Музаффар Аҳмад. Икки дўст достони (эссе)

Икки улуғ адиб Ғафур Ғулом билан Собит Муқоновнинг чин дўстлиги ҳақида жуда кўп гаплар юради. Ўзбекистон санъат арбоби, ёзувчи ва таржимон Носир Фозилов тилидан ёзиб олинган мазкур қисса ўзбек ва қозоқ халқлари дўстлигининг, илдизлари нақадар чуқурлигини кўрсатади.

* * *

– Халқлар дўстлиги, халқлар дўстлиги дейсизлар, – деб ҳикоя қилади устоз адиб Носир Фозилов. – Хў-ўп-п, бу яхши гaп. Керак. Шеърларим фалон тилга таржима қилинди, китобим у тилда чиқди, бу тилда босилди – деб мақтанасизлар. Майли, буям яхши. Лекин бир халқ иккинчи бир халқ билан дўст бўлар экан, мана шу хайрли ишнинг бошида турган, иши, сўзи, фаолияти билан ўрнак бўлган улуғ сиймоларнинг улуш-ҳиссаларини ҳам ёдлаб туришимиз керакми-йўқми?! Уларнинг ибратли дўстликлари қай жиҳатлари билан намоён бўлганлигини авлодларга айтиб қолдириш керакми-йўқми?! Э-э – шоир! Мен қадимги ота-боболаримиз замонидан мисол келтириб ўтирмайман. У пайтлар қозоқ ҳам, ўзбек ҳам бир халқ эди, сен қозоқсан, сен ўзбексан деган гаплар бўлмаган. Бўлса, уруғ-қабилалар бўлган, холос. Ундаям, ҳаммалари ўзларини туркий халқман, туркийнинг фалон уруғиданман деган. Бўлди… Ота-боболаримиздан мисол келтириб ўтирмайман деганим шу маънода эди. Мен кейинги даврлардан, яхшиси, ўзим кўрган-билган воқеалардан бирини айтиб берайин… Хў-ў-п… Ҳа, биз айтадиган мисол адиб-шоирлар ҳаётидан олинган бўлади-да! Халқлар дўстлиги тарихдан, адабиётдан бошланса, адабиётлар дўстлиги ижодкорларнинг шахсий муносабатларидан бошланади-ку! Э-э, шоир, манави воқеани эшит бўлмасам: минг тўққиз юз етмиш учинчи йилнинг ўн еттинчи апрели эди…

Олма-ота шу кун мунгли садо қилди,
Мунгли садо ҳаммамизни адо қилди:
– Қозоқларинг мотам очди, ўзбеклар-ов,
Кел, бовуринг Собит Муқон қазо қилди!
Совуқ хабар етиб борди ҳамма ерга,
Тошкент, Нукус, Жиззах, Қўқон, Янгиерга,
Эшитди-ю, афкор омма нола чекди,
Йиғладилар ўзбек-қозоқ бирга-бирга.
“Ай-й, ўлим-ай, аямайсан инсонни сен,
Фарқламайсан яхши билан ёмонни сен,
Ай-й, ўлим-ай, бешафқатсан, кўзинг сўқир,
Йиқитдингми қозоқнинг алп полвонин сен?..”
Мен ўзимча шу гапларни сўзлар эдим,
Бирор таскин, юпанч, таянч излар эдим.
Оғам ўлди! Мен босолмай фарёдимни,
Ич-ичимдан бўзлар эдим, бўзлар эдим!
Собит Муқон ўзбекка ҳам жондош эди,
Садоқатли, оқибатли қардош эди,
Жаҳон бўйлаб донг таратган оғаларим –
Ойбек, Ғафур, Миртемирга қондош эди.
Мухтор, Ғафур, Собит, Ойбек, Миртемирлар,
Туркий тилнинг заргарлари, доно эрлар,
Бир-бирини кўрмаса ҳеч туролмасди,
Ойда уч бор дийдорлашар эди улар.
Ҳангомалар, айтишувлар қизир эди,
Ғафур оғам тўхтовсиз байт тизар эди,
Ёшликдаги шўхликларни тилга олиб,
Узилмаган ичакни ҳам узар эди.
Оғаларим, шундай яшаб ўтдингизлар,
Дўстлик деган туғни маҳкам тутдингизлар.
Ҳар бирингиз татирдингиз юзга, мингга,
Дод ўлимдан! – бирин-кетин кетдингизлар.
Сиз эдингиз халқимизнинг дилбандлари,
Наср полвони, шеъриятнинг жўмардлари.
Аббос, Mухтop, Ойбек, Берди, Ғафур, Собит,
О, туркийнннг донгдор, фозил фарзандлари!..
Шу сўзларни такрор-такрор сўзлар эдим,
Тошкент ичра таскин-юпанч излар эдим,
Оғаларим дийдорини, меҳрин қўмсаб,
Ич-ичимдан бўзлар эдим, бўзлар эдим…

Ай шоир-ай… Дафтар-қаламингни ол энди. Ёзасан ҳозир. Мен сенга шундай воқеаларни, шеърларни, ўланларни, йиғи-йўқловларни айтиб берай бугун! Ёзиб олсанг – ўзингга фойда бўлади, авлодларга хотира қолади…
Хў-п-п… Мен айтавераман, сен туртиб ёзиб боравер.

* * *

Шундай қилиб, қазо хабари келган куннинг ўзида Ёзувчилар уюшмасида тўпланиб, кичик йиғилиш қилиб олдик. Котибиятдан Назир Сафаров, Миртемир ва менга Олма-отага бориб, Собит оғанинг дафн маросимида қатнашиб келиш вазифаси топширилди.
Бевафо дунё! Бераҳм дунё! Оғам билан видолашиш… Сўнгги манзилга кузатиш… Coбит Муқондай азамат инсонни, халқ ардоғидаги адибни ўлади… деб ҳеч ўйламаган эканман! Қанча нон-намак бўлганмиз, тонг­отар баҳслар қилганмиз, нечта китобини, романларини, қиссаларини ўзбекчага таржима қилиб чиқарганман…
Айтгандай, сен, шоир, қозоқларнинг дафн маросимида қатнашганмисан ҳеч? Ў-ў!.. Кўришинг керак. Инсонни эъзозлашни ўрганасанлар-да! Шоирман деб юрибсан-ку ҳамманг, шунинг учун айтяпман. Қозоқларда таъзия билдириш ҳам, кўнгил айтиш, йўқлов, азадорларни юпатиш – буларнинг ҳаммаси шеър қилиб айтилади. Ҳа! Эшитиб ўтирсанг, вой-бўй!.. Қадимда ўзимизда ҳам бўлган-ку ўлимни шеърий йўл билан билдириш. Ҳусайн Бойқаронинг бир хотиними, канизагими ўлганда, Навоий ҳазратимизнинг бориб айтганлари-чи: “Сарвтолнинг соясинда сўлди гул…” – Эсингга тушдими? Айтяпман-ку, ота-боболаримиз бир бўлган, одатларимиз бир бўлган деб! Ҳақиқий халқона поэзия мана шу йиғи-йўқловларда, изтиробларда намоён бўлади. Қозоқларда йўқловнинг тури кўп: хотин ўлганда эрнинг йўқлови, эр ўлганда хотиннинг йўқлови, фарзанд нобуд бўлганида ота-онанинг йўқлови, дўстдан айрилганда… э-э, бу ўлим деганнинг ҳам тури кўп-да! Энди юпатишлар, жанозага келганларнинг азадорларга кўнгил айтишлари, ёки қари ўлса, ёш ўлса, марҳумнинг эркак, аёл эканлигига қараб… бунақа айтиладиган хиллари ҳам бор.
Мен кўп қатнашганман қозоқларнинг жанозаларида. Энди, ҳаёт-да бу. Умрим Қозоғистон билан боғлиқ бўлгач, таржималаримнинг бари шу халқ адабиётидан бўлгач, тўй-маъракаларга кўп чақиришади. Тўйларига бориб, азаларига бормайсанми? Борамиз!.. Ўлим дегани ҳамма халқда ҳам мусибатли, қайғули. Илож қанча? Шунинг учун ҳам қозоқларнинг Ўринбой оқини айтади:

Ўлимдан улкан ёв борма?
Бағри бутун сов борма?
Пулсиз берар, хунсиз олар, –
Бунга қарши дов борма?!..

Олмаотага учта чипта олдиму хаёлимга бир фикр келди: учиб кетиш олдидан Ғафур аканинг қабрини зиёрат қилиб, Собит Муқоннинг вафотини айтиб кетсам-чи? Рост, ҳозир бораман, йиғлаб-йиғлаб айтаман барини! Бугун айтмасам, унда қачон, бориб келганимдан кейинми? Йўқ, ҳаммаси ўз вақтида, ўз кунида айтилгани яхши. Ахир қозоқнинг машҳур Шол оқинидан қолган гап бор-ку:

Бу ўлим қайда йўқ?
Ярқираган ойда йўқ!
Гуркираган кунда йўқ!
Ўтари ўтиб кетган сўнг,
Минг тангалик қайғидан
Бир тангалик фойда йўқ!..

* * *

Ёзиб боряпсанми, шоир? Ёз, ёз! Энди сенга Собит оға билан Ғафур аканинг дўстлиги ҳақида ҳам гапириб бераман. Собит оғанинг, Мухтор оғанинг, ўша пайтлардаги жуда кўплаб қозоқ ёшларининг талабалик йиллари Тошкентда, Самарқандда ўтган. Ҳаммалари бирга ўқиган-да улар. Танишган, бирга юрган, дўстлашган, ҳамма сир-асрорлари ўртада бўлган. Дўстликлари шундан бери сира-сира узилмаган ҳам, бузилмаган ҳам! Улар ўртасидаги латифага айланиб кетган ҳангомаларни ҳам эшитгансан-а? Биласан! Бўлган, бўлган шуларнинг ҳаммаси!.. Ў-ў, Ғафур Ғуломнинг дафн кунида Собит Муқоннинг йиғлаб-йўқлаганлари! Ҳа, ҳа, келди Олмаотадан, хабар борган заҳоти учиб етиб келди! Айтяпман-ку қиёматлик дўстлар эди деб. Ҳозир, ҳозир… эслаб олай, айтаман ҳаммасини, шошилтирмай ўтир. Хўш-ш… Келди, ҳамма билан йиғлаб кўришди, йўқловлар айтди, ҳатто Ғафур аканинг жасадини қабрнинг ичига жойлаб чиққан одам ҳам шу Собит Муқон! Дафн қилишга келган одамларми? Ўҳ-ҳў! Жуда кўп эди! Халқ ҳам севарди-да Ғафур Ғуломни, бошига кўтарарди! Энди, ҳақиқий халқ шоири эди-да ўзиям, Собит оға кўчанинг бошидан йўқлов айтиб кирди, ўзининг чиқарганларими, халқдан эшитганларими… бир чеккадан айтаверсак, шунинг ўзи бир достон! Meн эсимда қолганларини айтаман, сен ёзиб олавер-чи, қани Собит оға Ғафур дўстини шундай йўқлаган эди:

Келбатинг, дўстим, бор эди
Тоғдаги чўққи – асқардай!
Ҳайбатинг, дўстим, бор эди
Даврага чиққан қўчқордай!
Ғайратинг, дўстим, бор эди
Алпомиш, Рустами достондай!
Сувратинг, дўстим, бор эди
Мисрда Юсуфи Канъондай!
Овозинг, дўстим, бор эди
Ҳайқирган йўлбарс, арслондай!
Улгили қилиб шеър айтдинг
Тафсирдан чиққан достондай!
Сахийлигинг бор эди,
Тахтда ўтирган султондай!
Қозилигинг бор эди
Ҳазрати Умар, Усмондай!
Ғарибга, етимга нон тутдинг
Булоқнинг кўзини очгандай!
Маънили ҳикматлар айтардинг
Уммондан марварид сочгандай!
Қозоқни ўзбекдай севардинг,
Олмаотани – Тошкандай!
Қора сувларни қайнатиб
Қаймоғин олган бормакан?
Қора норларни зорлатиб
Тойлоғин олган бормакан?
Карвонда юрган нор эдик,
Иккимиз дўст эдик, ёр эдик,
Мудом бир-бировга зор эдик,
Қаторда дўстларни қолдириб
Ўртоғин олган бормакан?!
Кетдинг-а, Ғафурим, бу дунё
Сен учун шунчалар тормакан?!..

Собит оғанинг ўзи Ўзбекистонни жуда севарди! Бу ерда унинг қадрдон дўстларидан бошқа мухлислари, ўқувчилари, таниш-билишлари кўп эди. Оғам ўзбек адибларини жуда-жуда севар, ардоқларди! Ғафур акани айтдик, Ойбек домлани айтдик, умуман, Собит оға бизнинг ҳамма адибларимиз билан қалин дўст эди. Уйғун ака, Шайх домла, Зулфия опа, Яшин ака, устоз Миртемир, Шароф ака, Назир ота… Эҳ-ҳе!.. Бизлар ҳатто ҳазиллашардик: “Собит оға Масковга учиб кетаётган бўлса, Тошкентнинг устига келганда албатта, самолётни қўндиради! Поездда кетаётган бўлса, поездини Тошкентнинг ёнидан ҳайдатади! Аввало Ғафур дўсти билан Ойбек дўстини кўриб, ҳол-аҳвол сўрашиб, шундан сўнг у юртга ўтиб кетади. Келаётганида ҳам шундай…” – деб. Шунақа бир самимий дўстлиги бор эди-да уларнинг… Собит оғани биpop ой кўрмай қолса, Ғафур аканинг ўзи Олмаотага излаб кетарди. Тўғрисини айтганда, ўша авлод вакилларига, уларнинг дўстликларига сизлар – бугунги авлод қойил қолишларинг керак! Борди-келдилар, декадалар, юбилейлар бўларди. Меҳр-оқибат, дийдор, садоқат, ҳурмату сийлашув – бари-бари ана шуларда эди! Олмаотадан Мухтор Авезов, Абдулла Тожибоев, Ғабит Мусрепов, Ғабиден Мустафин келарди… Бишкекдан Али Тўқўмбоев, Тугелбой Сидиқбеков, Чингиз… Ашҳабодан Берди оға, Хидир Дарё, Қора Сейтли, Беки Сейтоқов, Карим Қурбоннафас деган зўр шоири бор эди… Нукусдан Аббос Добилов, Содиқ ота, Жўлмирза ака, Нажим оға, Хўжабек, Тўлепберген, Ибро­йим… Душанбедан устоз Турсунзода, Жалол Икромий, Сотим Улуғзода, Боқи Раҳимзода, Мирсаид Миршакар… Бокудан Самад оға, Сулаймон Рустам, Расул Ризо, Марварид Дилбозий… Уфадан, Қозондан, бошқа шаҳарлардан меҳмонлар келарди – байрам бўлиб кетарди! Қани ҳозир шундай давралар?.. Қани мушоиралар?.. Э-э, шоир-ей! Шундай байналмилал давраларда шаклланганда адабиётларнинг дўстлиги, халқларнинг дўстлиги!
Бир куни, шундай давраларнинг бирида Ғафур ака қозоқнинг халқ оқинларидан гап очиб, уларни роса мақтади, Шол оқиннинг манов ўланларини қозоқча куйга солиб айта кетди:

Йигитлар, ёмон сўзни касб этманглар,
Катта-кичик, тенгу тўшни босиб ўтманглар!
Бошингга бир иш тушиб бўлсанг ночор,
Душман тугул, дўстинг ҳам ташлаб қочар!
Йигитлар, мол-дунёмиз кўп деманглар,
Кийимим бут, томоғим тўқ деманглар.
Бир кунда ўлди Довуднинг ўттиз ўғли,
Бизларга ўлим-қазо йўқ деманглар!
Йигитлар, ажал бир кун жонинг олар,
Ҳаммангни бир-бир ушлаб ерга солар,
Жон чиқар, дунё сендан кетар ўзиб,
Мол-мулкинг, хотин-боланг бари қолар.
Ўлимдан қутулмассан қочганда ҳам,
Арслондай кучинг тўлиб-тошганда ҳам,
Оллоҳдан чини билан ёрлиқ келса,
Юлдузлар ерга тушар осмондан ҳам!
Қари ўлса – сўққон довул тингандайин,
Ёш ўлса – бир бойтерак сингандайин.
Йигитлар, ёш кезингда тавбага кел,
Ажал деган кўз очиб юмгандайин…

Шундай кенг, байналмилал даврада ўзбекнинг зўр шоири қозоқ оқинларидан ўлан айтиб ўтиргани учунми, Собит оға жўшиб:
– Ҳой, Ғафур дейман, Шол оқиннинг ўзбекларни қандай мақтаганини биласанми? Кел, ўзимдан ҳам озгина қўшиб, шуни айтиб берайин… – деди-да, гумбир-гумбир ўлан бошлади:

Айтайин тўқсон бовли тўр ўзбекни,
Замонинда бойиган зўр ўзбекни!
Пайғамбарнинг дуоси теккан дейди,
Шунинг учун мол битган мўл ўзбекни!
Ўзбексиз эл бормикан тамом элда?
Ўзбекнинг униб-ўсган ери – гул-да!
Ўзбекдан ўтадиган эл бормакан
Дўстлик, меҳр, садоқат, ширин тилда!
Тўқсон бовли ўзбегим айрилибди
“Тангбалининг мўласи” деган ерда.
Тиласа, берар тилак бир худойдан,
Ўрта юзда хон ўтмас Абилайдан…

Ғафур аканинг-ку ичи тўла шеър-қўшиқ! Форсий, арабий, озарий, татарча, туркманча, бошқа ўнлаб тилларда шариллатиб шеър ўқиб кетаверарди, қўшиқлар айтарди! Қозоқча ўланингни ҳар қандай қозоқдан кўпроқ биларди. Ўзиям бир шеърида: “Айтишувда Собит билан беллашувга ярайман!” – деган-ку, рост шу гапи. Собит оғанинг ҳозирги мақтовидан Ғафур ака янада керилиб кетди-да:
– Ҳой, Собит, сен қозоқнинг бир юз ўн уч йил яшаган, шундаям армон билан кетган Буқор жировининг манавундай қўшиғини биласанми? – деб, қозоқча куйи билан олди:

Оламни тугал кўрса-да,
Олтин уйларга кирса-да,
Кўкда юлдузни оралаб
Ой нурин ушлаб минса-да –
Қизиққа тўймас одамзод!..
Илмни тугал билса-да,
Мағзини қўл билан бўлса-да,
Қизиқли кунларда яшариб,
Қийинсиз кўйларда юрса-да, –
Умрга тўймас одамзод!
Яқинлаб ажал келса-да,
Жонина қилич урса-да,
Мўлтираб, кўнгли қорайиб,
Кўзлари сўниб турса-да, –
Умидин қўймас одамзод!..

* * *

Зиёфат қизиб турибди, хуллас. Ҳў, юқорида санадик-ку исмларини, ўша адибларнинг жуда кўпчилиги иштирок қилаётган бир давра эди. Бошқа меҳмонлар ҳам кўп, дунё миқёсида! Гоҳ суҳбат, гоҳ мушоира, гоҳ соз, гоҳ баҳс… Бир-бировга ҳурмат-эҳтиромларни, иззат-икромларни айтмайсанми, исботи билан бўлиб турибди. Ғафур аканинг шўхликларини эшитгансан-а? Жуда ҳозиржавоб, давраларнинг гули бўлиб кетадиган одам эди! Бир гап билан даврани ўн кулдирарди! Шунақа чечан! Йўқ, мен Ғафур акачалик билимдон, хушчақчақ, гапга уста одамни кўрган эмасман! Ундай десак, Собит оға ҳам бу бобда Ғафур акадан қолишмасди. Қизиқ-а… Ойбек ака билан Мухтор Авезов жуда қалин дўст эдилар. Иккаловиям камгап, камтар. Болаларча содда, соф! Э-э шоир, буларнинг тўрталовиям замонасининг манаман деган донгдор кишилари, депутатлари, академиклари эди. Ёнига келганлар довдираб, ҳаяжонга кўмилиб турарди. Ўзларимизам улар билан суҳбатлашганда гоҳ қисиниб-қимтиниб, гоҳ ғурурланиб, гирдикапалак бўлардик-да! Сизлар у, ўзларингни генийман деб, саломга ҳам ярамай ўтиб кетаверадиган… Э-э, қўй! Ҳикоянинг қаерига келдик? Ҳа, ҳа, давра қизиб, жуда авжига чиққан лаҳзалар… Энди қулоқ сол:

Шоир, адиб жамланган кенг давра эди,
Суҳбат қизиб, ҳамма меҳмон ичди, еди.
Бир маҳали Ғафур ака тикланди-да:
– Ҳой қозоқ, сен тур ўрнингдан, қани! – деди.
Собит оға менми дея бўлди ҳайрон,
Аланглаб ҳам қараб қўйди уён-буён.
Ғафур ака бир ҳайқирди:
– Азиз дўстим!
Жон қозоғим, ўрнингдан тур, Собит Муқон!
Ғафур ака қучоқ очиб унга юрди:
Собит Муқон тоғдай бўлиб тикка турди,
– Биродарлар, мен васият айтмоқчиман,
Жим ўтириб эшитинглар!– деб буюрди.
– Тингла, Собит, сен шу икки қулоқ билан,
Ўзбек деган битта халқдир қозоқ билан.
Агар ўзбек йиғин қилса – қозоқ келар
Туркман, тожик, қирғиз, қорақалпоқ билан!
Мен не дейман? Суянмоққа сен тоғимсан,
Сен – бовримсан, қошу кўзим, қароғимсан.
Тарихларнинг тор, қоронғу сўқмоғинда
Етаклашган миллион йиллик қозоғимсан!
Жон қозоғим, тингла энди ушбу сўзим,
Гувоҳ бўлсин шунга барча қора кўзим,
Васиятим шулдир менинг: агар ўлсам,
Жасадимни лаҳад ичра жойла ўзинг!..
Сен қозоқдан тилагим шу, билиб қўйгин,
Суягимга ботар тошни суриб қўйгин.
Дўстнинг қўли юмшоқ тегар, деган гап бор,
Оқ юзимни қибла томон буриб қўйгин! –
Ғафур ака сўзин тамом қилгани он,
Терак каби қотиб турган Собит Муқон
Мўлтир-мўлтир қараб чиқди меҳмонларга,
Ва… дўстини қучоқлади ўшал замон!
Иккита алп қаттиқ қучиб кўришдилар,
Юзларини юзларига қўйишдилар.
“Воҳ, боврим-ов, қароғим!” – деб бирин бири,
Эгиз қўйдай ялаб-ялаб суюшдилар.
– Ўзбек, сени ўз оғам деб айтган менман,
Оғамсан деб иззат-икром этган менман,
Ўтов тўла меҳмон бўлса, қўй калласин
Энг аввало ўз оғамга тутган менман.
Ўзбегим-ов, юрагимга қўлинг еткар,
Китобларинг варақлаб кўр, ростин айтар,
“Бобом! Момом!” деб ёш тўксанг қай мозорда,
Шул мозорда менинг бобом, момом ётар!
Анов – Амир Темур, Шайбақ, Бобурларим!
Манов – Уйғун, Туроб, Одил, Носирларим!
Дўстлар, сизни кўрсам чиндан суюнаман,
Жоним яйраб, тошиб кетар томирларим!
Бироқ, ўзбек, манов гапинг ошиб кетди,
Эшитдиму, тиздан қувват қочиб кетди.
Менга азиз суягингни ишонганда,
Кўнглим эриб, жоним-қоним тошиб кетди…
– Ғафур, – деди кўзи ёшли Собит оға, –
Шу васият, шу сўзингга жон садоға,
Жасадимни лаҳад ичра жойла ўзинг,
Сендан олдин кетар бўлсам мен уёққа!..
Иккита алп яна қучиб-кўришдилар,
Юзларини юзларига қўйишдилар.
“Айланайин! Азизим!” деб бирин бири,
Эгиз қўйдай ялаб-ялаб суюшдилар.
Икки уммон, икки қоя, эгиз қўзи,
Бир-бирига ёрлиқ бўлди сўнгги сўзи.
Суякларин ишонишган икки дўстга
Қараб сира тўймас эди инсон кўзи!..

* * *

Шу воқеаларни қайта-қайта эслаб, Чиғатой қабристонига пиёдалаб йўл олдим. Ғафур аканинг қабри ёнида турибман.
– Ғафур ака, – дедим бўзлаб, – сиз бизларни ташлаб кетганингиздан кейин, бошқа қаламкаш дўстларингиз ҳам бирин-кетин дунёни тарк эта бошлади. Ўша улуғ давралардаги сафдошларингиз – Ойбек домла, устоз Қаҳҳор, Шайх домла, Собир Абдуллалар энди орамизда йўқ… Бугун Олмаотадан хабар келди, Ғафур ака! Қиёматлик дўстингиз Собит оға ҳам… Бизлар Олмаотага кетяпмиз ҳозир… қабрингиздан тупроқ… қабрингиздан тупроқ…
Гўрковларнинг бири менинг ҳиқиллаб турганимни ҳув нарида кузатаётган экан. Атрофда ҳеч ким йўқ. Битта ўзим. Пичирлаб туришим жуда қизиқ туюлган бўлса керак-да. Имлаб чақирган эдим, келди.
– Неччи йилдан бери шу ерда ишлайсиз? Айтди.
– Ғафур ака дафн қилинган кунни эслай оласизми?
Эсида экан!
– Ўша куни, Ғафур акани қабр ичига жойлаб чиққан одам-чи, уям эсингиздами?
– Алпомишдай гавдали қозоқ кишими? Эсимда…
– Қозоқларнинг Собит Муқон деган энг зўр ёзувчиси эди у! Ғафур ака билан қиёматлик дўст эдилар. Шундай дўст эдиларки, ўлсам суягимни қабр ичига сен жойлайсан деб, бири бирига васият қилган эдилар! Мен бугун Олмаотага кетяпман… Ўша оға… қазо қилибди…
Гўрков чўкка тушиб қуръон тиловат қила бошлади.
– Энди қабрнинг манови бир чеккасидан озроққина тупроқ ушатасиз.
– Нима қилмоқчисиз? – ҳайрон бўлди гўрков.
– Опкетаман. Собит оғанинг қабри ичига сочаман. Улар қиёматлик дўст эдилар, тупроқлари ҳам қўшилиб кетсин…

* * *

Олмаотага учиб кетаётганимда менинг киссамда оқ сурупдан махсус тикилган, устидан целлофан кийгизилган халтача ҳам бор эди. Лекин манзилга етиб боргунимизча ушбу халтачадаги тупроқ ҳақида на Назир отага, на Миртемир оғага миқ этиб оғиз очмадим. “Борганимда айтарман-да…”

To боргунча мен ажални сўкиб бордим,
Кўҳна-янги йўқловларни тўқиб бордим.
Қозоқларнинг машҳур Бозор жирови бор,
Унинг шеърин ўз-ўзимга ўқиб бордим:
“Ботир ўтган, бой ҳам ўтган, хон ҳам ўтган,
Бул дунёнинг тубига бир ўлим етган!
Биз ҳеч қачон ўлмаймиз деб кеккайманглар,
Ўлмас экан – ота-бобонг қайга кетган?
Бул дунёга кимлар келиб, ким кетмаган,
Бул жаноннинг қўлларини ким тутмаган?!
Вафоси йўқ бул дунёга ҳеч алданмай,
Одам борми кўнглин асло кирлатмаган?
Ақл-идрокнинг оғирлиги қўрғошиндай,
Кўнгилларни бузуқ ишга ўрлатмаган!
Дами битиб, чин тақдири келган куни
Бандасининг қўл-оёғин серматмаган!
Луқмон каби минг йил умр сурсанг ҳамки,
Кимни ўлим бир кун охир ҳўнгратмаган?!..”

* * *

Қозоқ дегани бир меҳрибон-бовурман халқ-ку, бошимиздаги дўппимиздан, қозоқча ўланларни ўзбекчалаб айтаётганимизданоқ, қаердан –Тошкентдан келганимизни сезишиб, югуришиб чиқишди. Собит оғанинг ўғил-қизлари, қариндош-уруғлари, қаламкаш дўстлари – шогирдлари – бари атрофимизни ўраб-уймалашиб, бизни юпатишга киришдилар. Ҳа, боя айтганимдай, қозоқларда ўлан-йўқлов айтган азачини юпатиш деган одат бор: сен марҳумни йўқлаб бўлганингдан кейин, улар бирма-бир келиб, сени юпатишади. Баъзан шундай бўладики, юпатиш учун гапга чечан, сўзтопқир одамларни махсус чақириб опкеладилар. Қаердан келганинг, марҳумга ким бўлишингни билса, бас – юртингни, зотингни, тарих-таърифингни, шажарангни, яхши-ёмон қилиқларингни барини шеърга қўшиб мақтаб, кўнглингга юпанч беради. Бу жуда ажо­йиб дастур… Айтдим-ку, бизнинг Тошкентдан келганимиз дарров маълум бўлгач, “шунча узоқдан келиб, оғасини йўқлаган бовурларим-ов” деб, бизни юпатувчилар жуда кўпайди. Энди, шоир, йўқловни билган қозоқ юпатишни ҳам қийиб юборади-да! Битта юпатувчининг манов айтганлари ёдимда қолган:

Бой кўркам, ботир чечан – келса давлат,
Одамга бахт-мартаба қўнса – савлат.
Азройилга очилмас эшик борми? –
Дам битиб, бошга келса кезак-навбат!
Қозоқ билан ўзбекнинг туби бирдир, –
Томирин тортсанг – битта ота-аждод.
Оға деб сиз келдингиз – биз кўпайдик,
Унутмасин шуларни ҳеч бир авлод.
Дунёни уриб, ичиб, чайқаб, тўкиб,
Алпомишлар ўтди халққа қилиб хизмат!
Дунёда сўз маржонин терган зотлар,
Гўрина кетди миниб ёғочдан от!
Дунёда Туркистонни нурга кўмди
Пайғамбардай насабли бобом Аҳмад!
Жаҳонни зир титратган Амир Темур
Қурди-ку туркиёна улуғ давлат!
Оқину шоирлардан сўз бошласам –
Алишернииг битта ўзи қанча қудрат!
Убайдий, Бобур, Феруз, Амирийлар,
Шоҳ ва шоир бўлиб юртга берди шавкат.
Ўзбекни мен айтмасам ким айтади?–
Ўзбек – бу туркийда бош бўғин, қувват!
Сиз қозоқни мақтасангиз, мен ўзбекни
Айтайин, у – Худо суйган олийҳиммат!
Ёд қилсам Собит оғам дўстларини,
Кўзларимдан тўкилади соғинч, ҳасрат.
Ғафурни қозоқ қанча суяр эди,
Шеърлари ярақлаган инжу-зумрад!
Ойбегим – сўз чўққиси, тоғ эди-ку,
Қозоқнинг тош-тупроғин қилган ҳурмат!
Тошкентда Уйғун, Одил, Туробларнинг
Ёзгани қозоқда ҳам ўта қиммат.
Зулфия, Эркин, Ўткир, Абдуллалар
Қозонган бизларда ҳам улуғ шуҳрат.
Ўзбегим, сен ўзимнинг оғамсан-ку,
Қозоқнинг бахтига бўл соғ-саломат!..

* * *

Шунақа диловар гаплардан кейин, одам деган баттар сел-селоб бўлиб йиғлайсан-да! Кўп йиғлашдик, кўп юпатишди. Маъраканинг кадхудо, бийлари:
– Ўзбек бовурларимизни ичкарига олиб киринглар, марҳум билан видолашиб чиқсинлар, – дейишди.
Икки уч одам бизни ичкарига бошлади. Собит оғанинг жуфти ҳалоли, менга онадай меҳрибон бўлиб қолган Марям опамиз бизларни кўрди-ю, ўрнидан турди, қучоқларини ёзди-да, арслонидан айрилган она шер янглиғ фарёд тортиб юборди… Кўнгил айтдик, юпатдик. He иложки, қазойи муаллақ олдида инсон боласи ҳамиша ожиз! Мана, манов хонада қозоқ халқининг ифтихорига айланган улуғ бир инсон кўзларини мангуга юмиб ётибди. Бежон, беҳаракат… Бечора оғам!.. Тоғдай келбатлари йиқилган теракдай қотган… Жилд-жилд китоблар ёзган қўллари муздай совуқ… Ўз халқининг ишонч-эътиқодига айланган улуғ адиб, ғайратли жамоат арбоби – мангу уйқуда… Берди оға, Ойбек домла, Самад Вурғун, Ғафур ака, Турсунзодалар давраси ёдимга тушди… Собит оғамнинг мени “Сари бола” деб эркалашлари эсимга келди… Ўқиган-билган йўқловларим қозоқча-ўзбекча аралашиб, бўғзимдан отилди:

Во, Собит оғажоним, кўтар бошни!
Фарёдим эритди-ку тоғу тошни!
Тошкентлардан сен оғамни йўқлаб келдим,
Гунграниб бўсағангга тўкиб ёшни!..
Тарихда талай кунлар кўрган эдик,
Қизиқли талай даврон сурган эдик,
Олмаота аза очса – Тошкент унга
Нағашидай яқинлигин билмаб эдик…
Оғалар кетса, қалай оҳ чекмайсан?
Буюрса, тақдир, қалай бош эгмайсан?
Икки халқни меҳрибон қилган одам
Ўртада ётса, қалай ёш тўкмайсан?
Дунёдан гадо ўтар, шоҳ ҳам ўтар,
Шарбатин бул ўлимнинг ҳар ким тотар,
He қилсанг ҳам қўймайди ажал қурғур,
Кун битса, келган одам бир кун кетар…
Ўлгандан сўнг бой, гадо мол демайди,
Мановни бер, ё мановни ол демайди,
Бош остимга юмшоқроқ ёстиқни қўй,
Қалинроқ кўрпа-тўшак сол демайди.
Ғарибнинг борми бойдан кам кўргани?
Бетингга қараб оз ё кўп бергани?
Кийдириб тўрт қарич бўз, тупроқ ташлар, –
Худонииг шул эмасми тенг кўргани?!…
Тулпор борми туёғи тайрилмаган?
Шунқор борми қаноти қайрилмаган?
Сайёд – ажал ўлжасини топиб келса,
Кимлардан кимлар йиғлаб айрилмаган?..

* * *

Меҳмонхонада дам олиб ўтирган эдик. – Оқсоқоллар! – дедим қатъий овозда. – Энди сизлар билан маслаҳат қилиб оладиган яна бир жиддий иш бор! Боя, Собит оғанинг уйида дафн маросимини ўтказувчи комиссиянинг бир аъзоси: “Эртага бўладиган дафн маросимида Ўзбекистондан ҳам бир одам сўзга чиқиши керак, бировинг тайёрланинг…” деб тайинлаган, биз эса: “Оқсоқолимиз, ёши улуғимиз сизсиз”, деб видо сўзи айтишини Назир отага ҳавола қилган эдик. Мана, меҳмонхонада учовимиз бир одам бўлиб ўйлашиб, уч-тўрт саҳифа қораладик, сўнг қораламаларни мен чиройли дастхатда кўчириб чиқдим, энди бу видолашув сўзини Назир ота эртага митингда чиқиб ўқийдилар…
Менинг “жиддий иш бор” деган сўзимдан кейин, икки оқсоқол ҳам дарров сергак тортди: Назир ота қоғозларни четга қўйди, Миртемир оға эса ўнг қўлини қулоғига олиб борди.
– Яна нима, Носиржон?!
– Гапир, бўтам!
Мен Ғафур Ғулом билан Собит Муқонов ўртасида бўлиб ўтган васиятлар тарихини, қасамёдни, шунга биноан, Ғафур ака вафот қилганларида Собит оға қиёматли дўстини қабр ичига ўз қўллари билан жойлаб чиққанини айтиб бердим.
– Мана бу бир ҳовуч тупроқ Ғафур аканинг қабри ёнидан олинган,–дедим халтачани чиқариб – Ғафур ака олдинроқ вафот қилди, Собит оға Олмаотадан учиб келиб, ўртадаги васият шартларини тўла адо қилди… Энди мен Ғафур аканинг қабридан олинган бу тупроқни Собит оға ётадиган қабр ичига сочмоқчиман. Нима дейсизлар?
Оқсоқоллар оғир ўйга толиб, анчагача жим қолишди.
– Шундай одат борми ўзи? – гап бошлади ниҳоят Назир ота. – Қозоқ дўстларимиз нима дейишаркан? Улар билан бир кенгашиб олишимиз керак, шекилли… Ғоя, лекин ажойиб! Улуғ ишни ўйлабсиз, Носиржон! Ҳарҳолда… Миртемир, сен нима дейсан?
Миртемир оғага ҳам шу кенгаш маъқул кўринди.
Худди шу пайт эшик тақиллаб, хонамизга Қувондиқ Шанғитбоев кириб келди. Таниқли оқин, драматург, мударрис бўлган бу дўстимиз бизни кундузи аэропортда ҳам кутиб олган, келганимиздан бери ҳамроҳлик қилиб юрибди, энди бир оғиз хайрли тун тилаб кетиш учун келган экан.
– Қани, тўрга ўтинг! Маслаҳатингиз керак бўлиб қолди…
Қувондиқ мен кўрсатган курсига чўкди.
Яна, икки эгиз халқнинг икки улуғ фарзанди, уларнинг қиёматлик дўстлиги, ўртадаги васият ҳамда шундан кейинги воқеаларни гапириб бердим.
– Мана бу халтачада Ғафур аканинг қабридан олинган Тошкент тупроғи бор. Улар иккови дўст эдилар, уларнииг дўстлиги, меҳрибонлиги икки халқнинг дўстлигига, меҳрибонлигига, бовурмонлигига айланиб, муқаддас рамзга эврилди. Энди, тупроқлари ҳам қўшилиб кетсин деб, Собит оғанинг қабрига сочсам, қозоқлар қалай кўрар эканлар?..
Қувондиқ қўзғалди… ўрнидан турди…. чўнтакларини ковлаб, дастрўмолини олди… Нима қилмоқчи экан? Учовимиз ҳайрон бўлиб, бир-биримизга бақрайиб ўтирибмиз. Қувондиқ эса устал ёнида тик туриб ғисс-ғисс йиғлар, ҳиқ-ҳиқлаб айтган гаплари зўрға эшитиларди: – Айналайин, ўзбектерим, айна… бул исти ўйлап тапқан ақлларингдан айна…

* * *

Кечаси анча вақтгача ухлолмадим. Меҳмонхонанинг балконига чиқиб, тунги Олмаотани кузатиб турдим… Саврнинг ёқимли салқин шамоли эсиб турибди. Осмонда гавҳардай-гавҳардай юлдузлар чарақлайди… ҳу, ана, осмоннинг ғарб томонида, Тошкент билан Олмаотанинг ўртасида чўқмордай икки юлдуз шўх чарақлайди. Эскилар айтиб кетган-ку, ҳар бир одамнинг ўз юлдузи бўлади деб. Энди эса фан, фалакдаги юлдузлар ҳамиша ўзаро алоқада бўлиши ҳақида ёзаётир… Эҳтимол, манов икки юлдуз ҳам бир-бирига меҳр изҳор қилиб, мангулик борасида суҳбатлашаётгандир… Ээ, шоир-ей, бу шунақа бир латиф оқшом эдики, одам шеър ўқиб юборгиси келарди. Беихтиёр Собит оғанинг қаламига мансуб манови мисралар хаёлимда чақнади:

Май туғса, гуллар чечак очар ёзда,
Боғларда булбул, кўлда ўрдак, ғоз-да
Сайрашар…
Биз ёшлар ҳам худди шундай
Бахтларга беланамиз ипак нозда…

Хаёлимда энди “ғафуровский” мисралар порлайди:

Зўр карвон йўлида етим бўтадай
Интизор кўзларда ҳалқа-ҳалқа ёш,
Энг кичик заррадан Юпитергача
Ўзинг мураббийсан, хабар бер, қуёш!..
Узилган бир киприк абад йўқолмас,
Шунчалар мустаҳкам хонайи хуршид…

Хўш, ушбу сатрларнинг фалакка, илоҳиётга, мангуликка дахли йўқ деб ким айта олади? Ҳеч ким! Ғафур ака битган умрибоқий сатрларга Собит оға жўр бўлади:

Бироқ мен одам эмасман изи тақир,
Майли, юрт “олтин” десин, майли “пақир”,
Мен эргашган улуғ карвон йўлларинда
Мендан қолган талай мулк – давлат ётир…

* * *

Собит оғанинг дафн маросимига бутун Олмаота, йўқ, бутун Қозоғистон қатнашди десам, ишонавер!!! Ҳамма тобутга интилади, қўл теккизиб, елка тутиб қолсам дейди. Кўчалар – одам, қабристон – одам, йўл-йўлаклар одам, одам, одам… Ғафур аканинг тобутиям мана шунақа қўлма-қўл бўлиб борган эди қабристонгача…
Митинг бошланди. Ҳукумат раҳбарлари, академиклар, ёзувчилар, мухлислар, яна бир неча одам видолашув сўзи гапирди. Жумладан, ўзбекистонликлар номидан гапирган Назир ота Сафаров шундай деди:
– Қозоқ халқи оғир қайғуга ботди: севимли адиби, улуғ фарзанди, чин инсон Собит Муқоновдан айрилиб қолди. Бу аччиқ ҳижрон нафақат қозоқ халқининг, балки бутун Ўрта Осиё халқлари – ўзбек, тожик, туркман, қорақалпоқ, қирғиз халқлари учун ҳам, балки бутун Шарқ халқлари учун ҳам оғир мусибатдир.
Собит оға биз ўзбеклар учун ҳам улкан олим, истеъдодли адиб, шоир ва драматург, ўткир публицист ва танқидчи, давлат арбоби ва жамоат оқсоқоли сифатида юрагимизга яқин инсон эди. Собит оғамиз чинакам халқ ёзувчиси эди. У ўзининг ажойиб асарлари билан қардош халқлар китобхонларининг ҳам меҳрини қозонган, кўнгилга яқин дўстга айланган эди. Собит Муқоновнинг қозоқ диёридан ташқарида ҳам жуда кўплаб дўстлари бор эди, мисол тариқасида Садриддин Айний, Берди Кербобоев, Аали Тўқўмбоев, Содиқ Нуримбетовларнинг номини келтириш кифоя. Айниқса, Собит оға билан бизнинг Ғафур Ғуломимиз бир олманинг икки палласидай дўст эдилар. Улар ўртасидаги чин дўстона меҳр-оқибат урпоқларимиз, набираларимиз учун ўрнак бўлишга, китоблар ёзилишига арзийдиган фазилатдир.
Дўстлар! Шафқатсиз ўлим суюкли Собитимиздан айирди! Бу хабар ўзбек диёрини чуқур қайғуга солди. Халқимиз чин дилдан айрилиқ ҳасратини чекмоқда. Куни кеча биз – бир гуруҳ ўзбек адиблари, Собит оғамизнинг айрилмас дўсти Ғафур Ғуломнинг қабрини ҳам зиёрат қилдик. Бунинг сабаби шуки, устозимиз Собит оға Ғафур Ғуломни ўз қўллари ила қабрга қўйиб чиққан эди. Биз Ғафур аканинг қабри ёнида туриб, у кишига энг қайғули хабарни билдирдик ва бир ҳовуч тупроқ олиш учун рухсат тиладик. Қўлимдаги манови халтачада Тошкентдан келтирилган ўша тупроқ бор! Рухсат берсангиз, ушбу бир ҳовуч табаррук тупроқни Собит оғанинг қабрига қўшиб юбормоқчимиз! Қабрингиз нурга тўлсин, устоз Собит оға! Алвидо! Алвидо!!!
Назир ота тупроқ солинган халтачани Coбит оғанинг катта ўғли Арслонга топшириб, четга чиқди. Одамларнинг юрак-бовурлари эриб, кўзларидан шашқатор ёш оқмоқда. Мен кўз ёшларимни тўхтатолмай турибман, қулоқларим остида боя тобут ердан кўтарилган чоғда айтилган йиғи-йўқловлар тўхтовсиз жаранглайди:

– Тоғ куюниб, тош ёнар,
Келса тақдирнинг фармони.
Собит ҳам ташлаб отланди
Шундай кенг дунё-ўрдани.
– Сўнмас дейсизми, ёронлар,
Қора уйларнинг чироғи?!
Синмас дейсизми, ёронлар,
Унинг чинордай шангроғи?!
Боври совуқ қора ер
Жон битган одамни ямлади.
– Кунлари битган чоғинда
Гуллари сўлган чоғинда,
Кимларнинг ота-онаси,
Кимларнинг хотин-боласи
Ортинда чирқираб қолмади?!..

Дафн маросими вақтида ўзбекистонлик юртдошлар анча кўпайиб қолган эдик: Нукусдан бир неча адиб-шоирлар етиб келишди, Тошкент университетининг домла-талабалари Қозоғистонда тажриба мактабида хизмат ўтаб юрган экан, улар келишди, хуллас, Собит оғанинг вафоти ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган эди, шунинг ўзиям бир намунали ибрат эмасми?..
Митинг тугагач, марҳумнинг руҳи-хотирасига Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг бизлар қабристон оралаб кетдик, устозларнинг, дўстларимизнинг қабрларини зиёрат қилдик.
Ай-й, шоир-ай… Аслида ўлим нима? Ўлим – мен сенга айтсам: бу ҳам яшашнинг бир тури. Нега тушунмадим, дейсан? Мана, бизлар қабристон оралаб юрибмиз. Атрофда сон-саноқсиз қабрлар… Тириклигида бири бой бўлгандир, бири камбағал бўлгандир. Лекин, мана, ҳаммаси тенг бўлиб ётибди. Халқ эса кимнингдир қабри ёнида туриб, яхши гаплар, ёруғ хотиралар билан ёдга олаётир, ҳамдам-ҳамсуҳбат бўлган вақтларини эслаб фахрланмоқда, миннатдор бўлмоқда, шундай олийжаноб инсонлар билан замондош бўлгани учун шукроналар билдирмоқда… Хўш-ш, марҳум учун бу ҳам яшашнинг бир тури эмасми? Иккинчи бир қабр ёнидан эса халқ бепарво ўтиб бораётир… Нега? Чунки, бу қабрда ётган одам фақатгина ўзи учун яшаган, ҳеч кимга яхшилик қилмаган, хайру савобга интилмаган, халққа қайишмаган. Шунинг учун халқ унинг қабри ёнида тўхтамайди, тўхтаб эслагудай иш қилмаган-да! Бу ҳам марҳумнинг кимлигини белгиловчи бир баҳо эмасми?! Шунақа, шоир! Халқда “бошида бергунча, охирида берсин” деган гап ҳам бор… Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Мухтор Авезов, Берди Кербобоев, Аббос Добилов, Мирзо Турсунзода… булар халқнинг меҳрига мойил бўлган одамлар, энди булар мангуликка дахлдор иисонлар… Ахир ҳар беш-ўн йилда уларнинг таваллуд саналарини нишонлашлар бекоргами? Э-э шоир, қабристонни кезсанг, мана шундай хаёлларга ҳам борасан-да. Оғаларимизнинг шарафли ҳаёти, фаолияти, дўстликлари неча-неча авлодларга ўрнак-намуна бўлиб хизмат қилажак ҳали…

Ой ботгандай бўзариб,
Кун ботгандай қизариб,
Оғалар келмасга жўнади!
Ақлли, доно, донишнинг
Кўпларга тегар кўмаги!
Дубур-дубур от қандай,
Уй сиртинда чопгандай,
Ойдалага қарайман:
Оғалар келаётгандай!
Феъллари қандоқ кенг эди –
Осмон осмонни топгандай!
Уларга боладай эргашдик,
Сўзлари кўнгилга ёққандай!
Шогирдлар оҳ чекиб қолдилар,
Кемаси қумларга ботгандай!
Одам шуларни ўйласа,
Ўлимдан бўлар қўрққандай!..

Эртасига, Тошкентга жўнаб кетиш олдидан хайрлашиш учун Собит оғанинг уйига кириб ўтдик. Эшикнинг ўнг томонида Марям опамиз, чап томонда Арслон турибди, кўнгил сўраб келганларга қуллуқ қилмоқдалар. Гап орасида секин Арслондан:
– Кечаги… халтачадаги тупроқни нима қилдинглар, қабр ичига сепдинг­ларми? – деб сўрадим.
– Йўқ.
– Ие?!.. – учовимиз бир-биримизга анграйиб, ажабланиб қолдик. Ахир шунча улуғ ниятлар билан Тошкентдан олиб келсагу, булар…
– Нима қилдинглар халтачани?
– Сочмадик, оқсоқоллар билан кенгашиб…
– Нима кенгаш?
– Ағамнинг қиёматлик дўсти экан-ку, дўстининг тупроғига бош қўйиб ётақолсин деб… халтачани бошларига ёстиқ қилиб қўйдик…
Ҳайратдан қотиб қолдик!
Мана сизга топқирлик! Мана донолик! Бундай фикр фақатгина қозоқнинг табаррук хаёлида туғилади десам, ишонавер! Мен, ҳеч кимнинг ақлига келмайдиган зўр бир иш қилай деб Тошкентдан тупроқ келтирсам, сочишни ўйлаган бўлсам… булар эса шу тупроқни марҳумнинг азиз бошига эъзозли ёстиқ қилиб қўйишибди…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон