2006 йилда адабиёт соҳасида Нобел мукофотига икки ижодкорнинг номзоди киритилган эди. Бири – Адонис тахаллуси билан танилган суриялик шоир Али Аҳмад Саид, иккинчиси – туркиялик ёзувчи Ўрхон Памуқ. Барча адабий доиралар ва матбуот вакилларининг аксарияти, мукофот, албатта, Адонисга тегса керак, деган фикрда эдилар.
Аммо Швеция Академияси 2006 йил 12 октябр куни соат 14.00 да оммавий ахборот воситаларига расмий баёнот бериб, адабиёт соҳасида 2006 йилги Нобел мукофоти «Туғилган шаҳрининг ҳазин руҳи изларини кузатиб яшар экан, маданиятларнинг бир бири билан уланиши ва боғланиши учун янги размлар топган» Ўрхон Памуққа берилганини билдирди. Шундай қилиб, Ўрхон Памуқ бутун туркий дунё юртлариаро биринчи бўлиб Нобел мукофотига сазовор бўлган илк турк ёзувчиси бўлди.
Фарит Ўрхон Памуқ 1952 йил 7 июнда Истанбул шаҳрининг Нишонтоши туманида ўзига тўқ оиланинг кенжа фарзанди сифатида дунёга келди. Бобоси ва амакиси ҳам, отаси Гундуз Памуқ ҳам олий маълумотли ва юксак малакали муҳандис эди. Ота авлоди оппоқ лўппи юзли бўлганлари учун одамлар уларга “Памуқлар” деб лақаб қўйишган (“памуқ”- “пахта” дегани), кейин улар бу лақабни ўзларига фамилия қилиб олишганди.
Онаси Шакура хоним, Усмонлилар Салтанати даврида – 1700 йилда Гирит (Крит – Ўрта денгиздаги орол) волийлигини қурган машҳур давлат арбоби Иброҳим Пошонинг авлодларидан эди. Она авлодининг оила аъзолари Истанбулнинг Жаҳонгир туманида яшардилар.
Памуқлар оиласининг бойлиги ва мол-мулкларига бобоси асос солганди. У тижоратчилик орқали жуда катта бойлик орттирди. Аммо оила энг равнақ топган бир паллада у тўсатдан оққон касалидан вафот этди. “Отам ва амаким ҳали ёш бўлганлари учун бобомдан қолган фабрикани яхши идора қилолмадилар, катта иншоот ишларига билар-билмас сармоялар сарфлаб, банкрот бўлиб, бобомдан қолган кўп молларни, биноларни, расталарни оналарига кетма-кет соттирардилар”. “Онам, отам, акам, бувим, амакиларим, аммаларим, янгаларим беш қаватли бир бинонинг турли қаватларида яшардик”, деб хотирлайди ёзувчи. Отаси Гундуз Памуқ халқаро ИБМ фирмасининг Туркия бўлимида Бош мудир эди.
Ўрхон Памуқ Истанбулда улғайди. Рассом бўлиш орзусида Роберт коллежида ўқиди. Кейин Истанбул техника университетининг меъморлик куллиётида ҳам уч йил таҳсил олди. Аммо рассом ҳам, меъмор ҳам бўлолмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ўқишни ташлаб кетди. Вақти кўплигидан ёзувчиликда ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлди ва малакасини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезиб, Истанбул университетининг Журналистика институтига кирди ва шу ерда ўқишнинг охирги йили диплом олиш учун таътилга чиқарилди. Диплом ишини ярмида қолдирди. Фақат “Қор” романини ёздию, ортиқ малака ихтисоси олганлиги тўғрисидаги диплом учун куч сарфламади.
Ўрхон Памуқ 1982 йилда уйланди. 1991 йилда Рўё исмли бир қизли бўлди. Аммо 2001 йилда оиласи билан ажрашди.
У 1985-1988 йилларда Ява университетида дунё ёзувчиларининг АҚШ ҳаётини ўрганишлари ва китоб ёза оладиган бир ҳолга эришишларига имкон берадиган курсни битирди ва ўзи айтганидай, “ҳаёти ўзгарди”. Илк китобидан эътиборан Туркия ва чет элларда мукофотлар олди. Китоблари ҳам кўп сотилди ҳамда адабий жиҳатдан кўп танқидларга учради.
Ўрхон Памуқ ёзувчиликни 1974 йилда бошлади. Илк бор Меҳмет Эрўғли билан ҳамкорликда ёзган ва 1979 йилда “Қоронғилик ва нур” номи билан босилиб чиққан романи “Миллий романлар” танловида биринчи ўринни олди. Аммо 1982 йилда бу романни кенгайтириб ва тўғрилаб, “Жавдат Бей ва ўғиллари” номи билан қайта чоп қилдирди. Асар жаҳон адабиётида кўп учраган оила ҳаётини акс эттирувчи романлар типида бўлиб, тижоратчилар оиласида юз берган юксалишлар ва инқирозларни ҳикоя қиларди. Бу сафар китоб Ўрхон Камол мукофотига лойиқ деб топилди. Памуқнинг бундан кейинги китоблари ҳам кетма-кет мукофотлар олишда давом этди. 1984 йилда нашр этилган иккинчи романи “Сассиз уй” “Модерн роман” мукофотини олди. Бу романнинг франтсузча таржимаси эса 1991 йилда Франтсиянинг “Оврупода кашф” мукофотига сазовор бўлди. 1985 йилда нашр этилган “Оқ қалъа” номли тарихий романи 1990 йилда АҚШда “Индепендент Аwард фор Фореигн Фиcтион” мукофотини қўлга киритди ва чет элларда янада кенгроқ донг таратди. Ўрхон Памуқ 2002 йилда нашр қилдирган “Қор” китобини “Туркиянинг этник ва сиёсий масалаларини тадқиқ этувчи сиёсий роман” сифатида таърифламоқда. Бу китоби 2004 йилда инглизчага таржима қилиниб, чоп этилганда “Йилнинг энг яхши 10 китобидан бири” сифатида кўрсатилди.
Йиллар ўтган сайин Ўрхон Памуқнинг чет эллардаги шуҳрати ортишда давом этди. 1998 йилда нашр этилган “Менинг отим қирмизи” асари 24 тилга таржима қилинди ва 2003 йилда Ирландиянинг энг катта ҳисобланувчи “Интернатионал ИМПАC Дублин Литерарй Аwард” номли халқаро мукофотини олди.
Памуқнинг романларидан ташқари, мақолалар ва суҳбатлар сайланмаси ҳамда бир ҳикоядан ташкил топган “Бошқача ранглар” (1999) китоби ҳам бор. Айни чоғда у “Ниқобли юз” номли киноқисса муаллифи ҳамдир, унинг стсенарийси асосида режиссёр Умар Қовур шу номли кинофилмни сувратга олган. Ёзувчининг бу стсенарийси учун 1990 йилда чоп қилдирган “Қора китоб” романидаги бир бўлим асос бўлганди. 1991 йили Анталия “Олтин пўртахол филм” фестивалида “Ниқобли юз” “Энг яхши стсенарий” номинатсияси бўйича мукофот олди.
Ўрхон Памуқ ўз мақола ва суҳбатларида инсон ҳуқуқлари, фикр эркинлиги, демократия ва шунга ўхшаш мавзулар устида тўхталади.
Ўрхон Памуқнинг романчилиги постмодерн роман категориясида баҳоланмоқда. Тадқиқотчи Йилдиз Эжевит “Ўқимоқ” (“Мутолаа”) номли китобида Ўрхон Памуқни авангард романчи сифатида таърифлаётир. Айниқса, “Оқ қалъа”, “Қора китоб”, “Янги ҳаёт”, “Менинг отим қирмизи”, “Қор” романлари постмодерн романнинг илғор намуналари сифатида саналмоқда. Бу китобларда Памуқ – ҳамма адабиёт турлари орасида янги бир ўтиш даврини бошламоқда ҳамда ўтмиш-бугун, шарқ-ғарб, анъана-модерн ва янги-эски борасида катта ўзгаришларга йўл очиб, ўзининг ана шу руҳдаги асарларини тарқатмоқда. Шу ишни амалга ошираркан, Памуқ, айниқса, постмодерн романининг муҳим бир унсури бўлган устқурма техникасини моҳирона қўллаши билан юқори натижаларга эришмоқда. Ўрхон Памуқнинг тилга оид ўйинларга рағбати йўқ, шундай бўлса ҳам асарларида омма, кўпчилик кўринади ва бир неча характерли сўзни олиб, баённи фарқли томонлардан ривожлантиради. Чунончи, “Менинг отим қирмизи” романининг ҳар бўлимида янги бир ифода намоён бўлади ва бизга ўзини ҳамда воқеаларнинг ривожини кўрсатиб беради.
Худди шу шаклда адабиёт тарихчиси Жола Парла ҳам “Дон Кихотдан то ҳозирги кунгача бўлган роман” номли кенг миқёсли асарида “Менинг отим қирмизи”дан бошлаб, Ўрхон Памуқнинг романчилигини чоғиштирма адабий гулдаста ичида тадқиқ этади. Парланинг фикрича, Памуқ турк романида бурилиш қилаётган бир ёзувчидир. Шарқ-ғарб муаммолари бўйича эстетик майдонда катта меҳнат қилган Аҳмет Ҳамди Тонгпинар ва Ўғуз Отой каби залворли ёзувчилардан биридир Памуқ. У, бу муаммоларни маданий ва фалсафий маънолари билан адабиётга олиб киришда, айниқса, “Қора китоб” романи(1990)да ўзини намоён этди ва бу асар мазкур мавзуни тадқиқ этиш учун намунали матн бўлиб қолди.
Хуллас, Ўрхон Памуқ ҳозир 10 та китоб муаллифи бўлса, 11 марта мукофотга сазовор бўлган, 30 тилга таржима қилинган ва Туркия ҳамда бутун дунёда танилган муаллифдир, китобларининг 2 миллионга яқин нусхаси сотилган.
Ўрхон Памуқнинг Нобел мукофотига сазовор бўлиши муносабати билан интернетда тарқатилган маълумотларнинг қисқача баёни асосан шулардан иборат. Унинг ана шу мукофотни олган “Истанбул. Хотиралар ва шаҳар” китоби Истанбулда 2003 йилда босилган ва бу кунгача турк тилида 9 марта нашр этилган. Асарда ёзувчининг ўзини “мен” сифатида илк бор таниган пайтлари, онаси, отаси, бутун оиласининг ички дунёси ҳақидаги ҳикоя, ҳазинлик ва саодат манбаи бўлган Истанбул кўчаларида очилади. Давримизнинг таниқли ёзувчиси 1950 йилларнинг Истанбул кўчаларини, тош қоплаган проспектларини, ёнган ё йиқитилган ажойиб меҳмонхоналарини, қадим маданиятнинг излари йўқолиб кетаётганини, унинг куллари ва қолдиқлари узра бир янгисининг тикланишидаги қийинчиликларни ўсмир назари билан кашф этаркан, Памуқнинг руҳий дунёси қандай камол топганини бир детектив романни ўқигандай сабрсизлик билан ўқиймиз. Бу асл ва ўхшаши йўқ асарда, қўлдан қўйиб бўлмайдиган китобларга хос руҳ ва туйғу бирлиги бор.
Жаҳон адабиётида болалик тарихлари ҳақида кўпдан-кўп бадиий асарлар ёзилган. Аммо Ўрхон Памуқнинг бу китобини уларнинг ҳеч бирига ўхшатиб бўлмайди. Биринчидан, тасвир учун олинаётган воқеаларда қамров кенглиги, мавзу ичига киришдаги фикр теранлиги ва ҳар доим ўқувчи қалбини ларзага солиб борувчи ҳазинлик ва самимийлик бир оҳанрабодек ўзига жалб этади.
Ғамгинлик руҳининг ҳаққонийлиги борасида ўқувчида ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Чунончи, Памуқлар хонадонидаги бўҳронлар (бобосининг ўлимидан кейин отаси ва амакиларининг уқувсизликдан сина бориши, ака-укалар ўртасидаги келишмовчиликлар, ота-онасининг айрим-айрим ҳаётлари) ёш Ўрхоннинг қалбини зирқиратса ҳам, иккинчи томондан, бу хонадондаги совуқ ва ёқимсиз ҳаёт, қилар иши тайини йўқ бувисининг бекорчиликдан қарта, ҳатто қимор ўйнаб кун кечиришлари бу ҳаётнинг таназзулга кетиши муқаррарлигини ички оғриқ билан ҳис қилади. Ўрхон, албатта, бувиси ўзининг дастлабки устози бўлганини миннатдорлик билан хотирлайди. Памуқ бу асарида Истанбулда яшаб ўтган бир қатор фидойи инсонлар ҳаётини ҳам ачиниш билан тасвирлаб ўтади.
Шунингдек, китобда Истанбулнинг қурилишлари ва бунга алоқадор бузилишлари, йиқитишлар ва ёқишлар, янги иншоотлари ҳақида, буни ўз ижодида акс эттирган миллий ва хорижий рассомларнинг фаолиятлари, Рашот Акрам Қўчу сингари шаҳар энтсиклопедистлари (қомусчи, билим тўпловчилари) ҳақида ҳам кўп ғаройиб воқеаларни, инсон манзараларини келтирган.
Бойлар ва камбағаллар муаммоси устида тўхталаркан, бойларнинг зулмларини қабул қилолмаслиги, шунингдек, камбағалларнинг ялқовликлари, лоқайдликларини ҳам хуш кўрмаслигини кўп ўринларда таҳлил қилиб ўтади.
У тараққийпарвар бойларнинг яхши фаолиятлари билан бир қаторда (чунончи, Саҳиб Сабанчи 1990 йилдан кейин ўз уйида Истанбулнинг энг яхши махсус музейини барпо этгани), ўз бойликларини пора воситасида орттирганлар ва бой бўлиб олгандан кейинги умрини на ўқиш, на ўқитишга, на-да шахмат ўйинига сарфлашни хаёлига келтирмайдиганлар ҳам борлигини таъкидлайди.
Китобда яна ғарблашишнинг фойда ва зарарлари, миллий маҳдудликнинг келтирадиган зиёнлари, расм солишнинг завқлари, Бўғоздан ўтувчи кемалар, уй ўзгартириш ва бошқа фалокатлар, оила бахтиёрлиги, сабр, эҳтиёт, санъат, биринчи муҳаббат – хуллас, жуда кўп ва муҳим инсоний қадриятлар бадиий тадқиқ этилади ва китобхонни гўзал туйғулар, ўйлар, билимлар билан бойитади.
“Маърифат” газетасидан олинди.