Босма ва интернет ОАВ журналистлари, блогерлар ўртасидаги «Эътироф» танловига марҳамат!

Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот ва интернет нашрларда жамият ҳаётида кечаётган жараёнлар тезкор, холис ва ҳаққоний, таҳлилий жиҳатдан юксак савияда ёритилган материаллар кўламини ошириш, босма нашрларни шаклан ва мазмунан такомиллаштириш, жамият янгиланишидаги жараёнларни ёритиш, дунё ахборот майдонида ўз ўрнини эгаллаши, рақобатбардош бўлиши, ОАВ нуфузини ошириш ва журналистларнинг касбий маҳорати ўсишига кўмаклашиш, нашрлар ўртасида профессионал алоқаларни йўлга қўйиш, иқтидорли муаллифларни рағбатлантириш мақсадида газета, журналлар, интернет агентликлари ва нашрлари журналистлари, шунингдек блогерлар ўртасида «Эътироф» танловини эълон қилади.

Танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди молиявий кўмагида ўтказилади.

Танлов номинациялари:

–  энг яхши босма ОАВ журналисти

– энг яхши йил фотосуратчиси

– йил дебюти (илк бор ўзини танитган)

– энг яхши тармоқ ОАВ журналисти

– энг яхши йил блогери

– энг яхши ҳудудий газета

Танлов ўтказиш тартиби ва шартлари

Тақдим қилинган ижодий ишлар  2014 йилнинг 1 январидан 2015 йилнинг 1 январигача бўлган даврда босма ва интернет нашрларда чоп этилиши керак. Ғолиблар қуйидаги мезонлар бўйича аниқланади:

–  мавзунинг жамиятда аҳамиятга моликлиги, долзарблиги ва материал мазмуни;

–  ёритишдаги маҳорат;

–  материални тақдим этиш шаклларининг янгилиги, ўзига хослиги ва ифодалилиги.

Танловга тақдим этилган ижодий ишлар етакчи журналистлар, жамоат ташкилотлари ва тегишли идоралар вакилларидан иборат ҳайъат томонидан баҳоланади.

Ижодий ишларга муаллиф тўғрисида (фамилияси, исми, профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот, паспорт нусхаси) маълумотлар илова қилинади.

Танловда қатнашиш истагини билдирган таҳририятлар фонд дирекциясига ёзма равишда мурожаат қилишлари лозим.

Ғолибларни тақдирлаш

Танлов ғолиблари «Ўзбекистон Матбуоти» III Миллий форумида эълон қилинади.

Танловда қатнашиш учун аризалар 2015 йил 4 февралигача қуйидаги манзилда қабул қилинади: 100129, Тошкент ш., А.Навоий кўчаси, 30-уй, 3-қават, 1-хона. Мурожаат учун телефонлар: 244-14-28, 244-12-51, www.mmf.uz, e-mail: [email protected].

Ташкилий қўмита.