Инсон учун дорулфанодаги илоҳий тортиқлардан бири – бу дўст. Кимдир ўз муҳибига етишади, кимдир умри давомида уни излаб ўтади. Томпсон эса бошқалардан фарқли ўлароқ, жуда эрта абадий дўстликка мушарраф бўлди. Аҳамиятлиси шуки, унинг дўсти тилсиз-забонсиз-у, аммо бошқалардан кўра кўпроқ тиллаша олади. Кўнгил тубидаги ҳеч кимга айтолмайдиган сирларини унгагина ишонади, демакки, диллаша олади. Йиллар давомида икки дўстнинг садоқати сайқалланиб, бир-бирининг кашшофига айланиб борди. Улар Томпсон ва Табиат эди.
Эрнест Сетон Томпсон 1860 йилнинг 14 августида Англиянинг Дарем графлиги Саут-Шилдс шаҳрида дунёга келди. Томпсоннинг оиласи 6 ёшлигида Канадага кўчиб келади. Отаси фермер бўлиб, оила аъзоларининг барчаси унга ёрдамлашар эди. Томпсон эса кўп вақтини акаси билан уйлари яқинидаги ўрмонда ўтказарди. Жониворлар, қушлар, ҳиндулар ва шикор – мана булар уни ўз болалиги ҳамда адабиёт билан боғловчи кўприк. Табиат унга нафақат ёзиш илҳомини, балки мўйқалам сеҳрини ҳам инъом этганди. Томпсоннинг қалами бир мавзуга доимо содиқ – Табиат: ёзгани ҳам, чизгани ҳам шу. Жавонидаги китобларнинг ташқи кўринишигина эмас, мазмун-моҳияти ҳам ҳайвонот оламини ўзида мужассам этганди.
Эрнест жуда иқтидорли бола бўлган. У 6 ёшида газетанинг биринчи саҳифасига кўзи тушгану унда чоп этилган қушлар ва ҳайвонлар расмларини қирқиб йиға бошлаган. Қобилиятли болакай боз устига ўта ўжар ва қатъиятли ҳам эди. Кўнгли тусаган ишни қилмагунича қўймасди. Бир куни китоб дўконида “Канада қушлари” номли асарни кўриб қолиб, роса хархаша қилади. Табиийки, уни на нархи қизиқтирар, на ота-онасининг юпатишлари қулоғига кирарди. Уч долларни йиғиш учун у қуёнларини сотади, қўшнининг дарахтини бутаб беради, бир англияликка ҳашаротлар коллекциясини пуллайди, етмаган центларини акасидан ўғирлайди: ахир, ишқи тушган китобни олиши керак-ку!
1876 йилга қадар бўлажак ёзувчи Лондон, Париж, Нью-Йорк шаҳарларидаги санъат коллежида таҳсил олади ва ниҳоят, 19 ёшида Торонтода ўқишини тамомлади. Бу вақт давомида ўзининг ҳайвонот оламига муҳаббатини юмор орқали гўзал бўёқларда ифодалашга ҳаракат қилди; қаҳрамонларининг феъл-атвори, кайфияти, инсоният билан муносабати – бари-бари қоғозларга кўчди. Сетон-Томпсоннинг адабий қаҳрамонлари бир-бирини такрорламас ва муаллиф уларни борича яхши кўрарди. У ўрмону тоғлар, қиру даштлар ҳаётини бўй-басти билан, ҳатто даҳшату шафқатсизликлари билан ёзишдан ҳайиқмасди. Кўп ўтмай улар кўплаб ҳикояларга, кейин қисса ва романларга мавзу бўлди. Сетон-Томпсоннинг илк адабий асари 1883 йилда “Ўтлоқ ҳаёти” номи остида чоп этилади. “Ёввойи ҳайвонлар, сизни қанчалар биламан” (1898), “Ов остидаги ҳаёт” (1901), шунингдек, “Ёввойи ҳайвонлар ҳаёти” номли 8 жилдлик китоби (1925-1927) унга Канада ва Америкада оламшумул муваффақият келтиради. Бадиий асарлари, қаҳрамонлари учун рангтасвир ишини ҳам ўзи бажарар, бунинг учун 1890 йилдан 1896 йилга қадар Парижда тасвирий санъат бўйича сабоқ олган эди.
Ўз она юртига қайтгач, Грейс Галлатин исмли маҳаллий қиз билан оила қуради. Саккиз йил деганда орзиқиб кутганлари ва улар турмушидаги ягона фарзанд – Ани Ситон дунёга келади. Қизалоқ ўзи билан бирга эр-хотин ўртасига илиқлик, ҳаёт қувончларию гўзалликларини олиб келади. У ҳам отаси йўлидан бориб, кейинчалик тарихий ва биографик асарлар ёза бошлайди, кўплаб китоблари бестселлерга айланади. Ҳаётларининг ўттиз тўққиз йилини бирга ўтказган Грейс ва Эрнест муносабатлари охир-оқибат ажрим билан якун топади. Орадан кўп вақт ўтмай, Томпсон кўнглидаги аёлини қайта учратади. Жулии М.Батри ҳам адабиёт соҳасида фаолият юритар, ижодга ошно аёл эди. Улар турмуши давомида фарзандли бўлишмади, 1938 йилда эса етти ёшли Бьюлу Ди исмли қизалоқни асраб олишади.
Беқарор Томпсон бир жойда муқим турмас, гоҳ ўрмонда, гоҳ Шимолий Америка чўлларида қўним топарди. Бироқ ҳеч қачон катта шаҳарларда узоқ яшолмаган: Канада ва Американинг овчилари, фермерлари, ҳиндулари ва энг асосийси жониворлари уни қаерда бўлмасин ўзига оҳанрабодек тортарди. Канада маъмурияти “давлат табиатшуноси” лавозимига лойиқ топиши Томпсонга ҳайвонот оламини чуқур ўрганиши учун катта имконият яратди. Кўрган-кечирганлари, саёҳатлари натижасида “Ёввойи ҳайвонлар ҳаёти” номли 8 томдан иборат 40га яқин китоб нашр эттирди. Бир неча асарларини ҳиндулар ва эскимослар турмуш тарзи, халқ оғзаки ижоди, урф-одатлари, маросимларига бағишлади. Ҳиндулар ҳамда ёввойи ҳайвонлар – табиатнинг бу икки инъоми муштарак ҳолда ажойиб ва қизиқарли автобиографик асар – “Ёввойи одамчалар”нинг дунёга келишига сабаб бўлди. Эрнестнинг, шунингдек, “Кемирувчилар тарихи” (1900), “Қайин пўстлоғи” (1902), “Ўрмон ҳақида китоб” (1912) асарлари китобхонлар эътиборига ҳавола этилади.
1906 йили унинг ҳаётида ўзгаришлар рўй берди: бой-скаут [1]лар ҳаракати асосчиси лорд Баден-Пауэлл билан танишди. У билан ҳамкорликда табиат ҳамда ҳаёт мувофиқлигини илгари сурувчи ғояни тарғиб қилди. Бу ҳаракат бутун умри, фаолиятининг ажралмас бўлагига айланди. Сетон-Томпсон ўзини мураббий сифатида ҳам намоён эта олди. “Пионеринг” таълим тизими асосчиси сифатида унинг номи ҳануз ёдга олинади. Мазкур тизим Ф.Купернинг машҳур “Пионерлар” романи асосига қурилган бўлиб, у ёввойи табиатни ўрганиш учун турли ноодатий усулларни ўзида жамлаганди. Жумладан, маскировка (яшириниш), тактик ўйинлар, саёҳат, кўчат ўтказиш, боғлар яратиш каби амалий машғулотлар назариётчи мураббийлар услубидан фарқ қилар ва яхши самара берарди. Адиб зоологияга оид қатор асарлар ҳам ёзди. Илм-фанга қўшган ҳиссаси учун АҚШ илмий тадқиқотлар институти томонидан “Элиот” олтин медали билан тақдирланди. У биргина нарсадан қўрқарди: у ҳам бўлса, ёввойи ҳайвонлар бемақсад ва беҳуда қириб юборилса нима бўлади?! Мана шу ташвиш уни тинимсиз ижод қилиш, илмий асарлар ёзишга ундарди. Жониворларни муҳофаза қилиш, табиатни асраб-авайлаш, унинг қадр-қимматини ёшларга тушунтириш учун Канадада “Ўрмончилик Иттифоқи”ни ташкил этади.
1908 йили АҚШда унинг илғор тажрибалари бесўроқ оммалаштира бошланди. Бундан икки йил аввал эса ишониб юрган дўсти, генерал Баден-Пауэлл Томпсоннинг ғояларини ўғирлаб, ўз муаллифлигида китоб чиқарганди. “Болалар учун скаутинг” номли асарга кўзи тушди-ю дўсти исмини кўриб, Томпсоннинг ранги докадай оқариб кетди. Бу икки ҳолат уни умуман бошқа одамга айлантириб юборди: ҳукуматдан аламзада, дўстининг бу ишини эса хиёнат деб билган Эрнест энди ҳеч кимга ишонмас, одамларга қўшилмас эди. Шундан сўнг, жамоат ишларига аралашмай, одамлардан қочадиган, ташаббускорлик кўрсатмайдиган бўлиб қолди. Унинг энди болалар билан машғулот олиб боришга ҳам, ўз маблағига кичик табиат қўриқхоналари ташкил этишга ҳам ҳафсаласи қолмаганди…
Бутун умрини табиатни куйлашга, унинг очилмаган сир-асрорларини кашф этишга бағишлаган, айни вақтда ёзувчи, рассом, мураббий сифатида машҳур бўлган табиат жонкуяри Эрнест Сетон-Томпсон 1946 йилнинг 23 октябрида Нью-Мексико штатининг Санта-Фе шаҳрида ёруғ дунёни тарк этди.
Севара Алижонова тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 8-сон
_______________________
[1] XX аср бошларида дастлаб Англияда, сўнг бошқа баъзи буржуа давлатларда тузилган ҳарбий-сиёсий характердаги болалар ташкилоти.