Оллоёр Бегалиев. Болажон ижодкор

Тўлқин Эшбек ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекис­тон Миллий университети) журналистика факультетига ўқишга кирган чоғларидаёқ дарслардан сўнг таҳририятларга ошиқарди. “Гулистон” журнали таҳририятида Оқилжон Ҳусан, “Гулхан” журналида Худойберди Тўхтабоев билан танишиб, улардан ижодий маҳорат сирларини ўрганганларини ҳаяжон билан сўзлаб юрарди. Сўнг, бирин-кетин бош­қа устоз ижодкорлардан сабоқ олади. У қанчалик умид билан интилган бўлса, бағрикенг ёзувчи, шоир­лар ҳам унга шу қадар меҳр кўрсатдилар. Кўп йиллар “Ўзбекистон социал таъминоти”, “Ўзбекистон матбуоти”, “Гулхан” журналларида, “Ўзбекистон овози” газетаси, “Наврўз” нашриётида ишлади. Ўзбе­кис­тон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот гуруҳида катта консультант, “Ўзбекистон Респуб­ликаси Марказий сайлов комиссияси Ахборотнома”си масъул котиби, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррири, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналис­тика факультети катта ўқитувчиси, декан ўринборсари лавозимларида фаолият кўрсатган. 2006 йилдан буён ўзи таҳсил олган ЎзМУ журналистика факультети жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедраси доценти лавозимида самарали ишлаб келмоқда.

Тўлқин Эшбек билан Қибрай тумани газетасида мухбир бўлиб ишлаб юрган кезлари (1987 йили) танишган эдик. Ўшанда у: “Сиз болалар журнали “Гулхан”да ишлайсиз. Болалигимда жуда романтик эдим”, дегани ёдимдан чиқмайди. Шу-шу биз қадрдон бўлиб қолдик. Унинг илк қисса ва ҳикоялар тўп­лами – “Жигарбанд­лар”га муҳаррирлик қилганман. Оқилжон Ҳусан сўзбошиси билан чоп этилган шу китоби 1993 йили Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Усмон Носир мукофотига муносиб кўрилган.

Тўлқин ўзига устоз деб билган ижодкорларга янги тўпламларини олиб бориб, маслаҳат оларди. Унинг “Шабада эсган кун” китобига Носир Фозил, “Адашган қиз қисмати”га Пиримқул Қодиров, “Ҳаёт карвонлари”га Эркин Воҳидов, “Самарқанд фарзанди”га Иброҳим Ғафуров, “Ўзбекнинг ёмони бўлмайди” шеър­лар тўпламига Умар­али Норматов, “Олимнинг беқиёс олами”га Файзулла Мўминов, “Икки аср одами”га Орзиқул Эргаш, “Коррупциясиз ҳаёт завқи”га Акмал Саидов сўзбоши ёзганлар.

Айни пайтда у “Қитиқлайдиган гап­лар” шеърий тўплами, “Пиримқул Қодиров сабоқлари” хотира китоби, “Саратондан соғайтирган сеҳр” деб номланган саргузашт қиссаси устида ишлаётган экан.

Ахборот асрига айланган замонда ЎзМУ журналистика факультетида фаолият кўрсатаётган қаҳрамонимиз ижтимоий тармоқларда ҳам жуда фаол. У ўқув даргоҳида “Уч илдиз” маҳорат мактабига етакчилик қилади. Унда таниқли публицистлар, ёзувчи-шоир­ларнинг бўлғуси журналистлар билан ижодий учрашувлари ўтказиб турилади. Бу учрашувлар ҳозиржавоблик билан махсус ютуб каналида ва uchildiz.uz сайтида ёритилади.

Талабаларга соҳа сирлари ва амалиётини имкон қадар пухта ўргатиш мақсадида Тўлқин Эшбек “Муносабат” кўрсатуви телестудиясида Қуддус Аъзам билан ҳамкорликда ижодий маҳорат мактаби ташкил этган. Ҳафтада уч маротаба тўғридан-тўғри эфирда намойиш этиладиган мазкур кўрсатувда журфак талабалари фаол иштирок этадилар. Шу тариқа ҳар йили ўнлаб талабалар ўқиш билан бирга ўриндошлик асосида турли телеканалларга ишга қабул қилинмоқда.

Тўлқиннинг бадиий адабиётда ва адабиётшуносликда энг катта устози, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров бўлиб, адибнинг “Уч илдиз” романи унинг учун ижод андозаси саналади. У кексайган чоғида хаста бўлиб қолган устозининг ҳолидан тез-тез хабар олиб, меҳр билан даст­ёрлик қилганини кўпчилик яхши билади. 2019 йил қайта нашр этилган “Уч илдиз” романига сўнгсўз ёзган адибнинг жия­ни, филология фанлари номзоди, доцент Жалил Ҳазратқулов шундай хотирлайди:

– Юртимиз мус­тақил­ликка эришгач, сиё­сат ва мафкура тубдан ўзгарди. “Уч илдиз” романида ўша даврдаги мафкура билан боғлиқ атамалар, айрим гап-сўзлар уни қайта нашр этишга монелик қиларди. Адибнинг орзу-армони эса катта ёшдаги китобхонлар эътиборини қозонган, бугунги ёш авлодга ҳам кўп маънавий озиқ бериши мумкин бўлган бу асарини таҳрир қилиб, замонамизга мос ҳолда қайта ишлаб чоп эттириш эди. Бироқ саксондан ошган тоғамнинг соғлиги анча заиф­лашган, бу залворли ишни уддалашга қийналарди. Анча йиллардан бери тоғамнинг ҳолидан хабар олиб турган шогирди Тўлқин Эшбек бу ишда катта ёрдам берди.

Бир пайтлар “Уч илдиз” романини мутолаа қилиб ҳайратга тушган Тўлқин пайти келиб уни қайта ишлашда устози Пиримқул Қодировга “мирзо”лик қилганидан қанчалик бахтиёр эканини таърифлашга ҳожат йўқ.

Ҳаёт ўзи катта синовлардан иборат. 2018 йили Тўлқин оғир касалликка дучор бўлгани кўпчиликка маълум. Бу оғир дардни енгишга Тўлқин ўзида куч, ирода топа олди. Энг қизиғи, у оёққа турган сари, ўз ибораси билан айт­ганда: “Чала қолишига бир баҳя қолган” ишларини поёнига етказишга киришиб кетди. Шу тариқа битта салмоқли ўқув қўлланма ҳамда ҳужжатли қиссалар, пуб­лицистик мақолалар, ҳикоялар, ҳангомалар, ҳажвиялар ва шеърлардан иборат бешта тўп­лами чоп этилиб, мухлислари қўлига етиб борди.

Адибнинг “Икки аср одами” китобидан жой олган ҳикояларида ҳажв, сатира руҳи кучли. Бу ҳикоялар қаҳрамонлари икки асрда яшаш бахтига муяссар бўлган кишилар – замондошларимизнинг қадриятлар аламашиши сабабли ҳаётнинг турли синовларига муносабатини кузатамиз, уларда ўз образларимизни ҳам кўриб қоламиз. “Санъат деганлари қабариқ шиша (лупа)”, деб ёзганди шоир Владимир Маяковский. Тўлқин Эшбек ҳам сўз санъати деб аталган қабариқ шиша орқали замондошларнинг умумий жиҳат­ларини китобхонга ўзига хос маҳорат билан кўрсата олди.

Жамоат ишларида ҳамиша фаол Тўлқин Эшбек айни пайтда халқ депутатлари Тошкент шаҳри Олмазор тумани халқ депутати сифатида сайловчилари билан ҳамиша ҳамнафас. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси сифатида республика бўйлаб ўтказилаётган “Маънавият фестиваллари” орқали доимо халқ орасида.

Тўлқин Эшбек 2008 йили “Олтин қалам” мукофоти совриндори бўлган, қаҳрамонимиз 2019 йили “Дўстлик” ордени ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган. Унга навқиронлик, некбинлик бахш этиб турадиган оби ҳаёт булоғи – болаликдан олислаб кетмаслигини тилаб қоламан.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 21-сон