Табиат ва жамиятнинг мутлақ қонуни бор: ҳамма нарса ҳаракат қилади, ўзгаради ва ривожланади. Бу қоидани ҳеч нарса четлаб ўтолмайди. Мантиқ шундаки, қўллаб қолса оқин сув ҳам сасийди, чанглаб ётса, ноёб асбоблар ҳам занглайди. Бинобарин, ишлатилмаса, олий маҳсул тилимиз ҳам занглайди. Асрлар давомида ишлатилмагани учун улуғ Алишер Навоий ва унинг замондошлари тили архаик тилга айлана борди. Натижада ўзбек тилига асос солган илк адабий тилимизни луғатга қараб сингдиряпмиз. Худди шундай Лутфий, Бобур, Нодира, Увайсий, Фурқат ва Муқимий асарларининг жуда кўп нодир сўзларига босмада изоҳ бериляпти. Улуғ инқилоб бешигида Осиёда биринчи бўлиб, Маяковский билан бир вақтда, бир хилда «Яша шўро» деган Ҳамзанинг «Шўро»си ҳам архивга тушяпти. Ҳатто замондошларимиз бўлмиш Абдулла Қодирий, Чўлпонлар тилига ҳам изоҳли луғат талаб қилувчилар анчагина. Буларнинг ҳаммаси она тилимиз яйраб-яшнаб, тўла-тўкис ишлатилмаганидаи далолат.
Ижтимоий ҳаётда, кундалик турмушда, ҳатто адабиёт ва санъатда ҳам ишлатилгани учун айрим иффатли ва жарангдор, нафис ва ширали, салобатли ва салмоқли, ишорали, андишали ва пардали сўзлар динга бериб юборилгани, бинобарин, уларни ишлатиш айб ҳисоблангаии туфайли тилимиз қашшоклашнб, сўз бойлигимиз инқирозга учраганди. Бисот сандиғида ётган биронта нодир сўзни топиб ишлатадиган бўлсак, одамлар, дилида ёқиб турса-да, уни ошкора қабул қилолмасди. Ҳаётимизда кўл учраган ана шундай воқеалардан бирини, такрор бўлса-да, эслаб ўтгим келди.
Эллигинчи йилларнинг бошида «Ихлос» романимнинг қўлёзмаси муҳокамасида менинг учун ҳурматли бўлган олим ва ёзувчи, уюшмамизнинг ўша вақтдаги раҳбарларидан бири Иззат Султон «Нима учун романнинг номини «Ихлос» қўйдингиз? Бу диний сўз-ку» деб қатъий эътироз билдирди. Нима килсин, у киши ҳам қизил сиёсатдонлардаи юрак олдириб қолган эди-да. Мен жавоб қилдим: «Ўзбекнинг ҳамма чиройли сўзларини динга бериб юборсак, халқимиз соқов бўлиб қолади-ку». У киши индамай ўйланиб қолди. Орадан бир оз вақт ўтгач, ўзи янги асар ёзиб, номини «Имон» қўйди. Адабиётда ўзбекнинг яна битта салмоқли сўзи ўз ҳуқуқига тикланди. Аммо бу тикланишлар узоққа бормади, ўзбек тилига қарши тақиб кучайди, айниқса, Раъно Абдуллаева ғоявий «булоқ бошига» ўтириб олган кезларда тилимизни тизгинлаб қўйди. Кейин унга қарши хуруж бошланди ва бу яқинларгача ҳар хил даражада давом этди.
Ниҳоят, Ўзбекистон ССР давлат тили ҳақида қонун чиқди. Яхши иш бўлди. Кўпдан кутилган бу қонуннинг қабул қилинганига ҳам анча вақт ўтди. Бироқ шундан кейин тилимизда кўпдан бери кутилаётган ўзгариш юз бердими? Юз берса не чоғлиқ, қай даражада ва нималарда намоён бўлди?
Жонли тилимизда бир оз бўлса-да силжиш бор (бисотимиз сандиғидаги айрим бойлик ишга тушяпти}: жумҳурият, вилоят… Бироқ оммавий ахборот тилида, айниқса матбуотда ҳали ҳам ўша-ўша: реслублика, область… Тонгдан тунгача неча бор такрорлайдиган об-ҳаво ахборотида ҳамон тил турғунлиги давом этяпти. Нима учундир, жамоат фикрига, матбуот овозига қулоқ бермай, об-ҳаво даражасини ўта ўжарлик билан нотоғри эълон қилинмоқда — гўё ўзбек тилида “иссиқ” билан “совуқ”дан бошқа ифода, ўлчоқ сўзлари мутлақо йўқдай. Нима учун симоб устунининг устки кўрсаткичларига қараб даражани мароми билан илиқ, димиқ, иссиқ, жазирама деб айтмайдилар. «Кечаси 0—1 даража иссиқ» дегунча «Об-ҳаво кечаси ноль даража аёздан бир даража илиқ оралиғида бўлади» деб ҳақ гап айтса, ҳеч кимнинг тилини ушук урмайди-ку. Симоб устунининг пастки кўрсаткичларини ҳам халқда ўз белгиси, ифодаси ва ўлчови бор: салқин, ушук, аёз, изғирин, совуқ, қаҳратон… Масалан, халқимиз маромига қараб “Бугун ҳаво салқин келди”, “Тунда ҳаво изғирин бўлади”, “Декабрда ҳаво совуқ”, «Январь ойида қаҳратон қиш» деб таъбир қилади. Шундай экан, «Нолдан бир даражагача иссиқ бўлади» дейиш қип-қизил ёлғон-ку! «Русчадан таржимаси шундоқ» деб баҳона қилсалар керак. Ахир русчасида ҳам «жара» дейилмаган-ку, «тепло» дейилган. Русчасида ҳам «иссиқ» эмас, «илиқ» деяпти-ку. Нима учун ҳамманинг жиғига тегиб шу ёлғонни ҳадеб такрорлайверамиз? Турғунлик даври ўтиб кетса ҳам, қачонгача тилимиз ривожига тўғон солиб турамиз?
Ўша тўғон солувчи ким экан, мард бўлса — очиқчасига, ошкорасига майдонга чиқсин!
Турғунлик даврида тилимизга кириб қолгаи курмаклар ҳамон ошимизни ланж қиляпти. «Чой қадоқлаш вв уни реализациялаш…» дейди телеэкранимиз. «Фалончи саноат моддари реализация қилинди» деб ёзади газетамиз. Нега «реализация?» Ахир «реализвциялаш» сўзи тилимизга тасодифан кириб қолганини ким билмайди. Ўзбекчада унинг нечта ифодаси бор. Мазмунига қараб, уни сотиш, пуллаш, амалга ошириш, давлатга топшириш деб ишлатилади. «Турар жойлар қурилди» дейди яна бир ахборотчи. Нима учун «турар жой»? Одамлар учун қуриладиган бинолариинг азалий, маданий номи «уй-жой». Унда одамлар истиқомат қилиб, маданий ҳаёт кечирадилар. «Турар жой» эса, кўпинча тик туриб яшайдиган жониворлар, ҳайвонларга мансуб бошпана.
Деҳқончиликка оид кўп сўз, ибора, атамалар ҳамон хомаки таржима шаклида ясама ишлатиляпти. «Агросаноат», «агрокомплекс»… Нега «Деҳқончилик саноати» дейишдан қўрқамиз? Нима учун «деҳқончилик рўзғори» ёки «деҳқончилик хўжалиги» дейишдан уяламиз. Ахир бу атамалар Россия агрономиясидан олдин туғилган-ку.
«Ирригация», «Мелиорация» сўзларини олайлик. Деҳқончиликнинг бу муҳим тармоқлари Европа ер ишлари маданияти яралмасдан аввал ўзимизда пайдо бўлганини ким инкор қилибди. Уни қадимги мироблар ҳам «сув тармоқлари», «ер таркибини яхшилаш» деганлар. Дарёлардан сой чиқариш, сойлардан ариқлар, ариқлардан шохобчалар: шохариц, ўқариқ кавлаб ер суғориш — Ўрта Осиёда қадим замонлардан мавжуд. Шунинг учун уни бемалол ўз номи билан «сув тармоқлари» деяверсак ёмон бўлмайди. Ер захрини қочириб, унинг таркибини яхшилаш учун зовур, – ҳандақлар қазиш ҳам бизда узоқ-узоқ замонлардан бошланган. Шунинг учун мелиорацияни ҳам «ер таркибини яхшилаш» деявериш керак.
Тилимизни чеклаш натижасида ўзбек тили луғавий бойлиги ҳам камайиб кетди. Ҳозирги ёшларимизнинг сўз бойлиги тирикчилик муомаласи сўзларидангина иборат бўлиб қолди. Бир маънони ифода қиладиган неча-неча чиройли сўзимиз борлигини тасаввур ҳам қилолмайдилар. «Ўзбек тили камбағал тил, унинг сўз бойлиги икки мингдан ошмайди» дегувчилар бекор айтибдилар. Ўзбек тилидай серқирра, сермазмун, сержило, нозик ва кўп ифодали бой сўз ҳеч бир тилда йўқ, деса бўлади. Ўзбек тили чуқур фалсафа тили, аския тили. Бир сўзида юз маъно яширган ва талаффузи билан бениҳоя куч ато қилиб гуррида кулги кўтарадиган сеҳрли тил яна қайси халқда бор?
Ҳар бир сўзимизда юз маъно бўлганидай, бир маънони ифодаловчи неча-неча турлари ҳам борки, уларни билишгина кифоя эмас, ҳаётда фаол ишлатиб туриш керак. Йўқса, улардан ҳам ажралиб қоламиз. Рус тили луғатида «человек» ягона сўз. Ўзбек тилида эса, бир неча: одам, инсон, киши, халойиқ, «Ота-она»нинг ҳам бир неча номи бор: «Ота — дада, ота, падар, бузрук, бузруквор, пир… Она — волида, ойи, ая, она, онахон, қиблагоҳ… Шева тилида: буви (Фарғона), аба (Наманган). Бу салобатли сўзларнинг камдан-камини ишлатяпмиз. Ёки биргина «ишонч» сўзининг қанча шериклари «ихлос», «имон», «амин», «комил», «шоят»лар ишлатилмай, тахмонда ётибди.
Бир ёш оила қиз фарзанд кўрганида, қариялар, иффатли бўлсин, деган яхши ният билан, исми Иффатхон бўлсин, десалар ёш ота-она иффат нимаси, қанақа сўз бу, деб елка қисдилар. «Ёқмаса, Ҳулкар қўйинглар, ёруғ юлдуздай чарақлаб юрсин», десалар «Ҳулкар» — ўрисчасига хунук эшитиларкан» деб маъносини тушунмагани учун бу номни рад этиб, ўзлари тушунадиган замонавий ном қўйдилар.
Номлар, атамалар ҳамон чигаллаштириб, мужмаллаштириб ёзиляпти. Газеталарда босилиб чиққан қарорларда, кундалик ахборотларда ҳам «Узрыба», «Узсемовошч», «Узагрострой», «Узсоветкурорт», «Узавтотранстехника», «кулинар»… Шуларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда жойлашган ва уларни ўэбекчада ярашуғлиқ номи ҳам бор. Масалан, «Ўзбек балиқчилиги», «Ўзбек навли сабзавот уруғчилиги», «пазанда» каби ўзига хос, ярашуғлиқ номлар билан ёзсак, нима ютқизамизу, нима ютамиз?
Билиб, билмай турли атама ва номларни ноўрин ишлатишлар ҳам содир бўляпти. Мисол учун телеахборотда «Қўқон вилояти» деб гапирдилар. Бу — «вилоят»нинг маъносини тушунмаганликдан келиб чиққан бўлса, эҳтимол. Аммо «Ахборот» мутасаддилари буни билишлари керак.
«Ноҳия», «ноҳияси», «ноҳияти», «ноҳиятда» деб ишлатяптиларки, бу ҳам таажжубга сазовор. Бу сўзлар қулоққа ғализ эшитиляпти, кўпчиликка эриш кўриняпти. Негаки, бу сўзлар ўзбек халқ меросида йўқ, турмушда ишлатилган ҳам эмас. Шунинг учун уни халқ қабул қилмаяпти. «Ноҳия» сўзини «район» ўрнига ишлатяптилар. Онгли зарурат туфайли турмушда пайдо бўлиб, халққа сингиб кетган атамаларнинг ҳаммасини ҳам ўринли, ўринсизми ислоҳ қилаяериш шартмикин? Менимча шарт эмас. Негаки, тилимизнинг сандиқда ётган бор бисотини юзага чиқарсак кифоя — ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Аммо янги ижтимоий тузум даврида пайдо бўлган, маъмурий бўлинишлар туфайли турмушга сингган «район» авваллари йўқ эди. Авваллари «музофот», «вилоят», «уеэд», «волость», «даҳа», «мавзе», «жамоа»ларни билардик. «Район» эса, Октябрь инқилобидан кейинги иқтисодий-маъмурий бўлинишлар даврида губерня ўрнига пайдо бўлган «область» билан бирга кириб келганди. «Область»ни «вилоят» деб ишлатайлик, аммо «район»ни «уеэд» ёки «волость» деб бўлмаганидай, «ноҳия» деб ҳам бўлмайди. У ҳозирги «район»нинг иқтисодий-ижтимоий-сиёсий, маъмурий чегара тузилишининг ўрами ва кўламини ифода қилиб беролмайди. «Район» туғилиши билан эгаллаган мавқеи-ю, ҳудудида қолавериши маъқул. «Вилоят» ҳам нотўғри ишлатиляпти, ҳатто шаҳарларни ҳам вилоят, деб атаяптилар, радиода мусиқа эшиттириш программасини эса, «Мусиқавий дастур» демоқдалар. Дастур — жуда салмоқли ижтимоий сўз бўлиб, эшиттириш мундарижаси-ю жадвалига мутлақо тааллуқли эмас ва бўлолмайди ҳам.
Ўзбек тили давлат тили унвонига эга бўлдию, аммо ҳамон чақалоқлигича, бешигида ётибди, Уни оёққа турғизиб, вояга етказиш, фаол ишга солиш шу куннинг долзарб иши. Обдон ишлатилмаса тил ҳам занглайди.
РЕДАКЦИЯДАН: Ҳурматли ёзувчимизнинг куюнчаклик билан ёзилган ушбу мақоласида долзарб мавзу қаламга олинган. Унда асосан жуда тўғри фикрлар таъкидланган. Бироқ, мақолада баҳсли ўринлар ҳам йўқ эмас. Масалан, биз муаллифнинг тилимизда қўлланила бошланган «ноҳия» сўзига нисбатан билдирган фикрига қўшила олмаймиз. Зеро, «ноҳия» район маъносини берадиган сўз сифатида нафақат матбуотда, радио ва телевидениеда, айрим расмий учрашувларда балки сўзлашув нутқида ҳам тобора кенг қўлланилиб, сингишиб бормоқда.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1990 йил, 16 январь