Алишер Навоий мақом санъатини ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан мукаммал билгани унинг назмий-илмий асарларидан аён. Аслида ҳам мақом олами Навоий бадиий тафаккури, теран ва гўзал руҳий оламининг ажралмас таркибий қисмидир. Зеро, сўз мулки султонининг ғазалиёти шеърияти услубида ифода этилган наволар уммони бўлса, мақомлар куй садолари воситасида таралган ҳикматлар уммонидир.
Шу боис Навоий ғазалларини мутолаа қилиб завқ олувчи мухлиснинг, одатда, мақомларни тинглашга ҳам майли, эҳтиёжи бўлади, улардан маънавий-руҳий баҳра олади. Гўзал маънолар билан безалган бу ҳар иккала уммоннинг бир оламга боғланиши буюк ишқ туфайлидир.
Ҳазрат Навоийнинг:
Очмагай эрдинг жамолинг оламоро кошки, Солмағай эрдинг бари оламға ғавғо кошки. Чун жамолинг жилваси оламға солди рустахез, Қилмағай эрди кўзум они томошо, кошки —каби оловли мисралари мақомлардаги ҳар бир асосий айтим йўлларига дебоча бўлиши мумкин. Донишманд шоир асарларига гўё дурдек сочилган мақом истилоҳлари шунчаки «лирик чекиниш» эмас, муайян фикр, ғоянинг энг муҳим нуқтаси, баъзан ботиний хулосаси тарзида намоён бўлади. Бу ўринда ҳазрат Навоийнинг, умуман, мусиқа борасидаги қарашларини ҳам назардан қочирмаслик керак. Хусусан, «Лисон ут-тайр» фалсафий достонида шундай мисраларни ўқиймиз:
Бўлса лаҳну нағмада огоҳлиғ, Беҳки тоат вақтида гумроҳлиғ.Яъни, кую нағмани тинглаганда даргоҳи азални эслаб, илк Хитобдан огоҳ бўлиш гумроҳ ҳолда қилинган тоат-ибодатдан-да яхшироқдир. Шу аснода мақомларнинг номлари битилган қуйидаги байтларга эътибор берайлик:
Қадди ҳажрингда тортсанг нола, «Рост» оҳанги, эй Навоий туз. Машҳур ўн икки мақомлардан бирининг номи бўлган «Рост» атамаси тасаввуфда тариқат йўли(Роҳи-рост)ни ҳам ифодалайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, байт мазмунини қуйидагича шарҳлаш мумкин: айрилиқдан (ҳижрондан) дард чекувчи (ёки ёр васлига интилувчи) ошиқ тариқат йўлига кирсин. Чунки бу йўл шу мақсадга йўллангандир. Мақомлар кесимидаги «Рост»ни назарда тутсак, ушбу байтдан қуйидаги маъно келиб чиқади: эй ошиқ, агар сен ҳижрон азобида бўлсанг «Рост» мақоми (ҳақиқатга интилувчи куй) оҳангларини тузгин. Чунки бу мақомда садоланган куй, оҳанглар ошиқ қалбига орому файз етказади ва балки руҳияти юксалиб, исталган завқ ҳолатига ҳам эришиши мумкин. «Рост» мақомининг инсон руҳига бу каби фавқулодда кучли ҳиссий таъсир этиш сабаблари, энг аввало, ундаги мукаммал пардалар уюшмаси ва шу асосда куй оҳангларининг муайян ривожланиш услуби билан ҳам тавсифланади. Айни байтда мазкур байт мазмуни ўлароқ, мақомлар мусиқасида ҳам тасаввуф ғоялари инъикос этилганини фаҳмлаш мумкин. Бу борада Навоийнинг қуйидаги мисралари диққатга сазовор: Эй Навоий, сен доғи қилсанг тамаъ сайри “Ҳижоз”, Қил «Ироқ» оҳанги тарк айлаб Хуросон мен каби.(«Наводир уш-шабоб»дан.)
Эй Навоий, то муқаррар қилдим оҳанги «Ҳижоз», Гоҳ “Ироқу”, гоҳ, “Ажам” сари тараннум айларам.(«Хазойин ул-маоний»дан.)
Мисраларда келган бир неча маъноларни ифодаловчи «Ҳижоз» ва «Ироқ» мақомларининг номлари очқич янглиғ аҳамиятга эга. Ҳижоз муқаддас Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара шаҳарлари жойлашган сарҳадни эслатса, Ироқ мамлакатнинг номига ишора. Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу номларнинг ўзаро нисбати улуғ ҳаж сафарига ташбеҳ этилади. Бундан Ҳижоз — сафардан кўзлаган асосий мақсад тимсоли, Ироқ эса шу мақсадга олиб борувчи олис йўл рамзи сифатида келади. Зеро, Навоий замонларида Ҳижоз манзилига етишмоқ учун Ироқ чўлларидан ўтилган. Демак, юқорида келтирилган байт мазмунида ҳазрат Навоийнинг бутун умри давомида орзу қилган ҳаж сафарига интилиши ўз аксини топган. Шунингдек, «ҳаж ғояси» замирида буюк ҳақиқатга элтувчи маънавий камолот йўли — сафари ҳам англашилади. Байтларнинг мусиқий кесимидаги маъноларга келсак, уларда умумий қилиб айтганда, ошиқнинг «Ироқ» ва «Ҳижоз» мақом куйларини тинглашга руҳий эҳтиёжи борлиги аён бўлади.
Бизнинг даврга қадар етиб келган Шашмақом, Хоразм мақомлари ва Фарғона — Тошкент мақом йўллари таркибида «Ҳижоз» мақоми (аниқроғи, унинг номи) учрамайди. «Рост» мақоми эса Навоий давридан буён қарийб ўзгармаган бўлиб, у инсон қалби ва идроки учун энг маъқул ва манзур даражада мукаммал уюшган пардалардан биридир. «Ироқ» мақомида ҳам пардалар тизими шу каби мукаммал кўринишга эга.
Аслида тараққиёт босқичларида руҳий-маънавий юксалишнинг бадиий инъикоси сифатида шаклланган бу услуб нафақат мусиқада, балки деярли барча ижод соҳаларида, жумладан, кўп жиҳатлари билан мусиқага яқин бўлган бадиий адабиётда ҳам юзага келган. «Босқичма-босқич юксалиш» (ёки мақом) услуби деб тавсифланиши мумкин бўлган мазкур бадиий тамойил Навоий ижодида (турли назмий асарларда) кенг намоён бўлади. Шунингдек, бу услуб «Хамса», «Лисон ут-тайр» каби йирик асарларида ҳам юксак истеъдод билан қўлланадики, натижада келиб чиқиш манбалари қадимги дунё («Садди Искандарий») ва ундан кейинги даврларга тааллуқли айрим воқеа ва фолклор мавзулари («Сабъаи сайёр», «Лайли ва Мажнун») асосида ҳайратомуз достонлар юзага келади.
Масалан, «Сабъаи сайёр» достонида Навоий Баҳром Гўр мавзусини тубдан қайта ишлаб, унга қадимги юнонларнинг етти фалак хусусидаги қарашларини уйғун сингдиради. Натижада, асар бош қаҳрамони Баҳром Гўр ошиқ шоҳ сифатида гавдаланади. Достон композициясида муҳим ўрин тутган етти сайёра ҳикояси эса «Одам ва олам бирлиги» кесимида талқин этилиб, уларнинг ҳар бири тариқат, юксалишни рамз этувчи алоҳида-алоҳида ранг билан тасвирланади. Бинобарин, асар воқелигининг ҳикоядан ҳикояга ривожланиши сайёралар билан бирга рангларнинг ҳам алмашиниб (1-қора, 2-сариқ, 3-яшил, 4-шафақ, 5-мовий, 6-сандал тусли, 7-оқ ) туришида ўз аксини топади. Босқичма-босқич ўсиш услубининг мақомларда қўлланиши ҳам маълум маънода ўзгача. Деярли бошланғич ва асосий қисмларда изчил намоён бўлувчи мазкур услуб мазмунида кичик қамровли куй тузилмаларини (мазмунларини) мукаммал пардалар асосида бир тартибда (1,11,III,IV ва бошқа) қуйидан юқорига қараб авж нуқталари сари поғонама-поғона ривожлантириш назарда тутилади. Масалан, Шашмақомдаги «Таснифи рост» куй мавзусининг оҳиста ўсиб бориши биринчи парда (1-босқич «до»)дан бошланади. Мазкур парда асосий таянч бўлиб, қолган таянчлар ҳам унга асосланган ҳолда намоён бўлади. Бунда эгаллаб борилаётган ҳар бир босқич ўз миқдорига тенг интервалларни юзага келтиради. Шу тариқа куй мавзуининг ривожи еттита асосий парда товушларини бир тартибда алоҳида садолантириш билан амалга ошади.
Шуни айтиш керакки, мақомларда кузатилаётган бу каби «ўсиш тамойили» дастлаб, қадимдан мерос бўлиб келаётган содда кўринишли, оддий (халқона) куйларни мумтоз талаблар даражасига келтириш мақсадида қўлланган кўринади. Хусусан, бизгача етиб келган «Наврўзи ажам», «Наврўзи хоро», «Наврўзи Сабо» номли мақом асарларининг мутахассис олимлар томонидан «Халқ куйининг энг қадимий намунаси» («бирламчи чизиқ») тарзида тасниф этилган қуйи оқим куй-оҳангларида яққол намоён бўлади. Бу ҳол бежиз эмас, албатта. Кўпгина Шарқ халқлари азалдан Наврўз байрамини кенг нишонлаб, шу муносабат билан маълум куй ва ашулаларни ижро этиб келганлар. Ўзига хос мавсумий маросим мусиқаси сифатида халқ анъанавий ҳаётидан муқим ўрин олган бу тоифа куйлар кейинчалик мақом тузилмаларига киритилиб, мазкур услубнинг қўлланиши натижасида юксак ривожланган кўринишларга эга бўлгани ҳақиқатга яқин. Шунингдек, мақомдаги «гоҳ» (яъни «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Чоргоҳ», «Панжгоҳ» шаклидаги) куй тузилмалари ҳам шу асосда ривож топган.
Алалхусус, инсоннинг маънавий камолот чўққисига эришуви мажозий услубда ифода этилган «Лисон ут-тайр» достонида ўттиз қуш Семурғни излаб парвоз қилади. Машаққатли сафар давомида етти босқич — Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат ва Фақру Фано водийлари бирма-бир «забт» этилади, аммо, пировардида улар Семурғни эмас, балки ҳар бири ўзини комилликка эришган ҳолда кўради.
Шуниси диққатга сазоворки, йўл интиҳоси билан эришиладиган «яхши сифат» ғояси мақом пардаларида ҳам мавжуд. Бунга Шашмақом, Хоразм мақомлари ва Фарғона-Тошкент мақоми йўлларидаги «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Чоргоҳ» мақом намуналари мисол бўла олади. Дастлаб оддий шаклларда бўлган «гоҳ» куй тузилмалари ўн икки мақом тизимининг шўъбалари гуруҳидан ўрин олган бўлиб, уларнинг мумтоз талаблар даражасида ривож топиши учун ҳар бирига алоҳида-алоҳида мукаммал парда уюшмалари бириктирилган. Шунга биноан «Дугоҳ» шўъбаси «Ҳусайний» мақомида, «Сегоҳ» шуъбаси «Ҳижоз» мақомида, «Чоргоҳ» шўъбаси «Зангула» мақом пардаларида баён этилиб, ривожлантирилган.
Алқисса, «Дугоҳ», «Сегоҳ» ва «Чоргоҳ» каби кўҳна мусиқа намуналари янги сифатлар кашф этгани ҳолда кейинчалик юзага келган мақом шакллари(Шашмақом, Хоразм мақомларида «Дугоҳ» ва «Сегоҳ», Фарғона-Тошкент мақом йўлларида «Дугоҳ», «Сегоҳ», «Чоргоҳ» мақомлари)дан ўрин олган. Мантиқий хулоса шуки, бу жараёнда авваллари қўллаб келинган «Сегоҳи-Ҳижоз», «Дугоҳи-Ҳусайний», «Чоргоҳи-Зангула» каби шўъба ва мақом бирикмаларини англатувчи қўш номлар аста-секин ўз моҳиятини йўқота бошлаган. Чунки шуъба (куй) тизимлари мақом пардаларида ривожланиши давомида уларга шу қадар табиий сингиб кетганки, натижада бу шўъбаларнинг номлари нафақат ушбу пардалар доирасида тафаккур этилувчи янги куйларни, балки айни пайтда ана шу мукаммал пардаларнинг ўзини ҳам ифода этувчи тушунчаларга айланган. Адабий ва илмий асарлари қудрати, балоғати туфайли мумтоз мусиқамиз оҳангларига янгича бир жило, янгича наво ато этган ҳазрат Навоий ўзини «бир банда фақир хоксор, хониваши беэътибор» деб билган, барча хайрли, савобли ишларни беминнат адо этган.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 39-сонидан олинди.