Отаули. Заргарона зарофат, теран тагмаъно

Она тилимизда ҳар бир сўзнинг ўз ўрни ва айтилиш оҳанги бор. Худди шундай, сўз санъатидаги ҳар бир жанрнинг ҳам ўз оҳанги, ўзига хос файзи-таровати, сифат-хусусиятлари бор. Сўз санъатимизнинг энг мўъжаз нуқралари — мақол, шоҳбайт, латифа ва аския, одатда, кулиб айтилувчи ва кулги уйғотувчи, тил билан адабиётни ўзига хос тарзда бирлаштирувчи мухтасар бадиий сўздир. Унда чинакам заргарона зарофат, нозик лутф-латофат, теран тагмаъно бўлади.

Масалан, “Сўз кўрки — мақол, эчки кўрки — соқол”, деган ҳикматли гапнинг иккинчи палласидаги истеҳзоли кулгу, яъни пичинг, махсус илмий атама билан айтганда, “антитеза”, худди лакмус қоғозига ўхшаб, биринчи палла — “теза”даги тагмаънони ярқиратиб очиб, унинг асл ранг-тусини аниқ-равшан кўрсатиб турибди. Ёхуд “Зар қадрини заргар билар, Чилангар нени билар?” мақолини олиб қаранг! Бунда ҳам ўзаро ёндош икки мухтасар гап баайни “икки ёрти — бир бутун” бўлиб, сўзларда заргарона нозик акс эттирилган бадиий фикр, асл тагмаъно билан юзаки маъно яхлит бир бутунликни ташкил этади. Чилангар ҳам босқон, болға ва бошқа иш қуролларининг сифати, умуман, ишнинг кўзини биладиган уста, албатта. Лекин у зар қадрини, соф тилланинг сифатини, ростдан ҳам, қаёқдан билсин!

Агар оғзаки адабиётнинг энг мўъжаз нуқраси мақол бўлса, ёзма адабиётнинг энг мўъжаз нуқраси шоҳбайт, жумладан, фарддир. Мақолда, аксарият ҳолларда, теза билан антитезани ёнма-ён келтириш ва уларни қаршилантириш асосида ҳикматли гап яратилади. Шоҳбайтда эса, бундай қаршилантириш қарийб учрамайди. Унда биринчи сатрда ифодаланган бадиий фикр иккинчи сатрда яна-да тўлдириб-кенгайтирилади, кучайтирилади, ривожлантирилади. Масалан, Шайхзода Отойининг бир шоҳбайтини олиб қаранг: “Отойи шеърининг лутфини билса, “Латофатнома”дан кечгай Хўжандий”. Модомики, зар қадрини заргар билар экан, Отойи шеърининг лутфини билган одам, агар у чинакам сўз заргари бўлса, лутф-латофат замиридаги маънолардан завқланади, унга қойил қолади, сўз санъаткорига тасаннолар айтади. Лекин биргина шеърнинг лутфи сабаб “Латофатнома”дек бутун бошли достондан ўз ихтиёри билан воз кечиш… осонми, айниқса, у Камол Хўжандийдек улкан сўз санъаткорининг улуғвор ва умрибоқий асари бўлса! Отойи шеъриятидаги чинакам сўз санъаткорига хос нозик ифодаланган шоирона муболаға ва бошқа бадиий воситаларга тўйинган лутф Лутфий ҳазратлари кўнглида аввало айни шу нодир тахаллусни танлаш, қолаверса, ўсмир Алишер Навоийнинг биргина ғазалига ўзининг туркий ва форсийда битилган бутун ижодини айрибошлаш истакларининг уйғонишига туртки берган бўлса не ажаб!

Ёзма шеъриятдаги шоҳбайт ва, умуман, ҳар қандай лутф оғзаки адабиётимиздаги латифа жанрининг бевосита таъсирида дунёга келгани шак-шубҳасиз, албатта.

Ўзбек халқ латифалари қаҳрамони Хўжа Насриддин афандидек ҳар бир сўзи нозик лутф-латофатга бой адабий қаҳрамон бу жаҳон айвонида йўқ дея, комил ишонч билан айтишимиз мумкин. Зотан, жаҳон адабиётида ҳеч бир адабий қаҳрамон Насриддин афандимиздек ўттизга яқин халқлар, ҳаттоки араб, форс, юнондек энг қадимий халқлар орасида ҳам кенг тарқалган эмас. Нафақат ёзма адабиётимиздаги шоҳбайт, фард билан туюқ, балки ўзбек халқ оғзаки ижодидаги яна бир беназир жанр — аския ҳам айни шу оламшумул латифаларимизга ярашадир… Хуллас, бу ўткинчи дунёга ҳикматга бой донишманд-мутафаккир кўзи билан кулиб қараш ва ўз қарашларини мақол, шоҳбайт, латифа ва аскиядек сўз санъатининг энг мўъжаз нуқраларида санъаткорона ифодалаш бобида ўзбек халқидек закий-зукко халқ, ўзбек тилидек ифода имкониятлари чексиз тил бу жаҳон айвонида камдан-кам!

Агар мақол, шоҳбайт, латифа ва аския кулиб-кулиб айтилган сўзимиз бўлса, асл ўзбекона тўлақонли, мукаммал, киройи шеър — бу кулиб эмас, аксинча, куйиниб, ёниб-ўртаниб, бўзлаб айтилган сўз, демакдир. Аҳмад Яссавий ҳазратларининг шеърий ҳикматлари, Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий ва Фурқатнинг ўтли-оташин сатрлари, янги давр шеъриятида эса, Абдулҳамид Чўлпон ва Усмон Носир асарлари бунинг энг ёрқин далолатларидир. Ғафур Ғуломнинг “Соғиниш” шеъридаги дастлабки сатрларни ёдга олинг: “Зўр карвон йўлида етим бўтадек Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш, Энг кичик заррадан Юпитергача Ўзинг мураббийсан, жавоб бер, қуёш!..”. Момо Офтобга боқиб туриб баайни бўтадек бўзлаб айтилган бу сўзларни соғиниш ҳисси — соғинч туйғусининг тиниқ суврати, дейиш мумкин.

Дил қаъридан — кўнгилдаги энг пинҳоний нуқтадан чиқиб, дил қаърига етиб бора оладиган оташин сатрлар, куйиб-куйиниб, сидқидилдан бўзлаб айтилган сўзлар Абдулла Ориповнинг, айниқса, ўтган асрнинг 60-70-йилларида ёзган ўлмас шеърларида кўплаб учрайди. Ҳусусан, “Ўйларим”дан қуйидаги сатрларни бугун ҳам ҳаяжонланмасдан, совуққонлик билан мутолаа қилиш мумкин эмас: “О, Абдулла, кўзларингни очиб қарагин, Ким айтади бу дунёда бўлмас деб бўрон?! Йиллар она қучоғидан олди-ку юлиб, Савдоларга урди мени мурғак ёшимдан. Бир пайтлари юрар эдим қуюндек елиб, Энди бўлса у айланар менинг бошимдан…” . Бўзлаб айтилган сўзнинг ифода шиддатини кўринг!

Муаззам Шарқ адабиёти каби, ўзбек адабиётида ҳам бўзлаб айтилган сўзнинг гўзал намуналарини, албатта, энг аввало ғазал жанрида кўрамиз. Гётедек улуғ шоирни ўзига мафтун-маҳлиё эта олган жаҳон шеъриятининг энг гўзал намуналари ғазал жанрига мансублиги, албатта, бежиз эмасдир. Ғазалнинг нафақат вазни, баҳри, радифи, туроғи ва бошқа унсурлари, ҳаттоки оҳанги ҳам мафтункорлик, оҳанраболикда жаҳонда тенгсиз. Зотан, санъатдаги катта ашула фақат ғазал асосида айтилиши, албатта, бежиз эмасдир. Одатда, катта ашула ва у асосланган ғазал санъаткордан фавқулодда чуқур нафас, камёб овоз, ноёб қувваи ҳофизани талаб қилади. Бўзлаб айтилган сўзнинг бўзлаб ижро этилишидангина катта ашула пайдо бўладики, кўп ҳолларда уларнинг бир-бирига мос-мувофиқлиги ва муносиблиги фавқулодда нодир ҳодиса ҳисобланади.

Катта ашуламизнинг жаҳон халқлари мусиқа санъатидаги энг катта муқобили, маълумки, операдир. Опера мусиқа санъатининг, айтиш мумкинки, умуман, санъатнинг ўзига хос гултожидир. Операдек энг олий санъат бўғиздаги бетакрор овоз(“гортанний голос”)ни талаб қилади. Шу боисдан ҳар бир хонанда, ҳаттоки катта ашулани қойилмақом ижро эта оладиган ҳофиз ҳам бу санъат намунасини маромига етказиб ижро этолмайди. Энг авж пардаларда туриб фақат бўғизда бўзлаб айтилган сўз ижрочидан наинки оддийгина ширали овоз, чуқур нафас ва бетакрор қувваи ҳофиза, ўзига яраша жисмоний куч-қудрат ва руҳий қувватни ҳам талаб қилади.

Жаҳон адабиёти ва санъатида бўзлаб айтилган сўзнинг нодир намуналарини яна бир жанр — бадиа (эссе)да кўришимиз мумкин. Бадиа жанрининг ўзига хос гултожи эса, бадиҳа (импровизация) хисобланади. Ҳар бир ёзувчи ва ё ҳофиз ҳам бадиҳа қувватига эга бўлавермайди. Шу боисдан ҳар қандай бадиа ноёб истеъдоднинг ҳақиқий ижод маҳсули — бадиҳа даражасига кўтарилавермайди. Чинакам бадиҳанавислик ва бадиҳагўйлик учун тегишли тайёргарлик, маънавий ҳуқуқ, руҳий қувват ва тафаккур кенглиги керак бўлади. Ўзбек адабиётида бадиҳанависликнинг энг мумтоз намунаси, шак-шубҳасиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Вақое” асаридир. Бу асар бугунги кунда “Бобурнома” деб аталиб, жанри гоҳ “нома”, гоҳ “мемуар”, гоҳ “солнома — йилнома” сифатида турлича таъриф-талқин қилинади. Ҳолбуки, асарнинг асл номи ҳам, жанри ҳам унинг ўзи биландир. Асар муаллифнинг бевосита ўзи гувоҳ бўлган тарихий воқеалар ва уларга муносабати бадиҳавий йўсинда рўй-рост ифодаланган том маънодаги бадиа — бўзлаб айтилган сўз бўлиб, айни шуниси билан жаҳон адабиётида ўзига хос воқеа бўлган умрибоқий асар ҳисобланади.

Ниҳоят, бўзлаб айтилган сўзнинг энг улкани, шеър, ғазал, катта ашула, опера ва бадиадан ҳам юксакроқ бир жанр бизнинг адабиётимизда қадим-қадимлардан мавжуд бўлиб, бу, шак-шубҳасиз, достондир. Ўзбек халқининг катта ашуласидан каттароқ операси ҳам, эпоси ҳам, эпопеяси ҳам, роман билан поэмаси ҳам… Зотан, ўзбек халқ оғзаки ижодидаги достон бахши томонидан баайни жони ҳалқумига келиб қадалган ҳолда бўзлаб айтилган шундай умрибоқий сўздирки, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Балогардон”, “Маликаи айёр”, “Ойсулув”, “Қўрқут ота”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Ёзи билан Зебо” — жами олтмишдан ортиқ ўлмас достонларимиз бундан яққол далолат бериб турибди. Ёзма адабиётимизда эса, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳиббат ул-ҳақойиқ” асарларидан то буюк Алишер Навоийнинг ўлмас “Хамса” асарига кирган бешта достон билан “Лисон ут-тайр” ва “Маҳбуб ул-қулуб” фалсафий достонларига қадар энг мумтоз асарлар айнан шу достон жанрида яратилгани, албатта, бежиз эмасдир.

Кейинги йилларда “Достон нима?”, “Достоннинг қандай турлари бор?”, “Насрий достон ҳам бўладими?” қабилидаги саволлар ўртага ташланмоқда. Бундай саволларга жавобан аввало шуни алоҳида таъкидлаб айтишимиз керакки, достон, менинг тушунишимча, хоҳ оғзаки адабиёт, хоҳ ёзма адабиёт намунаси бўлсин, хоҳ шеърий, хоҳ насрий шаклда бўлсин, халқнинг ўлмас руҳини ўзида ёрқин акс эттирувчи асар, халқнинг тарихий тақдири хусусида бўзлаб айтилган энг улкан Сўзимиздир. Ҳамма гап асарни бадиий Сўзнинг шу юксаклик мақомига кўтариш маҳоратида! Демак, улуғ адабимиз тилга олган “халқимизни шу замоннинг “Тоҳир ва Зуҳра”лари, “Чор дарвиш”лари, “Фарҳод ва Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан таништириш” бобидаги ижодий изланишларимиз бундан кейин ҳам давом этаверади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 10-сонидан олинди.