Зулфия ХХ аср ўзбек адабиётининг машҳур намояндалари Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳордан тортиб, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода, Миртемирлар билан биргаликда адабиёт майдонига кириб келди ва ўз ижодининг ёрқин саҳифаларини очди. Шоиранинг ўзи ҳам қайд этганидек: “шоирлик касб-ҳунар эмас, қисматдир, қисмат эса инсонни тарк этмайди”. Шоирлик толеи ила ёлғиз қолган ўлмас санъаткор, дилбар она – Зулфияхоним шеъриятидаги гўзаллик, ошиқона туйғулар, умуман, инсоний муносабатлар тасвири ўқувчини чуқур ўйга толдиради.
Шоира ҳақида ёзмоқлик, ўйламоқлик, тадқиқотлар олиб бормоқликнинг ўзи кишида ёқимли таассуротлар уйғотади:
Зулфия – кўкдан тушган малакка ўхшарди.
Зулфия – севилган, танланган, парилар булоғидан сув ичган қиз эди.
Зулфия – шоирона қалби ила шоир қалбли инсон билан оила қурди.
Зулфия – оналик саодатидан сармаст бахтиёр инсон бўлди.
Зулфия – ҳаётни севди, ҳаётнинг қувончли кунларига қўл узатди.Ҳаётнинг талх шаробини-да сабот билан симирмоққа ўзида куч топа олди.Умр йўлдошининг кўмагини ҳамиша қалбан ҳис этиб яшади.
Унинг юраги дунёнинг эзгу ниятли шоир-ёзувчилари билан жўровозликда куйлади. Ҳиндистонда ўтказилган халқаро анжуманда раислик қилди ва ўз сўзи билан кўз етмаган олис манзилларгача етиб борди. “Мушоира” поэмаси Осиё ва Африка тараққийпарвар ёзувчиларининг 1956 йилда Ҳиндистонда ўтказилган конференцияси таассуротлари натижаси ўлароқ дунёга келди. Халқлар дўстлиги, инсонпарварлик каби эзгу ғояларни ўзида акс эттирган достон Жавоҳарлаъл Неру номидаги мукофотга лойиқ кўрилди. Шоира “Нилуфар” мукофоти билан ҳам тақдирланди.
Зулфиянинг очерклари, публицистик қайдлари мароқ билан ўқилди. Шоира таржима майдонига кирди – Некрасов, Мустай Карим, Демян Бедний, Нозим Ҳикмат, Марварид Дилбозийни… ўзбек тилига ўгирди. Шоира қалбини чироқ қилиб ёқиб, дунё кезди. Йўли Озарбайжоннинг Бокусидан ҳам ўтди.
Зулфиянинг озарбайжон тилига қилинган таржималарини ҳавас, мароқ, завқ-шавқ билан ўқийсиз. Мен уларни “Ўзбек адабиёти антологияси”, “Ўзбек шеърлари”, “Наволи Ўзбекистон” номли алманахларда, шунингдек, 1969 йилда Марварид Дилбозийнинг сўзбошиси билан чоп этилган “Шеърлар” китобида ўқиганман. Иброҳим Ғафуровнинг “Сўзнинг олови” мажмуасидаги Зулфия ижодиётига оид адабий таҳлилларга мафтун бўлганман.
Зулфия шеърларининг аксарият қисмини Алиакбар Зиётой, шунингдек, Илёс Топдиқ, Марварид Дилбозийлар озар тилига ўгирганлар. Озарбайжонда Ўзбекистон ҳафталиги арафасида шоир Мусо Алиакбарли муҳаррирлиги остида нашр этилган “Тупроққа сажда” китобида шоиранинг 35 га яқин шеърлари ҳавола қилинади. Умуман, Озарбайжон матбуотида Зулфия ижодидан кўплаб намуналар, таҳлилий мақолалар нашр этилди, нашр этилмоқда.
Зулфия шеърларининг бош ғояси нимадан иборат? Жавобни Марварид Дилбозий таъбири билан айтадиган бўлсак, “шоира асарларининг энг буюк қиймати уларнинг образлилигидадир”. У қалам тебратган мавзулар хилма-хил ва ранго-ранг; ўжар ҳаётсеварлик руҳи билан, ҳижрон енголмаган муҳаббат билан суғорилган. Бу некбин шеърият инсонни юксалишга, бошни баланд кўтариб яшашга, матонатли бўлишга ўргатади.
Чексиз гўзалликларга
Назар солганимда мен,
Севимли дўст, азиз дўст,
Ёдимга сен тушарсан.
Ўтли юрак, ўтли сўз,
Пўлат ирода сенда,
Унутмоққа уларни
Дармон қаерда менда?..
Зулфиянинг ажойиб таржимон эканлигини озар шеъриятидан қилган таржималари ҳам тасдиқлайди. У бир гал ўз нутқида шуни алоҳида қайд этган эдики, “мен Озарбайжон шоираларидан Мадина хоним, Нигор хоним, Марварид хоним, Ҳукумат хоним асарларидан ифтихор туяман. Уларнинг шеърларини сева-сева ўзбек тилига таржима қиламан. Озарбайжон мумтоз шоири, жамоат арбоби Мулла Паноҳ Воқифнинг шеърларини ўгирарканман, улкан севинч ҳиссини туйдим”. Шоиранинг икки-уч жумласида акс эттирилган уммонча муҳаббатни ортиқ шарҳлашга зарурат йўқ.
Ҳар икки халқ адабиёт ҳамда санъат аҳли Зулфия ва Марварид Дилбозий дўстлигини юксак даражада қадрлаб, тарихий аҳамиятга молик дея қараганлар. Марварид хоним ҳам Зулфия шеърларини таржима қилишдан чарчамади. У Зулфияга “Қуёш қизи” дея ном берган: “Зулфия деганимда, хаёлимда бир қувват булоғи мавжланади. Бу чашманинг мавжлари – эзгу ишлар, орзулар, қўшиқлар – Зулфиянинг юрак сўзларидир”. М.Дилбозийнинг “Азиз Зулфия”, “Зулфия”, “Зулфия ўзбек халқининг шоиридир” ва бошқа шу каби мақолалари адабиётшунослигимизнинг ўзбек қизига берган юксак баҳоси, улар дўстлигининг азиз хотирасидир.
1956 йилнинг илк апрель кунлари Самад Вурғун хасталик тўшагига михланди. Дунёнинг, жумладан, Ўзбекистоннинг бутун ёзувчи ва шоирлари буюк санъаткордан ҳол-аҳвол сўраб, чин дилдан унга саломатлик тилардилар. Жаҳон адабиётининг машҳур намояндалари Бокуга қараб оқиб келардилар. Озарбайжонда Самад Вурғуннинг байрами – шоирнинг 50 йиллиги нишонланарди. Самад Вурғуннинг ўзи бу тадбирда иштирок эта олмасди. Ташриф буюрган меҳмонларга қариндоши Маҳдихон Вакилов шоирнинг ташаккурномасини ўқиб эшиттирди. Шоирнинг рози-ризолик сўзлари, севгиси билдирилди.
Ўша кунларда Ўзбекистондан Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия хоним Бокуга келгандилар. Ҳаммалари Самад Вурғунга аталган шеърларини ўқидилар, матбуотда чоп эттирдилар. Орадан кўп ўтмай Самад Вурғун ёруғ дунёни тарк этди. Меҳмонлар Бокуга етиб келдилар. Бу сафар ҳамма мотамда, маъюс эди. Ғафур Ғулом, Зулфия, Ойбек…
Сўнг 20 йилга яқин вақт ўтди. Бокуда Самад Вурғун уй-музейи очилди. Ўша кунлари – 1975 йилнинг октябри эди. Озарбайжонда адабиёт кунлари ўтказилаётганди. Ўзбекистондан ҳам катта бир гуруҳ меҳмонлар келишди. Адабиёт кунларининг илк тонгида Самад Вурғун уй-музейи очилиш маросими ташкил этилди. Байрам иштирокчилари ёппасига бу тантанали тадбирнинг иштирокчиларига айландилар. Ўзбек халқи фарзанди Зулфиянинг унутилмас ҳодиса таъсирида ёзган янги шеъри барчанинг қалбини тўлқинлантирди:
Бугун бутун ўлка
Вурғуннинг меҳмонидир,
У ҳаммага керакдир!
Ўз ўғилларига ва дўстларига…
Зулфия хоним айни таассуротларини “Шоирнинг уйида” номли туркум шеърларида акс эттирган. “Бир дона папирос” (бу шеър озарбайжончага Муҳаммад Аслан томонидан ўгирилган) шеъри айрилиқ туфайли яратилган эди. Бу ерда шоир чеккан охирги папирос қолдиғини кўрган шоира юраги ларзага келади:
Қалбда интизорлик,
Кўзида мароқ,
У билан ўпишиб
Умрининг сўнгида.
Папиросда бўлган
Ишончга қара,
Яримта қолибди
Унинг умри ҳам.
Яримта папирос
Қара, нелар дер,
Фақат ўт сўнмаган
Унинг кулида.
Эй сўзнинг хоқони,
Саррофи шоир,
Қанча нағма сўнди дудоқларингда?!
Саккиз бандли бу шеърни ҳаяжонсиз ўқимоқ мушкул. Музейнинг истак-мулоҳазалар китобига ўзбек элчилари кўплаб дил сўзларини ёзганлар. Зулфия ҳам шундай ёзган экан: “Буюк Самад Вурғун асрлар бўйи миллионларнинг юрагида абадий яшайди. Инчунун, уни жуда ҳам севган ўзбек халқининг қалбида ҳам мангудир”. Зулфиянинг шеърларида ёрқин бўёқлар билан ўз бадиий ифодасини топган мавзулардан бири ҳам халқлар дўстлиги, биродарлигидир.
Профессор Паноҳ Халилов шоиранинг бу йўналишдаги асарларини юксак баҳолаб, шундай ёзади: “Бу шеъриятда Зулфиягагина хос интим, алоҳида туйғулар ва тушунчалар бор. Лекин бу ўзига хос интим олам қисматнинг зарбасига дучор бўлиб, орзусига етолмай қолган аёлларнинг, йигирма тўққиз ёшида бева қолиб, умрини оиласига, умидини қаламига боғлаган оналарнинг ва шоираларнинг кўнгил оламини акс эттирганлиги билан ҳам қадрлидир”.
Ўзбекистон халқи шоирининг таваллудини ҳар йили тантана қилади. Биз эса дўстлик, қардошлик эҳтиромимизга таяниб, шеърга, санъатга бўлган муҳаббатимизга суяниб, бир неча саҳифа сўзимиз ила Зулфиянинг поэтик умр йўлини варақладик. Шоирона умрнинг яшил саҳифаларида бирга бўлдик.
Озарбайжон тилидан Сирдарёхон Ўтанова таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 3-сон