ХХ асрнинг 20-30-йилларида янги ўзбек адабий тилининг шаклланиши нафақат “Ўтган кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Қутлуғ қон” сингари ўлмас эпик полотноларнинг, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон сингари шоирлар қаламига мансуб лирик дурдоналарнинг майдонга келишига, балки жаҳон адабиёти ўлмас намуналарининг ўзбек тилига зўр маҳорат билан таржима қилинишига ҳам катта имконият яратди. Шу йилларда таржимон- ёзувчилар олдига биринчи навбатда рус адабиёти классиклари асарларини, 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб эса ўрта мактабларнинг адабиёт дастурларидан ўрин олган жаҳон адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш вазифаси юкланди. Шу муборак жараёнда Чўлпон бошчилигида ўзбек бадиий таржима мактаби майдонга келди.
Шу мактабда сабоқ олган таржимон-шоир ва таржимон- ёзувчилар орасида Мақсуд Шайхзода фахрли ўринлардан бирини эгаллайди.
1936 йилда улуғ рус шоири А.С.Пушкин вафотининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича катта тайёргарлик ишлари бошланади. Ўзбекистон ҳукумати шу қарорга асосланган ҳолда истеъдодли таржимон-ёзувчиларни Пушкин асарларини таржима қилиш ишига жалб этиб, Тошкент вилоятидаги хушманзара масканлардан бири Чимёнда улар учун ижодий шароит яратиб беради. Етти ёзувчи 1936 йилнинг эрта баҳоридан қарийб куз ойларига қадар шу ерда тикилган етти ўтовда ижод билан шуғулланадилар.
Рус тилини, рус ва жаҳон адабиётининг мумтоз намояндалари ижодини аксар ҳамкасбларига нисбатан яхши билганлиги сабабли, Шайхзоданинг ҳам шу етти таржимон-ёзувчилар гуруҳидан ўрин олиши табиий эди. У Чимёнда Пушкиннинг бадиий оламига янада чуқур кириб, унинг ўндан зиёд лирик дурдоналарини катта илҳом билан ўзбек тилига жўшиб-қайнаб таржима қилади. Сўнгра буюк шоирнинг “Мис чавандоз” достони ҳамда “Моцарт ва Сальери” “кичик трагедия”сини ўзбек тили наволарида сайратиб юборади.
Замондошларнинг нақл қилишларича, етти таржимон учун битта “Русча-ўзбекча луғат” бўлган. Шу луғат ўтовдан-ўтовга кўчавериб ва титкиланавериб бир ҳафтага қолмай, шалоқланиб кетган. Фақат икки кишигина бу луғатга камдан-кам мурожаат этишган. Булар Ойбек билан Шайхзода эди.
Шайхзоданинг Пушкин лирикасидан қилган таржималарига назар ташлаган киши таржима қилинган шеърий матннинг ёмбидек қуймалигини сезмай иложи йўқ. Шайхзода рус шоирининг ҳар бир шеъридаги лирик туйғу ва фикр ҳаракатини чуқур ҳис этибгина қолмай, шу шеърга поэтик жозиба бағишлаган ритм, интонация, такрор, қофия ва товуш товланишларига хос бадиий нафосатни ҳам ўз таржимасида беришга интилган. Афсуски, шоир 50-йиллар аввалида олис ўлкаларга бадарға қилингани ва тирик қайтиб келганидан кейин ҳам совет давлатининг тавқи лаънатидан халос бўлмаганлиги сабабли, Пушкин асарлари тўрт жилдлигининг 1954-1955 йиллардаги нашрида унинг таржималари ёш шоирлар томонидан ўзбек тилига қайта ўгирилган. Натижада Пушкиннинг Шайхзоданинг олтин қалами билан адо этилган таржималари қайта нашр этилмаган.
Совет даврида рус ва жаҳон ёзувчилари асарларини ўзбек тилига таржима қилишда асосан икки омил етакчилик қилди. Уларнинг бири – юбилейлар, машҳур ёзувчиларнинг йирик таваллуд саналари, қардош халқлар адабиётларининг Ўзбекистондаги ҳафталиклари. Иккинчиси – рус ва жаҳон адабиёти намояндалари асарларининг мактаб ўқув дастурларига киритилишидир. Шайхзода шу икки омилнинг “шарофат”и билан қардош халқлар, рус ва жаҳон адабиёти намояндаларининг юзлаб шеърларини Қодирий ва Чўлпон тилида жаранглатиб юборди. Шубҳасиз, ўткинчи даврлар талаби билан ўзбек тилига ўгирилган бу шеърларнинг бир қисми ўзининг долзарблик фазилатини аллақачон йўқотган. Аммо улар орасида меҳр ва маҳорат билан таржима қилинган шеърият дурдоналари ҳам оз эмас. Бироқ улар қайсидир газета ва журнал тахламлари орасида чанг босиб, ўз тадқиқотчи-изланувчиларини кутиб ётибди.
Яхшиямки, шоир “Асарлари”нинг сўнгги, 6-жилдига Шекспирнинг 8 та сонети, Байроннинг “Чайльд Гарольд зиёратлари” (1-қўшиғи), Маяковскийнинг 6 та, Нозим Ҳикматнинг 8 та, Сулаймон Рустамнинг 6 та шеъри ва Самад Вурғуннинг “Негрнинг орзулари” достонидан парча киритилган экан, улар Шайхзода таржима асарларининг кўлами тўғрисида чала бўлса-да, тасаввур беради.
Шайхзода янги озарбайжон шеърияти бешигида улғайганлиги туфайли унга сарбаст шеърлар, кутилмаган поэтик образлар, поэтик тафаккурнинг ғайритабиий ўйинлари бегона эмас эди. Шу ҳол унинг Маяковский ижодига ҳам адабиётшунос олим, ҳам таржимон сифатида мурожаат этишига сабаб бўлган. Шўро даврининг Маяковскийга бўлган ҳароратли муносабати, шу даврда Маяковский ва Ҳамза сингари “минбар шоирлар”га, “жангчи ва жарчи шоирлар”га бўлган эҳтиёж Шайхзодадаги шу майлга озиқ бериб турган. Шайхзоданинг Маяковскийдан қилган таржималари (инқилоб доҳийси ҳақидаги ва “Жуда соз” достонлари) гарчанд 50-йилларда салбий баҳоланган ва таржимон таржимада сиёсий хатоларга йўл қўйган, деб айбланган бўлса-да, улар ўзбек бадиий таржима санъатининг ўша даврдаги энг юксак намуналари бўлган ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қолади.
Таржимон-шоирнинг адабий меросида, юқорида тилга олинган асарлардан ташқари, яна учта мумтоз таржима асар бор. Шуларнинг бири – буюк инглиз драматурги У.Шекспирнинг “Ҳамлет” трагедиясидир. Бу асар 1935 йилда Чўлпоннинг буюк таржимасида Ҳамза номидаги театр (ҳозирги Ўзбекистон Миллий академик драма театри)да саҳналаштирилиб, томошабинлар ўртасида зўр муваффақият қозонган ва таржима ўзбек таржима маданиятининг шоҳ намунаси сифатида эътироф этилган. Аммо Чўлпон “халқ душмани” деб эълон қилиниши билан унинг номи театр афишаларидан ўчириб ташланган. Ўтган асрнинг 50-йилларида мазкур асарга бўлган катта эҳтиёж талаби билан мазкур театр жамоаси Шайхзодага мурожаат қилиб, асарни қайта таржима қилиб беришни илтимос қилади. Шайхзода “Ҳамлет”ни таржима қилишга розилик беради. Буюк сўз устасидан кейин “Ҳамлет”ни таржима қилиш осон эмас эди. Шайхзода бу ўта жиддий ва масъулиятли вазифага киришишдан аввал “Ҳамлет”нинг Чўлпон қаламига мансуб таржимаси ва турли талқинларини қунт билан ўрганади. Чўлпоннинг сояси бўлиб қолмаслик учун таржима устида қаттиқ ишлаб, ойлаб бедор тунларни ўтказади. Спектаклда банд бўлган артистлар, кўникмага кўра, Чўлпон таржимасидаги репликалар, монолог ва диалогларни ижро этишда давом қилган бўлсалар-да, “Ҳамлет”нинг Шайхзода қаламига мансуб таржимаси ҳам даҳо асарга муносиб ижодий иш эди.
Шайхзода 60-йилларда мазкур театрнинг илтимоси билан Шекспирнинг яна бир асари – “Ромео ва Жульетта” трагедиясини ҳам таржима қилиб берди. Аммо мудҳиш тамға шоир манглайидан ҳали олиб ташланмагани учун рақиблар бу таржима асосидаги спектаклнинг намойиш этилишига тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишди.
Кун билан тундан, оқ билан қорадан, ҳаёт билан ўлимдан иборат ҳаётнинг ғаройиблигини қарангки, қонли 1937 йилда грузин адабиётининг асосчиси Шота Руставели туғилган сананинг 750 йиллиги “кўп миллатли совет халқи”нинг байрами сифатида нишонланди. Шу тарихий воқеа муносабати билан ўзбек шоирлари зиммасига “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” эпосини ўзбек тилига ўгириш вазифаси Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир, Амин Умарий, Темур Фаттоҳ, Даврон, Ғиёс Соатий, Холид Расул ва Жуманиёз Шарифийга юкланди. 6500 сатрга яқин бўлган асарни қисқа муддатда таржима қилиш осон бўлмагани учун ундан 1700 сатр ажратиб олинди. Асар “Одиссея” ва “Илиада”лар услубига яқин, Руставелининг ўзи кашф этган услубда ёзилгани учун уни ўзбек тилига таржима қилиш қийин кечди. Ғафур Ғулом, Миртемир ва Амин Умарий томонидан қилинган таржималар муаллиф услубига яқин бўлгани учун 1937 йилда “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” асари Шайхзоданинг кириш ва хотима сўзлари билан бирга Х.Қурбонов, С.Ҳусайн ва Н.Охундий муҳаррирлигида нашр қилинади. Асар ёш авлод томонидан, айниқса, қизғин кутиб олинади. Шу ҳол боис М.Даврон томонидан тўлдирилиб, 1941 йили А.Умарий муҳаррирлигида қайта чоп этилади.
1959 йилда Москвада ўзбек адабиёти ва санъатининг ўнкунлиги ўтказилиши муносабати билан республика раҳбарияти “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”ни тўлиқ таржима қилиб, Ўзбекистон Фанлар академияси нашриётига унинг академик нашрини тайёрлаш вазифасини топширади. Нашриёт грузин адабиётининг бу шоҳ намунасини ўзбек тилига таржима қилишга таржимонлик фаолиятлари билан катта ҳурмат ва эътибор қозонган Шайхзода ва Миртемирни жалб этади.
“Ҳар икки таржимон ҳам академия нашриётининг таклифини мамнуният билан қабул қилиб, ижодий ишга ғайрат билан киришдилар” – деб ёзган эди Ж.Шарифий.
Нашриёт Грузиядан “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” асарининг махсус қилинган русча сатрма-сатр таржимасининг тўла матнини олди. Бу таржима 1937 йилдагидан тамоман фарқ қилар эди. У ҳатто бир неча мартаба русчага бадиий таржима қилинган илгариги матнлардан, масалан, К.Бальмонт, П.Петренко, Ш.Ницубидзе, Г.Цагарали таржималаридан ҳам катта фарқ қиларди. Шу нарса Шайхзода билан Миртемир учун яна қўшимча қийинчиликларни туғдирди. Натижада улар ўзларининг 1937 йилда қилган таржималарини ҳам қайтадан таржима қилишга мажбур бўлдилар.
Муҳтарам таржимонларимиз Шайхзода ва Миртемир “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”нинг тўла ва мукаммал матнини ўзбек тилига таржима қилиб, унутилмас ёдгорлик, бебаҳо асарни халқимизга тақдим этдилар”.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон