Нурбой Абдулҳаким. Ҳижрон сели узра солинган кўприк

Фурқат Ёркент (ҳозирги Хитой Халқ Республикаси Шинжонг вилояти)га 1893 йил сентябри (ҳижрий 1311 йилнинг рабиъ ул-аввали)да келган. Бу ҳақда унинг ўзи “…рабиъ ул-аввал ойининг аввалида Ёркент вилоятиға келдим”[1] деб ёзади.

Шоир ҳаёти ва ижодининг Ёркент даврига оид мавжуд тадқиқотларнинг фурқатшунослик ривожидаги аҳамиятини эътироф этган ҳолда таъкидлаш керакки, бу масала ҳанузгача етарли даражада тадқиқ этилмаган. Қолаверса, мазкур тадқиқотларда мустабид шўро мафкураси талаби билан шоир ҳаёти ва ижодининг айрим қирраларини тўла ёритиш имконияти бўлган эмас.

Фурқатнинг Шарқий Туркистондаги ҳаёти ва ижоди ҳақида энг кейинги тадқиқот профессор Н. Каримовнинг “Ёркент асири” мақоласидир. Мақолада Фурқат ҳаёти ва ижодини ўрганишнинг муҳим жиҳатлари ҳақида эътиборли маълумотлар берилган. Фурқатнинг “Кажкул” деб номланган кундалик дафтари ҳақидаги фикрлар, Нурмуҳаммад Муҳаммадюсуфнинг шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги хотиралари таҳлили шулар жумласидандир.

Лекин, мақолада келтирилган москвалик туркшунос Эдгем Тенишев китобидаги аксар фикрлар мунозарали. Жумладан, Фурқатнинг кичик ўғли Нодиржон 1956 йили 43 ёшга тўлганлиги, тикувчилик ширкатида тикувчи бўлиб ишлаши ҳақидаги Э. Тенишев маълумотининг ҳақиқатга мувофиқ эмаслигини профессор Н. Каримовнинг ўзи ҳам алоҳида таъкидлайди. “Олимнинг сўнгги маълумоти иштибоҳли, — деб ёзади Н. Каримов, — чунки агар Нодиржон 1956 йили 43 ёшга кирган бўлса, у ҳолда отаси вафотидан кейин, 1913 йилда туғилган бўлиб чиқади”.

Э. Тенишев хотираларида ёзилишича: “Зокиржон 22 ёшида қадрдон шаҳри Қўқондан чиқиб кетишга мажбур бўлади”. Ваҳолонки, Фурқатнинг ўзи “Аҳволот”да: “Чун ёшим соати умр шаб-рўзида йигирма тўрт шумориға етти, ул вақт Хўқанд вилоятидаги фозилу расотабъ кишилар бирла иттиҳод айлаб, аларнинг суҳбатидин кўп баҳралар топдим — деб ёзганки, унинг 22 ёшида Қўқондан чиқиб кетган бўлиши мумкин эмас.

Москвалик туркшуноснинг Фурқат “уч маротаба ҳажга бориб, икки йил Ҳиндистонда, бир йил Афғонистонда яшайди” деган фикрлари ҳам тўғри эмас. Архив маълумотлари шоирнинг ҳажга уч маротаба эмас, бир марта борганлигини, Ҳиндистонда икки йил эмас, Тибет сафарини ҳам қўшганда бир йилу бир ой яшаганлигини, Афғонистонга эса умуман бормаганлигини тасдиқлайди.

Бундан ташқари, Э. Тенишев Фурқатнинг хотини исмини Райҳон деб атайди. Ваҳолонки, Ёркентнинг расмий маъмурияти — Ёркент вилояти халқ комитетининг “Гулхан” журнали редакциясига 1958 йил 18 августда ёзиб юборган мактубида ҳам, кўп йиллардан буён Фурқат мероси устида илмий изланишлар олиб бораётган, Қашқар уйғур нашриётида шоирнинг “Танланма асарлари”ни чоп эттирган ёркентлик олим Неъматулло Убайдулло тадқиқотларида ҳам Фурқатнинг хотини Раънохон исмли аёл бўлганлиги таъкидланади.

Шуларнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, Э. Тенишев келтирган маълумотлар Фурқатнинг ҳаётини ўрганишда асос бўла олмайди.

Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги Давлат Адабиёт музейи Фурқат фондида Шинжонг вилояти фуқароси Фирдавс Азизийнинг шоир ҳаёти ва ижодининг Ёркент даври ҳақида маълумот берувчи мактублари сақланади. Мактублар уйғур тилида ва араб ёзувида бўлиб, уларда муаллиф Фурқатнинг Ёркентдаги ҳаммаслак дўстлари — Тажаллий, Шариф охун, Абдураҳим охун, Бобожон ҳожи, Муҳаммад Қори ҳожи, Умар ҳожи, уларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида қимматли маълумотларни беради.

Фирдавс Азизийнинг ёзишича: “Фурқат ҳар ҳафтанинг сешанба куни Умар ҳожининг уйида ҳуснихат ҳаваскорларига таълим берган. Ҳар ҳафтанинг чоршанба куни улфатлар йиғилиб, Умар ҳожининг боғида ёки шаҳар ичидаги бирор бошқа жойда кўнгил очиш қилиб, шеър ўқишиб, танбур чалишиб ўлтурганлар. Ҳар ҳафтанинг жума кунида Фурқат оғайнилари билан шаҳар сиртидаги боғларга чиқиб, базм қилишиб ўлтуришган. Бошқа кунлари дўконда касал даволаш билан бўлган.

Жума кундаги ўлтуришларида форс тили, адабиёт ва диний масалалар тўғрисида муҳокама ва илмий баҳс-мунозаралар олиб борилган. Шундоқ суҳбатларда Фурқат янги ёзғон шеърларини ўқуб берса, кишилар кўчуруб олғон ва ашула қилиб ўқуғон. Фурқат форс адабиётининг тарихини ўқуғонлиги ва форс тилини мукаммал билганлигидин шеърият ҳаваскорларига энг яқин шеърий китоб деб ҳисобланган “Девони Мирзо Бедил” деган китобнинг тушунолмаган ерларини Фурқатдан сўрашган. Фурқат уларга бутун тафсили билан тушунтириб қўйган”.

Фурқатнинг Ёркентдаги илмий-ижодий фаолияти серқирра эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Бу шаҳарда яшар экан, у шоир ва носир, публицист ва хаттот, табиб ва олим сифатида шуҳрат қозонди.

I

Фурқат Ёркентда яшар экан, ҳаётий аъмоли — шеърият билан жиддий шуғулланди. Баркамол назмий асарлар яратди. Шоирнинг бу давр шеърияти ғурбат оҳангларининг устувор эканлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис ундаги ғариб, ит (адашган, оввора ит), гул, ғунча, лола (саҳро юзидаги лола), булбул (бўстонидин, фиғонидин адашган булбул) каби образлар муайян бир силсилани, узвий боғлиқликни ташкил этади. Лирик қаҳрамон руҳий ҳолатини ифодалашда умумлашма воситалар сифатида алоҳида ўрин тутади.

Шу ўринда масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратиш зарурати сезилади. Маълумки, шеърият илмида образлилик асосий шартлардан бири. Лекин ҳали мукаммал бадиийлик учун шунинг ўзигина кифоя қилмайди. Шоир истаган образини танлаши мумкин. Лекин уни бадиий тасвир воситалари орқали таъсирчан, ёрқин ифодалаб бера олмаса, бу образ рангсиз, саёз, жўн бўлиб қолаверади. Фурқат лирикасида образ ва бадиият шу даражада уйғунликка эришганки, уларни бир-биридан айри тасаввур этиб бўлмайди. Мазкур образлар силсиласи таҳлили ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Манам шўрида булбул бўстонидин адашганман,
Юзи гул, қомати сарви равонидин адашганман,
Дилим ҳажри-ла қондур дилситонидин адашганман,
Ғариби кўйи ғурбат хонумонидин адашганман,
Ва ё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашганман.

“Бўстонидин адашган булбул”, “хонумонидин адашган ғариб”, “қомати сарви равонидин адашган юзи гул (ёр)” лирик қаҳрамон изтиробининг нечоғлик оғир эканлигини таъсирчан, ёрқин ифодалаган образлар. Теран мазмуннинг таносиб (булбул, бўстон), ташбиҳ (юзи гул, қомати сарви равон) ҳамда иштиқоқ (ғариб, ғурбат) санъатлари билан музайян бўлганлиги мазкур образлар моҳиятини поэтик умумлашма даражасига кўтарган.

Ушбу бандда эътиборни жалб этадиган яна бир тимсол бор: “ошёнидин адашган мурғи ваҳший!” Савол туғилади: Нима учун айнан мурғи ваҳший? Ахир қушларнинг тури кўп-ку? Шоир ваҳший бўлмаган қуш образини ҳам танлаши мумкин эди-ку? Бизнингча, бунда шоир эътиборни образнинг ёрқин, таъсирчан бўлишига қаратган.

Ғариб ким? Ғурбат сўзини шоир қайси маънода ишлатган? Кўп ҳолларда бу сўзларнинг биргина — ватанжудолик маъносига урғу бериб келинган. Ваҳолонки, бу истилоҳнинг маъноси анча кенг.

Тасаввуфга оид “Миръоти ушшоқ” луғатида “ғурбат” — жонон ҳарамидин дилу жоннинг йироқлашуви; поклик оламидин ажралиб нафси шаррни яқин билмоқ, — деб шарҳланган. Саййид Сажжодий фикрича, бу истилоҳ уч хил маънода келади: “1. Ватандан жудолик ғурбати. 2. Жоҳил ва фосиқ қавм орасида мажбуран, яъни ғайриихтиёрий равишда ўтирган одам ғурбати. 3. Ғурбат — Ҳақ талаби бўлиб, бу — орифнинг ғурбати, зеро орифнинг ҳиммати маъруфдурки, у охират аҳли орасида ҳам ғарибдур”.

Бизнингча, Фурқат шеъриятидаги ғурбат истилоҳи ҳар учала маънода қўлланган. Уни фақат ватанжудолик билангина изоҳлаш бирёқламалик бўлар эди. Мухаммаснинг қуйидаги банди ифодалаган мазмун ҳам ушбу фикрни қувватлайди:

Маломат ўқларидин дилфигору сийначок охир,
Йиқилди нотавонлиғ бирла жисми дарднок охир,
Худоға шукрким, кетдим анинг йўлида пок охир,
Муҳаббат ўтида куйгач, бўлуб бир тўда хок охир,
Фано боди тегиб ному нишонидин адашганман.

Мазкур мисралар моҳиятидан кўриниб турибдики, Фурқат шеъриятида асосан Ҳақ талабидаги орифнинг ғурбати ифода этилган. Зеро, “Маломат ўқларидан дилфигору сийначок бўлган дарднок жисмнинг нотавонлиғ бирла йиқилиши. Худонинг йўлида пок бўлиб, муҳаббат ўтида бир тўда хокка айланиш, Фано боди тегиб, ному нишондан адашмоқ!” — булар тасаввуф аҳлининг орзуси. “Маломат ўқлари”, “муҳаббат ўти”, “фано боди” истиоралари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

Шу боис Фурқат шеъриятидаги “ғариб” образи, “ғурбат” истилоҳи серқатлам маънога эга. Шубҳасиз, унда ватанжудолик маъноси ҳам бор. Лекин, бу истилоҳни шоирнинг она-юртдан узоқда яшаганлиги билангина изоҳлаш тўғри эмас. Бинобарин, Фурқатнинг замондошлари — Камий ва Зорий Ватанда яшаган бўлсалар-да, ўзларини ғурбатда деб ҳисоблаганларки, шунинг ўзиёқ бу сўзнинг маъноси кенг эканлиги, шеърият аҳли буни доимо назарда тутганлиги далилидир.

Жумладан, Камий шундай ёзади:

Аҳволими сўрғудек киши йўқ,
Ўз шаҳрим аро ғариб эканман.

Зорий ижодида ҳам шунга оҳангдош мисралар мавжуд:

Бу ерда Зорийи аҳқарнинг элга эътибори йўқ,
Мусофирдек юрарман мунда, гарчи ўз диёримдур.

Фурқат поэзиясидаги ит образи, айниқса, алоҳида тадқиқотларни талаб этади. Бу образ моҳиятан “ғариб” образи билан уйғун. Мазкур мухаммаснинг яна бир бандида шундай мисралар бор:

Югурсам ҳар тарафга, айб қилманглар, бу водийда,
Мисоли телба итмен, корвонидин адашганман.

“Ватандан айрилиш зарурати, — деб ёзади Мақсуд Шайхзода, — Фурқатнинг идрок ва шуурида чинакам фожиа даражасига кўтарилади, деса янглишмаймиз. Дарҳақиқат, кишида андиша, изтироб ва чуқур ғалаён қай даражада мотамангиз бўлмоғи лозимки, шоир ўз дарбадарлигини овора итнинг дайдишига ўхшатиб қўйса?! Бундай бир ташбиҳга бориб етиш учун шоир нақадар маънавий мусибатга чулғанган бўлиши керак, ахир!”1

Кўриниб турибдики, Шайхзода ит образини ватанжудолик ифодаси сифатида талқин этган. Бу — тўғри. Лекин, бу фақат зоҳирий маъно, холос. Мухаммаснинг мазкур бандида, хусусан, телба ит ташбиҳида, бундан ташқари, ботиний маъно ҳам борки, уни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керак.

Имом Ғаззолийнинг “Дақойиқ ул-ахбор” асарида шундай бир ҳадис келтирилган: “Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Мўмин кишига лойиқ ва муносиб шулки, ани(нг) хулқи ва одати итни(нг) хулқи ва одатидек бўлғай. Итнинг беш ибратли хулқи бордур. Бири шулки, доим оч бўлур, лекин қаноат қилур. Бу тариқа очликка қаноат қилмоқ солиҳ бандалар хулқидур. Иккинчиси шулки, итни(нг) макони бўлмас ва ҳар гўшада ётур. Бу тариқа гўшанишинлик солиҳлар хулқидур. Учинчиси шулки, ит кечаси ухламас. Бу тариқа бедорлик солиҳлар хулқидур. Тўртинчиси шулки, итни(нг) авлодиға мерос қоладурғон моли бўлмас. Бу тариқа дунё муҳаббатини тарк этмоқ солиҳлар хулқидур. Бешинчиси шулки, ит ҳаргиз эгасининг эшигидан кетмас. Бу тариқада вафо қилиб, Парвардигорига итоат қилмоқ ҳам солиҳларнинг хулқидур”.

Маълум бўладики, илдизи ислом маънавиятидан, тасаввуф маърифатидан озиқланган мумтоз адабиётимиздаги, жумладан, унинг забардаст вакилларидан бири шоир Фурқат ижодидаги ит образи чуқур фалсафий мазмунга эга. Мухаммасдаги карвонидан адашган телба ит изтиробини ҳам худди шу маънода тушунмоқ керак.

Шоир бир ғазалида шундай ёзади:

Эл ухламади итлари ғавғосида бир тун,
Додим унидин итлари бедор эшигида.

Қуйидаги мусаббаъ мазмуни ҳам шоирнинг ўз фалсафий фикрларини ифодалашда ит образидан нечоғлик унумли фойдаланганлигини кўрсатади:

Мўътабар кўз ёш Ҳақ наздида дурри нобдин,
Ҳам либоси фақр беҳтар шол ила санжобдин,
Бистари қолинда роҳат бирла кўрган хобдин
Кўйи узлат бўрёси хўбдур ҳар бобдин,
Бор эмиш бир кун азоби ваҳм қил Ваҳҳобдин,
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин,
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.

Ит — вафо тимсоли. Шунинг учун ҳам, шоир наздида, аҳли дунё — яъни, дунёпарастлар суҳбатида шароби ноб — қизил май ичгандан кўра ит ялоғидан қон ичган афзалроқ! (Ит, ялоқ, қон сўзлари ҳосил қилган таносиб бадииятни таъминлашда алоҳида ўрин тутган.) Чунки аҳли дунёдан вафо кутиб бўлмайди. Уларнинг мақсади, қай йўл билан бўлмасин, дунё матоҳига эгалик қилиш. Улар манфаат йўлида ҳар қандай тубанликдан-да қайтмайди.

Мана Фурқат назарда тутган ҳаёт фалсафаси. Бу ерда “шароби ноб” ва “қип-қизил қон” — истиора. Шунинг учун ҳам уларни фақат зоҳирий маънодагина тушуниш тўғри эмас. Жумладан, “шароби ноб” да умуман дунёпарастлик, ҳирсу ҳавас маънолари мавжуд.

Бундай дунёқараш фақат Фурқатгагина хос бўлган эмас. Аслида шоир буни улуғ салафларидан ўрганган. “Лисон ут-тайр”нинг “Ҳожа Баҳоуддин сўзи фанойи комил мақомида” деб номланган фаслида Навоий Шоҳ Нақшбанд номидан шундай сўзларни келтиради:

Кўрди топқоч нисбат ойинин туза,
Ит аёғининг изин туфроғ уза.
Деди: “Мен ортуғ эканму ё бу из?”
Яна ўзни деди: “К-эй инсофсиз,
Ул вафо аҳли аёғидин нишон,
Сен вафосизлик сари доманкашон”.
Хатм қилди чун бу маъниға сўзин,
Ер ўпуб ул из уза қўйди кўзин.

Зеро, худпарастликдан фориғ бўлиш, нафсни ўлдириш — тасаввуф таълимотининг муҳим қоидаси, соликка қўйиладиган бош шарт. Шу жиҳатдан, Фурқат шеъриятидаги ит образи ҳам худди ғариб образи каби бир қанча маъно қатламларига эга. Шоир асарларини ўрганганда буни ҳар доим эътиборда тутиш зарур бўлади.

Фурқат поэзиясидаги лола, ғунча, гул, булбул тимсоллари ҳам юқоридаги образларга узвий боғлиқ.

Бенгзар нечук рухинга саҳро юзида лола,
Қолғон қазо чўлида бир қон юқи пиёла.

Қарийб бир асрдан зиёдроқ вақтдирки, Фурқат лирикаси мана шу тарздаги гўзал, бетакрор ташбиҳлари, теран фалсафий мазмун-моҳияти билан шеърият муҳибларини ҳайратга солиб келмоқда. “Адашганман” радифли мухаммасидаги мана бу мисралар мазмунига эътибор қилайлик:

Қилиб ёд ўтган умрумни чаман оби равонидин,
Муҳаббатномаларни ёд олиб савсан забонидин,
Тикан захмини англаб ғунчани қонлиғ даҳонидин,
Ўқуб гул дафтарини бир варақ фасли хазонидин,
Жаҳон боғида булбулдек фиғонидин адашганман.

Ушбу банддаги поэтик ташбиҳлар Фурқат шеъриятининг бадиий жиҳатдан нечоғлик баркамол эканлигига яна бир далил. Чамандан оқиб ўтаётган сув шоирга ўтган умрини эслатади. Унинг назарида, табиатнинг ҳар бир зарраси — муҳаббат тимсоли. Чунки уларнинг ҳар бири жунбушга келиб ўз Яратгувчисини зикр этади. Шу боис шоир савсан тилидан муҳаббатномаларни ёд олади. Ғунчанинг “даҳони қонлиғ” эканлиги сабабини тикан етказган ярадан, деб билади. (Ҳусни таълил санъатининг бетакрор намунаси.) Хазон фаслини кузатар экан, ундан “гул дафтарини ўқийди”. Яъни, гулнинг хазон бўлишдан аввалги ҳолини мушоҳада этади. Ўз аҳволи руҳиясини эса фиғонидан адашган (ажралган) булбулга менгзайди.

Бу ташбиҳдан мутаассир бўлган Мақсуд Шайхзода шундай ёзади: “Фиғонидан адашган булбул”, яъни сайраш қобилиятидан маҳрум қолиб лол бўлиб қолган булбул! Нақадар чуқур, сермаъни ва таъсирли образ!”

Дарҳақиқат, Фурқат шеърияти “чуқур, сермаъни ва таъсирли образ”ларга бой. Мазкур образлар силсиласи, биринчидан, шоир дунёқараши, эътиқодини англашда муҳим ўрин тутади. Иккинчидан, Фурқат назмий мероси поэтикасининг етакчи хусусиятларини ўзида мужассам этган. Шу жиҳатдан улар шоирнинг бадиий маҳорати сирларини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга.

II

Фурқатнинг публицистик мақолаларида замонасининг долзарб муаммолари кўтариб чиқилган. Ушбу муаммолар муолажасига оид теран фикрлар қаламга олинган. Профессор А. Абдуғафуровнинг фикрича: “Зокиржон Фурқат ўзбек адиблари ичида биринчи бўлиб замонавий маънодаги публицистикага асос солиб, айни замонда, унинг кенг тематик доирасини ҳам белгилаб, даврнинг актуал сиёсий проблемаларини илғор тушунчалар ва халқчил позициядан ёритиш соҳасини ҳам бошлаб берди”1 .

Биргина далил: “Газет муаллифиға керакким, — деб ёзади Фурқат, — инсофпеша ва ростандеша бўлғай. Нолойиқ ва номуносиб сўзларни газетга солмағай ва ёзғон каломидин газет ўқуғувчиларға нафъ ва фойда ҳосил бўлғай. Агар бир ҳикоят ёзса ҳам анинг заминида бир фойдалик мазмуни бўлғай. Хорижия ва дохилия аҳволотидин ёзса, адл ва инсоф юзидин ростлиқ бирла ёзғайким, эътибор ва истиҳсонға лойиқ бўлсун”.

Таъкидлаш жоизки, ўзбек матбуотчилиги эндигина шаклланаётган бир замонда айтилган бу сўзлар, орадан қарийб бир аср ўтган бўлса-да, бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини заррача бўлсин йўқотган эмас. Зотан, Фурқатнинг ўзи ушбу сўзларига ҳар доим амал қилди. Шу боис унинг публицистик мақолалари бизнинг замонимизда ҳам қимматини сақлаб келмоқда.

Фурқат публицистикасида инсон ва унинг жамиятда тутган ўрни, одоб-ахлоқ, инсоф-диёнат каби фазилатлар тарғиби, ёлғон ахборот тарқатиш, фирибгарлик, товламачилик каби иллатлар танқиди, хорижий мамлакатлардаги турли миллат ва элатларнинг турмуш тарзи, қадриятлари ҳақидаги ахборотларгача бўлган кенг қамровли масалалар қаламга олинган.

Бу хусусда сўз юритганда бир масалага ойдинлик киритиш эҳтиёжи сезилади. Устоз олимлар — А. Абдуғафуров ва Ш. Юсупов тадқиқотларида “Туркистон вилоятининг газети”да имзоси эълон қилинган “Ёқуббек марҳумнинг қўлига тушгон Қашқар вилоятининг аҳволоти хусусида” ва “Қашқар вилоятидаги сартия халқларининг зиндагончилик аҳволотлари хусусида” мақолалари Фурқатга нисбатан берилган.

Бизнингча, бу фикр мунозарали кўринади. Аввало, ҳар иккала мақола “Туркистон вилоятининг газети”да имзосиз эълон қилинган. Профессор А. Абдуғафуров тўғри қайд этганидек, “…мақола охирида қавс ичида рус тилида “Қирғиз газетасидан” (“Из кирг. газ.”) деган таъкид мавжуд”. Иккинчидан, мазкур мақолаларнинг услуб хусусиятлари ҳам Фурқат мақолаларидан кескин фарқ қилади. Улардаги жумла тузилишларида Фурқат мақолаларига хос бўлмаган ғализликлар мавжуд. Учинчидан, рус мустамлакасидан ҳимояланиш учун турк султони билан битим тузган ва шу туфайли ўз замонида катта шуҳрат қозонган Ёқуббекни бунчалик ерга уриш Фурқат дунёқарашига унчалик мувофиқ келмайди. Тўртинчидан, Фурқатнинг ўзи мустаҳкам эътиқод соҳиби бўлгани ҳолда динни маҳкам тутганлиги учун Ёқуббекни танқид қилиши мантиққа зид кўринади. Ҳар ҳолда, фикримизча, бу масала янада чуқурроқ ўрганилиши керак.

III

Фурқатнинг хаттотлик маҳорати, бу борадаги самарали фаолияти ҳам алоҳида тадқиқотларга мавзу бўла олади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, Фурқат хаттотлик сирларини ўрганишга болаликданоқ киришган. Шоир “Аҳволот”да ўзининг етти ёшга тўлган даври ҳақида ҳикоя қилар экан, шундай ёзади: “…хат машқини ўзумға лозим кўруб, эртадин қиёмғача китоб ўқуб, андин намози асрга тегру машқи хат қилур эрдим”.

Демак, Фурқат етти ёшлик пайтиданоқ мунтазам равишда хат машқи билан шуғулланган, китоб мутолаа қилган. Зеро, хаттотлик санъати ҳуснихатнинг ўзи билангина камолга етмайди. Ҳам мукаммал ҳуснихат, ҳам юксак саводхонлик — хаттотликнинг муҳим шартлари. Шоирнинг тўққиз ёшлигида ёзган:

Менинг мактаб аро булдур муродим,
Хатимдек чиқса имло-ю саводим, —

байти унинг ёшликданоқ имлода ҳам, ҳуснихатда ҳам мукаммалликка интилганлигини кўрсатади.

“Аҳволот”да таъкидланишича, Фурқат ўн ёшга тўлганида ўз “…саводи такмили учун” Муҳаммад Олим исмли устозининг “хат илмида ноқис”лиги сабаб “Мулло Қамбар Али ном бир хушнавис кишида дигар бора таълим олиб” ҳуснихат борасидаги илмини мукаммаллаштиради. Натижада, ўзи ҳам замонасининг хушнавис хаттотларидан бўлиб етишади.

Фурқат чет элларда яшаган даврида ҳам хат ва хаттотликка алоҳида эътибор берди. Манбаларда бу ҳақда қимматли маълумотлар сақланиб қолган. Бир қанча муддат шўро ҳукуматининг Кошғардаги консулхонасида хизмат қилган қўқонлик Эргаш Ҳожининг Фурқат ҳақида муҳим қайдлар, шоир асарларидан намуналар кўчирилган қўлёзмасида:

Мулло Зокиржон Фурқат

Хат машқига қилди диққат, —

байти келтирилиб, унга қуйидагича изоҳ берилган: “Ёркандда ўзи (яъни, Фурқат — Н.А.) қаламдони зарринға нақш қилғон. Шу қаламдони зарриндин ёздим. Локин, қаламдон ўғли Нозимжонда қолди, бермади”.

Ушбу маълумот ҳам шоирнинг хат машқига ҳар доим алоҳида эътибор берганлиги далилидир.

Фурқатнинг хаттотлик борасидаги шуҳрати, бу соҳада шогирдлар ҳам етиштирганлиги ҳақида Фирдавс Азизий шундай ёзади: “Фурқатнинг ҳуснихати ҳам ниҳоятда чиройли бўлғон. Унинг хаттотлик маҳоратидин завқланғон бир қанча кишилар ундан ҳуснихат ўрганган эканлар. Шулардан Фурқатнинг дўсти ва шогирди Зайнулобидинхон Фурқат вафот этгандан йигирма тўрт йил кейин, яъни 1933 йили Ёркентда янги мактаб — “Матлаъ ул-ирфон” қурулғонда ана шу мактабда ҳуснихат ўқитувчиси бўлғон”.

Мазкур маълумотлар Фурқатнинг юксак маҳоратли хаттот ҳам бўлганлигини кўрсатади. Шу маънода, олим ва хаттот Абдулқодир Муродийнинг “Санъаткор хаттотларнинг ёзган хатлари маъно ифодалашдан ташқари, кишиларни ҳаяжонга солиб, уларга эстетик завқ беради. Котиб қаламида ёзилган ҳар бир хат санъат мўъжизаси каби ўлмас асар ҳисобланарди”, — деган сўзлари Фурқатга ҳам тўла тегишли деб ҳисоблаш мумкин.

Зеро, Фурқатнинг Ўзбекистон Марказий Давлат архивида, мамлакатимиздаги турли қўлёзмалар фондларида, шахсий архивларда сақланаётган дастхатлари ҳам унинг хаттотлик маҳорати нечоғлик юксак бўлганлиги далилидир.

IV

Фурқатнинг табиб-ҳаким сифатидаги фаолияти ҳам махсус тадқиқ этишни тақозо этади. Зеро, у табобат соҳасида ўз замонасининг маълум ва машҳур олимларидан эди. “Зубдат ул-ҳукамо” унвонининг соҳиби бўлганлигиёқ унинг бу борадаги юксак салоҳияти далилидир.

Хорижга кетмасидан олдин Фурқатнинг табобат билан амалда шуғулланганлиги тўғрисида маълумот бўлмаса-да, тиб илмидан яхшигина хабардор эканлигини тасдиқловчи айрим далиллар мавжуд. Хусусан, Фурқат Хўжандда яшар экан, у ердаги ҳакимларининг билим даражасидан қаноат ҳосил қилмайди. “Ул ерда мавжуд даъвийи ҳикмат қилғон ҳакимларни(нг) ҳаммасини жоҳил эътиқод қилдим, — деб ёзади у. — Бу далил бирлаким, ул халқни(нг) кўзлари хийра бўлса, қон олмоққа иштиғол кўргузурлар экан. Аларнинг бу беҳуда муолажасидин кўб кишини(нг) сиҳатиға нуқсон етмоқлиғини мушоҳада қилдим”.

Хўжандда ўзи ҳам қон-томир хасталигига учраган Фурқатни “набз ташхисини билишда ягона” ҳаким дўсти Ҳожи Аъзам даволайди. Табиийки, зийрак, ҳар бир нарсага қизиқувчан Фурқат Ҳожи Аъзам қўлида даволаниш баробарида, ундан табобат сирларини ҳам ўрганади.

Фурқатнинг табобат билан амалда жиддий шуғулланиши унинг Ёркентдаги фаолияти билан боғлиқ. Шоирнинг Ёркентда ёзилган ғазалидан олинган қуйидаги байт ҳам ушбу фикрни қувватлайди:

Ҳайф, беш-олти танга деб, умрим ўтар дўкон очиб,
Дори ясаб ҳавончада кунда тақир-туқур қилиб.

Ҳатто бу даврда ҳаким унвони Фурқатнинг шахсий муҳрида ҳам акс этган. Жумладан, унинг Ёркентдан 1905 йил 10 июлда йўллаган дастхат мактубига “Ҳаким Зокиржон ҳожи” битиги билан муҳр босилган.

Шинжонглик зиёлилардан Фирдавс Азизий томонидан йўлланган мактубда ҳам бу ҳақда қимматли маълумотлар берилган: “Фурқат Ёркентга қайтиб келгондин учунчи йил, — деб ёзади у, — Ёркентнинг шаҳар ҳокими касалга гирифтор бўлуб, бутун баданини жароҳат босиб кетди. Шу чоғларда оврупоча дўхтурхона очган эдилар. Шаҳар ҳокими аларга кўрунгон бўлса-да, касали ҳеч яхшиланмади. Амбол[2] Фурқатнинг донғини онглаб, уни ўзининг касалини даволаб қўйишга таклиф қилди. Фурқат они симоб қўшулғон дорулар билан даволади. Уч ойдин кейин амбол бутунлай соғайиб кетди. Шунга бийик хушҳол бўлиб кетган амбол Фурқатга уч юз сар танга инъом қилғон ва шаҳар сиртидаги ҳукумат еридан 22 гектар ер кесиб берган.

Яна бир куни Фурқат шаҳар сиртидаги боққа базмға чиққонда, базм қатнашчиларидан Ниёз Ҳожим деган киши кучала қўшулғон дору еб заҳарланиб қолғонда, у одамни ўлимдин қутултирди. Андин бошқа дўкониға келган камбағал кишиларни пул олмай даволаб қўйиш ишлари кўп кўрулгон”.

Шунингдек, мазкур мактубда Фурқатнинг хотини Раънохон табибнинг қизи бўлгани учун унинг тиббий ишларига кўп ёрдамлашгани тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар берилган. Унда таъкидланишича, Фурқат тиб илмига оид “Иксири аъзам” (“Улуғ кимё”) деган китобни доимий равишда мутолаа қилган.

Бундан ташқари, Ёркент вилояти халқ комитети томонидан “Гулхан” журнали таҳририятига 1958 йил 18 августда йўлланган мактубдаги қуйидаги фикрлар ҳам диққатга сазовор:

“У (Фурқат-Н.А) бу орада илми нужум ва табобат илми билан шуғулланади. У Ҳиндистонда босилган “Иксири аъзам” деган китобни кўп ўқир экан. Табобатда билими ва тажрибаси бўлгач, турмушини табибчилик билан ўтказади. Камбағал касалларга яхши қараб, дори бериб соғайтиради. Лекин, пул олмайди. У вақтларда бу вилоятда докторхона бўлган. Докторхонада шифо топмаган баъзи оғир касалларни ҳам шоир соғайтирганлиги тўғрисида халқимиз ичида ажойиб гаплар юради”.

Маълумки, Фурқат Ёркентда замонасининг машҳур шоири Тажаллий билан танишади ва яқиндан дўстлашади. Табиб сифатида ҳам шуҳрат қозонган Тажаллий Муҳйи билан мунтазам равишда хат ёзишиб турган. Шундай мактублардан бирининг ҳошиясига Тажаллий “Бу хат (яъни, Муҳйининг хати — Н.А.) “Зубдат ул-ҳукамо” деб шуҳрат чиқаргон хўқандлик Муҳаммад Зокиржон Фурқат воситаси билан бизга тегди. Тажаллий”. — деб ёзиб қўйган.

Фурқатнинг ўз дастхати билан ёзилган қуйидаги хабар-мақола унинг тиб илми билан амалда шуғулланиш баробарида матбуотда ушбу мавзуга оид мақолалар билан ҳам қатнашиб турганлигини кўрсатади. Мақолада, жумладан, қуйидагиларни ўқиймиз: “Бир минг уч юз ўн биринчи йили ражаб ойидин бошлаб Куча ва Оқсув деган шаҳарларда вабо воқеъ бўлуб, кўп кишиларни(нг) ҳалок бўлган хабарини эшитиб турдук ва шаъбон ойида Қашқар вилоятиға воқеъ бўлуб, андин Ёркандға ўтуб, катта-кичик одамлар ҳам оғриқ бўлуб ёттилар. Ёрканд шаҳрининг амболи фуқаропарварлик юзидин раҳму шафқат қилиб, ўзиға тобеъ мансабдорлар бирлан шаҳар ичиға кириб, пиёда бўлуб, олдида мушку анбарларни нужум айлаб ва гулобға ўхшаш хушбўй сувларни кўча ва расталарға сочтуруб юруб, фуқароларни(нг) аҳволини сўради. Рамазон ойи кечиб, шаввол ойи охирларида хийла таҳфиф топиб, Қарғалиқ ва Хўтан шаҳарларида ҳам бир ой қадар горонлик бўлуб, алҳол ҳама ерда тинчлик ва омонликдур. Ва локин, бу ҳодисада бемор бўлғон кишилар ўлмай ва узоқ ётмай, беш-ўн кунда сиҳат топтилар. Бунда хусусан “кашкоф” деган илож кўб нафълар қилди”.

Шуларнинг ўзиёқ Фурқатнинг табобат илмида эришган камолотига далил бўла олади.

V

Фурқат Ёркентда яшаган даврида аниқ фанлар билан ҳам жиддий шуғулланди. “Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий” асарида ушбу фикрни қувватлайдиган айрим далиллар бор. Жумладан, асарда аносири арбаъа (ўт, ҳаво, сув ва тупроқ)нинг физик хусусиятлари ва тиббиётнинг улар билан боғлиқ жиҳатларига оид қимматли мулоҳазалар баён қилинган. Фурқат шундай ёзади:

“Ўтнинг ҳарорати ва сувнинг бурудатининг қуввати аслийсини(нг) даражаси ҳукамолар ижод қилғон асбоблар воситаси бирла маълумдур. Бул ўт бирла сув ҳар қайси ўз марказида ниҳоятда кучликдур. Тағйири ҳаво ва табдили макон бирла қуввати аслиялариға нуқсон етиб, филжумла ожиз бўлурлар. Аммо ожиз бўлмоқлари оризийдур. Ва на зотий кўрмоқ керакким, аносири арбаъаким — оташ, ҳаво, об ва хокдур. Оташнинг маркази ҳаммани(нг) устида, фалакка яқиндур. Ул оташни(нг) марказида қайдоқ бақувватлиги ҳукамоларға аёндур. Ва лекин ерда ўз марказида бўлғондек қувваи ҳарорати йўқдур. Муни(нг) сабаби табдили макондур. Ва яна қиш кунларида ёз фаслидагидек қувваи ҳарорати йўқдур. Муни(нг) сабаби тағйири ҳаводур. Ва сувнинг ҳам ўз марказида қувваи бурудати зиёдадур. Ҳар гоҳ ўз марказидин интиқол қилса, қувватиға нуқсон етадур. Сабаби табдили макондур. Ва яна ёз кунларида қиш фаслидагидек қувваи бурудати йўқдур. Муни(нг) сабаби тағйири ҳаводур”.

Кўриниб турибдики, бу мулоҳазалар теран илмий тафаккур маҳсули. Бугина эмас. Фурқат бу фикрлардан оқил ва ҳушмандлар қандай хулоса чиқаришлари лозимлигига ҳам эътибор қаратади:

“Бас, оқил ва ҳушмандлар, керакким, ҳар нимарсани ўз қувваи аслий ва феъли зотийсиға мулоҳаза ва фикр қилғойлар. Табдили макон ва тағйири ҳавоким, фоили оризийдур. Ва на зотий, эътибор қилмасалар керак. Чунки ўт бирла сувнинг феъли зотийсиға табдили макон ва тағйири ҳаво бирла ҳақиқатан нуқсон етмайдур”.

Бундан ташқари, Ёркент вилояти халқ комитетидан “Гулхан” журнали таҳририятига 1958 йил 18 августда келган мактубда Фурқатнинг табобатдан ташқари илми нужум (астрономия) билан ҳам шуғулланганлиги таъкидланади. Шарқий Туркистонда чиқадиган “Қашқар газети”нинг 1957 йил 11 сентябрь сонидаги “Машҳур ўзбек халқ шоири Пурқатнинг жасади йуткап дафн қилинди” сарлавҳали мақолада шоирнинг тарих, физика, химия ва астрономия фанлари билан шуғулланганлиги хусусида маълумот берилади.

Мазкур маълумотлар Фурқатнинг турли фан соҳаларини чуқур эгаллаганлигини кўрсатади. Унинг бу борадаги асарларини қидириб топиш, оммалаштириш эса галдаги вазифалардандир.

VI

Фурқат, гарчи умрининг охиригача жондан севган она-юртига қайта олмаган бўлса-да, бир нафас ҳам Ватанни унутмади. Унинг муҳаббати билан яшади. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, она-замин ва унинг ардоқли фарзанди ўртасидаги “ҳижрон селига” асрлар синовига дош бера олган серқирра ижод намуналари орқали “кўприк ташланди”. Натижада, бу бебаҳо мерос бугун миллатнинг бойлигига айланди. Бугун ҳар бир маърифатли зиёли томонидан севиб ўқилмоқда. Қалбларга муҳаббат уруғини экмоқда. Муҳаббат уруғидан унажак ниҳоллар эса, шубҳасиз, яна неча юз йиллар давомида миллий маънавий юксалишга хизмат қилаверади.

 «Жаҳон адабиёти” журнали, 2004 йил, 1-сон

[1] Ўзбекистон МДА, фонд N 1009, 1-рўйхат, 115-иш (2-жузгир), 138-саҳифа.

[2] Шайхзода М. Фурқат ҳақида қайдлар. — Фурқат ва Муқимий ҳақида мақолалар. Т.: Ўздавнашр, 1958, 31-бет.