёвуз ҳодиса эмаслигини таъкидлашга хизмат қилади. Постмодернизм анъанавий эстетик қадриятларнинг қадрсизланиши ўрнини аслида беқадр бўлган “маданий ҳодиса”ларга қадр бериш билан қоплашга уринади. Постмодерн эстетика модернизмда санъатга алоқасиз ва номуҳим саналган оммавий маданият, экология, феминистик сингари соҳаларни ҳам қамраб олгани сабабли тинимсиз энига кенгайиб боради.
Юксак санъат билан бир марталик истеъмолга мўлжалланган оммавий маданиятнинг ўзаро яқинлашуви, жамият аъзоларида санъатни, биринчи навбатда, кишига завқ бериб, ҳордиқ чиқаришга хизмат қилиши керак бўлган гедонистик (лаззат берувчи) восита тарзида тушунишнинг ёйилиши билан одамларда турли даражадаги бадиий дид бўлиши мумкинлиги ва бунинг илдизи кишининг интеллекти ва туйғулари ҳамда у яшайдиган ижтимоий-маиший шароитга бориб тақалиши жўнидаги олдинги қарашлар ўз қимматини йўқота боради. Постиндустриал жамиятда эстетик дид рамзий маъно касб этиб, истеъмол эркинлиги шароитида нарса эмас, балки ахборот ва белги алмашиш орқали завқланиш ва лаззат олиш муҳим саналади. Асил санъат ҳодисалари ўрнини симулякр (сохта эстетик яратиқ)ларнинг эгаллаши мумкинлиги дидларни бирхиллаштириб, ўртадаги айирмаларни йўққа чиқара боради. Тўғри, ҳар қандай шароитда ҳам санъат ҳодисаларига турлича қарашлар сақланиб қолади, лекин истеъмол санъатининг оммавийлашуви дидларнинг ўтмаслашувига олиб келади. Негаки, истеъмол – тўхтов билмайдиган, ҳар куни, ҳар дақиқада ишлаб чиқарилиши, сотилиши ва истеъмол қилиниши керак бўлган узлуксиз кечим. Бу жараёнда саноатлик устуворлик қилади. Асил санъат асарини эса саноат усулида яратиб бўлмайди. Бир-бирига ўхшаш саноат маҳсулотлари истеъмолига мослашган дид ҳам ўхшаш бўлади.
Постмодерн эстетика телевидениенинг вазифасига ҳам жиддий ўзгартиришлар киритади, натижада кўрсатувлар – реал ҳаёт, ҳаёт эса, телевидениенинг инъикоси тарзида қабул этиладиган бўлади. Постмодерн кўрсатувларнинг асосан кўнгилочар шоулик, томошабоплик ва узлуксиз давомийлик хусусиятларига эгалиги томошачилар аудиториясининг руҳиятини ҳам ўзгартириб юборади. Дунёнинг глобаллашувига олиб келган техник ҳамда ахборот воситаларининг қарқин (шиддат)ли ривожи инсон руҳияти ва дидининг ҳам глобаллашувига олиб келди.
Чин илмий ва бадиий кашфиётлар хос кишилар томонидан яратилиб, уларгагина таъсир қилиши ва тушунарли бўлиши керак, деб қарайдиган модернистик ёндашувга қарама-қарши тарзда постмодернизм фалсафа, санъат ва адабиётнинг оммавийлигига интилади. Постмодерн эстетик назария ҳар қандай санъат асари кўпчилик томонидан англанадиган бўлибгина қолмай, балки истаган одам томонидан яратилиши ҳам мумкин ва керак деган қарашга таянади. Постмодернизм ўтмиш, тарих, маданият, фольклор, адабиёт ва санъатга доир меросга эҳтиромли муносабат зарурлигини рад этиб, унга эркин, ножиддий, ўйнаброқ кинояли ёндашиш мумкин ва лозим деб билади. Шу сабаб постмодернизмда бадиий-эстетик анъаналарга амал қилинмайгина қолмай, уларга киноя билан ўйнаб муносабатда бўлинади. Тарихни бадиий ўзлаштириш борасида классик адабиётда бўлган ўтмишга эҳтиромли ёндашиш постмодернизмда ундаги кулгига лойиқ қирраларга кўпроқ урғу бериш билан ўрин алмашади.
Агар модернизмда олам ҳодисаларининг хаос (тартибсизлик) эканидан келиб чиқиб, ижодда ҳаётий хаосдан эстетик космос (санъат) яратилади деган қараш устуворлик қилган бўлса, постмодернизмда ана шу хаосни ўйин шаклида бадиий тадқиқ этиш эстетик мақсадга айланади. Яъни постмодернизм ҳар қандай бадиий яратиқнинг бирламчи вазифаси истеъмолчига маъқул келишдан иборат бўлиши кераклигини кўзда тутади. Адоқсиз сўз ўйинларидан фойдаланиш, тақлид, мантиқсизлик ёхуд тескари мантиқ келтириб чиқариш йўли билан кулги пайдо қилиш; тасвирда бадииятга алоқаси йўқ кўча сўзларини бемалол ишлатиш орқали эътибор тортиш постмодерн адабиётнинг хос белгилари саналади. Постмодерн асарлар кўпинча ўнг келиб қолган сўз ўйинидан фойдаланиш, фақат айни вазият учун бир мартагина қўл келадиган бадиий ҳолат пайдо қилишга, яъни бирмарталик матн яратишга қаратилади. Худди бирмарталик стакан, сочиқ, шприц янглиғ санъат асари ҳам бир марта фойдаланишга яроқли бўлиши етарли саналади. Олдингидай матннинг асрлар оша яшайдиган бўлишига эришиш мақсад қилиб қўйилмайди. Маиший турмушда жуда кўп нарсаларни бир марта ишлатишга кўниккан одам санъат асарини ҳам шундай истеъмол қилишга кўника боради. Шу тариқа жамиятда мавжуд бўлган маънавий-ахлоқий талаблар салмоғи шахс ҳаёти ва қулайлиги олдида жуда аҳамиятсиз, ножиддий ва кулгига лойиқ эканига, худди шу тўсиқ-тазйиқлардан озодликкина одамнинг тириклигига мазмун бағишлашига одатланилади.
Постмодерн адабий ижод кўпроқ бадиий нутқдаги сўз ўйинлари тизимида намоён бўлади. Мумтоз адабиёт намуналаридан олиниб, ўзининг асил маъносига тамомила терс мазмунда қўлланиладиган узинди (цитата)лар постмодерн битикларнинг асосий хомашёси саналади. Ё оҳанг, ё сюжет ёки қандайдир бир лавҳа ёхуд қайсидир фикр кўчирилиши ва олдингисига тамомила ёхуд қисман терс маъноларда қўлланилиши орқали кулги туғдирилиши, бу кулгининг манбаси истеъмолчилар томонидан тўла англашиладиган бўлиши постмодерн битик учун бош мақсад саналади.
Мавжуд адабий тизимларнинг атай бузилиши, бадиият борасида олдиндан шаклланган тушунчавий аппарат, норма ва ўлчамларнинг онгли равишда инкор этилиши, бошқача айтганда, ҳеч қандай турғун белгининг йўқлиги постмодерн йўналишдаги эстетик яратиқларнинг энг турғун белгиси ҳисобланади. Бу ўринда парадоксал мантиққа амал қилинади: ҳеч қандай доимий белгига эга эмаслик постмодерн ижоднинг доимий белгиси саналади. Постмодернизм азал-азалдан бадииятнинг ўлчови ҳисобланиб келган яхлитлик, уйғунлик, тугаллик, гўзаллик сингари тасаввурларни барбод этиб, аристотелча-гегелча-кантча мумтоз эстетик ёндашувнинг барча асосий қоидаларини инкор қилади.
Бу ҳол кимларнингдир истаги туфайли эмас, балки очундаги геосиёсий вазиятнинг омонатлиги, ижтимоий тузум ва тизимлардаги тинимсиз ўзгаришлар, уларга ёндашув ва изоҳларда бир хиллик йўқлиги, маънавий улгуларнинг тўхтовсиз алмашавериши, нафақат бугун ва келажак, балки ўтмишни изоҳлаш борасида ҳам адоқсиз турфалик борлиги, ижтимоий ҳаётда таваккал (авантюра)га асосланган тийиқсиз ва башорат қилиб бўлмайдиган стихияли жараён ҳукмронлиги янглиғ ҳолатлар воқеликка постмодерн муносабатни, у эса ўз навбатида, постмодерн санъат ва адабиётни юзага келтиради.
Ҳозирги кунда кўпчилик одамлар орасида кенг ёйилган воқеликдан норозилик кайфияти техник прагматизм билан қўшилиш натижасида оммада ҳамма нарсага ишончсизлик, киноя, мазахомуз қараш, аламангиз қувноқликни юзага келтирган. Аввалбошдан эрмак ва овунчоқ сифатида яратилгани, алоҳида ҳозирликсиз, ақл ва туйғуларни зўрламай туриб ҳам бемалол томоша қилиш мумкинлиги постмодерн асарларнинг оммалашувига олиб келади. Ҳеч қандай бадиий ва ахлоқий чекловни тан олмаслик оқибатида инсоният томонидан ўтмишда яратилган бутун маданиятга бирваракайига постмодерн эстетиканинг объекти ва материали тарзида қарала бошланди. Яъни санъат соҳасида ўтмиш маданиятига алоҳида қимматга эга дахлсиз эстетик қадрият эмас, балки пародия қилиш учун хомашё, исталганча қайта бадиий ишлов берилиши мумкин бўлган бирламчи материал сифатида қараш қарор топди. Бадиий яратиқлардан муқаддаслик тамғасининг олиб ташланиши постмодерн ёндашувга популистик хусусият бахш этади.
Олдин яратилган матнларга дахл қилиш йўли билан янгилик яратиш постмодерн эстетикада ўтмиш адабиётни инкор этиш ёхуд ундан узилиш эмас, балки унинг занжирига янги бир ҳалқа қўшиш тарзида изоҳланади. Яратилаётган постмодерн битиклар ва мумтоз асарларнинг янгича талқинлари уларнинг трансмаданий универсал бадиий-эстетик қимматга эгалигига кўра баҳоланади. Янгича бадиий эффект беришга мўлжалланган қоришиқлик, классик талаблар ва модернистик ёндашувларнинг постмодерн қарашлар билан уйғунлаштириб юборилиши постмодерн поэтиканинг асосий белгисидир. Классик уйғунлик (гармония) билан модернистик ноуйғунлик (дисгармония) қўшилуви постмодернга хос ноуйғун уйғунлик ёки келишимсиз гўзаллик тушунчасини юзага келтиради. Бу тушунча ўтмиш адабиётларда бир қадар ёйилган шакли, кўриниши хунук бўлса-да, моҳияти гўзал бўлган образлар эмас. Қадриятлар синкретизми постмодернизмга санъат яратиқларида яхшилик билан ёмонлик, ҳалоллик билан нопоклик, адолат билан адолатсизлик ўртасидаги қарама-қаршиликни пайқалмайдиган ҳолатда тасвирлаш имконини беради. Чунончи, ўзи ёқтирмаган одамни ўлдирган, банкни усталик билан ўмарган, рақибини маҳорат билан чув туширган тимсоллар истеъмолчида ёқимли таассурот қолдирадиган йўсинда тасвирланадики, буни “келишимсиз гўзаллик”дан бошқа йўсинда номлаш қийин. Постмодернизмда эзгулик билан ёвузлик қарама-қарши қўйилмай, улар ўзаро ажралмас уйғунлик саналади, универсал кўпўлчамлилик, яъни ҳар қандай нарса-ҳодисага турли ракурслардан туриб турлича баҳо бериш мумкинлиги ҳаётнинг тўқималаригача сингиб кетган табиий ҳолат ҳисобланади.
Постмодернизм объектив борлиқни ҳаққоний акс эттиришдан кўра видеоклип, компьютер ўйини, аттракцион сингари иккиламчи, сунъий реалликлардан фойдаланган ҳолда уни эстетик моделлаштиришга кўпроқ диққат қаратади. “Иккиламчи реаллик” билан ишлаш тамойили санъатнинг адабиёт, мусиқа, балет, театр сингари ўта жиддий тармоқларини ҳам ўз домига тортади. Иккиламчи реалликнинг чексиз техник имкониятларига таянган постмодерн эстетика яратувчиликни одамнинг субъект сифатида мавжудлигининг асосий белгиси деб ҳисоблайди. Шу ўринда бу жиҳат санъатдаги шартлиликка ўхшаш ҳодиса эмасми деган иштибоҳ пайдо бўлиши мумкин. Шартлилик шундай экани санъаткор, ўқирман ҳамда томошачи томонидан шартли равишда қабул қилинган ҳолатни англатади. Иккиламчи реаллик эса техник воситалар ёрдамида йўқ нарсани бордай қилиб кўрсата олишни билдирадиган тушунчадир. Иккиламчи реалликни асил реалликдан устун қўйганидан постмодерн тафаккур агар Худо олам ва одамни яратган бўлса, одам Худони ҳам қўшган ҳолда бутун оламни а) эртак йўсинида аудиал ҳамда б) кино ва телеиндустрия маҳсулотлари шаклида кўзга кўринадиган қилиб визуал шаклда бирваракайига икки даражада ярата олади тарзидаги шаккокларча даъво қилишгача боради. Постмодерн эстетикага кўра олдиндан белгилаб қўйилган йўсинда ҳаракат қилиб, аввалдан мўлжалланган натижага эришиш эмас, балки йўл-йўлакай мутлақо кутилмаган ва хаёлда ҳам бўлмаган нарсани дунёга келтириб қўйиш чинакам бадиий ижодкорлик саналади.
Кўринадики, постмодерн санъат ҳодисаларини яратишда кўпроқ визуалликка таянилади ва эстетик яратиқлар орасида адоқсиз синкретизм, қоришиқлик бўлиши кераклигига урғу берилади. Бунга кўра адабиёт билан фалсафа ва тарих ўртасидаги ҳамда адабиёт билан кино, театр, мусиқа сингари санъат турлари орасидаги қоришиқлик метасанъат; адабиётнинг ўз ички тур ва жанрларидаги анъанавий чегараларнинг ювилиб кетиши метаадабиёт деб аталмиш ҳодисани юзага келтиради. Кенг қамровли “метаадабиёт” атамаси сўз ўйинларининг саноқсиз кўринишдаги қуроқ комбинацияларидан иборат бўлиши мумкинлигини кўзда тутади. Интеллектуал теранликнинг қизиқарли сюжет билан уйғунлашуви постмодерн матннинг ўқишли, осон тушуниладиган ва истеъмолчига завқ берадиган бўлишига имкон яратиб, оддий китобхонлар оммаси билан бирга баъзан нафис адабиётнинг дидли ихлосмандлари эҳтиёжини ҳам қондиради.
Постмодерн эстетика ёзувчилик ишига ҳар бир одам ўзига эрмак учунгина қиладиган инстинктив, интуитив, мақсадсиз, ҳаётнинг ўзи янглиғ нотугал ижодий-руҳий ҳолатнинг воқе бўлиши деб қарайди. Услубий плюрализм, эклектизм ва артефакт (тасодифан пайдо бўлиб қолган эстетик яратиқ)лардаги бир вақтнинг ўзида истаганча талқин этиш мумкин бўлган ола-қуроқлик постмодерн яратиқнинг етакчи бадиий хусусияти саналади. Постмодерн эстетикага кўра битикларда хаос, сирлилик, англаб бўлмаслик ва уйдирманинг қоришиқ келиши табиий, санъатга инсоннинг эмас, балки инсонга санъатнинг маҳсули деб қараш мантиқий ҳисобланади. Бунда ҳар бир матнга ўқирман билан ижодий мулоқотнинг алоҳида бетакрор кўриниши бўлган бирмарталик махсус адабий жанр деб қаралади. Постмодернизмдаги жанрлар ва услубларнинг калейдоскоп сингари турланиши ўтмишнинг эстетик пойдеворига таянган ҳолда шаклланган маданий тўсиқларни бузиш, ижодкорлик ва ташаббускорлик қопқаларини очишга уриниш тарзида қабул этилади.
Юксак ва қадри баланд бадиий яратиқлар билан тубан ҳамда беқадр нарсалар ўртасидаги фарқни тан олмайдиган постмодернизмнинг юзага келиши ва ёйилишида Кунботиш аҳлининг табиатига хос менчилик, лаззатга ўчлик, истакларни жиловлашга уринмаслик каби майллар устуворлигининг ҳам ўзига яраша ўрни бор. Кунботишликларнинг байрами ҳам, ғалабаси ҳам, қувончи ҳам кўпинча увол ва гуноҳ орқали нишонланади. Бир-бирларига отиб, шалтоғига бир-бирини белаб байрам қилиш учун юзлаб тонна помидор атай олиб келинади, ўтиришу базмларда бир-бирларининг башарасига торт билан уриб қувонч изҳор қилинади, бирор ғалабага эришилса, шампань ёки винони ҳавога сочиб нишонланади. Антик даврда кунботишликлар дам олиши учун гладиаторлар бир-бирини ўлдиришган бўлсалар, кейинроқ жанговар буқалар билан тореадорлар олишувидан роҳатланилди, эндиликда шаҳар кўчалари бўйлаб қутурган буқалар подаси билан бирга оломон пойга қилиб лаззатланилади.
Танасидаги тўқималаргача Дионис шарафига қилинган байрамлардаги тийиқсизлик сингиб кетган Кунботиш кишиси учун жисмоний истакларни жиловлашдан кўра оғирроқ жазо йўқ ҳисобланади. Фрейднинг машҳур либидо назарияси ҳам жиловсиз истакни тийишга қаратилган ахлоқ ва дин аҳкомларига исён ўлароқ пайдо бўлган. Унингча, одамдаги ҳар қандай руҳий хасталик жинсий майлни тийишга мажбур бўлганликдан келиб чиқади. Постмодерн санъат ва адабиёт истеъмол билан тийиқсизликни тириклигининг мақсадига айлантирган қавмлар руҳоний ҳамда маданий эҳтиёжи натижаси сифатида дунёга келган дейиш мумкин. Бундай кишилар сони эса Кунботишдан бўлак юртларда ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Чунки одамга бирор мажбурият юкламайдиган бундай турмуш тарзининг кўпчиликка ёқимли туюлиши табиийдир.
Кунботиш кишисининг ҳатто Яратганни таниши, тан олиши ва у билан ҳисоблашиши борасида ҳам ғалати бир ҳолат кузатилади. Ботиш одами гўё Яратган билан келишиб, муайян шартнома тузиш, баъзан ҳатто Уни чалғитиш ҳам мумкин деганга ўхшаш шаккок хаёл қилади. Уларнинг қиёмат борасидаги тасаввурларининг нақадар жўн ва одми экани ҳам диний эътиқодларининг даражасидан далолатдир. Ақлли-ҳушли, туппа-тузук одамларнинг 2013 йил 21 декабрида қиёмат қўпишига ишонганликлари ҳамда ўша кунда катакомбалар, бункерлар, ерости иншоотлари ва ғорларда жон сақлаб қолиш умидида бир дунё озиқ ва ичкиликлар жамғариб қўйганликларининг ўзида Яратганнинг қудрати ва иродасига нописанд муносабат ётади.
Модернизм, қайсидир даражада, тафаккур маърифатидан эзгулик тополмай, кўнгил маърифатига интилиш кераклигини савқитабиийси билан ҳис этган, аммо бунинг йўлини билмаган истеъдод эгаларининг уринишлари ифодаси бўлганди. Унинг замирида онгсиз йўсинда бўлса-да, Яратганни излаш, унга интилиш бор эди. Лекин тақдирга бўйин бергиси келмайдиган, фақат инсоннинг ақли билан изоҳлаш мумкин бўладиган ҳолатларнигина тан олиб, борлиқнинг саноқсиз ҳолатлари шу ақл билан изоҳланиши шарт деб ҳисоблайдиган Кунботиш одами учун модернизм фалсафа, сиёсат, санъат ва адабиёт бобидаги ўзига хос исён ифодасига айланганди. Постмодерн эса, аввал-бошдан инсоннинг руҳоний ва фикрий имконият ҳамда уринишларига қилинган пародия ўлароқ юзага келади. Матн дахлсизлиги, муқаддаслиги барҳам топиши постмодерн адабиётга интерфаол хусусият бахш этади. Истаган ўқирман истаган бадиий матн билан танишиш асносида унга муайян ўзгартиришлар киритиб “ижод” қилишга ўзини ҳақдор санай олади.
Классик анъаналарни тамомила эркин тушуниш ва талқин этиш ҳамда бадиий меросни ультразамонавий техника билан уйғунлаштирган ҳолда янги бадиий яратиққа айлантиришни кўзда тутадиган постмодерн санъат эстетикаси олдин яратилган санъат намуналарига фақат истеъмол қилинадиган товар сифатида қарашни илгари суради. Постмодернизмнинг моҳияти унинг анъанавий эстетик қадриятларни ноанъанавий идрок этиш орқали янги бадиий уфқларни эгаллашга имкон берадиган беқарор ва ўткинчи табиатида намоён бўлади. Постмодернизм бир вақтнинг ўзида ўтмишга қайтиш билан келажакка юришни уйғунлаштирувчи ҳодиса ўлароқ эски ҳодисалардан фойдаланган ҳолда янги бадиий анъаналарни юзага келтиришни кўзда тутади. Постмодернизм тажриба ўтказиш берадиган адреналин орқали очун цивилизациясининг узоқ ва яқин деб аталувчи икки босқичли ўтмишини бугунга қайтариб фаоллаштиради. Яъни ўтмиш санъат асарларига бемалол дахл қилиш йўли билан уларни бугунга хизмат қилдиради.
Постмодерн санъат одам ва инсонпарварлик, технотрон цивилизацияда шахснинг ўрни сингари муаммоларга диққат қаратиб, инсонга эътибор беради. Лекин унда инсон идеаллаштирилмай, унинг комиллик имконияти ғоят чекланган деб қаралади. Шу сабаб инсонга Уйғониш давридагидек марказдан эмас, четроқдан жой беради. Бу ҳолат постмодерн санъатда персонажларнинг кўпинча мўрт, омонат, серҳадик ва тайинсиз кимсалар сифатида тасвирланишига олиб келди. Постмодерн адабиётдаги персонажлар майда, тайинсиз, ножинс, тийиқсиз экани билан классик ва модерн адабиётдаги салафларидан тубдан фарқ қилади. Модерн адабий персонажлардаги рационал, барқарор “Мен”нинг парчаланиши постмодерн адабиётда кўптаркибли (гетероген) образлар дунёга келишига имкон берди. Постмодерн асарларда тайинсизлик, вампиризм, умидсизликнинг туганмас лабиринти ва доимий хаос, кўпчиликка ўхшаб яшамайдиган кимсаларнинг тийиқсиз саргузаштлари тасвири устуворлик қилади. Оммага мўлжалланган бундай қизиқарли сюжетларнинг изчил тасвири классика, авангард, оммавий маданият, интеллектуаллик ва гедонизмни қориштириб, санъат ва кундалик турмушнинг ўзига хос “умумий эстетика”сини юзага келтиради. Қоришиқ адабий симулякр баъзан кутилмаганда чуқур тагмаъно касб этиб, асилдай кўринадиган кич (сохта, ясама) ёрдамида санъатни нозик идрок этадиган билимдон ўқирманлар дидига ҳам мос келадиган бадиий бетакрор яратиқлар юзага келишига сабаб бўлади.
Бутун эътибор фақат одамга қаратилиб, унга коинот гултожи сифатида қараладиган антропоцентрик гуманизмдан нафақат инсон, балки коинотдаги жонли-ю жонсиз барча яратиқларга аёвли қараш кераклиги кўзда тутиладиган универсал гуманизмга ўтиш тамойили юзага келиши ҳам постмодерн тафаккурга хос хусусиятдир.
Постмодерн санъатнинг салкам бир асрлик тараққиёт тарихини шартли равишда қуйидаги босқичларга бўлиш мумкин:
- ХХ аср бошларидан 60-йилларгача бўлган шаклланиш даври. Бу босқичда постмодернизм асосан АҚШда меъморчилик, телевидение ва дизайнга тегишли бирмунча тор доирадаги ҳодиса сифатида мавжуд эди.
- 60–70-йилларни ўз ичига олувчи оёққа туриш босқичи. Ўтган юзйилликнинг 60–70-йилларида Америкадан Оврўпога ўтиши билан постмодерн санъат ривожининг иккинчи даври юзага келди. Бу босқичдаги постмодерн яратиқларга хос етакчи жиҳат плюрализм ва эклектизм эди. Бу давр постмодернизмининг асосий белгиси ўтмишга киноявий назар, эски матнга янги маъно берадиган метатилдан фойдаланиш бўлиб, назарий асосчиси йирик итальян ёзувчиси ва олими Умберто Эко эди.
- Постмодерн санъат тараққиётининг ҳозирги, учинчи босқичи 80-йиллардан бошланади. Назарий пойдевори Жак Деррида қарашлари асосида шаклланган бу босқичнинг яққол кўзга ташланадиган белгилари сифатида постмодерн яратиқларнинг эротиклашиб бориши, уларда аёллар шаҳвонияти, одамнинг физиологик жинси билан психологик жинси ўртасидаги номувофиқликда намоён бўладиган транссексуализм, бир жинслилар ўртасидаги муносабат тасвирига кўп ўрин берилиши каби жиҳатларни кўрсатиш мумкин.
Минглаб йиллар давомида ижодкорлардан ёзилиши керак бўлгандай ёзиш талаб қилиб келинган бўлса, модернизмда ёзилганидай ёзишга ўтилди. Модернизмдан сўнг келган “кейинги” маъносидаги “пост”, “кейингидан кейинги” маъносидаги “постпост” ва “орқали, ёрдамида” маъносидаги “транс” олдқўшимчалари билан қўлланиладиган “постмодернизм”, “постпостмодернизм”, “трансавангардизм” янглиғ йўналишларда битилган яратиқларни шартли равишда ёзилиши керак бўлмаганидай ёзиш маҳсули дейиш мумкин. Ушбу фикрни агар реализм “ҳақиқат тўғрисидаги ҳақиқат” бўлса, модернизм “ҳақиқат тўғрисидаги ёлғон”, постмодернизм эса “ёлғон тўғрисидаги ҳақиқат”дир тарзида ҳам ифодалаш мумкин. Постмодернизм санъат асари алоҳида истеъдод эгалари томонидан яратиладиган эмас, истаган киши ясаши мумкин бўлган маданий товардир, демакки, ҳар қандай одам ҳам санъаткор бўлиши мумкин йўсинидаги қарашлар тизимини ифодалайдиган ёндашув тарзидир.
Ҳозирда очуннинг турли пучмоқларига кенг ёйилган ушбу фалсафий-эстетик йўналишга хос хусусиятлар постмодернизм ҳодисасини юзага келтирган унсурларни англатувчи бир қатор ўзига хос атамаларда ёрқинроқ намоён бўлади. Постмодерн эстетикада мавжуд бутунни бузиш орқали янги бадиий бутунлик яратиш маъносидаги “деконструкция”, очундаги ҳамма нарсада мажоз борлигига ишора қилувчи “рамзийлик”, ҳаётдан ва ўзгалардан сўроқсиз ўзлаштириш йўли билан товламачилик орқали санъат яратиш маъносидаги “симулякр”, осон йўл билан ясалган сохта ва арзон санъат намунаси маъносидаги “кич”, ўзгаларга тақлид, бошқа битиклардан нусха кўчириш йўли билан улардан кулиш кўзда тутиладиган “киноя”, йўқ жойдан кутилмаганда пайдо бўладиган адабий товар маъносидаги “артефакт”, бадиий асарни яратишда санъаткор ва ўқирман шериклиги маъносидаги “интерактивлик”, қоришиқлик ва оммабоплик маъносидаги “универсализм” ва бошқа бир қатор хос атамалар тизими мавжуд. Ўша тушунчалар маъноси англаб етилсагина постмодернизмнинг табиатини илғаш ҳамда бу йўналишда яратилган асарларни таҳлил қилиш мумкин бўладики, қуйида ана шу атамаларнинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилинади.
Деконструкция. Бутунни қисмларга ажратиш, бўлакларга бўлиш маъносидаги юнонча “analyusis” (анализ) cўзининг лотинча маънодоши бўлган “деконструкция” атамаси постмодерн яратиқларни тушуниш ва тадқиқ қилишда муҳим очқич тушунча саналади. Илмий манбаларда қайд этилишича, дастлаб меъморчиликда қўлланган ушбу атама илмга 1964 йилда машҳур файласуф М. Хайдеггерга таянган ҳолда Жорж Лакан томонидан киритилган ва кейинчалик Жак Деррида уни назарий жиҳатдан асослаган. Меъморчиликда қачонлардир қурилган бинолар қисман бузилиб, муайян қайта қуришлардан сўнг тамомила янги иншоотга айлантирилиши деконструкция саналган. Таъкидлаш керакки, мавжуд биноларни деконструкция қилиш фақат постмодернизмга тегишли ҳолат эмас. Одамзод пайдо бўптики, олдин яратилган биноларни баъзан бугуннинг диди ва талабларига мослаб қайта қуришга уриниб келади. Ўзбекистонда ҳам бир қатор иншоотлар деконструкция қилинган. Жумладан, “Ватан” кинотеатри бир қадар ўзгартирилиб, Ҳамза номидаги академик театр биносига, у жиддий қайта қурилиб, Миллий академик катта театрга айлантирилди. Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти биноси деконструкция ёрдамида таниб бўлмайдиган тусга кирди ва Кореянинг INHA университети сифатида қайта фаолият кўрсата бошлади. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Постмодерн адабий асарни тадқиқ этишнинг методологик таянчи саналадиган деконструкция тушунчасининг моҳияти ҳар қандай матндаги ички имкониятларни аниқлаб, ундаги нафақат оддий ўқирман, балки шу асарни ёзган муаллифнинг ҳам хаёлида бўлмаган, аммо сўзларнинг ўзида табиий равишда ҳамиша бор бўлиб, муайян ўзгариш натижасида қалқиб чиқадиган янги маъноларни топишдан иборатдир. Деконструкцияга кўра матнда тилнинг ички табиатидан келиб чиқадиган ва инсон томонидан йўқотиб бўлмайдиган объектив мантиқ мавжуд. Яъни муайян матн орқали муаллиф бир фикрни айтмоқчи бўлади, амалда эса, унда қўлланилган сўзларни салгина ўзгартириш билан тамомила бошқа фикр келиб чиқади. Маъноли қисмлардан иборат матнни деконструкция қилиш, яъни бўлакларга бўлиб, айрим ўзгаришлар билан қайта тиклаш орқали янги маъно чиқариш деконструкциянинг вазифасидир.
Деконструктив ёндашув ҳар қандай бадиий матн ўз табиатига кўра ҳамиша муаллиф кўзда тутганидан жиддий фарқ қиладиган мазмунни ташийди, деб ҳисоблайди. Бундай мантиққа биноан муайян мақсадларда атай ташкил этилган ва шу боис тез-тез ўзгариб турадиган иқтисодий, сиёсий, диний, тарбиявий ва бошқа тузилмаларга нисбатан турғун ҳодиса бўлган тил орқали ҳар қандай бадиий матнга деконструкция материали сифатида ёндашиш имкони бўлади. Матндаги сиртдан кўзга ташланиб турадиган мафкуравий мантиқни эмас, балки сўзлар ҳужайрасига кодлаб қўйилган иррационал мазмунни кашф этиш деконструкциянинг вазифаси саналади. Бундай ёндашувнинг матн замиридаги ҳар қандай мазмунни аниқлашга қаратилган ҳерменевтик ёндашувдан фарқ қиладиган жиҳати, биринчидан, деконструкцияда матндан иррационал мазмун қидирилади, иккинчидан, матндан табиий равишда келиб чиқадиган мазмун эмас, балки излаётган кимса истаган мазмун қидирилади.
Бадиий мантиқни ҳаётий мантиққа тўла кўчириш мумкин эмаслиги деярли ҳамиша айни бир бадиий матннинг турли одамлар томонидан турлича қабул қилинишига сабаб бўлади. Деконструкцияда муайян матннинг рационал мағзини тушунишдан кўра, ундан иррационал маъно чиқаришга имкон борлиги билан кўпроқ қизиқилади. Яъни текширилаётган битикнинг тушунилиши эмас, балки матндан инсон тушуниб етмайдиган қирраларнинг намоён бўлиши кўпроқ эътиборлидир. Деконструктивистлар учун бадиий яратиқни ҳар қандай тушуниш азалий ва мангу хатодир, шу сабаб янгича талқинга ҳамиша эҳтиёж мавжуддир. Деконструкция ўз таҳлилининг-да шундай қисматга маҳкум эканини ҳам кўзда тутади.
Деконструкция матн таркибини шунчаки демонтаж қилиш эмас, балки бўлакланган бутунга янгича маъно юклаб, қайта тиклашдир. Бу кечимда муайян бадиий матндан кўра, у ҳақда шаклланган қарашнинг демонтаж қилинишига кўпроқ эътибор қаратилади. Чунки ҳар қандай бадиий матн тўғрисидаги ҳар қандай одамнинг ҳар қандай фикри ҳар қачон қайта кўриб чиқилишга лойиқдир. Деконструктив синчиликда бирор бадиий матн изоҳи юзасидан сўнгги фикр айтилди, якунланган тугал талқин қилинди дейиш мумкин эмас. Унга кўра, ҳатто матн муаллифи ҳам ушбу асардан шундай маъно чиқади дейишга ҳақли эмас. Чунки адабий сўзнинг ҳар қандай қўлловчи, жумладан, муаллифга ҳам боғлиқ бўлмаган ўз яширин маънолари борки, бу ҳол ҳамиша деконструкцияга, яъни олдинги қарашни бузадиган янгича ёндашувга эҳтиёж ва имкон пайдо қилади. Деконструкцияда муайян матн битилиб, эълон этилгач, ҳар қандай муаллиф айни матнга таъсир кўрсатолмайди ва унинг учун йўқ ҳисобланади тарзидаги тўхтамни англатувчи “муаллиф ўлими” деган қарашга таянилади.
Деконструкция назариясига кўра, адабий синчилар матндан жамият аъзоларига маъқул келадиган хулосалар чиқаришга уринмасликлари, балки матнга бир ўйин майдони сифатида ёндашиб, ундан янги-янги маънолар топишлари керак. Матнга бундай ёндашув синчига битикдан кутилмаган маънолар чиқаришнинг саноқсиз имкониятларини беради. Шу йўсинда матннинг ўзгармас ҳақиқати ҳам, олдиндан белгилаб қўйилган мақсади ҳам кўзда тутилмайдиган, ўйнаб қилинадиган ва ҳеч қачон тугамайдиган эркин талқин юзага келади. Деконструкцияда матнга талқинчи ёки муаллиф томонидан фикрий чегара белгилашга йўл қўйилмайди, сўнгги ва нуқсонсиз таҳлил бўлиши мумкинлиги инкор қилинади ҳамда ҳар қандай матндан иккиламчи маъно, яширин мазмун, ички зиддият топишга уринилади.
Деконструктивистлар бадиий тафаккурнинг ҳар қандай тизимида объектив равишда ўқирман шуурига йўналтирилган мафкуравий стратегия мавжуд ҳамда у ҳамиша бадиий яратиқ тўғрисида ягона ва сўнгги ҳақиқатни айтишни даъво қилади деб ҳисоблайди. Деконструкция учун матнда тасвирланган ҳаётий воқелик, яъни тилдан ташқаридаги борлиқ муҳим саналмайди. Чунки тилдан ташқаридаги реаллик ўз табиатига кўра ўткинчи ва омонатдир. Бунга кўра тафаккурнинг мафкуравий табиати ҳар қандай адабий матнда бир-бирига қарама-қарши бўлган учта куч: а) муаллиф нияти; б) ўқирман англами ва в) матннинг маъноси тўқнашадиган майдонда намоён бўлади.
Бирор битик муаллифи маълум тарихий даврда яшаётган одам сифатида муайян тилнинг табиатида олдиндан мавжуд бўлган тушунча ва тасаввурларни ўзича қайта идрок этиши билан тилнинг мавжуд тизимини бирламчи “деконструкция” қилади. Аммо муаллифда ўз қарашларини тилда азалдан амал қилиб келинган шаклдан ўзгача тарзда ифодалаш имкони бўлмайди. Тил шахсиятлардан юқори турадиган куч сифатида муаллифнинг бирламчи нияти ифодаланишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. У муаллиф ниятига таъсир кўрсатибгина қолмай, матнга бошқача мазмун юклаши, яъни муаллифнинг мафкуравий асосларини объектив йўсинда “деконструкция” қилиши ҳам мумкин. Постмодернизмда матнни таҳлил этишда ҳамиша қўл келадиган муайян миқдордаги қоида ёки ёндашувлар бўлмаслиги таҳлил ва тадқиқ йўсинларининг тинимсиз равишда ўзгариб туришини тақозо қилади.
Деконструкция бадиий матннинг таҳлили ҳам, танқиди ҳам эмас. Унинг таҳлил эмаслиги шундаки, матн таркибини бузиш ва қайта қуриш олдинги ҳолатнинг ўзига шунчаки қайтиш ёки уни изоҳлашдан иборат бўлмай, балки унга янгича кўриниш ва оригинал мазмун бағишлайди. Деконструкциянинг танқид эмаслиги шундаки, бузиб қайта тикланган олдинги матн яроқсизга ҳам чиқарилмайди, инкор ҳам этилмайди, баҳоланмайди ҳам.
Деконструктив қарашга кўра борлиқдаги ҳар қандай мавжудлик озгина уриниш билан постмодерн санъат намунаси бўлиши мумкин, айни вақтда постмодерн санъат намунаси алоҳида мустақил мавжудлик эмас. Негаки, ҳамма нарсада бор нарса, айни бир нарса ҳолида йиғилмагани учун йўқ нарса ҳамдир. Деконструкциянинг моҳияти кўпинча таваккалига қилинадиган силжиш ва ўрин алмаштиришларда юзага чиқиб қолади. Аниқ ва қатъий белгилаб қўйилган ечимнинг йўқлиги; арзимас, майда, иккинчи даражали нарсаларга эътибор қаратиш ва ўйин қилиш орқали постмодерн санъатни юзага келтириш деконструкциянинг асосий белгиси ҳисобланади. Таниқли шоир Муҳаммад Юсуфнинг эл орасида анча машҳур “Оқ тулпор” шеъри қизиқчи томонидан муайян ўзгартиришлар билан тамомила ўзгача ва арзимас мазмун ташийдиган битикка айлантирилганки, буни бадиий матннинг постмодерн деконструкциясига яққол мисол дейиш мумкин. Ўша қизиқчи ҳазил эффект учун шеър матнига киритган ўзгартиришлар натижасида постмодерн деконструкция юзага келганини хаёлига ҳам келтирмагандир, балки. Аммо объектив равишда олдиндан мавжуд матнга киритилган ўзгартириш орқали тамомила кутилмаган, олдингисига нисбатан тамомила бошқача маъно ташийдиган матн юзага келганки, бу деконструкция натижасида пайдо бўлган артефакт намунаси ўлароқ муайян қиммат касб этади. Мавжуд матннинг қандай деконструкция қилиниши тўғрисида тўлиқ тасаввур бўлиши учун олдин шеърнинг асил матнини келтирамиз:
Оқ тулпорим бор эди,
Беклар унга зор эди.
Оғайнилар, от менга
Ҳам дўсту ҳам ёр эди.
Ёлин ўпсам тиз чўкиб,
Кафтимдан сув ичарди.
Чуҳ, десам ер чангитиб,
Осмонларга учарди.
Уйимизга бир оқшом,
Қариндошлар тўлишди.
Тўй баҳона отимдан
Айирмоқчи бўлишди.
Отам: “Йигитсан, ўғлим,
Уйланмасанг, ор, – деди.
– Қиз ярашар қучоққа,
Отга нима бор”, – деди…
От олдидан бошланди
Чимилдиққа йўлакча.
Кечир, ёрим, на қилай,
Отга меҳрим бўлакча…
Қолдим икки ўт аро,
Гўшангада – дилдорим.
Келин келган кечадан
Аразлади тулпорим.
Борми биздек ошиқлар,
Баҳоримда куз йиғлар.
Қизни ўпсам, от йиғлар,
Отни ўпсам, қиз йиғлар.
Бир бор ўпсам хотинни,
Уч бор ўпдим отимни.
Жонни қийнаб яшадим,
Кимга айтай додимни.
Ёрдан кечдим отни деб,
Элга бўлдим эрмаклар.
Қайдан билсин от қадрин,
От минмаган эркаклар?!
“Оқ тулпор” шеърининг қизиқчи томонидан деконструкция қилиниб, янги маъно билдирадиган матни эса тубандагича:
Бир булбулим бор эди,
Беклар унга зор эди.
Булбул эмас у менга
Ҳам дўсту ҳам ёр эди.
Уйимизга бир оқшом,
Қариндошлар тўлишди.
Тўй баҳона булбулимдан
Айирмоқчи бўлишди.
Отам: “Йигитсан, ўғлим,
Уйланмасанг, ор, – деди.
– Қиз ярашар қучоққа,
Булбулга не бор?” – деди…
Булбул билан бошланди
Чимилдиққа йўлакча.
Кечир, ёрим, на қилай,
Булбулга меҳрим бўлакча…
Қолдим икки ўт аро,
Гўшангада – дилдорим.
Келин келган кечадан
Аразлади булбулим.
Бир бор ўпсам хотинни,
Уч бор ўпдим булбулни.
Жонни қийнаб яшадим,
Кимга айтай додимни.
Ёрдан кечдим булбул деб,
Элга бўлдим эрмаклар.
Қайдан билсин булбул қадрин,
Булбули йўқ эркаклар?!
Кўринадики, олдин яратилган, гарчи, бир қадар сунъий бўлса-да, дардчил ва ҳузунли шеър муайян қайта қуриш орқали тамомила ўзгача ва ҳазиломуз ножиддий матнга айланган. Бир вақтнинг ўзида ҳамма нарса ва ҳеч нарса бўлган деконструкцияда изчиллик тақозо қилинмайди. Чунки у ўзини ҳар қандай тартибу қоидадан ташқарида ҳисоблайди. Шу боис оригиналдаги айрим бандлар тушириб қолдирилгани сингари, бир қанча сатрлар қўшиб ҳам юборилаверади. Янгиликларнинг осон йўллар билан юзага келишини истаган деконструкция кашфиётларнинг шу вақтга қадар мавжуд бўлган анъанавий босқичлари, концептуал ва институционал тартибларини тан олмайди. Анъанавий қадриятларни ўзгартириш орқали деконструкция кутилмаганда тилнинг моясида яширин тарзда мавжуд бўлган артефактнинг юзага чиқиб қолишига умид қилади.
Деконструкция мумкин бўлмаган ишнинг бажарилишида намоён бўлади. У олдин ишланган бир қадар тугал бадиий яратиқдан янги эстетик ҳодиса юзага келишини кўзда тутади. Ҳеч қандай мажбурий тизимнинг йўқлиги, нотугаллик, кўпвариантлилик, қоришиқлик, мажоздан мажоз, ҳикоядан ҳикоя, таржимадан таржима юзага келтириш мумкинлиги сингари жиҳатлар деконструкциянинг эстетик тизими сифатида кўринади.
Тилдаги сўзларнинг ягона мазмундан мустақил бўлишини истаган деконструкция бу мустақилликни кўпчиликнинг телефон жиринглашига жавобан “мен фалончиман”, ё “фалончи эшитади” ёки “эшитаман” дейиш ўрнига “ҳа” ёхуд “алло” дегани каби асил мантиқдан узоқлашиб, ҳар сафарги сўзлашилаётган пайтнинг ўзигагина тегишли бир марталик функционал маънога эга бўлишда деб тушунади. Қизиғи шундаки, ўша маъносиз сўзнинг “ҳа-ҳа” тарзидаги кераксиз такрори унга янги маъно бахш этиб, астойдил эшитаётганликни билдиради. Агар бу маънисизлик “ҳа, ҳа, ҳа” кўринишини олса, норозилик ва иддаони ифодалаши ҳам мумкин. Постмодернда сўзлар ўзи ташийдиган асил луғавий маънодан кўра муайян матнда биргина шу сафар ифодалаши мумкин бўлган маънода қўлланиши билан оригинал матнни юзага келтиришига диққат қаратилади.
Фалсафий, тарихий ва бадиий матнларнинг қоришиқ ишлатилиши, илмий далил ва тўқиманинг ёнма-ён келавериши, жумлалар, сўзлар ва белгилар ўртасида уйғунлик йўқлиги, мулоқотнинг графика, тасвирий санъат, компьютер алоқалари каби нолингвистик шаклларини аралаш қўллаш натижасида сунъий тафаккур, компьютердаги маълумотлар банки ёхуд матн яратадиган машинада тўпланган маълумотлар жамғармасига ўхшаб кетадиган гиперматн юзага келтирилади. Гиперматн ичида илмий, фалсафий ва бадиий тил унсурларининг бир-бирига бемалол ўтиб кетавериши натижасида деконструкциянинг метатили юзага келади. Метатилда анъанавий тарзда мавжуд бўлган тил ва нутқ, нутқ ва ёзув, ифодаланувчи ва ифодаловчи, матн ва маъно, диахрон ва синхрон каби кўплаб қўшоқ (бинар) тушунчалар орасидаги қарама-қаршиликни англатувчи фарқ йўққа чиқиб, улар аралаш қўлланилаверади. Сўзда олдиндан белгилаб қўйилган тушунилиши зарур маънонинг йўқлиги, мантиқ ва грамматиканинг қолипларига бўйсуниш мажбурий эмаслиги постмодерн ижодкорга матн стихиясига теранроқ шўнғиш имконини беради.
Деконструкцияда сўздан маъно қидиришдан кўра унга белги сифатида ёндашиб, ҳар сафар унга истеъмолчи (рецепиент-ўқирман)нинг ўзи маъно юклаши маъқул кўрилади. Шунда сўз бир маъно теграсида қотиб қолмай, ҳар сафар қайсидир бир янги жиҳати билан жилваланавериши қайд этилади. Бундай қарашга кўра сўз нарса бўлолмагани ва унинг ўрнини босолмагани ҳолда ундан олдин юради ва юқори туради. Сўз эркин бўлиб, ҳар ишлатилганда нега шундай қўлланилгани асосланиши шарт бўлмай, қаерда қандай ишлатилса ҳам ўз ўрнига тушган саналаверади. Айтилаётган сўзнинг англатаётган нарсаси бўлиши мутлақо шарт эмас. Шу тариқа сўзнинг идеал дунёси нарсаларнинг моддий олами билан боғланмайди. Бунинг натижасида белги, яъни сўзнинг функцияси торайиб, ўзининг илк асоси бўлмиш нарсадан узоқлашади ва айни вақтнинг ўзида янги сифатга эга бўлиб, иккинчи оригиналликни юзага келтиради. Яъни сўз ўзининг бирламчи маъносидан шу қадар йироқлашадики, у ифодалайдиган янги маъно ўз ҳолича аҳамият касб эта бошлайди.
Деконструктив назарияда ёзув марказий ўрин эгаллайди, мантиқан иккиламчи ҳодиса бўлмиш ёзув деконструкцияда бирламчи воқеликка айланади. Сўз нарсани, ёзув эса сўзни англатади, товушлар воситасидаги фонетик англатувчи бўлмиш сўзнинг график ифодаси, яъни белгининг белгиси ўлароқ икки бор иккиламчи бўлган ёзув янги тизим сифатида тилнинг асосий функциясини ўз зиммасига олади. Нутққа қараганда ёзув белгиларининг алоқа имкониятлари кенгроқ экани туфайли деконструктив ёндашувда у тафаккурнинг рамзий модели сифатида нутқдан муҳимроқ саналади.
Матнни сўнгсиз тарзда таҳрир ва талқин қилавериш мумкинлиги натижасида ёзувчи ҳам ўз битикларининг ўқирманига айланиб, бадиий ишлаб чиқариш билан эстетик истеъмол ўртасидаги фарқ йўққа чиқади. Ёзувчи тинимсиз ўзгаришларга маҳкум маҳсулотнинг яратувчисигина эмас, истеъмолчисига ҳам айланади. Муаллиф билан ўқирман ўртасидаги чегаранинг омонатлиги, уларнинг ўзаро ўрин алмашишлари мумкинлиги ёзув деконструкциясини тақозо қилади. Мавжудлик моҳиятдан олдин бўлгани учун инсон ҳаётининг маъноси ўтмишга қаратилиб, бугун четроққа сурилади. Бу ҳолни олдин ёзилган китобни бугун ўқиган киши учун тил диахронлиги билан нутқ синхронлиги ўртасидаги фарқнинг йўқолишига ўхшатиш мумкин. Ёзилган нарса билан унинг ўқилиши ўртасида ҳамиша қандайдир вақт оралиғи бўлиши замоний деконструкцияни келтириб чиқаради. Яъни аслида мавжуд бўлган матн уни ўқиган одам учун бор, ўқимаган киши учун эса йўқ. Шу тариқа бор нарса билан йўқ нарса бир нарсага айланиб, ўртадаги фарқ йўқолиб боради. Деконструкция борни йўқликка, йўқни борликка айлантириш орқали янги борлик яратишни кўзда тутади.
Ёзиш билан ўқиш, сўзлаш билан тинглаш ўртасидаги доимий оралиқ ва фарқнинг мавжудлиги бадиий тилнинг исталган унсурини, қисмини ўзга бир тарихий, сиёсий, ижтимоий, маданий, эстетик маконга кўчириш ёхуд ҳеч қандай макону замонсиз қўллаш имконини беради. Бу сўзни қўлловчи киши аслан кўптаркибли ҳодиса бўлмиш матннинг металингвистик очқичини топиб, ундан айни вазиятга керакли янги маъно чиқаришнинг чексиз имконига эга бўлади.
Аён бўладики, деконструкция бадиий матнга муносабатда адабий амалиётни танқидий амалиётдан фарқламаслик; адабий битикни ёзиш ва ўқиш вақтидагина намоён бўладиган субъект ҳисоблаш; матнга муносабатда “муаллиф ўлими” концепциясига суяниш; адабиётнинг реал борлиқни акс эттиришини инкор қилиш кабиларни кўзда тутадиган эстетик ёндашув тарзидир. Бу ўзига хос бадиий-эстетик ўйинга кўра синчи текширилаётган матндан келиб чиқадиган объектив маънодан йироқ тургани ҳолда бу матнга бирор-бир маъно юклашга уринмаслиги ҳам керак. Синчининг вазифаси матнга текшириладиган объект эмас, балки ҳар лаҳзада ўзгариши мумкин бўлган субъект сифатида қараб, тил воситаларидан фойдаланган ҳолда уни қайта яратиш ва янги “жон” ато этишдан иборатдир.
Рамзийлик. Постмодерн эстетикада рамзийлик тушунчаси ҳам ғоят муҳим ўрин тутади. Ҳатто, айтиш мумкинки, постмодерн адабиёт учун сўзнинг ўз маъносидан кўра унинг рамзий маъноси муҳимроқ саналади. Матннинг ўз ва кўчма маънолари ўртасидаги айирма баъзан замоний оралиқ борлигидан келиб чиқади, яъни ифода этилган маъно кўзда тутилганидан олдин келади. Гоҳида фарқлар лингвистик асосга эга бўлади, яъни асил маъно сўзга таянади, рамзий маъно эса оҳанг, бирор жумла ёки бутун асарнинг ўзи орқали ифодаланади. Айрим ҳолларда сўзнинг ўз ва рамзий маъносидаги фарқ матнни идрок этиш йўсинидан келиб чиқади, яъни ифодаланган маъно грамматик қоидаларга мувофиқ қабул этилади, кўзда тутиладиган маъно эса ўқирман томонидан контекстдан келтириб чиқарилади. Ушбу айирмалар туфайли матнни тўғри тушуниш билан уни рамзий идрок этиш ўртасидаги фарқ пайдо бўлади.
Постмодерн эстетика сўзнинг ўз маъноси ҳисобига кўчма маъносини инкор этишни ҳам, ёки аксинча, кўчма маъно ҳисобига ўз маъносини тан олмасликни ҳам нотўғри ҳисоблайди. Биринчи ёндашув эмпиризмни, иккинчиси эса догматизмни пайдо қилади деб қарайди. Тилнинг рамзийлиги ана шу икки маъно ўртасидаги фарқдан келтириб чиқарилади. Масалан, “Бу ер совуқ экан” деган ифода ўз маъносида ҳаво даражасининг пастлигини англатса, кўчма маънода эшикни ёпиш кераклигини билдириши мумкин. “Кун ёниб кетяпти” дейиш қуёшга ўт кетганини эмас, балки куннинг ўта исиб кетганини англатади. Рамзийлик фақат тил орқалигина юзага чиқмайди. Бу транслингвистик ҳодиса сўздан ташқари, имо-ишора ва вазият орқали ҳам пайдо қилиниши мумкин. Шунинг учун ҳам структурал адабиётшунослик назариётчиси Ролан Барт рамзнинг образга тенг ҳодиса эмас, балки фикру қарашлар хилма-хиллигини англатувчи тушунча эканини алоҳида таъкидлайди.
Профессор Ҳ. Болтабоев рамз ва рамзийликка хос белгилар тўғрисида ёзади: “Рамз … фақат шартли равишда ва шу матн доирасида кўчма маъно касб этувчи сўз ёки сўз бирикмаси; образлилик тури. Рамз моҳиятан аллегорияга яқин, ундан фарқи шуки, рамз контекст доирасида ҳам ўз маъносида, ҳам кўчма маънода қўлланади. Рамзнинг маъноси контекст доирасида ва шартдан хабардорлик бўлганда реаллашади. Чўлпон шеъриятидаги “юлдуз”, “булут”, “баҳор”, “қиш” образлари рамзнинг ёрқин мисоли бўла олади. Жумладан, машҳур “Қаландар ишқи” шеърини ишқий мавзудаги шеър сифатида тушунавериш мумкин. Бироқ ундаги рамзлар қатида бошқа маъно ҳам мустақил ҳолда мавжуд бўлиб, уни ўз вақтида шоирга руҳан яқин кишилар яхши тушунишган. Сабаби улар рамзларнинг маъноси англашиладиган контекстдан – шоирнинг ҳаёт йўли, opзу-интилишлари, шеър ёзилган пайтдаги руҳий ҳолати ва ҳоказо омиллардан хабардор бўлганлар”[2]. Рамзийликда сўз, ишора ва ҳолатни турли маъноларда қўллашнинг чексиз имкониятлари мавжуд бўлади. Рамзийликда сўзни тушуниш билан биргаликда ишорани кўзда тутиш тақозо қилинади.
Рамзни қўллаш ва тушуниш бир ҳодисанинг икки томонидир. Бирор матн ёки ифода уни англаш ҳамда талқин қилиш орқали кўчма маъноси аниқлангандагина рамзийлик касб этади. Темур ҳақидаги ривоятлардан бирида Дамашқ шаҳрини забт этолмаётган жаҳонгир Бибихонимдан кўмак истаб, хат жўнатади. Хоним хожасига жавоб мактубида: “Эски оғочларни кесиб, ўрнига янги кўчатлар ўтқазиш керак”лигини ёзиб юборади. Ишорани англаган соҳибқирон улуғ ёшдаги лашкарбошиларни ғайратли ёшлар билан алмаштиради ва шаҳар тезда забт этилади. Юқорида деконструкция қилинган ҳолати берилган “Оқ тулпор” шеъридаги “булбул” сўзининг қизиқчи кўзда тутган рамзий маъносини билмаслик янги матн мазмунини йўққа чиқаради. Рамз тушунилгандагина ва тушунган киши учунгина қиммат касб этади. Англанмаган рамзийлик фойдаланилмаган имконият кабидир. Кўринадики, рамзийлик постмодернизмгагина боғлиқ ҳодиса бўлмай, унинг тарихий илдизи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Лекин постмодерндагина бадиий матн тўлиғича уни ташкил этган сўзлар замиридаги рамзга асосланадиган бўлди.
Рамзийликнинг асосий хусусияти ундан жўяли маъно чиқариш мумкинлиги ҳисобланади. Мисол учун, Ўктам Ботирдан банкда ишлаётган Ўринбойнинг аҳволи қандайлигини сўрайди. “Ҳозирча қамалгани йўқ”, – деб жавоб беради Ботир. Бир қарашда бундай жавоб – тамомила ўринсиз. Агар айтилган гапдаги ишорадан маъно чиқара билинсагина, у салмоқли мазмун касб этади. Ботирнинг ўйича, Ўринбой – қаллоб ва таъмагир одам. Бинобарин, у – қачондир ўша иллатлари учун жазосини олиши керак. Кўринадики, рамзий нутқ ҳамиша ўзига хос жўяли асосга эга бўлади. Рамз билан кимдир мақталса, у кимгадир намуна қилинган бўлади, агар гаплашиб ўтирганлардан соат неча бўлгани сўралса, суҳбат чўзилиб кетгани, тарқалиш кераклиги англашилади ва ҳоказо. Постмодерн асарларда рамзнинг шу жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилгани айни бир матннинг ҳар бир ўқирман томонидан тамомила ўзгача тушунилиши мумкинлигига йўл очади.
Йирик шоир Абдували Қутбиддиннинг қуйидаги мисраларида ҳам поэтик образлар рамзийлик асосга қурилгани яққол кўзга ташланади:
Субҳлар ҳўплайди патли ҳавони,
Бир кун ёлғончилик қилади апрель,
Мен сенинг келишинг ҳеч истамайман,
Бироқ кел.
Бу сатрлардан маъно чиқариш учун апрелнинг бир куни, тўғрироғи, 1 апрель ҳазил ва юмор куни эканини билиш керак бўлади. Ўша куни сўйланган ёлғонлар ҳазил ўрнида қабул қилинади. Шу боис шоир суюклисига: “…сенинг келишинг ҳеч истамайман”, – дейди. Кейинги қатордаги “Бироқ кел” гапи эса иқрор билан ифода ўртасидаги ноуйғунликдан чиқарилган образли тасвир. Шу шеърдаги “Жарангдор сочинг ҳам бўлар пўпакли” ифодаси ҳам ундаги рамзлар англаб етилгандагина маъно ва қиммат касб этади. Сочнинг жарангдорлиги – унинг қўнғироқ, яъни жингалаклигига ишора. Маълумки, қўнғироқнинг вазифаси – жаранглаш. Хуллас, постмодерн матн деярли ҳамиша шу сингари рамзларга асослангани билан ажралиб туради.
Постмодерн матнга рамзий маъно юклашда айтилган ва айтувчи, киноя, интертекстуаллик, экстратекстуаллик ва интратекстуаллик сингари тушунчалар муҳим ўрин тутади. Айтилган тушунчаси нутқнинг мазмуни ва объектини англатса, айтувчи унинг субъектини билдиради. Айтилган билан айтувчи ўртасидаги боғлиқлик онгли ёки онгсиз, эркин ёки мажбурий бўлиши мумкин. Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг “Этакдаги кулба” ҳикояси қаҳрамони бўлмиш Девонанинг: “Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..” тарзидаги сўзларининг Жимжитқишлоқ аҳлини таҳликага солишида ана шу хил рамзийлик акс этган. Фақат айтувчининг сўзлари орқали қишлоқ аҳлининг ҳам уй, ҳам бойлик ва ҳам кўнгилдан маҳрум, ўзини танимайдиган, шахслик қиёфаси-ю инсоний орзу-истаклари йўқ фаолиятсиз тўда экани ифодаланади.
Постмодерн эстетикада тилнинг одамга хос кўринмайдиган ва эшитилмайдиган фикру туйғуларни вербаллаштириш ва визуаллаштириш, яъни сўз ҳамда ёзувга айлантириш орқали эҳтирослар тўлқинини бир қадар юмшатиб, ижтимоий муносабатларни уйғунлаштириш қудратига эга бўлган жиҳатига алоҳида эътибор қаратилади. Чиндан ҳам одамга тегишли бўлган ҳар қандай муаммо сўз билан ҳал этилиши мумкин. Мусулмон учун “Оллоҳдан бошқа илоҳ бўлма”ганидек, постмодерн эстетика учун “сўздан бошқа сўз йўқ”дир. Чунки постмодерн эстетика бадиий матнда ўтмишни ҳам, ҳозирни ҳам, келажакни ҳам, “мен”ни ҳам, “сен”ни ҳам, “у”ни ҳам кўриш мумкин деб ҳисоблайди.
Интертекстуаллик асосида муайян битикдаги тасвир ва ғоянинг тамомила ўзга матнлардаги шунга ўхшаш тасвир ва ғоялар билан уйғунлашиб кетиши туради. Бундай уйғунлашув адиб Т. Рустамовнинг бир қадар постмодерн хусусиятларга эга “Капалаклар ўйини” романида “Бақаҳовуз ҳақиқати” газетасини тилга олиш орқали шу типдаги барча зерикарли расмий газеталар кўзда тутилиши ёки шоир Турсунбой Адашбоев томонидан бадиий жиҳатдан бўшроқ шеърларга тақлидан битилган пародиялар кўринишида бўлиши мумкин. Интертекстуал матнлар ҳам ўз ҳолича оригинал матн, ҳам ўзида ишора қилинаётган матнга хос хусусиятларни ташийдиган матнлик хусусиятига эга битиклардир.
Экстратекстуаллик эса Фарҳод комилликнинг, Лайли ва Мажнун севгининг тимсоли бўлгани каби бадиий матндаги бирор тасвир ёхуд персонажнинг ҳеч қандай изоҳларсиз универсаллик мақомига кўтарилганини англатиш хусусиятига эгалигини билдиради.
Интратекстуаллик бадиий матндаги барча воқеалар тугуни матнда тасвирланаётган персонажлар табиатининг ўзига яшириб қўйилган бўлишини англатади. Бу ҳолат таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Куза” қиссасидаги ҳам ўзини, ҳам яқинларини, ҳам бошқаларни кузатишга, бир вақтнинг ўзида ҳам ўзи, ҳам яқинлари ва ҳам бошқалар томонидан кузатилишга маҳкум Умид тимсоли тасвирида бир қадар намоён бўлади. Ёш ёзувчи Носир Жўраевнинг “Ноябрь куйи” қиссасидаги бош қаҳрамон тимсоли ҳам шу йўсинда яратилган.
Постмодернизм учун тил, нутқ ва санъатда намоён бўладиган рамзийлик реал воқелик ва у пайдо қиладиган тасаввурга нисбатан бирламчи ҳодиса саналади. Рамзийлик одам турмуши ва тафаккурининг ибтидоси ўлароқ унинг ҳаётида улкан ўрин тутади. Одам унга от қўйилганидан, яъни сўз орқали универсум – атроф-олам билан мангу алоқага киришиши белгилаб қўйилганидан кейингина одам саналади. Тилнинг энг асил, рамзий вазифаси ҳам одамнинг турли даража ва ҳолатлари мавжудлигини ифодалашдан иборатдир.
Киноя. Постмодерн эстетикада алоҳида қиммат касб этадиган киноя сўздан ўз ҳолича келиб чиқиши керак бўлган маънонинг тескариси билан алмаштириб қўйилишидан юзага келадиган ҳодисадир. Қор бўралаб уриб турган совуқ кунда: “Бугун ҳаво қандай ажойиб!” – дейилса, об-ҳавонинг ҳолатига киноя қилинган бўлади. Кўпинча постмодерн адабий киноя асосида кимнингдир айтилмаган фикридан ёлғон узинди (кўчирма) келтириш ётади. Италиялик улкан ёзувчи Умберто Эко машҳур “Атиргул исми” номли постмодерн романида айтилмаган гаплардан шундай сохта узинди келтириш усулидан ўринли фойдаланган. Аслида-ку киноя – бадиий адабиётнинг ҳамишалик йўлдоши. Халқ оғзаки ижоди асарларидан тортиб, мумтоз адабиёт намуналаригача, ундан янги ўзбек адабиётининг Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам сингари вакиллари томонидан яратилган кўплаб битикларда киноя усули етакчилик қилгани яққол кўринади.
Постмодерн кинояда олдин эшитилган эртакни тескари талқинда қайта эшитишдай қабул этилиши кўзда тутилади. Шу тариқа постмодернизм юксак санъат билан кўнгил очиш ўртасида мавжуд бўлган деворни йиқиб, реализмнинг ирреализм билан, “шаклбозлик”нинг “мазмунбозлик” билан доимий олишувидан баландроқ туришга уринади. Айтилганидек, постмодернизм санъатни косибчиликдан, ноёб ва бетакрор матнни оммавий битикдан ажратмаслик орқали санъатни оммага яқинлаштиришни кўзда тутади. Бу ҳол санъат асарларида фабула, сюжет, инжа ифодалар бўлиши ва уларнинг одамларга эстетик завқ бериши каби азалий жиҳатларни инкор этмайди.
Постмодерн киноя кўпинча мавжуд вазиятдаги етишмовчиликларни ўз юксаклигидан туриб, қайта идрок этишни кўзда тутади. Буни билимли йигитнинг ўта ўқимишли суюклисига ўз туйғуларини ифодалаш ҳолатига менгзаш мумкин. Йигит қизга сариқ матбуотда узлуксиз босилаётган ишқий ҳикоя ва қисса қаҳрамонларига хос сийқа ва сохта йўсинда: “Сизни жондан ортиқ севаман”, – деб айтгиси келмайди. Қиз ҳам йигитнинг юқоридаги тарзда изҳори дил қилолмаслигини ичдан билиб туради. Мавжуд вазиятдан чиқиб кетиш учун йигит: “Газеталарда чиқаётган ишқий қисса ва ҳикоя қаҳрамонлари айтганларидек: “Мен сизни жондан ортиқ севаман”, – дейиши мумкин. Шу аснода у ҳам суйган қизига кўнглидаги истакни билдиришнинг, ҳам дил изҳорини қолипга солган ҳолда айтмасликнинг, ҳам ўқимишли ва билгич қизга туйғулар ифодаси қолипга туширилган даврда яшаётганини сездиришнинг, ҳам ўзига бу ҳолат ёқмаслигини англатишнинг эпини қилган бўлади. Агар қиз ҳам йигит бошлаган ўйинни давом эттирса, ўз-ўзидан севги изҳори ва унга берилган жавоб юзага чиқади. Бу ўринда сариқ матбуот нашрларига жиддий киноя ҳам амалга ошади. Севишган кишилар бир-бирларига умрида бир марта ва фақат ҳозир айтишлари керак бўлган самимий гап матбуот воситалари қаҳрамонлари тилида ҳар куни ишлатилавериб, сийқаси чиққан ва бу ҳолатнинг зуғумидан қутулиш имконсиз. Шу боис биз мисол қилиб келтирган ёшлар бир-бирларига ўз кўнгилларидагини киноя йўли билан англатишга мажбур бўладилар.
Симулякр. Бу атама постмодерн адабиётга хос хусусиятлар муносабати билан кейинги вақтда тез-тез тилга олинаётган бўлса-да, аслида жуда узоқ тарихга эга эски ҳодиса. Мимесис назариясига боғлиқ бўлган бу атама қадимда машҳур тимсолларга ўхшаган, аммо катта бадиий таъсир кучига эга бўлмаган образни англатган. Классицизм, маърифатчилик, романтизм оқимлари даврида симулякр тушунчасига борлиқнинг муқобили, ўйин тарзидаги маънолар юкланиши натижасида у бора-бора имитация, сохталик, муғомбирлик маъноларида қўлланиладиган бўлди. Ушбу тушунчанинг янги, замонавий умри бир қатор азалий бадиий-эстетик тушунча ва атамаларга ҳам ноклассик маънолар берилган ХХ асрнинг 80-йилларидан бошланди.
Тимсол, ўхшашлик маъносини билдирувчи лотинча “simulacrum” сўзидан келиб чиқиб, ўлармонлик, жонсўхталик, муғомбирлик, қалбакилик маъноларини англатувчи “simulantis” (симулянт) cўзидан олинган “симулякр” атамаси постмодерн эстетикада борлиқнинг муляжи, нусхаси; ҳақиқатга жуда ўхшаш сохталик, эстетикадан бадиий образни сиқиб чиқариб, ўрнини эгаллаб олган қуруқ шаклдан иборат ҳодисани англатади. Ушбу тушунчанинг постмодерн эстетикада тутган ўрни шунчалик салмоқлики, баъзан бу ҳодиса бутунисича симулякр эстетикаси дейилади ҳам. Симулякр постмодерн артефактларнинг ўйноқи табиатидаги иккиланганликни, “соянинг нусхаси” маъносини акс эттириши билан ажралиб туради. Француз адабиётшуноси Жан Бодрийяр ўтган асрнинг 80-йилларидан эътиборан қадимий симулякр тушунчасини постмодерн эстетикада ҳозирги маънода қўллай бошлаган.
Бодрийяр истеъмолчилар жамиятининг эстетикасини текширар экан, инсоннинг кундалик ҳаётида тутган ўрни ва фойдаланилиш даражасидан келиб чиқиб, нарсаларни: 1) функционал (истеъмол қилинадиган) нарсалар; 2) нофункционал (антиквариат, бадиий коллекциялар) нарсалар; 3) метафункционал (ўйинчоқ, безак сингари кераксиз, лекин чиройли) нарсалар тарзида уч турга ажратади.
Постмодерн эстетикада симулякр табиий ва асл нарсанинг техник ишлов бериш орқали ўзгарган шаклда мимесисга қайтарилганини, сунъий нусхаси билан алмаштирилганини билдиради. Истеъмол ишлаб чиқаришдан ўзиб кетади, нақд пулнинг ўрнини кредит деб аталувчи кўринмас ақча – хусусий мулкнинг симулякри эгаллайди. Борган сари тушуниб бўлмас алламбало кўринишларда нозик, бежирим ва омонат тайёрланаётган нарсалар авлоди одам авлодига қараганда жуда тез алмашади. Нарсалар олдингидай ўсимлик (флора) ёки жониворлар (фауна) каби кўзга кўринадиган ва тирик яратиқларга эмас, балки ҳаво, булут ва сув сингари шаклсиз ва жисмсиз нарсаларга ўхшатиб яратиляпти. Улар борлиқдаги реал нарсаларга эмас, балки тобора тушда кўрилган ёки хаёлда гавдалантирилган ҳаётда йўқ нарсаларга ўхшаб бормоқда.
Маиший турмушдаги бу ҳолат маданий ҳаётга ҳам кўчиб ўтмоқда. Истеъмолнинг чеку чегараси йўқолган ҳозирги шароитда маданият ва санъат уларнинг симулякри бўлмиш маданият ва санъат ғояси билан ўрин алмашяпти. Постмодернизмда бугундан кўра ўтмишга, тарихга эътибор катталигини маълум даражада шу ҳолат билан ҳам изоҳлаш мумкин. Негаки, ўтмиш ва эски нарсалар асиллик, яъни аутентлик намуналаридир. Шу сабаб постмодерн адабиётда олдин яратилган асил матнларга қайта-қайта мурожаат қилинади. Реаллик моделга айланиб бораётган постмодерн шароитда борлиқ билан унинг белгилари ўртасидаги ихтилоф симулякр ёрдамидагина бартараф этилиб, санъатгина асллик мақомини ушлаб тура олади деб қаралмоқда.
Симулякр тобора “йўқолиб бораётган” реаллик ўрнини постреаллик воситасида босмоқчи бўлаётган, реаллик ва тасаввур ўртасидаги фарқни ювиб юборишга, йўқликни борлик тарзида қабул этдиришга хизмат қиладиган ясамаликдир. Анъанавий бадиий тизимларда образга мансуб бўлган ўринни постмодерн эстетикада симулякр эгаллайди. Агар образлилик тасаввурни уйғотадиган реаллик билан боғлиқ бўлса, симулякр иккинчи босқичдаги янги реалликни туғдиради. Симулякрни юзнинг табиий чизгилари ўрнини сунъий эстетик код, моделга алмаштирувчи маҳорат билан ясалган театр ниқобига ўхшатиш мумкин. Анъанавий эстетик кодларни рекламага хос тамойиллар асосида жойлаштириб, объектларни мифологик тамойиллар асосида қуришга уринадиган симулякр қандайдир табиий муҳит, маданий вазият яратиш мақсадида санъатнинг иккиламчи вазифаларини биринчига айлантириб, уни дизайнлаштиришга хизмат қилади.
Матннинг объектив маъносини инкор этиб, уни идрок этиш, истеъмол қилишнинг чегарасиз тарзда индивидуал ва бетакрор бўлиши мумкинлигини илгари сурадиган симулякрга хос жиҳатларни қуйидаги йўсинда умумлаштириш мумкин:
– матнни идрок этишнинг нотўғри йўналтирилиши; бадиий объектнинг моҳиятини англашга жиддий киришиш ўрнига унга ўз “мен”ига хос жиҳатларни тиқиштиришга уриниш ва уни ўз эҳтиёжларига бўйсундириш майлидан келиб чиқиб, маиший-прагматик ёндашув етакчилиги;
– истеъмолчи субъектда адабий объектни уни ташкил этган унсурлар бирлиги ва яхлитлигида кўра олиш қобилияти йўқлиги натижасида объектнинг бетакрорлиги, бутунлиги, қиммати борасида тўғри тасаввурга эга эмаслик;
– бадиий объект таркибидаги ўзига хосликнинг эстетик қимматини тушунмаслик ва тўғри баҳолай олмаслик.
Субъект томонидан объектни акс эттиришда классик эстетикада таяниладиган “эзгулик тамойили” постмодерн эстетикада “ёлғон тўғрисидаги ҳақиқат” сифатида кўпроқ “ёвузлик тамойили”га ёвуқ келади ҳамда санъатнинг гедонистик ва ўйинга хос жиҳатларига устуворлик беради. Юксак эстетик туйғу, ҳиссиёт, тасаввур, дид сингари тушунчалар орқага сурилиб, истеъмолчилик талабларини қондириш олдинга чиқарилади. Воқелик ва санъат ҳодисаларига классик ёндашувнинг бекор бўлиши, гўзаллик ва хунуклик ўртасидаги қарама-қаршиликнинг йўқолиши натижасида асил билан ясаманинг фарқига борилмайдиган симулякр постмодерн бадиий-эстетик тизимидаги ягона реалликка айланади. Санъат ва адабиётда артефактнинг симулякрлашиши натижасида шаклнинг ўзи ягона мазмун саналади. Ўзбек адабиётида симулякр ҳодисаси деярли юз кўрсатмагани учун унга мисол келтириш қийиндир. Муҳаммад Юсуфнинг “Оқ тулпор” шеъридаги от образи ўрнига қўлланилган булбул тимсолини симулякр тушунчасига мисол дейиш мумкин.
Артефакт. Постмодерн эстетикада муҳим ўрин тутувчи ушбу тушунча лотинча “artefactum” қўшма сўзидан олинган бўлиб, arte – сунъий, factus – ясалган маъноларини англатиб, табиий шароитда юзага келиши, ё мутлақо мумкин бўлмаган ёки даргумон бўлган ҳодиса, кечим, нарсани англатади. Оддий англамда артефакт – одам фаолиятининг натижасида кутилмаганда юзага келиб қолган оралиқ яратиқ. Замонавий эстетика ва санъатшуносликда бу атама бугунги арт-амалиётчи ёхуд арт-лойиҳачилар фаолиятининг маҳсули бўлиб, тур ва жанрлар ҳақидаги анъанавий қарашларга сиғмайдиган тасодифий эстетик яратиқларни англатади.
Артефакт замонавий инсон фаолиятининг турли соҳаларида ўзаро бир-биридан фарқли маъноларда қўлланилади. Жумладан, маданиятшуносликда сунъий тарзда яратилган қандайдир ижтимоий-маданий ахборот, ҳаётий-маънавий қадрият, мулоқот воситаси; маданиятнинг моддий, маънавий, одамлараро муносабат сингари уч асосий тармоғидан бирига тегишли бўлган нарсани англатади. Адабиёт ва санъат соҳасида эса кутилмаганда юзага келиб қолган ва муайян жисмоний хусусиятлардан ташқари, рамзлик, белгилик мазмунига эга ҳар қандай объектни билдиради. Бизни артефактнинг айни шу жиҳати қизиқтиради. Рус адибаси Т.Саломатина “Менинг одессача тилим” асарида “Эндиликда бел кўтарган ақлли эркакни кўриш артефактдир”, – дейди[3]. Буни ўзбекчада: “Эндиликда бел кўтарган ғайратли эркакни кўриш мумкин бўлмайдиган ишдир” тарзида ифодалаш мумкин. Демак, санъат ва адабиётда артефакт кутилмаганда юзага келиб қоладиган ноёб ҳодисани англатади. Постмодернизмда бадиий матндан ўқирманнинг мутлақо кутилмаган, муаллифнинг хаёлига ҳам келиши мумкин бўлмаган маъно чиқаришга, яъни артефакт юзага келтиришга эътибор қаратилади.
Адабиётнинг бирор жанрида яратилган асарнинг адабиёт ёки санъатнинг бошқа жанр ва турида қайта яратилиши ҳам артефактга мисол бўла олади. “Илҳом” театри томонидан Навоий қаламига мансуб “Сабъаи сайёр” асарининг “Етти моҳ” номи билан, А.Қодирий ҳикояларининг “Оппоқ, оппоқ, қора лайлак” тарзида, Навоий, Гёте ва Темур Зулфиқоров асарларининг айрим жиҳатларидан фойдаланган ҳолда “Трактирдаги тун” номида яратилган спектакллар артефактга яққол мисол бўлади. Тўғри, бу хил асарларда тасодифийликдан кўра мақсадлилик етакчилик қилади.
Постмодерн эстетикада артефакт санъатга ноклассик муносабатларга ўтиш давридаги санъат ва адабиётда қилинаётган тажрибалар маҳсули тарзида тушунилади. Бадиият тўғрисидаги анъанавий тушунчалар ёрдамида артефактнинг қимматини баҳолаб бўлмайди. Чунки унинг ўзи камдан-кам ҳоллардагина бундай қимматга эга бўлади.
Спектакль давомида бирор актёр томонидан пьеса матнида бўлмаган сўзнинг тасодифан ишлатилиши ёки режиссёр кўзда тутмаган имо-ишора, хатти-ҳаракат қилиниши ҳам артефакт саналади. Постмодерн назария ва амалиётда ҳар қандай адабий матн ёки санъат ҳодисасига дахл қилиш орқали ундан муаллиф кўзда тутмаган артефакт маъно чиқариш алоҳида рағбатлантирилади. Шу сабабли “Илҳом” театри спектаклларида Навоий, Қодирий, Гёте сингари муаллифларнинг хаёлига ҳам келмаган, бизнинг назаримизча, ўринсиз ва мутлақо нотўғри ҳолатлар бўй кўрсатаверади.
Артефакт марказида асил субъект, яъни яратувчи эмас, балки объект, яъни нарса туради, бетакрорлик ва ноёблик эмас, балки қайтариқ ва иккиламчилик етакчи бўлади. Постмодерн артефакт бу талқин генератори, ўтмиш маданиятини интертекстуал идрок этиш омилидир. Артефактни ўтмиш ва бугунги маданият ўртасида тўхтовсиз юриб турган ўзига хос соат капгирига ўхшатиш ҳам мумкин.
Кич. Постмодерн эстетикада фаол қўлланиладиган бу атама олмонча kitsch – палапартиш, қўл учида қилинган ва арзон сотиладиган маҳсулот маъносини беради. У – кўпчилик учун шоша-пиша тайёрланган, аммо диққатни тортадиган сирти ялтироқ товар. Кич илк бор Олмонияда XIX асрнинг иккинчи ярмида амалий санъатга доир бетакрор асарларни саноат асосида ишлаб чиқаришга киришиш туфайли юзага келган. Ушбу мамлакатда 1860 йилдан эътиборан америкаликлар учун Оврўпонинг юксак санъат асарларига ўхшайдиган маданий товарларни оммавий равишда тайёрлаш ва кўргазмалар орқали сотиш йўлга қўйилди. Кейинчалик “кич” атамаси ва ҳодисаси адабиёт, мусиқа, театр, архитектура, кинематограф, телевидение сингари санъат тармоқларига ҳам ёйилди.
ХХ асрнинг 60–80-йилларидан эътиборан кич оммавий маданиятда кенг тарқалган ҳодисага айланди. У, айниқса, сариқ матбуот воситалари, кино ва видео сингари техник санъат турларини омма дидига мослаб жиҳозлашда кенг қўлланилди. Кич нафақат ҳаваскорлик ва профессионал санъат соҳаси, балки халқ санъати тармоқларига ҳам чуқур кириб бориб, фольклор кўринишидаги сохта санъат намуналари юзага келишига сабаб бўлмоқда. Кичнинг ҳар бир мамлакатда ўз миллий хусусиятига эга бўлаётгани бу ҳодисанинг янада кенг ёйилишига сабаб бўляпти. Қизиғи шундаки, кўпинча кич маҳсулот тайёрлаган кишилар унинг кич эканини хаёлларига ҳам келтирмасликлари мумкин. Жумладан, юртимизда терма ва достон айтишнинг кич кўриниши анча кенг ёйилган. Кўпчилик айтимчилар оғзаки ижоднинг асл дурдоналарини тўлиқ ўзлаштириб олиш, унга ижодий ёндашиш ўрнига ўзлари чала-чулпа ўрганиб олган, аммо ташқи жиҳатлари билан достон ёхуд термаларга ўхшаб кетадиган, амалда айни аудиториянинг айни дамдаги талабларига мос келадиган “бозорбоп” маҳсулот тақдим этадиларки, уларни кичнинг ўзбекча кўринишларидир дейиш мумкин.
Мутахассислар томонидан кичнинг оммавий истеъмол маданияти дунёсида анча кенг тарқалган қуйидаги турлари борлиги қайд этилади: 1. Ретрокич – ўтмишда расм бўлган нарсаларни йиғиш ва ўшаларга ўхшатиб тайёрланган товарлардан иборат кич. Ҳозир кўпчилик ўтмишга тегишли қутилар, ҳайкалчалар, гиламчаларни коллекция қилишга қизиқади. Шу ҳолат ҳисобга олиниб, ишлаб чиқариладиган маданий товарларга ретрокич дейилади. 2. Бозор кичи – қайбир жиҳатлари билан халқ амалий санъати намуналарига ўхшаб кетадиган танга йиғиладиган мушук, майда пуллар ташлаб қўйилишига мўлжалланган кийик, бургут, йўлбарс ҳайкалчалари ва шунга ўхшаш ўз йўналишини тез-тез ўзгартириб туришга мойил товарлар шаклидаги кичлар. 3. Неокич – чироқли авторучка, термометрли қистиргич, тўппончасимон ўт олдиргич, очқичли тароқ сингари кутилмаган қўшимча функцияси билан ақлни шоширадиган турли совғабоп маданий товарлар.
Кичга деярли ҳамиша муайян қолипдан чиқмаган ҳолда сохта оригиналлик, ҳашамдорлик хос. Асил санъат асарларидан фарқли ўлароқ кич ҳеч қачон савол туғдирмайди, балки олдиндан тайёрлаб қўйилган қолипдаги жавобларни тақдим этади, холос. У руҳий изланишларга ундамайди, балки кишини хотиржамлик ва бемалолликка чақиради. Кич олдин яратилган юксак бадиий образларнинг жўнлаштирилган ва сийқаси чиққан нусхасини юзага келтиради. Юксак санъат намуналаридан фойдаланиш ҳисобига кун кўрадиган кич баъзан сирли, қизиқарли бўлишни ҳам даъво қилади. Аммо тақлидга асослангани учун катта қимматга эга бўлолмайди. Шу боис кич бадиий жиҳатдан ғариб ва маънавий томондан шубҳали, бозорбоплик учун эстетик жиҳатни қурбон қиладиган ҳодиса саналади. Агар классик санъат учун борлиқ билан бадиий образнинг ўзаро мувофиқлиги идеал саналган бўлса, оммавий постмодерн маданият ясама нарсалардан кич ўстириб чиқариб, харидоргирликни бирламчи кўрсаткичга айлантиради.
Универсализм. Постмодерн эстетикада ғоят кенг тарқалган бу тушунча бир қатор маъно қатламларига эгадир. Универсализмнинг энг қадимий бирламчи маъноси бутун инсониятни ҳалокатдан қутқаришни англатиб, жаҳоний динларнинг асосини ташкил этган ғояни билдиради. Яъни ислом, христианлик, мусовийлик сингари динлар инсон ва инсониятни гуноҳлар, демакки, муқаррар ҳалокатдан қутқариш мумкин деб ҳисоблайди ҳамда шунга интилади. Атаманинг иккинчи маъноси бир санъаткорнинг бир неча жанрда ижод қилишини англатади. Тушунчанинг учинчи ва бевосита постмодерн адабиётга тегишли маъноси борлиқни кўриш, уни тушуниш ва тасвирлаш борасида мавжуд бўлган барча қарашлардан танлаб ўтирмай, аралашига фойдаланавериш кераклигини англатади. Шунга таянган ҳолда постмодерн адабий универсализм битта муаллиф ижодида турли жанр, ҳар хил бадиий тизим ҳамда турфа қарашларнинг эркин уйғунлашувини англатувчи тушунчадир дейиш мумкин. Постмодерн санъат ва адабиётда тур ва жанрлар тўғрисидаги азалий қарашлар бузилгани, санъатнинг барча кўринишларида қоришиқлик, яъни синкретизм кучайгани универсализмнинг кенг ёйилишига олиб келди. Эндиликда бирор адабий жанр ёки шаклни тоза ҳолида кўрмаслик оддий ҳолатга айланиб бормоқда. Бу постмодерн адабий универсализмнинг намоён бўлишини билдиради.
Шундай қилиб адабий постмодернизм борасидаги барча кузатишларни умумлаштирган ҳолда қуйидагича тўхтамга келиш мумкин. Ҳар қандай эстетик яратиқни деконструкциялаш имкони борлиги; турли бадиий услубларга тақлид қилиш мумкинлиги; интертекстуаллик, сўз ўйинларидан фойдаланиш, бор ёки йўқлигидан қатъи назар, исталган матндан истагандай узинди олиш, хоҳлаганча ва хоҳлагандай кўчирмалар келтиришнинг ижод саналиши; мавжуд асарларга бемалол дахл қилиш мумкинлиги; узуқ-юлуқлик ва қуроқ тамойилининг амал қилиши; эстетик яратиқларда адоқсиз киноя ва доимий пародик ёндашув мавжудлиги; анъанавий эстетик қадриятларга эътиборсизлик; бадиий асарни баҳолашдаги чексиз плюрализм; эстетика соҳасидан фожиавийликни сиқиб чиқарадиган даражадаги лаззатбозлик (гедонизм) ёйилиши; хунуклик билан гўзалликни фарқламаслик; эстетик жанрлар ҳамда юксак ва тубан, олий ва оммавий маданиятларнинг қоришиқлиги; барча санъат турларининг театрлашуви ва шоулашуви; эстетик ҳодисларга истеъмолчилик талаби билан ёндашиш ва техник воситалар кўмагида бадиий яратиқларни узлуксиз ишлаб чиқариш ҳамда намойиш этиш мумкинлиги сингари жиҳатлар постмодерн санъатнинг белгилари ҳисобланади.
Ҳозирга келиб, борлиқни кўриш, уни англаш ва бадиий акс эттиришга доир илгари амалда бўлган барча илмий қараш, ижодий метод, йўналиш ва оқимлар ўзларининг бор имкониятларидан деярли фойдаланиб бўлди. Шунинг учун ҳам кейинги даврда пайдо бўлган “трансреализм”, “постмодернизм”, “постпостмодернизм”, “трансавангард”, “постструктурализм” каби турли мураккаб атамалар эндиликда санъат ва адабиётда мавжуд метод, оқим ёки йўналишларнинг бирортаси ҳам якка ҳукмрон бўлолмаслигини, барча оқим, ёндашув ва йўналишларнинг ўзаро чиқишадиган жиҳатларидан фойдаланавериш лозимлигини англатади. Бундан буён фалсафий қараш ва бадиий ижодда бирорта ҳам метод ёки йўналиш устувор бўлолмайди. Инсоният тафаккури ва бадиий диди ўз тараққиётининг шундай босқичига келдики, эндиликда ижодий метод ва фалсафий тизимлардан қайсидир биттасини тўғри ҳисоблаб, кўпчиликнинг шунга қўшилишига эришиш мумкин эмас. Чунки тобора шахслашиб бораётган башариятнинг фикру қарашлари, диду туйғулари эндиликда якранг бўлолмайди. Шахслик ўзига хослик, ўзига хослик эса адоқсиз хилма-хиллик ва чексиз плюралликдир. Қандайдир табақа учун маъқул келадиган универсализм ҳукмронлигининг йўқлиги бугунги инсониятнинг универсал ҳолатидир.
Ижтимоий тафаккурдаги қоришиқликнинг универсал ҳолатга айланиши, умуман, бадиий ижод, хусусан, адабиётда ҳам универсализмни юзага келтиради. Шунинг учун ҳам кечагина кўпчилик одатланган анъанавий йўсинда ижод қилиб юрган адибу шоирлар, ҳеч кутилмаганда, тамомила ноанъанавий йўлда ёза бошлаши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Бу ҳолатни ижодкорга қандайдир бадиий-эстетик оқимнинг таъсири ёки унинг қайсидир бир санъаткорга тақлиди деб эмас, балки муаллифнинг индивидуаллик, тасвир оригиналлиги ва туйғулар ифодаси тўлиқлигига эришишга бўлган табиий интилиши натижаси сифатида изоҳлаш ҳақиқатга яқин бўлади.
Санъат ва адабиёт неча минг йиллар давомида объектив борлиқнинг табиат, жамият, шахсият каби қатламларини ўзлаштириш оқибатида ғоят серқирра ва чегарасиз кўламдаги башарий маданиятни юзага келтирди. Бугунги постмодерн санъат ва адабиёт бадиий тафаккурдаги доимий эврилишлар туфайли борлиқнинг ўзидан-да серқатлам бўлиб кетган маданият деб аталмиш ўша ҳодисанинг ўзини эстетик ўзлаштиришга киришди. Башарият ўз тараққиётининг шундай босқичига етдики, бугунги одам қанчалик истамасин, энди ёввойи табиатнинг ёввойи фарзанди бўла олмайди. Инсон яшаш тарзи, борлиғи, ҳатто генетик тўқималаригача маданийлашиб кетди. Бу кечим инсон руҳияти ва маънавий-ахлоқий қадриятларига қадар кўчиб, одамнинг нафақат эзгулиги, балки ёвузлиги ҳам маданий кўриниш касб этди. Замонавий адабиётнинг инсоният яратган маданий қатламларни текширишга ўтгани, биринчи навбатда, ижодкорлар тилдаги сўзларни ўз асил маъноларида қўллашдан кўра уларга ўзлари истаган маънони юклашга интилаётганида, шунингдек, бир замонлар яратилган бадиий матнлар тамомила ўзгача талқин этилаётганида кўринмоқда.
Постмодернизмдаги энг муҳим жиҳат шундаки, у санъат асарларини алоҳида истеъдодлар томонидангина яратиладиган бетакрор феномен эмас, балки эплироқ ҳар қандай одам қилиши мумкин бўлган оддий юмуш деб билади.
Ўзбек театр ва тасвирий санъати ҳамда қўшиқчилигида бир қадар намоён бўлган эса-да, миллий адабиётимизда ҳали том маънода постмодернизм намунаси ҳисоблаш мумкин бўлган асар яратилгани йўқ. Лекин замонавий адиблар ижодида интуитив тарзда дунёга келган анчагина постмодерн образлар, ифодалар, лавҳалар, чизгилар мавжуддир. Бу ҳолни миллат тафаккур ва руҳоният йўсинида мавжуд анъаналарга риоя этиш кучли экани билан изоҳлаш мумкин. Бизда қачондир постмодернизмни тафаккур тарзи, оламни англаш ва изоҳлаш йўсини ўлароқ қабул қилиш мумкинлиги эҳтимолдан йироқдир. Ўзбек адабиётидаги постмодерн изланишлар асосан шакл ва ифода йўсини хилма-хиллигига эришиш йўлидаги уринишлар тарзида намоён бўлмоқда.
Постмодернизмнинг моҳиятига кириб борган сари глобаллашган дунёда ғоят кенг ёйилаётган ушбу ҳодисага муносабат йўсинини белгилаб олиш ҳар қандай миллат учун ҳаёт-мамот масаласи экани яққолроқ англашилади. Анчагина мусбат хусусиятларга эга ушбу фалсафий-эстетик, ижтимоий-маънавий феномен замирида инсониятнинг ахлоқий ақидалари, хусусан, биз ўзбекларнинг маънавий дунёмизга дахл қиладиган бирқанча хатарли жиҳатлар ҳам мавжудлиги кўзга ташланади. Йўқ, постмодернизм айнан қайсидир миллатнинг ахлоқий-маънавий тутумларига дахл қилиб, уни ўзгартиришга уринмайди, лекин у моҳиятан ўзгача қарашу ақидаларни маҳв этиш хусусиятига эга. Чунки у инсонга ўз қулайлиги ва манфаати йўлида ҳар қандай чекловларни бузишга изн беради. Постмодернизм бирон-бир ҳудудга бостириб киришни ўйламагани ҳолда ўз-ўзидан худди кексалик, йил фасллари, грипп эпидемияси каби тўсиқ билмай, ёйилиш хусусиятига эга. Ҳазрат Навоий айтмоқчи: “Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас мониъ, Бу боғ томида гар игнадин тикан қилғил”. Демак, унинг йўлига ташқи тўсиқ қўйиб, куч билан тўхтатиб бўлмайди. Шу сабабли ҳар бир миллат аҳлида ўз маънавий қиёфаси, ахлоқий ақидалари ва бадиий диди сингари ноёб бойликларини дахлсиз сақлаб қолишга қурби етадиган мустаҳкам ички маънавий қўрғонни тикламоқ керак бўлади. Бу қўрғон қандай унсурлардан ташкил топади-ю, у қай йўсин тикланиши керак. Бу тўғрида миллат ойдинлари қандай ўйлайди? Келинг, биргаликда фикрлашайлик…
Дунёни англамоқ учун унда нималар кечаётганини билмоқ керак бўлади. Шундагина дунёдаги ҳодисалар тўғрисидаги кузатиш ва тўхтамлар мантиқий салмоқ касб этади. Постмодерн санъат ва адабиёт ҳақидаги ушбу кузатишлар очун адабий жараёнларидаги ана шу жиҳатларни билишга бўлган уриниш маҳсулларидирки, уларнинг ўзбек ўқирманларига фойдаси тегишига умид қиламиз.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 10-сон
[1] Кюнг Г. Религия на переломе эпох // Иностранная литература. 1990. №11.
[2] Болтабоев Ҳ. Адабиёт энциклопедияси. – Т.: “Mumtoz so’z”, 2014. 290-бет.
[3] Соломатина Т.Ю. Мой одесский язык. – Москва: “Художественная литература”, 2011. С. 25.