Ўзбекистон Ойбек билан хайрлашган кун
Мангуликдан бир лаҳзага келди Навоий –
Тирикларга сездирмасдан силади беун,
Ойбегининг манглайини руҳи самовий
Ва сўнг уни олиб кетди босиб бағрига
Абадият деб аталган руҳлар шаҳрига.
Абдулла Шер
ХIХ асрнинг 50–60-йилларида Россия қўшинларининг Ўрта Осиёни забт этиши билан ўзбек халқи тарихининг мустамлакачилик даври бошланди. Ер юзининг бошқа ҳудудларида бўлганидек, Ўрта Осиё халқлари ҳам мустамлакачи давлат белгилаб берган қонун-қоидалар асосида яшашга мажбур бўлди. Шу даврда масжид ва мадрасалар ёпилиб, араб ва форс тилларининг маънавий-маданий тараққиёт воситаларидан бири сифатидаги мақоми пасайтирилди. Бунинг ўрнига халқимиз маданий ва маънавий ҳаётига рус тили ва рус адабиёти шиддат билан кириб келди. Бу ҳол, бир томондан, миллий тарихни ўрганишга, миллий тил ва адабиётнинг ривожланиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатган бўлса, иккинчи томондан, ўзбек халқининг охир-оқибатда рус тили ва адабиёти орқали Европа, шунингдек, Америка халқлари адабиётларини – янги адабий-маданий оламни кашф этишига имкон берди. Ўзбек ёзувчилари жаҳон адабиёти эришган бадиий ютуқлар ва тажрибаларни ўрганиш асосида миллий адабиётимизга янги адабий шакл ва жанрларни, янги бадиий-услубий воситаларни олиб кира бошладилар.
Ана шу жараёнда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Усмон Носир, Зулфия, Асқад Мухтор, Одил Ёқубовлар нафақат баркамол шоир ёки ёзувчи забардаст таржимон, балки сифатида ҳам ҳавас қилишга арзирли ишларни амалга оширдилар. Ўзбек халқининг жаҳон адабиёти намуналари билан танишиши, уларни Навоий ёки Қодирий асарларини ўқигандек севиб ўқишида бадиий таржима олтин кўприк вазифасини ўтади.
Лекин бу иш осонлик билан бўлмади. ХIХ асрнинг 70-йилларигача асосан форс ва араб тилларидаги бадиий адабиёт намуналарини туркий (эски ўзбек) тилига таржима қилган таржимонлар учун Европа халқлари тиллари, жумладан, рус тили ҳам мутлақо бегона тил эди. Шунинг учун ҳам 1870 йилда Тошкентда ўзбек тилида чиқа бошлаган “Туркистон вилоятининг газети” ўз олдига муҳим ва хайрли вазифани қўйиб, И.А.Крилов, А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, Н.А.Некрасовнинг асосан болаларга мўлжалланган кичик-кичик асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ишларини бошлаб берди. Бу ишга газета муҳаррири Н.А.Остроумовдан ташқари, Шоҳимардон Иброҳимов, Чанишев, Айдаров, Сатторхон, Мулла Олимлар жалб этилди. Рус адабиётининг дастлабки таржимонлари томонидан эски ўзбек тилига ўгирилган айрим асарлар Саидрасул Азизий, Али Асқар Калинин, Абдулла Авлонийнинг дарсликларига ҳам киритилиб, рус-тузем ва жадид мактаблари ўқувчилари эътиборига ҳавола этилди. Болаларбоп бадиий шакл ва ибратли-дидактик мазмун билан йўғрилган бу асарлар жадид болалар адабиётининг майдонга келишида мумтоз ўзбек адабиёти ва фольклори анъаналари билан бирга катта аҳамиятга эга бўлди.
Аммо бу таржималарга бугунги адабий-бадиий мезонлар асосида ёндашганда уларнинг тил ва услуб жиҳатидан мураккаб эканлиги яққол кўзга ташланади. Бунинг асосий сабаби нафақат таржимонларнинг бадиий таржима амалиётидан узоқ бўлганлигида, кўринади. Ўзбек адабий тилининг кейинги ривожида биринчи навбатда, Чўлпон ва Қодирийнинг ҳам ёзувчи, ҳам жаҳон адабиёти намуналарининг таржимони сифатидаги хизматлари мислсиз. Улар билан изма-из ҳам ўзбек адабий тилининг шаклланиши ва ривожланишига, ҳам ўзбек халқини жаҳон адабиёти билан таништириш ишига катта ҳисса қўшган сўз сеҳркорларидан бири Ойбекдир.
Ойбек умрининг, Навоий айтмоқчи, илм махзанини йиғиш фасли икки тарихий давр тўқнашган йилларга тўғри келди. У ҳаётининг илк даврида, оз фурсат бўлса-да, мадрасада ўқиб, араб ва форс тиллари билан ошно бўлди, инқилобий бўронлар билан бошланган янги даврда эса эътиборини кўпроқ шу даврнинг муҳим ижтимоий масалаларига қаратди.
Бу қандай давр эди? Бу, Ойбекнинг устози Мунаввар қори Абдурашидхонов ва унинг маслакдошлари учун 1917 йил февралидан кейин миллий мустақиллик умиди пайдо бўлган, 1918 йил февралида Туркистон мухторияти бостирилгандан кейин эса, шу умид гуллари хазон бўлган, лекин “ноумид – шайтон” ҳикматига амал қилган устозлар мустақиллик учун курашнинг янги йўлларини ахтараётган йиллар эди. Улар келган фикр-хулосага кўра, давлат идораларини бошқара оладиган, таълим, фан, маданият ва халқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича юқори малакали миллий кадрларни тайёрламасдан туриб, мустақиллик учун курашиш самарасиз эди. Шунинг учун ҳам 1922 йилда Бухоро Халқ шўро жумҳуриятининг маблағи ва маърифат фидойиларининг дуои саломлари билан 70 нафар ёш Германияга ўқишга юборилди. Улар ишлаб чиққан режага кўра, ҳар йили тахминан шунчадан ёшлар нафақат Германия, балки бошқа давлатларга, хусусан, Россиянинг Москва ва Ленинград шаҳарларидаги олий ўқув юртларига ҳам юборилиши ва миллий кадрлар муаммоси беш-ўн йил мобайнида ҳал қилиниши лозим эди.
Шу тарихий даврнинг шиорларидан бири “Финансы поют романсы” (бу иборани “Қўшиқни молиядан эшитинг”, деб таржима қилиш тўғри бўлса керак), деган сўзлар эди. Мунаввар қори таъсирида улғайиб бораётган Ойбек ҳам ҳали билим юртида ўқиб юрган кезларидаёқ ўз олдига иқтисодчи бўлиш мақсадини қўйди. Аммо у фақат иқтисодга доир адабиётнигина эмас, балки Тэннинг “Санъат бўйича мутолаа”, Фриченинг “Санъат тарихи”, Белинскийнинг “Адабий орзулар”, Луначарскийнинг “Позитив (ижобий) эстетика ҳақида” сингари асарларини қунт билан мутолаа қилди.
Ўша йилларда Ойбек билан танишган Ўзбекистон ФА мухбир аъзоси К.Лапкиннинг адиб ҳақидаги хотираларида бундай маълумот бор: “Мен, – деб ёзган эди у, – рус адабиёти ва шеърияти пухта ўргатилган ўрта мактабда таҳсил олганман. Жуковский, Некрасов, Тютчев, Пушкин, Блок, Маяковский, Есениннинг шеърларини ёд айтардим. Маяковский шеър ўқиган кечаларда қатнашганман. Мен баъзан оқшом чоғлари Ойбекка рус шоирларининг шеърларини ўқиб берардим. У Пушкин билан Тютчевни, айниқса, севар, аммо шу билан бирга бошқа шоирларнинг шеърларини ҳам бажонидил тинглар эди. У рус адабиётига хос гуманизмни, инсоннинг эзилиши билан чиқиша олмасликни, ёвузлик билан курашдаги муросасизликни қадрлар эди”.
Бу сўзлардан маълум бўладики, Ойбек рус ва жаҳон адабиётига мурожаат этганида, бу адабиёт намуналарини эстетик завқ олиш, ижодий ўрганиш учунгина эмас, балки, энг аввало, улардаги ўзи учун, ўзбек халқи учун зарур бўлган гуманизм ғояларидан, инсоннинг, бутун бир халқнинг жабрланишига бўлган нафрат ва адолатсизликка нисбатан муросасизлик туйғуларидан баҳраманд бўлиш, руҳий қувват олиш учун ўқиган. Ўша пайтда қарамлик шароитида яшаётган Ойбек учун, ўзбек халқи учун шу нарса, айниқса, муҳим эди.
Ойбекнинг рус шеърияти классиклари билан танишишида рус тили ва адабиёти муаллими Горяновнинг хизматлари катта. “Сўзларининг, қўлларининг имо-ишораси билан, тахтага чиза-чиза рус тилини ўргатишга уринган” Горянов туфайли у Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Блок шеъриятини илк бор кашф этди. Айниқса, Пушкин шеърияти уни мафтун этди. “Мен Пушкин шеърияти билан яшай бошладим, – деб ёзган эди Ойбек олис 20-йилларни эслаб. – Янги бир дунёга кирдим, янги ҳаёт, янги илҳом кашф этдим”.
Ўрта Осиё давлат университети ижтимоий фанлар факультетининг иқтисод бўлимида таҳсил ола бошлаган Ойбек чуқурроқ билим олиш мақсадида ўқишни Ленинграддаги Халқ хўжалиги институтига кўчиради. У “Шимолий Венеция”да иқтисодий тангликда, ярим оч-юпун яшаганига қарамай, юқори малакали иқтисодчи бўлиш ва айни пайтда шеъриятга бўлган руҳий эҳтиёжини қондириш учун тинмай ўқийди.
Ойбекнинг болалик даври ўртоқларидан бири Ҳомил Ёқубов адиб билан Ленинградда илк бор учрашган кунларни бундай хотирлаган эди: “…1927 йилнинг куз фаслида Ойбек Ленинградга келиб қолди… Одатий салом-аликдан сўнг биз тезроқ Ўзбекистондаги аҳволни билишга қизиқдик. Ойбекнинг ҳикоя қилишича, Ўзбекистонда мафкура майдонида кескин кураш бошланибди. Адабиёт соҳасидаги ёт мафкурага қарши кураш масаласи матбуот саҳифаларида кўтарилган баҳсларда Ойбек ҳам қатнашибди. Бу ҳақда Ойбек шу қадар куюниб-ёниб сўзлардики, биз адабиёт аллақачон ҳаётининг ажралмас қисмига айланганини сезиб турардик. Унинг фикрича, ижодкор аввало ғоявий барқарор ва ўта билимдон бўлмоғи шарт. “Ўзи тўғри йўлда турмаган ёзувчи ўзгаларни ҳам асло Ҳақ йўлига бошлай олмайди”, – деганди у. Шундан сўнг суҳбат инсон умрининг мазмуни ҳақида кетди…”
Хотиранависнинг ёзишича, Ойбек: “…Энди ҳамма имкониятлардан яхши фойдаланиб, фақат ихтисос(лик) фанларини ўзлаштириш билан қаноатланмасдан, мустақил мутолаа йўли билан адабий-назарий маълумотини чуқурлаштириш, рус ва Ғарбий Европа бадиий ижод хазиналари билан яқиндан танишиш ниятида эканини ҳаяжонланиб сўзла”ган; “ижтимоий, иқтисодий ва фалсафий фанларга қизиқиши тобора кучайиб”, “иқтисод факультети программаси юзасидан системали равишда фалсафа тарихи, қадимги ва янги дунё фалсафаси…ни чуқур ўрганган”. “Бадиий асарларни айтмайсизми? – деб давом этган хотиранавис. – Улар (Ойбекнинг ётоқхонасида – Н.К.) қалашиб ётарди. Ойбек буларнинг кўпларини ўқишга улгурар, ўқиганда ҳам синчковлик билан ғоявий-бадиий мағзини чақиб ўқирди. У хусусан поэзияни ёқтирарди. Пушкин, Лермонтов, Некрасов, Блок, Маяковский, Есенин шеърларининг баъзиларини бизга ёддан ўқиб берарди. Биз эътибор бериб тинглардик…”
Ойбек Тошкент ва Ленинграддаги талабалик йилларида номлари юқорида тилга олинган шоирлар ижоди мисолида рус лирикасидаги ҳис-туйғу ва лирик кечинмаларнинг порлоқлигидан, бадиий тасвир усулларининг ранг-баранглигидан баҳра олган. Аммо рус шеъриятига ром бўлмасдан аввал у Туркияда таҳсил олган устози Эсон афанди ва Чўлпон таъсирида янги турк шеъриятига ихлос қўйган эди. Ойбек “Адабиёт, тарих, замонавийлик” (1966) деб номланган суҳбатида шу жараён ҳақида илк бор сўзлаб, бундай деган эди: “Янги турк поэзиясининг асарлари мени илк марта лирик соддалик йўлида изланишга ўргатди. Мен турк поэзияси билан техникумнинг студенти бўлган йилларимда танишдим. Ўша пайтда Бокуда Яҳё Камол, Ризо Тавфиқ, Абдулҳақ Ҳомид ва бошқа бир неча турк шоирларининг асарлари нашр қилинганди. Бу асарлар менинг ҳам қўлимга тушиб қолди. Булар ҳозир ҳам менда сақланади. Яқинда уларни қайтадан варақларканман, илк марта таъсирланганимни кўз олдимга келтирдим. Муҳим ва мураккаб нарсалар ҳақида соддагина қилиб сўз айтиш мумкин экан. Қалбни забт этган ҳис-туйғуларни, чуқур лиризмни ифода этмоқ учун дабдабали шакл шарт эмас… Энг муҳими, кундалик ҳаёт предметлари, одатий нутқ поэтик оламнинг бутун дабдабаси ва жозибасини йўққа чиқариб қўядиган кўринарди”.
Ойбек 20-йилларда Тошкентдаги “Турон” кутубхонаси фондидаги турк шоирларининг мажмуалари ва “Сарвати фунун” журналида босилган асарларини мутолаа қилиш жараёнида содда услуби ва ёниқ туйғулари билан анъанавий ўзбек шеъриятидан кескин фарқ қилган турк шеъриятига меҳр қўйди. У ҳатто Зиё Кўкалп таъсирида машҳур “Ўзбекистон” шеърини ёзди.
Совет мафкурачилари таъбири билан айтганда, пантуркизм ғоялари билан суғорилган бу шеърнинг бадиий шакли Ойбекка ўзбек лирикасининг гўзал намуналаридан бирини яратиш севинчини бағишлади. Агар Зиё Кўкалп ўз шеърида турк тилини шарафлаган бўлса, Ойбек ўз шеърида она-Ватани –Ўзбекистонни кўкларга кўтарди.
Ойбек турк шеъриятига қизиқа бошлашидан аввал, “мактабдалик йилларида Шарқ классикаси билан танишиб”, “ҳиротлик буюк Навоий ва ажойиб лирик, озарбойжон адабиётининг буюк сиймоларидан бўлган Фузулийга бениҳоя меҳр қўйган” эди. Ва бу меҳр унинг ҳаёти, қалби ва ижодини бутун умри бўйи ёритиб, унга қуёш ҳароратини бағишлаб турди.
Энди яна Ойбекнинг Нева бўйларида яшаган кунларига қайтсак.
Кунларнинг бирида Ойбек Ленинград университетида таҳсил олаётган техникумдош дўсти Маннон Эминжондан ёш қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезовнинг ҳам шу дорилфунунда таълим олаётганини эшитади. У маърузалардан бўш соатларида Авезовни ахтариб топиб, у билан самимий суҳбатлашади. Аён бўлишича, Мухтор Авезов ўша кезларда таҳсил олиш билан бирга Жонли Шарқ тиллари институти домласи, бўлажак атоқли турколог И.К.Юдахиннинг таклифи билан шу институтда ўзбек тили бўйича амалий машғулотларни ҳам олиб бораётган экан. Орадан бир неча кун ўтгач, Ойбек унинг маслаҳати билан Жонли Шарқ тиллари институтига бориб, институтнинг педагогик жамоаси билан танишади ва ўзи ҳам ўзбек тили бўйича талабалар билан амалий машғулотларни олиб бора бошлайди. Айни пайтда у эркин тингловчи сифатида В.В.Бартольд, А.Н.Самойлович, Е.Э.Бертельс сингари машҳур шарқшунос олимларнинг маърузаларини тинглайди. У шу йилларда Бартольд таҳрири остида чоп этилган “Мир-Али-Шир” тўпламини ҳижжалаб ўқийди. Навоий яшаган давр, улуғ ўзбек шоирининг ҳаёти ва ижоди ҳақида шу ерда, шу домлалар даврасида бўлиб ўтган суҳбатлар Ойбек илмий ва ижодий ҳаётининг асосий йўналишини белгилаб беради. У шу даврдан бошлаб улуғ ўзбек шоири ҳаёти ва ижодини изчил ўрганишга киришади.
Шу йилларда Ўзбекистонда араб ёзувидан лотин ёзувига ўтиш масаласи ҳал этилаётган, зиёлилар шу масалада икки қисмга ажралиб чиқишган эди. Араб ёзувини сақлаб қолиш тарафдорлари ҳам, лотин ёзувига ўтиш ва шу йўл билан хорижий маданий дунёга яқинлашиш тарафдорлари ҳам – ҳар бирлари ўзларича ҳақ эдилар. Шу масалада Ойбек, К.Лапкиннинг айтишича, Шарқ билан Ғарб ўртасидаги яқинлашувнинг кучайиши, шу икки дунё ўртасидаги “Хитой девори”нинг олиб ташланишини ёқлаб чиқади.
“Ойбек, – деб ёзади у, – ўтмиш маданий меросини юксак баҳолар, уни қунт билан ўрганар, лекин “Шарқ ва Ғарб маданияти” деган гапни тан олмасди. У Шарқ маданияти тарафдорларининг Ғарб маданияти, ёзувига нисбатан қўяётган даъволарининг пуч, на тарихий, на мантиқий асосга эга эмаслигини яхши билар эди. Чунки Ўрта Осиё тарихида, маданиятида доимо турли хил мамлакатлар ва халқлар маданияти, фанининг таъсири бор. Аристотелсиз Ибн Сино ёки Берунийнинг бўлиши мумкин эмас эди. Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, ўртаосиёлик мутафаккирлар Европа ва жаҳон маданияти, цивилизациясининг шаклланиши ва равнақига ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшганлар. Ғарбга сажда қилишни ҳам Ойбек бемаънилик деб биларди. Шу билан бирга, бу ҳар иккала маданиятни “Хитой девори” билан ажратиб қўйишни телбалик, дер эди”.
Ойбек 1926 йилда жаҳон адабиётига илк бор мурожаат этиб, Анатоль Франснинг “Башарият тарихи” ҳикоясини таржима қилади. “Башарият тарихи”, аслида, мустақил ҳикоя бўлмай, француз адибининг “Жером Куньяр афандининг фикр ва мулоҳазалари” деган китобидан олинган. Бу китоб дастлаб “Echo de Paris” газетасининг 1893 йил 15 март – 19 июль сонларида фельетонлар туркуми тарзида босилган. Асар нақл шаклида баён қилинган диалоглар силсиласидан иборат бўлиб, уларда қаҳрамоннинг давлат тузилиши, армия, уруш, ахлоқ ва ҳуқуқ ҳақидаги қарашлари ўз ифодасини топган. Бу ҳикоя таржимасини ўқир экансиз, сизда бир савол туғилади: “Ойбек шу асарни тўла ҳолда ўқиганми ёки Анатоль Франс асарининг бирор журнал ё газетада эълон қилинган парчасиними?” Бизнингча, Ойбек дастлаб шу ҳикоя билан танишган бўлса ҳам, бу ибратли Шарқ афсонасини таржима қилганидан сўнг, “Жером Куньяр”ни, албатта, ўқиб чиққан. Аммо ҳозир гап бунда эмас. Гап шу “қисса”нинг “ҳисса”сида.
Ҳикояда тасвирланишича, донишманд Забнинг шогирди ёш шаҳзода Замир отаси вафот этганидан кейин Эрон тахтига ўтиргач, салтанатдаги барча олимларни йиғиб, уларга бундай сўзлар билан мурожаат этади: “Менинг донишманд отам мозийдан хабардор бўлиб иш қилсалар, кўп хато қилмаслар эди, деб айтган эдилар. Шунинг учун мен бутун халқларнинг тарихларини ўқимоқни орзу қиламан. Мана бунинг учун бутун дунё тарихини тузишни ва унинг мукаммал бўлиши учун ҳеч бир воқеанинг қолдирилмаслигини сизга буюраман”.
Олимлар шу соатдан бошлаб ишга тушиб, 20 йилдан кейин подшо ўқиши учун 12 туянинг ҳар бирига 500 жилддан юкланган китобларни саройга олиб келадилар. Шу орада 20 йилга кексайган подшо эл-юрт ташвишларидан ортиб, шунча китобни ўқиш имконига эга бўлмайди. У олимларга инсоният тарихининг қисқача хулосасини ёзиб беришни буюради. Донишмандлар яна 20 йил тер тўккач, 1 ярим минг жилдни 3 туяга юклаб, саройга келадилар. Яна 20 йилга қариган подшода шунча китобни ўқиш имконияти, албатта, бўлмайди. Олимлар яна 10 йил меҳнат қилиб, 1 филга 500 жилдни ортиб келадилар. Энди 50 йилга қариган подшо: “Ўлим кўзларимни юммасидан аввал башарият тарихини билишимни истасангиз, қисқартиринг, қисқартиринг, яна қисқартиринг!” деб хитоб қилади. Олимлар мўйсафиди 5 йилдан кейин устига бир дона буюк китоб қўйилган кичкина эшакни саройга етаклаб келганида, подшо ўлим тўшагида ётган экан. Сўнгги дақиқаси яқинлашган подшонинг истаги билан олимлар сарвари башарият тарихини уч оғиз сўз билан таърифлаб беради: “Одамлар туғиладилар, азоб чекадилар ва ўладилар”. Ҳикоя: “Шундай қилиб, Эрон подшоҳи бу дунёдан у дунёга рихлат қилиш вақтида бутун дунё тарихи билан ошно бўлди”, деган сўзлар билан тугайди.
Анатоль Франснинг Ойбек таржимасида эълон қилинган ҳикояси, гарчанд Шарқ афсоналарига асосланган бўлса-да, китобхонларда катта таассурот қолдирди. Балки Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидаги: “Мозийға қайтиб иш кўриш хайрлик, дейдилар”, деган сўзлари билан ҳикоядаги: “Менинг донишманд отам мозийдан хабардор бўлиб иш қилсалар, кўп хато қилмаслар эди, деб айтган эдилар”, деган сўзлари ўртасидаги муштараклик тасодифий эмасдир.
Ҳар ҳолда Ойбек бу ҳикояни таржима қилибгина қолмай, ундан ўзи учун керакли хулосаларни чиқариб олди. Биринчи ва энг муҳим хулоса, бизнингча, шу эди: ҳар бир инсон, айниқса, ижодкор фақат ўз халқининг тарихи ва маданиятини эмас, башарият (яъни жаҳон халқлари) тарихи ва маданиятини ҳам билиши лозим. Ойбек шу асосий хулосага асосланган ҳолда жаҳон халқлари тарихи ва маданияти (жумладан, адабиёти)ни ўзи ўрганибгина қолмай, ёш авлоднинг ҳам шундай билимга эга бўлиши учун кўмаклашишга аҳд қилди.
Ойбек 1930 йили Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ижтимоий фанлар факультетини тугатганида, нафақат иқтисод фани асосларини эгаллаган дипломли мутахассис, балки бир неча шеърий китоби чоп этилиб, шеърият мухлислари эътиборини қозонган истеъдодли шоир ҳам эди. 1935 йилга келиб, Германияда, шунингдек, Москва, Ленинград ва бошқа шаҳарларда ўқиб келган ёшлар ҳисобига республикада кадрлар масаласи озми-кўпми ҳал бўлган эди. Шунинг учун Ойбек икки соҳадан бирини танлашга мажбур бўлди ва у “севдиги” адабиётни танлади.
30-йилларнинг ўрталарида адабиёт бўйича мактаблар учун ўқув дастурлари қайта кўрилиб, дарслик ҳамда мажмуаларга ўзбек ва рус ёзувчиларидан ташқари, жаҳон адабиёти классикларини ҳам киритиш лозим деб топилди. Маориф халқ комиссарлигининг шу ҳақдаги қарори Ойбек учун айни муддао эди. У 1935 йили ўрта мактабларнинг 9-синфи ўқувчиларига аталган “Адабиёт хрестоматияси” учун буюк олмон шоири Ҳейнрих Ҳайненинг “Силезия тўқувчилари” ва “Қуллар кемаси” шеърларини таржима қилди. 1937 йилнинг Ойбекни ҳам Тил ва адабиёт институти ҳамда Ёзувчилар уюшмасидан учириб юборган бўрон тингач, у 1938 йил охири– 1939 йил бошларида проф. Н.Ф.Дератани томонидан тузилган “Антик адабиёт хрестоматияси”нинг Рим адабиётига бағишланган 1-жилдини ўзбек тилига таржима қилишга муваффақ бўлди.
Гарчанд мазкур хрестоматия эрамиздан аввалги III–I асрлар Рим адабиётининг Плавт, Теренций, Катулл сингари намояндаларидан тортиб, императорлик даври (милодий I–II асрлар) адабиётининг Петроний, Апулей сингари романнависларигача бўлган намояндалари ижодини қамраб олган бўлса-да, унда шу шоир ва ёзувчиларнинг айрим асарлари ёки катта ҳажмдаги асарларидан парчаларгина берилган эди. Шунга қарамай, бу мажмуанинг нашр этилиши ўзбек халқининг маданий ҳаётида катта воқеа бўлди. Китобхонлар Ойбек таржималари туфайли антик Рим адабиёти ва унинг буюк намояндалари ҳақида илк бор тасаввур ҳосил қилдилар. Бу Ойбекнинг жаҳон адабиётини ўрганиш ва таржима қилиш соҳасида олиб борган ижодий ишларининг ўзига хос чўққиси бўлди. Агар антик давр юнон ва Рим адабиётлари жаҳон адабиётининг бешиги бўлганлигини эътиборга олсак, Ойбек жаҳон адабиёти ютуқларини ўрганиш ва ўзлаштириш ишларидан бири бўлди.
Афсуски, “Антик адабиёт хрестоматияси”нинг юнон адабиётига бағишланган жилди ўша йилларда рус тилида нашр этилмаганлиги сабабли Ойбекнинг ўзбек халқини антик юнон адабиёти намуналари билан таништириш ҳақидаги орзуси рўёбга чиқмади. Лекин Иккинчи жаҳон уруши арафасида Москвада “Чет эл адабиёти хрестоматияси” нашр этилиб, ундан Данте, Гёте, Байрон каби жаҳон мумтоз шоирларининг асарларидан парчалар ўрин олган эди. Ойбек таржимаи ҳолларидан бирида “жаҳон маданияти ютуқлари олтин фондига кирган” шу асарлардан Дантенинг “Илоҳий комедия”, Гётенинг “Фауст”, Байроннинг “Каин” асарларидан айрим парчаларни таржима қилганлигини айтган. Аммо бу асарлар таржимаси мажмуа муҳаррири Сотти Ҳусайн қўлида бўлган ва у қатағон қилинган 1941 йилда, тинтув пайтида олиб кетилиб, куйдириб ташланган.
1939 йил сентябрида собиқ иттифоқнинг барча республикаларида арман халқининг миллий эпоси – “Довуд Сосунли”нинг 1000 йиллиги катта тантана билан нишонланди. Шу йирик адабий сана муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси арман эпосини ўзбек тилига таржима қилишни Ойбекдан илтимос қилди.
“Довуд Сосунли” “Санасар ва Багдасар”, “Тўнғич Мгер”, “Довуд Сосунли” ва “Кенжа Мгер” деб номланган 4 та китобдан иборат бўлиб, Ойбек эпоснинг бош қаҳрамон ҳаётига бағишланган учинчи китобини таржима қилишга киришди ва шу ижодий жараёнда асарнинг машҳур рус шоири В.Брюсов ва таржимон М.Лозинский амалга оширган русча таржимасидан фойдаланишга қарор қилди. Арман эпосининг ўзбек халқига яқин томони шунда эдики, унда VII асрда арман халқининг ўз ватани озодлиги йўлида араб фотиҳларига қарши олиб борган қаҳрамонона кураши тасвирланган эди. “Сосунли Довуд сиймосида, – деб ёзган эди М.Шайхзода асарнинг 1961 йилдаги нашрига ёзган дебоча сўзида, – арман халқи ўзининг энг ажойиб хислатларини – меҳнатсеварлик, ватанпарварлик, ботирлик, вафодорлик, дўстлик, сулҳпарварлик хислатларини мукаммаллиги, классик тўлалиги билан тараннум этган. Аёлларга эҳтиром ва уларнинг гўзал фазилатларини қадрлаш, турли миллатларга мансуб бўлган меҳнаткашларга меҳру рағбат кайфиятлари ҳам бу достоннинг тарбиявий қимматини ошириб, унинг чинакам халқчил бир асар бўлганига қўшимча далил бўлиб тушади.
Арман халқининг дилида ёд бўлиб сақланган ва асралган Довуд достони 1873 йилда Крпо номли оддий бир деҳқоннинг оғзидан ёзиб олинган эди. Достон арман ёзма адабиётига, кейинча эса бутун дунё поэзиясига дурдона бўлиб кирди”.
Ўзбекистонда “арман ёзма адабиёти дурдонаси” – “Довуд Сосунли”нинг 1000 йиллигини муносиб ўтказиш мақсадида 1939 йилда юбилей комиссияси тузилди. Шу комиссиянинг 1939 йил 28 августда Ҳамид Олимжон раислигида ўтказилган йиғилишида мазкур асар юбилейига тайёргарликнинг бориши тўғрисидаги ахборот тингланиб, бундай қарор қабул қилинди:
“1. Шоир Ойбек томонидан арман эпоси – “Довуд Сосунли” таржимасининг ўз вақтида тугаллангани эътиборга олинсин.
- Еревандаги юбилей тантаналарида иштирок этувчи делегация ўзи билан олиб кетиши учун асарни зудлик билан ўзбек тилида нашр этиш ташкил этилсин.
- “Совет адабиёти ва санъати” журналининг 5-сонида эпос таржимаси эълон этилсин ва журнални юбилей кунларига чиқариш таъминлансин…”
Юқорида баён қилинган сўзлардан шу нарса аён бўладики, ўтган асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонда рус адабиёти билан биргаликда жаҳон адабиёти дурдоналарини ҳам ўзбек тилига таржима қилишга ва ўзбек адабиётини жаҳон адабиёти ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда ривожлантиришга катта эътибор берилган. Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носир сингари шоирлар шу имкониятдан фойдаланиб, Ш.Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”, В.Шекспирнинг “Ҳамлет”, А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин”, “Борис Годунов”, “Боғчасарой фонтани”, “Кавказ асири”, “Сув париси”, “Мис чавандоз”, М.Ю.Лермонтовнинг “Демон” сингари ўнлаб асарларини ўзбек наволарида янгратиб юборишди. Ойбек 30-йилларда шиддат билан бошланган шу ижодий ишни 40-йилларда ҳам давом эттириб, жаҳон комедия санъати қиролларидан бири Жан Батист Мольернинг “Тартюф” комедиясини ўзбек тилига ўгирди. Аммо адиб бу асарни ҳозирги Ўзбек Миллий драма театри буюртмаси асосида шошиб таржима қилганлиги, шунингдек, суронли даврнинг бошқа муҳимроқ масалалари билан бандлиги сабабли унга сайқал бериш имконига эга бўлмаган. Шунга қарамай, бу таржима билан танишган китобхон Ойбекнинг асар ғояси, қаҳрамонларнинг сажиялари ва ўзаро муносабатларини чуқур ҳис қилгани ҳамда буни таржимада беришга интилганлигини, албатта, сезади.
Шуни ёдда тутиш лозимки, совет давридаги адабий-маданий сиёсат заминида собиқ иттифоқ ҳудудларида яшаган халқларни нафақат коммунистик партия ва совет давлати ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, балки интернационализм ниқоби остида руслаштириш мақсади ҳам ётган. Совет даврида рус мумтоз ва замонавий адабиёти намояндаларининг жуда кўп асарлари миллий тилларга, жумладан, ўзбек тилига шу мақсадда таржима қилинган. Аммо агар 20-йилларда А.Серафимовичнинг “Темир оқим”, М.Шагиняннинг “Гидроцентраль” сингари даврнинг долзарб мавзуларидаги асарлар таржима қилинган бўлса, 30-йилларнинг ўрталарига келиб, рус ва қардош халқлар адабиётининг дурдона асарларини таржима қилишга эҳтиёж туғилди. А.С.Пушкин вафотининг 100 йиллиги муносабати билан улуғ рус шоири дурдоналарининг ўзбек тилига таржима қилиниши худди шу даврга тўғри келди. Ойбек “рус ҳаётининг қомуси” (В.Г.Белинский) деб баҳоланган “Евгений Онегин” шеърий романини ўгириш жараёнида Пушкинни жаҳон шеъриятининг буюк арбобларидан бири сифатида кашф этди. У бу асарни таржима қилиш ва пушкинона поэтик маҳорат “сир”ларини ўрганиш жараёнида ўз ижодида ҳам, қолаверса, ўзбек шеъриятида ҳам юксалиш рўй бериши мумкинлигини сезди. Ана шу сезги ва Пушкин асарининг бадиий латофати “Евгений Онегин”ни катта илҳом ва муваффақият билан таржима қилишига сабаб бўлди. Ойбек нафақат ўзининг, балки қаламкаш дўстларининг ҳам Пушкин ижоди дурдоналарини ўзбек тилига таржима қилганидан ғоят мамнун бўлиб бундай ёзди: “Бу йил ўзбек адабиёти учун жуда бахтли йил бўлди: Пушкиннинг бир кўп шеър ва поэмалари, ҳикоя ва қиссалари таржима этилди. “Муфтах ул-жинон”ларни ўқиб, “охират азоблари” ваҳимасидан кўзларга ёш олиб ухлайдиган замонлар кўпдан йўқолган. Энди ўзбек китобхонлари Пушкин шеърларининг фикрларига, мусиқасига берилиб, гўзалликни туядилар”.
Ойбекнинг Пушкин ижодига бўлган қизиқиши “Евгений Онегин”ни таржима қилиш билангина якунланмади. У В.Г.Белинскийнинг Пушкин ижодига бағишланган мақолаларини қунт билан ўрганди, унинг “Поэзиянинг хил ва турларга бўлиниши” мақоласини ва шу мақоладан ўрин олган улуғ шоирнинг “Қишлоқ”, “Тун нури соҳир…”, “Булут” сингари шеърларини таржима қилди. Унинг назарида, кетмон, трактор, гудок, фабрика, завод ҳақидаги “шеърлар” бўғзига келган китобхонлар Пушкиннинг бу ва бошқа асарларида тараннум этилган фикрлар, туйғулар, мусиқанинг гўзаллигини туйиб яйрашлари, шоирлар эса Пушкиндан поэтик маҳорат “сир”ларини ўрганишлари мумкин эди. “Пушкин асарларини халққа етказиш каби шарафли ишни бажариш билан бир қаторда, – деб давом этди у, – ўзбек шоири ва ёзувчилари ҳам Пушкин ижодининг бой хазинасини атрофлича текшириш, ўрганиш вазифасини қўйишлари лозим. Йилдан-йил ўсаётган ўзбек адабиётининг гуллашига Пушкин ижоди катта таъсир кўрсатиши шубҳасиздир”.
Ойбекнинг ўзи нафақат Пушкин, балки Лермонтов, Тютчев, Толстой, Чехов, Горький, Блок “ижодларининг бой хазинаси”ни ҳам атрофлича текшириб, ўрганиб, улардан сабоқ олишга уринди. Зеро, жаҳон адабиётининг муҳим бир қисми бўлган рус адабиёти ютуқларини ўрганиш унинг ўз маҳоратининг ошиши, ижодининг янги, юксалиш босқичига кўтарилиши учун зарур жараён эди. “Рус тили ва адабиётини ўрганиш билан, – деб ёзди у бир мақоласида, – киши бутун жаҳон маданияти ва бутун жаҳон адабиёти билан-да танишишга имконият топади. Чунки жаҳон адабиётининг энг яхши асарлари рус тилига мўл-кўл таржима этилган ва ҳозир ҳам таржима этилмакдадир”.
Биз Ойбекнинг бу сўзларини ўқир эканмиз, Пушкиндек буюк даҳонинг туғилишида буюк инглиз шоири Байроннинг роли оз эмаслиги ёдимизга келади. Бошқа рус шоир ва ёзувчиларининг шаклланишида ҳам инглиз, немис, француз, итальян адабиётлари буюк намояндалари ижодининг таъсири оз бўлмаган. Умуман, адабий таъсир, адабий алоқа бадиий ижодни ҳаракатга келтирувчи, янгилаб турувчи, бойитувчи муҳим воситадир. Ойбек 30–50 йилларда қайси шоир ёки ёзувчи асарини таржима қилган, ижодини ўрганган бўлмасин, шу шоир ёки ёзувчига жаҳон адабиётининг вакили сифатида ёндашиб, унинг ижодий ютуқларидан, тажрибасидан баҳраманд бўлишга, шу асосда ижодий ўсишга интилди.
Ойбек асарларини таржима қилган шоир ва ёзувчилар талайгина. Улар орасида И.А.Крилов (масаллар), М.Ю.Лермонтов (“Маскарад”), М.Горький (“Макар Чудра”, “Лочин қўшиғи”), Анна Ахматова (“Мардлик”, “Боғда ғалати чуқур…”), А.Твардовский (“Гармонь”) ва бошқалар бор. Шулар орасида фалакннг гардиши билан уруш йилларида Тошкентга келиб қолган чех шоири, лях адабий тилининг асосчиси Ондра Лисагорский ҳам бўлган. Унинг “Самарқанд кузи”, “Бомбардимон вақтида”, “Кончи партизанлар қўшиғи”, “Мен шоир” деган шеърлари 1943 йилда “Қилич ва қалам” тўпламида Ойбек таржимасида дунё юзини кўрган. У “Бомбардимон вақтида” деган шеърида урушнинг даҳшатли манзараларини тасвирлар экан, кутилмаганда Бескид тоғлари этагида кечган осуда ёшлигини эслаб, ёзган:
Эй, майса, эй, само, мунча гўзалсан,
Мунча гўзалсиз, тоғ, дарё, ўрмонлар!
Ер, денгиз гўзалдир, Европа гўзал,
Бу гўзал жаҳонга тасаддуқ жонлар.
Болалик чоғимда қараганимдек,
Гулзордан қуёшга завқ-ла боқамен.
Қуёшдек, ўрмондек, бинафшадек соф
Инсонлар ҳақида хаёл сурамен.
Шеърнинг бу сўнгги латиф сатрларидан Ойбекнинг ҳам тирик нафаси эшитилиб туради.
Ойбек бу мусофир шоирга алоҳида меҳр-эътибор кўрсатган бўлса керакки, у урушдан кейин ватанига қайтиб боргач, Прагада нашр этилган “Қуёш ва ер қўшиқлари” шеърлар китобини элчихона орқали ўзбек адибига бундай дил сўзларини ёзиб юборган:
“Азизим Ойбек! Яқинда бадиий адабиёт нашриётида менинг “Қуёш ва ер қўшиқлари” янги шеърлар тўпламим чоп этилди ва шундан уч нусхасини ўзбек халқига дўстона муносабатим рамзи сифатида ўзбек ваколатхонаси орқали Сизга, Шайхзода ва Миртемирга юбордим…
Қадрдон Ойбек, мен ўтган йил кузда мухтор вакил ўринбосари ўртоқ Левшиндан Ўзбекистон Республикасининг тўйига Ўзбекистон ҳақидаги рус ва чет тилларга таржима қилинган туркум шеърларимни матбуот ва радио учун Тошкентга бериб юборган эдим. Мен ҳанузгача бу материаллар тақдиридан бехабарман… Радиокомитетдан мен учун гонорар юборишибди, аммо айнан нима учун эканлигини билмайман. Сиздан жуда илтимос қилар эдимки, марҳаматингизни аямай жавобини билиб берсангиз: бирон нарсамдан матбуот учун фойдаланилдими ва айнан қаерда, шунингдек, радиодан нима эшиттирилди? Агар бирор нарса босилган бўлса, у чоғда нусха юборишингизни ўтиниб сўрайман.
Мен Сизга юборган “Қуёш ва ер қўшиқлари” тўпламимга Тошкент, Самарқанд ва Бухоро ҳақидаги қатор шеърларим киритилган. Бироқ булар Ўзбекистон ҳақида ёзганларимнинг ҳаммаси эмас. Тўғри, кўпчилиги немис, инглиз ва француз тилларига таржима қилинди ва хорижий матбуотга юборилди, шу билан бирга ўзимизнинг журналларимизда ҳам босилди.
Жавобингизни кутаман, қадрдон Ойбек. Менинг рафиқам Сизга алангали салом йўллаяпти. Қўлингизни қаттиқ сиқиб қоламан.
Ондра Лисагорский. 1945 йил 27 ноябрь”.
О.Лисаковский гарчанд чех адабиётининг кўзга кўринган вакили бўлса-да, биз уни жаҳон адабиёти намояндаси сифатида алқаш ниятида эмасмиз. Зеро, жаҳон адабиёти миллий адабиётларнинг шоҳ асарларидан, йиллар ва замонлар ўтса ҳамки, бадиий латофатини йўқотмайдиган асарлардан иборат хазинадир, олтин фонддир. Шубҳасиз О.Лисаковский сингари ижодкорларнинг ҳам адабиётнинг бепоён оламида ўз ўрни, ўлан-тўшаги бор.
Ойбек жаҳон адабиётининг нафақат инглиз, немис, француз, балки форс, ҳинд, озарбойжон, ўзбек ва рус миллатларига мансуб намояндаларининг ўлмас асарларини ҳам ўқиб-ўрганди ёки таржима қилди. Ҳар икки ҳолда ҳам улардан эстетик завқ олиш билан бирга уларга бадиий маҳорат мактабининг устозлари сифатида муносабатда бўлди.
Ўйлаймизки, ўзи ҳам “Қутлуғ қон”, “Навоий” романлари ва гўзал, дилбар, умрбоқий лирикаси билан жаҳон адабиёти хазинасининг бойишига ҳисса қўшди.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 1-сон