Тарих қаърига кирган мустабид тузум сиёсати Ҳабибий сингари арузнавис шоирларга ҳам эркин ижод қилиш имконини бермади. Аруз оҳангларига “колхоз”, “трактор” сингари ўша даврнинг тимсоли бўлган сўзларни қўшишни талаб қилди. Ҳар бир ғазалида “партия”, “коммунизм” сингари сўзлар янграб турмаган отахон шоирлар газета ва журналларига яқинлаштирилмади. Ҳабибий ҳам ўтган даврнинг шундай нағмаларига чидашга мажбур бўлди.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий 1890 йили Андижон вилоятининг Қўқонқишлоғида дунёга келган. Отаси Холмуҳаммад Муса ўғли шеъриятга, мусиқага, аскияга ҳавасманд эди. Шунинг учун, ўғлини қишлоқда очилган мадрасага берди. Мадрасада, Лутфий, Навоий, Муқимий ва Фурқат ижодини яхши билган, ўзи ҳам мумтоз халқ қўшиқларини севиб куйлаган мулла Мамад Асқар ўғли сабоқ берар эди. Зокиржон кейин Андижондаги Жоме мадрасасида, сўнгра Қўқондаги Мингойим мадрасасида билим олди. Аммо, 1906 йилда отаси вафот этгач, таҳсилни чала қолдириб, оиласи бағрига қайтишга ва рўзғор тебратишга мажбур бўлди.
Тақдир одамзотни аёвсиз синовлардан ўтказибгина қолмай, бахтли учрашувларни ҳам ҳадя қилади. Ҳабибий покиза, камтар ва камсуқум инсонлиги сабаб, умри давомида маърифат ва маданиятни ардоқловчи, шу оламга мансуб кишилар даврасида яшади, улар саховатидан баҳраманд бўлди. Ҳабибий дунёга келган кезларда Андижонда Абдураззоқ Бимий, Мунтазир, Маманазар қори сингари шоирлар эл оғзига тушган, улар қаламига мансуб ғазаллар Қўқонқишлоққа ҳам етиб борган эди. Қўқонқишлоқ Жалолобод, Арслонбоб ва Бозорқўрғоннинг серқатнов йўлида жойлашгани учун санъат аҳли Ҳабибий туғилган қишлоқда қўниб, назм ва наво кечаларини ўтказар эдилар. 1876 йилда туғилган истеъдодли шоир Зокирий сабаб Қўқонқишлоқ Андижоннинг адабий марказларидан бирига айланди. Ҳабибий, Анисий, Маҳжурий, Ғарибий сингари бўлажак шоирлар ана шу адабий муҳитдан озиқлана бошлади.
1917 йилдаги воқеаларга қадар ўзбек адабиёти шундай адабий тўгараклар ва давраларда яратилиб, сўнг энг яхши асарлар умумўзбек адабиёти хазинасини бойитиб борди. Бу тўгаракларда навоийхонлик, бедилхонлик, фузулийхонлик ўтказилиб, маҳаллий шоирлар бадиий маҳорат сирларини ўрганардилар.
Ҳабибий ғазалларидан бирида шундай адабий гурунгларни тасвирлаган:
Шу кун қилдик ажойиб, янги-янги ошино суҳбат,
Нечук суҳбат, синиқ дилларга гўё мўмиё суҳбат.
Улашди кунга тун, гаҳ аския, гоҳи ғазалхонлик,
Бағишлаб базм элига ранг-баранг завқу сафо суҳбат…
Зокирий, Маҳжурий сингари шоирлар тез-тез гурунглашиб, мумтоз шоирларнинг асарларини маъно чуқурлиги, шакл сеҳркорлигидан ҳайратга тушиб, ғазал машқ қилар эдилар. Зокиржон Холмуҳаммад ўғли ҳам шу даврага қўшилиб, ҳаёт маъносини шеърият бўстонидан ахтарди.
Бу ҳақда Ҳабибий шундай ёзади: “Баҳор фаслининг серманзара дамларида дўстим Мамасоли Эрданов хонадонидаги чорпояда ўтириб, дам-бадам устозимиз Қори Зокирдан шеърият илмидан, айниқса, аруздан таълим олардик. У ўз шогирдининг янги битган шеърларини диққат билан ўқиб чиқар, кузатар эди. Юмалоқ ва чапдаст панжалари билан қалам ушлаб, жиддий тузатишлар киритар эди. Аруз ҳақида сўроқ бошлаб, топган сермазмун, сермаъно сўзларни ишлатишдаги жавобларимизни сабр-тоқат билан тинглар, тўлдирар эди. Ҳар доим у: “Баҳорни бепарволик билан ўтказиб юборма, баҳорда хислат кўп”, дер эди. Мана шу устоз ва Қўқонқишлоқдаги адабий муҳит таъсири мени ҳам кўпроқ арузда ижод қилишимга сабабчи бўлган. Менга фасли баҳорнинг кўзни қамаштирадиган манзаралари ажойиб илҳом бахш этган.
Марҳум Қори Зокир ака хушқомат, олижаноб, олийҳиммат ва камтар табиатли бўлиб, умрининг охиригача Алишер Навоийнинг мухлиси бўлган. У, айниқса, Навоийнинг “Хамса”сини кўп ўқир эди. Каминага ҳам Навоий асарларини, унинг фалсафий мулоҳазаларини пухта ўрганиб олишда йўлбошчи бўлган”.
Шундай устозлардан поэтик маҳорат сирларини ўрганган Ҳабибий ҳам қалам тебратди. Бахтига, Қўқонқишлоққа яқин жойларда Анисий, Улфатий, Сайфий сингари шоирлар умргузаронлик қилишар эди.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғлининг ғазаллари шу адабий давра қатнашчиларига манзур бўлгач, 1913 йилда ўзига “Ҳабибий” таҳаллусини олди. Аммо, 1938 йилга қадар бирор шеърини эълон қилиш ёки шеърлар тўпламини нашрга тайёрлашни хаёлига ҳам келтирмай яшади. Шу тарзда ойлар, йиллар ўтди. Ҳабибий ва унинг қаламкаш дўстлари олган адабий билим, улар эришган ижодий ютуқлар овозаси Тошкентга ҳам етиб борди.
1938 йили Алишер Навоийнинг 500 йиллик тўйи муносабати билан Ҳабибий ва унинг қаламкаш биродарлари улуғ шоир меросини ўрганиш, нашрга тайёрлаш учун Тошкентга таклиф этилди. Ҳабибий адабиётшунос В.Дадабоев билан “Ғазал ва замон мадҳи” деган суҳбатида ҳаётининг юлдузли кунларини эслаб, бундай деган эди: “Мен оддий деҳқон эдим. 1938 йилда мавлоно Навоийнинг 500 йиллик тўйлари муносабати билан Навоий комитети тузилган экан. Шу комитетга Навоий асарларини ўқий оладиган ва тушуниб мағзини чақа оладиган адабиётчи ва адабиётшунослар керак бўлиб, Андижондан беш кишини таклиф этдилар. Бу таклифга биноан ҳамшаҳарларим ва суҳбатдошларим шоир Маҳжурий, Улфатий ва Анисийлар билан камина ҳам Тошкентга келдим. 1938-1941 йилларда Навоий комитетида илмий ходим бўлиб хизмат қилдим. Устоз шоир ижоди билан пухта танишишим, турли қўлёзмаларни ўқиб, мутолаа қилишим давомида ўзим ҳам пича шеър машқ қилдим. 1939 йилда Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлдим…
Шу давр ичида Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Собир Абдулла, Уйғун каби шоир ва фозиллар билан танишиб, улар билан мулоқотда бўлдим. Бу, мумтоз адабий меросимизни пухта ўрганишимга ҳам, шеърият бўстонига кириб, ижод сирларини эгаллаб олишимга ҳам кўмаклашди. Шулар туфайли мен, Собир Абдулла ифодаси билан айтиш жоиз бўлса, “Деҳқондан чиққан гўзаллик шоири” бўлиб етишдим”.
Ҳабибий адабиётшунос олимнинг: “Сизнинг ғазалларингизни ўқиганда, уларнинг беихтиёр куйга тушиб бораётганини сезиб қоласан киши”, деб бошланган мулоҳазасига жавобан бундай деган эди: “Қўшиқбоп шеърларни мусиқий безаксиз, куйсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ҳар қандай яхши ғазал жозибали куйга эга бўлгандагина хонандага илҳом, қўшиқ шайдосига завқ бағишлайди, ғазалнинг умрини узайтиради. Классик адабиётимизда танбур ва дуторнинг мусиқий садолари остида ғазал битилганини, шеърхонлик қилинганини биласиз. Ғазал подшоси Алишер Навоий ижодхонасида эса “Савту ажам”, “Савту наво”, “Шашмақом” куйлари янграб турган… Ана шуларни эътиборга олсак, қадим-қадимдан бери ғазал қонига мусиқа садолари сингиб кетганини кўрамиз. Менинг ғазалларим ҳақидаги фикрингиз юзасидан шуни айтишим керакки, мен ҳам бошқа қўшиқчи шоирларга ўхшаб ўзимча куйлаб ёзаман”.
Ғазал лирик шеъриятнинг узоқ тарихга эга жанри. У шу давр мобайнида жиддий ўзгаришларга учрамади. Юқорида такидланганидек, фақат мустабид тузум даврига келиб ғазалдан янги замон ғояларини куйлаш талаб этилди. Фикр ва туйғунинг теранлигига асосланган ғазал беқасам тўнини ечиб, шиорлардан тикилган либосни кийиб олгандек бўлди. Шундай ғазаллар, афсуски, Ҳабибийнинг адабий меросида ҳам йўқ эмас. Шоир аруз табиатини, қонун ва қоидаларини билмаганлиги учун эмас, жорий мафкуравий даврнинг тазйиқи остида шундай ғазалларни ёзишга мажбур бўлган. Аммо агар “Ғазал ва замон мадҳи” деб номланган суҳбатга назар ташласангиз, кекса шоирнинг аруз қоидаларини билгани ҳам, замонавийлик ва бадиий соддаликка “интилган”и сабаблари ҳам аён бўлади. “Арузчи шоир кичик бир ғазални ёзиш учун ғазал қонун-қоидаларини билишдан ташқари, замон талабларини ҳам, ғазалхонларнинг руҳий ҳолатларини ҳам билиши лозим. Халқ шеъри руҳида ё ҳозирги шеъриятимизнинг бармоқ вазнида ёзишнинг қулайлиги деймизми, осонлиги деймизми, шундаки, бундай асарларни катта ҳам, кичик ҳам, колхозчи ҳам, олим ҳам тушунаверади. Арузни эса ҳамма ҳам тушунади, дейиш қийин. Унинг ўзига яраша ўқувчиси бор. Арузчи шоир ўқувчининг маданий савиясини, билимини, таъбини, кўнгил торларини ҳисобга олиши, шу торларни чертиши керак. Адабиётмизнинг бир бағрида бармоқ вазни, иккинчи бағрида аруз вазнининг бўлиши шоирларимизнинг катта бойлигидир. Мен ҳам шу бойликдан бебаҳра қолмай, аруз билан бармоқда баравар ижод этишга интилдим. Аммо менинг қалбимни аруз эгаллаб олган. Бунинг сабаби шундаки, мен шеъриятга жазм қилган йилларда шеърий базмларнинг тўрида аруз ўтирар эди”.
Шоир ғазаллари замондошларининг маданий савиясига, билимига мўлжаллаб ёзилган. Ҳабибий кўпни кўрган, доно киши сифатида ғазалларида бу дунёда кураш ҳам, машаққат ҳам, ғолиб ҳам, мағлуб ҳам, заҳар ҳам, новвот ҳам, ўлим ҳам, туҳмат ҳам – ҳамма нарса рўй бериши мумкинлигини айтади:
Кенг жаҳон бўлмиш кураш майдони, билмам, сир надур,
Шонли инсон бир томону, даҳру даврон бир томон.
Бир-бирига найзабозликдур, бани одам, кўринг,
Илму урфон бир томону, жаҳлу нодон бир томон.
Ёки:
Ўйласанг, дунё тилсиму, турли бойлик – коинот,
Ҳар ким ўз таъбига лойиқ олади заҳру набот.
Баъзилар олса наботу баъзилар заҳр олдилар,
Ибрат ол: ким хоину кимга хиёнат келди ёт.
Ҳабибий ўқувчида ҳаётдаги паст-баланд воқеалар ва кишилар тўғрисида тасаввур уйғотиш билан бирга уларга виждонли, жасур, бир сўзли инсонлар ҳам борлигини айтишни унутмади. У шундай инсонларни эъзозлашда ўзининг шоирлик бурчини кўрди:
Ақлу сўз бирла жаҳон бўстонида инсон азиз,
Келди бу инсон азиз, андоғки, танда жон азиз.
Сўзида бўлса ишончу, аҳду паймонда вафо.
Қилгуси ҳар жойда бундоқ аҳд ила паймон азиз.
Шубҳасиз, зиддиятлар, курашлар, хиёнатлардан холи бўлмаган замонда яшаш осон эмас.
Мумтоз ўзбек шеъриятидаги ғазалларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири ва муҳими агар улар, чиндан ҳам, юксак шеърият намуналари бўлса, уларда нозик туйғулар билан бирга ҳайратомуз фалсафий маънолар ҳам яширинган. Бу ғазаллардаги айрим байтларнинг мағзини чақсангиз, олам-олам маъно чиқади. Халқ узоқ асрлар мобайнида шундай ғазалларни куйлаб келган ва фақат мусиқий товланишларидан эмас, балки даставвал улардаги маъно бойлигидан мутаассир бўлган.
Ҳабибий ҳам ўз ғазаллари бағрига шундай фикрларни сингдиришга, замондошлари қалбини эзгу туйғу ва кечинмалар тасвири билан тўлдиришга интилди.
У умри мобайнида жуда кўп ғазал ва мухаммаслар, мусаддас ва таржеъбанд, мурабба, рубоий, маснавийлар яратди. Бу асарларнинг бизга маълум қисми қирқ мингдан зиёд байтни ташкил этади. Унинг қўшиқ сифатида айтилиб келган ғазаллари эса икки юздан ортиқ. Бу қўшиқлар, халқ кутган ғазаллар бўлиб, уларда тингловчи ва ўқувчи қалбига гўзаллик ва эзгулик нурларини сочувчи туйғулар ифодаланган. Бу туйғулар ягона меҳварга тизилиб, бизга шоирнинг ёрга муҳаббат, она замин ва она тарихга ҳурмат, қадрдон элу юртга садоқат жўшиб турган қалбини намоён этиб туради.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 6-сон