Ойлархон Расулова. “Бобурнома” ва табиат

Бобур портрети

Ҳозирги кунда бутун дунёда табиат муҳофазаси ҳаётий муаммо бўлиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ер юзидаги илғор фикрли фан ва мадани­ят, санъат арбоблари, ёзувчи­лар, шоир­­­лар, жур­налистлар ҳамда мил­лионлаб фидойи кишилар Она сайёра­мизнинг тақдири учун астойдил қайғу­риб, ер, ҳаво, сувни покиза сақлаш, тупроқ­ни авайлаш, ҳар хил заҳарли кимёвий воситаларни йўқотиш йўлида астойдил жон койитмоқдалар. Жамоат­чи­ликнинг фаол саъй-ҳаракат­лари натижасида экологик тарбия, эко­­­логик маданият тамойил­лари шакл­ланиб, катта нуфузга эга бўлиб бормоқда.

Айни замонда бундай эзгу тамойил­лар ва анъаналар фақат бугунги кун меваси эмас, улар қадим-қадимдан мавжуд бўлганини ҳам таъкидлаш керак. Хўш, улар қадим замонларда қандай шаклларда намоён бўлган? Бу борадаги айрим мисолларга назар ташлайлик.

Кўҳна манбалар гувоҳлик бериши­ча, экологик тарбиянинг илдизлари Марказий Осиё минтақасида зардўшт­ий­­лар давридан бошланган. “Авесто” китоби саҳифаларида табиатга, тупроқ­қа, ўсимлик, сувга, ҳайвонлар­га қан­дай муносабатда бўлиш ҳақида сўз юрит­ил­ганини кўрамиз.

Марказий Осиёда яшаб, ижод этган улкан алломалар табиат сирлари тўғри­си­­да турли фикр­ларни ёзиб қолдиргани маълум.

Нафис шеърлари билан ном қозон­ган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзи­нинг шоҳ асари – “Бобурнома”да табиат, ўсимликлар ва ҳайвонот олами, йилнинг фасллари ҳақида тўлиқ маълумотлар беради. Мазкур буюк асари туфайли ул мўътабар зотни улуғ табиат­­-шунос олимлар қаторига қўшиш мумкин.

Бошқа олимлардан фарқли ўлароқ, Бобур “Бобурнома”да ўзи яшаган, умр кечирган барча шаҳарлар, қишлоқлар­нинг табиатини, ўсимликларини, ҳайвонларини, дарё-кўлларини, ҳатто ёққан қору ёмғирларини ҳам тўлиқ тасвирлаб беради. Бобурноманинг 37-саҳифасида шундай таърифга дуч келамиз: “Жуд тоғининг орасида ҳамвор ере тушибтур, бу ҳамвор ернинг ўртасида бир улуғ кўлдур, атрофидағи тоғлардин ёмғир сувлари йиғилиб бу кўл бўлубтур, гардо-гирди уч куруҳга ёвушғай. Шимолида яхши ўланг воқе бўлибтур, ғарбида, тоғ доманасида чашмадур, бу чашма суви баландилар­ғаким, бу кўлга мушрифдур, ўлтурур учун қобил ер эди, боғе солдим”. Улуғ шоир ва машҳур саркарда ўша даврда жангу-жадаллар, нотинчликлар орасида яшашига қарамай, ўз асарида Жуд тоғининг ўртасида улуғ кўл борлигини ва бу кўл суви тоза ичимлик суви эканлигини, у ёмғир сувлари тўплани­ши натижасида ҳосил бўлганлиги ҳақидаги маълумотларни батафсил ёзиб қолдиради. Ёмғир суви тоза чучук сув, ундан ўт-ўланлар баҳра олиб, униб- ўсади, кўлда тиниқ ҳолда узоқ сақлангани учун истеъмолга ҳам ярайди. Инсоният яшар экан, ҳамма вақт тоза, чучук сув муаммоси ҳам мавжуд бўлиб келган. Бобур ўзи тасвирлаган кўл сувидан шимолдагилар ҳам, ғарбдаги­лар ҳам фойдаланиб келганлигини айтади, ғарбдан бир чашмадан сув чиқиб, шу кўлга оқиб тушади. Бу жойлар жуда сўлим, обод. Шуни эътиборга олиб ушбу ердан боғ солдим деб ёзади у. Бу сўзларни ёзар экан, у бу боғларда ширин-шакар мевалар берадиган дарахтлар ўстириб, одамларни баҳраманд қилишни кўнгли тилайди. Боғларда соя-салқин, хушҳаво жойлар, инсон боласи ором олиши учун шарт-шароитлар келишини хоҳлайди.

Албатта, подшоҳнинг қилган ҳар бир иши эл назарида туради. У катта боғ яратса, уломою фуқаролар ҳам унга эргашади. Оқибатда ташландиқ, қаровсиз ётган жойлар обод бўлади, мевалар кўпаяди, элнинг ризқ-рўзи ортади.

“Бобурнома”да сумбул дарахти тўғрисида ҳам сўз боради: “Сумбул дарахти­нинг таърифи эшитилиб эди, бу юртларда кўрдук. Бу тоғ домани­да сумбул дарахти озроқтур. Бирор­-­бирор бўладур”. Бу тасвир ҳозирги Афғонистон мамла­катига тааллуқли. 49-бетда улуғ шоир ҳайратланиб гулларга, гулзорга таъриф беради: “Ғаройиб гулзорлар маъжунийлиқда тафарруж қилдик. Сариқ-сариқ гуллар очилибтур, арғувоний парча-парча ерларда якдаст сариқ гуллар очилибтур. Тарроҳлик қилғандек бу тепанинг олти тарафида бир дафъа сариқ ва бир дафъа арғувоний гул ҳат-ҳаш мусаддас шаклда очилибтур. Икки тарафида гул озроқ эди, кўз кор қилғунча ушмундоқ гулзор эди”.

Бобур гулларга таъриф берар экан, етук табиатшунос, умри давомида фақат гулу гулзорлар яратиб юрган боғбондай нозик фикр юритади. “Тепанинг олти тарафида бир қатор сариқ, бир қатор арғувоний гулларни ҳат-ҳаш-мусаддас шаклда” очилишини бугун орадан қанча асрлар ўтгандан кейин тасаввур қилган кишининг қалбига ҳам мулойим, ёқимли хушбўй гуллар билан бирга кириб келгандек бўлади. Гулларнинг қатор-қатор жойлашишини ҳат-ҳаш шаклида деб таъриф беради шоир. Бундай чиройли ўхшатишни ҳозирги кунда ҳам учратамиз.

Ўз даврида Бобур одамларнинг саломатлиги, соғлом турмуш тарзи учун жиддий қайғурган. Жумладан, у Ҳиндистонга келганда шундай деб ёзади: “..элида ҳусн йўқ… яхши от йўқ ва яхши ит йўқ ва узум ва қовун ва яхши мувалар йўқ ва ях йўқ, бозорларида яхши ош ва яхши нон йўқ ва ҳаммом йўқ ва мадраса йўқ ва совуқ сув йўқ ва шам йўқ ва машъала йўқ, шамдон йўқ… …дарёларидин ва қора сувларидин ўзгаким, жарлар ва чуқурларда оқадур, боғ ва иморатида оқар сувлар йўқ”. Ушбу қимматбаҳо ёзувлар Бобурнинг таъби нозиклигини, эл-юрт ободлиги, маъмурлиги, тоза турмуш тарзини ўзига асосий дастур қилиб олганлигини кўрсатади. Самарқанд ва Андижонда ширин-ширин меваларни, бозорлари ошу нонлар билан тўла бўлганини эслаб, Ҳиндистонда бундай ноз-неъматлар йўқлигини, мамлакат ғариб, қашшоқ ҳаёт ичида қолганини афсус билан шарҳ этади. Одамларнинг тозаланиб чўмилиб олишлари учун ҳаммом, илм олишлари учун мадраса йўқлигини ёзар экан, кўз олдимизга Бобурнинг Ҳиндистон халқи учун, табиати учун нақадар жон куйдиргани келади. Шам йўқ, машъала йўқ ва шамдон йўқ деб ёзар экан, Бобур ўзи шу ҳалққа илмий маънавий тарбиядан ташқари, экологик тарбия ҳам олиб келганига ишора қилади. Улуғ шоир бу ернинг сувларига эътибор бериб, қора ифлос сувлар оқишини, одамлар яшаб турган иморатлари олдида тиниқ сувлар йўқлигини, боғлар барпо этилмаганлигини афсус билан таъкидлайди.

Экологик тарбия “Бобурнома”нинг бошдан охиригача ёзиб борилади, бир жойларда филни ўзига ўргатиш, яна бир жойларда одамга зарар етказмасдан арслон овлаш усуллари, йилнинг фасллари, дарахтлар тури, мевалар таъми, йириклиги, ҳатто ёмғирнинг қанча миқдорда ёғишини ҳам ипидан-игнасигача таърифлайди. Бобур қимматбаҳо обнус дарахти ҳақида ҳам батафсил маълумот беради.

Хуллас, китобни ўқир экансиз, аждодларимизнинг табиатга меҳри, сувларни асраб-авайлаб, улардан одамларнинг эҳтиёжларини қондириш, гуллар ва боғларни суғориш, юртни обод қилиш учун фойдаланганлари, табиат неъматларини кўз қорачуғидек асраб-авайлаб, покиза сақлашга интилганларига гувоҳ бўламиз. Бобур ўсиб-улғайган замин – она Туркистон­да ана шу муқаддас анъаналар асрлардан бери барқарор яшаб, авлоддан-авлодга мерос бўлиб келмоқда эди. Саркарда ва нозиктаъб шоир ўз халқининг ана шу қутлуғ анъаналарини Ҳинд диёрига ҳам уруғлар яхши самара берди. Хароб ўлка Бобурийлар сулоласи ҳукмронлик қилган йилларда жаҳондаги йирик давлатлардан бири сифатида донг таратди. Шунинг учун ҳам ҳинд халқи Туркистон фарзанди бўлган Бобур ва унинг аждодларига ҳамон буюк эҳтиром сақлаб келади.

Хуллас, буюк шоирнинг “Бобурнома” китобини ўқир экансиз, сиз ўтган асрлар оша ҳайвонот олами билан танишасиз, йилнинг фасллари, ёққан ёмғир миқдори, одамларнинг турмуш тарзини кўз олдингизга келтира­сиз. Ҳиндларда турмуш маданиятига ва экологик маданиятга эътибор бериш Бобурийлар сулоласи давридан бошланади. Албатта, экологик маданият бир йил ёки бир кунда одамлар онгига сингдирилмайди, бу борада йиллар, асрлар давомида шаклланган анъаналар муҳим ўрин тутади.

“Бобурнома” асари фақат адабий-бадиий ёдгорлик эмас, Ўрта Осиё, Хуросон, Афғонистон, Ҳиндистон табиати ҳақида бебаҳо маълумотлар берувчи, халқнинг экологик мада­ниятининг юксалишига хизмат қилувчи улкан қомусий асардир. Шунинг учун ҳам бу ноёб асар асрлардан бери Шарқ ва Ғарб олимлари, адабиёт, тарих, табиат мухлислари қўлидан тушмай, севиб ўқилади.

 Ойлархон Расулова,

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети катта ўқитувчиси.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон