Табиатан, бот-бот микротадқиқотлар ўтказиб туришни хуш кўраман. Бундан йигирма беш йиллар муқаддам, қайси тоифадаги кишилар кўп китоб ўқишини ўрганишга ҳаракат қилгандим. Танлаганларим орасида врачлар, ёзувчилар, педагоглар, чўпонлар, асаларичилар, қоровуллар ҳам бор эди. Йил давомида, уларни холисона кузатдим, сўраб-суриштирдим. Шу жараёнда метро эскалаторидан китоб ўқиб чиқадиганлар эътиборимни тортиб қолди. Уларни ана шу хавотирли, ноўнғай вазиятда ўқишга даъват этган куч нима?
Одатми, китобни ёзган муаллифнинг истеъдодими, вақтдан ютиш истагими…Кейин уларга яқинлашиш ва мазкур асрордан хабардор бўлишга ҳаракат қилдим. Бу одамлар, аксар ҳолда, русийзабон кишилар бўлиб чиқарди. Ва улар ўқийдиган китоблар, кўпинча, медицинага оид оммабоп, қизиқарли ва андак радикал тарзда, яъни медицина анъаналарини жилла инкор этган кайфиятда ёзилган адабиётлар; шунингдек, детективлар, мифлар бўлиб чиқарди. Соф адабий асар ўқийдиганларни эса учратмадим. Зеро, адабий асарни бундай ноўнғай вазиятда ўқиш ножоиз ҳам.
Хуллас, кузатиш якунига тўхталадиган бўлсак ва андак нисбий бўлса ҳамки, пешқадамлар: қоровуллар, асаларичилар, туристлар, беморлар, аниқроғи, ТВ кўриш имкони чекланган кишилар бўлиб чиқишди. Ёзувчиларнинг ўзлари медицина ходимлари, педагоглардан ҳам ортда қолиб кетишди. (Ёш ижодкорлар бундан мустасно)
Ҳозир манзара тағин ҳам ночорроқ. Эндиликда эскалаторда китоб ўқиб бораётган кишиларни деярли учратмайсиз. Қоровул, асаларичи, туристлар, беморларнинг эса қўл телефонлари, телевизорлари бор. Телефонларнинг сўнгги нусхаларидан Интернет саҳифасини очиб, китоб, газета ўқиш, зарур ахборотлардан хабардор бўлиш мумкин.
Интернет китобнинг рақиби эмас, унинг фарзанди сифатида дунёга келди, десак ўринлироқ бўлар. Чунки китобларда тўпланган билим туфайли компьютер яратилди.
Шукурки ўзбек адабий веб сайтлари ҳам кўпайиб қолди. Давронбек Тожиалиевнинг “Зиё истаган қалблар учун”, Хуршид Давроннинг “Хуршид Даврон кутубхонаси”, “ТуркЛИБ” сайтлари қалдирғочлар эди. Ҳозир эса “Кутубхона”, “Китобим” сайтлари; шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва қатор ташкилотлар, шахсларнинг сайтлари адабиётимиз тарғиботига камарбастадир. Тоҳир Малик, Хуршид Даврон, Анвар Обиджон ва бошқа ижодкорларнинг веб сайтларига кирган киши бир олам завқ олади.
Эндиликда микротадқиқотлар ўтказиш ҳам ўнғай. Интернет қайси асарни қанча киши ўқиганлигини қайд этиб боради. Бу адабиёт учун ўзига хос янги мезон ҳам. Аммо тан олмоқ керак, адабий жараёнда ҳар қандай мезон ҳам нисбий бўлиб қолади. Танқидчилар бир асарни кўкка кўтариб мақташади, китобхон бошқа бир асарни излаб ўқийди, учинчи асар мукофотларга сазовор бўлади.
“Зиё истаган қалблар учун”( Ziyouz.uz варианти) энг бой ва қалдирғоч сайт бўлганлиги учун унга асосланиб айрим кузатишлар ўтказганман. Шу йилнинг бошига қадар ўқувчилари икки мингдан ошган шоирлар орасида Абдулла Орипов, Турсун Али, Фарида Афрўз, Абдулла Шерни; ўқувчилари мингдан ошганлар рўйхатида Чўлпон, Зулфия, Чустий, Эркин Воҳидов, Тошпўлат Аҳмад ва бошқаларни учратиш мумкин бўлди.
Насримиздаги аҳвол ҳам кутганимиздан ўзгача. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асарларини икки мингдан кўпроқ киши сақлаб олибди. Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими”, Ойбекнинг “Навоий”, Абдулла Қаҳҳорнинг “Даҳшат”, “Бемор” ҳикояларини мингдан кўпроқ киши ўқиганлиги қайд этилибди. Улардан кейинги авлод ёзувчилари орасида ўқувчилар сони ана шу даражага етганларини, афсуски, топиш қийин бўлди. Фақат, Ўткир Ҳошимовнинг “Ўзбек иши” ҳикояси бундан мустасно. Шунинг ўзи ҳам, юқорида номлари тилга олинган устозларнинг юксак истеъдодлари, боқийликларидан далолат беради.
Аслида ҳар бир шоир ва ёзувчи Интернетни очиб, бугунги жараённи кузатиши, адабиётимизнинг қон томири қай даражада тепаётганлигидан бохабар бўлиши лозим. Шу билан бирга, ўзининг асарларини қанча киши ўқиётганлиги ва бугунги адабиётдаги ўрни билан қизиқиб туриши шарт. Мен тилга олган сайтда эса адабиётимиз дарғаларидан бошлаб, кечагина китоби чиққан ижодкорнинг асарлари билан ҳам танишиш мумкин.
Умумун, сўнгги ўн йилда ўзбек адабиётининг жами жанрлари сайтларга кўчиб бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Газета-журналларда чоп этилмаган ёки нашриётдан китоб бўлиб чиқмаган талай асарларни ҳам виртуал оламдан топиш мумкин. Ҳам шаклан, ҳам мазмунан бу инқилобий жараёнга адабиётшуносларимиз, танқидчиларимиз шунчаки кузатувчи бўлиб қолишаётганлиги ажабланарли ҳол, албатта. Уларнинг аксари, ҳалигача компьютерни ўрганишга қунт қилмаган кўринишади. Онлай оламидаги асарларни таҳлил қилиш, бу борадаги янгиликлардан бизни хабардор қилиш ана шу азаматларнинг вазифаси эмасми, ахир?!
Камина 2006 йилда блог (nusratrahmat.dlogspot.com) очган эдим. Ўз блогимдан ташқари асарларим “Зиё истаган қалблар учун”, “ТуркЛиб” ва бошқа сайтлардан ҳам жой олган. Ҳар ойда ўқувчилар сонини якунлаб, оз бўлса ҳам ўқишаётганлигидан мамнунлик топаман. Ўтган йил Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаётига бағишлаб роман ҳам ёздим. Бу асарни китоб ҳолатида чоп эттирмадим. Шукурки, уни Интернетдан юзлаб кишилар мутолаа қилишябди.
Ҳозирги информациялар замонида одамларни ҳайратга тушириш осон эмас. Бугунги ўқувчининг ихтиёрида шавқовар компьютер, юзлаб каналларга эса бўлган ТВ бор. Турмуш ташвишлари, дўстлар суҳбати ҳақида гапирмай қўяқолай. Шунга қарамай, оз бўлса ҳам ўқувчиларим борлигидан қувонишим керак, албатта
Ижодкор дўстларга юракдан айтадиган гапим бор. Агар сиз компьютерни ўрганиб, Интернетдан фойдаланаётган бўлсангиз, чинакамига ютибсиз. Агар бу юмушга ҳозиргача қунт қилмаган бўлсангиз, ҳали ҳам кеч эмас. Интернет асарларингизни бутун дунёга тарғиб қилади ва уларга боқийлик бахш этади. Вақтни бой берманг!